Александр Файнберг 1939 йилда Тошкентда туғилган. Унинг номи ва ижоди ўзбек китобхонлари, шеърият ихлосмандларига қадрли. Ўндан ортиқ шеърий тўпламлари Тошкент, Москва ва Санкт – Петербургда нашр этилган. Шоир қаламига мансуб еттита бадиий фильмлар сценарийси ўзига хослиги ва ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Йигирмадан зиёд мултьфильмлар , насрий асарлар муаллифи. Бу асарларга ўзбек ўқувчиларнинг қизиқиши ҳам тобора ортиб бормоқда.
Александр Файнберг – катта таржимон. У русийзабон китобхонларга кўплаб ўзбек шоирларининг ижоди очиб берди. Москвада Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг «Руҳлар исёни» поэмаси, Тошкентда « Оққушлар галаси» номли ўзбек шоирлари ижодидан қилинган таржималар жамланмаси нашр этилди. Таниқли шоирнинг ўзбек тилига ўгирилган шеърлари “Чиғир” китобида ўқувчилар қўлига бориб етди.
Ўзбекистон халқ шоири, Кинематография уюшмаси аъзоси Александр Файнберг Россия Президенти Фармони билан Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларга муносиб ҳисса қўшганлиги учун Пушкин медали билан тақдирланган (2009 ). Шоир 2009 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.
***
Сузаяпман, муҳаббат, олис
Гулханлардан ўрлайди тутун.
Сендан бўса олади юлдуз,
Бу қирғоқдан кетаман бугун.
Қирғоққа ташлайман лангарчўп,
Измига солади мовий сув.
Тўлқинлари югурик, тўп – тўп
Дарё туби – адабий ғулув.
Дарё бўйлаб оқим бетизгин,
Тикиласан самода – қушлар.
Тўлқинлар ҳам айрилиқ ҳиссин
Сезган каби бир – бирин ушлар.
Сирғалади бўзларинг қайноқ,
Кўринмайди гулхан тутуни.
Булутларнинг ортида – қирғоқ:
— Кечир! – кўкка сиғмайди унинг.
ҚОР УЧҚУНЛАРИ
Москвада январ.
Бўрон жаранглайди ерости бўйлаб.
Қаёққа, севгим?
Марказий телеграф. Ҳар бир зинада
қотиб қолган аёз мовийранг.
Уларни оралаб
чиқаман пешвоз –
одам тўла шаҳар.
Январ қори лабни куйдирар,
Фонусларга урилиб чирс – чирс,
ерости йўлидан ўтади учиб.
Сен у ерда йўқсан –
ҳаммаёқдасан.
Севгим менинг. Энг сўнгги севгим.
Суворов ҳиёбони.
Қорлар уюми.
Юрак ҳапқиради парвоздан.
Кўраяпман –
Арбатга йўл олдинг, ёшлигим.
Тортқилайди пальтонг этакларини
Сочилиб – сочилиб кетаётган қор.
Москва узра қор.
Сумкалар учар.
Кўз олдимда –
жилвагар муз камар.
Елкангда — тасмаси нафис сумкачанг
қадамларинг билан чайқалиб борар.
Қор босади чўян панжараларни,
ҳайкалларда — кумуш қор пўстин.
Ҳар лаҳза, ҳар нафас эриб кетади
оппоқ қор учқуни қўлқопларингда.
Сени кўраяпман,
Бироқ – сен йўқсан.
Шереметьево – январ ўрмонларида.
Баландлаб боради учоқлар
Йўл солиб –
Нью – Йорк, Амстердам.
Сухандон япон тилида:
“Токиога қўндик!” — беради хабар.
Шундайин кичик ер —
шунча кўп давлат!
Сен эса — ёлғизсан.
Ҳеч қаерда йўқсан – ҳаммаердасан.
Бўлмаганда эди шу январ қори,
музлаётган бўрон, алдов ва риё,
аёзнинг афсунгар сувратларида
дунёда йўқлигинг билардим.
Аммо
қор ёғар ажойиб ёшлик чоғлардай.
У сенсиз — ҳечдир.
Войковский, эҳтимол, Таган
еростида йўлида майин ел
сочларингни шовдиратади.
Шовқин солиб мовий эшиклар
ҳўрсиниб – ҳўрсиниб қўяди оғир.
Олислайсан мармар устундан,
сени олиб кетади поезд.
Тикиласан – ойнада аксинг,
ёноқларингда
эриб кетар қор парчалари.
Сен бунда – йўқсан. – Ҳаммаёқдасан.
Қор эса учади шаҳарлар бўйлаб –
Олма — ота, Актюбинск, Тоштагул.
Чўлларда ғувиллар юк вагонлари.
Томларда – Эстония йўл кўрсаткичи
ғирчиллайди оқиш чарх каби.
Ялтанинг қумқирғоқларида
денгиздан сапчийди январ шамоли.
У ерда ҳам йўқсан — ҳаммаердасан.
Айланар, айланар Москва бўрони
Йўл олади вокзал минорасига.
Кўкка кўтарилар бетакрор оҳанг,
Тилга кирар соф кумуш найлар.
Бу — умид сингари ажиб ва мангу,
Бу дунёдан ҳеч қачон кўчмас.
Сен бунда ҳам – йўқсан.
Лек нечун
Эшитаман занжир овозин
айрилиқ аралаш, қорлар аралаш.
Шу оппоқ қишда учиб кетаётир,
Ёруғ дўконларнинг ойнакларига
уриниб – уриниб жаранглаётир,
энаётир арча шарига ёғду
сенга ишонганим каби ёшликдан.
Сен бунда – йўқсан.
На қўлинг, на лабинг,қайноқ нафасинг,
На қийиқ кўзлар.
Сен – йўқсан.
Лекин – ҳаммаёқдасан.
Яна жимиб қолар кўтарилган қўл.
Пошналарингдан учиб – қўнаётган
Қорли чанглар — юлдуз тўла йўл.
Шом тушиб келмоқда. Ер бағри — январ.
Арчамдаги шарда — аёз юлдузи.
У мени чорлайди бўронлари сари,
Сени учратарму? Ортингдами у?
Кечир, билолмайман қачон, қаерда —
Учрашармиз ё?
Қорни тебратади олис кўприклар.
Самога ўрлайди қор учқунлари –
улкан парвоз олдидан
сўнгги йўлга чиқаётган
қуш қанотлари.
***
Кўклам ўтди — қабристонга келмадим,
Бўсағада кўзим тушди ногоҳон
Кўкдан тушаётган қормас, билмадим,
Онамнинг рўмоли эди шодумон.
Ёхуд кўзларимга кўриндими у,
Ҳовлимда — ноябр. Сездим бу дамни —
Туғилган кун. Туғилган кун эди бу –
Ноябр – таваллуд ойи онамнинг.
***
Беш дақиқа қолди парвозга,
Юрак – кукун. Андак — тутунда.
Сени олиб кетолмайман, бу –
Эҳтимолки, сўнгги парвозим.
Билсанг, оддий ҳақиқатим – шу.
Мен йўл олган, кўзлаган ўлка
Сени билмас, кутмайди, эркам.
Қуёш нури. Иллюминатор.
Оқар сокин ҳаво тўлқини.
Қўлинг ёзиб ҳайқирдинг сўнг бор:
— Қайга? – уқдим лабингдан буни.
Ғилдираклар, елар йўлаклар,
Қанотларда шовуллар аёз.
Сени севиб қолдим шу ерда,
Саволларинг – ҳамроҳинг ёлғиз..
Қоласан – сен билан вафо, хиёнат,
Қоласан – сен билан саодат, ҳасрат.
Юрак бўм – бўш, унда топилмас
Зарра нафрат, зарра марҳамат.
***
Бу товушни англа – қанотлар сози,
Еростидан тўлқинланиб бўйлайди.
Саргардон қушларнинг тунги парвози
Ой нурига бўзларини ийлайди.
Эриб битмасидан овозни илға,
Бу – биз ер тубига сочган бахту ғам.
Қучиб ўтаётир кўзларинг илғаб,
Энаётир кузнинг видосига ҳам.
Ҳали англаб етмай бир – биримизни
Қиш келар, қор босар бор сиримизни.
ҚОРАЛАМАЛАР ҚАСИДАСИ
Шоир, шу борлиқда тонг чоғи очил,
Бошқа йўл танлама қабрга қадар.
Ернинг жамолига мафтун, ошиқ бўл,
Севиб – севиб куйла, тангри мададкор.
Бироқ,шоир, оққа кўчирмаларинг
Бари ҳам дилтортар, жилвагар дема.
Сиртга қалқиб чиқар бариси бир кун.
Бир умр қулфланган қораламалар
Каби ҳеч ким сенга бўлолмас содиқ.
Унда – китобларинг қони, томири,
У – ижод, жасорат, йўлбошчи ёниқ.
Улар олиб келар сенга шон – шуҳрат,
Тунги қоралама – кўз ёшдай эгик.
Қоралама… оддий кўринар, ҳеч вақт
Ҳиёнат қилмаслар – кечирмаслар лек
Ахир, бунда сўзлар, ҳарфлар эмас,
Кўзга ҳам илғанмас юлдуз товуши.
Унда – Ҳаққа етар кўринмас ришта,
Шоир, шу риштани асра, албатта.
Ёдламоқ мумкиндир шеърларни
Аммо –
Лаҳзалар бетакрор садо.
Сўзлар, қофиядош эмассиз,асли —
Қондош оға – ини.
Мен парвоз тилайман сизларга баланд,
Кўзни юммай туриб ёқиб бўлмайди
Фақат, фақат қораламани.
***
Мен кимдан миннатдор бўлайин, кимдан —
Борлиғимда ҳамон яшайди тирик
мовийранг ва мунис бу азиз ҳовлим,
эшиксиз подъездлар,
настарин деворлар.
Юрагимда севинч, қайғу югурик –
Мен кимдан миннатдор бўлайин, кимдан?
Онамга айтаман:
— Тезда қайтаман.
Кўршапалак қанотидан узилар шамол.
Чордоқ деразаси.
Ундан — томга бемалол.
Жаранглаб кетади қизиган темир.
Бошим узра – тубсизлик эмас,
мен тубсизлик узраман гўё..
Борлиқ –бетин. Кўринмайди тун.
Оқади шомлар.
Юлдузлар чарақлар тиниқ ва некбин.
Айвондан сас келар: — Тўққиз… уйга кир…
Онамни алдайман: — Ҳозир, ҳа, ҳозир…
Ўша томдан тушиб бўлмас
Қабрнинг лавҳи қадар.
Қирқдаман…
Унда ҳали тўққиз бўлмаган…
Ундан кетмас баҳор, вақт ҳам бекадар.
Айвон ва мовийлик.
Онам айвонда…
***
Туби йўқ денгиздан боқ
Юлдузлар ёруғ, чақнар.
Четлари қирра япроқ,
Шеърим асра жон қадар.
Айтиб бўлмайди барин,
Ҳаёт сатрин бит, қалбим.
Тўқайзор сўқмоқлари,
Кўл қамишзори каби.
Ўрмон ялангликлари,
Қушли, булутли, сайроқ
Шеърларим борган сари
Сен билан қондош, япроқ.
Авлодларга пок ҳиссим
Элтиб бергувчи сасим –
Шамол, барглар, денгизим
Табассуми, нафаси.
***
Нелар рўй бермоқда мен билан, билмам,
Вақт отни сурдими азиз мукаррам.
Қирқ ёшимда ўттиз ёшдай шод, хуррам,
Элликда – элликнинг ярмидай кўркам.
Тасаввурга сиғмас қайси хато йўл,
Гуноҳларим чизиб борар тақдирим.
Мен ёшариб бораяпман йилма – йил,
Дўстим, нима кутар мендан охирим?
КЕНГЛИК
На гўзал далалар! Майсалар тоти!
Онам изларида – оғриқ беадад.
Тиз чўкиб ўтади энди ҳаётим
Онамнинг ҳаёти олдида абад.
***
Блок – бу, юксаклик. Беқиёс шоир.
Асли, биз – ерликлар тақдири ўзга.
Адабият дерлар. Бу ҳам менга сир,
Ҳаловат топилмас, ҳузур йўқ бизга.
Ўнгда туш кўрамиз – риё ва севги,
Юз – кўзга тепинар жанглар туёғи.
Кураш тинмас. Сендан айрилмас сезги –
Оромни тушда ҳам кўрмайман чоғи.
***
Кимни суйдинг ўтли дилинг яралаб,
Келмас ҳузурингга йиллар оралаб.
Фақат баъзан – баъзан қай бир гўшада
Бир жуфт байт тўқийсан, ана ўшанда
Тилларингдан кўчган сўзларни ёна
Кимдир эслаб қолар, унутар яна.
Наҳот шунинг учун яшадинг узоқ?…
***
Ғамғин тортар тиниқ кўл бу чоқ
Куз сингари тунд, булутли ёз.
Ялангликлар титрайди олис,
Ёмғирларда ивийди тупроқ.
Қоровулнинг деразасига
Ел урилар, қушча бўзлаган.
Қулоқ тутдим мени излаган
Баргсиз бутоқ, хотир сасига.
Қаршилайман қарғаларни ҳам,
Намхуш ҳаво, далалар ҳорғин.
Отар тонгги бўлолмас тўлғин
Ким ўтмишин унутса бу дам.
Совуқ ёмғир тинмас зулматда,
Олис, чекка, хилват маконда
Бахтиёрман учратган ондан,
Сени топиб берган фурсатдан.
Миннатдорман кулранг кунчиқар,
Мудраётган кўл узра хуррам,
Қўниш жойи бўлмаган далам
Бўйлаб учган учоққа қадар.
***
Умринг бўйи ишонгинг келар
Буюк бўлиб туғилганингга.
Фаришталар ишора қилар
Дея кўкдан сен келганингга.
Умр ўтди. Чанг – тўзон аро
Билмай борми ё эдинг йўқдан.
Еростига чорлайди садо,
Лек ишорат бўлмади кўкдан.
***
Кечикади поездлар баъзан,
Учоқлар ҳам кечикар, аммо
Чин кулфатдир мабодо инсон
Айтар сўзи кечикса, илло.
Ўчиб қолган гулхандай ғамлар,
Тамбаланган ойнадай бу кез
Уни кеча кутган одамлар
Каби сўз ҳам бўзлайди ёлғиз.
Олис боққан ўрмонлар ичра
Маъюс тортар олис йўл пинҳон.
Саф – саф тортган қабрлар узра
Манзили йўқ, чексиздир осмон.
***
Қувончни ҳам, қайғуни ҳам қўй,
Ортингга бир қарама – ўтгин.
Неки бўлган бўлса – унутгин,
Хаёлингда рўёларни суй.
Ачинмагин ўтар шуҳратга,
Кузги титроқ кезган ўрмонда
Кўмма бериб савол ҳар онда
Бу майсалар, тошни ҳасратга.
Ёвшан исли елларни симир,
Ёдингда тут гар шоир бўлсанг –
Бу дунёда нима бор бўлса,
У дунёда бўлмайди, ахир.
***
Бу дунёда ажиб бир уй бор,
Унда жамдир дўстлар бахтиёр.
Деразада – кўклам, настарин.
Кимдир куйлар. Гуриллар камин.
Ўртада – жом. Ёруғдир бағрим,
Унда мени эслатгин, Тангрим!
***
Апрелгача, алвидо.
Очилган қўлларинг – висол.
Уюм – уюм қор учқунлари
севгилинг кафтидан бир умрга
учиб кетаётир.
Апрелгача, алвидо.
Янги настаринли боғ
ҳидлари анқигунча
кезиндик
қорда, қуёшда.
Омон бўлсин содиқ дўст — шаҳар.
У бизни бошлади,
сирларимиз – қалби.
Қўлларида тутди бизни
оғриқлари нафис мўъжиза каби.
Сени эслаб… унутаман ҳам…
Кўз ўнгимдан кетмайсан хуррам –
баргсиз дарахтзорда,
қуёш нурида
севгидан бахтиёр.
Елкангдаги ёпинчиғингда
ярқирайди январ қуёши.
Бу айрилиқ ишқ эди, асли.
Лабларда музлаган бўсалар ёши.
Апрелгача, алвидо.
Бу апрел иккимиз учун ҳам –
қайтмайди,
қайтмайди,
қайтмайди.
ОЙ МАНЗАРАСИ
Тунги осмон четида туриб
Балиқчи жим, ёлғиз ўй сурар.
Елкасида ёйилар тўри,
Ой нурида борлиқ ярқирар.
Осилади юлдузлар тўрга,
Кумуш қайиқ, ҳовуч – ҳовуч зар.
Эшкакларни кўмганча нурга
Мавжланади парсимон қумлар.
***
Мени дея чекма изтироб,
Яшаяпман мағрур, қадди тик.
Елкам тутар собит Ишончим,
Ёруғ кунлар қаршимда — тетик.
Кенгликларда гоҳ ёмғир, шамол,
Ўрлар бўм – бўш дала ўтинчи.
Юрагимга баргсиз шохлардан
Мўралайди Умид соғинчи.
Ишонаман, умид узилмас,
Зиналарда – ҳаётим изи.
Тақдиримни мен — ла бўлишар
Олис, аччиқ Муҳаббат ҳисси.
Хусуматдан холи дил тоза,
Алам, ҳасрат сезинмас асло.
Мовий кўкда тиниқ юлдузим
Ойдин йўлга бошлайди, илло.
Ойгул Суюндиқова таржимаси
УЧРАШУВ
Учрашувга ваъдалашайлик,
Учрашмоқлик эмас-ку гуноҳ.
Қайгадир бош олиб кетайлик,
Одамларнинг кўзидан узоқ.
Гитара ва скрипка жўр,
Секингина таралар наво.
Не тиласанг, официант момо
Бир лаҳзада айлар муҳайё.
Сачраб ўйнар қордек кўпиклар
Шампан-шароб очилган замон.
Беташвишдек туюлар ҳаёт,
Бўлмагандек гўёки армон.
Шароб ғамни ювар кўнгилдан,
Қанотларин йиғиб оҳиста,
Муҳаббат ва ишонч икковлон
Ёнимизга ўлтирар аста.
Ишонч бирла, муҳаббат бирла
Суҳбатлаша олмаймиз рўйрост.
Иккимизда ҳамма нарса бор,
Фақатгина умид йўқ, холос.
* * *
Ахир, менга кимлар ишонганди-я,
Пинҳон умид қилиб юракка малҳам?!
Майсалар, ҳайвонлар ишонгандилар…
Менга ишонганди онажонгинам.
Эркинлик деб барин бой бериб қўйдим.
Онам қабри узра юзларим шувут.
Ўт қўйдим, майсалар қовжираб куйди,
Ўқ отдим, ҳайвонлар бўлишди нобуд.
Қушдек эркин бўлдим, мана, ниҳоят.
Кишандамасман-ку бамисоли қул?
Болалигимдаги сўлим табиат
Нега тушларимга кирмайди нуқул?
Қанча мамлакатлар тушди кулфатга,
Уммонларим қани? Қани денгизим?
Боқдим осмондаги нохуш калхатга,
Асли шу калхатни учирган ўзим.
Оёғим остида ерлар шўр, тақир,
Кетяпман елкамда сафар халтам шай.
Уятдан юрагим ўртанар, ахир,
Иссиқда ташналик қийнар аямай.
Булоққа тиз чўкиб, эгилиб пастга
Чол каби сув ича бошлайман узоқ.
Сувдаги аксимга қўшилиб аста
Ер қаърига сингиб кетади булоқ.
СЎЗ
Поезд кечикиши оддий воқеа,
Самолётни кутиб ичикади кўз.
Ҳақиқий бахтсизлик, катта фожиа –
Мабодо кечикса кутилётган сўз.
Сўнган гулхан узра бўлгандек пушмон,
Кимсасиз кулбага боққандек маҳзун
Кечиккан сўз ғариб, йиғлайди ёмон,
Уни кеча кутган одамлар учун.
Кечиккан сўз боис ўрмонлар етим,
Бепоён ерларнинг пешонаси шўр.
Қабрлар қошида сўз ҳам бесўз, жим,
Руҳлар безовтаю қисмат кўзи кўр.
* * *
Беш дақиқа қолди учиб кетаман,
Юрак кулга тўлди, ўпка тутунга.
Энг баланд манзилни ишғол этаман,
Ёлғиз ташлаб кетгум сени очунга.
Бу, ахир, жуда ҳам оддий ҳақиқат,
Тортқилайвермагин ёмғирпўшингни.
Мен учиб бораётган олис мамлакат
Сенга тўғри келмас, йиғвол ҳушингни.
Иллюминаторга қуёш сочар нур,
Радар тўлқинидан ўзади парвоз.
– Қаёққа? – Лабларинг қимирлар оғир,
Қўл силтайсан, чиқмас шовқинда овоз.
Ерга тегмай учар елган ғилдирак,
Қанотлар остидан кўтарар шамол.
Саволинг ҳавода қолар муаллақ,
Севгилим, севилган гўшангда хуш қол!
Хуш қол, эй садоқат, хуш қол, хиёнат,
Хуш қол, бахт ва шодлик, хуш қол, қайғу-ғам.
Хуш қол энди нафрат, хуш қол, муҳаббат,
Зор эмасман энди ҳатто сенга ҳам.
ВАРАҚ
Юлдузларни асрайди фалак,
Теран денгиз асрар дурларни.
Дафтаримдан йиртилган варақ,
Асрагин мен ёзган шеърларни.
Шеър – нафақат ўқимоқ, уқмоқ,
Шеър – юракда янграган товуш:
Қутқаргандек тайгада сўқмоқ,
Тебрангандек кўлларда қамиш.
Ҳар сатрим – жон, ҳар шеърим – юрак,
Ўрмон, қушлар, булутларга хеш.
Дафтаримдан йиртилган варақ,
Шеърларимни асра пешма-пеш.
Авлодларга келмасин малол,
Шеърларим ғам чекмасин ночор,
Шамол, денгиз ва япроқ мисол
Нафас олсин, кулсин беғубор.
ЯПОНИЯ
Тонг иероглиф мен учун.
Муҳаббатим уфқда самовий.
Сенинг нафис шамсиянг нечун
Осмон каби яшнайди мовий?
Нечун орол ўлканг устида
Ағиллаб чарх урар чағалай?
Нечун сенинг елканг устидан
Маъюс боқар икки ҳилол ой?
Балки олам зар уқасига
Олмос тошни тикканидир бу.
Океан ва тонг ёқасидан
Қуёш бошнинг чиққанидир бу?
Балки бу юрт рамзидир шундай:
Телба ботир тушмаган асир –
Кўтаргайдир қайсар самурай
Башар узра оташ ва шамшир?
…Сарв куйлайди шамсия узра
Токубоку китобин севиб
Ўқигани сингари япон
океаннинг тўлқинларини
Варақлайди бу кўҳна макон.
ЎН БИР МЕТРЛИК ЖАРИМА ТЎПИ
Тепдим бутси билан
штангани мен.
Туш – унмадим,
нечун ҳимоячимиз
бекорга йиқитди “тўққизинчи”ни ?!
Дарвозага қулф каби осилдим.
Ҳар тепилган тўпга ўқдек отилдим.
Иккала таймда
зўр қалқон бўлдим.
Энди “ўн бир метр”.
Энди мен ўлдим.
Стадион тўла томошабин, боқ.
Мен сени нақадар севардим, Омад.
Бироқ тренерим нақадар нўноқ –
Кўзини чирт юмиб олди валломат.
Қўл-елкаларимга тоб бераман хўб.
Қайираман кўзга тушган сочимни.
Мана, энди
менинг пешанамдан ўп,
Футбол – тақдиримсан,
сила бошимни.
“Тўққизинчи” билан чиқдим бирга-бир.
У югуриб келди…
Тўп тепди оғир!
Оҳ, унинг зарбида бунча қаҳр-ғам!
Мен тўпни осмонга ўйнаб юбордим.
Темир штангага тегиб, қобирғам
зафар бурғусидек куйлаб юборди.
Тирсакни чиқарди тўп зарби – кучлик.
Гўё одам эмас, айғир тепди-ёв.
Фахр эт, абжирлигим!
Фахр эт, эпчиллик!
Кафтларимда ёнди ловв этиб олов.
Яшил майдонимда қурбон бўлай ман!
Бурчакдан тўпни теп, рақиб, бўла қол!
Осмонга сакрайман,
ерга қулайман…
Мен тўсдим,
Ҳужумчи уролмади гол.
Қалқиди, ҳайқирди бутун стадион,
Ҳайвондай бўкирди, сўкди чангитиб.
Мен эса
ер тишлаб ётардим нолон,
Юзимни майсага босиб,
чанг ютиб.
Шамол ҳилпиратиб эркалар тўрни,
Майсалар устида ўйнар беармон.
Юрак дукуллатиб уради ерни,
Ям-яшил майдонни севиб ўпарман,
Ҳужумчи шуҳрати менга не даркор,
Ҳеч қачон урмасман дарвозага гол.
Ўзимни нишонга қўйиб фидокор,
Жамоа шаънини асрайман ҳалол.
Алдаб ўйнасинлар ғирром ҳар онда,
Қўполлик қилсинлар уларга ҳакам
Боплаб ҳуштак чалсин, мард бўл майдонда,
Бутун бўл!
Талофат кўрма, жамоам!
Тўп юмалаб кетди четга шошқалоқ.
Фалакдан юлдузлар боқди, лол қолдим.
Таблода ноль ёнди тўпдек юмалоқ.
“Тўққизинчи”ни мен биру ноль қилдим.
САВОЛ
Балки дард, кўз ёшидан
Шеъримизда малоҳат?
Балки илон нишидан
Юракдаги жароҳат?
Балки аччиқ тутундан
Байтлар ўтли, баркамол?
Балки изғирин кундан
Юракни тешар шамол?
Қадаҳда май лиммо-лим –
Авж олгайдир куй, ғазал.
Бир бошга битта ўлим –
Қўрқитолмагай ажал.
Балки юлдуз конида
Бизнинг ёмбимиз ниҳон?
Жавоб йўқ забонида.
Ҳеч ким билмас. Ҳеч қачон.
ШАМОЛ
Тун. Болохонага чиқаман бир пас.
Навбаҳор. Ҳуриллаб туради шамол.
Оқарган сочимга, юзимга эмас,
Юракка, юракка уради шамол.
Ёшлику бахт-шодлик, кулфат-ғам билан,
Денгизу боғларда елади бевош.
Шамолнинг қариси бўлмас умуман,
Шамол ҳамиша ёш, шамол доим ёш.
ЮЛДУЗ
Ҳар қайси юлдузга келади навбат,
Ҳар бир орзу-ният бўлур ижобат.
Куйловчи чироқчи осмонда кезиб,
Ҳар нурни вақтида ёқади албат.
Кўпириб қояга сакрайди денгиз,
Қирғоққа тушаман шамол сочар туз.
То ҳаёт эканман, сайёр чироқчи,
Фалакда ёқиб бер мен учун юлдуз.
Майли, денгиз чексиз,
зулмат ҳамма ёқ.
Майлига, умид йўқ,
майли, йўқ маёқ.
Чироқчи,
ажалим етган бўлса ҳам,
Барибир ўзимнинг юлдузимни ёқ.
Шодлик келтирарми,
келтирарми ғам,
Билмайман, чироқчи,
менга ушбу дам.
Фақат бошим узра ёқиб бер юлдуз,
Менга бошқа нарса керакмас ҳеч ҳам.
ОНАМГА ТИЗ ЧЎКДИМ
Ям-яшил майсалар! Чексиз дала-дашт!
Онагинам ёди – фироқ, алам, дард.
Онам ҳаётимга бахш этган ҳаёт.
Тиз чўкдим, турмоққа етмас боқий вақт.
УЙ
Уйқум келмас, тун тинч, аллаким
бедор кўча кезади лекин,
Томнинг сопол қовурғаларин
қўли билан силайди секин.
Жаранглайди илоҳий овоз,
томга қўлин теккизгандаёқ,
Куйлар темир туника нозик
қўнғироқдек кулади қувноқ.
Кимдир оқшом суҳбатлашгани
уй ёнига келади ийиб,
Том бошини силайди майин
ғишт деворни қучоқлар суйиб.
Тинглайман бу суҳбатни узоқ,
биламан, у меҳрибон, сахий,
Мен уй бўлиб қолсам қанийди,
ғишт деворли эскигина уй.
* * *
Пастдан қирга, қирдан пастга
Йўл юрсам, толмас оёқ.
Бир – картошка, икки – картошка,
Учинчи марта – пирог.
Овга чиқсанг, ўқ ота,
Бахт бўлгай уч бор ато.
Бир ўқ – хато, икки ўқ – хато,
Учинчи ўқ – бахато.
Бир, икки – пуч бўлса,
Учинг бордир, кам дема.
Гар учинг ҳам пуч бўлса,
Яна тўрт бор, ғам ема.
Беш бор, ўн бор, юз… йиқилсанг,
Ўрнингдан тур, ҳаётсан –
Нолдан бошлаб санай билсанг,
Сен мангу барҳаётсан.
* * *
Кузнинг мўъжизаси – алвонранг шафақ.
Булутлар пойгачи кемадек юзар –
Оқ елканлар юзар жанубга илҳақ,
Турналар галаси улардан ўзар.
Уфққа ботаётган қуёш юмалоқ
Гумбаз қалпоғига узатади қўл.
Юрак айрилиқнинг тотини сезар,
Малина ифори анқийди нуқул.
Вокзал. Тутунларга чулғанган пештоқ.
Байдарка учади олтин анҳорда.
Оркестр янграйди боғларда муштоқ,
Хазоннинг навоси янграр наҳорда.
– Хайр, – вокзал томида ўйнар бозбарак.
Занг темир учида тилларанг хўроз.
Бўғизда ёш. Гўё тош қотар юрак.
Мойли шпалларга қурим қўнар боз.
Сезаман – кимсасиз жарликда туман
Ўрмалар темирйўл оша ўтлоққа.
Ялтираган бир жуфт рельслар ёнма-ён
Бора-бора сингиб кетар йироққа.
Ёшлар гетарага ошуфта хаёл.
Шлагбаумларда япроқлар қизил…
Бироқ шпаллардан келмоқда аёл…
Кузги оташ аро ишқдан умид қил!
* * *
Куз хазони ва ҳижрон аро
Бахтиёрман деганим бекор.
Ҳамма нарса беқарор, аммо
Фақат ўзинг гўзалсан, дилдор.
Беҳудага чўзурман вақтни
Кўзларингда кулганда юлдуз.
Бой берурман беҳуда бахтни,
Дилга санчилади жуволдиз.
Навода ғам, ғамда наво бор,
Тўхтаб қолди югурик фурсат.
Видолашдик. Бизга бўлди ёр
Айрилиқмас, фақат муҳаббат.
* * *
Унутма. Бир марта чалинар наво.
Битса ҳам хотирдан ўчмас жароҳат.
Унутма. Юракни тилкалар жафо.
Фақатгина бир бор келар муҳаббат.
Ёлғон ваъдалардан не фойда бора?!
Бу ўйиндан чиқиб кетганман азал.
Қалбаки нағмани тинглашдан кўра
Одамга жим-житлик, сукунат афзал.
Ўтинаман, дангал бўлмаган сўзга
Ишониб бой бериб қўйма борингни.
Учмагин алдоқчи, бевафо кўзга,
Асраб-авайлагин юрак торингни.
Сабр қил, тебрангай юракдаги тор,
Илоҳий гўзаллик навоси бўлиб.
Бир юрак жўр бўлар унга беғубор,
Ҳақиқий муҳаббат садоси бўлиб.
САОДАТ СОҲИЛИ
Асрлар қаъридан милтирар умид
Юракда оғриган каби жароҳат –
Қайдадир саодат соҳили мавжуд,
Унда умрбоқий муҳаббат, роҳат.
Мен денгизчилардан бу ҳақда сўрдим.
Дедилар: – Излама, кўнглинг бўлсин тўқ,
Барча денгиз, барча уммонни кўрдик,
Саодат соҳили ер юзида йўқ.
– Ерда бўлмаса гар, балки фалакда,
Балки юлдузларнинг ичида ниҳон?
Кимдир таскин берди менга юракдан:
– Бас, илтижо қилма, йиғлама нолон!
Парқу булутлардан юксакда йироқ
Юлдузлар порлайди бамисоли чўғ,
Сайёралар бисёр осмонда, бироқ
Ундай соҳил йўқдир, ундай соҳил йўқ.
Бахтимга имконим ўз қўлимдаку,
Ижобат айлайман дил хоҳишини.
– Алло, «Саодат соҳили» кафесими бу?
Стол буюраман икки кишилик.
* * *
Ҳаётдан наф ундирган,
кўп олган керагидан
Ютуқ, омаднинг қули
бўлганга раҳмим келар.
Дарду ғам жароҳатни
ҳис этмай юрагидан
Сўқир ва нодон бўлиб
ўлганга раҳмим келар.
Сахий, фидойи, камтар
юракка ишқ муносиб,
Қийналганга буюрган
ҳаёт маънисин уқиш.
Севган, ғам-алам чеккан
одамга бўлгай насиб
Юлдуз олови билан
битилган сўзни ўқиш.
* * *
Тушганида бошингга қайғу,
Ёлғиз қоласан шўрпешона.
Қалам билан ёзасан, ушбу
Ғам-қайғудан қолмас нишона.
Тушганида бошингга ҳижрон
Ёрни соғинасан девона.
Қалам билан ёзасан нолон,
Ҳижрондан ҳеч қолмас нишона.
Қуёш гўё бир хира чироқ,
Ҳуснидан нур сочса жонона.
Қалам билан ёзасан, бироқ
Муҳаббатдан қолмас нишона.
Шоҳбайтлар йўқ, лутфу ташбеҳ йўқ,
Мўъжиза юз бермас ҳеч қачон.
Юрак бўлса туйғусиз, совуқ,
Шеъриятдан қолмас ном-нишон.
* * *
Мени безовта қил ҳамиша, ҳар он.
Учиб кел. Тинимсиз валдира, вайса,
Ким кимни, нимага, қаерда, қачон… –
Жўяли, жўясиз жағиргин, жавра.
Хоҳ июль, хоҳи март, хоҳи декабрь
Сўзлайвер, жанубда дам ол, қайтиб кел.
Нимани истасанг, барини гапир,
Тансиқ овқатларни мақтаб, айтиб кел.
Адабий бургалар сакрашин жўшиб
Таърифла, мисоли нотадек чизгин.
Шампань оч, тилак айт қадаҳга қўшиб,
Латифалар билан ичакни узгин.
Сим қоқ. Эшигимни тепиб кириб кел,
Бемаҳал хўроздек қичқир ҳар нафас.
Хоккей, кино, турқинг билан зада қил,
Фақат шеър биланмас, шеър билан эмас.
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси
ЭСКИ ФОНУС
Куйлама у эски фонусни менга,
Пушкин ё Блок деб чекмагил фироқ.
Уларнинг шуъласи мендан кўп йироқ,
Куйлама у эски фонусни менга.
Куйлама менга Русь қаҳрамонини,
Қишнинг замҳарири ер узра оқар.
Бестужев изиллаб қаёнга боқар,
Куйлама менга Русь қаҳрамонини.
Менга у йўлларни куйламагин сен,
Шамол ҳам тополмас қорли сарҳадлар.
Навжувон Радишчев, овлоқ бекатлар,
Менга у йўлларни куйламагин сен.
Куйлама у сирли юртлар ҳақида,
Куйлама мафтункор олис гўшани.
Куйлама, куйлама фақат ўшани,
Куйлама у сирли юртлар ҳақида.
Ўзи йўқ севгини куйлама, жоним,
Овозинг, бардошинг етмагай бу дам.
Ўчгай у фонуснинг шуълалари ҳам,
Ўзи йўқ севгини куйлама, жоним.
Рус тилидан Абдулла Орипов таржимаси
* * *
Тақдир – ҳақдир.
Чиранма унга,
Бор қилар, ҳам йўқ қилар тақдир.
Бошқа ёзмиш берилмас сенга,
Ҳаёт янглиғ тақдир ҳам ҳақдир.
Эҳтиёт қил руҳи жонингни,
Дунё кенгдир доимо кенгга.
Сотма фақат руҳ, имонингни,
Бошқа руҳ ҳам берилмас сенга.
ОНАМГА
Яшил дала, ям-яшил очун,
Фақат онам камлик қилади.
Меҳрин ҳақин қайтармоқ учун
Мангулик ҳам камлик қилади.
* * *
Бу дунёда бир ажиб уй бор,
Дўстлар унда жамдир, бахтиёр.
Унда – баҳор, гул ҳам настарин,
Кимдир куйлар ҳаёт рангларин.
Унда руҳни зулмат қопламас,
Мени ҳам бир эсласалар бас.
* * *
Икки дунё аро шундоқ яшайман –
Дилдорим, сен агар назар солурсан:
Бари ортиқчасин олиб ташлайман,
Бир ўзинг қолурсан. Ўзинг қолурсан.
Юлдуз кўзларингни, ой жамолингни
Ою юлдузлардан ўзим қилдим жам.
Мен ўзим туздим-ку бу камолингни,
Энди ортиқчаман ўзим, жонгинам.
* * *
Хайр.
Хуш қол.
Бахтли бўл доим,
Ёлғонинг ҳам гўзалдир, дилдор.
“Кечир” деган аччиқ, мулойим
Сўзни очиқ айтмагил зинҳор.
Айрилиқ ҳам бор гапдир, билсанг,
Айтилмаган сўзлар ҳам бекор.
Гуноҳгача ўсмаган бўлсанг,
Кечирмоғим сенга на даркор?
* * *
Нима бўлди менга, билмадим,
Не савдолар сарсон бошимда.
Ўттиз ёшни писанд қилмадим,
Ёш йигитман эллик ёшимда.
Гоҳ қирдаги бир лоладайман,
Яратганнинг инояти не?
Борган сайин ёш боладайман,
Бунинг сирру синоати не?
ЁПИҚ ЭШИККА ЁЗИЛГАН БИТИК
Тақиллатма эшикни дилхун.
Бас қил энди, бир нафас қўй-да.
Мен уйимда бўлмайман бугун,
Эртага ҳам бўлмайман уйда.
Сен шоирсан, Сен зўрсан минг бор,
Нечун яна кўнглинг тўлмайди?
Мени тинч қўй.
Авлодларга бор,
Авлодлар ҳам уйда бўлмайди.
Рус тилидан Сирожиддин Саййид таржимаси
ЧИҒИРНИНГ ТУШЛАРИ
* * *
Ҳилол ёғдуси. Бир оз титраб, кенг ҳовлига тушади, қуёшга қаратиб солинган айвонни ёритади. Томорқа четидан оқиб ўтган ариқ ёқасида эса каттакон ёғоч ғилдирак айланади. Бу чиғир.
У ўзининг гирдига айлантириб боғланган хумдек челаклари билан улкан ариқдан сув чиқаради. Обдови пастга йўналтирилган новдан полиз экинларининг жўякларига, деворнинг нарёғидаги далаларга Н2О оқади. Ер сув ичади. Тун ярмидан ошганда чиғир тўхтайди. Фалакдаги ҳилолдан унинг уйқусига тушлар энади.
* * *
Шаҳар фавворасининг шалолалари отилиб тушган мармар ҳовузлар ичидан… тоғлардаги шарқироқ ирмоқлар қучоқлаб оққан харсангтошлар орасидан… тип-тиниқ кўл бўйидаги пляжнинг шағал тўшалган қирғоғига… улар югуриб чиқиб келишади — қора сочли йигитча билан зар кокилли қизгина. Иккисининг оққуш қаноти мисол кенг ёзилган қулочларидан таралар — камалак, камалак, камалак…
* * *
Икки айғир ва бир ахта от туёқлари остида чақир тошлар шиқирлайди. Помир этаклари. Ёш техник-топограф олға бораётган сўқмоқ. Ҳа, айтмоқчи, бу менинг ўзим. Ёнимда ҳамроҳларим Анвар ва Боря — ер сатхини ўлчаш учун даражаларга бўлинган махсус таёқларни кўтариб юрувчилар. Эгарга осилган қопларда отларнинг еми — сули. Яна уч киши ўн кун ейишга мўлжалланган консервалар ва қотган нон. Аммо гап бунда эмас. Гап шундаки, тоғда кун жуда тез ботади. Қоронғуда эса, ўру даралар орасидан биронта булоқни излаб топиш амри маҳол. Тўсатдан кун иссиғида чанқаган уч от гижинглаб ўзини сув тўла новга урди. Тоғлик сангтарошлар ясаган ушбу тош нов ичига учта от тумшуғини суқиб, бўккунича сув ичди. Холбуки, отларни бундай суғориш мумкин эмас. Ўрга чиқишда терлаган жониворлар устидан жабдуғини олмасдан айилини сал бўшатиб қўйиб, бир-икки соат совутиш лозим. Сўнгра қанча сув ичса ҳам бўлаверади. Аммо қаёқда? Бу ҳолатда сувдан бошқа ҳамма нарса хаёлимиздан кўтарилган эди. Қизиғи, бизнинг ўзимиз ҳам эгардан туша сола бошимиз билан тош булоққа “шўнғидик”. Бундай сув ичиш бизга ҳам, отларга ҳам ҳалокат келтириши мумкин эди. Натижада 32-топографик бўлинма раҳбарияти прокуратурага бизнинг гуруҳимиз шахсий таркиби ва отларнинг ўлими ҳақида далолатнома ёзиб топшириш учун кўп нарсани тўқиб ёзиши керак бўларди. Устига устак, Воробей ва Фестивал — биз айғирларни шундай атар эдик — сув ичиб бўлиб, бир-бири билан олишиб кетишди. 32-бўлинма раҳбарияти мендек бир ёш болага икки айғирнинг тақдирини ишониб топшираётганида қандай “яхши ва ширин сўзлар” билан сийлашганини эсладим. Энди нақ балога қоламан деб ўйладим. Ҳатто Барковнинг “мулойимгина” нигоҳини танамда ҳис эта бошладим. Хайрият. Боря билан Анварга раҳмат. Улар айғирлар жангини тўхтатиб қолишди.
Ҳар биримиз ўз чодирчамизда соат бешга қадар тош қотиб ухладик. Тонг-саҳарда эса қуёш нурлари бизни уйғотди. Ҳаммаси яна янгитдан бошланди. Белгиланган нуқтага қадар — ярим кун. Теодолит билан ишлаш — ўн минут. Навбатдаги нуқтага қадар эса — яна ярим кун. Ҳув пастликда ўйноқлаб оқаётган дарёча кўринади. Фақат сувнинг шовқини бизга эшитилмайди. Бизнинг ҳам, отларнинг ҳам лабларимиз қовжираган. Ташналик. Ташналик.
Ўн кундан сўнг қароргоҳимизга қайтганимизда эса, ўзимизни отнинг устидан таппа ташлаб дарёга югурдик, ётиб олиб сув ичдик. Ютоқиб ичдик. Узоқ ичдик. Шундоқ юзимизга, киприкларимизга тегиб турган сувга қараганимизда, дарё сароби янглиғ, бу дамдан миннатдор нигоҳлар… отлар бизга боқиб турар эди.
* * *
Ранг-баранг камалак, қуриётган Орол. Ҳалокатга юз тутган денгизни қутқариш учун ҳаракатлар бошланди. Бироқ балиқлар ва кемаларнинг қумларда қолиб кетган устихонларига қайтадан “эт” битмайди. Планета фожеаси. Рус донишмандларидан бири денгизни қутқариш учун “Шимолий Муз океанидан айсбергларни вертолётларда ташиб келтириб, Орол ҳавзасига ташлаш зарур”, деди.
Нақадар донишманд у. Илья Муромец. Уйғонди-я. Анастезия, азизим, меҳрибоним, қайдасан? Уни яна саккиз юз йилга ухлатиб қўйгин.
* * *
Сув, сув…
Бурун онам мени “Ўн уч” деб номланган бадиий филмни томоша қилишга олиб борганди. Ушбу “лента” ҳаётимнинг ўн тўрт ёшдан ўн тўққиз ёшгача бўлган йилларини башорат қилишини қаёқдан билибман ўшанда. Ҳа, майли. Экранда қизил армиячилар от чопдиради, чўлда босмачиларни таъқиб этади. Бунинг менга нима алоқаси бор? Э, йўқ, Қизилқум чўллари болалигимда сув ҳақидаги кинони бежиз томоша қилмаганимни эслатиб қўйди.
* * *
У ёқда, икки ўсмир-ёшнинг оғушидаги камалак жилолари ортида чўлнинг сароблари сузади.
Наримон Саидгараев, Толик Слученко, Илюша Цой, албатта улар билан биргаликда камина, қизил рангли қумлар оралаб бораяпмиз. Ўлгудек чанқаганмиз. Бирданига ёниб ётган осмонга туташиб кетган барханлар орасидан триангуляцион пунктнинг учбурчак ёғоч минораси тагидан қудуқ чиқиб қолди. Яхшиям суви қуриб қолмаган. Зўр! Занжир ўралган ғалтак қўндоғини айлантирамиз. Қудуқ тубига етганда пақир шарақлаб сувга тегади. Кўзларимиз чақнаб кетади. Сув тўла челакни тортиб чиқараётган ғалтак ғичирлайди, занжир шиқирлайди. Ниҳоят мана — кўзимиз тўрт бўлиб кутган пачоқ пақир. Лиммо-лим сув. Аммо ириб кетган сувнинг сассиғидан ўзимизни орқага ташладик. Ҳа, бундай сувга қўл теккизиш ҳам хавфли. Ҳозиргина қўлимизга ушлаган пачоқ пақирни қудуқ яқинидаги кўҳна қабрларнинг нафаси тўлдириб тургандай эди.
Осмондан +50, қуёшдан эса +70 ҳарорат қиздиради. Чўлнинг ҳовури бижирлаб турган ерда кичкинагина водий, қўйлар суруви ва ўтов пайдо бўлди.
— Ака, сув борми?
— Йўқ…
Биз ҳолдан тойганмиз. Чўпон эса бамайлихотир сўз қотади:
— Айрон бор.
Ўтовнинг орқа томонидаги ер тагидан муздек айрон тўла меш келтирилади. Худога шукур! Сопол косага қулқуллатиб нажот қуйилади. Биз ақл бовар қилмайдиган ва зориқиб кутилган ичимликни сипқорамиз.
Чўпон айрон эвазига ҳеч нарса сўрамайди. Миннат қилмайди. У ўтов ичидан югуриб чиққан болаларига мамнун боқади. Мен эса ҳайратдан ёқамни ушлаб қоламан. Тасаввур қиласизми — қора сочли қизчалар, сариқ сочли ўғлонлар. Уларнинг орқасидан чопоннинг хотини чиқади. Немис аёл. Беихтиёр оҳ деб юборасан. Бўғзимдан шу сўз отилиб чиқди: “Оҳ!”
Чўпон қайси миллатдан эканини билмадим. Балки ўзбекдир, қирғиз ёки қозоқдир… Бунинг аҳамияти нима?
Аммо айрон… У бизнинг жонимизни киритди. Одамнинг яхшилиги менингдек ўн етти яшар йигитнинг юрагида қолди.
Мен сенга таъзим қиламан, чўпон!
* * *
Ечими мушкул сув муаммоси. Оҳ, ечими мушкул! Унда ойнадаги каби одамларнинг қалби акс этади.
Ўзини машҳур шоир деб билувчи танишларимдан бири “темир панжаралар” даврида комсомол ходими сифатида турли мамлакатларга сайр этиб юради. У саёҳатчилар автобусида Адриатика томонга елар эди. Шуни айтиш керакки, ўша шоир мутахассислиги бўйича врач эди. Худди Чехов мисоли, тушунаяпсизми? Тўсатдан ўша автобусда кетаётган саёҳатчи аёллардан бирининг тоби қочиб, аҳволи оғирлашиб қолди. Шуни аниқ биламанки, уни қутқариб қолиш учун сув зарур эди. Бахтга қарши ҳеч кимда бир қултумгина сув топилмади. Ҳайдовчи газни охиригача босди. Аёлнинг ҳаёти хавф остида қолган эди-да. Худога шукур, ҳайдовчи ўз вақтида бир югослав қишлоғигача етиб келди. Қисқаси, аёлни ўзига келтириб олдик. Сўнгра автобус маршрут бўйича ўз йўлида давом этди. Менинг ҳалиги танишим — шоир ва врач — сумкасидан бир шиша идиш чиқариб, қопқоғини очди ва бемалол кока колани ғўлтиллатиб ича бошлади. Автобусда кетаётганларнинг ҳаммаси унга қараб қотиб қолишди. Бошқалардан олдинроқ ўзига келган кимдир сўкинди:
— Аблаҳ экансан…
— Сиз сув сўрагандингиз-ку, — деди кўк кўзларини милтиллатиб врач-шоир.
Мана сизга Н2О! Мана сизга Гиппократ қасами! Мана сизга виждон, одамгарчилик ўлчови!
Ҳа, ўлчов.
Ушбу ўлчовга нафрат туфайли эфир радио ва телевидение дикторларининг хавотирли овозлари билан тўлмаганмикин? Шу боис газета-журналлардаги фожеавий фоторепортажлар кўзимизга игнадек санчилмайдими?
“Хитойда тўфон. Одамлар кўчирилмоқда…”
“Тайга ёнмоқда…”
“Ставрополда сув тошқини… Қудуқларга балчиқ тўлиб қолган… Ичимлик суви йўқ…”
Эшитмаслик, кўрмаслик мумкин эмас. Сибирда — Венеция. Қўрқувдан ҳурккан сигирлар ортилган чандолалар — қайиқлар. Ҳой, Америка, БМТ, Европа, Ҳиндистон — менинг таҳликали дунёим. Террор, зўравонлик, миллиардерлар, тиланчилар, шоу-безорилар билан тўлган дунё!
Тушуниш қийин сени, Она сайёра!
Қандай гуноҳимиз учун жазоланаяпмиз? Шаҳарлар сувга ғарқ бўлмоқда, ўрмонлар эса, ё Алҳазар, аланга ичида. Ёнғинни ҳеч нарса билан ўчириб бўлмайди. Махсус самолётлар етмайди. Бу не ҳол? Етар, бас. Худони безовта қилишга қандай ҳаққим бор? Балки менга ҳам, сенга ҳам, ҳаммамизга ҳам ақлимизни ишлатиб илоҳ инъом этган қудуққа тупуриш мумкин эмаслигини англаш фурсати етганмикин? Жанг қилиш керак эмас, ишлаш керак. Ахир вақт бешафқат — ҳаёт ғанимат. Сен ҳам, мен ҳам, ҳатто диний конфессиялар ва ер юзи давлатлари раҳбарлари ҳам буни унутмасликлари зарур. Мана, нефт билан заҳарланган денгизлар, радиоактив тўлқинлар қирғоққа чиқариб ташлаган делфинлар, кислота ёмғирлари. Буларнинг барчаси бизнинг — одамларнинг қилмиши. Шунинг учун сув ҳам гоҳ дарё ва денгизлардан қочиб, гоҳо шаҳар ва қишлоқларни ғарқ этиб, исён кўтармоқда.
Юлдузга урилди чап ёндан кема,
Палубага қадар ғарқ бўлди ўнг ён.
“Кемага тушганнинг жони бир”, демак —
Икков пичоқлашса, фалокат аён.
Ўзаро курашдик. Компасни, эссиз,
Синдирдик. Кемада қон тўкдик наҳот.
Яна қасд олишни ўйладик-да, биз
Кемани асрашни унутдик, ҳайхот!
Шамол қояларга оқизар бизни,
Бўғзимдан отилиб чиқади нидо:
Наҳот ҳалок этсак ўз кемамизни?!
Авлодлар кемадан бўлурми жудо?!
Палубани сувга ғарқ этар уммон,
Кеманинг тумшуғи тиқилар лойга.
Мачтада бир маймун югурар нолон
Гўё икки қўллаб ёпишар ойга.
Ҳайқирсам, товушим эшитилмас ҳеч,
Елкан арқонига тупураман қон.
Худойим! Наҳотки, наҳот энди кеч?
Ақлу ҳуш бер! Маҳкум этма, Художон!
Дегандинг, оға-ини эрур одамзот,
Дунёда ёвузлик қилма ҳеч қачон.
Афсуски, мени ҳам қарғаган ҳаёт,
Пичоғим сопида қотиб қолган қон.
Энди юлдузларга қилурмиз юриш…
Йиғла, эй, она ер — эй азиз ошён!
Яна авж олмоқда ўзаро уруш,
Яна авж олмоқда қутурган тўфон.
Елкандек сузади кўкда булутлар,
Штурвал чамбари камалакка банд,
Эй, она сайёра, эсимиз йўқ-да,
Ақлсизлигимиз сенга берур панд.
* * *
Ҳайронман.
Ёввойи табиатда ашаддий қурғоқчилик палласи бошланганида қоплонлар ҳам, йўлбарслар ҳам, шерлар ҳам, энг муҳими, антилопалар ҳам суви сақланиб қолган ягона дарё бўйига келишади, бир пайтнинг ўзида ёнма-ён туриб сув ичишади. Антилопалардан ҳеч бири қочмайди, йиртқичлардан ҳеч бири уларга ҳужум қилмайди. Бу даврда сув ҳамма ҳайвонларни яраштиради. Қандай яхши-я? Бас шундай экан, биз инсонлар бир-биримиз билан ярашмоғимиз учун наҳотки бутун ер юзи қурғоқчилиги зарур бўлса? Ёки иккинчи жаҳон Тўфони? Эҳ, хом сут эмган банда!
Энди тушунарлими…
* * *
Сув… У билан боғлиқ бўлган деярли барча нарсани яхши эслайман. Шунинг учун армиядаги хизматдошимга мактуб йўллайман. Конвертга эса, менинг чиғирим тушига кирган камалакни ёпиштираман.
“Азизим Юра! Азизим Будасов! Менинг кавказлик дўстим — инглиз тили билимдони ва аккордеонда ўйнаш устаси, омонмисан? Билмадим, ушбу сатрларим сенинг Пятигорскинггача етиб борармикан? Балки юлдузлар аро кўприклар восита бўлар? Биласанми, мен бу ерда сув устида доиралар чизаяпман. Мана, даҳшатли ва садоқатли икки кунни эсладим. Бири, биз — муддатли ҳарбий хизмат аскарлари йўл-кўприк ротаси йигитлари билан биргаликда Тожикистондаги Кофарниҳон дарёси узра понтон-кўприк ўтказган февралнинг қорли куни. Иккинчиси эса, Туркманистон чўлларида ўтказилган ҳарбий машқларда “совковой лопатка” билан қумни жазирама осмонга қараб отган кунимиз. Бу ишни соат 14.00 гача катта чуқур қазиш ва унга ўшандоқ катта резина бассейн жойлаштириш учун бажаргандик. Сўнг ўша бемаъни чуқурда катта юлдузли қўмондон чўмилишига мўлжалланган совуқ сув билқиллаб турар эди. Ҳа билқиллаб турарди. Ана шу Н2О да генерал лаззатланар эди. Эслайсанми? Биз эса бир ой давомида ҳар биримизга берилган аскарлик иш ҳақини — уч сум пулни чангаллаб, лимонад ва пива сотиб олиш учун офицерлар дўконига югурардик. Сўнгра бу икки илиқ ичимликни сувдонга солиб аралаштирар ва сомонча орқали тортардик. Мазкур ичимликка “Қашшоқлар насибаси” деб ном қўйгандик. Ҳеч қиси йўқ, машқда қийин бўлса, жангда зафар қозонасан.
Ўша воқеаларни эслайсанми, Юра Будасов? Армиядош дўстим, соғмисан?”
* * *
Йўқ, менга етти рангли камалак орасидан Африка қитъасидаги улкан Саҳрои Кабир кўринаётгани йўқ. Менга кичкинагина мамлакат кўринаяпти. Менинг қадимий аждодларим орқали у билан ҳеч қандай умумий боғлиқлигим йўқ. Олис, тўғрироғи қадимий. Исроил деб аталади. Чўлдаги қуруқ оҳактош устида, инсоннинг пешона тери ва меҳнати туфайли яшил майсалар ва палмалар кўкарганини, тоғ ёнбағирларида арчазорлар ва мандарин боғлари яратилганини гапирмай қўя қолай… Мен бу ҳақда эмас, мен Н2О ҳақида гапирмоқчиман. Майдони атиги Тошкент вилояти ҳудудига тенг келадиган бу мамлакатни учта денгиз ўраб туради. Бироқ денгизнинг суви шўр-да. Денгиз сувини шўрсизлантиришга кетадиган маблағ эса, Туркиядан чучук сув сотиб олишга нисбатан қиммат. Ҳар бир уйнинг томида ёмғир сувига мўлжалланган ҳайҳотдай идишлар. Томчилаб сув йиғишади. Ягона чучук сувли кўл — Кинерет ҳам қор ва ёмғирларга маҳтал.
Бутун мамлакатдаги унитазларга, кечирасиз, иккитадан мурват қўйилган. Биридан камроқ сув қўйилади, иккинчисидан кўпроқ. Албатта, ҳисоблагич асбоб ҳам ўрнатилган. Далаларни томчилаб суғориш ҳақида гапирмай қўя қолай. Айтгандай, томчилаб суғоришни ўйлаб топган одам илгари Тошкентда яшарди. Албатта, бу шаҳарда у одамдан ташқари шўро амалдорлари ҳам яшашарди. Ўшалар олимнинг таклифини қоғозбозлик денгизига ғарқ этиб юборишди. Шундан сўнг у кетиб қолди. Ўша амалдорларнинг меросхўрлари эса, оддий солиқ тўловчилар, мен ҳам шу жумлага кираман, солиғидан тушган маблағ эвазига Яқин Шарқ мамлакатларидан томчилаб суғориш технологиясини сотиб олишди.
Нима дейсан, чиғир? Гапим нотўғрими? Чиғир жавоб бермайди. Камалакли тушлар кўради.
* * *
Ниагара! Мана, қаерда сув мўл! Арктика, Антарктида! Муз — хоҳлаган нарсанг билан қўшиб е уни.
Зилзиладан сўнг “Ёш гвардия” кинотеатрини қандай бузишганини ҳамон эслайман. ғаройиб манзара! Дастлаб реклама тахталари қопланган бахмал пардалар учиб кетади. Сўнг ҳар эҳтимолга қарши ўша витриналарнинг бахмал пардалари ортидан Сталиннинг бюсти ўша кунларда чанг-тўзонда қолган менинг Тошкентимга боқади. Кичкинагина бюстча. Битта эмас. Улар катта ҳайкал атрофида айлантириб қўйилган. Улар нимага боқишар эди? Табиий офат туфайли қуриб қолган ариқлар, ҳувиллаган ерга боқишарди. Сувсизликдан бўм-бўш ариқлар атрофида ер тагидан ёриб чиққан янтоқларнинг тиканакли нишлари юракка санчилади. “Сув — бу ҳаёт” — бу баландпарвоз шиор эмас, балки сокингина, аммо чин ҳақиқат. Ахир биз илгари тип-тиниқ Салордан қамиш дастали қармоқлар билан кумушдек хонбалиқ (маринка)ларни овлардик. Балиқ шунақаям зўр эдики. Бу гапни мен тасодифан ушбу сатрларимни ўқиб қолиши мумкин бўлган ёшларга қарата айтаяпман. Бу балиқ Салорда бор эди, ҳа, бор эди. Салор тўлиб-тошиб оқарди. Биз футбол ўйнаб қизиб кетганимиздан сўнг ётиб олиб сув ичадиган ариқларчи? Бу ариқлар бетон ўзансиз ҳам булоқдек мусаффо ва тоза эди. Биз юзимизни ариқ сувига ботирганимизда эса, митти-митти балиқчалар ҳар ёнга қараб сузиб қочарди. Ҳамма ҳар баҳорда бу ариқларни тозалашга чиқарди. Турли белкураклар, паншахалар, кетмонлар билан ариқ қазардик. Ҳеч ким мажбурламасдан, илтимос қилмасдан бажарар эдик бу ишни. Ўзимиз.
Озгина фурсат бор… Озгина вақт бор…
Ажрашурмиз, боқиб қуёшга сўнг бор.
Гина-кудрат қилмай, боғда юрурман,
Новдасин синдирмай мева терурман.
Йўқотганларига бўлиб интизор,
Дарахт, майсалар ҳам чекурлар озор.
Зилол булоқ… Биллур каби мафтункор,
Тиниқ сув тубида барглар нақшинкор.
Кунботарда қушлар сайрар жўровоз,
Тиз чўкиб дарёга сажда қилмоқ соз.
Хориб-чарчаганда дам олмоқ даркор,
Жуда кўп фурсат бор… Жуда кўп вақт бор.
* * *
Чиғирнинг камалаклари, тушлари тугади. Энди ишга. Уйқудан уйғонган ғилдирак секин айлана бошлайди. Ёғоч новга тушларнинг қолдиғи каби томчилар томчилайди. Улар ҳамон камалак тусда.
Ниначининг шаффоф қанотлари. Улар қирғоқдаги қиёқлар узра тек қотади. Катта ариқ тўлиб сув оқади.
Худоё худовандо, насибамизни зиёда қилгин. Сувимиз ҳамиша мўл бўлсин. Ўғил-қизлар доимо чиғир ёнида турсин.
— Йўқ, — дейди менинг навқирон дўстим, — йўқ шлангни водопровод жумрагига улай олмайман. Ана, ариқ. Жўякларимни челакда сув ташиб келиб суғораман. Яхшиси чиғир ясаш зарур.
Сўнгра бироз сукут сақлаб, хўрсинади:
— Ариқда сув бўлганида эди…
Қиссадан ҳисса:
— Бузуқ кран жумрагидан Н2О беҳуда томчилаб турганини кўрсам, қоним қайнаб кетади. Сув йўқликка, номаълумликка кетиб исроф бўлмоқда, ахир!
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси