Шайлендра (1923-1966)

Шайлендра (शैलेन्द्र) — машҳур ҳинд шоири, бастакор, қўшиқчи ва мусиқий режиссёр. Раж Капур билан биргаликда 1950-60-йилларда жуда кўп фильмлар учун қўшиқлар яратган.

ЖАНОБ 420
(фильмдан қўшиқ)

Оёғимда японча бошмоқ,
Шимим чет эл – Инглистонники,
Бошимдаги ўрисча қалпоқ,
Аммо қалбим – Ҳиндистонники.

Мен ҳам кўрай ёруғ дунёни
Дея йўлга тушдим бесувор.
Қайда эрур сўнги манзилим –
Билар буни бир Парвардигор.

Дарё каби тошар юрагим,
Фақат олға шошар юрагим.
Тоғлар ошдим, сойлардан ўтдим.
Ҳаёт йўли экан паст-баланд
Қайда қолиб кетдинг, Ватаним?
Ишқинг мудом юрагимда банд.

Юрган сайин очилар йўлим,
Тўхташ йўқдир, тўхташ бу – ўлим.

Керак эмас менга тожу тахт,
У ҳам бир кун кетади қўлдан.
Одам бўлмоқ – шу азалий бахт,
Йўқ, қайтмайман энди бу йўлдан.

Сўзларимдан бўлманг ҳеч ҳайрон,
Мен ҳам сиздек бир дили вайрон…

Оёғимда японча бошмоқ,
Шимим чет эл – Инглистонники,
Бошимдаги ўрисча қалпоқ,
Аммо қалбим – Ҳиндистонники.

Ҳиндийчадан Амир Файзулла таржимаси