Нарзулло Ботиров. Ҳаётнинг бир оқшоми (ҳикоя)

Минг тўққиз юз саксон учинчи йил. Август адоқ­лаган кунлар. Ҳаво тафти баланд. Кеч кирган бўлса ҳам атрофда ғир этган шабада йўқ. Осмонда ҳилол, хирагина битта юлдуз пирпираб турибди. Ҳали талабалар ёзги таътилдан қайтишмаган. Ўқишга бу йил кирганлар эса танловдан ўтиб, уйларига кетишган. Шунинг учун бўлса керак, талабалар шаҳарчасида одам сийрак. Ётоқхоналар атрофида онда-сонда бир-иккита ёшлар учраб туради. Гавжум шаҳарча қаёққадир кўчиб кетгандек.
Фаррух автобусдан тушдию, университет ётоқ­хонаси томон юриб кетди. У ҳозир қишлоқдоши Гулнозани кузатиб қўйиши керак. У Фаррух ўқийдиган университет талабаси бўлди.
Фаррух мактабда ўзларидан уч синф пастда ўқийдиган Гулнозага бошқача кўз билан қарар, уни ёқтирарди. Лекин кўнглидаги гапни қизга айтолмай юрди. Қулай фурсат келишини пойлади. Мана, эндигина ўша фурсат етиб келди. Бугун Гулнозани поездга кузатаётганида, унга кўнглини очиб, орзу-ниятларини айтади.
Фаррух шоша-пиша соатига қаради. Поезд жў­нашига ҳали бир соат бор. Унгача Баҳромдан зарур китобни олишга улгуради. Ҳозир у ҳужрасида бўлса керак. Йигит ётоқхона биносига кирди. Илдам одимлар билан зиналардан кўтарилди, узун, тор йўлак бўйлаб юрди.
– Ёрдам беринг.
Ногоҳ қулоғига чалинган сасдан Фаррух сергак тортди. У ён-бу ёнига қаради. Йўлакда ҳеч ким йўқ. Икки томондаги хоналарнинг эшиклари берк. Қиз боланинг йиғламсираган овози тағин эшитилгандек бўлди.
– Ёрдам беринг! Ким бор?
Товуш шундоққина биқинидаги эшик ортидан эшитилди.
– Ким бу? Нима гап? – деб сўради Фаррух яқин бо­риб.
– Жон ака, менга ёрдам беринг! – яна овоз келди ичкаридан, – Эшик қулфланиб қолди. Очолмаяпман.
Фаррух эшик олдида тўхтади. Ичкаридан қиз боланинг эшик қулфини калит билан бураётгани эшитилди. Қиз эшикни урар ва ўзича қарғанарди.
– Қулф бўлмай қуриб кетгур. Очилсанг ўласанми? Самолётга ҳам кеч қолиб кетдим. Калит ўлгур нуқул айланиб кетаяпти.
 – Қандай қилиб бу хонага кириб қолдингиз? Нега энди чиқолмай ўтирибсиз? – шошилиб сўради Фаррух.
– Кеча акамнинг олдига келгандим. Улар мени бугун кечқурун самолётга чиқариб қўйишлари керак эди.
– Кеча акангизнинг олдига келган бўлсангиз, бугун бу хонада нима қилиб қулфланиб ўтирибсиз? Нега акангиз сизни самолётга чиқармасдан уйга қамаб кетди? – ҳайрон бўлиб сўради Фаррух.
– Эрталаб хона калитини менга ташлаб ўртоқлари билан тоққа кетиб қолдилар. Мен Наманганга қайтишим керак. Бир соатдан сўнг самолёт учади.Эшикни очолмай куни билан шу ерда қамалиб ўтирипман. Қанча ҳаракат қилсам ҳам қулф ўлгур ҳеч ҳам очилмаяпти, – куйиниб, йиғламсираб гапирди қиз.
– Акангиз қандай одам ўзи? Синглисини кузатмасдан, кайф-сафо қилгани тоққа кетса.
– Акам кайф-сафо қилгани кетмадилар. Улар геология факультетида ўқийдилар. Кеча ёзги амалиёт бошланибди. Амалиётни тоғда ўтказишар экан. Ноилож кетдилар.
– Айб ўзингизда экан. Энди қамалиб ўтираверинг, – деди сал зарда билан Фаррух.
– Вай ўлай, энди нима қиламан? Жон ака, кетманг! Хонадан чиқишимга ёрдам қилинг!
Ичкаридан қизнинг бурнини тез-тез тортиб, йиғ­лаётгани эшитилди.
– Қўрқманг, сизни бу аҳволда ташлаб кетмайман, – деди Фаррух қизга раҳми келиб. – Кап-катта қиз, яна самолётда учадиган киши ҳам йиғлайдими? Қўйинг, хафа бўлманг. Икковлашиб бир амаллаб эшикни очамиз, бўлмаса синдирамиз.
– Соатингиз неча бўлди? – ичкаридан сўради қиз.
Фаррух «уф» тортиб соатига қаради. Соат саккиз-га яқинлашаётган эди. Гулнозанинг поезди жўнашига ҳам кам вақт қолаяпти. У эса нотаниш қиз билан овора.
– Вай, соат аллақачон саккиз бўлиб қолдими? Самолётдан ҳам қолиб кетаманми? – деди қиз эшикни жаҳл билан итариб, калитни бураркан. Калит эса унинг устидан кулгандек шарақ-шуруқ этиб айланар, қулф эса очилмасди. Фаррух ҳам эшикни орқасидан итарди, тортди. Қулф дастасини босиб ҳам, кўтариб ҳам кўрди. Қиз калитни эшик пастидаги тирқишдан Фаррухга узатди. Фаррух калитни олиб, қулфга солиб бураб кўрди. Калит буралар, аммо қулф очилмас эди. Вақт ўтиб борарди. Фаррух ҳам анча ҳаракат қилди, аммо натижа бўлмади.
Фаррухнинг хаёлига бу, бошқа калит бўлса керак деган фикр келди.
– Қараб кўринг-чи, бу бошқа калит бўлмасин та­ғин, – деди Фаррух. – Нуқул айланиб кетаяпти-ю, ле­кин очмаяпти.
– Ҳақиқатдан ҳам шундайми-я? – деди қиз ҳам ҳаяжон аралаш.
Ичкаридан қизнинг нималарнидир қидираёт­ган­лиги, стол тортмасининг очилиб ёпилгани эшитилди. Нимадир тарақлаб тушиб кетди. Қиз анча қидирди.
– Эҳ, каллам қурсин, калит бу ёқда экан-ку! – деди қувонч билан қиз. – Мана, 222-хонанинг калити! Дераза токчасидаги китоб тагида экан. Мен адашиб, бошқа калит билан эшикни очмоқчи бўлибман.
Фаррух эшикка қаради. Эшик устига «222-хона» деб ёзилган кўрсатгич ўрнатилган эди.
– Хайрият, калит топилди. Бўлмаса, эшикни синдирар эдик. Кейин эса акангиз эшик учун товон ҳам тўлар эди.
Қиз топган калитини қулфга солиб буради. Қулф бир марта “ширқ” этди. Қиз иккинчи бор калитни буради. Қулф яна “ширқ” этган товуш чиқарди. Фаррух сабри чидамай эшикни итарди. Эшик ҳам шуни кутиб тургандай овозсиз очилди.
– Мана, хайрият сизни ҳам озод қилдик! – деди Фаррух енгил тортиб ва шошилиб соатига қаради. Соат роппа-роса 830 ни кўрсатар эди.
Унинг фикр-у хаёли вокзалда, Гулнозада эди. Соатни кўрди-ю, қўлтиғидан тарвузи тушиб кетган кишидек бўшашиб кетди. Поезд Тошкентдан аллақачон Қарши томон жўнаган эди. У эса қандайдир бир нотаниш қизни деб, Гулнозани кузатолмай қолди. Гулноза уни қанча кутган. Аниқки, Фаррухдан хафа ҳам бўлган. Аттанг… Энди эртага биринчи автобус билан Қаршига жўнайди. Ишлари қолса қолаверсин. Аввал Гулноза билан гаплашиб олиши керак. Автобусдан тушибоқ, уларникига боради.
Фаррух Гулнозани алланечук соғиниб кетди. Унинг қўлларидан ушлагиси, унинг овозини эшитгиси келди. У Гулнозаларникига борибоқ, унга барчасини айтади, кўнглини тўкиб солади. Тўйлари ҳақида, келажак ҳақида гаплашадилар. Балки тўйни ҳам бошлаб юборишар. Кейин иккиси Тошкентга қайтади. Бирга ўқишга қатнайдилар. Бир умрга у билан бирга бўлади!
– Салом! Сиз менинг ҳалоскорим бўлдингиз! –
Қизнинг шўх овози уни ўзига келтирди. Фаррух хаёллари оғушидан чиқиб қизга қаради. Унинг қаршисида сарғиш жингалак сочлари елкасига тушган, кўкимтир кўзлари жавдираб турган, киприклари узун-узун, уй ки­йи­мидаги 17 ёшлар чамасидаги бир қиз турарди. Қиз­нинг кўзларида яқинда йиғлаганлигини кўрсатувчи ёш излари бўлса-да, “тутқунликдан” озод бўлганидан – хона эшиги очилганидан хурсанд бўлганидан бахтиёр чарақларди. Фаррухга бу қиз илгари қаердадир кўргандек, таниш туюлди. Лекин жаҳли чиқиб тургани учун бу ҳақда ўйлаб ўтирмади.
– Эҳ, халоскордан ҳам ўргилдим, сиздан ҳам, – жаҳл аралаш ғўлдиради Фаррух. – Сизни деб ҳамма ишим расво бўлди. Поездга ҳам кеч қолдим. Фаррух аламидан қизнинг акаси шаънига бир-икки оғиз аччиқ гап айтмоқчи ҳам бўлди-ю, лекин бефойдалигини ўйлаб ўзини тийди.
– Вай, мени деб сиз ҳам поездга кеч қолдингизми? Қаерга кетмоқчи эдингиз? – гуноҳкорона, ялинчоқ оҳанг­да гапирди қиз. – Мени кечиринг, сиз мен туфайли ушланиб қолдингиз.
Қизнинг кўзларидаги қувонч ўрнини маъюслик эгаллади. Унинг бу ҳолатидан Фаррух хижолат торт­ди. Ўзининг қўполлигидан уялди.
– Йў-ўғ, – ғудранди у, – бир дўстимни поездга кў­затиб қўйишим керак эди.
– Поезд соат нечада жўнайди? – тортиниб сў­ради қиз ва бошини бир ёнига эгиб Фаррухга қаради. Қизнинг жингалак сочлари юзига, кўзларига тушди. У киприкларини тез-тез юмиб очди ва кўзларига тушган сочларини бармоқлари билан тепага кўтарди.
– Мен кузатишим керак бўлган поезд ҳам, сизнинг самолётингиздек кетиб бўлди. Энди шошадиган жойим йўқ. Бир амаллаб ётоғимга бориб олсам бўлди, – деди Фаррух.
Қиз Фаррухни ўтиришга таклиф қилди. Фаррух яна соатига қаради ва Гулнозанинг жўнаб кетганига тўлиқ ишонч ҳосил қилди.
– Кун узоғи юравериб, роса чарчадим, – деди ва стол ёнига қўйилган стулга ўтирди.
Қизга қаради. Унинг сариқ жингалак сочларини кимгадир ўхшатди. Лекин эслаёлмади. Кейин эса хонага назар солди. Хонада тўрт темир каравот бўлиб, ҳар бирининг олдига биттадан тумбочка қўйилган. Эшикдан кираверишда эса уч эшикли баланд жавон турарди. Полга хонанинг бутун бўйини олган ингичка гиламча тўшалган. Хона тўрида турган тумбочка тепасига катта ҳарфлар билан қўлда чиройли қилиб ёзилган дарс жадвали илиб қўйилган. Жавон олдида, полда, йўл сумкаси. Дераза токчасида электр чойнаги. Хона тоза, йиғиштирилган. Поллар яқинда ювилганлиги билиниб, ялтираб турипти. Фаррух хонани кузатар экан, хаёли яна Гулнозага кетди. Гулноза ҳозир поездда кетаяпти. Қандай жойлашди экан. Юки кўп эди. Поезд­га чиқишда қийналмадимикан?
– Жуда чарчабсизми дейман? – қизнинг сўзи Фаррухнинг хаёлини бўлди. – Мен ҳозир чой қўяман. Сизлар ҳам кўк чой ичасизларми? Бизнинг Намонгонда кўк чой ичишади. Ёки қора чой ичасизми?
– Йўқ, йўқ. Ташвиш қилманг. Мен ҳозир кетаман, – кетишга чоғланди Фаррух.
– Бизнинг Намонгонда меҳмонни бундай жўна­тишмайди.
– Қўйсангиз-чи, мен меҳмон эмасман. Айтмоқчи, ис­мингизни ҳам сўрамапман? – савол берди Фаррух.
– Дилдора, – деди қиз. – Акам мени ҳамиша Дилдор, деб чақирадилар.
– Мен эса Фаррух. Мени ҳамма “Фаррух” деб ча­қиради.
Қиз табассум билан йигитга қаради.
– Менинг устимдан кулаяпсизми?
– Йўқ. Нега? Кулгили гапирмадингиз-ку.
Қиз ерга қаради.
– Наманган шаҳриданмисиз? Наманганлик курс­дошларим бор.
– Ҳа, шаҳарнинг ўзида турамиз. Паркнинг орқа­си­даги кўчада яшаймиз. Намонгонда бўлганмисиз? Жуда чиройли шаҳар. Айниқса паркимиз жуда ҳам чиройли.
– Йўқ, бўлмаганман. Курсдошларим кўп таклиф қи­лишди. Боролмадим.
Қиз сув келтириб, электр чойнакда чой қўйди. Жавон тортмасидан конфет ва қуруқ мевалар чиқарди.
– Сиз энди қандай қилиб уйингизга кетасиз? Самолётдан кеч қолдингиз. Кечаси автобус бўлмаса керак. – Фаррух савол назари билан қизга қаради.
– Эрталаб соат 7 да самолёт учади. Ўшанга чи­қарман. Лекин уйдагилар бугун мени кутишга аэропортга чиқишган. Эрталаб уларга кечқурунги рейс билан учиб боришимни айтган эдим. Дадамлар жуда хавотир олишади. Самолётга кеч қолганлигимни билдиришим керак, – қиз ваҳима аралаш гапирди.
– Уйда телефон борми, қўнғироқ қилиб айтсангиз? Ётоқхонанинг орқасида шаҳарлараро телефон автомати бор.
– АТС борми? – хурсанд бўлиб кетди қиз. – Албатта, хабар бериб қўйишим керак.
– Хоҳласангиз, ҳозир чиқиб, қўнғироқ қилинг.
– Яхши бўлар эди, – деди қиз.
Электр чойнаги қайнаганлигини билдириб “ҳуш­так” чалиб қолди. Дилдора чойни дамлаб, столга олиб келди. Чойни қайтарди.
– Самолётда бир ўзингиз учишга қўрқмайсизми? – ҳазил аралаш сўради Фаррух.
– Самолётда биринчи учишим эмас. Бир неча марта Тошкентга келиб кетганман. Москвага ҳам бориб келдим.
– Москвага? Москвада нима қилдингиз? – ҳай­рат­ланиб сўради Фаррух.
– Танловда қатнашдим?
– Қандай танловда?
– “Ёш юлдузлар” танловида.
– “Юлдуз”мисиз?! Қаранг-а! Бахтим чопиб “ёш юлдуз” билан танишибман-да, – ҳазил қилди Фаррух. – Поезддан кечга қолганимга арзир экан.
Фаррух шундай деди-ю, Гулнозани кузатолмай қолгани эсига тушиб, қувончи татимади. Шу қизни деб Гулнозани кузатолмай қолди. Энди бўлса, чарчаб турганида уни АТСга ҳам олиб бориши керак.
– Йўқ, – қиз бошини силкитиб шўх кулди.
– “Юлдуз” эмасман, аммо “юлдуз” бўлиш ниятим йўқ эмас. Ҳозирча ёш хонандаман.
Қиз Фаррухга чой қуйиб узатди, ўзига ҳам қуйди. Суҳбат давомида Дилдора болалигидан қўшиқ айтишга қизиқишини, Тошкент шаҳрида бир йил давомида консерватория қошида машҳур вокал устаси Павел Михайлович Борисовдан дарс олганлигини ва шу йил Тошкент давлат консерваториясининг вокал бўлимига ўқишга кирганлигини айтди.
Кейин улар АТСга боришди. Наманган билан боғ­ланиш нимагадир қийинроқ бўлди. Қандайдир узилиш сабабли Дилдоранинг уй билан уланишига бир соатдан кўпроқ вақт кетди. Охири Дилдора уйидагилари билан боғланиб, уларга самолётга қандай қилиб кеч қолганлиги сабабини ва эрталаб биринчи рейс билан учиб боришлигини айтди. Улар хонага қайтиб келишганида тун ярмига яқинлашиб қолган эди.
Фаррух кетишга чоғланди.
– Мен энди қайтсам. Ёлғиз ўзингиз қўрқ­майсизми?.
Дилдора ҳеч қачон кечаси бир ўзи қолмаган эди. Ёлғизликдан қўрқарди. Шунинг учун ҳам Фаррухнинг кетишини истамади. Лекин нотаниш бир йигит билан кечани бир хонада ўтказишни ўйлаб чўчиди. Фаррухнинг саволига нима деб жавоб беришни билмай, иккиланиб қолди. Буни тушунган Фаррух стулга қайтиб ўтирди. Улар анча маҳалгача суҳбатлашиб ўтирдилар. Қиз Фаррухга ўзининг яхши кўрган хонандалари ҳақида гапириб берди. Уларнинг қўшиқларидан хиргойи қилди. Анна Герман севимли қўшиқчиси эканлигини айтди.
– Сизга Анна Герман ёқадими? – сўради қиз.
– Жуда ҳам, – деди Фаррух.
– У менинг жону дилим, – деди қиз. – Мен унга тақ­лид қилишни яхши кўраман. Ойим бўлсалар, ҳеч кимга тақлид қилма, ўз услубинг бўлсин, дейдилар. Мен эса Анна Германга ўхшашни хоҳлайман. Шунинг учун ҳам сочларимни уникидек қилиб қирқтирганман. Қиз сочларини ушлаб қўйди. – Ўхшайди-я…
Фаррух шу пайтгача қизнинг сочларига эътибор қилмаган экан, қизнинг бу гапидан кейин унинг сочларига зеҳн солиб қаради. Ҳақиқатдан ҳам қизнинг сочлари худди Анна Германнинг сочларидек сариқ, елкасига тушган, тўлқинсимон эди. Кўзлари ҳам кўкимтир. У қизни биринчи кўрганида кимгадир ўхшатган эди. Энди эслади. Уни Анна Германга ўхшатган экан.
– Нега сочларингиз сариқ? Бўядингизми?
– Йўқ. Ҳамма мендан шуни сўрайди. Сочларим ўзи шунақа. Ойим – помирлик, тожик. Айтишларича помирликлар Александр Македонский авлодлари эмиш. Дадам Душанбеда ўқиганлар. Ўша ерда ойим билан танишганлар. Уларнинг ҳам сочи сариқ, кўзлари кўк. Дадам, “Кўккўзгинам”, деб эркалайдилар. Ойим ҳам бунга кўникиб қолганлар.
Фаррух Дилдоранинг бунчалик соддалигига ичида кулиб қўйди.
Кейин гап Анна Герман устида кетди. Фаррух мактабда ўқиб юрган чоғларида артист бўлишни ҳавас қилган эди. У фортепиано мактабини тугатиб, пианинода куйларни яхшигина чалар, Ботир Зокиров ва бошқа ўзбек эстрада “юлдуз”ларининг ашулаларини машқ қиларди. Кейинчалик эса журналистикага қизиқиши устун келди. Ашула айтиш билан бўш вақтларида шуғулланди. Дўстлари даврасида бўл­га­нида қўшиқлар айтиб бериб, уларнинг даврасини қизитарди. У журналистика факультетига ўқишга киргач, санъатни севгани учун, санъат мавзусида ёзишни танлади ва таниқли санъаткорлар, артистлар ижоди ва ҳаётини ўрганди. Шунинг учун ҳам Анна Герман тўғрисидаги гаплар уни қизиқтириб қўйди. Улар хонанданинг ҳаёти, унинг Ўзбекистонда, Хоразмнинг Урганч шаҳрида туғилгани, ҳаётининг охирида оғир касалликка чалинган бўлса-да, севган касби устида тинмай ишлагани, янги қўшиқлар ижро этгани ҳақида гаплашдилар. Фаррух қиздан Анна Герман ашулаларидан айтиб беришини илтимос қилди. Дилдора Фаррухни ялинтириб ўтирмади. Хонанданинг “Берёза” ва “Надежда” қўшиқларини хиргойи қилди. Қиз айниқса, «Надежда» ашуласини шундай мароқ билан куйладики, Фаррухнинг кўзларидан ёш чиқиб кетай деди. Дилдора Анна Герман бу қўшиқни ўзининг Москвадаги охирги сафари пайтида айтганлигини гапириб берди. Кейин эса бу сафар пайтида Анна Герман ва Лев Лещенконинг биргаликда айтган «Эхо любви» қўшиғини қанчалик усталик билан куйлаганлиги, қўшиқнинг ёзилиш тарихини гапирди. Фаррухга Анна Герман билан бир қаторда Лев Лещенконинг ашулалари ҳам жуда ёқар, унинг кўп қўшиқларини ёддан биларди. Шунинг учун ҳам Дилдора Анна Герман билан Лев Лещенконинг биргаликда айтган «Эхо любви» қўшиғи ҳақида гапирганида унинг бутун вужуди титраб кетди. Шу ашулани эшитгиси келди, айниқса уни Дилдора ижросида эшитишни истади.
– Анна Герман сизнинг қандай жону дилингиз бўлса, Лев Лещенко ҳам менинг жону дилим, – деди Фаррух ҳазил қилиб. – Илтимос қилар эдим, шу қў­шиқ­ни айтиб берсангиз.
– Бу дуэт-ку, – деди қиз жилмайиб. – Мен ҳамма сўзларини биламан-у, лекин бир ўзим айтсам, унчалик дуруст чиқмайди ва табиийки сизга ёқмайди. Мен эса рейтингимни туширишни истамайман.
– Унда… Қани бошланг, мен сизга қўшиламан, – деди Фаррух.
– Нима, сиз Лев Лещенкомисиз? – Ярим ҳайра­то­муз, ярим ҳазил билан гапирди қиз.
– Сиз Анна Герман бўлганингизда, мен Лев Лещенко бўлсам нима қилипти?
Иккалови бараварига кулиб юборишди.
– Бўпти, – деди Дилдора ва қўшиқнинг куйини эслаб олиш учун унинг мусиқасини хиргойи қилди ва кейин қўшиқни майин товушда айта бошлади. Фаррух унинг товушини эшитиб лол бўлиб қолди. У ашуланинг сўзларини берилиб тингларкан, қўшиқнинг жўшқин оҳангларида осмонга учиб кетаётгандек сезарди ўзи­ни. У қандай қилиб қизга жўр бўлишни ўйларди. Ке­йин ўзини қўлга олди ва қўшиқнинг ўзига тегишли мисраси келганда ҳаяжон билан куйлай бошлади.
– “Мне до тебе, где бы ты не была,
Дотронутся сердцем не трудно.
Опять нас любовь за собой позвала».
Қиз унга жўр бўлди:
– “Мы эхо, мы эхо, мы долгая эхо друг друга,
Мы память, мы память, мы звездная память друг друга”.
Улар қўшиқни биргаликда: «Мы долгая эхо друг друга» мисралари билан тугатдилар. Фаррухнинг бутун вужуди ҳаяжонга тўлган эди. Қиз қўшиқни шунчалик маҳорат билан айтдики, Фаррух унга жўр бўлар экан, қўшиқ куйлари ичида эриб кетди. Гўёки қўшиқ оҳанг­лари билан юлдузлар оламига бориб қолгандек эди. Қўшиқ тугагач, ўрнидан ирғиб туриб, қизнинг қўлларини ўпмоқчи, унинг олдида тиз чўкмоқчи бўлди. Лекин ўзини тутди. Унинг кўзлари ёнар, ҳаяжондан юзлари чўғдек ловилларди. У Дилдорага ташаккур билдирди ва унинг катта истеъдод соҳибаси эканлигини айтди.
– Жуда мақтаб юбордингиз. Кўп мақтаманг, қи­зариб кетаман, – деди Дилдора соддалик билан.
Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди. Қизнинг кўз­ларини уйқу элитди. У каравотнинг чеккасига бошини қўйганича уйқуга кетди.
Фаррух секин туриб, каравотдаги енгил кўрпани қизнинг елкасига ёпиб қўйди. Қиз енгил нафас олиб мириқиб ухлар, унинг кўзлари хиёл очилган, узун мижжалари гўёки гапираётган вақтида пирпираётгандек кўринарди. Юзларига тушган майин, жингалак сочлари нафасидан тебранар, бу ҳам унга жозиба бағишларди.
Фаррухнинг қалбида қизга нисбатан қандайдир туйғу, меҳр, ўзи илгари сезмаган-тушунмаган ҳис жўш урарди. Унинг қаршисида инсон зоти эмас, гўёки бир самовий хилқат ухлар эди. Фаррух қизнинг сочларини силамоқчи бўлиб аста эгилди. Қўлларини секин унинг сочларига олиб борди. Лекин тегинишга журъат этмади. Қизнинг қаршисида ўтириб унга узоқ тикилди. Унинг нафасини тинглади. Юрак тепишини ҳам сезаётгандек бўлди. У қиз билан биргаликда айтишган дуэтнинг бир бандини ўзи англамаган ҳолда ичида қайтарар, бу қўшиқ унинг бутун вужуди ва борлиғини қамраб олган, ўзи ҳам шу қўшиққа айланиб, қўшиқ оламида сузиб юрарди.
У тушида Дилдорани кўрди. Катта, ёруғ саҳна. Дилдора саҳна ўртасида оқ ҳарир кўйлакда. Унинг тўлқинга монанд сочлари елкаси узра олтиндек товланар, ўзидан нур таратарди. Қиз оркестр садолари остида Анна Германнинг қандайдир қўшиғини куйлар, гуёки қўшиқни Фаррух учун айтаётгандек эмиш. Фаррух унга интилар, лекин одамлар кўп, Дилдора турган ёруғ саҳна ундан узоқда, баландда эмиш. У жуда ҳам кўп одамлар орасида бўлса-да, Дилдора уни кўраётган ва айтаётган қўшиғини унга йўллаётган эмиш. У эса қўлларини узатиб, Дилдорани қутлар, унга интилар, юраги қўшиқ оҳангидан гупирарди. У Дилдорадан “Севгининг акс-садоси”ни айтишини сўрар ва ўзи ҳам жўр бўлишини билдирар эмиш. Лекин Дилдора бошқа қўшиқни куйлар ва Фаррухга қараб, боши билан “йўқ” ишорасини қилиб, жилмаяр эмиш.
Кўзига тушган қуёш шуъласи ва деразадан келаётган мусиқа товуши Фаррухнинг уйқусини бузди. У чўчиб уйғониб кетди.
У кўзини қуёш шуъласидан олиб қочиб, хонага қаради. Хона йиғиштирилган. Қиз ётган каравот бўш. Ўзи эса йўқ.
Стол устида бир варақ қоғозга чиройли ҳарфлар билан:
“Фаррух ака, сизга катта раҳмат. Мени деб анча азият чекдингиз. Узр. Телефон рақамимни биласиз. Қўнғироқ қилсангиз, хурсанд бўламан. Дилдора.
P. S. Илтимос, хона калитини пастдаги навбатчига бериб қўярсиз”.
Фаррух хатни ўқиб, соатига қаради. Дилдора учган самолёт Наманганга аллақачон қўнган. Қиз уйига етиб олган бўлиши керак.
У хатни яна қайтадан ўқиди. Кейин эса уни эҳ­тиётлик билан қатлаб, кўйлагининг чўнтагига солди. Тез ювинди ва қатъият билан телефон станцияси томон юрди.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 10-сон