Чингиз Айтматов. Уйғониш сабоқлари (1989)

Қирғизистон ССР Ёзувчилар уюшмаси ҳайъатининг раиси, «Иностранная литература» журналннинг бош муҳаррири Чингиз Айтматовнинг СССР халқ депутатларининг съездидаги нутқи

«Мана, юзлашдик» деган ибора бор. Бу ибора одамлар ўртасидаги мураккаб мулоқотнинг маълум босқичини ифодалайди. Бугун мен бу иборани сизларга мурожаат қила туриб, айтгим келди. Мана, юзлашдик. Шундай қилиб, биз янгича демократия биносини қурмоқчи бўлаётган ушбу қурилиш майдончасида ҳозирча ур-сур, тартибсизлик, эҳтиросга берилиб кетиш анчагина. Табиийки, куюнар экансан, киши. Ушбу кунлар давомида мени ҳам оғриқ, ҳам умид тарк этмади. Ахир айни пайтда (нима бўлганда ҳам, иш давом этмоқда) янги бинонинг девори қад ростламоқда. Муҳими шу.

Съезднинг илк дақиқалариданоқ бизни бир сўроқ ўйлантирди: халқ депутатларининг анжумани қандай бўлмоғи керак? У мустақил халқ ҳокимияти юқори органининг шаксиз ифодасига айлана оладими? Ёки яна бошқарувчи мансабпарастлар қўлида қулай ва итоаткор қурол бўлиб қолаверармикан? Бугун ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин, олишувлар, баҳслар, ички иккиланишлар довонини босиб ўтиб, ўз ўтмиши ва бугунини қайта-қайта фикрлаб, Съезд иш жараёни давомида бутун тарихимиз солномасида буткул янги демократик ҳодиса кўринишини олди. Бизнинг онгимизда, дунё жамоатчилиги кўз ўнгида юз очди.

Халқ гунглигининг, коммунизм тантанасининг мавҳум ваъда қилинишларининг, руҳий қулликнинг оғир мустабидликлари, ғоявий ва иқтисодий бошбошдоқлик, ўз-ўзини алдаш, риёкорлик ва ёлғоннинг ўн йилликларидан сўнг ниҳоят бизнинг демократик орзу-умидларимиз ўзининг тараққий қилган қонуний ифодасини топмоқда. Майли бу бор-йўғи бошланиши. Лекин бу ҳодисанинг Ватанимиз тақдирида ва бутун жаҳон халқларининг тақдиридаги беқиёс ролини баҳолаш қийин. Ахир, биз инсоният қалъасининг бир бўлагимиз, бизнинг соғайишимиздан, оғир иқтисодий фожиадан қутилиш йўлини топа олишимиздан, ҳуқуқий давлат ташкил этиш ва шахс озодлиги, эркинлигини таъминлаш йўлидаги самарали ҳаракат қилишимиздан, миллий муносабатларни тўғри йўлга қўя олишимиздан, дунёвий биродарлик жамиятида ўзимизнинг ўрнимизни топишимиз ва табиий уюшиб кета олишимиздан, умуминсоний қимматлар қадрини ўзимиздан тараққий эта олишимиздан, дунёвий инқилоб ҳақидаги ёвуз таълимотдан қутула олишимиздан, қуруқ сафсатабозликдан қанчалик тез қутулишимиздан, бошқа дунёлар билан муносабатларда фикрий ваҳшаткорлик ва ғоявий муросасизликдан қутула боришимиздан ҳозирги замон инсонияти аҳволининг яхшиланиши юзага келади; Бошқа халқларни фаровон қила туриб, биз ўзимиз ҳам фаровонлашамиз.

Бизни ўраб турган мамлакатларда ҳозир ҳамманинг нигоҳи телевизорларга қадалган, улар куюнмоқдалар ва қалбларида анжуман яхшиликка хизмат қилади деб умид қилмоқдалар. Шундай бўлиши ҳам керак. Биз — кўп миллатли буюк мамлакатмиз, биздан ижобий ёғдулар таралиб туриши, ижобий тажрибалар тарқалиши керак. Биз ўта ички, ҳаттоки мамлакатимизни чулғаб олган иқтисодий офатлар ҳақида гапирганда ҳам яхши намуна кўрсатишимиз керак.

Хўш, бу ёғига қандай яшашимиз лозим? Бутун дунёнинг кўз олдида аҳволни қандай яхшилаш мумкин? Ҳамма шуни ўйлаётибди. Менга ҳам шу ҳақдаги фикрларимни айтишга рухсат беринглар.

Экономика, Мамлакатда аниқ иқтисодий таълимот йўқ. Ҳамма нарса ана шу деворга келиб тақалиб қолмоқда. Жуда хавфли ҳолат чуқур илдиз отди. Оммавий норозилик ва инкор пайтида танқидбозлик тулпорига миниб, телетомошабинлар олдида ўз-ўзини кўз-кўз қилишдан осони йўқ. Бу маънода ҳаммамиз ҳам моҳирмиз. Хўш, қандай қилиб сонни амалий кўпайтириш, сифатни кўтариш мумкин? Буюк мамлакат миқёсида буни қайси йўл билан қилса бўлади? Буни камгина одам билади.

Қайта қуриш ва ошкоралик нафасидан қанотланган ҳолда, биз кўзимизни ҳамма ёққа тарқалган моддий офат жарлиги ёқасида тургандагина очдик. Агар бизнинг офатларимизда узоқни кўра олмайдиган, тажрибасиз раҳбарлик, ислоҳотларнинг самарасизлиги, қайта қуришнинг изчил олиб борилмаётгани айбдор эканини адолат билан қайд этсак, бу ҳали ҳаммаси эмас. Ғилдираксиз аравада отларни ҳар қанча қамчиламагин, узоққа кетолмайсан.

Зўрма-зўраки меҳнатдан, инсоннинг ташаббускорлигини, мустақиллигини кескин бўғадиган, унинг омилкорлигини ер билан яксон қиладигаи казармачилик социализмидан, мулоҳазасиз меҳнаткашликдан, мусобақачиликни йўққа чиқарадиган, ҳаммани тенглаштираман деб, бир-бирига ўхшаш, юзсиз қилиб қўйган сиёсатдан бошқа нарсани кутиш ҳам мумкинми? Бу мерос энг катта ёвузликни туғдирди. Унинг номи — оммавий бегоналик, ҳамманинг ва ҳамма нарсанинг лоқайдлиги: ҳукуматнинг халққа, халқнинг ҳукуматига ишончсизлиги. Энг охирги пайтларгача халқ сиёсатдан четлаштирилган эди, мана бизнинг кўз ўнгимизда синиш юз берди. Халқ жамиятдаги ўз ўрнини англашга киришди. Шунинг учун, менимча, ҳозир тикланиш, тирилиш йўлини излаш пайти етди. Хўш, жамиятдан ва ҳар биримиздан йиллар давомида сингиб кетган бегоналик психологиясини, кўпроқ олиб, камроқ ишлаш фикрини қандай қилиб ситиб чиқариш мумкин?

Бунинг учун жамият системасининг ўзи, унинг таркибий хусусиятлари, номукаммаллиги ҳақида ўйлаш керак. Ҳаёт айтиб турибди: кун тартибига мулкчиликнинг турли шаклларини омилкорлик билан қўшиб олиб бориш, социализм шароитида мумкин бўлган ишлаб чиқариш муносабатлари турли шаклларини бирлаштириб, тадбиқ этиш шарт. Айтгандай, социализм ҳақида — бизнинг назарий таълимотларимизнинг энг муқаддаси бўлмиш социализм ҳақида икки оғиз гап. Социализм тушунчасини сиғинадиган каъбага айлантириш керак эмас. Социализмга сиғинмаслик лозим. Социализмни қуролланган ва мукаммал шаклда одамларга, яратувчанлик ва фаровонликка хизмат қилдириш керак. Биз социализм қандай бўлиши керак ва қандай бўлмаслиги керак деб фол кўриб, ортиқча баҳслашиб, мажлислар қилиб ётган пайтда бошқа халқлар социализм қурганлар ва унинг меваларини истеъмол қилмоқдалар. Бунинг устига биз социализмни қандай қурмаслик кераклигини ўз тажрибамизда кўрсатиб, уларга намуна бўлдик. Мен Швеция, Австрия, Финляндия, Норвегия, Испания ва ниҳоят океан ортидаги Канадани кўзда тутмоқдаман. Швецария ҳақида гапирмаса ҳам бўлади — бу намуна. Бу мамлакатлардаги ишчилар бизнинг ишчилардан кўра 4—5 марта кўп ойлик олади. Уларнинг иқтисодий ҳимояланганлиги, меҳнаткашларининг турмуш даражаси фақат тушимизга кириши мумкин. Ана буни реал ишчи касаба союз социализми деса бўлади. Майли, бу мамлакатлар ўзларини социалистик деб атамасинлар, бу билан улар ёмон яшамаяптилар.

Биз ўз социализмимизнинг муқимлиги билан ўзимизнинг жонимизга тегдик! Нима учун бизнинг шахтёрларимиз мен тилга олган мамлакатларда пойабзалдай тўкин бўлган автомашина сотиб олиш учун очлик эълон қилиши керак? Нима учун бизнинг чўпонлар республика Министрлар Совети раисининг қабулида соатлаб ўтириб, унинг олдида тиз чўкиб, кўҳна «Уазик» машинаси учун ғилдирак сўраши керак? Социализмнинг маъноси луғатда эмас, шу маънонинг реал ифодасида. Мен марказий газеталаримиздан бирининг редакциясида шунга ўхшаш фикрни айтганимда, суҳбатдошим кўзларини катта-катта қилиб, афсус билан елка қисди: «Сени шу сўзларинг учун 1937 йилда деворга қўйиб дарҳол отишган бўларди». Шубҳаланмайман, чунки бу ишда оилавий тажрибамиз бор. Ана шу уфқи кўринмайдиган, кечирасизлар-у, бизнинг фаҳмсизлик ҳолатимиздан қайта қуриш портлаши кўзимизни очиб, ушбу съездга етказиб келди. Келинглар, ўйлаб кўрайлик, сталинча социализм бизни олдинга етаклай оладими? Йўқ, етаклай олмайди, биз буни кўрдик. Энди бизнинг мамлакатимиз каби каттакон, ўзига хос юрт учун фойдали бўлган ижобий тажрибаларни тараққий қилган мамлакатлардан, ҳуқуқий давлатлардан олишимиз керак. Агар биз ўзимиз яхши ишлаш ва яшашни билмасак, бошқа реал социализмда яшаётганлардан ўрганаверишимиз керак. Ўртоқлар, шу маънода иккита мўъжазгина таклифим бор.

Биринчидан, биз мажбур бўлган, қўймаса бўлмайдиган қадам — ғарбдан катта қарз кўтариш керак ва тақчилликни бартараф этиш лозим. Тушунаман, қарз оёқдан тортади. Аммо бизнинг имкониятларимиз кўп, — тўлаймиз, вақти билан ҳисоб-китоб қиламиз. Ҳозирча, кеч бўлмасдан олиш керак — бу зарур чора.

Кейин, биз кеча қишлоқ хўжалик масалалари бўйича чиқишлар ва мурожаатни эшитдик. Бу қишлоқ туфайли оммавий йиғидир. Хўрлигим келди. Бунинг устига ўзим ҳам қишлоқда катта бўлганман. Деҳқончиликка бутун дунё бўлиб биргаликда ёрдам бериш керак. Меи ҳарбий хизматни ўташда маънавий эҳтиёжига кўра ҳарбий кисмларда эмас, дейлик, бирон бир онкологик шифохонада ҳамшира бўлиб хизмат қилиш йўлга қўйилган Европа мамлакатлари тажрибаси бизда йўл қўйиладиган бўлса, ўсмирларни ҳарбий хизмат даврини қишлоқда ишлаб бериш билан ўтказишни таклиф қиламан. Бунинг устига армияга оммавий чақириш ҳам бизнинг яхши томонимиз эмас. Ҳар ҳолда менимча бу масала устида ўйлаб кўриш керак.

Экономикадан кейинги энг мураккаб масала — бизнинг миллий муносабатларимиз. Тбилиси масаласида комиссия тузилгани яхши бўлди — ҳар ҳолда халқимизни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг кафолати ишлаб чиқилиши керак. Мен иттифоқдош республикаларимиз тўла социалистик мустақиллиги ғоясини буткул қувватлайман. Бундай мустақилликсиз федеративлик мақоми шунчаки гап бўлиб қолади. Аммо, менимча, Мустақилликнинг такомиллашуаи ўйлаб, изчиллик билан, қонуний олиб борилиши керак, эҳтиросга берилиш ва бир қўл силташ билан ҳамма нарсани ҳал қилиб юбориш мумкин эмас. Бизда бор нарса жуда қимматга тушган ва биз хоҳлайдигаи нарса катта масъулиятни талаб қилади.

Миллий тиллар масаласи менга яқинроқ. Шунинг учун бу ҳақда қисқача сўзламоқчиман.

Гап республикаларда давлат тили концепцияси ҳақида бормоқда. Бу жараёнга қонуний асос яратиш керак. Тўғри, умумий андозани ҳам ўйлаб кўрса бўлади. Давлатнинг федеративлиги тилларнинг ҳам федеративлиги демакдир. Шу маънода иттифоқдош республикалар маҳаллий халқларининг тиллари давлат тили бўлиши керак. Бу ишда ҳам ўйлашимча, фикрий изчиллик, ишонарли муросакорлик талаб этилади. Қисқача айтганда, жойларда узоқ вақт инкор этилган республикаларнинг миллий тилларига лингвистик тараққиёт учун зарур муҳит яратилиши, улар тирилиб ўз қонуний ўрнини олиши учун шароит муҳайё этилиши лозим. Бу масала жуда мураккаб, айниқса, Ўрта Осиёда. Расмий муҳитда маҳаллий халқларнинг тили қатнашишига кўникмаган кўпчилик оғайниларимизга бу нарса рус тилига қарама-қарши қўйиш бўлиб туюлмоқда. Келинглар, ўйлаб кўрайлик.

Рус тилининг буюк даҳоси бизга, ҳаммамизга ўз хизматини қилди ва бундан кейин ҳам мен ўз ҳаётимни бу умумий маънавий бойликсиз тасаввур қила олмайман. Рус тили бу маънода шаксиз ва ҳаммага қулай тилдир. Мамлакатимиз доирасида унга ҳеч қандай хавф таҳдид қилаётгани йўқ. Аммо бу тил ўзининг тарихий тарқалганлиги учун бошқа маҳаллий халқларнинг тилларини сиқиб қўймаслиги керак. Шу маънода ҳар бир халқ ўз халқининг тили бор бўлгандагина халқ ҳисобланишини тушуниш лозим. Тил халқнинг маданий мустақиллигини белгилайди. Агар халқ у ёки бу сабабларга кўра ўз тилини қўллаш ва ривожлантириш имкониятидан маҳрум бўлса, у халқ сифатида йўқолади.

Бу ердан тилларни мукаммаллаштириш, миллий халқлар тилига кўпроқ шароит яратган маҳаллий аҳоли тили давлат тили мақомини берган ҳолда икки тиллилик концепциясини йўлга қўйиш фикри келиб чиқади. Бунга ҳали ҳамма ҳам тайёр эмас. Муросага, мулоқотга, яқинлашувга бориш керак. Ҳамма нарса икки томонга ҳам фойдали, икки томонни ҳам ҳурмат қилган ҳолда ечилиши лозим.

Афсуски, оммавий ахборот воситалари ҳам ҳар доим бу жараёнга ижобий хизмат қилмайдилар, айниқса, марказий матбуот. Ўз миллий эҳтиёжлари ҳақида гапирган ҳар бир кишини миллатчилик ва маҳаллийчиликда айблаш қарийб урф бўлди, айни пайтда ўз халқини инкор қилишга ўрганган нигилистларни қўллаб-қувватлаш, жўяли, ватанпарвар кишиларни миллатчиликда айблаш авж олди. Матбуотнинг бу чиқишлари (уларнинг муаллифлари хоҳлайдиларми, йўқми) одамлар тинч ва хотиржам яшаётган, умумий ташвишлар ва муаммоларни биродарликда ечаётган жойларда кутилмаган салбий ҳодисаларни сунъий келтириб чиқарадилар. Гап миллий масалалар ҳақида борганда телевидение ва матбуот етти ўлчаб бир марта кесишлари керак. Масалан, «Комсомольская правда» жиддий туриб, Олмаотадаги воқеалар айрим мактабларда ёшлар ўз она тилида ўқиётгани учун юз берди деб ёзади. Буни қандай тушуниш ва нима деб аташ керак?

Мустақиллик ҳуқуқи Қозоғистон Совет Социалистик Республикасини ҳам четлаб ўтмаслиги лозим. Бу республикани қонундан истисно қилмаслик керак, зеро қозоқ халқи — шу ўлканинг қадим уруғларидан бири — мамлакатга нон керак бўлгани ва Европа қисмидан кўп миллионли аҳолини қўриқ ерга кўчиб ўтишига тўғри келганлиги учун айбдор эмас. Бу кўчиш кўчиб келганлар ва маҳаллий аҳолининг процент муносабатларига салбий таъсир кўрсатди. Энди ҳар гал пайти келганда маҳаллий аҳолини четга сиқиб, ўз ўрнини кўрсатиб қўйишмоқда.

Қонун, Конституция ҳар бир халқнинг ўзига хослигини ҳимоя қилиши, маҳаллий халқлар, масалан, Ўрта Осиёда, шу жумладан қозоқлар ўз ўлкаларидан ташқарида этник уруғдошларига эга эмасликларини ҳисобга олиши керак. Агар бу халқлар ўз ерида маданияти ва тилини ривожлантира олмас экан, мамлакатдан ташқарида уни риаожлантириш имконияти йўқ.

Ҳар бир халқ ўзича бетакрор. Бизнинг матбуот ва телевидение, менинг назаримда, «ўзбеклар иши» деган иборани боқибеғамларнинг миясига қуявериб ўзбек халқига нисбатан андишасизлик қилмоқда. Бу ишга ўзбекларнинг нима алоқаси бор? Бу ҳақорат нима учун? Бу халқ ўз ҳаётини пахта етиштириш каби хосиятсиз, сермеҳнат ишга тиккани учунми? Ёки пахта давлат хазинасига валюта келтирадиган энг муҳим экин экани учунми? Агар уюшган жиноятчилик у ёки бу жойда бўлса, бу билан ҳуқуқ-тартибот органлари шуғуллансин, халқнинг миллий ғурурига тажовуз қилинмасин. Бу сўзни қримтатарлари ҳимояси учун ҳам айтиш керак.

Қачонгача биз миллий қисматнинг бу фожиона чинқириғига бепарво қараб турамиз. Бизнинг оммааий ахборот воситаларимиз (жумладан ТАСС) бу халқ худди шундай ноинсоний зўравонликка лойиқ деб тасвирлашда давом этмоқдалар. Ахир бемаънилик-ку бу! Бутун бир халқ устидан бундай ҳукм чиқаришга кимнинг ҳаққи бор? Нима, уруш йилларида сотқинлар ва қочоқлар фақат қримтатарлари ичидан чиққану, бошқа халқлар иллатсиз эдими? Бунақа бўлмайди. Уруш урушлигини қилади. Бу кураш, бу қаҳрамонлик, бу қайғу ва шафқатсизликдир. Бу асирлик ва сотқинликдир. Бу ғалаба ва мағлубият ҳамдир. Буларнинг ҳаммаси ҳар қандай халқни домига тортиши мумкин. Бу нарсага диалектик ёндашиш, ҳеч бир халқнинг ғурурини поймол қилмаслик лозим.

Мамлакатимизнинг немис аҳолисига нисбатан йўл қўйилган ва қўйилаётган адолатсизлик ҳақида ҳам айтмасам бўлмайди. Уруш пайтида қувғин қилинган, тарқатиб юборилган, хўрланган бу халқ бугунгача сиёсий камситилмоқда. Агар совет немисларининг маданий ва административ автономияси тикланадиган бўлса, бу ҳаммамизга хизмат қилади. Немис автономияси барчамизга намуна бўлгусидир.

Келинглар, ўз ўтмишимиздан хулоса чиқарайлик. Токи келгусида бундай ҳодисалар қайтарилмасин. Халқларнинг этник тугаллик сифатида даҳлсизлигини таъминлайдиган, ҳеч бир сиёсий, давлат ва ирқий сабабларга кўра халқларнинг қувғин қилишга йўл қўймайдигаи конституцион кафолатлар ишлаб чиқиш лозим. Ҳар бир халқнинг ўрни у тарихий вояга етган ерда бўлиши керак.

Карим Баҳриев таржимаси

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 16 июнь