Ким Со Вол (1902-1934)

Шоир Ким Со Вол (김소월) Сеулдаги Америка коллежи ва Токиодаги тижорат институтида ўқиган. Дастлабки ижодида француз символистларининг таъсири сезилади. “Со Вол” (“Тоза ой”) тахаллуси билан битган шеърлари кореяликлар кўнглидан чуқур жой олган. 1925 йили шоирнинг шеърий тўплами чоп этилган. Со Вол ижодида инсон умрининг қисқалиги, ортга қайтариб бўлмас вақт каби фалсафий тушунчалар билан бирга айрилиқ, ҳижрон, табиат мавзулари ифодаси етакчилик қилади. Шоир 1934 йили ўз жонига қасд қилган.

АЗАЛИЯ*

Мендан толиқиб
кетар онингда
қўйиб юбораман жим.

Яксан тоғлари, Ёнбон қирлари аро
бир қучоқ азалия
тераман – пойингга сочмоқ учун.

Тўшалган йўл
гуллар,
Кета туриб босиб ўтасан енгил.

Мендан толиқиб
кетар онингда,
Нақадар қийин бўлса-да,
Йиғламасман ортингдан бироқ.
____________
* Азалия – гул номи.

АНЧА КУН ЎТИБ

Гарчи неча кун ўтиб, келарсан ёнимга тағин,
Шунда сенга бир сўз дейман: “Унутдим”.

Балки мени койирсан қалбингда узоқ,
Такрорлайман: “Қайғу чекдим, бироқ унутдим”.

Ва гиналаринг санчилса-да ханжардек яна.
Мен учинчи бор дейман: “Ишонмайман – унутдим”.

Хоҳ кеча, хоҳ бугун – эслайман сен-ла кечган кунларни,
Бироқ анча кун ўтиб дейман: “Унутдим кўпдан”.

Рус тилидан Шермурод Субҳон таржимаси

АЗАЛИЯ

Агар зериккан бўлсанг, кетишинг мумкин,
Бир сўз қотмасман.

Дунёдаги энг гўзал арчагуллар гулини териб,
Йўлингга сочгайман.

Ҳар қадам учратиб ушбу гулларни,
Гулбаргларин бир-бир босиб ўтгин сен.

Агар зериккан бўлсанг, кетишинг мумкин,
Ўлсам ҳам… кўз ёши қилмайман.

ТОҒДАГИ ГУЛЛАР

Тоғда — гуллар.
Тоғда гуллар гуллар, гуллар гуллар.
Кузми, ёзми, баҳорми — бари бир гуллар гуллар.
Тоғда,
Тоғда очилар гуллар, ёлғизгина бўлса ҳам очилар.
Тоғда бирам кўпдир сайроқ қушчалар!
Гуллар — истаганингизча.
Тоғда яшанг!
Тоғда гуллар хазон бўлар, тўкилар.
Кузми, ёзми, баҳорми — бари бир гуллар тўкилар.

ҚАЛБ НИДОСИ

Исм чил-чил синди! Сочилиб кетди қоронғиликка!
Чақираман, лекин исмнинг эгаси йўқ!
Чақираман ва мен шу исм билан ўламан!

Қалбимда биргина сўз қолди
Сўнгигача айтилмаган.
Бу — севгилим!
Бу — севгилим!

Қизил қуёш мағриб тоғларин тароқларига илинди,
Оҳулар тўдаси ҳам ғуссанок бу дам.
Юксак тоғ чўққисидан исмингни айтиб чақираман.

Овозим узоқ учар акс-садо бериб,
Осмон ва ер ораси бунчалар узун!

Агар шунда тошга айланиб қолсам-да,
Чақираман ва ўламан шу исм билан!
Бу — севгилим исми!
Бу — севгилим исми!

Мирпўлат Мирзо таржимаси.

АЗАЛИЯ

Сен жимгина кетдинг – даҳшат эди бу,
сен жимгина кетдинг – мен жим яшадим;
осмон чирпанарди қора қуш каби…
Мен сенинг йўлингга гуллар тўшадим…

Сени кутар эдим тоғ ёнбағрида;
азалия гули қоплаган дунё –
гул тердим кўзларинг қувонсин дея…
Сен-чи, у гулларни кўрмадинг аммо…

Тўкилган гулимни топтаган каби,
тўкилган дилимни эздинг, севиклим…
Ярим тун – йиғлаган қалбим оҳидан
титроққа тушмоқда бу етти иқлим…

Сен кетиб борасан… Боқиб изингдан
сўлмоқда гулларим эзилиб, қақшаб…
Лекин кўз ёшимни кўра олмассан!
Сассиз ўламан шу гулларга ўхшаб…

НАСТАРИН

Сен мендан чарчадинг,
кетяпсан секин.
Сендан айриляпман-у
сассизман лекин.

Ёнбён воҳаси,
Яксан тоғларин
майсалар қоплади,
гуллар настарин.

Йўлингга бир ҳовуч
гулларни сепдим,
бир шошган йўловчи
эзғилаб кетди.

Сен мендан чарчадинг,
кетдинг-ку секин…
Юрагим оғрийди,
йиғим йўқ лекин.

Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси