Тоҳир Тоисўғли (1950)

Тоҳир Тоис ўғли (Tahir Taisoğlu) 1950 йилда Шамахи шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, Шамахи қанд заводида ишлай бошлаган. 1969 йилда биринчи шеъри “Адабиёт ва инжасанъат” газетасида босилган. 1983 йилда Москвадаги Адабиёт институтини тамомлаган.
Озарбайжон телерадиосининг мухбири, “Қишлоқ ҳаёти” журнали муҳаррири бўлиб ишлаган. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

УЯ

Вақт гулда очадир тупроқ кўзини,
Баҳордан муҳаббат ёғар дунёга.
Ёмғирлар зирвада синаб ўзини,
Хушбўй мушк таратар баҳор дунёга.
…Мен сени севардим, йўқ, тўғрироғи,
Мен сени севаман демоғим керак.
Бўлажак уялар юрагимдадир,
Оғримасдан ахир не қилсин юрак!
Паришон кечади фасллар, йиллар,
Тағин сен олдимга кепарсан маним.
Уфқда ёришар янги бир саҳар,
Саҳардек юзимга куларсан маним.
Қушлар учиб кетар, уялар қолар,
Қолган уяларда кўҳна болу пар.
Олис уяларда неки бор—қолар,
Фақат
қолган парлар бир кун кўкарар.
Яралур оқибат ўша парлардан
Қўл етмас бир уя, бехатар уя,
Дунёда севги-ла яшаганларга
Басдир само, қуёш, етар бир уя.

ПОЕЗД ОВОЗИ

Кунгабоқарлар қуёшга бўйланур кундузи,
кечалар поезд овозига.
Маккайилар оғушида сўтаси —
йўргакдаги гўдаги каби.
Поезд шуълалари юзига
тушмасин дея
гўдаги устига ёймиш сочини.
Бўғзи чилвир билан боғланган
ошқовоқлар ётар бемалол-беҳол —
поезд овозини бир пулга олмас.
Четан деворларга чиққан қовоқлар
Баъзан очиб-юммас кўзларини
Поезд овозига,
шуълаларига.

Усмон Қўчқор таржимаси