Эмили Дикинсон (Emily Elizabeth Dickinson) Американинг машҳур лирик шоираси, Массачусетсдаги Амҳерст заминида дунёга келади ва умрининг адоғигача шу ерда яшаб ўтади. Унинг отаси Давлат Маслаҳатчиси ва ҳуқуқшунос ҳамда Амҳерст Коллежининг хазинабони эди. Эмили тотув оила бағрида ҳушчақчақ ва зийрак қиз бўлиб вояга етади. 1847 йилда у таълим олиш учун Аёллар Коллежи (қизлар учун таъсис этилган махсус олий мактаб)га ўқишга киради. Бироқ ёш шоира йигирма ёшга тўлиб-тўлмасданоқ коллежга боришни сусайтириб қўяди, кейинчалик эса ўқишни батамом тарк этади, бу ҳолат эҳтимол унинг табиатидаги шоирона руҳият сабабли пайдо бўлгандир.
Эмили йигирма саккиз ёшлари атрофида ўз шеърларини “қути”ларга жойлай бошлайди ва ўттиз икки ёшида асарларининг тўлиқ миқдорини деярли яратиб бўлади, шоира шеърларининг аксарият қисми айнан шу тўрт йил давомида ёзилади.
Бироқ Эмили Дикинсон ҳаётлик даврида унинг шеърларидан атиги етти донасигина матбуот юзини кўради, айримлари эса аноним равишда қолиб кетади. Бинобарин Америка адабиёти ўша даврда шеърият учун фидо бўлган шундай буюк истеъдод садоқатини, унинг фидокорона меҳнатини шоира ўлимига қадар кашф этолмайди. Эмили Дикинсон ўлимидан сўнг унинг синглиси қулфланган бир қути ичидан етти юздан ортиқ шеърлар дастасини топиб олиб, уларни нашриётга юборади. Ана шундан кейингина 1890 йилда Эмили Дикинсон шеърларининг илк тўплами ёруғ кўради. Кейинчалик, 1914 -, 1929 – ҳамда 1937 – йилларда ҳам шоира шеърларининг аксари турли тахаллуслар остида чоп этилади. Лекин афсуски, ўша нашрларнинг барчаси ҳам шеърларни ўзгартирилган, ўзича тўғриланган ҳолда босишади.
Аммо 1950-йилга келиб, шоира шеърларининг аниқ таҳрири амалга оширилади ва ниҳоят 1955-йилда “Эмили Дикинсон шеърлари” номи билан шоиранинг уч жилдли шеърий тўплами нашр этилади.
Америка адабиётининг бу нодир истеъдоди бутун умри мобайнида инглиз шеърияти учун 1775 та шеър ёзиб қолдиради. Дикинсон услубининг ўзига хослиги шундаки, шоира фикрининг туғёни, кўнгил ҳисларининг ғалаёни шиддатлидир, унинг шеърларида айниқса кўп қўлланилган бош ҳарфлар ҳамда дефис эса шоира шеърияти руҳининг асосий белгиси, яъни бош ҳарфлар Эмили Дикинсон тафаккур оламининг метафизикавий сифатига алоҳида урғу бериб ўтади.
Бетакрор шоира, ажойиб қалб соҳибаси, ўткир онгу шуур эгаси Эмили Дикинсон тириклик чоғида “шоира хоним” бўлиш мақомидан анча олисда яшаб ўтди. Бироқ унинг жўшқин, пурҳикмат, барқарор, бутун Инсоният қувончу қайғусини куйлаб, ўзида мужассам этган беқиёс шеърияти улуғ Америка адабиётининг энг қимматли мероси бўлиб қолди.
БИЗ ХУДОДАН АФВ ЭТМОҚНИ СЎРАЙМИЗ
Биз Эгамдан бир нарсани —
Авф этмоқни сўраймиз доим,
Чунки бизга пинҳон гуноҳимизни
Ёлғиз ўзи билар Худойим.
Ўтказамиз бутун умримиз
Қамалганча сирли зиндонда,
Биз эришган бахт, шууримиз
Само билан баҳсдир риндона.
АСТА ЭШИК ҚОҚДИ ШАМОЛ
Аста эшик қоқди шамол
Гўё чарчаган одам,
“Киринг” дедим мезбон мисол —
Кирди хонамга илдам.
Бу оёқсиз меҳмонимни
Яхши сийлай олмадим,
Ўтиргани мос ўриндиқ
Таклиф қила олмадим.
У ўтирмас — суяги йўқ —
Бир ўринни этса банд,
Сўзи — шохдан гурр учган
қушлар
Париллашига монанд;
Юзи мавжли, тўлқинсимон;
Елаётиб у чертди
Ва шишалар титроғидан
Ажиб куй бунёд этди.
Хонамда у анча кезди,
Сўнг ийманиб — жуда тез —
Тиқиллатиб — ғойиб бўлди,
Мени қолдириб ёлғиз.
МЕН ҲЕЧ КИММАН. СИЗ КИМСИЗ?
Мен ҳеч кимман. Сиз кимсиз?
“Ҳеч ким”ми ёки сиз ҳам?
Унда бир жуфт эканмиз,
Зинҳор бировга айтманг.
Кимдир бўлмоқ қандай маълул —
Ёзда ботқоқларни масрур —
Этиб номин қуруллаган
Қурбақалар — қандай машҳур.
Муҳаббат Бақоева таржимаси
***
Қалб – ўз-ўзига хон,
Дўстдир – ҳокимдир,
Ҳам ғанимдан келган жосус – золимдир.
Қалбингга бировни киритма осон.
Ташқи хиёнатдан қўрқмасин ҳеч қалб;
Ишқ сизиб чиқади қалб чегасидан –
Қалбни ич-ичидан асрамоқ лозим,
Қалб қўрқиб туради ўз эгасидан…
САБОҚ СОАТИ
Қариб бораётир душманим –
Улгурмасман олишга қасос.
Нафратимнинг йўқолар таъми.
Ўч вақтида қондирилмаса –
Дастурхонда қолган гўшт каби –
Сасир.
Ўлар чанқоғини қондирган ғазаб,
Очлик семиртирар Нафратни, ахир…
ТАЗАРРУ
Тазарру – ҳамиша хотирга ҳамкор,
Мангу ҳаракатда, саркаш ва қашшанг,
Эшикдан ҳайдасанг – тирқишда тайёр.
Тазарру қалбингга ёзилар қонда,
Ёзуви чиқади қалқиб, ўчмайди,
Оловда ёнмас у, чўкмас уммонда.
Тазарру – виждоннинг қийноғи, дарди.
Худо ҳам бу дардга шифо бермас ҳеч.
Виждон – бу дўзахнинг ердаги гарди…
ҲЕЧ НАРСА КИТОБГА ТЕНГ КЕЛА ОЛМАС…
Энг учқур елканли кема етолмас,
Манзилдан манзилга зумда ўтасан,
Вароқлар ағдариб борар экансан –
Узоққа – хорижга зумда етасан.
Орзуга етади пулсиз, қувватсиз –
Энг қашшоқ одам ҳам, ўта ночор ҳам
Вароқда учётган шеърнинг сатрини –
Қувиб ета олмас асов тулпор ҳам.
Вароқ-вароқ очиб кўнгил дафтаринг,
Руҳинг учиб борар самовот сари…
***
Мен гўзаллик учун. ишқ учун ўлдим –
Ишқдан тирик эдим, бу ҳам тақдир-да.
У эса ўлганди Ҳақиқат учун,
Тўлғониб ётарди қўшни қабрда.
Бир куни сўради: “Ўлдиришди нечун?”
Жавобин эшитиб жилмайди жўшқин:
Қандай соз! – деди у, – Ишқу Ҳақ учун!
Қандай соз – маслакдош бўлса гар қўшнинг”.
Суҳбатлашиб бунда ётармиз абад,
Ишқ учун ўлганлар, Ҳақ деб ўлганлар.
Пўканак босади қабртошларни,
Исмларни кўмар ўту ўланлар…
***
Ҳаёт жуда қисқадир,
Бори-йўғи бир соат,
Кўпми бу – Озми бу –
Бизга боғлиқдир фақат…
***
Ажиб бир қўналға – қабристон –
Ҳали ҳеч бир меҳмон қочиб кетмаган –
Тун ернинг хотирасига ёзмоқда гўё –
Ер остининг меҳмонхонаси маккор,
Жуда пухта ўйланган – ҳамма киради,
Ҳеч ким қайтиб чиқолмас зинҳор…
ТУҒИЛГАН КУННИ НИШОНЛАШ
Туғилган кун – қувончли эмас –
Қалбингдаги энг кучли оғриқ –
Умринг ўлчовлидир азалдан,
Ҳар куни бир кунга камаяр, ахир,
Яқинлашиб келар азалий тақдир.
ҚАНЧАЛАР БАХТЛИДИР ШУ МАЙДА ТОШЧА!
Қанчалар бахтлидир шу бир майда тош!
Йўл четида ётар мақсадсиз, юввош,
Қўрқмайди у сира қийинчиликдан
Ғами йўқ мансабдан, тирикчиликдан.
Унинг ҳам эгнига қачондир, ҳайҳот,
Кўкимтир бир либос ёпмиш Коинот.
Асрий чанг бошида гўёки бир тож,
На шерикка зордир, на дўстга муҳтож,
Туради қалқиниб кўз ёш сингари –
Мустақил кўкдаги Қуёш сингари.
Асрлар кетидан асрлар ўтар,
Тошча йўл четида лапанглаб ётар.
На дийдиё қилар, на чиқарар ун –
Шундай амал қилар Азалий қонун…
СУЗАРМИЗ ЭШКАКСИЗ, ОҚИМДА ОҚИБ…
Кемамизни судрар Замон шиддати –
Сузармиз эшкаксиз, оқимда оқиб…
Ортимиз – ноаён, йўлимиз – мавҳум,
Манзилни кўрмасмиз олдинга боқиб.
Умр бўйи – тўфонлар, бўронлар, тўзон.
Қай сорбон ташлади бизларни йўлға?
Довуллар, бўҳронлар қўзғолган замон,
Тайин харитасиз кетяпмиз олға!?
***
Шону Шуҳрат асли – асаларидир –
Гоҳ қанотинг ёзиб кўкка учади,
Гоҳ оҳанги ила эркалар сени,
Сўнг эса бехосдан нишин суқади…
***
Тангрим! Сендан ўзга ҳеч яқиним йўқ,
Бир Сенга очарман дилим – ишқимни!
Кечир, мен ўшаман – Сени унутган,
Лек Сен унутмассан ахир ҳеч кимни?
Йўқ, мен ўзим учун қилмам муножот –
Вужуди қуш каби енгил бир касман,
Худойим, таним деб ташвиш қилмасман,
Бу жуда енгил юк сен учун, ҳайҳот,
Лекин менинг қалбим жуда ҳам улкан,
Юрагимни олгин, мадад бер, тушун,
Бу қалб жуда катта митти жон учун.
Бу ғалати қалбдир – кун сайин ўсар,
Мен унга – тенг эмас.
Мени юк босар,
Мен уни кўтариб юролмам ортиқ,
Келтирдим Ўзингга, дил сенга тортиқ.
Яратган, раҳм айла яратганингга,
Бу дилим оғирлик қилмасми Сенга?
***
Агар Сизга етса ўлмоқ фурсати –
Денгиздаги кема чўккандай шу тоб
Бошқа турмас бўлиб ерга ётсангиз,
Бошқа чиқмас бўлса Сиз учун офтоб,
Агар Сиз чертсангиз Жаннат эшигин,
Очилмаса Сизга бу эшик аммо –
Тангримдан тиларман жоним чиққунча,
Туну-кун тинмасдан қиларман нидо,
То жаннат эшиги очилмагунча…
***
Тақдир савалади уни умр бўйи –
Зарбанинг кетидан – тўхтовсиз зарба –
Аммо у бошини солмади қуйи –
Тақдир оёғидан тинмасдан чалди,
У йиқилмади.
Танига эрта-кеч найзалар солди,
Парво қилмади.
Ниш урди, ҳўллади, қуритди, ёқди,
Лек у оёқда қолди..
Охири бир куни чарчади Тақдир –
Инсонни тан олди.
БИЛАРДИК…
Билардик –
Висолнинг умри мангумас –
Учрашмоқ бор – демак, айрилмоқ ҳам бор –
Муқаррар – ҳижрон,
Севганда қанчалар қаттиқ боғлансанг –
Айрилганда шунча – азоб чекар жон.
Аламлар, гиналар, тахмин, гумонлар –
Кейин – оғриқ, азоб – нима қилардик.
Хатолар, миш-мишлар, росту ёлғонлар –
Шундай тугашини, ахир, билардик –
Билардик –
***
Субҳидам –
Оҳиста тирилди Чечак –
Кўз зўрға илғайди – улкан Дунёда
Шу митти ғунчага осонмас ҳаёт,
Осонмас тебранмоқ субҳи сабода.
Токим сўлмай турсин нозик куртаклар,
Шоналарни қуртлар ғажиб кетмасин.
Бир томчи шудрингни аямасин арш,
Шудрингни шимгунча ел қуритмасин,
Чалғидай – бўронлар этмасин пайҳон,
Сўналар, арилар эгмасин ёмон.
Ахир Табиатнинг кутганидир шу –
Айна шу саҳарда бехос очилмоқ
Буюк бир шарафдир – Масъулиятдир –
Курраи Заминда инжа Гул бўлмоқ…
БИТИЛМАГАН ШЕЪРЛАР
Мен ҳали ёзмаган шеърларим ҳам бор.
Энди сарлавҳасин ўйлардим шу тонг –
Илк сўзлар тизила бошлаган эди,
Бироқ қолганларин чиқармади онг,
Шеър яралмади.
О, қанийди, ахир, уни чоп этсам!
О, Сиз уни ўқий олсангиз ногоҳ!
Тангри уни бизга кўрмади раво,
Қўлимни, тилимни ечмади, эвоҳ…
***
Эй, сўз, – дейди бу он шоир ўртаниб, –
Нега бунда барча даъвогарлардан
Мен сени танладим айнан, албатта?
Сендан муносиброқ номзод йўқмиди
Жавонимда турган улкан луғатда?
Энди сал четлашиб турганда номзод –
Такаллуфсиз келиб, ўрнашиб олди.
Асло бу сўз ўрни эмасди бу шеър,
Фаришталар уни ҳимоя қилди.
ТАНГРИНИНГ ДАРГОҲИДА
Улар эриб кетди қордай ногоҳон,
Улар юлдуз каби сўндилар бехос,
Улар тўкилдилар, гўёки хазон,
Гарчанд июн эди, гарчанд эди ёз,
Урушнинг панжаси тирноғин уриб –
Йигитларни елдай кетди супуриб…
Уларнинг устини ёпар ўт, тупроқ,
Йиллар юзларин ҳам ёддан ёпадир–
Фақат Яратганнинг даргоҳида пок
Ҳар бирин чеҳраси турар абадий…
МЕНГА ТОАТ УЧУН ЧЕРКОВ КЕРАКМАС
Ибодатга кетар бу халқ кеч чоғи.
Тоат учун черков керакмас ҳеч ҳам.
Бош устимда гумбаз – ям-яшил боғим,
Қироат қилади менга – мусича.
Кимхоб кияр тоат онида кимдир–
Мен сўздан қанотим боғласам – етар…
Хаёлим фалакда сайр этиб кетар.
Митти бир қўнғиз ҳам – биродаримдир.
Тоатга чақирар мени – чигиртка.
Насиҳат қилади Тангрим ушбу он –
Ёлғиз у менга энг Олий руҳоний –
Унинг муждаларин англамоқ осон.
Кўкка интилмайман – ерда тахтлиман,
Қалбнинг эҳромида сархуш, бахтлиман.
***
Ўлим – жуда узоқ машмаша,
Тана билан Руҳнинг суҳбати.
“Ҳамма чирир!” – ваҳм солар Ўлим.
Руҳ айтади: “Ётдир даҳшатинг”.
Ўлим тортар тупроққа атай,
Руҳ тугатай, дея барини –
Ечиб ташлар – муҳим далилдай –
Лойдан бўлган кўйлакларини…
***
Торф ботқоғин асло кўрган эмасман,
лек биламан – унда ўсар арчагул,
денгиз томон сира юрган эмасман,
лек биламан – унда тўлқинли довул.
Тангри билан суҳбат қурган эмасман,
нарвон ҳам қўйилмас, ахир, арш томон,
лекин ҳузурига йўлга чиққанман,
паттани олганман туғилганим он…
IF YOU WERE COMING IN THE FALL
Чеҳранг туман ичра ғимирлар…
Кузда келаман де, шивирлаб –
Ёзни ҳайдаб, қувиб жўнатай,
Ғўнғирлари жонни қақшатган,
Ойнага ёпишган канадай.
Агар кутиш керак бўлса йил –
Ҳисобларни тезлатиб чиқай –
Ойларимни калава қилиб,
Ўраб, эски сандиққа тиқай.
Магар кутиш шартдир – асрлар,
Мен кутарман – нетарман кутмай –
Ўтсин аср, уммон ортига
Кетиб бораётган булутдай –
Агар дийдор айласа насиб,
Бунда эмас – ўзга дунёда,
Мен ҳаётни ечгум – пўчоқдай –
Отланарман сайри фанога –
Аммо – афсус – келишинг гумон –
Келар йўлинг қопламиш тумон –
Бу айрилиқ – шимар жонимни,
Оч сўнадай – сўрар қонимни…
THE GOING FROM A WORLD WE KNOW
Бу фанодан бақога кўчмоқ –
Болаларнинг ўйини каби –
Чўққиларга тинмай осилмоқ –
Тоғ ортида – нима бор, қани?
Тоғ ортида – ўзга бир Олам,
У шодликми ёки дардмиди –
Нега керак эди шунча Ғам –
Тоққа тинмай чопиш шартмиди?
THE GRAVE MY LITTLE COTTAGE IS
Қабрим менинг – увоқдек кулбам,
Мен бу жойни шинам тутарман –
Садоқатли аёллар каби
Ёрим, сени бунда кутарман.
Ахир, мангу эмас айрилиқ,
Чархи даврон битта айланар,
Руҳ – кўкка, тан ерга жойланар,
Иккимизни қўшар мангулик…
***
Бизни мукофотдай олади қабр,
Қайсар, лекин жуда узоқ қилар ов.
Бошимизга тақар албат гулчамбар —
Етишар бир умр пойлаган куёв.
***
Муҳаббат — ҳаётдан кўра қадимроқ —
Ўлимдан қарироқ — ундан Давосиз.
Муҳаббат — Дунёга келиш Сабаби,
Дунёдан кетишнинг Мағзи, Маъноси.
***
Оловдан ёдгорлик эрур — Кул —
Ёниб-ёниб тугайди буткул —
Тамом сассиз тугайди, ҳайҳот,
Милтир-милтир яшалган Ҳаёт.
Олов нурда бўлади содир —
Аммо бир кун чўғлари ўчар.
Оксидланар — юз берар недир —
Буни билар фақат Кимёгар.
***
Ўлим, етар, энди дарвозангни оч —
Ичкарига олгин ювош жонларни!
Келдик, кўрдик, юрдик — бўлдик жонталош—
Сўнгги манзили шу — Саргардонларнинг.
Сокин қабулхонанг — қоп-қора Оқшом,
Танимизда титроқ — Сукунат —Чақин —
Ўлим —
Ақл бовар қилмас тарзда — Мушфиқсан —
Чидаб бўлмас тарзда — жудаям Яқин…
***
Жуда одми эрур шамолнинг иши —
Ҳовуздаги сувни қалқитмоқ равон,
Елканни силкитмоқ,
Мартни чақирмоқ
Ҳамда Озодликни қилмоқлик эълон!
***
Нимага арзийди банданинг сири,
Майда асрорлари — бемажол дийда —
Тангрининг триллион йиллардан бери
Асраб келаётган сири олдида —
Содда довдирларни қолдириб ҳайрон,
Оғизни очгандан тинмай бетоқат —
Яхшидир — ўлгунча — сассиз яшамоқ,
Тангри жимлигига қилиб садоқат —
Инглиз тилидан Карим Баҳриев таржимаси
241
Ишқнинг кўзларини севадурман мен,
Зеро, биламанки, битта ҳақиқат.
Эркаклар Уятдан кўпам қочишмас,
Балки билдиришмас, аммо Оқибат –
Кўзлар чақнагайдир – бу Ўлимдан зўр –
Ортиқ беркитишнинг йўқдир уддаси.
Пешона узра бу тер Томчилари –
Оппоқ ишқ Дардининг эрур муждаси.
258
Дераза ортида қия тушган нур,
Қишнинг кунларида ўчган ранглари –
Қалбни кучли қўлдай чангалга олар –
Ҳу-ув Ибодатхона Оҳанглари.
Руҳдаги самовий Оғриқ-ла бизлар
Ўзимизча топа олмадик гуноҳ.
Валек ички бир сас тинимсиз бўзлар –
Ҳақни айтмоқ учун излар бир паноҳ –
Ҳеч ким ўргатолмас – Ҳеч қайси инсон –
Умидсиз Қалбимиз тўлиб нидога –
Изтироби ошар, дард бўлар уммон –
Сўнг учиб кетамиз Арши Аълога.
Қачонки қайтадан тирилса Замин –
Яна андуҳлари янграр оҳида –
Ҳар бир нафасида Тавба яширин –
бўлиб яшагайдир Ажал нигоҳида –
303
Кўнгил ўз Мулкини жамлаб олди-ю –
Кейин қулфлаб олди Эшикларини –
Аёл қалби ғоят нозик Ҳилқат-да –
Ҳаммавақт билмайсан истакларини –
Мана, аёл Ҳиссиз ўтиб бормоқда –
Босган Қадамига зор неча нигоҳ –
Аёл Бепарво-ю, бироқ Шоҳлар ҳам
Тайёрдир тиз чўкиб, урмоқликка оҳ –
Айнан шу аёлни таниб қолдим мен –
Ҳа, бу лобар аёл, кўп нозик таъби.
Аммо Юрагига яқин тикилсанг –
Қалби музлаб ётар худди Тош каби –
449
Мен Гўзаллик учун Жонимни бердим –
Аммо Қабримда ҳам бўлмадим беайб
Қўшни қабрда-да ётар эди жим
Адолат-чун қурбон бўлган бир ғариб.
У аста сўради: “Мен нечун ўлдим?”
“Гўзаллик сабабдир”, – жавоб бердим мен –
“Бироқ мен Ҳақ билан туғилган эдим –
Наҳот Ҳақ-чун шунча жафо кўрдим мен – ”
Шунда бир тўп Зўрлар Тунда келишиб –
Қайта ўлдирдилар қабрда бизни –
Ҳақни Калом қилган оғзимиз ёпиб –
Ўчириб ташлашди пок номимизни –
130
Қушлар қайтадиган кунлар келмоқда –
Бечора қушчалар – бир ёки бир жуфт –
Нигоҳлари ортда қолиб кетмоқда.
Офтоб ёнадиган кунлар келмоқда
Лек июннинг қадим-қадим ифори –
Зангор ва заъфарон хато қилмоқда.
О, айёр ел алдолмас Асаларини –
Асалари ҳалол, асалари пок
Азалдан қозонган ишқу меҳримни.
Мана, илдизида собит дарахтлар –
Ҳамон муте яшар дайди шамолга
Шамол ожиз баргни чирпирак ўйнар.
Эҳ, бу саратоннинг диний урфлари,
Қуруқ сафсатага чорлаб ҳаммани –
Ҳатто ёш болани булғаб кўради.
Биз ҳам Худо учун, одамдай шояд –
Бир тишлам ҳалол нон емоқлик учун
Умрбод шаробдан кечмоғимиз шарт!
435
Қип-қизил Телбалик хўп ажойиб ҳис –
Одамзод Кўзлари хира тортмоқда.
Телбалик бу асли Ҳислар Тўфони –
Онгимиз ботқоқли лойга ботмоқда.
Лек мен жинниман, деб ютиб чиқасиз –
Розисиз – оқиллик телбаликка тенг –
Қаршиман – сиз буткул хавфли одамсиз –
Қулсиз бамисоли Занжирбанд этилган –
547
Ажал Нигоҳини кўриб қолдим мен
Сокин Хонам ичра кезиб у гир-гир –
Ненидир қидирди – нотинч кўринди –
Шу вақт Булут келиб, айлади асир –
Кейин Ажал тез-тез Туманда қолиб –
Саросар изғиди, кетмади аммо
Майли, мақсадига етса етсин, деб,
Уни дуо қилдим холисанилло –
986
Ўлиб ётибман жим – совуқ сукунат –
Хонада ғўнғиллар бебош бир Чивин
Гўё Довул олди Жимликка монанд –
Ғалати сукунат чўкмоқда ҳазин –
Лек гўё Кўзларим атрофда – муштоқ –
Нафасим бўғилар, сиғмас ўзига
Ахир пошшолар-да тутади қулоқ
Гуноҳкорнинг Сўнгги тилак – сўзига –
Мен ҳам тиладимки – жоним бўғзимда
Рози этган бўлай жами Тирикни.
Энди бари тамом – фақат биргина
Бебош Чивин бузар мангу жимликни.
Шу Фазо – беқарор шу гумроҳ Чивин –
Нур ва руҳим аро дайдир бетиним –
Шунда бор Дераза ёпилди-ю, сўнг
Мен ортиқ ҳеч нарса кўра олмадим –
341
Кучли азобдан сўнг тинчиб қоламиз,
Асаблар қабрда ётгандай жонсиз –
Совуқ қалб сўроқлар: “Қаерда руҳим,
Кеча қайда эдим, аввал бормидим?”
Оёқлар типирлар, айланар шу он –
Ер узра, Кўк қадар ва ҳув Арш томон
Ажабки, кулса ҳам юзимиз маҳзун –
Ва тошдай увушган бўғзимизда ун –
Шудир Инсоннинг энг Енгилган они –
Демак, керакмас ҳеч умрнинг шони,
Музлаган Қалблармиз, ҳиссиз куламиз,
Аввал совқотиб, сўнг музлаб ўламиз –
1176
Токи юрагимиз жўш урмагунча
Сира билмаймиз ҳеч баландлигимиз
Йиғлайверамиз ёш қуримагунча
Жар соламиз фақат бебахтлигимиз –
Асли-ку яшаш ҳам Қаҳрамонликдир,
Яшаяпмиз, демак, ҳақмиз, ҳалолмиз.
Бизга бутун Еру Осмон шерикдир,
Дунё қаср бўлса, бизлар Қиролмиз.
1732
Умрим поёнига етмай тугади;
Лек мени яшагим ҳали бор эди,
Қанийди Абадият берсайди менга,
Иккинчи умрин ҳам, қанийди!
Шу қадар умидсиз, шу қадар пора
Шу тирик борлиққа сўнг видо дедим.
Учиб кетарканман Арши Аълога
Жаҳаннам ўтидан ёмон чўчидим.
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси
КЕЛ, КЎНГИЛ, УНУТАМИЗ!
Кел, кўнгил, унутамиз!
Энди ул ёр келмайди.
Сен унут қайноқ қалбин,
Унутмасак бўлмайди.
Унутолсанг, айтарсан,
Сўнг мен уриниб кўрай.
Сен ҳали киришгунча,
Ул ҳақда ўйлаб турай.
“МЕН ҲЕЧ КИММАС. СЕН КИМСАН?”
Мен ҳеч киммас. Сен кимсан?
Балким сен ҳам ҳеч киммас?
Иккимиз бир. Сукунат!
Унда қай олийҳиммат,
Остонадан қувди, айт?
Гар ғам ичра қолса ким –
июнь бўйи бўзлашар –
бақаларга жўр бўлиб –
ботқоқ кўнглин хушлашар.
Рус тилидан Дилором Абдураҳмон таржимаcи