Кабир (1440-1518)

Илдизи жуда қадим замонларга бориб тақалган бҳактий ҳаракатининг XV асрдаги йирик намояндаларидан бири Кабирдасдир.
Кабирнинг ҳаёти тинч кечмаган. Ҳукмдор синф вакиллари ва ичқора шахслар уни тинмай таъқиб ва тазйиқ остига олар эдилар. Бу табиий эди, албатта. Мамлакатда зулм ва адоват авж олиб турган, адолат ва диёнат топталган бир вақтда Кабирнинг шу зулмларни юзага келтирган сабабларни аёвсиз фош этиши ҳукмрон доираларга ёқмас эди.
Кабир шеърияти Ҳиндистонда халқ шеърияти сифатида халқ қўшиқлари бўлиб янграйди, ва ниҳоят, шеъриятнинг ўзи сифатида мактаблар, коллежлар, университетларда ўрганилади.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Эй дарвеш, қайтарсанг гумроҳни уйга,
Ғамли кунинг айланган бўларди тўйга.

Ҳар не бўлса, майли, бўлсин гўшада,
Нима бор эр кишига ўрмон-бешада.

Уйда тегар унинг элга фойдаси,
Жон уйда тинч бўлар – шул қоидаси.

Уйдаги тоати аввал мустажоб,
Тангрига хуш ёқар бундайин тавоф.

Ёрини уйида суйган одатда,
Худога шукрлар қилар тоатда.

Кўнгилдан гар қилса ибодатини,
Топар икки дунё саодатини.

Шодликдан дунёга сиғмай кетади,
Дил торин янгратиб тинмай чертади.

Мусофир юртларда бой берар барин,
Йўқотганин уйда топади тайин.

Кабир дейди: эшит сўзимни, кетма,
Сўз қиммат олтиндан, ҳеч увол этма.

* * *

Оллоҳ номин ёд айла, йўқса ишинг пушаймон,
Ишонма вужудингга, вужуд иши кўп гумон.

Ойдек рухсоринг бир кун тупроқ билан бўлур тенг,
Муштинг тугиб келгандинг, очиқ қўл-ла кетарсен.

У ёқдан нима олиб келгандинг, эсингдами?
Хўш, кетарда кўнглингга тушмиш ниманинг ғами?

Ёшликда ўйнаб-кулдинг, единг-ичдинг, маст бўлдинг,
Кексалик дарди олди – барги хазондек сўлдинг.

Фурсатни ғанимат бил, куч борида меҳнат қил,
Не экдинг – шудир ҳосил, дейди Кабири оқил.

* * *

Чодрадан фарқи йўқ одам жисмининг,
Сирин билдим Тангрининг бу тилисмининг.

Беш унсур ҳам учта сийратдан бори,
Одамни ясамоқ Худонинг кори.

Саккиз ой деганда урчуқ-мокидан
Ажиб мато чиқмиш – йиртмас чокидан.

Маъбуду донишманд, авлиё, авом –
Барчаси бир хилда либосда тамом.

Афсус, жаҳолату ғафлат туфайли
Либосни кир қилмоқ уларнинг майли.

Аммо Кабир чекиб риёзат бор-бор
Гард ҳам қўндирмади либосга зинҳор.

* * *

Дунё аҳли рўёларга ғарқобдир,
Қаён боқма – гўзал, рангин, гулобдир.

Тошлар териб, қаср қуриб баҳайбат,
Ҳам айтарки, бу уй менингдир албат.

Аслида у на сенингдир, на менинг,
Нари борса бир чумчуқ инига тенг.

Гар юлдузга етса-да, ёлғон бу уй,
Яхши эрди чин уйингдан сурсанг ўй.

Чин уйингга олганингда йўл, ажаб,
Йиғлагай эл ёқа йиртиб, телбараб.

Қисиб-қимтиб дунё йиғдинг, бўлдинг бой,
Худо ҳукми келди – ҳолинг бўлди вой.

Рангни норанг, оқни қора дер замон,
Кабир айтар: бул замондин ал-амон.

* * *

Нодонликдан гоҳо йўқотсам йўлим,
Устоз солар йўлимга ушлаб қўлим.

Шундан менга қоида-қонун бекор,
Саждага бош урмоқдан кўнгил безор.

Эл мени бир телбаю девона дер,
Ўзини тенгсиз оқил, мардона дер.

Энди йўқ эҳромга қўймоқ тандаси,
Одатимдир, то ибодат кандаси.

Келганимдан бохабар қилмоқ учун
Тангрига бонг чалмагайман уззу-кун.

Ҳурматим қўйсин билиб деб ул санам,
Сочмагайман ҳаққига гул дона ҳам.

Тангри номин айламасман замзама,
Қилмасин қурбонлиқ энди ул тамаъ.

Ё риёзат чекмагайман оҳ уриб,
Азми роҳ қилмасман ёки тонг туриб.

Менга Ер аҳли эрур кўп қадрдон,
То фидо бўлсин унга бу қилча жон.

Йўқ ҳавас менда дину-дунёга ҳам,
На бирон хешу таборни истарам.

Не ҳақоратларга бўлдим мен нишон,
Тўлди қонларга юрак буткул, ишон.

Кабир айтар:

– Поралар кўнглимни тиғ,
Тангри тутмас раҳматин мендан дариғ.

* * *

Осмондан ёғилар раҳмат сувлари,
Ҳолбуки, кўк олис – кўзлардан нари.

Ёқимли тарона таралар мудом,
Ҳолбуки, бир чолғу кўринмас бу дам.

Нилуфар барқ уриб очилиб ётир,
Ҳолбуки, на кўл бор, на кўлмак зоҳир.

Оққушлар парвози тутган ҳар ёқни,
Ҳолбуки, ой ёққан эмас чироқни.

Барчаси Тангрининг карашмасидир,
Раҳмат – фақат унинг сарчашмасидир.

Раҳмат эшигини очса Худойим
Шундоқ мўъжизалар рўй берар доим.

Ўлим, қўрқув деган гаплар йўқолур,
Ҳаёт, шодлик улар ўрнини олур.

Чирийди шаҳвату ғазабу кинлар,
Барқ урар боғларда оппоқ насринлар.

Қийнаб келган неча аср ташналик
Арзимас олмоққа бирров чашналик.

Минг хил касал, минг хил кору бор, дуо –
Яратгандай, зумда йўқ қилар Худо.

Кабир айтар: тингла сўзим, қаландар,
Ҳеч қачон ўлмайсан мисли самандар.

* * *

Раббнинг шаҳрига бир кун борарсан ҳам, эй банда,
Дунё ишидан ҳайрон қоларсан ҳам, эй банда,

Шохдан узилган баргни учириб кетар шамол,
Қайтиб жойига келмас, олислар балки алҳол.

Боғбонни кўриб ногоҳ шивирлашар ғунчалар:
“Гул термоқда, эртага бизга ҳам қайчи солар?”

Тегирмон тошин кўриб Кабирнинг эси учди,
Унга айланар зумда дон борки, дўлга тушди.

Тупроқ дейди кулолга, тепкилама мени кўп,
Бир кун келарки, мен ҳам тепкиларман сени хўп.

Ўтин дер темирчига: “Шошма, мени ёқма, ҳой,
Жасадинг гулханига асқотурман, ҳойнаҳой”.

Эй банда, ибодат қил, дийдорлаш Тангри билан,
Раҳматга етишгайсан то Унинг амри билан.

Кабир, индирма чимдим уйқуни кўзинггаким,
Олдинда бир хоб кутар, абадий ётасан жим.

* * *

Сен келган мамлакат бир йўқлик эди,
У ерда бор эди на ер, на осмон.

Қуёшсиз эди у, моҳи тобонсиз,
На сув оқар эди, на ёғар найсон.

Кшатрий, браҳман, шудра, вайшия
Каби зот-потлардан йўқ эди нишон.

На мўғул, на патҳан, на саид, на шайх –
Миллат-мазҳаблардан холи бир макон.

На Ганеш, на Маҳеш, Браҳма, Вишну –
Бирон-бир маъбудни билмасди жаҳон.

На Шешнаг, на йога, жангалий, муни –
Қадам изи босиб бормаган ҳеч он.

Ибтидо, интиҳо бегона бунда,
Ўлим ё касаллик йўқ нарса, ишон.

Кабирдас келтирди ушбу пайғомни,
Фойда деб ўзию сизга бегумон.

Сўзимга ишонинг, эй аҳли дунё,
Ҳамда тез йўл олинг ўшал юрт томон.

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Одам бўлиб туғилмоқлик катта саодат,
Ким айтадир келмоғингни тағин не бўлиб.
Пишган мева бир бор тушгач узилиб ерга,
Яна қайтиб шохга қўнмас, ширага тўлиб.

* * *

Ёлғончи дуч келди бир ёлғончига
Меҳр ришталари уланди маҳкам.
Ёлғончи дуч келди ростгўй одамга,
Меҳр ришталари узилди шу дам.

* * *

Бахтсиз йиғлар ўзин бахтсизлигидан,
Бахтин бой беришдан чўчир бахтиёр.
Фақат Худо деган пок бандагина
Бахту бахтсизликни ўйламас зинҳор.

* * *

Ҳайронман, не айби борки, сочингни
Дам-бадам тарошлаб, қиласан тақир?
Нега қурум босган қалбингни сира
Ювмайсан астойдил тозалаб, ахир?

* * *

Кабир айтар: тиниқлашди ақлим ниҳоят,
Бамисоли Ганга суви – жонларга роҳат.
Тангрининг ҳам энди кўнгли суст кетиб менга
Чорлар: “Кабир, тезроқ келгил, соғиндим ғоят”.

* * *

Кўнглим оинаси дарз кетди, ҳа дарз,
Бутун қилиб бўлмас синган шишани.
Оламдан қолгандир кўнглим бутунлай,
Ҳожат ҳам йўқ қайта боғламоқ ани.

* * *

Меҳнат қилган одам покдир шубҳасиз,
Меҳнатсиз иллатни ким кеткизар, ким?
Каттами, кичикми, дунё ишларин
Барчасига раҳбар ўзи Худойим.

* * *

Менинг борлигимда Тангри йўқ эди,
Энди Тангри бор-у, ажаб, мен йўқман.
Ичимда чарақлаб ёнгач ул чироқ,
Бенишон йўқолди зулмат йўлимдан.

* * *

Аҳмоқ билан дўстлашма зинҳор,
Темир сувда сузмас ҳеч қачон.
Бир томчи сув минг ўсимликда
Минг хил ҳосил берар бегумон.

Ҳиндий тилидан Амир Файзулла таржимаси