Дритеро Аголли (1931)

Дритеро Аголли (Dritëro Agolli) 1931 йил 13 октябрда Албаниянинг Менкуляс қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Петербург давлат университетида журналистика бўйича таҳсил олган. Албания Ёзувчилар уюшмасининг раиси сифатида бир неча йил фаолият юритган. У Анна Ахматова, Александр Блок, Борис Пастернак, Владимир Маяковский, Сергей Есенин, Велимир Хлебников шеърларини таржима қилган. Шоирнинг “Мени йўллар бошқарар” (1958), “Қадамларим” (1961), “Тоғ йўли ва сўқмоқлар” (1965) шеърий китоблари ва 2007 йилда рус тилида “Қайдан елар бу оҳанг” китоби чоп қилинган.

БИНАФША ТОНГ

Атиргул очилди тонг отар яйраб,
Мудраб ётар Дайти тоғлари, секин
Туман ёйилади, зағизғон сайраб,
Думларини қоқар, теракка бетин.

Урилди қадрдон буғдой ислари,
Чирмашди ёввойи ҳид нам аралаш.
Вужудимда эриб боргани сари
Кечаги шом ёди туш каби оташ…

АЖОЙИБ ҚАРИЯ

(Болалик хотираси)

Хўб ажойиб эди бу бобо,
Унга ўхшаб кетгим келарди!
Пешонаси баланд – тик қоя,
Сўзлари ҳам майин еларди.

Билмасдим на тақдир, ҳаётин,
Сўрамаган эканман, аммо
Туюларди сабр, саботи
Китоблардан оқил ва аъло.

Сиздай бўлсам, дердим мен унга
Ҳаяжонга тўлганча сим-сим.
У меҳрибон Тангридай менга
Жилмаярди: “Шошилма, ўғлим”.

ШЕЪРИЯТ УРУҒИ

Ғаройиб, ғаройиб!
Бу ерга
Миришкор чумчуқлар ҳали
Қуришмади ин.
Капалаклар учмас,
Бедазор сўлғин.

Ҳамма-ҳаммасига
Атай – атайин
Шеърият уруғи қадалди,
Гуллади майин!
Ғаройиб, ғаройиб!

БАЛИҚЧИ ҚУШ

Қумликда учратдик биз уни бежол,
Панжалар қонталаш, қанотлар беҳол.
Ташлаб кетган чоғи тўда бегумон,
Югурик кўпиклар сачрар безавол.

Уни даст кўтариб, келтирдик уйга,
Қаранг, кун ўтмасдан жонланди яна.
Ойнадан кўз узмай, чўмарди ўйга,
Денгиз шамоллари бошлар тантана.

Ундан айрилгимиз келмасди, бироқ,
Нохуш ҳаво эсган кунда йўқолди.
Ўша кун шамолни тутди қалтироқ,
Сув узра кўпиклар ўзга тус олди.

Уни излаб кетдик. Тўлқинлар саф-саф
Урилар, тўқнашар, инграр беомон.
Олис қумликларда зорлари садаф
Ўша қуш, ўша қуш берган эди жон…

Танини юварди денгиз тўлқини,
Тутқинда ўлгиси келмади уни.

ҚАЙҒУ ТУБИ

Бир томчи кўз ёшдан тупроқ ҳам оғрир,
Томчи ер қаъридан буғдой излади…
Азалий ҳикмат бу – кўз ёшдан оғир
Нимани кўрдигу, недан сўзладик.

ДАРАХТ

Мен ёш ниҳол эдим, дўстларим!
Шу илдизда бўй тортдим гўзал.
Бошқа жойга кўчирманг мени,
Шу ер – менинг тақдирим азал.

Шохларимни бешафқат болта
Чопаверар қайта, беомон.
Кўз ёшларим, унсиз бўзларим
Ёриқлардан силқийди ҳамон…

МЕН ТАРК ЭТГАН УЙ

Ёмғир тинди, кенгликлар мовий,
Эшикларга қуёш сочар зар.
Ёйиқ булут, кўприклар бўйлаб
Чақнаб кетар тилла тангалар.

Дарвозаси очиқ эски уй,
Бироқ мени кутиб олар ким?
Ўтмиш олис, ҳар ким ҳар ерда,
Кўр бобо ва невара қиз жим…

Учди ёшлик, ортга қайтмайди,
Шохлар қуруқ… ўтлар қалин, тик.
Дарвозани ёпаман, аста
Мўралайди ортда кексалик.

БУ ТОШ, БУ КУНДА…

Севимли юрт! Қайдан қидирсам,
Учратмадим бундай тош, кунда.
Мен йўлларда бирпас тин олсам,
Беқайғу ва беташвиш бунда.

Мен дунёни кезиндим, кунда
Саноғи йўлларда бетин.
Дуч келмади бундай тош, кунда,
Тополмадим уларнинг ўтин.

ЙИҒИ

Кўча бўйлаб сайр этаман жим,
Гуллар чирой очгани сари
Зорга ўхшаб кетар бўйлари,
Сиғмаяпман ўзимга ўзим…

Фавворалар ёш олди кўзга,
Кимни ёдлаб, гуллар чекар ғам?
Гуллар, мен ҳам бирга йиғласам,
Бироз енгил бўларми сизга…

КУЛРАНГЛИК

Сувлар кулранг, кўк кулранг, кулранг,
Ёлғизликда кулранг кун ёлғиз.
Видолашар лайлаклар олис,
Сувлар кулранг, кўк кулранг, кулранг…

Томдан тушар ёмғирлар кулранг,
Томчиларда оқиб – оқмас ғам.
Хат ташувчи кулранг хатни ҳам
Дарвозадан узатар аранг.

Варақлайман – рўзнома кулранг,
Деразада ўтирар мушук.
Кулранг само, туманларда мушк,
Учаётир лайлаклар, қаранг…

СТОЛ

Иккимиз ҳам мудроқлик туйдик:
Бурчакдаги столим ва мен.
Қўлларимга бош қўйдим, лекин
Мудрамоқда стол ҳамон тик.

Туғёнларинг қайдан сезар у!
Ичи бўм-бўш, совуқ ва бежо.
Оёқлари баланд, ҳеч қачон
Ғижирламас, ўртамас қайғу…

ЛАҲЗА

Ғам-алам тирнар бошни,
Гадосидай бир илиқ сўзни
Юрак толиқади
Тутгандай аза.
Бир лаҳзалик умрнинг
На узун қийноқлари!

Бўрига айланар
унутиб ўзни
Бешафқат ёзғириқ –
Сингандай кўза.
Бир лаҳзалик умрнинг
На ўткир тирноқлари!

АЁЛИМГА

Ҳамон ёнма-ёнмиз, минг бора шукур,
Шу хушбой нон ҳаққи, ранглари тиниқ
Сўлмас гуллар ҳаққи, кўзларинг мағрур
Шарафли бу йўлда биргадир ёниқ.

Миннатдорман, гарчанд ўйларим тўзғин,
Гоҳо ёлғиз аччиқ қахва ичаман.
Сигаралар бетаъм, тахир ва эзғин,
Билмам, мен улардан қачон кечаман…

Миннатдорман, умрим бўйи ҳеч қачон,
Қолдирмадинг мени зулмат, зорларда.
Олиб чиқди азиз пок мехринг омон
Ёруғ кенгликларга олис ғорлардан.

ҚАЙДИН КЕЛУР БУ НАВО…

Қайдин келур бу наво…
Эҳтимол
Гулбарглар бир-бирига
Тегиб-тегинмай
Тебранишлари.
Бир жуфт мовий қўнғироқ гуллар
Билиб-билмай
Эмранишлари.
Унда шудринг куйи, жаранги,
Салқин ҳаво,
Тиниқ оқшомлар
Эсаётган еллар шивири.

Қайдин келур бу наво…
Эхтимол
Чигирткалар жўровоз куйлар..
“Совчилармиз, қадами қутлуғ,
Қувноқ тўйлар измимиздадир.
Ким билади қай хушрўй келин
Насиб этур танти куёвга!
Тўйдан қолманг, дўстларим, тўйдан,
Бу тун бежиз нурга тўлмаган!”

Қайдин келур бу наво…
Юлдузлардан сочилган шуъла
Тўшалади жаранглаб майин
Ўтлоқ, мозор, дала, денгизлар,
Моллюскалар, балиқлар узра.
Ғувиллайди кемалар улкан,
Чуғур – чуғур
Денгиз қисқичбақаси…

Қайдин келур бу наво…
Билиб бўлмас!
Кимлардир қачондир
Эҳтимол биз ҳам
Бир кун айланажак
Тупроқ чанги, тўзони…

Қайдин келур бу наво…

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси