Уильям Сароян. Пианино (ҳикоя)

“Ҳар гал пианинони кўрсам юрагим ҳапқириб кетади”, – деди Бен тўлқинланиб.
“Шундай дегин?”- деди Эмма. “Сабаб?”
“Билмадим,” – деб жавоб берди Бен. “Мана шу магазинга кириб, бурчакдаги пианинони бироз чалиб ўтирсак қарши бўлмайсанми?”
“Сен чалишни биласанми?” – сўради Эмма ҳайратланиб.
“Қандай куй чалишимни амр қилсанг бас,” – деди Бен мағрурланиб.
“Нима қилмоқчисан ўзи?”
“Ҳозир кўрасан,” – деб қўйди Бен сирли тарзда.
Улар магазин ичкарисига кириб, бурчакда турган пианино ёнига боришди. Эмма йигитнинг жилмаётганини сезди. Бен тик турган кўйи пианинога термулиб қолганди. Қиз шундай хаёлга бордики, Беннинг қулоғига қачонлардир ажойиб бир пианино ижроси киргану, у ўша мусиқа асарини севиб қолган ва айнан шу сабабдан ҳам у ҳар гал клавишлару пианино қиёфасини кўрди дегунча хотирасида ўша мусиқа қайта ва қайта жонланаверадиган бўлиб қолганди.
“Чала оласанми?”- деб сўради қиз. Бен атрофига аланглади. Хизматчилар ўзлари билан ўзлари оворадек бўлиб кўринишди.
“Уддалай олмасам керак,” – деб қўйди Бен.
Қиз унинг бармоқларини оқ ва қора клавишлар узра худди ростакам пианиночиникидай оҳиста ҳаракатланаётганини кузатиб турди.
Бен бир-иккита майин аккордларни ижро қилиб кўрди. Хизматчилардан ҳеч ким бирон нима сотаман, деб уларнинг олдига ўралашиб келмади, шундай экан Бен ҳамон тик оёқда турганча қиз ҳали эшитмаган куйлардан чалишни бошлади.
Воажаб, қиз учун буларнинг бари ҳақиқий мўъжиза эди.
Йигит атига ярим дақиқача у-бу чалиб бергандай бўлди. Бир маҳал у Эммага қаради-да: “Яхши чиқаркан-а?”- деб сўради.
“Ажойиб-ку,”- лол қотди Эмма.
“Мен ўзим чалган куйни назарда тутмадим,” – деб эътироз билдирди Бен. “Мен пианинони айтяпман. Пианинонинг ўзи яхши экан, деб айтдим. Оҳанглари зўр чиқаркан, айниқса шундай кичкинагина пианиноники.”
Шу пайт бир ўрта ёшли магазин хизматчиси уларнинг ёнига келиб қолди ва “Яхшимисиз?”- деб сўрашган бўлди.
“Салом”, – деди унга жавобан Бен ҳам.
“Бу роса машҳур асбоб”, – пианинога изоҳ берди хизматчи. “Айниқса, хона учун соз буюм. Биз бунақасидан бир дунёсини сотганмиз”.
“Бу пианино қанча туради ўзи?”- деб сўради Бен қизиқсинаб.
“200 доллар”, – деб жавоб берди хизматчи. “Маълум муддатгача қарзга олиб турсангиз ҳам бўлади”.
“Қаерда ишланган?”- сўради Бен қизиқсинаб яна.
“Аниғини билмайман,” – деди хизматчи. “Филадельфияда бўлса керак. Мен буни сизга аниқлаб бераман.”
“Ўзингизни уринтирманг,”- деди Бен. “Сиз чалишни биласизми?”
“Афсуски, йўқ.”- деди хизматчи бош чайқаб.
У Бенни пианинода янада кўпроқ куй чалишни хоҳлаётганини пайқади.
“Давом этаверинг,”- деди у. “Яна чалаверинг.”
“Мен чалолмайман,”- деди Бен ҳижолатомуз.
“Чалганингизни эшитдим-ку,”- таъкидлади хизматчи жилмайиб.
“Чалиш унақа бўлмайди,”- деб рад этди Бен. “Мен нотани ўқий олмайман.”
“Ҳарҳолда менга эшитганим ёқди.”- деб ўз сўзини қувватлади магазин хизматчиси.
“Менга ҳам,”- деб қўшилди Эмма. “Биринчи тўлов қанча бўлади?”
“О, буни ўйламай қўя қолинг,”- деди хизматчи бепарво ҳолда. “Нари борса 40 ё 50 доллар бўлар-да. Сиз чалаверсангиз-чи.”- деди у гапида давом этиб. “Мен кўпроқ сизнинг ижройингизни тингламоқчи эдим.”
“Агар бу жой айнан хона сингари бўлганида эди,”- дея орзулади Бен. “Ўшанда мен пианинони соатлаб-соатлаб чалган бўлар эдим.”
“Шу ерда ҳам чалаверинг,”- дея хизматчи уни тинмай чалишга ундарди. “Ҳеч ким эътироз билдирмайди.”
Шундай деб хизматчи ўриндиқни Бен томонга суриб қўйди, Бен эса унга ўтириб ҳали қулоқ эшитмаган куйлардан чала бошлади. У 15-20 лаҳза ичи гарангсиб турди-да, кейин оҳангга ўхшаш нимадир кашф қилиб, икки дақиқа ўша куй билан овора бўлди. Мусиқа қанча авж олган сайин у хизматчига пианино тўғрисида гапиришдан тўхтамади. Охири у чалишдан тўхтаб ўрнидан турди.
“Миннатдорман сиздан,”- дея раҳмат айтди у хизматчига юзланиб. “Қанийди, худди шунақа пианино сотиб олсам эди.”
“Худо хоҳласа, ниятингизга етасиз,”- деб тилак билдирди хизматчи.
Бен билан Эмма магазиндан ташқарига чиқдилар. Кўча бўйлаб кетишаркан Эмма сўз қотди:
“Мен бу ҳақида ҳали ҳеч нарса билмаган эканман, Бен.”
“Нима ҳақида?”- деб сўради Бен ҳайрон бўлиб.
“Сен ҳақингда-да.”
“Менга нима қилибди?”
“Сен шунақамидинг?”- деб ҳайратланарди Эмма.
“Бу менинг тушлик соатим эди,”- дея изоҳ берди Бен. “Кечқурунлари менинг энг ёқтирган машғулотим ҳам пианиноли бўлишим тўғрисида хаёл суришдир.”
Улар чоғроқ бир ресторанга киришиб, бутерброд билан қаҳва буюришди.
“Сен чалишни қаерда ўргангансан?”- деб савол бериб қолди Эмма.
“Ҳеч қачон ўрганган эмасман,”- жавоб берди йигит. “Аммо қайси ерда пианино кўрсам, уни албатта бир чалиб кўраман. Бу машғулотимни гўдаклик давримдан буён ҳеч канда қилмайман.”
У қизга қараб жилмайиб қўйди. Салгина аввал пианино олдида туриб жилмайгани каби ним жилмайди.
Ёшлар ресторанни тарк этишиб, қиз ишлайдиган магазин тарафгача икки квартални пиёда босиб ўтишди.
“Хўп бўлмаса, кўришгунча энди,”- дея хайрлашди Бен.
“Кўришгунча, Бен,”- деб хўшлашди Эмма ҳам.
Йигит кўчанинг бир чети бўйлаб юриб кетаркан, қиз магазин ичкарисига кириб кетди. Эмма юрагидан шуни англаб етдики, бир кунмас бир кун, албатта, бечора Беннинг пианиноси бўлади ва ўшанда йигитнинг барча-барча орзулари ҳам шубҳасиз, рўёбга чиқади.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси