Рашида Исмоилий (1941)

Шоира, драматург ва ҳикоянавис. Ғарбий Африкада жойлашган мамлакат Бенинда туғилган. Ўтган асрнинг 60-йилларида Нью-Йоркка кўчиб ўтган. Африка санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш баробарида Рашида Исмоилий бадиий ижод соҳасида ҳам сезиларли ишлар қилган, тўртта шеърий тўплами, америкалик адиб Ленгстон Ҳьюз ва сенегаллик ёзувчи Марияма Ба тўғрисидаги очерклари нашр этилган. Шоира шеърларини мусиқий асбобларга жўр оҳангда ифодали ўқишни йўлга қўйиб, санъат даргоҳларида мунтазам равишда ёшларга ижод сирларидан сабоқ бериб келмоқда.

ЧИТТАК

Ҳар ёнда сукунат,
йўқ қилт этган шабада,
кескинлик
тилсимланган симлар
кенгликда чўзилар
дайди итлар изғир,
мушуклар ўғринча кезинар
шох-шабба-ю улов остида
ҳурпайганча таталайди ер.
Бош устида
сарғимтир қушлар
туссиз осмон
тинчини бузар
чинқириб.
Чил-чил бўлар пиёла
полга урилиб.
Мари-Флора хоним
букар тиззасин,
совуқ чимчиларкан кетини
қунишиб олар.
Ташқарига чиқмоқчи бўлиб
тойилиб кетар чуқур ичига.
Тепада ҳануз
сарғимтир қушлар
талпинади хира самога
эсанкираб
қулаётган дарахтни олади қуршаб.
Жимжит-жимжит
насимдан ном йўқ
ҳаво қотиб қолган
бўғиқ қичқириқ
оғриқларга чирмаб ташланган.
Замин силкинади
одамзод не қиларин билмай
кўтариб уради ўзини.
Қушлар дарбадар.
Шамолсиз
чайқалиб-чайқалиб
қулайди пастга.

Инглиз тилидан Аъзам Обид таржимаси