Воқиф Иброҳим (1945-1983)

Воқиф Иброҳим (Vaqif İbrahim) 1945 йилда Шаки шаҳрида туғилган. М. Азизбеков номидаги Озарбайжон нефть ва кимё институтини битирган. Меҳнат фаолиятини журналист сифатида бошлаган. Сумгаит шаҳар радиоэшиттиришлар редакциясида (1968— 1975), «Улдуз» журнали редакциясида (1975— 1976) ишлади. 1977— 1983 йилларда болаларнинг «Гўярчин» («Кабутар») журналида масъул котиб вазифасида бўлди.
Шеърий фаолиятини 70-йилларда бошлаган. Бир неча китоблари нашр этилган. Россия ва Булғористоннинг биргаликда нашр этадиган «Дружба» журналида таҳрир ҳайъати аъзоси эди. Воқиф Иброҳим 1979 йилдан Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси ва ёшларнинг севимли шоири ва устози эди.
1970— 1971 йилларда Сумгаит ёшлик шеърият клубининг раиси бўлган ва ёшлар ташкилотининг 30- ва 31-қурултойларида қатнашган ҳамда республика ёшлар ташкилоти Марказий Қўмитасининг аъзоси бўлиб сайланганди.

«САЛОМ, СОРВОН» КИТОБИДАН НАМУНАЛАР

БИР КИШИ

Зулм билан топган нонини
ҳар оқшом бўлар уйида —
бир бурдадан ҳар бир жонга —
ўзига, хотинига, болаларига
ва сичқон учун ясатган қопқонга.

СЕВГИ

Ахлат қутиларидан ҳар кун
нон бурдаларини йиғадиган
уй-жойи тайинсиз одам,
бир гал ташлаб кетилган сўлғин гулларни йиғарди
хотинига совға қилмоқ учун.

АҲВОЛ

Айнан вагонларнинг аҳволидаман:
улар учун пўлат рельслардан
чўлга, озодликка чиқишнинг
биргина йўли бор — БАЛО-ҚАЗО.

ҲАЁТ

Тўфонда қочиб уйга кираман,
зилзилада қочиб чиқаман чўлга.
Бошқа ҳеч бир сабаб йўқ эди
Кел-кет учун.

ЖАБРОИЛГА ТАВСИЯЛАР

Яна нималар?
Тўнка пойдевор устида
ҳамиша ям-яшил обидалар?
Яна қаерлар?
Асфальт йўллар узра
тўлиб кетган чуқурлар.
Яна кимлар?
Деразаси камера деворига
тақвим каби осилган маҳкумлар.

КЎПРИК

Бу кун билдимки,
энг эътиборли кўприк сувнинг ўз сатҳи экан,
ҳеч вақт портлатилмайди, бузилмайди.

СУИҚАСД ҚАРОРИГА КЕЛГАН БУ ХОТИН

Суиқасд қарорига келиб
тўшларини қучоқлаган бу хотин
қўллари қўйнида
тугун ташлаётганга ўхшаб кўринар.
Сўнг бора қичқирар:
— шапалоқни сийпалашдан гўзалроқ деб билсангиз,
хотин учун бунинг фарқи йўқдир.
Суиқасд қарорига келиб
айвонга суянган бу хотин
ўйини отмоқ истайди
кўкда визиллаб учиб ўтган бир юлдуз остига.

ХАТЛАР

Фолчининг қаршисида очилган
бу қари қўлларнинг кафти
ҳамон ўша нарсани кўрсатади:
«17 ёшингда муҳаббатингни топажаксан…»

ҚИШЛОҚ

Қишлоқ кўча-кўйларида
биргина учоқларнинг овози
ўзидан ортда қолади.
Ҳеч сўйилган қурбонларнинг ҳам
йўқ бўлмас сўнгги хириллаши,
сўйилган терида қолади.
Қишлоқда айнан шундай кетади
бузоқлар, машиналар, одамлар.
Лозимлари этагини шимарганча
ғишт лойини тепадиган қишлоқ қизларини
тўпиғидан севар қишлоқ ўғлонлари.

ХАРИТА

Ўрта мактаб чақирди,
қараб хаёлга чўмди
инсон скелетининг шаклига:
— дунёнинг контур харитаси шумиди?

БИР САҲАР

Эртами, кечми шундай бўлажак,
тонгдами, шомдами ё бошқа бир кун
бутун юртдошларимиз бир саҳар
саломлашмоқ эвазига
бир-бирларидан узр сўрайдиган кун…

КЎТАРДИНГ…

Аввал «озодлик!» дея қичқириб
овозингни кўтардинг.
Сўнгра империяга
муштумингни кўтардинг.
Сўнгра байроқ кўтардинг.
Сўнгра сарой деворларига
ғишт кўтардинг, ёғоч кўтардинг.
Сўнгра қараб кўрдингки,
бутун кўтарганларингдан қуйида қолган
яна сенсан.

* * *

Ном куни.
Арслон буржи. От йили. Ит куни.

Миразиз Аъзам таржималари