Рафаэль Алберти (1903-1999)

Рафаэль Алберти (Rafael Alberti) 1903 йили Испаниянинг Пуэрто де Санта Мариа шаҳарчасида (Андалусия) дунёга келди. Унинг шеърий тўпламларии: «Ердаги денгизчи» (1924), «Фаришталар ҳақида» (1929), «Узоқ ҳаётга қайтиш» (1953).
Бундан ташқари Алберти 1925 йили «Ердаги денгизчи» тўплами учун Испания адабиёт совринини қўлга киритади. Испаниядаги фуқаролар урушидан сўнг у Аргентинада паноҳ топади. 1977 йили Испанияга қайтиб, то умрининг охиригача шу ерда истиқомат қилади. Рафаэль Алберти 1999 йилнинг октябрида вафот этади.

ДЕНГИЗДАГИ БУҚА

(Йўқолган жўғрофий харита ҳақида ўйлар)

Бу ўлкани шундай деб
атардилар қадимдан.
Қара, буқа териси
кўринади баҳрдан.
Гўё мовий уммонга
бошсиз жасадин суқа,
ялпайганча ётибди.

(Зангори ўлик буқа.)

* * *

Биласанми, бу ўлкада
донли тўлқинларда сузсанг бўлади.
Фақатгина кимсасиз,
жимлик оқимига ўзингни ташла.
Шимолдан жанубгача қуруқлик бўйлаб
қонли тўлқинларда сузиб кетарсан.

* * *

Пўртаҳолзор, боғ эди ўлкам,
денгиз ювиб турадиган боғ,
тиришқоқ занглар ўлкаси эди,
зайтунзорда ўйнаган титроқ.

Қўнғир бўлди питра дўлидан,
тоб ташлаган терига дўнди.

* * *

Кошки йиғлаб, кўнгил бўшатсанг.

Қушқўнмасу ғазанда ўтлар,
хандақларда музлаган балчиқ,
этик ечиш ҳақда ўйлама.

Аскар ҳалок бўлган лаҳзада
деразани ланг очиб, ё раб,
додлаворди муштипар денгиз
ўғлонининг расмига қараб.

Кошки сўзлаб беролсанг буни.

* * *

Мендан икки қадам нарида ўлим,
сендан икки қадам нарида ўлим.
Мен уни пайқадим,
сен-да пайқадинг.

Қоқарди ҳамманинг дарвозасини,
бақирар ҳамманинг қулоқларига.
Овозин эшитдим,
сен-да эшитдинг.

Бироқ у атайлаб иккимизни ҳам
кўрмагандай ўтди наридан.

* * *

Бир қишлоқи аскар,
ўспирин бир аскар орзу қиларди —
мабодо бир куни уруш тугаса,
қаллиғимни олиб келардим,
бир кўрсайди пўртаҳоллар гуллаганини,
тушига кирмаган денгизни кўрсин,
кемаларни, қайиқлардан яйрасин дерди.

Бир куни уруш ҳам тугади.
Зайтунлардан қон томар,
далаларда ёйиларди қон.

* * *

Тамакининг тумандай тутунидан кўринар
фаранг дарёсининг юзаси,
илашар мойбўёқли сувўтларига
чпқиндилар, синиқ нарсалар.
Аммо кўринмайди деразалардан
на испан дарёси, на теракзор испан йўллари.

Қўлларимни солайми совуқ суюқ балчиққа,
қўлларим-ла тўсайми.
Сассиқ лойқа қусаётган бу қувурлар оғзига
муштларимни тиқайми.
Бироқ кўринмайди деразалардан
на испан дарёси, на теракзор испан йўллари.

Янги шилинган тери парчасига қарайман,
бир парча буқа терисига,
тери билан сузади чўккан додлар шарпаси
сузар, сузар денгнзга, бўм-бўш денгизга.
Аммо кўринмайди деразалардан
на испан дарёси, на теракзор испан йўллари.

Эй, парча тери, эй дарёда сузган дарбадар,
сенга тикилган чоғимда
томчилашини унутган кўзёшларим тўсатдан
оқаверар дарё каби, дарё каби.
Аммо кўринмайди деразалардан
на испан дарёси, на теракзор испан йўллари.

* * *

Шўрлик буқа! Бир куни турасанми
бошингни тумандай чулғаган хобдан.
Ҳайдайсанми сўналарни кучли думинг-ла,
чайиб салқи қовоқларни денгиз сувида,
қарайсанми аввалгидек тетик ва мағрур.
Қон қусиб ётибсан,
зулмату қўрқувдан эзилиб,
тинмай бўкирасан,
кутасан тонгнинг қизғиш шуъласи
тунни қоқ иккига бўлар пайтини,
кўтарасан найзалардай мугузларингни.

Бугун эса заррин чағалайлар-ла
тасодифан ўрмонлару далалардан учиб келгап
меҳмон қушлар галасп мугузларинг узра
аянчли нолалардан чамбарлар тўқир.

Мойи сирқиб оқаётган,
пачоқ бўлган хампалардан оққан қондай шаробга
бўкиб кетган жонсиз қирғоқларинг бўйлаб
дельфинларни миниб ўтлар чўккан боларлар.
Сен тобора кўзларимдан узоқлашасан,
орзу қолар, умид қолар менинг бағримда —
денгиз узра бир кун юксалар, дейман.
порлаб қолар дейман қуёш, ою юлдузлар
бу ўжар буқанинг буқрасида.

* * *

Ҳали оёққа туриб, яна исён қиласан,
ёввойи ҳамда қайсар, шохларинг санчиб кўкка,
майсаларни топтайсан, адирларга ўрлайсан,
тирилган, яшил буқа.

Шунда барча қишлоқлар
йўлларидан қочиб кетар сен билан кўришгани.
Қадларин ростлаб қолар букчайган дарёлар-да,
чиқажак ер қинидан ирмоқлар ханжарлари,
шодликдай гулласин деб қуриган дарахтларнинг
жони йўқ панжалари.

Шунда барча қўйлар
чўпонлардан қочиб келар сен билан кўришгани.

Денгизлар юва туриб сени шарафлар,
яна эркин ўтлайсан тоғлар, водийлар аро,
эркин буқа, тағин сен ўз ҳолингга қайтасан,
ўз-ўзингга ҳукмдор.
Шунда барча йўллар
шаҳарлардан қочиб келар сен билан кўришгани.

ЧЕТ ЭЛЛИК

Тилим, айтгин, ўзга элларда
менга қандай ёрдаминг тегар?

Бир ютим сув бўлсайди кошки.

(Чет элликми? Нима сўрайди?
Сувми? Қани, эшикни беркит:
Кун кўзидан яшир булоқни.)

Бир бурда нон бўлсайди кошки.
(Чет элликми? Нимага вайсар?
Қорни очмиш? Итларни ечвор:
бир бурда йўқ ўзимизда ҳам.)

Тилим, тилим, ўзга элларда
бирор нарса сўрама асло.

* * *

Қичқирди у уйғониб тонгда,
Мен гиёҳман,
намчил гиёҳман.

Мен гиёҳман. Қат-қат япроқли
гултож бўлгум улғайганимда.

Мен гиёҳман. Сакрасам агар
Шовиллашим мумкин дарахтдай.

Мен бақириб қушга дўнаман,
Агар учиб чиқсам…

Шу кечаси нозик гиёҳнинг
овозини эшитди осмон.

* * *

Куйлаш керак дўнмоқ учун
элим гулига.

Ўтлаб юрсин атрофимда
элимнинг моли.

Кўшиғимни ёдда тутсин
элим қўшчиси.

Диққат билан қулоқ солсин
элимнинг ойи.

Чанқоғимни боссин денгиз —
элим денгизи.

Бошим узра келиб турсин
элимнинг қизи.

Ич-ичига кўмсин мени
элим юраги.

Чунки, жуда ёлғиздирман,
қара, элимсиз.

Бироқ ҳали яшамадим
бир кун элимсиз.

* * *

Очлик олиб кетар орзуни,
лек ҳамиша куйламогим шарт.

Турма тўсиб қўяр орзуни,
лек ҳамиша куйламотим шарт.

Ўлим ҳалок этар орзуни,
аммоки мен
ўшанда ҳам куйламоғим шарт.

* * *

Расм, тасвир каби уларни
мен олиб кетаман кўзларимда,—
кўзларимнинг тубида.

Мен келаман, кўзларимга боқарлар,
бирор одам сўйлар:
«Дарёлар ва отлар бор кўзларингда» деб.

Ёт уфқлар жони қолди
аста жимиди
кўзларимнинг тубида.

Эшитмаяпсизми? Олисдаги сувлар
унутилган отлар оҳиста
кўзларимдан ўтмакда.
кўзларимнинг тубидан.

* * *

Бугун олиб келди менга булутлар
учар харитасин Иснаниянинг.
Бу харита дарё узра мунчалар кичик,
мунча улкан яйловларга
тушган сояси.

Харитадан тушган кўланка
ёпди йилқи уюрларини,
бу соя тагидан изладим.
қишлогимни, уйимни отда.

Мен ҳовлига кирдим, бунда қачондир
фавворадан сув отиларди.
Гарчи ўзи бўлмаса ҳамки
шарқиради тинсиз фаввора.
Гарчи унда сув бўлмаса ҳам
чанқоғимни қондиради сув.

БУ ГЕНЕРАЛ

— Мана, келди генерал,
Генералга не керак?
— Яроқ сўрар генерал.
— Яроқ йўқдир, генерал.
Генералга не керак?
— Бир от сўрар генерал.
— От қолмади, генерал.
Генералга не керак?
— Жанг қилсам, дер генерал.
— Энди жанг йўқ, генерал.
Генералга не керак?
— Ўйнаш сўрар генерал.
— Энди ўйнаш бўлмас, генерал.
— Бир бўчка май беринг, дейди генерал.
— Бўчкаям, май ҳам йўқ энди, генерал.
Генералга не керак?
— Бир бўлак яхна гўшт сўрар генерал.
— Энди сўқимлар йўқ, генерал.
Генералга не керак?
— Озгина ўт есам дейди, генерал.
— Энди ўтлар йўқ генерал.
Генералга не керак?
— Бир қултум сув сўрар генерал.
— Энди сув йўқ, генерал.
Генералга не керак?
— Каравотда ухлаволай дейди, генерал.
— Энди каравот ҳам, уйқу ҳам йўқ, генерал.
Генералга не керак?
— Ерга кириб гумдон бўлай, дейди генерал.
— Энди ер қолмади, генерал.
Генералга не керак?
— Ҳеч бўлмаса итдай ўлай дейди, генерал.
— Энди ит қолмади, генерал.
Генералга не керак?
Генералга не керак?
Генерал қотиб қолди шекилли.
Генерал нес бўлиб қолди шекилли.
Генерал ўлди шекилли.
Афсус, минг афсус-а ҳатто ит каби —
Ўлолмасдан ўлди генерал.
Қайтадан генералсиз яшай бошлайди дунё.

Испанчадан Шавкат Раҳмон таржималари

ЙЎҚОЛГАН ТАРОҚҚА ҚАСИДА

Ухла, ухла, севгилим,
Қувноғим,
Қайда қолди шишадан
Ясалган ул тароғинг?

Ул шишадан ясалган
Тароғинг йўқ энди,
Ухла,ухла,севгилим,
Унинг ранги кўк эди.

Ухла,ухла,севгилим,
Титроғим,
Йўқолди кўк шишадан
Ясалган тароғинг.

* * *

Истайманким, кулмасанг дейман,
Қошга сурма сурмасанг дейман,
Чаккангга гул илмасанг дейман,
Зангор кўйлак киймасанг дейман,
Қизил шалвор киймасанг дейман.

Истайманки,гулмас,кул бўлгин,
Қора кийгин,қайғуга тўлгин.
Кўзларингдан боқсин доим тун,
Кўзларингда бўлсин доим мунг.

СЕВГИЛИМ

Менинг ёрим бўларсан,
Фақат ёрим бўларсан.

Севган қизим бўларсан
Сен мен учун, эй жонон.

Аммо билгин мен сенга
Уйланмайман ҳеч қачон.

* * *

Агар кетсам йироққа,
Агар кетсам, ёр,

Кетсам-да, соғинмасам
Мен сени, дилдор,

Шамоллар келиб қучар
Ва мени сен томонга
Шамоллар олиб учар.

* * *

Уйғон, жоним, тонг отма, уйғон,
Келиб чўм тун дарёсига, ёр.

Симирайлик соҳилда туриб
Тонгнинг тилла салқинини, ёр –
Мен сени кутарман зор.

Мен сени кутсаму зор,
Тонгни кутмоқ шартми, ёр.

ҚОРА ГУЛ

Қора кийдим, кўзларимда ёш,
Тўртта девор ичра асира,
Юзга қора ўртук тортилган.

Ошолмассан сен бу девордан,
Тотолмассан бу лаб тотидан.
Пўртаҳолу лимулар шохи
Деворлардан турибди ошиб.
Қандай салқин бу қўл етмас боғ…

Кўзим нури ва бу олтин боғ
Насиб бўлмас сенга ҳеч қачон.

* * *

Ғам солганинг учун юракка
Доғ бўлгани учун бу кўксим,
Айлан қора калтакесакка,
Сени кўриб бақаям кўлсин.

Оромимни олганинг учун,
Тунлар дилим тилганинг учун,
Совуқ, қизил илонга айлан,
Айлан, қора қарғага, айлан.

Қамчи ханжар бўлганинг учун
Қулоғингга сўзларим етсин;
Қора денгиз девига айлан,
Токи сени ўпқонлар ютсин.

АСИРА

Ота-онанг
Сени деб ўлар,
Кеча-кундуз
Сени қўриқлар.
Уришарлар қошингга
Келсам
Ёки сенга гапирсам,
Кулсам,
Агар менга эрга чиқмасанг
Дунё ҳаром, деб сенга айтсам…

* * *

Тунда пинҳон эшикдан чиққин
Ота-онанг уйқусин бузмай
Ва зайтунзор ёққа қараб чоп.

Ҳув, зайтунзор, қўл чўзсанг етар…
Отим тайёр – жарда ётарман,
Фақатгина сени кутарман.

Қўрқма, келгин, қурсатни чўзма,
Зулмат сенга кўйлагин берар…
Ота-онанг уйқусин бузма.

* * *

Кўчаларнинг тошига
Оёғим қони томди,
Кездим
Боғинг четида,
Девор
Ёқалаб юрдим,
Уйингга кўзим тикдим –
Кўринмадинг, сен дилдор.
(Қайдасан, жоним, қайда?)
Кутганларим
Бефойда!

* * *

Бир сирдан дунё огоҳ,
Бу сирни фаррош билар.
Чегачи уни куйлар,
Дўкондорга ёш ҳаммол
Бу сирни ҳар кун сўйлар,
Шишасоз эса бошин
Ликиллатиб маъқуллар,
Гўрков хуноб: бу сирни
Ҳатто мурдалар билар…
Фақат сен билмайсан, ёр.

Хуршид Даврон таржималари

* * *

Биламанки, орзуларни очлик еб-битиражак,
Аммоки, мен аввалгидай куйлайверишим керак.

Ҳибсу зиндон умидларни унутдириб юборар,
Аммоки, мен аввалгидай куйлайверишим керак.

Ўлим орзу-умидларни ўлдиражак, эй юрак,
Аммоки, мен аввалгидай куйлайверишим керак.

Тоҳир Қаҳҳор таржимаси

ДЎСТ

Кўришиш насиб этган чоғида,
сўрашамиз икки дўст туриб ёнма-ён:
(— Қайси манзиллардан келаяпсан, сен?
— Денгиздан. Яйловдан.)

Кўришиш насиб этган чоғида,
донг қотиб сўраймиз бир-биримиздан:
(— Қандай хаёлларга банди бўлдинг, сен?
— Денгизга. Осмонга.)

Кўришиш насиб этган чоғида,
хўшлашамиз фақат нигоҳлар ила:
(— Қаерга чоғланиб, йўл олгайсан, сен?
— Денгиз сари. Ёлқин сари.)

Икром Отамурод таржимаси

I

Куйлай бошларман жўшиб,
сизни олис сафарга
бошлаб кетсин бу қўшиқ.

II

Кўҳна Рим фаввораларидан
Аргентина даштларигача
сиз бирга борарсиз у бирлан.

III

Лек, уммонда йўллар бор,
йўлки – ҳаво, ҳаводан
юрмоқмас, учмоқ даркор.

IV

Мана бир кун саҳарда
ўз гитарам билан мен
учиб кетдим шаҳарга.

V

О, мен сиғмаган чўллар,
онгнинг унут гирдоби
сўзни ютмоқчи бўлар.

VI

Бироқ яна куй, ўт, ер,
даштлар, от, бу қўшиқ, оҳ…
юрагим ёрилай дер.

VII

Қораялоқ, бер куйлар!
Гулдан соя сўрарман,
соддадилдан туйғулар.

VIII

Куйлай, жамланг диққатни,
қўшиғим ёлғон эмас,
айни бир ҳақиқатдир.

Ва лекин, қандай куйлай
ўз йўлин айтиб ўтган
зот ҳақида пайдар-пай?

Х

Бойчечакни учирмоқ лозим
шамол билан узоқ ёқларга.
Бироқ бунга етмас овозим.

ХI

Чечак шунга зор ахир.
Бу шундай гулки, унга
даштларимиз тор ахир.

ХII

Ахир, менинг қўрқмасим
тўқмоғу қўндоқларга
кўксин тутиб турмас жим.

ХIII

Азизим писанд этар
на дорни, на қафасни.
Оқибат, ўлиб кетар.

ХIV

Ўққа учгай бир куни.
Бироқ, бу гал ўлимдан
оти қутқарди уни.

ХV

Топгач қароқчиларни
бадар ташлади кетди
у лаънати лашкарни.

ХVI

Бўларди сўзни узсам,
афсус, изидан боқиб
бўғзима тўлди ғуссам.

ХVII

Тун аро кезар сайёҳ,
барча қувғинлар каби,
кўкда юлдуз чекар оҳ.

ХVIII

Куч кетиб бўғинидан
у қутулмоқ истайди
олчоқлар зуғумидан.

ХIХ

У бадар кетар бундан.
Чунки, насроний қавми
меҳр кўрмас ҳиндудан.

ХХ

Қисмат қўшиғин алҳол,
у айтгандай тиғ тутиб,
айтмоқ биз учун маҳол.

ХХI

Энди ҳам айтолмасман,
у шўрлик беш йил чўлни
айлаганини маскан.

ХХII

Унинг кучи, чидами
ҳақда айтсин ерга жо
Крус отлиғ ҳамдами.

ХХIII

Бевафо хотинидан,
болаларидан айру…
саботи шон қозонган.

ХХIV

Оқил эди беадад.
Мақол ва маталлардан
олиб турган у мадад.

ХХV

У шум Вискача ўрган
мустаҳкам ришталарнинг
пишиқ толалариндан…

ХХVI

Минг бора узр бўлсин,
бу қўшиқ қаҳрамонин
айта олмадим исмин.

ХХVII

Лек, айтарман вақтида,
қўшиғим марди майдон
Мартин Фьерро ҳақида.

ХХVIII

Айтдимми, билинг демак,
ҳеч ким даштда унингдек
озод ҳамда ҳур эмас.

ХХIХ

Минг бор бўлардим рози,
шеъримга уйқаш бўлса
шул қушларнинг овози.

ХХХ

Қўшиғим бўлди адо.
Рим фаввораларига
от чопар, инграр ҳаво.

* * *

Денгиз. Ва яна денгиз.
Денгиз. Ва фақат денгиз.

Ота, нега сиз мени
шаҳарга олиб келдингиз?

Ота, нега сиз мени
денгиздан юлиб келдингиз?

Тушимда бўғзим қадар
кўтарилиб мавжлари
қалбимни олиб қайтар.

Ота, нега сиз мени
шаҳарга олиб келдингиз?

* * *

Тушимга кирар қирғоқ
доим бўм-бўш ва мудроқ.

Фақатгина, уфқда
жуда олис кеманинг
кўринар оқ елкани.

* * *

Ўлик қуёш…

Лаънати денгиздан,
тубсиз денгиздан
тўлқинлар самога
чиқариб қўйган…

Ўлик каравелла…
Устихонларга тўла…
Ўлик денгиз…

* * *

Мовий қўрғон.
Тўлқинлар.
Африкадан меҳмон тўлқинлар.
Улар келар, кетар…
Ва яна келар.

Кимни олиб кетарсиз
бизнинг ердан, тўлқинлар?
Бу мовий кенгликлардан
сиз билан қайтар кимлар?

ДЕНГИЗ

Тушимнинг ҳаракатсиз
бутоғига ўралган
рангпар парда сингари
тунлар сени кўрарман.

Кемалар рўмолини
силкитиб кетар маъюс.
Улар кетар, мен эса
ухлаб ётибман ҳануз.

ЯРАДОР

− Рўмолингни ҳадя қил,
боғлаб олай ярамни.

− Қай бири сенга маъқул,
қизилими, қорами?

− Майли, қайси бўлса ҳам,
қара, қон менинг кўксим.

Рўмолнинг ҳар бурчига
қалбинг тикилган бўлсин!

ЛАЙЛАК АЛЛАСИ

− Лайлак куйи кўп ғализ,
сал дағал ва ёқимсиз
ухлаб бўлмас куйласа.
− Бекорларни айтибсиз.

− Тепадан оқар бир сас,
пала-партиш, тартибсиз.
Бу алла илоҳиймас…
− Бекорларни айтибсиз.

ТОШБАҚА УЧУН АЛЛА

Шоду хуррам тошбақа,
чекмайди ғам тошбақа.

У лол қолдириб бизни,
паққос урар ялпизни.

Пойгакда сув тўла тос,
у шўнғиб кетар бехос.

Абжирлик ила шўнғир,
туси яшилу қўнғир.

Тосдаги бу дангаса
жим қотар пича сузиб.

У мўлтирар, биз эса
кулармиз ичак узиб.

ЎЛИК БОЛАГА АЛЛА

Ерлик денгизчиман мен,
ўнтача қайиғим бор.

Хизмат қиларман текин,
кўпам этмасман абгор.

Гоҳ тўрда, гоҳ қармоқда
яшармиз балиқ тутиб…

Қара, ой оқармоқда
бир сени интиқ кутиб.

УЛОҚЧА ҲАҚИДА АЛЛА

Эчкимизнинг қордай оқ
улоқчаси бордир, у
сенинг йўлингга муштоқ.

Агар, сўрсанг бармоғинг,
сен билан ўйнамайди
менинг қордай оппоғим.

ҚОРА ГУЛ УЧУН АЛЛА

Алла, қора тун гули,
ухла роҳатга чўмиб.
Япроғингни ёзмагил,
олгил кўзингни юмиб.

Алла, чечагим, алла,
ухлайвергил илоҳим,
шафақнинг ишқ гулига
айлангунингча токим.

Қора гул, ухла, гулим,
очма бирорта ғунча…
Табиат сенга сўлим
либос кийдирмагунча.

* * *
Мадрид.

Сен менинг ҳур гулим бўл,
ҳур гулим бўлгил фақат.
Сен менинг севгилим бўл,
Севгилим бўлгил фақат.

Хотиним бўл.
Йўқ.
Ҳеч қачон.
Ҳур гулим бўлгил фақат.

* * *
Сан-Рафаэль
Сьерро-де-Гвадаррама.

Сени ташлаб, азизим,
мен кетиб қолсам агар,

кетиб қолсам, сен мени
соғиниб толсанг агар…

Бир кун ўйноқи шамол
гул сочар йўлларингга,

сўнгра мени бемалол
топширар қўлларингга.

* * *
Аранда-де-Дуэро.

Тур, жоним, боқ дунёга
чиққил тунги дарёга.
Субҳидам салқинида,
панжаралар ёнида
қароғимда гардим бўл,
дардим бўл,
ҳамдардим бўлгил,

Йўлингга кўз тикарман,
менинг бедард маликам.
Интиғу интизорман,
кутмай қўйдим тонгни ҳам.

* * *
Роа-де-Дуэро.

Бизга очиқ дарё қучоғи,
фақат кўприк бошқа бу сафар.
Унинг икки арки − қароғи
катта менинг кўзларим қадар.

Сен билан мен бирга улоққан
боғдагидай чоғимда,
рухсорингга ҳайратда боққан
чоғдагидай чоғимда?!

Шубҳасиз,
шубҳасиз, албатта,
унинг икки арки − қароғи катта.
катта менинг кўзларим қадар.

ИСНАҲОР МИНОРАСИ

Минорада банди бўларман,
бунда банди бўлиб қоларман.

(Барча дарча шамолга очиқ).

“Ким шимолда ҳайқирар, пари?”
“Дарёмиз тўлқинлари”.

(Учта дарча шамолга очиқ).

“Жанубда ким инграмоқда, айт”.
“Фақат шамол инграйди бу пайт”.

(Икки дарча шамолга очиқ).

“Ким у шарқда оғир тин олар?”
“Бу туйнукда жасадинг қолар”.

(Битта дарча шамолга очиқ).

“Дўстим, ғарбда йиғлаётган ким?”
“Тобутинг кўтарган мендирман балким?!”

Энди уни тан ололмасман,
банди бўлиб ҳам қололмасман.

Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси