Турсуной Ўразбоева (1948-2015)

Турсуной Ўразбоева (Тұрсынай Оразбайқызы Оразбаева) Чимкент вилоятининг Сайрам туманида таваллуд топган. Қозоғистон Давлат университетининг журналистика факультетини битирган. 1980 йилдан бошлаб Қозоғистон радиосининг адабий-драматик Бош таҳририятида фаолият кўрсатди.
Т.Ўразбоева айтишув оқини сифатида ҳам танилиб, вилоят ва Республика миқёсидаги бир қанча нуфузли мусобақаларда ғолиблар сафида бўлди. Унинг шеърлари “Тонг шафағи” (1977), “Юрак оҳанглари” (1981), “Сен менинг баҳоримсан», (1986) номли тўпламлари орқали кенг ўқувчилар оммасига етиб борган.

МОСКВА ДАФТАРИДАН

Дегандайин — қулоқ тут розим тинглаб,
Йиғлоқи куз, турибсан тағин йиғлаб.
Сени англар ўзим бор, дардинг сўйла,
Кетди кўклам йироққа бағрим тиғлаб.

Нафаси-ла музлатиб хуш дамимни,
Олиб кетди қайтмас вақт — кўкламимни.
Ажиб қўшиқ сурурин унутгандай
Қўбиз — вужуд чертади мунгли унни.

Таскин берар юпатиб озурда тун,
(Қиш аёзин кутади энтикиб ким?!)
Ёстиғимнинг ифори кетган йироқ,
Ташқарида хун ёмғир йиғлар сим-сим.

Шукуҳсиз куз шуурдан ҳеч жилмайди,
Қалбингга ғам тўшашин вақт билмайди.
Қучоғи гул кўкламнинг мехрин қўмсаб,
Тунд осмоннинг қовоғи очилмайди.

Қуз ёмғири руҳим банд этган чоғи
Ёдга тушар севгининг армон-доғи.
Мени тунлар уйғотиб дилгир этар,
Йироқ кетган кўкламнинг янгироғи.

* * *

Биров тўқ ва секирар исинмоқ-чун,
Биров не бир ҳасратдан юраги хун.
Кўзин артар енги-ла қариялар,
Руҳи сўнган ҳайкалга боқиб беун.

Турфа хил кас тўрғайдек тизилади,
(Қишдан дарак беради кузнинг ранги).
Бармоғини нуқийди бир чорасиз,
Ўчи бордай дунёдан, ғижинади.

Умид ўлди, хор буткул — недир сабаб,
Бой ва гадой замони бўлди-ку заб.
Тўқ-бисёрлар керилиб “қадр” топса,
Юрар кўплар тўрваю қоп орқалаб.

Нарху наво этмоқда дилни зада,
Мискин ранглар илашди шуълага-да.
Кимга — жаннат, ким учун дўзахдир нақ
Издиҳомга айланган бу чўнг қалъа.

* * *

Кузги осмон хўрсиниб, мунгли ёғар,
Ғамли умр ҳасрати кимга ёқар?!
Кимсаларнинг оҳ-воҳи, дардларидан
Мағрур Пушкин ҳайкали маҳзун боқар.

Тундлашади кўчалар, Қизил майдон,
Кетгандайин ундан файз, виқор, бу он.
Дўстлик сўзи янграган бу маъвода
Ғудранади кимлардир ёқавайрон.

Гижбанг куйдан чарчайди асаб-мия,
(Йигит қизга осилар — суя-суя…)
Эл қўрғаган эрларим бош қўшган ер
Бўлмиш бу кун иблису жинга уя…

Масту аласт — юзига сочгандек кул,
Сулув қизлар тортинмай сўрайди пул.
Гўдак ила сирлашар жон топмайсан,
Оқ каптарлар ўрнида зоғлар нуқул.

Кузга боқиб жунжикар қайин ҳаргиз,
Унда кўклам рангидан қолмаган из.
Бахт қўшиғи куйланган бу майдонда
Хайр-садақа сўрайди турфа бахтсиз.

Билди кўплар қисмати шўрлигини.
— Ким босар, — деб, — кўнгилнинг хўрлигини,
Кўча кезган хоксорлар хўрсинади,
Бахтим дея айтолмай ҳурлигини.

Мирпўлат Мирзо таржималари