Сайидамин Жило (1945)

“Мурод уфқи”, “Ғазал гулбоғи”, “Ишқ афсонаси”, “Ғазал девони” синга­ри қатор шеърий китоблар муаллифи. Пьесалар китоби чоп этилган. Пушкин, Блок, Лермонтов, Рубцов шеърла­рини тожик тилига ўгирган.

* * *

Парвариш айлай дилимда дўстлик каломини,
Ўтгуси умринг ширин тутганда дўстлик номини.

Тотигай бахту саодат лаззатини ҳар киши,
Лиммо-лим этганда меҳр бодасига жомини.

Борми бир сайдким, қидирса ўзига дому тузоқ,
Дил вале ҳеч истамас узса дўстлик домини.

Дўстлик бахш айлагай оламга тинчликни мудом,
Бу жаҳон осойиши бил дўстлик низомини.

Дўстларинг бирлан кечирган турмушингда бор сафо,
Бузмагил аммоки ҳеч вақт дўстлик маромини.

Эгизакдирлар қадимдан ўзбегу тожик ахир,
Шаънларин юксак тутиб, сақла эҳтиромини.

Биздаги меҳру муҳаббатни кўриб, ҳар ким дегай:
Ўзбегу тожикдан олгин дўстлик қиёмини.

* * *

Кимки бўлма, эл севар инсон бўл,
Гул мисоли чеҳраси хандон бўл.

Иссиғу равшан тутиб дилни сен,
Муз эмас, йўқ, йўқ, оловли жон бўл.

Ишқ бўйи бирла баҳорнинг елидай,
Ошиқнинг жисмига жону дармон бўл.

Тунга тонгдан хабардай кимгадир
Раҳнамо бўл, Зуҳрои тобон бўл.

Кимки пок тутаркан этагин, унга
Бахту иқбол топгали имкон бўл.

Қалби сўнганларни ёндир ўт ила,
Сен ўзинг сўнма, вале, омон бўл.

Жамшид ва Султонмурод Ҳожибоев таржималари