Сэр Уолтер Рэли (1552-1618)

Сэр Уолтер Рэли (Sir Walter Raleigh) сиёсий жараёнлар, зиддиятли ҳамда талафотларга тўла вазиятлар теграсида сарсон яшаб ўтган оташқалб шоир. Рэли ўзидан бетакрор, нафис, қайноқ ва исёнкор шеърлар қолдирди. У ватанида ҳам шоир, ҳам ҳарбий, ҳам тадқиқотчи бўлиб танилган.

“ШУНДАЙИН ОНЛАР БОР…”

Шундайин онлар бор – бизни ташлаб кетгай
Ёшлик, қувончимиз, қалбда боримиз.
Қоронғу қабрдай зулматга отгай –
Ногоҳ ёпирилиб келган зоримиз.
Сарсон тентисак-да умримиз бўйи,
Инкор этолмаймиз тақдирнинг раъйин.
Лек барибир шу дард, ғамдан бир куни
Аминманки, Худо қутқарар мени.

ИНДАМАС ОШИҚ – 1

Дарё тошқинидай оқар ҳисларим,
Қанча чуқур бўлса, шунча тилим гунг.
О севги, нақадар заъфарон туйғу,
Юрагим тубига йиғилди бор мунг!
Сўзларим шу қадар бисёру бисёр
Лекин оташ ишқим этолмас изҳор.

ИНДАМАС ОШИҚ – 2

Ёлғонмас, юрагим маликаси-чун
Бор севгимни фидо этганлигим рост.
Фақат журъат етмас тилимга бир зум,
Менга мурувват ҳам асло керакмас.

Муҳаббатда сукут азоблар кўпроқ,
Аммо қуруқ сўз ҳам ғашни қўзғатар.
Ахир хоксоргина, тиланчилар ҳам
Дилда кўпроқ раҳму шафқат уйғотар.

Не бўлса ҳам қалбим маликаси-чун
Қурбон бўлсин менинг бор муҳаббатим.
Журъатим етмаса ҳамки, безабон
Севаман, рад этиб ёр мурувватин.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси