Садриддин Айний (1878-1954)

Ёзувчи, олим ва жамоат арбоби Садриддин Саидмуродзода Айний 1878 йили Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. Ўзбек ва тожик тилида ёзган. Тожикистон Фанлар Академияси академиги ва биринчи президенти (1951—54), Ўзбекистон Фанлар Академияси фахрий аъзоси (1943), Тожикистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1940), филология фанлари доктори (1948), профессор (1950).
Аввал эски мактабда (1884—87), кейин мадрасалар: Мир Араб (1890—91), Олимхон (1892—93), Бадалбек (1894—96), Ҳожи Зоҳид (1896-99), Кўкалдош (1899-1900)да таҳсил олган. Аҳмад Дониш ва озарбайжон ёзувчиси Ҳожа Мароғийнинг ҳамда жадид маърифатпарварларининг асарлари унинг дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатади. Айний Бухорода янги усулдаги мактаблар очади, улар учун ўқув қўлланмалар, оммани илм-маърифатга чақирувчи шеър ва ҳикоялардан иборат «Ёшлар тарбияси» (1909) дарслигини тузади. «Ёш бухороликлар» ҳаракатида фаол қатнашади.
1918—21 йилларда тожикча, ўзбекча марш, қўшиқ ва шеърлар яратади. «Бухоро жаллодлари» (1922) повести, «Бухоро манғит амирлигининг тарихи» (1921) асарида Бухоронинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ифодаланган. «Одина», «Қиз бола ёки Холида» (1924), «Тожик адабиётидан намуналар» (1926), «Қул бобо ёки икки озод» (1928) каби қисса, ҳикоя, очерклари муҳим аҳамиятга эга. Айний тожик ва ўзбек адабиётларининг минг йиллик тарихий тараққиётида етишиб чиққан 200 дан ортиқ шоир, тарихчи, олим, тазкиранавислар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот беради.
Айний 1927-29 йилларда йирик романи «Дохунда»ни тожик тилида нашр эттирди. 1934 йилда эса ўзбек тилида «Қуллар» романини яратди. Унда ўзбек ва тожик халқининг юз йиллик ҳаёти акс этади. Айнийнинг «Эски мактаб» (1935) асарида эски мактабдаги ўқиш ва ўқитиш ҳақида ҳикоя қилинади. Йигирманчи йилларда эълон қилинган қатор ҳажвий асарлари, «Яна бу қайси гўрдан чиқди», «Пулинг ҳалол бўлса, тўй қил» (1924), «Машраб бобо», «Е, тўним» (1925), «Билганим йўқ», «Кенгаш» (1926) каби ўзбекча фелетонлари, ҳажвий шеър ва мақолалари, айниқса, «Судхўрнинг ўлими» (1939) ҳажвий повести ёзувчининг моҳир сатирик эканлигини кўрсатди.
Муқанна ва Темурмалик бошчилигидаги халқ қўзғолонини акс эттирувчи адабий-тарихий очерклар ёзди. У тўрт қисмдан иборат «Эсдаликлар»ида (1949—54) Бухоронинг ўтмиш ҳаёти ва ўша давр ижтимоий-маданий муҳитини ёритади. А. адабиётшунос, тилшунос, шарқшунос олим сифатида «Фирдавсий ва унинг «Шоҳнома»си ҳақида» (1934), «Камол Хўжандий», «Шайхурраис Абу Али ибн Сино» (1939), «Устод Рудакий» (1940), «Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий» (1942), «Алишер Навоий» (1948), «Зайниддин Восифий» (унинг «Бадое ул-вақое» асари ҳақида»), «Мирза Абдулқодир Бедил», Муқимий, Ғафур Ғулом ва Саид Назар ҳақидаги асарлари ўзбек ва тожик адабиётшунослиги ва танқидчилигида, «Форс ва тожик тиллари ҳақида», «Тожик тили» каби илмий ишлари тожик тилшунослигида муҳим воқеа бўлди.
Айнийнинг «Дохунда», «Қуллар», «Судхўрнинг ўлими» ва «Эсдаликлар» асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларидаги бир қатор шаҳар, туманлар, қишлоқлар, кўчалар, мактаблар, кутубхоналар, санъат ва маданият муассасалари Айний номига қўйилган. Самарқандда Айний ёдгорлик уй-музейи очилган (1967).

* * *

Умиду арз этарман, еткузинг, дўстлар, нигоримга,
Етишсин раҳматингиз бу дили умидворимга.

Қаерда шаҳсуворим, бу шаҳар, бу юртда мен дилтанг,
Менга лутф айлабон элтинг, азизлар, шаҳриёримга.

Менга ё келтиринг босган изидан сурма айлашга,
Мени ё еткузинг шоҳона йўлларда юроримга.

Тиловат ўрнига ёримнинг исмин айлангиз такрор,
Десангиз жонни осон топшириб борай мозоримга.

Паришонҳол ила ўтса бу дунёдан агар Айний,
Бўлиб жаъм, боқинг, ибрат-ла ўтган рўзғоримга.

ҲОФИЗ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Хаёлингдан бўлак бошқа бошимда муддао йўқдир,
Висолингдан бўлак дарду ғамимга ҳеч даво йўқдир,
Сенинг лутфингдин ўзга мен учун баҳра, наво йўқдир.
Жамолингдан бўлак қалбим аро нуру сафо йўқдир,
Сенга мен ошно, бегонадан ҳеч ошно йўқдир.

Юзи тоза гул, зебо жамолу сийнаси насрин,
Қади сарву санавбардур, тани нуқра, бу таъриф чин,
Лаби лаъли ширин, гўё муаттар сочлари мушкин,
Бўлур ҳар кимсага ороми дил, ороми жон, лекин
Минг афсус, мен учун бир зарра ҳам унда вафо йўқдир.

Чиройли юзлари бирлан муаттар қора холига,
Буралган сочлари, нозик, гўзал қадди ниҳолига,
Дилу жонимни топширдим вале келмас хаёлига,
Ғариб ушшоқлар қалбин матоин боқки ҳолига,
Унинг бозори ҳусни ичра арзирли баҳо йўқдир.

Буралди тоб-тоб Айний дили, у сочингга ўхшар,
Кеча-кундуз юриб, тинмай сени излар, сени излар,
Гўзал ҳуснингдан олди баҳра, охир, эй, пари-пайкар,
Эшит, бу ойданам равшан юзингсиз, нозанин дилбар,
Сира Ҳофиз дилу жони аро нуру сафо йўқдир.

1916

ЯҒМО ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Тўкил, ёшим, берурман ташналаб ҳижрони ичра жон,
Куярман то қачон пинҳона, эй, оҳ, айлагил эълон.
Умидсизликда умр ўтди хабар бер, бўлса бир имкон,
Сиримни ёрима айтолмадим, эй, нутқ, бўл бийрон,
Тилим сўзга мадори йўқ, баён айла, қалам, бу он.

Тонг отгунча фалакка еткузурман оҳу афғоним,
Эшитса зора деб нозин қулоғи бирла жононим,
Юзим тупроқдаю киприк қаламин тебратиб жоним,
Дилим қони билан қилдим рақам айёми ҳижроним,
Юбормоққа кишим йўқ, ул томон боргил, сабо, чаққон.

Менга тиғ урдинг-у, жонимни этдинг, демадим, барбод,
Сўйилган жўжадек дил қони ичра талпинурман шод,
Хуш ул ошиқки, жонин берса, кўп заҳм ила бефарёд,
Қаноат қилмадим бир заҳминга, тез бўлгил, эй, сайёд,
Яна тиғ урки, муштоқман, сира тўхталма, чиқсин жон.

Дилу ақл ила динни енгди савдо, эй, насиҳатгўй,
Қилурсан то қачон бизни тамошо, эй, насиҳатгўй,
Бўлибман, Айний, ишқи ичра расво, эй, насиҳатгўй,
Ишида бўлди хўб дармонда Яғмо, эй, насиҳатгўй,
Чунон расвои олам айлади, эй, ақл, бўл дармон.

1916

ЛОҲУТИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Қаю кун биздан олдинг, дилрабо, дил,
На шафқат кўрди сендан, на даво дил,
Бўлиб юз ғамга гарчи ошно дил,
Бирор дам бўлмади сендан жудо дил,
Дедим, минг офарин, дил, марҳабо, дил.

Дилим кетди-ю, пайдарпай қарорим,
Дилим ёдида кетди жони зорим,
На бўлғай энди дилсиз кори борим,
Бу дил дастидан йўқ тинчу мадорим,
На қилғум, дилга лойиқи жазо, дил.

На ишлар қилмади, охир, дил, эй, ёр,
Менга орзусида бўлди фидокор,
Балоларга дучор этди неча бор,
Асир этди кўзина жонни дилдор,
Фалокат дил, мусибат дил, бало дил.

Мадори қолмаган фарёд этолмас,
У бебахтдур, кўзидан қон тўколмас,
Сенинг ҳижронингга энди чидолмас,
Ақалли сийна ичра оҳ уролмас,
Ситамкаш дил, паришон дил, гадо дил.

Қаю кун эрди, урди ишқ лофин,
Тўкилмоғин бу йўлда билди қонун,
Қўлингдан қочгали топмай иложин,
Охир туфроқ бўлди, топди жойин,
Ана, собитқадам дил, бевафо дил.

Сўрамангиз асар ишқида мендан,
Сўрамангиз, дилим буткул йўқолган,
На дил, ҳатто йўқолмиш бош ила тан,
Бўлак оғиз очмангиз ақл ила дилдан,
Қаерда ақл, қайда бенаво дил?

Демасман дилни ҳақ, сен ишқи ботил,
Вале дил, рост, ҳолинг бўлди мушкул,
Сен ундан нолидинг, сендан эса дил,
Қон ўлдинг дилни деб, дил бўлди бисмил,
Уял, Лоҳутий, шарм этсун ва ё дил.

Тилак Жўра таржимаси