Аркадий Аверченко. “Ижара уй изланмоқда…” (ҳикоя)

Қиш келиб, қаҳратон ҳукмини ўтказа бошлагач ижара уй изловчилар сони ҳар доимгидан ҳам кўпайди.
Кўчаларда бир-бирини кўриб қолган одамлар саломлашиш, ҳол-аҳвол сўраш ўрнига шундай дейишарди: “Ижара уй топиб беринг…”, “Ижарага уй керак. Битта хона бўлсаям майли…”
Ижарага ҳатто хона ҳам йўқ, устига-устак қишнинг узун кечалари битмас-туганмас эди. Эрталабки газетанинг сўнгги саҳифасидаги бурчакда ижарага уй излаётганларнинг талаб эълонлари чоп қилинган, ҳар ҳолда бу ҳол биринчи марта эмас, сўнгги пайтда чиқаётган нашрларнинг ҳар сонида ижара излаётганларнинг қисқача оҳу фарёди босиларди.
“Илтимос, бизга ижарага уй топиб беринг, нарҳи сиз айтгандай…”, “Ижарага уй оламиз, қиммат баҳода…”
Эълонларнинг барчаси ўзига хос ёзилган, уларнинг олдида қолган таҳлилу мулоҳазага бой мақолалар ип эшолмасди. Эҳтимол бу сўнгги йилларда ижара уй изловчиларнинг сони ортгани, уй топиш учун энг замонавий йўллардан истифода этилаётгани туфайлидир. Масалан, мана қаранг:
“Қаерда бўлса бўлсин, ижарага бир хонали уй топиб берган одамга 3 минг рубл берамиз…”, “Ижарага уй керак! Уйда иситиш тизими йўқ бўлсаям майли, ҳуҳлаб иситишга ҳам розиман!”, “Бир хонали уйини ижарага берган уй эгаларига текинга ширинликлар пиширишни ўргатаман, исташса, мусиқадан ҳам дарс бераман…”
Буларку ҳеч гап. Шундай эълонлар бор эдики…
“Ижарага уй излаяпман! Агар эшиклари мен истагандай бўлса, уй соҳибининг аёлига яп-янги италян этиги ва япон нимчасини совға қиламан. Эшиклари мен истагандай бўлиши билан бирга уй шаҳар марказида жойлашган бўлса, америкадан махсус келтирилган дурбин ва фотоаппаратни ҳам қўшиб бераман…”
Уй излаётган орасида ҳатто ҳорижий меҳмонлар ҳам бор эди:
“Бир хонали уй топиб берган одамга минг рублни франк қилиб тўлайман”.
Инсон қанчалик инсонийликдан чиққан бўлмасин, хорижий валюта бўлса бошқачада барибир.
Мана, мана бу эълонда ҳам софлик ва ўзига хос ифода бор:
“Ёлғиз аёл учун уй излаяпмиз. Таклиф: ? (исталган нарса)”.
Товба, ахир бўронда пашшанинг визиллаётгани эшитиладими ҳеч?!
Одамларга ҳам ҳайронсан, бу эълонлар худди Лондондаги машҳур театр эълонини Саҳройи Кабирдаги бир ҳурмо дарахтига ёпиштиришга менгзайди. “Бечорагина, ёлғиз аёл…”, дейди ўқиган одам ичидан, масалан, лекин ёрдам қўлини чўзолмайди, ахир ўлка осмони мусаффо бўлишига қарамай замон оғир.
Бу эълонда эса қандайдир йиғламсираган ёлвориш бор: “Агар сиз номусли одам бўлсангиз ҳеч кими йўқ одамга ижара уй беринг!”
Жиддий, сўзидан қайтмайдиган бир одамнинг бутун ҳафта давомида ижара уй излаб бош суқмаган ери қолмади. Қанча урунмасин уй тополмади. Вазиятни таҳлил қилди ўзича. Ижара уй излаётганларнинг эълонларини ўқий-ўқий ижарага уй излаб топиш борасида уста бўлди. Кунлардан бир кун газеталарнинг бирига шундай эълон берди:
“Ижара уй берган одамнинг ҳурмати учун унинг қизига уйланишга ҳам розиман! Қизнинг неча ёшдалиги, уйнинг ижара ҳаққи қанчалигининг умуман қизиғи йўқ. Ижарага уй бериш ва қиз узатишни хоҳловчилар қуйидаги манзилга хабар қилишсин!”
Бу талабгор мавзуга бошқалардан кўра ўзгача ёндошганди.
Ўша куннинг ўзидаёқ кекса бир жаноб уни сўраб келди:
— Мен, — деди ўзига ярашган оппоқ соч-соқолини силаб тавозе билан, — қизим ҳақда гаплашгани келдим ёнингизга.
Йигит жавобан:
— Албатта, уй ҳақида ҳам, — дея қўшиб қўйди.
— Шубҳасизки у ўз-ўзидан бўлади. Яқинда биттасининг бошига етди…
— Оҳ, жудаям мамнунман. Қандай яхшими?
— Ҳар ҳолда жуда ёмонмас, чидаса бўлади. Бўйи калта, сочлари узун, тишлари…
— Ээ-э, тишларини қўйинг, уй ҳақида гаплашайлик, уй ҳақида… Ишқилиб шароитлари яхшими?
— Ёмон эмас албатта, бироқ қизим унчалигам… Яқиндагина 4 курсни битказди.
— Хўш-хўш, қанақа, ранги очиқми?
— Нима десам экан, каштанрангли десаям бўлади.
— Деворқоғози каштангрангдами?
— Йўқ! Бечора қизимнинг сочларини айтяпман…
— Жаноб, ахир бунақаси кетмайди, мен сизга жиддий гапиряпман, сиз бўлса қаёқдаги сочларни айтасиз…
— Э, ҳа-а, уйни сўраяпсизми, уй ёмон эмас албатта, ҳамма шароитлари бор, яшаса бўлади. Қизим турмушга чиқиш учун ўқишига ҳам бормай қўйди, нимасини айтасиз, ахир бўйи етиб қолганда қизалоғимни. Қисмати қоронғу бўлишини истамади, эҳтимол…
— Қанақа қоронғулик, нима қоронғуда қолди, ахир сиз уйда ҳамма шароит бор, яхши дедингизку?!
— Ахир мен қизимнинг қисмати, турмушга бермоқчилигим ҳақида гапиряпман. Узоқ ўтириб қолса яхши эмас ахир…
— Нега узоқ қолар экан, электр келса ёнадими ахир чироқлари?
— Биродар электрнинг нима даҳли бор?
— Ахир уйга меҳмон келиб қолгудай бўлса…
— Қизимнинг қўл-оёғи чаққон албатта.
Йигит бироз ўйга чўмди, сўнгра лабларини тишлаб:
— Янгими? — дея сўради.
— Албаттада, 36 га кирган бўлса ҳам ҳали қиз бола.
— Эҳ, жаноб, қизингиз қанақа, неча ёшда бўлса ҳам уйланаман. Сиз менга яхшиси ижара, ижара уй ҳақида маълумот берсангиз яхшироқ бўларди.
— Маъзур тутинг, мен буни мол-давлат устига эмас, ишқ устига қуриладиган оила бўлишини истайман. Ахир мен ҳам отаман…
— Мен эса ижарачиман. Қайси бири оғирроқ сизнингча?! Айтингчи, менга сеп ҳам берасизми?
— Албаттада! Деярли мол-мулкимнинг ярмини бераман сизга. Масалан, 6 дона қимматбаҳо палто, энг сифатли кўйлак ва шимлардан…
— Буларни қўйинг, илтимос, менимча, энди сизни ота десам ҳам бўлади. Отажон, келинг яхшиси бориб кўрайлик, кейин бир тўхтамга келамиз…
— Ахир у ҳали сиз билан учрашишга таёр эмас…
— Уйни отажон, уйни, бориб кўрайлик илтимос…
Йигит ижара уй ҳақида шунчалик қизиқардики, қиз хаёлига ҳам келмасди… У фақат уй топганидан етти қават кўкка чиққан одам каби севинар ва ўйларди: “Осонми ахир, 3 ойу 2 ҳафта давомида кўчада, гоҳ метро бекатида, гоҳ дўконлар олдидаги ўриндиқларда тунаб қолдим…”
Икки ёш никоҳдан ўтиб, тўй дастурхонига ўтиришганида муштоқ келин йигитнинг бўйнидан ўпиб, астагина қулоғига шивирлади:
— Гришинка, тўйимиз ўтганидан кейин бу уй нари борса бир ҳафта бизнинг ихтиёримизда бўлади, сўнгра бирга иккаламиз яна уй излашга тушамиз. Мен ҳар ҳолда эримнинг уйида яшашни истайман.
— Нима, нималар деяпсан?
— Нега ҳайронсиз, нега довдирайсиз, ахир бу уй отамнинг хизматчисини уйи, хизматкорнинг уйида яшашга асло розимасман.
Йигит бу гапдан кейин бирдан қичқириб йиғлаб юборди…
Ўша маъшум кундан беш йил ўтиб қотилнинг иши иккинчи марта кўриб чиқилди.
Судя:
— Қотил ўта ақлли ва одоблилиги, бировга озор бермай яхши маҳбус бўлгани учун оқлансин! — дея ҳукм ўқиди.
Қотил ҳавотирга тушиб сўз очди:
— Хўш?! Қамоқхонадан чиқаманми?
— Албатта, сиз энди озодсиз! Ўйлаймизки, энди ҳеч қачон бу ерга қайтмайсиз, қотиллик қилмайсиз…
— Оо-о, қандай разолат! Эҳтимол, мени жиннихонага юборарсизлар…
— Йўқ! Ахир сиз жинни эмассизку!
— Балки, сиёсий маҳбуслар бюросига жўнатарсиз?!
— Сиз тамомила озодсиз!
— Оо-о, бу қандай кўргулига, бу қандай разолат. Яна кўчаларда дайди мушугу итлар билан бирга ётаман. Эҳ, Россиямнинг гўзал қамоқхоналари…

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси