Хуан Рамон Хименес (1881-1958)

Хименес Хуан Рамон (Juan Ramón Jiménez; 1881.24.12, Могер — 1958.29.5, Сан-Хуан, Пуэрто-Рико) — испан шоири. Испан модернизми бошловчиларидан. Дастлабки шеърий тўплами — «Бинафша ҳиди» (1900). «Қофиялар» (1902), «Ғамгин куйлар» (1903), «Олис боғлар» (1904), «Пастораллар» (1905) шеърий тўпламлари, «Платеро ва мен» (1914) лирик қиссаси модернизм усулида ёзилган. «Ёз» ишкий шеърлар тўплами хотини — америкалик шоира Зенобин Кампрубига бағишланган.
Хименеснинг кейинги тўплами «Шоир куёв боланинг кундалиги» (1917) ўзининг АҚШга сафари таассуротлари асосида ёзилган. Шеърлар испан шеъриятида биринчи бор эркин усулда ёзилган. Кейинги 20 йил давомида испан адабий журналларида танқидчи ва муҳаррир бўлиб ишлаган, ижодида эса, ўзи айтиб юрадиган «мангуликка ташналик»ни ифодалашга ҳаракат қилган. «Мангулик» (1918) китобида олдинги ёзган шеърлар идан воз кечиб, «соф» шеъриятга интилган. «Тош ва осмон» (1919), «Гўзаллик» (1923) шеърий тупламларида гўзаллик ва улим, ижод ва руҳ озодлиги орасидаги боғлиқлик мушоҳада килинган. «Янги дунё қўшиклари йили» (1923—36) антологиясида табиатдаги ҳукмрон мувофиқлик нозик ҳис билан акс эттирилган. 1951 йил «Худо — исталган ва истовчи» поэтик цикл устида ишлаган. Тўплам тугалланмаган, бошлаган шеърларини бошқа бир тўпламга қўшиб юборган.
Нобель мукофоти лауреати (1956).

* * *

Елкасида ирғай таёғи,
қорайган уфқ тагида равон
Ёйилётган қарағайларга
Тикилади умидсиз чўпон.

Сўқмоқларни чангитган пода
Қоронғида имиллаб борар.
Қўнғироқлар саси ойдинда
қайғулироқ янграр тобора.

Оқ туманда яширинар кент,
кўринмайди ўтлоғу чироқ.
Фақат изғиб юрар кимдандир
қолиб кетган абадий фироқ.

Сой ичига ютар нафасин,
кўринмас сув йўли симликда,
Бироқ аён бўлар сувларнинг
теранлиги чексиз жимликда.

Ёйилади борлиқ. Гўёки
ўлик воҳа — йўқдир бир кимса.
Фақат улкан ойнинг тагида
қўнғироқлар ноласи тинмас.

* * *

Ҳувиллаган далалар ғамгин,
ғарамларга сероб сайҳонда
куз оқшоми тўшалар сокин,
пичан ҳиди анқир ёбондан.

Қаердадир йиғлади булбул,
қарағайлар — жамийди хобда,
бошларида осмон настарин
тусидаги нафис ҳижобда.

Сайҳон роҳи бошлайди мени —
эргашарман қўшиқ товшига,
куз нафасин тарайди қўшиқ.
худо билар, кимнинг бошида
куйлар аввал куйлаганидай,
чорлаб кетган ёрини нолон,
тўшаларди куз оқшоми жим,
пичан ҳидин тарарди ёбон.

* * *

Тор кўчалар қаршилар шомни,
кўҳна жимлик бағрида атроф.
Жимлик билан бирга тушади
дарахтлару дарчаларга хоб.

Четда қолган шаҳар устида
ситоралар милтиллаб ёнди —
бу келгинди, апрель осмони —
бинафшаранг, хомуш осмонда.

Боғ симғови оша чироқлар,
ит ангиллар шомги хилватда.
Сафсарлашган кўкда қорайиб
кўршапалак чиқар зулматдан.

Кўр боланинг қотган кўзига
сарғиш шуъла тушар чироқдан,
есир хотин хотиралари:
мурдалар ҳам инграр ҳарёқда!

Афсоналар айтардик узоқ
мана шундай серюлдуз осмон
остидаги апрелнинг шундай
тунларида бизлар бир замон!

Оқшом эса улкан, майиндир,
олисларга етар кечаси
тунни чорлаб акс-садодай
ҳайқирувчи қишлоқлар саси.

* * *

Аравалар келди, шу ерда…
— деди қарағайлар, шабада,
ой шивирлар, қичқирар садо,
туман огоҳ бўлди хабардан —
Аравалар қуёш изидан
бирин-кетин борар судралиб,
олиб келар улар ўрмондан
дарахтларнинг қора мурдасин.

Қандай инграр бу аравалар
Пуэбло Нуэво йўлида!

Ҳўкизлар ҳам эриниб қўмсар
юлдузларнинг бўзарган нури
остидаги ёз, ҳовли, пичан
ҳиди анқиб турган охурни.
Аравалар ортидан келар
подачилар ўйчан, паришон:
кифтларида — учли таёқлар,
кўзларида — оқшомги осмон.

Қандай инграр бу аравалар
Пуэбло Нуэво йўлида!

Аравалар келар даладан,
дарахтларнинг қора мурдаси
юракларга қолдириб кетар
совуқ ҳаво, бухўрнинг исин.

Қишлоқчада кечки саждага
жом чалинар, оҳанглар бўзлар
чиришларнинг ҳидини уфурган,
ҳувиллаган далалар узра.

Қандай инграр бу аравалар
Пуэбло Нуэво йўлида!

* * *

Биламан, мангулик
дарахтиман мен,
юлдузларни боқдим
ўз қоним билан,
шохлардаги қушлар —
орзу тушларим.
Агар мен йиқилсам,
гар кесса ўлим —
қулайди осмон.

* * *

Қайғули ўй уйимга кирди,
гўёки тун қуши тўсатдан
учиб кирди уйга кундузи.
Қандай ҳайдаб чиқарай уни!
Қимирламай, жимжит ўтирар,
сой, гулларга қараб бепарво.

* * *

Тасодифий шодлик,
унутма мени!
Қачондир негаки ишондим — тондим,
неники орзиқиб кутдим — унутдим.
тасодифий шодлик, эй сен, бевафо,
унутмагин мени,
унутмайсанми?

КУЗГИ ҚЎШИҚ

Оқшомнинг олтин уфқида
турналар учар… Қаерга?
Олтинсой олтин баргларни
оқизиб кетар… Қаерга?
Бораман олтин анғиздан,
билмайман, аммо — қаерга?
Қаерга, ахир, олтин куз,
олтин сув, ахир, қаерга?

МУСИҚА

Томирларинг мустаҳкам эмиш,
қани ахир
ўша томирлар?
Томирларим эртанги кунда,
эртанги қуш, майсалардадир!

ЯШИЛ ҚУШЧА

Дарёга кираман,
сувнинг изидан
кетаман зангори соҳиллар аро.

Зангор соҳиллардан боқдим: тобора
узоқлаб борардим сувнинг изидан,
қовушиб, қўшилиб борардим шитоб
қирғоқда қолаётган гўзаллик билан.
Алвидо! Қўрқинчли эмасдир бироқ
ўзни гўзалликда қолдириб кетмоқ!

ВАТАН

Қуёшнинг беғубор
япроғи — қайдан?
ўйлаётган бу бош, эзилган юрак —
қаердан?
Қаердан бу куйлаётган
шиддатли оқим?

* * *

Кифтга кўйиб ирғай таёғин,
кунботарда туманлар мисол
қора тортган карағайзорга
хомуш қараб юрар қўйчивон.

Қоронғилик босған олдинда
сурув йўлни чангита борар,
кўнғироқлар товши ойдинда
қайғулирок, янграр тобора.

Кўринмайди қишлоқ олисдан,
кўринмайди сайҳон, чироғи.
Фақат изғиб юрар борлиқда
кимларнидир аччиқ фироғи.

Йўқолади сойнинг шов-шуви,
билинмас қай тарафга юрар.
Аллақайда оқётган сувнинг
чуқурлиги сезилиб турар.

Коронғига қўшилар борлиқ,
кўринмайди бирорта кимса.
Улкан ойнинг тагида ёлғиз
кўнғироқлар ноласи тинмас.

* * *

Қайтолмасман. Абадулабад
майин тўлқин сингари энди
ёлғиз ойнинг тагида фақат
тун эркалаб тебратар ерни.

На бир изим, соямдан асар
қолмаган бу қаровсиз уйда
энди шамол кезар дарбадар,
кезар руҳим излаб беҳуда.

Излайдими биров ортимдан,
қилармикин биров мени ёд,
худо билар, ўзи бормикан
мени эслаб йиғлагучи зот.

Аммо гулу юлдузлар бордир,
тағин жафо, севинчу баҳор,
дарахтларнинг тагида холи
ногаҳоний учрашувлар бор.

Гоҳ эскирган пианино ҳам
бўшлиқларга таратар садо,
аммо энди қрронғи босган
деразамни очмасман асло.

Шавкат Раҳмон таржималари

НИҲОЯ

Мен ҳам кетарман.
Аввал қандай сайраган бўлса,
қушлар шундай сайрайверади,
боғ қолади боғлигича,
боғдаги дарахтлар ҳам,
қудуқнинг тубида эркаланар ой.

Қўнғироқлар жаранглаб хушҳол,
пориллаган куннинг тиғида,
мен ҳақимда эслар эҳтимол.
Уфқ бир дам сақлагай сукут.

Ўзгаради йўллар, сўқмоқлар,
ўтар бир-бир суйганларим ҳам.
Боғимдаги сокин ўтлоқнинг
оғушида зерикар соям.

Мен кетаман, ҳаммаси қолар —
дарахтлар, тонгги шудринглар,
ойни қучоғида эркалаган
қудуғим ҳам қолар, шубҳасиз…

Аввал қандай сайраган бўлса,
қушлар шундай сайрайверади.

* * *

Ёғилади тилло баркашдан
кўз олгувчи ял-ял шарора.
Қуйилгани сайин тобора
мунавварлик тўлар кўнгилга.

Гўё қудуқ тубидан зилол
чашма сизиб чиққан сингари.
Талпинади осойиш билмай
ёғду, ташна Она-Ер сари

Гул ва юлдуз шундай ёнма-ён
эсиб турар ҳузурбахш сабун.
Бахт тўкилиб қолган бу жойда
мовий дунё ётар ястаниб.

* * *

Бир кун қўнгил очиб шунчаки,
десам, менинг ёлғиз тилагим —
ёрим баҳор яшнаган чоғда
кийиб юрса ҳарир кўйлагин.

Пирпиратиб мовий кўзларин,
умид-ла у боқди ирғаниб,
шу дам ғунча лабидан маъюс,
табассуми кетди сирғалиб.

Шундан буён май оқшомлари
тақдир бизни дуч қилиб турар —
кўчасининг бошида у қиз
оппоқ кўйлак кийиб ўлтирар.

* * *

Келди умр каби ўткинчи,
хўшлашмоқнинг сокин оқшоми.
Сўнгги туғишганим, алвидо…
Мен истайман мангу яшашни!

Шафақланган уфқ ловиллар…
Мажруҳ қилар қонталаш япроқ,
орзуларга тўлиқ дилимни.
Мен истайман мангу яшашни!

Қандай гўзал бу турфа олам!
Сўниб қолма, пирпираган шам,
Мен албатта мангу яшайман,
сен ҳам мангу қола қол, оқшом!

* * *

Мени унутмагин
кутилмаган қувонч!
Ишончларим чилпарчин бўлган,
узоқ кутганларим унутилган.
Аммо, сен беқарор, кутилмаган қувонч,
унутмагин мени!
Унутмайсанми?

* * *

Ана улар келди, чортоқ арава…
Қайрағочлар айтди, шамоллар айтди.
Акс-садо келди ойдан шивирлаб,
Мўридан бурқсиган тутундан қайтди.
Чортоқ аравалар келар ғичирлаб,
Оқшомда қуёшга йўлдош, йўл тортиб.
Чортоқ аравалар келар пичирлаб,
Ўрмондан дарахтлар танасин ортиб.
Аравалар… ночор, ҳорғин ирғанар,
Пуэбло Нуэвонинг йўлида улар!
Юлдузлари рангсиз осмон остида
Ҳолсиз корандалар суради хаёл –
Ҳили балқиб турган ёзнинг келишин
Ва иссиқ бошпана, бир қучоқ похол.
Арава ортидан йўлин тусмоллаб
Қоқшол елкасида чўпон таёғи,
Кўзларига чўккан туннинг зулмати.
Подабоқар келар судраб оёғин.
Аравалар… ночор, ҳорғин ирғанар.
Пуэбло Нуэвонинг йўлида улар!
Ортда қолар сайҳон, дарахт лошлари,
Юракларга эса мероснинг бори –
Пайраҳа ҳидию яхдай ҳаволар,
Ушалмаган орзу – дилнинг озори.
Олис-олислардан, қишлоқ буржидан,
Шомги қўнғироқнинг зори таралар.
Шипшийдами чиққан сайҳонлик узра
Пайраҳалар ҳиди. Қалбда яралар.
Аравалар… ночор, ҳорғин ирғалар,
Пуэбло Нуэвонинг йўлида улар!

* * *

Булут талвасавор тўсар осмонни
Тонгми? Оқшоммиди? Йўқдир дараги.
Ҳув, унда мақсадсиз айланар беҳол
Шамол тегирмоннинг чўлтоқ парраги.

Ғира-шира туман, қўйлар суруви
Водий қўриқчиси қоялар – посбон.
Кўзга ташланади мунғайган шарпа –
Таёққа суяниб мудраган чўпон.

Гўё фақат тошдан қурилган қўрғон,
Бир тутам гиёҳ йўқ, чечак, на-да қуш.
Кимсасизлигидан тонг дили хира,
Ялтираб ётибди бурганлар беҳуш.

* * *

Нимадандир асли сенинг булбулга хос наволаринг –
Чашмаданми, атиргулдан ёки юлдуз жарангидан?
Эслагина, қанотлари тилло сувга чайилгандай,
Ҳумоданми, парвоз этса парларидан нур ёғилган?

Сеникими мовий осмон, камалаклари товланган,
Ким эди у сенсиз бўзлаб, юваётган қалб доғини?
Эслолмасанг керак чоғи, кўл бўйида баҳор фасли
Олиб қочганмидинг ёки булбулларнинг сайроғини?

ЁШЛИК

Ўша оқшом эрта тонг билан
кетажакман, деганим ҳамон.
Хавотирли табассум қилди,
боқишлари сирли ва гирён.
— Нега? — деди хиёл довдираб.
Гўё мен ҳам қолдим қовжираб,
ҳукм сурган бу сукунатдан.
— Нега? — қалбга ўт солар савол.
— Билсанг, бу юрт кенгликларига
юрак сиғмас, қичқирмоққа шай.
Йўқдир ўзни оқламоққа ҳол…
хит қилади сўзлар топилмай.

— Қаён?
— Бундан нарига,
баланд жойга зулмат осмони —
шундай жойга, токи юлдузлар
сукут сақлаб, эзмасин мани.

Кўзларига ғарқ бўлди шу он,
ғафлат босган юлдузлар…
Уни сирли табассуми беркитди.

Русчадан Ўктам Мирзаёр таржималари

* * *

У оқшомнинг шамоли
ишқни учириб елди…
Поль Верлен

Куз оқшомин шамоли эсди,
Олтин япроқ узилди қанча.
Бунча ғамгин дарахтлар тунда,
Бунча узоқ чўзилди кеча.
Кўкда хира сариқ ой аста
Сузар туннинг қора йўлида.
Кўз ёши йўқ, йўқдир бўса ҳам
Унинг сўнаётган нурида.

Дарахтларга оҳиста айтгум
Тилло япроқлар-чун йиғламанг,
Кўклам келса яшилланасиз,
Шохда гарчи буткул ёқилсанг.
Дарахтзорлар ғамгин, жим турар
Хазонларга тутгандай мотам.
Олтин япроқлар-чун йиғламанг,
Хазон бўлар яшил япроқ ҳам.

* * *

Январнинг дам олиш оқшоми
Бирор жонзот кўринмас уйда.
Яшил сарғиш товланиб қуёш
Деразамдан оқиб киради
Хонамга,
Гулларимга
Ва томади томчи нур бўлиб.

Сўриб олинган ғамгин ҳаво
Зерикарли, чўзилган Вақтда.
Қотган очиқ саҳифаларда.
Бўшаган уй, оёқ учида
Кўнглим борар аста чайқалиб
Тушаётган нон ушоғини
Нигоҳ ташлаб кўраман кафтда.

КУЗ ҚЎШИҒИ

Кун ботарга кетар турналар
Улар учиб борар… Қаёққа?
Заррин барглар олиб кетаётган
Кумуш дарё оқар… Қай ёққа?
Кетгум олтин анғиззор бўйлаб
Кетаману билмам қаёнга?
Йўл бўлсин, эй, олтин куз – сулув,
Йўл бўлсин, эй, сизга, кумуш сув.

* * *

Умид ўзингники, ўхшашдир
ялтираган зебу зийнатга,
юраклардан худди ғилофдай
авайлаб тортаман узлатга;

ва у билан сайр этгум боғда,
ардоқлайман худди қизимдай,
эркалайман келинчак каби
боз қолдиргум ёлғиз бутунлай.

* * *

Фақат гул бўлмоқни қилгумдир ҳавас,
Фақат юлдуз бўлсам, бошқа ҳеч не, бас.
Лекин бу мўъжиза насиб этар кимга,
Қарайман, тирқишдан кўринар менга.

Рус тилидан Ўктамой Холдорова таржимаси

ҚИЗҒАЛДОҚ

Қизғалдоқ, заминнинг қони
қизғалдоқ, қуёшнинг доғи.
Кўкламойнинг қизил дудоғи,
юрагимнинг ол қизғалдоғи!

Жилмаясан қанчалар яшил
токзор ичра, буғдойзор ичра.
Майса босган жилға қирғоғин,
юрагимнинг ол қизғалдоғи!

Ёқут лабларнинг шод маъшуқи,
гуллар узра қизил капалак.
Бу ҳаётнинг ёруғ чироғи,
юрагимнинг ол қизғалдоғи!

АГАР ШОШСАНГ

Агар шошсанг
Вақт олдингдан
Уятчан капалакдек учиб ўтади.

Секин юрсанг
Вақт ортингдан
Юввош буқадай эргашади.

ЯШИЛ ҚУШЧА

Яшил қушча, зумрад қушча
Шафaқни безайди шунча!

Қуюқ қарағай шохи
Сеҳру афсун саройи.
Ғув-ғулайди нолали
Кузатиб қочқин сойни.
У ер яшил дарахтзор
Зумрад қушнинг ини бор.

Яшил қушча, зумрад қушча
Шафaқни безайди шунча!

Сўнгги майин шаббода,
Хаёлларга чўмади.
Кун нолон қарағайни
Минг бир рангга кўмади.
Вақт эринчоқ ва хомуш,
Эй яшил, эй зумрад қуш.

Яшил қушча, зумрад қушча
Шафaқни безайди шунча!

Ёлғизлик, осудалик
Улуғвор ҳисни туйиб,
Дуо қилади юрак
Меҳр тафтидан ийиб.
Гўзаллик! Биллур товуш!
Ногоҳ сайрар зумрад қуш.

Яшил қушча, зумрад қушча
Шафaқни безайди шунча!

Узоқлашар қўшиғи
(Тўхтадими шабада?)
Қушчанинг туйғулари
Сезилади далада.
Тугмачагул – фиғонин
Рамзидир, ачир жоним.

Яшил қушча, зумрад қушча
Шафaқни безайди шунча!

СЎНГГИ КУЗ

Дарахт шохларида хазонмас энди,
У айланиб қолган сариқ қуёшга.
Олтиндан ясалган ҳайкалдек бўлиб,
Жойида қотгандир ғаму кўзёшдан.

Ўлимни хотиржам қарши олар у,
Сўнгги япроғи ҳам учишин кутар.
Икки ойлик озор тўлови деб бу…
Табиат бошидан сочиб кетди зар.

AZUL*

Қалбимга.

Хушчақчақ ва хотиржамман мен
Биламанки поклигим – кўрким.
Қалбимдаги чаманзорда оқ
Атиргуллар очилган кўркам.
____________
* Azul (исп.) – мовий.

NEGRA *

Рамон Годой ва Солага

Андуҳларим тин олар тунда
менинг билан; бемажол, ҳорғин.
Куни билан олишавериб
қалбим билан ярадор, сўлғин.

Ором олар менингдек улар
туни билан куч тўплаб танга.
Уйғотишар тонгда дарғазаб
чорлаб маъюс қалбимни жангга.
____________
* Negra(исп.) – қора.

ЎСМИРЛИК

Айвонда бир зум
Қолгандик ёлғиз.
Шу ширин тонгдан
Қайлиқлармиз биз.

Табиат мудраб
Очмагайдир кўз.
Кулрангдир осмон
Ҳукм сурар куз.

Дедим: “Бер бўса”,
Яноғин тутди.
Хазинасини
Йўқотди худди.

Жонсиз япроқлар
Тўкилар боққа.
Чучмома бўйи
Келар ҳар ёқдан.

Менга қарашга
Ботинмас сира.
Қайлиқмиз, десам
Ёши тирқирар.

ЯШИЛ ҚУШЧА

Келдиму,
Кўз ёшим қолди узоқда
Денгизлар бўйида
Нола чеккувчи.
Келдиму,
На фойда бу ташрифимдан
Узоқда қолган-ку
Менинг юрагим.
Келдиму,
Атаманг мени иним деб
Чунки қалбим қолган
Узоқда йиғлаб.

ФАҚАТ СЕН

Зуҳродан-да аъло
Ўзинг ёлғизим.
Тунги чироғимсан,
Тонгги юлдузим.

Испан тилидан Ҳилола Рўзиева таржимаси