Кунвар Бечайн (1942)

Кунвар Бечайн 1942 йилда Уттар Прадеш штатининг Fозиобод шаҳрида зиёли оиласида дунёга келган. Айни пайтда шу шаҳар университетида профессор бўлиб ишламоқда. Кунвар ҳинду мазҳабига мансуб бўлса-да, ижодий ва илмий фаолиятининг катта қисмини ислом адабиётини ўрганишга ва бойитишга бағишлади.
Жумладан, у ғазал жанрида тинмай ижод қилмоқда. Шу пайтгача шоирнинг 10 та ғазаллар тўплами эълон қилинди. Бундан ташқари, иккита шеърий тўплам, бир роман (“Марканд ороли нилуфари”), бир танқидий рисола (“Fазал грамматикаси”) ҳам унинг қаламига мансуб. Кунвар ҳинд киноларига қўшиқ ёзишда ҳам беназир. Тўртта кассета ва беш қўшиқлар тўплами ҳинд қўшиқ шинавандаларининг доимий ҳамроҳи.
Кунвар Бечайн Ҳиндистон ҳукуматининг бир неча олий мукофотига сазовор бўлган.

* * *

Агар мен бўйин бўлсам, у арра мисол эрур,
Чок кўксим аро дил ҳам жонимга завол эрур.

Болалар ҳамёнининг “жингир”ин териб олдик,
Айби йўқ ­ гадойлик-да, не топсак ҳалол эрур.

Эртаю кеч қорнимиз маймун каби ўйнатур,
Ростин айтсам, маймун ҳам биздан бемажол эрур.

Ҳар не юк бизни кўриб ўзини ортмоқ бўлар,
Гўёки биз эшакмиз, бизга бемалол эрур.

Тун ва кун ­ оташкурак, қисиб олган жисмимиз,
Дунё ловиллаб ёнган алангаи ол эрур.

* * *

Чеҳраи олингга солди беҳисоб гул шишадан,
Балки тирнаб ташлади бир соф кўнгул шишадан.

Нотавон дил мақсади ёдини бут тутмоқ эди,
Парчаларни бутлагандек бир замон шул шишадан.

Жизғин офтоб тиғида хўп жизғинак бўлган эдик,
Соябонимиз, ёронлар, энди буткул шишадан.

Сўзлабон гулдан ривоятлар кўнгил шод ўлмади,
Қолдик ухлаб бир фасона айта гул-гул шишадан.

Энди одамлар эшитмоқ-чун ўзининг товшини
Синдирар дилни, олиб ибрат яна шул шишадан.

* * *

Сен ҳам сал ўзгариб кўр, мен ҳам ўзгарай бироз,
Не бўлса бўлди, диллар тўйгунча сўйласин роз.

Бу ойналар феъли шу, ўзгармагай ҳеч қачон,
Кел, энди афтимизга берайлик ўзга пардоз.

Шояд кўз ёшларимиз шабнамдек ювгай юзни,
Гуллар захмига энди малҳамни қўяйлик соз.

Балки янги чоралар қўл келиб қолар бизга,
Бошқача яйраб кўрдик, бошқача ғам чексак боз.

Ҳижрон олдидан, Кунвар, шундайин висол келур,
Бир иш қилайликки, то ўзгарсин ушбу андоз.

* * *

Гулни хор қилмоққа шайдир баъзилар,
Дилни зор қилмоққа шайдир баъзилар.

Мен бировнинг ҳовлисида хок-туроб,
То девор қилмоққа шайдир баъзилар.

Шўх наволар тарқатарди темир сим,
Торни дор қилмоққа шайдир баъзилар.

Қиймалаб кўнглимни кўнгли тўлмайин
Энди ёр қилмоққа шайдир баъзилар.

Ўш гўдаклар жисмини бисмил этиб
Ифтихор қилмоққа шайдир баъзилар.

* * *

Бўлмасин ҳар қанча маҳкам, сингуси зулм шамшири,
Парчалангай бир куни пойингда қуллик занжири.

Авваламбор айтиб эрдим, шишага солма дилинг,
Шиша бирла бўлғуси чил-чил кўнгилнинг тасвири.

Унга хат ёзмоқдан олдин менга равшан эрдиким,
Елга учгай сўзларим йўлида, қолмасдан бири.

Дафъатан авзоига тушгач кўзим, билдимки у
Беаёв йиққай дилим қасрини айёр, кашмири.

Манглайим теринда бўлса ҳад агар, бас, шунда ҳам
Бир йўли ишвангда ҳал бечора Кунвар тақдири.

* * *

Қуёш чиқди, кўринди кўзга турлук ранг-баранг олам,
Юрак ­ оппоқ қоғоз, тўлмиш ўшал ранглар ила шул дам.

Оҳ-воҳлар, кўз ёши, фарёду нола, ноз-фироқ ­
Ишқ дарёсида қирғоқлар эрурким, баланд, маҳкам.

Кўп оқдим мен бу дарёда, олишдим мавжлар бирлан,
Вале бир чўп жонимни сақлади ҳар гал, нечун ­ билмам.

Қуёш ҳам ой кулиб, гоҳо поёнсиз Каҳкашон кўкда,
Имолар бирла йўл бошлар эди менга бўлиб ҳамдам.

Ҳаво, сув, ўту осмон, ер ­ шу бешта ном билан сени
Бани одам қилиб, Кунвар, элда номинг муҳтарам.

* * *

Расвойи олам эрурмиз, расво олам на билур,
Fарқ бўлган ҳолини дарёйи аъзам на билур.

Кўнглимиз ичра чироқлар тинмайин пир-пир қилур,
Парча нурнинг қадрини дуд босган ул шам на билур.

Қайси телба куй туфайли телбараб қолдик бу кун,
Лабдаги най ноласининг маънисин дам на билур.

Қанчалик ёлғиз эрурман ғуж шаҳарнинг қўйнида,
Fуж шаҳар танҳолиги ҳолимни, қайдам, на билур.

Телба дарёлар дили қайда, қачон чок бўлмиш-а,
Қор ва муз қўйнида ётган тоққа не ғам, на билур.

* * *

Fайрни ошно қилмоқ адоси қолмади энди,
Маҳфили дилни безатмоқ ҳавоси қолмади энди.

Уйимга келганидан бери бир қимматбаҳо шолча
Ҳадиксиз кирди-чиқдилар сафоси қолмади энди.

Риёли кулгилардан лабларим андоқ азоб чекмиш,
Ки астойдил табассумнинг ибоси қолмади энди.

Менингдек борму “ванна” ишқибози ғусл қилмоққа,
Не тонг, ёмғир суйининг мубталоси қолмади энди.

Вақт бераҳму бешафқат эрур бизга мудом, Кунвар,
На миннатнинг, на ҳимматнинг баҳоси қолмади энди.

* * *

Сиртидаги қорани пинҳон тутар оина,
Айбимизни барчага аён тутар оина.

У билар на иймонни, на динни, на виждонни,
Қўлдан-қўлга ўзини чунон тутар оина.

Сал зарбадан бўлиниб, чил-чил бўлар зумдаёқ,
Менгзаб бизни ҳам ўзга яксон тутар оина.

Синдик унинг дастидан неча бор, чурқ этмадик,
Бир қулаб, фарёди нақ осмон тутар оина.

Пардоз чоғи Кунвар ҳам дарз туширди бебошвоқ,
Билмадим, энди ё қон, ё жон тутар оина.

* * *

Томчи сув чўғ узра қолгай тобакай,
Хорлик ёқадан олгай тобакай.

Бир куни биз ҳам олурмиз сўнг нафас,
Дам пуфак ичинда қолгай тобакай.

Бир куни исминг ёзиб зар варақда
Ҳам видо куйини чолгай, тобакай.

Он етиб, барча бўлурмиз хок-туроб,
Нур олов оламга солгай тобакай.

Ишқ гулининг ғунчаси, Кунвар, нозик,
Синмайин бошимда толгай тобакай.

* * *

Бўлса имкон кўнглим ичра яйрагил, ёр, бир нафас,
Шох бўлай, булбул бўлиб сен сайрагил, ёр, бир нафас.

Зимзиё тун бағрига олганда борлиқни тугал,
Оч юзингни, тунни кундуз айлагил, ёр, бир нафас.

Бунчалар нордону аччиқ бўлмаса жоми ҳаёт,
Оби раҳматдан татиб “ҳай-ҳай”лагил, ёр, бир нафас.

Дур бўлиб бир дона, етдим кўзларингга, қоракўз,
Кипригим учида ёшдек жойлагил, ёр, бир нафас.

Бир келиб кетганча қайтиб келмагинг душвор эрур.
Интизорлик бодасин то шайлагил, ёр, бир нафас.

* * *

Йўқ қўнарга манзилим, то манзилим бўлсанг-чи, ёр,
Зор дилим қайдин топай, энди дилим бўлсанг-чи, ёр.

Тўрт томон жимжитлигу танҳолигу вайроналик,
Дилда ҳам йўқ бир садо, кел, маҳфилим бўлсанг-чи, ёр.

Ишқ ўтида ёнганимни сўзласам мен қанчалик
Шунчалик осон тутарлар, мушкилим бўлсанг-чи, ёр.

Бор ҳаётим, бор ғамим, оташ нафас, қайноқ дилим ­
Барчасин олмоқ бўлибсан, қотилим бўлсанг-чи, ёр.

Тобакай сарсон юрарсан, айт, Кунвар, тобакай?
Мисли дарё тошганимда соҳилим бўлсанг-чи, ёр.

* * *

Зарба устига зарба берганга раҳмат,
Айни юракка урган мерганга раҳмат.

Ухламаган эдим мен, кўп ишлар қилдим,
Тунлар ухламай юлдуз терганга раҳмат.

Эски яралар битар, янгилари очилди,
Яраларни бор билган, э санга раҳмат.

Бекорга зина қурмоқ менга зарурми,
Зап келдингиз, деворлар, келганга раҳмат.

Fам бор эканки, шоир шеър ёзиб тургай,
Fам бериб, хурсанд бўлган эркангга раҳмат.

Кўнгил-да, энди дунё менга уй эмиш,
Ўт қўйса унга ҳар ким дер “анга раҳмат”.

Унутмоқлик бобида ягонадирман,
Кунварни боплаб, кўкрак керганга раҳмат.

* * *

Бошдан-оёқ ёнар шаҳар, бизлар эса жим, лолмиз,
Куймоқдадир ҳужайралар, бизлар эса жим, лолмиз.

Бўғзимизга қадалгандир ўткир-ўткир пичоқлар,
Ютганимиз оғу, заҳар, бизлар эса жим, лолмиз.

Кеча билан йўқ бугуннинг зарра фарқи, кўзларим
Қон тўкадир шому саҳар, бизлар эса жим, лолмиз.

Қўлдаги мавж узра юзган кема ҳам юз ўгириб
Кетмоқдадир биздан бадар, бизлар эса жим, лолмиз.

Fирт етимдек ўз уйимга сиғмадим, Кунвар, нетай,
Дарбадарман, оҳ, дарбадар, бизлар эса жим, лолмиз.

* * *

Барча ишим зўр, аммо бир чети чатоқ ҳамдир,
Дўст билганим душмандир, жонимга тузоқ ҳамдир.

Унга қандай ном бериш энди бизга тан эрур,
Ҳаёт ­ бу ўрмон ҳамдир, ҳаёт ­ бу чироқ ҳамдир.

Худди қишлоқ уйига ўхшайди, дўстлар, одам,
Ҳовли, девор, кулба ­ бас, бир ажиб қуроқ ҳамдир.

Чучук-чучук сўзлашиб болалар билан билдим,
Чол бўлсам-да, бу кўнгил маъсум, ёш ва оқ ҳамдир.

Қалби нолоним бамисли маҳбуса аёл қўли,
Тилла балдоқ ва кишандан, Кунвар, у қадоқ ҳамдир.

* * *

Кўзларимга тўлдириб ишқ обини ғазал айтдим,
Янгидан олиб эскининг тобини ғазал айтдим.

Кафтига не ёзганин кўрдим, ўзининг исми-кан,
Кафтимас, кўзга суриб меҳробини ғазал айтдим.

Қанча айтдим, ҳар ғазал фош айлагай сиррингни деб,
Кошки дил уққай сўзим бир бобини, ғазал айтдим.

Лабларим киймиш янги сўзлар либосин, во ажиб,
Кўзларимнинг аччиқ-аччиқ хобини ғазал айтдим.

Кўкда ой ўз-ўзи бирлан то ғазалхонлик қилар,
Ерда мен ҳам кўз ёшим гирдобини ғазал айтдим.

Сўзларимдан гоҳо дуд, гоҳ ўт чиқиб, боз куйдирар,
Дермисан бир кун, дилинг зардобини ғазал айтдим.

Инжа бармоқлар қоғоз узра тизиб сўз дурларин,
Кунвар айтарким, кўнгил аҳбобини ғазал айтдим.

Ҳинд тилидан Амир Файзулла таржимаси.