Сирбой Мавленов (1922-1993)

Сирбой Мавленов (Сырбай Мәуленов) 1922 йил 17 сентябрда Тўрғай вилояти Жонгелдин туманида таваллуд топган. Аввал ўзи туғилиб ўсган қишлоқда, сўнгроқ Қизил Ўрда шаҳрида ўқиган. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.
Шоирнинг дастлабки шеърлари 1937 — 1938 йилларда эълон қилина бошлаган. Илк тўплами 1948 йилда нашр қилинган. Сирбой Мавленов Қозоғистон Давлат мукофоти совриндори.
Унинг “Яшил ўрмон”(1950), “Мажиттовнинг отлари” (1951), “Ёз эркаси” (1952), “Жондўст” (1953), “Йўл устидаги гулханлар”(1954), “Тортишувнинг бошланиши”( 1955), “Чағалай”(1962), “Қоқ туш маҳали”( 1963), “Япроқлар ёнади”(1964), “Бўз қиров” (1976), “Сен икковимиз” (1977), “Юрак ғалабаси” (1985) каби ўнлаб китоблари чоп этилган.

БОШИМИЗДАН ТЎКИЛАДИ ОЛМАЛАР

Мирмуҳсинга

Жанубликлар хонадони кўп дилбар,
Шимолликлар бундай гаштдан бехабар.
Меҳмон эдик ҳовлисида дўстимнинг,
Бошимиздан тўкиларди олмалар.

Тўкиларди бошимиздан сарбасар,
Тонг рангини ўғирлаган олмалар.
Сен уларни қучоғингга олибсан,
Шундан дўстлар ижодингга тонг қолар.

Олма дейсан дастурхонлар безаги,
Шеър қалбнинг теран мулки, ўзаги.
Икки бетинг олманг каби қипқизил,
Куйла, дўстим, мушоира газаги!

Зотан кўнгил кўнгилларни хушлармиз,
Куйла, дўстим, ғазал учар қушлармиш.
Энди билдим, пишганида қўшиғинг
Шу олмадай эл оғзига тушармиш…

ЎЗБЕК-ҚОЗОҚ КЎПРИГИ

Носир Фозиловга

У кўп бахтли дунёда,
Унинг бахти кўплиги —
Икки буюк дарёда
Ўзбек-қозоқ кўприги!

Шундан йўқдир ҳеч бир дам
Илҳомининг одоғи.
Тошкентнинг ҳисобида
Туркистоннинг қозоғи!

Борсанг қувониб кетар,
Кетиб қолар ўзидан.
Ўзбеклиги билинар
«Хўш…» деган бир сўзидан.

Дейсан булбули гўё,
Маст қилади кўк чойдан.
Қайнаб мисли қўшдарё
Алишер ва Абайдан.

Икки дарё кўп теран,
Отамлашиб кетамиз.
Сирлашиб Носир билан
Уйқуни тарк этамиз.

Сари бола кўп гапдон,
Тарқалар ғуборимиз.
Чой бир ён, шароб бир ён,
Босилмас ғубор усиз!

Туроб Тўла таржималари.
ҒАФУР ҒУЛОМ

Арпапоя кўчаси дилга яқин,
Турар унда ўзбекдаги энг зўр оқин.
Олтмиш ёшга оёғидан чалдирмай,
Ёшлигининг сақлаган куч-қувватин.

Май гуллари айни хандон чоғида
Бўлдик бизлар шоирнинг ардоғида.
Паловию кўк чойи-ла сийлади,
Чақ-чақлашдик ҳовлида — тут тагида.

Кексайса ҳам кексаликдан у йироқ,
Ёшлигидек ҳазилкаш ва кўнгли оқ.
Ялтираркан оқ қировлар бошида,
У Асқартов чўққисига ўхшар нақ.

Илҳомланар юрт ишқида эрта-кеч,
Ташвиши йўқ шеър ёзишдан бошқа ҳеч.
Шунчакимас, у ҳайқирган чин оқин,
Қалами шеър, достон битар пешма-пеш.

Донг таратди, унга зафар бўлди ёр,
Юрагида нақ арслоннинг шаҳпи бор.
Ўтиб борар кўчасидан Тошкентнинг,
Ўзбеклиги билан қилиб ифтихор.

* * *

Ёлқинланиб кун ботар,
Ой таратар нур инжа.
Биров кўрса сўз қотар,
Сен уйдан чиқ ўғринча

Манов майин ел — ўйноқ,
Манов мовий шўх булоқ.
Дала куз оҳангида
Чалар сокин қўнғироқ.

Чиқ уйингдан ошиқа,
Кел булоқнинг қошига.
Посбон бўлар қарағай,
Барглари-ла яширар.

* * *

Қизил гулдек қулф уриб,
Яшнаб турган кезинг бул.
Юрганлар кўп интиқ бўп,
Нима дейин, ўзинг бил.
Яшнаб турган кезинг бул.

Шуъласидай жаҳоннинг
Мунаввардир тоза дил.
Қўлин чўзмас сенга ким,
Ўйлаб кўргин, ўзинг бил.
Яшнаб турган кезинг бул.

Оққув бўйин, оқ билак,
Кулгинг ёғду, сўзинг нур.
Бола кўнгил, соф юрак,
Ҳар юракда сезим бир.
Яшнаб турган кезинг бул,
Нима дердим, ўзинг бил.

* * *

Япроқлар ила ёз учиб,
Кезганда кузак юрт бўйлаб,
Кетганда кўлдан ғоз учиб,
Энтикдим сени мен ўйлаб.

Кўтариб келди қиш ялов,
Совуган сувдек мен тиндим.
Шохларга қўнди қор-қиров,
Қишда ҳам сени соғиндим.

Эслаб севгимиз армонин,
Тўлди бу ўксук дил ғашга.
Кўкламнинг яқин қолганин
Туйдиму чиқдим излашга.

Гул тутиб келди бир кун ёз,
Шу гулда сени кўрмадим.
Кўлга қайтди яна сулув ғоз,
Фақат сен қайтиб келмадинг.

ҚОЗОҚЛАРНИНГ ВАКИЛИ

Носир Фозиловга

Қозоқларнинг вакили,
Меҳмонларга ўздекдир.
Қўш дарёга у кўприк
Қуриб берган ўзбекдир.

Кирган она сути-ла,
Кенгдир доим қучоғи.
Муқим яшар Тошкентда,
Туркистоннинг қозоғи.

Пешвоз чиқиб чой қуяр,
Айирмайди ўзидан.
Ўзбеклиги билинар,
“Хўш” деган бир сўзидан.

Алишеру Абайни,
Қўйиб юксак ўринга,
Икки тилда сўзлаб у,
Файз киритар гурунгга.

Дўстлигимиз тарихин,
Таърифлар ошиб-тошиб.
Носир билан камина
Зерикмас суҳбатлашиб.

Яна қанча сир-асрор,
Ўртада — зеҳнимизда.
Келмоқдамиз шу асно,
Тўймасдан меҳримизга.

Мирпўлат Мирзо таржималари