Десанка Максимович (1989-1993)

Десанка Максимович (Десанка Максимовић) — ХХ асрдаги энг машҳур ва ёрқин истеъдодли серб шоираси. Сербия фан ва санъат академияси аъзоси.
Шоиранинг “Замин таровати” (1955), “Афв тилайман” (1964), “Перун авлодларининг ёдномаси” (1976), «Янги шеърлар» (1936), «Ер иси» (1955), «Туш асири» (1960) «Оҳиста гапир» (1961), «Менинг бошқа вақтим йўқ» (1973), «Норгевия шеърлари» (1976), «Сайланма» (1980), «Севги ҳақида сўз» (1983), «Ҳаммасини эслайман» (1988) каби китоблари жаҳон шеърияти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган.
Ёшлигидан отаси каби ўқитувчи ва шоир бўлишни орзу қилган Десанко Максимович шеърияти кенг қамровли, забардаст. Анна Ахматова бу дилбар шоиранинг шеърларини севиб, таржима қилди.


НEЧА ЮЛДУЗ БОРКИ ЖАҲОНДА…

Неча юлдуз борки жаҳонда —
Бари менинг кўзим бўлсаям
Унга боқиб тўймас эдим мен.

Неча бутоқ бордер ўрмонда —
Бари менинг қўлим бўлсаям
Уни қучиб тўймас эдим мен.

Неча жилға бордер жаҳонда —
Улар бари бўғзим бўлса-да,
Қўшиқ айтиб тўймас эдим мен.

Неча қуш бор бўлса жаҳонда —
Улар бари қизга айланса,
Тўйдим демас у алсо,алсо.

Неча қоя бордер жаҳонда —
Кўксим узра қўйсангиз барин,
Бўлмас эди дардимдан оғир.

Хуршид Даврон таржимаси

РЎЁ

Бари содир бўлди мўжиза каби,
Худди хаёл каби,бир рўё каби,
Гўёки ҳақиқат ва гўё ёлғон.
Жимгина тингладик бир-биримизни,
Жимгина тикилдик бир-биримизга.
Кўз узмадик,гўё ҳаяжон билан
Руҳларни чорладил кўзларимиз-ла.

Шу пайт ғийқиллади эшик қайдадир,
Тушириб юборди кимдир калитни,
Қайдадир шам аланга олди
Ва мўжиза йўқолди,
Чўчиган руҳ мисол йўқ бўлди бирдан,
Жаҳли чиқдими ё ғофиллар чорлаганидан,
Бахтсиз бўлган каби сирнинг бир чети
Очилганидан,
Цирки,гўё мавжуд,гўё йўқ одам
Мўжиза руҳлардай йўқолди бирдан.


СИР

Мен сирсиз ҳеч нима қилолмайман,рост,
Шеърлар мени бироз фош қилар холос,
Дейлик,гул кўкарган чуқур заминда
Қолган нарсаларни очгани каби,
Ёки бошимизда сузган оқ булут
Очгандай биз етмас теранликларни.

Мен сирсиз ҳеч нима қила олмайман.
Кўнглимда йиллар ва йиллардан буён
Бир пинҳона қайғу бошпана топган.
Кўнглимни очаман худди Ер каби
Гуллар ва ўтларнинг исёни билан.
Одамлар дил уйим айвонига то
Кирарлар — йўл қўйиб бераман ўзим,
Лекин меҳробига йўл йўқ — ҳеч қачон.

ЁЛҒИЗЛИК ШЕЪРИ

Мен биламан, кўнглим менинг бу томонларга
Бандаргоҳга кирган кема мисоли кирди.
Мен қариндош эмасман, йўқ, бу одамларга,
Келгусида яшамоғим ё лозиммиди.

Мен биламан, мен — бир қушнинг нозик сайроғи,
Олис кўкдан элас-элас қулоққа келган.
Мен биламан, мен — мўртгина ғалла бошоғи,
Бўронларнинг нафасидан ерга эгилган.

Янги эмас, менинг олиб келган хабарим,
Улуғ Ҳақни мен дунёга қилмайман кўз-кўз.
Бу бор-йўғи бир ҳасратли кўнгил изҳори,
Менинг ёзган сатрларим, мен айтмоқчи Сўз.

Лек менингдек тушунмаган ҳеч ким заминда
Дунёнинг ва саховатнинг беададлигин.
Ва менингдек кезмагандир хира ойдинда
Хазонларнинг тўкилишин тингламаган жим.

То менгача менинг каби сева олмади
Ҳайвонларни, қанотларнинг кўлкасин ҳеч ким,
Ва менгача қаттиқ туриб ё ишонмади
Саховатнинг қонунига. Факат мен эдим

Ўрмонларнинг фарзанди ва мўрчалар дўсти,
Бодлар билан дўстлашганман, дўстман то ҳозир.
Билар эдим не шивирлар ўтлоқда майса,
Яширинган ҳайвон туйган сезгиси надир.

О, биламан, менинг шуҳрат топишим гумон,
Янги кундан олис бўлар мен босган излар.
Аммо менинг кимлигимни биларди осмон,
Билар эди булутлар ва майда қўнғизлар.

Қалдирғочлар болаларга айтар: куйлади
Ўзи учун ҳеч нимани қолдирмай куйиб.
Шомларда мен орзу қилдим кўклам ҳақида
Ёлғизгина сўқмоғимда жим турган куйи.

Дарёлар-чи, тимсолимни элтади ажиб
Денгизга, то томчисини қолдирмай тугал.
Мен дунёдан ўтиб кетсам бир куни агар,
Менинг севган қўпшғимни айтади қушлар.

ШОИР ҲАҚДА СЎЗ

Мен бир сайёдиман ўз юрагимнинг
Ажойиб тақдирим бекормас, ишим:
Юрак йиғласа ё шодланса агар
Қўшиқ қилдим унинг ҳар хўрсинишин,
Мана, кўрсатаман энди ҳаммага.
Мен бир сайёдиман ўз юрагимнинг.
Шодлик ва хаёллар кўзасидан жим
Ичаман, тутаман ўзгаларга-да.
О, қўрқмай қалбимни мен олиб чиқдим
Қайнаб ётган майдон — ишқ савдосига.

Мен бир сайёдиман ўз юрагимнинг
Истайманки, қувсам қора хаёлни,
Юрак-ла илитсам шеър қаторларин.
Аллалаб тунларни, алаф ўтлардек
Суғуриб ташласам дил озорларин.
Илитиб юрак-ла шеър қаторларин,
Кўнгил ҳақда ўзим билганим сўзлаб,
Қайтармоқ истайман озод қувончни
Юракка, мисоли ҳафтранг камалак.

Биламан, Ҳаётдан кейин, кенгликда,
Кутаманми тун ё тонг жилмайишин,
Ҳаммаси бари бир бўлиб қолганда,
Бир истак барн бир яшар мен учун:
Ким-ла қўшар мени ўлим — юлдузми,
Ё ўрмонда ўсган бир марваридгул,
Ёки майдақадам кичик шиллиққурт,—
Бундан олиб кетсам қанча юракни,
Истайман ҳаммасин инъом этмакни.

СОЗИМ

Мен сени учратдим қор эриганда,
Кезар эди еллар илиқ ва сарин.
Интиқ талпинарди дил ҳам кўкламга,
Кўкламнинг беадад кенглиги сари.
Тикилдим оқ қорга тушган изларга,
Изларингга боқдим ҳаяжон-ла жим.
Англадим, мен энди бу кунни, сени
Унутмоғим қийин.

Мен сени учратдим кўклам кунида,
Дала гулидай соф, хушбўй кун эди.
Сени биринчи бор кўрган бўлсам-да,
Бу ҳис менга жондай яқин туюлди.
Тикилдим оқ қорга тушган изларга,
Изларингга боқдим ҳаяжон-ла жим.
Англадим мен энди бу кунни, сени
Унутмоғим қийин.

Мен сени учратдим муз эриганда,
Муз эриб, сўқмоқда дайдир-да кўклам.
Ташвишдан гоҳ ёниб қораярди Кун,
Гоҳо шод, гоҳ маъюс эди кўнгил ҳам.
Тикилдим оқ қорга тушган изларга,
Изларингга боқдим ҳаяжон-ла жим.
Англадим, мен энди бу кунни, сени
Унутмоғим қийин.

АЁЛ

Менинг қалбим севги чашмаси.
Шифобахш майсалар мисоли сўзим
Малҳам совумаган жароҳатларга.
Агар қоронғуда адашиб қолсанг,
Йўл топиб бергувчинг бўлай мен ўзим.

Қалбим бахтсизлардан тортмайди ўзин.
Бешафқат гам билан куйиб кул бўлиб,
Жонидан тўйганлар — ўлим ҳам йироқ,
Кўзимга тикилиб қаранг, ишонинг,
Бепарво ёр бўлдим аҳён-аҳёнда
Мен сабрли сингил бўлганман кўпроқ.

Беғам севмоқ менинг қўлимдан келмас,
Аллалаб суйишга яралганман мен.
Ўзгалар дардига даво бўлайин,
Нотинч уйқусига парвонаман, жим,
Мижжа қоқмай тонгни кутаман ўзим.

Беғам севмоқ менинг қўлимдан келмас —
Кўнгил қўёлмайман бахтли кўнгилга.
Тонгни лоқайд кутган бир лодайд дилга,
Уйқусизлик дардин чекмаганга, бил,
Бахшида эмасман, қўймадим кўнгил.

Ўзгага ўзимни бахшида қилдим,
Юрагимда фақат ишд ва ҳамдардлик.
Қўлларим тегиши даводир унга.
Кўзимдан — ҳарорат, лабларим билан
Дардин айлантирдим бахтли кулгуга.

ЁШЛИККА

Эҳ ёшлик, ёшлик!
Дейдилар, кетасан саробдай эриб,
Лекин сендан айри тушар дил менми!
Қўярман кувончим, азобларимни
Юрагим ёнига кўриқчи қилиб.
Бир боғ — жоду билан яратай уни,
Ўтқазай дарахтлар — қарағайларни,
Дарёлар асрасин сенинг мулкингни.
Кенгроқ айлантириб тегранг яна ҳам
Шудрингли ўтлоқзор билан ўрайман.
Афсунлаб шафқатсиз қаҳратон билан
Қортепада бўрон бўлиб увлайман.

Эҳ ёшлик, ҳамроҳинг тарк этасанми!
Бахтдан тўхтамайин йиғлар, айтгин, ким,
Бахтда сукут сақлар ким менинг каби.
Эҳ ёшлик, ёшлик!
Қай дилда беғараз эҳтиросларинг
Юрагимдай қуёш бўлиб ёнади.
Беайб гуноҳларнинг шавқли ҳукмида
Ҳеч нимага қилмай зарра тазарру,
Айтгин, менинг каби ким ишонади.
Эҳ ёшлик, ёшлик!
Дейдилар, тоабад сен ўзинг билан
Қувончинг, қайғунгни олиб кетасан.
Лек айри тушар дил тақдирдан менми!
Юрагим ёнига қўриқчи қилиб
Қўярман мен ёлғиз муҳаббатнмни.
Эҳ ёшлик, ёшлик!

Сен учун экаман кўкламни, сен деб
Боғим нафас олар гул, майса билан.
Тўхтатиб қоламан юлдуз, қуёшни,
Кунни кутиб қирмиз ёнган тонгни ҳам.
Истамассан ўзинг ҳийла этмоқни,
Мендан айрилмоқни, мендан кетмоқни.

Фароғат Камолова таржималари


АЁЛ

Юрагим-севгининг тиниқ булоғи
Шифоли, ям-яшил гиёҳдир-сўзим.
Куйласа, кўринмас меҳрим адоғи,
Йўлда йўлбошчидир қуёшли кўзим.
Сабрлари олтин сингилман, сингил,
Саодатдан сархуш кўнгилман, кўнгил.

Кимники жонидан тўйдирди дунё,
Шафқатсиз ҳасратда кимки бўлди кул.
Қайрилиб қараса, кўради, илло,
Унга ҳамширадай тутяпман қўл
Сабрлари олтин сингилман, сингил,
Саодатдан сархуш кўнгилман, кўнгил.

Кимники безовта қилар оғир туш,
Кўз очиб юмгунча учиб келган қуш
Каби дардларини олгани келдим,
Юрагига умид солгани келдим,
Сабрлари олтин сингилман, сингил,
Саодатдан сархуш кўнгилман, кўнгил.

Кимки осойишта тонгларни кутса,
Кимки уйқусизлик ғамин унутса,
Қўлимни қўлига дўстона тутдим,
Кўнгиллар кўнглимдан сув ичиб ўтди.
Сабрлари олтин сингилман, сингил,
Саодатдан сархуш кўнгилман, кўнгил.

Тақдирим ишқ билан қондошдир, ҳар кун
Тонглар туғилади кафтимда маъсум.
Нигоҳимда меҳр боғлари гулгун,
Бахтга айлантирди ғамни табассум
Сабрлари олтин сингилман, сингил,
Саодатдан сархуш кўнгилман, кўнгил.

ҒУССА НА ДАРКОР

Қадрдон дўстларни тупроққа қўйдик,
Киприклар эгилди майин, беармон,
Бегона қитъалар ёйинки осмон
Тубларидан елган номадай шодон
Азиз чеҳралардан сабоқлар туйдик.

Вақт етди, оғриқли хотирни буткул
Дилдан аритай деб, ерга кўмай деб,
Баҳорий ёмғирлар қўшилди мўл-кўл
Дарёларга ойдин тушдай кўмай деб,
Руҳинг тўлқинлари оқади гул-гул.

Ўчирмоғинг керак тилсиз оловни,
Йўқса, идрокларда тутай бошлайди.
Итқитиб баҳорнинг йўлидан ғовни
Туйғулар шошади дилбар, жангари.
Энг осуда дамлар қадам ташлайди,
Музлик остидаги денгиз сингари.

Кўклам йўлларини қучган қалдирғоч
Қанотида турфа муждалар учди.
Ҳорғин ҳасратларни сўндирди, ичди
Булбулнинг ёр-ёри тиниқ, жарангдор.
Бокира оламнинг бағрида қийғоч
Гуллади ҳайратим, ғусса на даркор!

СИРЛАР

Сиру синоатсиз яшашим қийин.
Камлик қилар менга шеърлар инъоми
Гулғунча бағрида кулгумдай майин
Очила бошлайди табиат сири.
Қанотли қуш каби эркин ёйилиб,
Тарқалган булутнинг тўсатдан ийиб,
Тубсизликка чўкиб кетар кўз қири.
Сиру синоатсиз яшашим қийин
Қадамимда йиллар сизгани сайин
Ҳарорат олади дилнинг қайғуси.
Тазарру қиламан момо ер каби,
Сўзларим-майсанинг яшил туйғуси.
Тазарру қиламан, тазарру танҳо,
Қалбимни қўлимда ушлаб пиёда
Бораман черковнинг пойигача то,
Меҳробга сингийди борлиғим гўё.

ЁЗ ОХИРИ

Замин хушбўй, борлиқ нури қучоқда,
Еллар майсалардан олмоқда бўса.
Настарин баргидай ўй тотли чоғда
Ёзнинг охири.

Бутоқлар эгилди, мевалар пишди,
Япроқлар уюми-оловли қисса.
Уфқлар қизариб руҳимда жўшди,
Ёзнинг охири.

Хазонлар чулғанар ғамгин навога,
Кумуш ип шодаси билмайди ғусса,
Бардошинг етарми, юрак, видога-
Ёзнинг охири…

СУҲБАТДОШИМ ДЕЙДИКИ…

Тақдир-кўтарилиб келаётган қуёш,
Яна шу йўл билан ортга қайтади.
Тақдир-дарди билан суюмли бардош,
Қанотида умид қўшиқ айтади.

Тақдир-қачонлардир олис саҳарлар
Кечикди, кимнингдир ёзи кечикди.
Ундан ўзиб кетди ўзга баҳорлар,
Ичикди, чин мағлуб дамлар ичикди.

Тақдир-сени дилбар тонглар кутади,
Адашмайман дея ичасан қасам.
Қуёш ботаверар, бахт ҳам ўтади,
Тахир шароб тутар қалбингга алам.

Тақдир-ҳеч ўнгидан келмаётган иш
Тушингдаги каби ўнгланиб қолса.
Тақдир-чўққисига кўтарилган ишқ
Қалбдаги тошларни парчалай олса…


ҚУЁШ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Тун эрий бошлайди ўтинчларимда,
Пойимда оқади тонгги фароғат.
Қуёшли ўтлоқда ям-яшил кўкат
Титрайди шамолнинг ўпичларидан

Уммонли хаёли ўтли муҳаббат,
Руҳимда гуллайди гиёҳ орзуси.
Қўрқув сололмайди ўлим қайғуси,
Гўё сен бўлмасанг тўхтайди ҳаёт.

Ўтлоқ билан мени қуршайди шитоб
Билан келаётган жангари тилсим.
Тубсиз қоронғулик чулғайди сим-сим,
Қирларнинг ортига чўккалар офтоб.
Кўнглимни ушласа дейсан янги кун,
Ўлим ҳақ дейсану, умид ўлмайди.
Ҳеч ўлгинг келмайди, ўлгинг келмайди,
Яшагинг келмайди нурсиз ва ғамгин.

НОМСИЗ ДАРЁ

Урилади дарё шовқини
Дала томон қумларни отиб.
Бу қандайин сирки, номи йўқ,
Наҳот уни қўйган йўқотиб?

Харитада на чизиқ, на сўз.
Овозлари майин шаршара
Бахтли яшар номсиз, довруқсиз,
Қалбга туташ бу ҳислар, қара!

У-гўёки қўшиқ барҳаёт,
Қадимийдир шоирлардан ҳам,
Ё рассоми номаълум сурат.
Бунда буюк соддаликлар жам-
Шоирдан-да бебаҳо ҳайрат,
Мусаввирдан аълороқ сурат.

ҚУЁШ ВА МЕН

Қуёш билан дўстлашгим келди,
Унга туташтирдим йўлларим.
У-осмондан, мен-тоғдан келдим,
Узатаман тонгда қўлларим.

Шошиламан етиб олай деб,
Мени кутиб турганга ўхшар.
Кенгликларни завққа солай деб
Бир пас хаёл сурганга ўхшар.

Ярим йўлга етганда қуёш
Мен оловли куйга тушаман.
Нафасимга урилар оташ,
Ҳайратларим ичра жўшаман.

Қияликлар мовийлашади,
Қуёш эниб бормоқда сокин.
Туйғуларим майинлашади,
Тоғларимдай виқорли, вазмин.

Тун чўкади, хушлашар хуррам,
Тушимга ҳам киради ҳали.
Унинг билан қадам-бақадам
Кетаяпмиз тонгни кутгали.

АЛДОВЛАР

Олисдан уйғониб келаётир тонг,
Сут ҳидини туйиб, тўлаётир тонг,
Гўдак нафасида кулаётир тонг,
Қуёш нурларини силаётир тонг,
Барии-барини
Тортиқ қилмоқ истар кимдир кимгадир.

Кўкда бир жуфт булут чиройли, оппоқ,
Гуллаган олхўри шохига уйқаш,
Тақдирлари туташ, пар каби юмшоқ
Буркиб-буркиб ёйилар булут
Бойлангани сўнгги тушларга,
Айлангани тунги қушларга.
Барии-барини
Тортиқ қилмоқ истар кимдир кимгадир.

Сувлар, қуюнларда жунунваш жилва,
Очиқ денгиз, чақмоқ, довуллар ҳолва,
Тўлқинлар уммоннинг қаъридан, қаранг,
Абадият каби қадим ва кулранг
Итқитиб юборди қайроқ тошларни.
Барии-барини
Тортиқ қилмоқ истар кимдир кимгадир.


САРХУШЛИК

Мени маст айлади баҳор тўсатдан
Дунё очиқ денгиз каби тўлғонди.
Ойни қарши олган хаёлпарастдай
Мени интиқ кутган шеърлар уйғонди.

Билмам, не қудратли-юрак энтикиб
Қайноқ туйғулардан қувонмоқликму?
Сатрлар қатига жонини тикиб,
Янги япроқлардай барқ ёнмоқликму?

Не тонг, бир олий сеҳр сийлади,
Очди борлиғимнинг пок сирларини.
Денгизлар тубини ишғол айладим,
Ўйнатдим, қувнатдим кўк нурларимни.

Гўё уйқудаман, лек бари ёдда-
Табиатнинг турфа ранги ва жони.
Идрок мўъжизаси буюк ва содда,
Мусиқа оқмоқда-дарё тошқини.

ХАЛҚ ҚАРҒИШИ

Қайдаки, яхшилик барқ урди сўлим,
Туёқлар остида топталди хун-хун.
Золим,
Сени жазолайди табиат бир кун!
Қайдаки, мунаввар тонгларда тиним
Билмасдан куйлади эркинлик қуши.
Бир кун кишанлади уларни тишинг,
Золим,
Изинг қолар бўлса қайси сўқмоқда
Қарғиш тўфонлари қувсин тўқмоқдай!
Қайдаки қабристон-сўнгги манзил бор,
Аждодлар руҳидай дарахтлар ҳам жим.
Кўрарлар, айтолмас-тупроқ бўлди хор,
Лаънат, лаънат бўлсин отинг,золим,
Қирон, қирон келсин зотингга, золим!

ҲИДЛАР

Гўдакнинг ҳидига ўхшайди саҳар,
Ноннинг ҳидларида ҳаёт елади.
Тупроқ, нафасингдан созланади тор,
Ғарамлардан майса иси келади.

Қалин чимни ёриб-ёриб ўтарми
Чимзор ва туманни тутатаётган ис?
Пармаланиб синган гирдоб тутарми
Август ўтлоғига қадрдон пок ҳис…

Авайлаб-асрагинг келар қароқда
Ёмғирли сувларни, музликларни ҳам.
Яхшилик сўзи бор ҳидлар ардоқда,
Жонланар табиат, замин ва олам.

Тонг чоғи йўлларга тўшалди ўйинг,
Эсингдами, бирдан завқланди дунё.
Ёзги ёмғирларнинг ёқимли куйи
Қушча қанотида тўкилдими ё?

Арғувон гуллайди, руҳинг аллалар
Баҳорий насимлар! Сархуш паллалар!
Ёдингдами, майин пўстлоқнинг ҳиди
Баридан-да нозик туйғули эди!…

ЕР БИЛАН СУҲБАТ

Ер менга онамдай рост гапиради,
У-жонли ҳалқадир, узилмас ришта.
Биз билан борлиққа жонин беради,
Кўргиси келмайди ҳеч кимни хаста
У-инсон сийратин чизувчи шоир,
Табиат сеҳрига асир мусаввир.

Ер менга онамдай рост гапиради,
Маъсума яшиллик дилдорлашади.
Юлдузлар шуъласи дилга уради,
Олис хотиралар дийдорлашади.
Қайтмас кунлар меҳри қайтиб келади,
Тонг чоғи қуёшни айтиб келади.

Ер менга онамдай рост гапиради,
Хаёлнинг паст-баланд дўнгликларида
Осмон ҳам биз билан бирга юради,
Юрагингнинг ажиб кенгликларида
Ҳали сен кўрмаган замон бор, замон,
Вақтдан ҳам чуқурроқ даврон бор, даврон.

ҚОП — ҚОРА ЁШЛАР

Fам-ғуссанинг кўз ёши қора,
Тинмай вақт-бевақт
Томчилайди ернинг бағрига.
Тирик экан заҳарли яра,
Ғазаб ва офат
Илдиз отар ернинг қаърига.
Ғам-ғуссанинг кўз ёши оғир-
Қоп-қора ёшлар
Қай зулматдан сирқирамоқда.
Ғам-ғуссанинг кўз ёши сағир,
Қонли бардошлар
Ернинг нақ кўксидан тирқирамоқда.

ЁЛҒИЗ ОДАМ

1. Сонет
Одам кетиб борар йўл бўйлаб тонг пайт,
Узилган япроқлар тупроқни қучди,
На қўшиқ, на ҳислар, на қушлар учди,
Қуриган дарахтлар кутмай қўйган бахт.

Одам кетиб борар, қиймалар ўйлар,
Тўнғиган чигиртка мисоли сирлар
Совуқ ва кимсасиз уйда ғимирлар,
Шубҳа ва қўрқувлар зулматдан сўйлар.

Бу кенг олам нечоғ бўм — бўш ва совуқ!
Ўтди Микеланджело, Тацит ва Байрон,
Пушкин ўлдирилди, Толстой ҳам йўқ.

Кузги барглар каби қайтмайди туйғу,
Тириклар сафида қолмади бирон
Қадрдон дўсту ёр, ёлғиз қолди-у.

ЎЛИМ

2. Сонет
Бўйчан майсаларнинг бағрида ётар,
Билмам, тулкичами, олмахонмикан.
Унинг жонсиз тани тупроққа ботар,
Шамоллар нафаси саргардонмикан…

Сезмас поялардан оқади шарбат,
Гиёҳлар чайқалди, жилғалар шошди.
Ўрмалаб, югуриб, учиб бетоқат
Ваҳший очофатлар ҳаддидан ошди.

У эса яшади-кўз очди-юмди,
Камтарин меҳмони бўлди дунёнинг,
Уни қурт-қумурсқа қўшини кўмди.

Ўрмонда азамий қонуният бор-
Мурдани хазонлар кўмади, ғамгин
Шамоллар куйлайди узоқ ва бедор.

ВАЙРОНА ЧЕРКОВ

3. Сонет
Урушнинг қурбони бўлди бу черков,
Қаровсиз боғида нималар бўлмас:
Иконалар тушиб кетса-да биров
Билмас, ойналар ҳам синар басма-бас.

Динсизга черковнинг кераги ҳам йўқ,
Бу-менинг ишиммас, дея ўйлайди.
Ғира-шираларда ранглари совуқ
Моғорли деворлар недан сўйлайди…

Қорайиб кўринган иконаларга
Урилар, юлқилар шамоллар дайдиб,
Кузги хазон тўлар бўш хоналарга.

Қишда жон сақлайди жонворлар бунда-
Шу кимсасиз черков қаҳрли тунлар
Омон олиб чиқар қорли қирғиндан.

ҲИДЛАР БЎРОНИ

4. Сонет
Ҳидлар сарсон кезар юраклар мисол,
Бу жунунваш ҳидлар изтироб ҳидлар.
Қуёш ҳиди урар сояни хиёл,
Туман ҳиди анқир хилватга қадар.

Куйлар ҳиди қалбга оқиб киради,
Ҳар дамнинг ҳидида гуркирар кўклам.
Баҳсу низо, сирлар суҳбат қуради-
Бахтнинг шивирида совуққина ғам.

Учар руҳлар ҳиди-учқур сулувлар,
Қамишдаги унут ҳидлар суронин
Йўллар менга уйғоқ ва тўлғин сувлар.

Чирмашар, кенгаяр ҳидлар кўлами,
Ҳидларнинг мастона жонли бўрони-
Табиатнинг майин-лирик тўплами.

ШОИР

5. Сонет
Шоир ҳамма вақт ҳам эркин ва уйсиз,
Вақтнинг қонунлари унга ҳокиммас.
Худонинг қудрати энг бахтли нафас
Сув, ҳаво, шоирни яратди туйқус.

У-Вақтга бўйсунмас илҳомдир, бешак,
У-йигирма ёшда даҳо ва қўшиқ.
У-тўқсонга кирган навқирон ошиқ.
У-денгизлар, тоғлар билан эгизак.

Ёлғизликда унинг ҳамрози-илоҳ,
Халал бермас сирли тушлар кўрса ҳам,
Мўъжизалар тортиқ этар баногоҳ.

Жазоламас уни севги худоси,
Сидирар қалбига инса қатра ғам,
Юксакларга чорлар ҳайрат маъвоси.

Ойгул Суюндиқова таржимаси