Марина Цветаева (1892-1941)

Рус шеъриятида бетакрор овозга эга бўлган шоира Марина Цветаева 1892 йили Москва шаҳрида таваллуд топди. Унинг отаси адабиётшунос олим Иван Владимирович Цветаев Москва университетида дарс берган ва Пушкин номидаги Санъат музейига асос солган эди. Онаси истеъдодли мусиқачи бўлиб, Рубинштейн қўлида таҳсил олган. Ёш Марина болалигидаёқ немис ва француз тилларини билган, 6 ёшидан шеърлар ёза бошлаган.
Унинг илк шеърий тўплами – “Оқшом альбоми” 1910 йилда чоп этилади. Ёш шоира унга кирган шеърлари билан В.Брюсов, М.Волошин, Н.Гумилёвлар назарига тушади. Кейин унинг “Сеҳрли чироқ”, “Икки китобдан шеърлар” тўпламлари дунё юзини кўради.
М.Цветаева 1912 йили оқгвардиячи офицер С.Эфронга турмушга чиқади.
Шоира Октябр инқилобини нафақат англаб етмайди, қабул қилмайди ҳам. Эри эса хорижга кетиб, муҳожир аксилинқилобчиларга қўшилади. Бу даврда М.Цветаева оғир қашшоқликда кун кечиради. Бошига тушган бемисл азоб-уқубатлар туфайли норасида қизидан жудо бўлади.
Шоира қалбидаги кучли муҳаббат эри ортидан боришга ундайди ва у Ватанни тарк этади.
Уларнинг оиласи 17 йил давомида муҳожирликда яшайди. 1939 йилда Ватанга қайтишга муваффақ бўладилар. Бироқ катта умидлар-ла юртга қайтган эри олий жазога ҳукм қилинади. Қизи қамоққа олинади. Яқинларидан айрилган шоира вояга етмаган ёлғиз ўғли Георгий билан қолади.
Уруш бошланган пайтда у ўғли билан Кама дарёси бўйидаги Елабуга шаҳрига эвакуация қилинади.Тирикчилик учун иш топиш у ерда шоирага ниҳоятда қийин кечади.
Унинг 1941 йил 26 августда, мени буфетга идиш ювувчи қилиб ишга олишингизни сўрайман, деган аризаси архивда сақланиб қолган. Турмуш машаққатларидан беҳад чарчаган шоира 31 августда ўз жонига қасд қилади.
Шоира вафотидан кейин – бир неча ўн йиллар ўтгач, Евгений Евтушенко М.Цветаева ҳақида шундай ёзган эди: “Улкан истеъдод соҳибаси М.Цветаева шеър қурилишини ислоҳ қилиш борасида Пастернак ва Маяковский билан биргаликда кўп йиллар олдинга кетган шоирдир. Уни ҳамиша ўзига мафтун қилиб келган Ахматова эса анъаналарни ўзида мужассам этганлиги туфайли юксак мақомга эришган бўлса-да, Цветаева юқорида таъкидланган жиҳатига кўра Ахматовадан баланд туради”.
Ташқи дунё билан муроса қила олмаган ва ҳаётда рўшнолик кўрмаган улуғ шоирадан кўплаб теран ва ёрқин асарлар қолди. Бу ижодий меросни лирик шеърлар, ўн етти достон, саккиз шеърий драма, эсдаликлар, тарихий-адабий асарлар ҳамда бадиа ва фалсафий-танқидий мақолалар ташкил этади.

* * *

Севги! Талвасада, тобут қаъридан
Тортиниб, интиқиб, талпингум қувноқ!
Севги! Гўр лабида, булут бағрида
Туриб ҳам, демасман сенга алвидо
Берилмаган ахир, жуфт ўт қанотлар
Юрсин деб юракка ортиб ғам юкин.
Йўргакли, кўзюмуқ, безабон зотлар
Нуфузига қўшмам яна бир юпун.
Қўлларим қутқариб, ростлайман қаддим,
Ишқ! Сени ўлимдан сақлайман омон.
Мен унга ўт қўйсам минг-минг чақирим
Ерларда қор қайнаб, ёнади ўрмон!
Лекин қанотларим, кифтим, тизларим
Букиб шум ҳукмига бера қолсам тан, –
Бу – ўлим устидан кулиб, эзганим,
Бу – мен шеър бўлганим, бўлганим гулшан.
Кеча термулардинг ҳали кўзимга,
Бугун қайлардадир кезади нигоҳ!
Кеча қуш тургунча бўлдинг ўзим-ла,
Бугун ҳамма тўрғай – нақ қарға сиёқ.
Мен чунон нодонман, сен эса доно,
Сен тирик, мен жонсиз донг қотиб қолдим.
Замонлар аёлин доди бу садо:
“Жонгинам, мен сенга не қила қолдим?”
Аёл кўз ёши – сув ва қони ҳам сув,
Қонда ва кўз ёшда чўмилди аёл.
Севги она эмас, ўгай она у,
Ҳукм ва тараҳҳум кутмак хомхаёл.
Кема олиб кетар севгилимизни,
Уларнинг йўллари нурафшон доим.
Фарёдимиз тутар ернинг юзини:
“Жонгинам, мен сенга не қила қолдим?!”
Ҳали кечагина ётиб пойимда,
Хитой ҳоқонига этгандинг қиёс.
Бирдан икки қўлим қолди ёнимда,
Занглаган чақадай сочилди ҳаёт!
Фарзандин қатл этган бир жаллодсимон
Суддаман: носуяк, журъатсиз, музлим.
Мен дўзахдан сенга чекаман фарёд:
“Жонгинам, мен сенга не қила қолдим?!”
Сўрайман стулдан ва каравотдан:
“Нечун шунча азоб, шунчалик тоқат?”
Ва жавоб оламан: “Тўйди ўпмакдан,
Ўзгани ўпмак-ла этмоқчи бадбахт”.
Оташда яшашга ўзинг ўргатдинг
Ва муз саҳросига сўнг отдинг жисмим.
Мана, не кунларга солдинг, не қилдинг,
“Жонгинам, мен сенга не қила қолдим”
Мен барин айтаман, қилма эътироз,
Боз кўзим очилди. Эмасман жазман,
Қаерда чекинса муҳаббат шу хос
Ҳукмин бошлар ажал аталмиш боғбон.
Олма шохларини силкитмоқ нечун
Пишиб етилганда тушар ўзи жим.
– Мени кечир, бари, барчаси учун:
Жонгинам, мен сенга не қила қолдим?

Зулфия таржимаси

* * *

Шаробингга аралаштирдим
Куйдирилган соч толаларин,
Токи ичинг куйдирсин ғамим,
Токи жўшсин дил нолаларинг.

Токи ёшлик бўлсин кўзёшлик,
Токи асал айласин касал.
Токи тунда ёшгина ёринг
Тингламасин фиғону зоринг.

Олтин каби cочларим ранги
Айлангандек кулга беомон,
Ёшлигингнинг бокира тонгин
Қорлар боссин,боссин қаҳратон.

Токи кўр бўл – зулматга тўлгин,
Токи ўтдек қуригин,сўлгин,
Токи сўнгги нафасдай ўлгин.

МУҲАББАТ

Тиғми? Ўтми?
Ё оғули тафт?
Ёки алам, мунгли ўртаниш?

Йўқ,у дард,
Шундай бир дардким,
Кўзимга кафт,
Лабга болам исмидек – таниш.

Рус тилидан Хуршид Даврон таржималари

ВАТАН

Бунча қайсарсан, забон!
Мендан олдин ҳам деҳқон:
— Россия, ватаним, — деб
Куйлашни қилган-ку эп.

Калуга қирларидан
Юртга боқардим ҳар дам.
Энди олис масканим,
Гъариб элим, ватаним.

Олислик — битмас ярам,
Топилмас унга малҳам.
Қайга борсам кўксимда
Йўл босар ўзим билан.

Яқинни йироқ қилган
Олислик кириб тилга:
«Уйга қайт», — дер тинимсиз,
Тўрт ёним, ҳатто юлдуз.
Мен бошимни бекорга
Урармидим деворга?
Сўнгги йўлга кетар дам
Икки қўлсиз қолсам ҳам
Бошим ётган кундага
Лабларимда ёзаман:
«Қаддингни ростла, бағрим,
Ватаним, менинг фахрим!»

* * *

Мен қоғозман қаламинг учун,
Нима битсанг айлайман қабул.
Бойлигингни асрайман бутун,
Қайтараман кўпайганда ул.

Мен қишлоқман ва қора тупроқ,
Сен бошимда ёмғир, нур — олмос.
Соҳибимсан, яна сен Оллоҳ,
Мен қора ер, оқ қоғоз, холос.

* * *

Охират китобида
Аёл учун ишқ — гуноҳ.
Унинг «Севги санъати»
китоби — бутун тупроқ.

Юрак — ишқнинг шароби,
Яхшидан — яхши шароб.
Аёллар йўргакданоқ
Бировга гуноҳ, азоб.

Қўй осмонни, узоқ у,
Ердаги лаблар яқин.
Аёлмассан, билмайсан,
Бизни қарғама, тангрим.

Қутлибека Раҳимбоева таржималари

***

Кимдир келар — ўлим ғалабасига.
Дарахтларда — кибр, фоже қайроғи.
Иудалар — қонли қурбонлик рақси!
Дарахтларда — тилсиз сирлар титроғи.

Бу — асрга қарши исён, суиқасд:
Ўлчовлар, ҳисоблар, вақт, касрлар.
У ери — бу ери йиртилган парда:
Дарахтларда — қотиб қолган қабрлар.

Кимдир келар. Осмон — йўл ибтидоси.
Дарахтларда — бахтнинг йўқ интиҳоси.

***

Қуёш — ягонадир, шаҳар кезади,
Қуёш — меникидир. Ҳеч кимга бермам.
На лаҳза, на нигоҳ, на нур сезади —
Қуёшни бермайман. — Ҳеч кимга. Ҳеч дам.

Зулматларда сўнсин шаҳарлар, майли,
Қуёш — қўлимдадир! Қуёшсиз очун!
Ёндиргум — қўлулаб, юрагим — далли!

У йўлдан адашса энг қоронғу тун
Еламан изма-из… Қуёшим менинг
Ҳеч қачон ҳеч кимга бермайман сени!

***

Ёнингга келаман, рақибам, у тун
Худди ҳозиргидай нурга тўлади.
Ҳовузда бақалар додлар бетутун,
Аёллар оғриқдан телба бўлади.

Мен — аср туғёни ийлаган ҳур сас —
Рашкли кипригингга тўкиламан жим.
Айтмоқчи бўламан, мен — одам эмас,
Тушман — рўёларга айланган қоним.

Айтмоқчи бўламан, — юпанч бер, шаффоф
Юрагимга кимдир михлар қоқмоқда!
Айтмоқчи бўламан, — шамол ҳали соф,
Оловли юлдуздан шуъла оқмоқда…

***

Мен — маҳбуса. Сен эса — соқчи.
Сендан ортда қолиб бўлмайди.
Тақдир битта — бўм-бўш, алдоқчи
Сафсатага бўшлиқ тўлмайди.

Табиатим юввош, мулойим!
Нигоҳларим ёрқин! Ўтинчим —
Ҳув, қайинга қадарлик бир зум
Сайр этмоққа изн бер, соқчим!

***

Бемаҳал қўзғалмас кема,
Булбул бевақт куйламас билдим.
Мен қанчалик яшаш истамай,
Оҳ, шунчалик ўлгим ҳам келди!

Болаликда бўлгани каби
Терлаб чиқдим лото ўйнидан.
Ўз бахтига ишонмас кўнгил,
Дунёлар бор дунё қўйнида.

***
Дилни меҳр билан чулғайди хаёл,
Тез орада мени чорласа йироқ,
Кимга қолар экан — қалин жун рўмол,
Бўрининг мўйнаси, ихчам қўлтаёқ…

Ферузаранг кумуш билакузугим,
Кимнинг насибаси… Жами ёзувим,
Гулларни асрашга тоқат қилар ким…
Энг сўнгги қофиям — энг сўнгги туним!

***

На ўй, на зор, на қизғин баҳс,
На оромбахш уйқум бор.
На кун, на ой ва на денгиз,
На кемага орзум бор.

На деворлар, яшил боғлар
Ҳидин сезар туйғум бор.
На кутганим — қайноқ чоғлар
Туҳфасини туйгум бор.

Қувонтирмас тонг ва тунлар,
Трамвайлар елиши.
Яшаяпман — унут кунлар,
Вақт ва аср келиши.

Туюлар, мен — кичик раққос,
Занжири узик мастман.
Қоронғу ой ичра ҳассос,
Мағрур хаёлпарастман.

***

Жуда эрта туғилди шеърлар,
Эсимда, уларга қалбим берганим.
Бамисли фаввора томчилар, нурлар
Билмаган эканман шоир эканим.

Саждагоҳга кирган иблис сингари,
Ёшлик ила ўлим беун жўшади.
Оромли, исириқ ҳидли гўшада
Ҳали ўқилмаган шеърлар жангари

Миттидай дўконда чанг босган ғамнок!
(Уни ҳеч ким олган эмас ва олмас!)
Бебаҳо дардларим — шеъримнинг олмос
Даври келгусидир шодумон ва пок.

***

Дўнгликларда югурар сўқмоқ
Жажжи — жажжм оёқлар билан.
Ока оқар сокин, эринчоқ
Уйқудаги ўтлоқлар билан.

Қўнғироқлар жаранглар, зарб-ку
Шошилади зарба ортидан.
Борлиқ куйлар эди энг эзгу
Болаликнинг хотиротидан.

Тонглар жаннат, чошгоҳлар жаннат,
Ловуллаган уфқ — оҳлар жаннат!
Ярқираган шамширлар – сурат,
Қасрларни қулфлар сукунат.

Бари қайга кетди афтода?
Орамизда тўсиқ бор – недир?
Гулпуштанинг ўтинчи — бода,
Тушдагидай чайқалар оғир…

***

Менга ёқар, бемормассиз мен боис,
Менга ёқар, бемормасман сиз боис.
Менга ёқар, оғир заминнинг шари
Пойимизда оқиб ётмас сарсари.

Менга ёқар, бўлмоқ мумкин кулгили,
Сўзлар ўйинисиз яшамоқ мумкин.
Қўллар қўлга ногоҳ теккан маҳали
Қизартира олмас димиққан тўлқин.

Менга ёқар, кўзим олди — қаршимда
Ўзгаларни қуча оласиз сокин.
Сизсиз яшаганим ҳаққи, аршимда
Менга мўлжалламанг жаҳаннам ўтин.

Азизим, исмимни ёдлаш ёдида
Яшаманг на кундуз, на тун — бефойда…
Черковнинг улуғвор сукунатида
Куйланмас биз учун — аллилуйя!

Мени севганингиз учун билмасдан,
Сиздан миннатдорман юрак, қўл билан.
Майли, севиб яшанг, — тун, ором ҳаққи,
Қуёш кулмаган кун, олис шом ҳаққи;

Кунботарги гўё ногоҳ васлимиз,
Сайримизга зор ойдаги ғам ҳаққи…
Бемормасман фақат сиз боис — ҳайҳот!
Бемормасман фақат сиз боис — ҳайҳот!

***

Шеърлар ўса бошлар юлдузли, гулдай.
Қайдин оқиб келар менга бу шуъла?
Тожлар, тантаналар сўйлар бир тилда,
Юрагим тўлиқар, тўлғин ашула.

Тушимда ёрилиб кетади тошлар,
Кўкдан нур ёғилар барг нафасида.
Дунё, ишон! Куйчи туш кўра бошлар
Юлдуз шуъласида, гул шевасида.

ДОН ЖУАН

Туманли тонгда узоқ
Бўзлайди шамол, бўрон.
Бу қор майин, қор оппоқ,
Ётар унда Дон — Жуан.

Фавворалар сукутли,
На юлдуз, на ёруғ бор.
Ҳоч ярқирайди ўтли
Мажнун кўксида бедор.

Бу қоронғу рўёни
Ёритай деб атайин
Келди юрагим — тун — туғ.
Юрагим — бир ҳовуч чўғ,
Юрагим — тундай очиқ!

Олис юртдан сиз билан
Ишқ тўла дилбар дафтар
Ёнимга келди, ухланг,
Ухланг, Дон — Жуан! Етар…

***

Баҳс бойлаша — бойлаша.
Куйлай — куйлай толар тил.
Мени алдай — алдай Вақт
Аллалар — оромда дил.

Кўзларим юмсам аста
Қайрилар киприкларим.
Тушимга кирар қушлар,
Дарахтга битикларим.

***

Оқшом чўкаётир улкан шаҳримга,
Мудраётган уйдан чиқиб кетаман.
Одамлар ўйлашар — аёлми, қизми,
Ҳаёлим ўғриси — тунга етаман.

Йўлимни супурар июл шамоли,
Қайдадир куй янграр элас ва элас.
Оҳ., тонгга қадарлик бу майин ҳаво
Бағрига босади кўксимни бесас.

Кўринар қора тол, деразадан нур,
Баланд минорларнинг қўнғироқлари.
Қўлда гул, қушдан ҳам енгил қадамлар,
Уларга сингийман соя сингари.

Тилла иплар каби ёнади олов,
Япроқлар ҳидидан беҳушман, беҳуш.
Кундузги ташвишлар, тинч қўйинг мени,
Дўстларим, тушунинг, бир тушман, бир туш.

***

Кўзингга сингиган мовий кўкка боқ,
Ҳайқиргинг келади: — Момоқалдироқ!

Йўловчи ўтмоқда, қалбингда сезги,
Айқириб оққиси келади: — Севги!

Совуқ оқимларни ёраман тонг пайт,
Шеър бўлиб тўкила бошлайман: — Ҳайрат!

ҚАЛБ ВА ИСМ

Давра оловланар, бу ўт тафтидан
Исийин демайди, тўлмайди бағрим.
Кўзимда ястаниб ётади кенглик,
Сен уни денгиз деб атагил, тангрим!

Бошни айлантириб юборар рақслар,
Мени ташлаб кетай демас соғинчим,
Шу соғинчлар солди қалбимга оташ,
Уларга денгиз деб ном бергил, тангрим!

Олов бўлиб куйлар афсунгар давра,
Ёниқиб чорлайди, тортмас оёғим.
Юрак йўлга тушди, йўл эса олис,
Йўлимга денгиз деб исм қўй, тангрим!

ДEКАБР ВА ЯНВАР

Севинч туғди декабр тонгги,
Лаҳзада кечади
Умри илк бахтнинг.

Ёшартириб кетгай юракни бу бахт!
Қайғуси бор январ тонггининг,
Умри узун ҳасрат.

Таъми тахир, аччиқ бу ғамни
Тотдим илк бора!

Ойгул Суюндиқова таржималари


ҚИШДА

Қўнғироқ саслари кўнгилга кўчар –
Янграр нолакор…
Орамизда бордир бир неча кўча,
Бир неча сўз бор.

Шаҳар мудрай бошлар оромни истаб,
Ой чиқар янги.
Қорлар юлдуздайин безар оҳиста
Сенинг ёқангни.

Ҳали сўнмадими дилда ҳасрат-оҳ?
Токай бу ғам-зор?
Янги туйғулар-ла чақнаган нигоҳ
Ёндирар такрор.

Қоғозга ошна қалб ардоқлар жондек
Бу кўзлар чўғин.
Қиров оқартирар худди камондек
Киприклар ўқин…

Деворлар ортида қўнғироқ ўчар,
Янграб нолакор.
Орамизда бордир бир неча кўча,
Бир неча сўз бор!

Янги ой нурлари чулғанар бу чоқ
Шеърга, оҳангга.
Қўнади оқ қорлар майин ва юмшоқ
Сенинг ёқангга.

ЎН БЕШ ЁШ

“Ўн беш” – юрагимда жаранглар ҳар кез,
Кўнглимда бошқа ўй тортмишдир хира.
О, нечун улғайиб қолдим бунча тез?
Нажот йўқ сира!

Кеча қайинзорлар оралаб – кезиб,
Туярдим ўзимни шўх-шаддод, эрка.
Кеча югурардим сочларим тўзғиб,
Кечагина, ҳа!

Менга шивирларди кўклам қир-ўтлоқ:
“Югургин, йиқилсанг ема асло ғам!”
Мумкин эди менга шодон қийқирмоқ,
Ҳар қандай қадам!

Олдимда нелар бор? Қилолгумми даф?
Теграм – ёлғон, чеклов – ичу ташимда!
Мен шўх болаликни кузатдим йиғлаб
Ўн беш ёшимда.

* * *

Бошларин эгмишдир гуллар нофармон,
Фаввора севинчин бидирлар сувлар,
Кўм-кўк хиёбонда болалар ғужғон…
О, қани меники бўлсайди улар!

Нигоҳлар тафтида яйрашар эркин,
Ҳар бири валломат – нақ тожга эга.
Масъум болакайга боқаркан, менинг
Қичқиргим келади: “Шу олам сенга!..”

Қизчалар либоси рангин, фусункор,
Бунда – аразчилар, хуш-хандон – бунда…
Оналар дил сўзин шивирлар ошкор:
“Менинг боламдайи йўқдир очунда…”

Ҳа, фахр аёлга қилични тутмоқ
Ватан эрки дея – таҳликали дам.
Бироқ улар учун бешикни қучмоқ
Энг асл бахт эрур – илло менга ҳам!

* * *

Ёдимдан кетмас нари
Болалик дамлар мутлоқ!
Қайдасиз, зангор ўтлоқ –
Оканинг қирғоқлари?

Жўка гуллаган чоғлар –
Бу олам ўзга тамом,
Манқалда пишар таом,
Маст бўлар эски боғлар.

Булутлар сузар кўкда,
Ястаниб уфққа то.
Сокин ва мовий дарё –
Жимирлаб оқар Ока.

Тинглаб мен дил унларин,
Қўмсайман илк масканим –
Қадрдон Тарусанинг
Қайноқ ёзги кунларин.

ПАРИЖДА

Уйлар бунда юксак, осмон эса паст,
Ер ҳарир ҳоври-ла унга яқинроқ.
Гарчи бунда ҳайрат чегара билмас,
Юракни бир соғинч чулғайди бироқ.

Ғужғондир оқшомги боғчалар сўлим,
Сўниб борар уфқда шуълалар алвон.
Ошиқлар ушлашиб бир-бирин қўлин,
Шинам йўлкаларда сайр этар шодон.

Мен эса бир ўзим. Дилни мунг эзар,
Ғуссадир руҳимни саросар қилган.
Кўксимда йиғлайди ғамбода шеърлар,
Москва севгиси билан йўғрилган.

Париж менга ётдир, менга сингмас ҳеч,
Юракка ўзимнинг дардларим аъло!
Кутар уйда маъюс чучмома ҳар кеч,
Ҳар кеч қаршилайди мулойим сиймо.

Деворда нигоҳин қадар мен сари
Хайрихоҳ дўст каби бир сурат мағрур.
Севган китобларим қаҳрамонлари
Келар тушларимда қошимга бир қур!

Қанча зўр бўлмасин Париж шукуҳи,
Кўнглим шавқи менинг – қирлар, булут – оқ…
Сурон сўна бошлар, жисмим чулғар руҳ,
Ғусса дилга ботар яна теранроқ.

ХАТОЛИК

Дафъатан кўнглингни сарафроз этар –
Кўклардан кафтингга келиб қўнган қор.
Бироқ у кўзёшдек эрир-да кетар,
Унинг ҳарир рақсин кўрмайсан такрор.

Шаффоф балиқчага бўлиб мафтун, ром,
Ушласак уни гар қўлимиз ила,
Дам ўтмай бўлғуси у шўрлик бежон –
Чунки инсон қўли омонсиз, билар.

Агар қанот қоққан капалакда биз
Туймасак кўҳлигу ва илоҳий ранг, –
Уни тутиб олган бармоқда, шаксиз,
Қолар ранглар юқи ҳамда оддий чанг!

Майли, чаппор уриб рақс айласин қор,
Шаффоф балиқчани отмагин қумга!
Орзуни тутмоқлик мумкинмас зинҳор,
Қўл билан ушласанг уни – урингай!

Мумкинми ўткинчи ишққа айтмоқлик:
Телбаларча ён – деб, деб – ўзингдан кеч!
Сенинг ишқинг эди ғўрлик, хатолик
Лек яшаб бўлурми, ахир, ишқсиз ҳеч!

* * *

Менинг шеърларимга, қораланган илк –
Ҳали шуҳратимдан ҳеч ким очмай фол, –
Бамисли фаввора биллурларидек,
Мушакдан сачраган учқунлар мисол,

Баланд черков ичра – ифор анқиган
Тун пайт кириб олган шайтончалардек, –
Менинг шеърларимга – саркаш руҳли, шан,
Ҳали бирортаси ўқилмаган лек, –

Пештахталар узра ётган чанг аро
(Назардан нарида, чеккада минбаъд!),
Менинг шеърларимга, асл, бебаҳо –
Шаробдек, бир куни етгайдир навбат.

* * *

Феодесияда бир баҳорий кун
Абадул-абадга сўниб бораркан,
Ҳар ерда – соялар узундан-узун,
Алвон ранг чулғайди шафақни тамом.

Соғинчга лиммо-лим юрагим маҳзун –
Бораман бир ўзим мискин, афтода,
Қўлларим осилмиш гўё ҳавода,
Вужудим гўёки йўқликка маҳкум.

Ўтаман қадимий қалъани бўйлаб,
Еллар юзларимдан олади бўса,
Шойи кўйлагимнинг этаги бўлса
Тиззам кўзларига тегинар ўйнаб.

Оддий ҳамда одми қўлда узугим,
Сафоси йўқ руҳим мўрт ва шикаста –
Уч-тўрт чучмомали жўн бир гулдаста
Маъюс кўзларимга термилади жим.

Энтикиб йўлимда тўхтайман беҳол,
Гарчи теваракда баҳорий фусун, –
Шом чўкар – соялар узун ва узун,
Сўзларим ғуссага йўғрилар алҳол.

* * *

П.Э.га

Қабрингиз устида кеч куз хазони,
Қиш яқин, шаксиз.
Мени тингланг, марҳум, эшитинг, жоним,
Сиз меникисиз.

Куласиз! – Кумуш ранг йўлнинг кифтида
Ой турар юксак.
Билсангиз, сиз менга кераксиз жуда
Бамисли юрак.

Шифохона сари тағин тугун-ла
Боргум мен шоша.
Сиз эса кетгансиз ўзга бир юртга,
Уммонлар оша.

Мен сизни суярдим – юрагимда ўт!
Наҳот тақдир отди мени шу кўйга?!
Ўлимга ишонмам! Йўлга кўзим тўрт,
Қайтингиз уйга!

Майли, куз тўлдирсин дилга ғам-ангиз,
Мотам битигида сўзлар унниқсин.
Дунё учун гар сиз ўлган бўлсангиз,
Мен ҳам ўлгум, чин.

Тириксиз – кўряпман ушбу дам ҳатто,
Руҳингизга мотам эмас-ку сарҳад, –
Сизни унутмагум, сақларман ёдда
Абадул-абад.

Биламан, бу янглиғ ваъдалар бари
Пуч ва бефойда.
Йўлламоқ кабидир соғинч хатларин
Манзилсиз жойга.

* * *

Яна бош кўтарар лўливаш ғулу!
Етиб ёр қошига – йўлни бургайсан.
Қўлни пешонага тираб беуйқу,
Тунлар карахт қотиб ўйлар сургайман:

Ҳеч ким теран кўз-ла боқмади асло
Хатларда битилган дил сўзимизга.
Бизлар хиёнаткор қалблармиз, зеро –
Содиқдирмиз қаттиқ ўз-ўзимизга.

* * *

О, ишқимиз энди оловга
Ўхшамас ҳеч – музга айланди…
Менинг кўнглим бошқа бировга
Ажиб ришта билан бойланди.

Саройинг бор сенинг пурвиқор,
Унда эса – яланг дашт, ўрмон;
Сенда зобит, аскарлар бисёр,
Унда эса – соҳилу сайҳон.

Денгиз бўйин биз этганда сайр,
Сен менинг бор жаҳонимсан, дер.
Тўшагимиз бизнинг турфадир,
Бир кун – тошлоқ, бир кун – заранг ер.

Ҳа, севар у жондан яхшироқ,
Унинг-ла мен ғам билмам асло.
Бугун ойдир бизга шамчироқ,
Қандил бўлар эртага само.

У авваллар эди суворий –
Кўркам келбат, аслзода зот,
Бир кун менга кўзи тушди-ю,
Қўшинни тарк этди шу заҳот.

* * *

Яйра, кўнглим – баҳорим!
Сўнг кун келар, ҳойнаҳой –
Бўлсин шунда мозорим
Тўртта йўл туташган жой.

Теграм – дала беэга,
Увлаган бўрилар оч;
Хоч бўл қабрим устига,
Йўлда турган симёғоч!

Улоқиб юрмай манфур
Манзилларда лузумсиз.
Олисдан кўриниб тур,
Баланд бўй хоч, исмсиз.

Озмас дўст бўлиб менга
Илтифотим кўрганлар.
Паноҳ бўлинг қабримга,
Даштда ўсган бурганлар.

Кўрсатиб эҳтиромни,
Шам ёқмангиз сукутда.
– Истамам ўчмас номни
Туғилганим – шу юртда!

* * *

Эйфель нима бўлибди бизга –
Узатсам гар қўлимни, етар.
Ёнаркан қай юрак бу ҳисда,
Аввал ичдан шуни ҳис этар:

Сизнинг Париж бамисоли шам,
Шундоқ эрур бизда тушунча.
“Россия, о, менинг Россиям,
Ярқирайсан нурланиб бунча?”

* * *

Домангир бўлиб бахтга,
Тутмадим этагидан.
Мен келганман пойтахтга
Бир тупканинг тагидан!

Қизиқтирмас зийнат-зеб,
Менга тунлар кезмоқ соз!
Бировга тафт берай деб,
Ўз кулбамдан кечгум воз!

Ёрингман гар – ёқтирсанг,
Остонамдан ўтсанг, бас.
Кифоя биз-чун, билсанг,
Қонда жўш урган ҳавас.

Ойни ҳам жазб этгаймиз,
Қўндиргаймиз кафт узра.
Кетсак – қалбда қолмас из,
Кўришмасак – дил музлар.

Тиғ заҳрига қарайман,
Этмасми мени хароб, –
Дуч келгандан сўрайман,
“Йўқ” деб у айлар жавоб.

* * *

Менинг руҳим асло сенга келмас хуш,
Дашномлар берасан ҳар қачон, қоим.
Сен – тошсан, мен эса – сайроқи бир қуш,
Сен – ҳайкал, мен эса учгайман доим.

Биламан, ҳа, баравж баҳор ифори
Мангулик олдида оний ва ҳечдир.
Қушман мен – шу эрур хислатим бори,
Сендек бўлолмасам, афв эт, кечир.

* * *

Кулбанг қарши олар сени кеч кириб,
Қадрдон уйингга етмас ҳеч бири!

Сўнади дарчада олтинланган нур,
Вужудинг ниҳоят туяди ҳузур…

Кун тугаб, эшикка тушади тамба,
Тўшакда ёлғизсан, кўзларинг намда!

Токи уриб турар экан шу юрак,
Яна тонгда барвақт турмоғинг керак…

Отсин ҳар не кўйга, майли, шум тақдир,
Қўлингга гўдаклар термилар, ахир.

Фақир кунларингда бахт шу-да бутун –
Чиқиб турибди-ку, мўрингдан тутун…

* * *

Аён бир ҳақиқат! Бошқаси – ёлғон!
Шартми уруш, шартми қирғинбаротлар!
Нима билан бандсиз айни ушбу он,
Шоирлар, ошиқлар, саркарда зотлар?

Илиқ еллар эсди қишнинг қасдида,
Инмоқда заминга илоҳий саслар.
Ҳа, биз ҳам ухлаймиз ернинг остида –
Бир-бирига уйқу бермаган каслар.

* * *

Гарчи дилда ғусса-мунг,
Севгим билмас ниҳоя!
Орамизга бизларнинг
Ташламиш ҳижрон соя!

Афсуски, сен йироқда,
Печда ўт ёнар ял-ял!
Ўлтирибман фироқда,
Сени қўмсаб ҳар маҳал!

Остонага дамба-дам
Термиламан бемадор.
Ташга боққум ойнадан –
Гуллаб ётар боғ бекор.

Кабутарлар “ғув-ғув”лар,
Билмай нима қиларин!
Шамоллар тинмай йўллар
Саломларин мен сари!

Эмас бари беҳуда,
Сезганмисан сен ўзинг, –
Соғинган улар жуда
“Марина” деган сўзинг!

* * *

Икки қўлим икки дилбандим
Бошин силаб яйрарди ҳар он.
Туҳфа эди менга чиндан ҳам
Икки митти – икки масъум жон.

Иккисин ҳам ўнгу сўлидан
Ўтиб мудом – кун-тун толмадим.
Бирин юлиб ажал қўлидан,
Бирини, оҳ, асрай олмадим!

Икки қўлим – юрагим меҳри
Икки бошга эдилар паноҳ.
Бироқ, нетай, қўлларим бири
Бўм-бўш қолди бир кечада, оҳ!

Кулганда у яшнарди ял-ял,
Нур ўйнарди бўйи-бастида.
Англолмайман ҳали ҳам тугал –
Нечун ётар у ер остида.

* * *

Кўз ёшим томган жойдан
Лолалар унгай бир қур.
Бу кун кашта тўқисам,
Эртага тўқийман тўр.
Денгизим менинг – осмон,
Денгизим менинг – ердир.
Тўр тўқиш эмас осон,
Тўрларим менинг шеърдир!

* * *

Б.Пастернакка

Масофа – бу рамз, бу маъно…
Иккимизни этдилар айро –
Кенг заминнинг икки бурчига,
Ўлтиришсин жимгина дея.

Масофа – бу йўлдир адоқсиз…
Ажратдилар, пайванд эдик биз.
Қутқу, раҳна солдилар бетин,
Биз, аксинча, бўлдик қурч, метин.

Бизмас, улар даврон сурдилар,
Ковлаштириб, ёвлаштирдилар.
Ҳеч қилмай ор,
айладилар хор,
Улар учун эдик фитнакор.

Бўлак-бўлак жойга отдилар,
Эҳ, сотдилар, сўнг йўқотдилар.
Аёзларда титрадик дир-дир,
Тўдалашди етимдек бир-бир.

Алдовлар-ла бизни “сийлашди”,
Қарталардек кейин чийлашди!

ДЕНГИЗЧИ

Аллалагин, юлдузли само!
Тўлқинлардан тўйиб кетдим, о!

Қайда қирғоқ – етарми дошим, –
Толиқтирди жунбушлар бошим:

Олқиш, гуллар, макр – бари жам
Ўйинлардан қуриди силлам!

Кўнглим мангу оромни хушлар,
Тинкамни қуритди урушлар!

* * *

Томиримни кесдим, қарангиз,
Ҳаёт оқар шариллаб ундан.
Идишларни тезроқ тутинг, тез,
Тўлиб-тошар барчаси зумда!

Саёз ликоб, саёз товоқ ҳам –
Томчилардан баҳра олар ер.
Тўлиб кетди юрагим бирам,
Тўхтамасдан қуюлмоқда шеър!

* * *

Дарчам менинг юксакдир,
Отма бекор қулочни!
Чордоғимда тонгги нур
Деворга чизди хочни.

Кўзимга ёш қуюлар,
Энтикдим шу аснода.
Менга шундоқ туюлар:
Кўмилганман самога!

* * *

Биламан, ўлимим менинг тонг маҳал!
Бироқ шом пайти ҳам қалбдан сўнгай нур.
Олса, о, кошкийди жонимни ажал
Шом ҳамда субҳидам онлари бир қур!

Қуёш йўлларимга тўшади зиё!
Севдим мен гулларни! Само қизиман!
Биламан, тонг пайти кўз юмгум! Зеро
Тунда Тангри мени аяр бегумон!

Ўпилмаган хочни сураман аста,
Тинглайман самодан илоҳий бир сас.
Руҳим фаришталар чорларкан аршга,
Шоир бўлиб қолгум то сўнгги нафас!

Русчадан Мирпўлат Мирзо таржималари

* * *

Сиз, ёнимда бораётганлар –
Шубҳали май косаси томон,
Қанча ёлқин, умр, билсангиз,
Беҳудага сарф бўлган тамом.

Ҳар бир шитир, ҳар бир шарпага
Шаҳду шиддат кетди, не керак?
Ва беҳуда қанча азмимни
Куйдириблар кул қилган юрак.

О, тун бағрига отилган поезд,
Олиб учган вокзал уйқусин…
Биламанки, ўшанда ҳам лек
Билмасдингиз, билсангиз-ку, сиз …

Нега бунча сўзларим кескин,
Қанча ғаму даҳшатли ғусса.
Тамакининг дудига ботган
Малласочли бошимда тутқун.

* * *

Шоир эканлигимни ўзим ҳам билмай,
Сал эрта ёзиб қўйган, ҳаддидан ошган,
Ракетадан тўраган оловдай сўнмай,
Фавворадан отилган тўлқиндай тошган,

Мушк ила мудроқ босган муқаддас даргоҳ
Бағрини ёриб кирган шайтондай огоҳ,
Ёшлик ва ўлим ҳақда ёзган шеъримга,
Ҳеч қачон ўқилмай тўзган шеъримга…

Дўконда чанг босган, ҳеч кимса билмас,
(Ҳеч ким сотиб олмаган ва ҳеч сотилмас!)
Энг қимматбаҳо май каби ва ниҳоят
Менинг шеърларимга ҳам келади навбат!

* * *

Ушбу кун эриди, ушбу кун,
Дераза олдида турдим жим.
Ақлим ҳушёр, нафасим эркин,
Яна сокин ҳолатда эдим.

Билмам нечун. Бўлиши мумкин,
Ва шунчаки чарчади кўнгил,
Ва исёнкор қаламни бу кун
Нимагадир келмади кўргим.

Шундай турдим – туманлик аро,
Эзгулик ва зулмдан йироқ,
Ойна аста бераркан садо,
Мен оҳиста чертардим бармоқ.

Кўнгил зада ёки хурсандмас,
Рўпарадан чиққан бир, мана,
Уфқ ёйилган ярқироқ кўлмак
Туйғу бермас ортиқ росмана.

Учиб ўтган қушдан йўқ малол,
Ё бир итдан югурган дайдиб,
Ҳатто қашшоқ қўшиқчи аёл
Кўз ёшимга бўлмади сабаб.

Унутмоқлик санъатдир ёҳу
Ўзлаштириб олган кўнгил гунг.
Қанақадир бир улкан туйғу
Эриб кетди кўнгилда бугун.

РАҚИБАМГА

Муқаддассан ёки сенсан тенгсиз гуноҳкор,
Яшаб бўлдинг ёки қўйдинг ҳаётга қадам.
О, фақат сев, уни севгин, сев девонавор –
Бола каби аллалагин бағрингда ҳар дам.
Уйқусида эркалашинг эрур кўп даркор,
Қучоғингда уйғотмагил уни уйқудан.

Абадийга бирга бўлинг: садоқат дарсин
Сенга ўтсин қайғусию маъсум нигоҳи.
Абадийга бирга бўлинг: уни ўй эзсин,
Меҳрибон бир опа каби тегингин гоҳи.
Агар тушлар гуноҳсизлик бағридан безса,
Ёқа олгин юрагида мислсиз ёлқин!

Бош ирғаб ҳам саломлашма бош эгса биров,
Ўтмиш ҳақда соғинчингга барҳам бер барвақт.
Шундай бўлки, мен бўлмадим юрак бериб дов,
Орзуларни қўрқув билан маҳв этма фақат.
Мен ҳаётда бўлолмаган ёр бўл, дилоро,
Беҳад севгин, севгин яна абадул абад!

* * *

Ҳақиқатни англадим! Эски гаплар йўқолсин!
Одам одамга қарши курашмасин, одамлар!
Тез орада алишгай, кўринг – оқшом, кўринг – тун,
Шоир киму, хуштор ким, саркардадан не ғамлар?

Тез орада осмонда музқотар юлдузбўрон,
Шудринг тушди ерларга, қаранг, эсгайдир шамол,
Ер устида тинч уйқу бермаганлар ҳеч қачон –
Ер остида ҳаммамиз ухлагаймиз безавол.

* * *

Шафқат этгил, Раббим, бу кун, сенга арзим бормоқдадур,
Бири қалбда, бири кўкда – икки қуёш сўнмоқдадур.

Ўз-ўзимдан розиманми сўнсалар гар икки қуёш,
Ақлу ҳушдин бегоналар қилсалар гар икки қуёш.

Сўнсалар гар нурларининг озори ҳам битгайми, бас,
Қай бири ёруғ ёнса, зумда ёниб бўлгай абас.

* * *

Оп қолинг, кеп қолинг, сотаман!
Шошилинг, муҳтарам жаноблар!
Бебаҳо мулкимни сотаман,
Асл мол, оҳори тўкилмагандир,

Ямоғи йўқ, бўялмаган ҳам,
Мен кўп сўраб этмасман мулзам!

Менинг молим барчага ҳам мос,
Эй атторлар, кеп қолинг, қани!
Қиммат эмас, сира қимматмас!
Нархин қанча қўясиз, яъни?
Кийсанг асти бўлмагай адо,
Кўз қиймас ташласанг мабодо.
Эҳ, молларим яхшидир, маза!
Ҳисоб-китоб қилингу тезроқ!
Қалбим учун тутингиз аза!

* * *

Рақибам, сен томон келгумдур, бир боқ,
Қачондир, ойдин тун келгум сен томон.
Кўлда қурбақалар қуриллаган чоғ,
Кўнгилчан аёллар дил тутган замон.

Рашкдан пирпираган қовоғинг уйма,
Рашкчи киприкларинг титраниб тургай,
Ростдан меҳрим ийиб, мен йўқман, дейман,
Қўрқма, мен туш бўлгум хобингда кўрган.

Айтаманки: мени юпатгил, юпат,
Юракка ниш санчар, сепилар тузлар,
Салқин шамолларга юз тутгум, фақат,
Кўкдан ёниб боқар дардли юлдузлар…

* * *

Қаламингга мен оқ саҳифа
Қабул қилдим. Мен оппоқ варақ.
Марҳаматинг асраб ҳар сафар:
Мўл-кўл қилиб қайтаргум бироқ.

Мен – қишлоқман, қора тупроқман,
Сен ёмғир ва нурсан, қандай соз!
Сен – Раббимсан, Эгамсан ва ман
Қора тупроқ ҳам оппоқ қоғоз!

* * *

– Баҳор ҳақда сўйлагин бизга! –
Набиралар қилади гаранг.
Лек бошини чайқаб оҳиста
Кампир жавоб беради аранг:
– Баҳор бағрида гуноҳ,
– Баҳор қўрқинчлидир, оҳ!

– Ишқ ҳақида сўйлаб бер бизга! –
Гўзаллигин куйлар набира.
Лек нигоҳин тикиб оловга
Кампир жавоб сўйлади-ку: – Оҳ!
– Севги бағрида гуноҳ,
– Севги қўрқинчлидир, оҳ.

Тонг нурига чўмилиб, сирли,
Узоқ-узоқ куйлар маъсумлик:
– Севги бағрида гуноҳ,
– Севги қўрқинчлидир, оҳ…

ЁШЛИК

1

Ёшлигим! Сен менинг бегонам!
Сен менинг пойма-пой кавушим!
Шамоллаган қисиқ кўз билан
Боқиб кун-кун йиртарлар тақвим.

Сенинг бутун ўлжангдан ҳеч қур
Бир мисқол олмади Илҳомим!
Елкамга юк бўлдинг бир умр.
Ёшлигим! Ортингга чорламам!

Сен тунлар бағримни тилкалаб,
Ич-этим едирган тиғларга,
Мурувватинг мен учун сабаб
Ўзгалар гуноҳин чекарга.

Шоҳлик туғин муддатдан олдин
Берган дилга байрам нимаси!
Эй ёшлигим! Чалкашган савдом,
Эй умримнинг атлас парчаси!

2

Қалдирғочдан жодугарга дўнармиз бир кун.
Эй ёшлигим! Видо сенга, арафа бу кун.
Сенинг бирла шамолларга юз тутиб албат,
Турармиз лол. Қорамағиз ёшлигим, юпат.

Ярқиратгин қирмизи ранг кенг этакларинг,
Сен ўзингсан кабутарим, ёшлигим менинг!
Сен қалбимнинг ёлқинисан, кетарсан қийнаб,
Қорамағиз, эй ёшлигим! Юпатгил ўйнаб!

Келгин мовий рўмолингни чайқатиб қўйиб,
Бебошгинам! Бебошликлар қилганмиз тўйиб!
Куйдирмажон ёшликкинам, ўйна, бебаҳом,
Эҳ олтиним, каҳрабоим! Энди алвидо!

Мен шунчаки қўлинг тутиб турмасман, гўё
Севгилим-ла видолашиб тургандек шайдо.
Қалб тўримдан суғурилган сен менинг бахтим –
Эй ёшлигим! Ўзгаларга этарман тақдим!

ОҚАРГАН СОЧЛАР

Бу йўқотиш, ғамлардан
Ё ганжлардан қолган кул.
Бу кулларнинг олдида
Метин ҳам бўлар кукун.

Жуфтсиз қолган кабутар
Тулагандир ва рангпар.
Беҳудалик узра гар
Донолик кули ётар.

Оқ кукун-ла, шафқатсиз
Уфқсиз бу замонлар.
Уйга ўт кетса, демак,
Худо солдими назар?

Эски-туски ичра ғарқ
Кун-тунларимга ҳоким,
Тик ўрлаган ёлқин – Руҳ,
Эрта тушган оқданким…

Йилларим, сиз ортимдан
Сотмагансиз, ё насиб!
Бу оқ сочлар ҳеч ўлмас
Кучларнинг ғалабаси!

БОЙЛАРГА ТАСАННО

Ҳа, айтганча, сизга айтиб қўяй жим:
Орамизда бордир минглаб чақирим!
Бу дунёда топган ҳалол мансабим
Аниқ жулдур – ямоқ ичра деб билдим.

Барча дабдабанинг остида асл
Майиб-мажруҳ ҳамда букрилар шодон.
Бойларни севаман! Ҳа-я! Айтганча!
Қўнғироқ бонги-ла қиламан эълон!

Бешикданоқ андуҳ ўстираётган
Чирик ва мўрт илдиз, зулматлар учун,
Қўйнидан тўкилса, қўнжига кетгай,
Йўқолиб борётган одатлар учун.

Ва шунинг учунки, илтимослари
Буйруқдек бажариб келинган бутун,
Юзига қарамай кун келиб бир кун,
Уларни жаннатга қўйишмаган-чун.

Хуфя-ла йўлланган сирлари учун,
Хатда жўнатилган ҳаяжонлари,
Уларнинг қўлида тутқун тун-чун
(Бўса ҳам олишар мажбурлаб бари!)

Шунинг учун ҳамки, на ҳисоб, ғурбат,
На олтин, на пахта, на бир фурсатда
Мендек бир сурбетни олмаслар сотиб –
Бойларни севаман, ҳа-да, албатта!

Силлиқ юзларига қарамасдан ҳам,
Тўқлиги, шўхлиги, бор гуноҳи-чун,
Қандайдир эзилган ҳолатларию
Қайсидир кўппакка хос нигоҳи-чун.

Ер ўз ўқидан кетмадимикан,
Оғиб кетмадими тарози – тақдир,
Барча буроқишлар ичинда ҳали
Бу қадар етимлик дунёда йўқдир!

Масал бордир ажиб қадимдан қолган:
Игна тешигидан ўтар экан нор.
…Севаман, уларни – қаттиқ ҳайратда
Ўсал нигоҳи-ла ётаркан бемор.

Хонавайрон чоғи қарз сўрагандек
Илтижо ичинда, акангман деб ҳам,
Оғзидан сирғалиб чиққан сўзлар-чун,
Бойларни севаман: бу мендан қасам!

УЧРАШУВ

Белгиланган висол ошиғич,
Жуда баланд – етмоғим мубҳам.
Кечикаман – оқаргандир соч,
Кечикаман. Баҳордир туҳфам.

Йиллар ўтар – қарашлар ўша,
Офелиянинг қисмати тўнгмас.
Кўнгиллар ва қўллардан оша,
Тоғлар оша – йўлларим ўнгмас.

Яшаш маҳол, ер – чакалакзор,
Ҳар томчи қон дарё қисмидир.
Лек ҳар доим майсалар узра
Офелиянинг аччиқ қисмати.

Азоблардан тотдим-ку зимдан,
Фақат азоб! Бас, етар! Тўйдим!
Сени баланд севдим, ўзимни
Осмонларга дафн этиб қўйдим!

* * *

Ёндирмасдан яшашга эрта,
Ҳали эрта бўлмоққа фано!
У дунёнинг учрашувидан
Нафосат – бу шафқатсиз жазо!

Қанча чуқур бормагин – осмон
Тубсиз улкан косадир битта.
Оҳ, бу қадар муҳаббат учун
Жароҳатсиз бўлмоққа эрта!

Дунё тирик рашкимиз билан!
Тўкилмоқни истайди ерга
Наҳотки қон? Наҳотки бева
Ўз ҳаққини қиличга бергай?

Дунё тирик рашкимиз билан!
Қалб яраси мувофиқ келгай.
Наҳот энди ям-яшил майса
Ўз ҳаққини ўроққа бергай?

Майсаларнинг ички титроғи…
Ҳар бир бутоқ айтади: “синдир”…
Парча-парча тарқатсам-да ман,
Жароҳатим ҳали менингдир.

Жароҳатлар битмасдан туриб,
Ҳали ўзинг қўймасдан малҳам,
У дунёнинг музликларига
Ҳали эрта бормоққа, Эгам!

МАКТУБ

Шунча кутилмас сўзлар,
Бир хат шунча кутилар.
Елим тасма гирдида
Хатни боғлар қийқимлар.
Ичкарида бир сўз бор.
Бахт бор унда. Шу – бори.

Бахтни шунча кутмаслар.
Ажал шундай келар, чин.
Салют берар чин аскар,
Кўксида уч қўрғошин.

Кўзлар қизарган, ҳайҳот,
Фақат шугина, фақат.
Бахтлар қаримагандир,
Шамолда учди ранглар.

Тўрт деворнинг фурсати,
Милтиқ оғзин сурати!

[Тўртбурчак хатлар туси
Сиёҳ ва май қадаҳи!]
Келса ўлим уйқуси
Кексаймас ҳеч ким ахир!

Тўртбурчак хатлар туси…

* * *

Тирик, ўлмаган ҳали
Ичимдаги иблисим!
Ўз ичимда – зиндонда,
Таним унга қафасим!

Чиқса – турар ойболта,
Дунё унга тўрт девор.
“Дунё асли бир саҳна” –
Алжирайди ғўр актёр.

Айёрлик ҳам қилмаган
Ланг оёқ масхарабоз,
Таним ичра шуҳратда,
Гўё зарбоф тўни соз.

Гар тириксан – қадрла,
Кўп йиллар яйра албат,
(Ғирром ҳаётда шоир
Гардкам ташлайди фақат!)

Йўқ, ялло қилмагаймиз,
Эй хушовоз оғалар,
Тана ичинда худди
Пахталик тўн кийганлар.

Олийроқ даражамиз,
Иссиқдан сўлиш бор нақ,
Тана гўё қўрадай –
Ичда куйгай жизғанак.

Дабдабалар сарқитин
Тўплаб юрмаймиз бирдай,
Танда – ўчоқ ичинда,
Танда – гўё қабрда.

Танамда – энг узоқда
Сургунда у! Кучсиздир!
Танамда у сир ичра,
Юзимда эса темир

Ниқоб исканжасида.

* * *

Ниҳоят суратни битказаётган,
Рассом мўйқалами улоқтирган барг.
Каби тошйўлкага учиб сузётган,
Сўлғин япроқларга боқиб жонсарак.

Ўйлайман (на гавдам, ўйчан қиёфам –
Энди бировларга ёқмайди аниқ),
Балки унут бўлган заъфарон, пурғам,
Юксакда занг босган ягона япроқ.

Рус тилидан Гулбаҳор Саидғани таржимаси

РУҲ ВА НОМ

Токи ўйин-кулги, балда авж мақом,
Руҳ ҳаловат билмас, руҳ юммагай кўз.
Бироқ Худо берган менга ўзга ном:
Отимда денгиз бор, зотимда денгиз.

У билан вальс тушдим, руҳда шавқ-туйғу,
Унинг нафасини унутмам ҳаргиз.
Менга Худо берган ўзгача орзу:
Орзумда денгиз бор, туйғумда денгиз!

Қўшиқ айтиб давра чорлар дилрабо,
Қўшиқ айтиб яшнар бамисли юлдуз.
Бироқ менга ўзга руҳ берди Худо:
Руҳимда денгиз бор, руҳимда денгиз!

* * *

Манглайдан ўпмоқ бу – ғамни аритмоқ.
Манглайингдан ўпаман.

Кўзлардан ўпмоқ бу – ширин ухлатмоқ.
Кўзларингдан ўпаман.

Лаблардан ўпмоқ бу – сувга қондирмоқ.
Лабларингдан ўпаман.

Манглайдан ўпмоқ бу – ёдни аритмоқ.
Манглайингдан ўпаман.

* * *

Кўзларингга боқсам – айрилиқ! Кўзларинг қоп-қора – айрилиқ!
Бўйларингга боқсам – айрилиқ! Бўйларинг сарв, қара, – айрилиқ!
Юрак-бағрим яра – айрилиқ!
Ялтирайди пичоқдек ханданг, бунча шодсан, бунчалар хандон!
Менга ўхшамайсан – айрилиқ! Менга ўхшамайсан – айрилиқ!

Эрта вафот этган оналар, етим бўлиб қолган болалар –
Айрилиқ, айрилиқ, айрилиқ!
Сен менинг онамсан – айрилиқ! Сен менинг онамсан – айрилиқ!
Тузатасан онамга ўхшаб ҳарир рўмолингни – айрилиқ!
Бўсағада сезаман қақшаб совуқ шамолингни – айрилиқ!
Ухлаган Серёжа бошида бўзлаган Аннасан – айрилиқ!

Онасан – айрилиқ! Боласан – айрилиқ!

Тақиллатиб эшикни ногоҳ, ҳеч кимсани этмасдан огоҳ
Уйимизга кириб келасан, ола кўзинг ёниб келасан – айрилиқ!
Айрилиқ, айрилиқ, айрилиқ!
Лўли аёл каби – айрилиқ! Молдован қиз каби – айрилиқ!
Дард – айрилиқ! Гирдоб – айрилиқ! Безгак каби селоб – айрилиқ!
Қонимизга кириб келасан! Жонимизга кириб келаман!

Оҳ, ўртайсан – оҳ ингратасан. Ёндирасан – оҳ, яралайсан.
Йиртилади юрак – айрилиқ! Пора-пора ипак – айрилиқ!
Бўзбўрибек даҳшат – айрилиқ! Сен қўрқинчсан ваҳшат – айрилиқ!
На бобони, на набирани аяйсан, бешафқат – айрилиқ!
Бойқушдек шум, меров – айрилиқ! Дашт биядек асов – айрилиқ!
Айрилиқ, айрилиқ, айрилиқ!

Разин зоти каби – елкадор, қаттол, малла, қирғинчи қонхўр –
Кўрмадимми сени – айрилиқ? Билмадимми сени – айрилиқ?
– Қонхўр, ағдарасан ичакни! – Қонхўр, чавақлайсан юракни…
_______
Маринадир исминг – айрилиқ!

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси

* * *

1

Нигоҳим илдизин суғораётган
Кўзларимда қайғу томчилари бор.
Мен бедор яшаган кечалардаги
Уйқулар йиғилса башарга етар.

Нега англамайсан?
Энди дард-ҳасрат —
Сарсондир… Эҳромга борма энди, бас.
Ноҳақ яширмагин, сиринг — басират,
Тунлар изтироби мангудир абас.

Кундузлар қуёшинг етмасми ахир,
Кечалар эҳромга яна борасан?

Кел, зил уйқулари қочган эй бадбахт,
Олиб кет бу бир жуфт қадим узукни.
Улар сеҳри ила эҳтимол бир вақт
Тарк этар у соя сўлғин юзингни.
Айт, келмоғим учун қанча бўзладинг,
Иссиқ ётоғингда йўлим кўзладинг?

Болам, сен ором ол, сенга жон нисор,
Минг аъён бош эгар эртангни ўйлаб.
Ётоғинг устида тунлари бедор,
Бешик тебратаман қўшиқлар сўйлаб:

— Ухла болам, кўзмунчоғим,
Эркам, жоним, бўталоғим.
Алла болам, аллаё,
Ухла болам, аллаё.

Уйқуга кетасан оҳиста, болам,
Менга жўр бўлади кўкда ҳазин Ой:

— Ухла, бошинг болишга қўй,
Ухла, онанг меҳрини туй.
Ухла болам, жавоҳирим,
Ҳам аввалим, ҳам охирим.

Кимларга, қачондир мужда юбордик,
Биз нелар демадик, ичиб қанча онт.
Ким эшитди буни, сезди кимлардир,
Ухла болам, ухла, сен тинчгина ёт.

Мана, айрилмоқда
айрилмаганлар,
Мана, қўллари ҳам
чиқди қўлидан.
Сўнг эса узилди
ердан оёғи…

Ухла болам,
Ухламоқ зўр роҳатдир,
Сен ухласанг, тин олади бир дунё…

1916, 1 март.

2

Қўлларни севаман,
қўллардан ўпмоқ,
Инсонга муҳаббат
эҳтиромимдир.
Кундузни яшайман
азизим, бироқ,
Эшик очмоқ учун
қора тун сари.

Ҳаловат топаман.
Тинчланар жоним,
ва қулоқ осаман қадам сасига,
тушлари адашган ёлғиз ўрмоннинг
тушиб дод қилмоғин ел қафасига.

Оҳ, оқшом, қоп-қора қўйнингда шодлик
кўз очар. Мен ёпиб ғам тирқишини.
Жимгина ухлайман,
тинглаб кечада —
қаердадир инсон туғилишини…

3

Улкан шаҳар узра чўкади кеча,
Кўрганлар айтишар:
— Эй, ҳоли забун…
Тушимдан ҳайдалиб кўчама-кўча
Ёруғ хаёлимда юриб чиқар тун.

Июл шамолида покланади йўл,
Чор тараф қўшиқлар куйлаб ўтади.
Бу шамол тонггача оқади мўл-мўл,
Сўнгра қўлларимдан бир қўл тутади.

Ёруғ деразага қарайман ва лек
Нажот деворига тирмашади руҳ.
Кўринмас қўлларга ёқам берган эрк,
Соям бордир фақат, фақат ўзим йўқ.

Кафтим чизиғида нур оқар — ичкин,
Япроқлар жонини узганман бесўз.
Бир сендан ташқари ҳаммадан кечдим,
Энди мен сен учун бир тушман, эй дўст.

1916, 17 июл.

4

Гулҳанпараст қора кеча,
гулҳанпараст,
Уйғотасан бир тонг чоғи
ўпмоқ учун.

Телба шамол ҳисларининг
қўлларида,
Сен — қўшиғим интиҳоси,
мен ўпаман.

Денгизларнинг
долғасини ича-ича,
Шарафингга қўшиқ айтдим
неча-неча.

Нигоҳларинг оловидан
кеча-кеча,
Ёндир мени
қора қуёш — қора кеча.

1916, 9 август.
“Бедорлик” туркумидан.

АЙРИЛИҚ

Қоракўз дардкашим, шаҳло — айрилиқ
Баландбўй — айрилиқ, танҳо — айрилиқ.
Ханжардек титраган табассум сенсан,
Менга ўхшамаган дунё — айрилиқ.

Дунёдан ўтгувчи оналар каби
Менинг ҳам онамга менгзар — айрилиқ.
Остонада ғариб турган Онадир
Ётган Серёжани тинглар — айрилиқ.

Эшикдан ичкари уй сари кечар,
Тўкилар — айрилиқ. Ёғар — айрилиқ.
Зулукдай бетиним қонингни ичар,
Ўтда бечорани ёқар — айрилиқ.

Ёндирса — яшнарсан, эзса — юксалиб,
Тинса — фаромушсан, келса — музтариб.
Ҳеч қачон кўрилмас бир туш — айрилиқ.
Қашқирсан — айрилиқ. Ҳар он ҳозирсан,
На ота, на ўғил — қузғун боласи, —
Ўлакса — айрилиқ. Бойқуш — айрилиқ.

Эҳтимол, афсуснинг қизисан сен ҳам,
Ваҳшатли ҳайвоннинг ёвуз наслисан.
Қулликдир унвонинг, шонинг айрилиқ,
Балки Маринадир номинг айрилиқ.

1920, июл.

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси