Чоғон-Курендаги халхос қабиласига мансуб мўғул Сакажининг бешта туяси, ўн иккита оти, ўн саккизта буқаси ва ўн бешта қўйи бор эди. Унинг Уисон-Тамбу деган худоси ҳам бор. Худо Сакажининг ўтови олдида, ёғоч ғўла устига ўрнатилган. Худо маст-аласт башарали эди. Қаққайган тилсимнинг икки ёнида яна икки тилсимча бўлиб, улар эҳтиром юзасидан тилларини доимо осилтириб туришарди. Бир куни шимол томондан катта сел келди ва Худо Уисон-Тамбуни, унга қўшиб икки туяни, учта отни, бешта буқани ва тўртта қўйни гирдобига тортиб кетди.
Сакажи бир муддат худосиз қолди. Ва айтарли ёмон яшамади, қайтанга, ҳар куни Уисон-Тамбуга қурбонлик тариқасида тайёрлайдиган бир тақсимча буғдой қовурмочини энди ўзи еб, бинойидек қорин тўйғазиб юрди. Авваллари, бу қурбонлик таомни лама чол, Уисон-Тамбунинг фақир элчиси тановул қилар эди, у ўтовма-ўтов юриб, хонадон хўжайинларининг гоҳида кўзини чалғитиб, инсоф даражасида буғдой ўғирлар, шунга қарамасдан ҳамюртлари орасида обрў-мартабаси жойида эди.
Ўша кунларда Чоғон-Курен дашти бўйлаб миссионер Пике ўз сафарини бошлади. У мўғул чўпонлари кийимида, бошига эса, пешонасида думалоқ тилла тақинчоқ дўмпайиб турган кулоҳни бостирган ҳолда Пағакўл дарёси водийсини кезар, католиклар эътиқодини тарғиб этар ва «ту-лакци» деган ҳашарот, яъни қизил битнинг чақишларидан азоб чекар, тарғиботчилик ишлари давомида мана шу бит унинг тинка-мадорини қуритмоқда эди.
Шунга қарамасдан, тарғиботчи ўзининг янги эътиқод юзасидан қилаётган ўгитларига қулоқ тутган кишилардан нафақат сапека — дағал қилиб ишланган майда мис чақаларни қабул қилар, балки шу билан бирга, кумуш тангаларни ҳам шилмоқда эди; бундан ташқари, тижорат ишларини ҳам авж олдириб юборди, у маҳаллий аҳолидан, Пекиндаги йирик савдогарлар топшириғига биноан, самур терисини харид қиларди. Шунингдек, «яочанти» вазифасини ҳам уддаламоқда эди, яъни «солиқ йиғувчи» эди.
Тоат-ибодатдан йиққан даромади ҳисобидан бу бой водийдаги чўпонлардан олган қарзларини узар, ерлик ҳукмдор жорий этган қонунга кўра, ўзи ўзгаларга қарзга берган пуллардан фоиз ундирар, шунингдек, маҳаллий эътиқод ва ғарбий илоҳий таълимотни фавқулодда уқув-заковат билан пайвандлаган ҳолда, турфа хил фитналарни ҳам чиқариб турар эди.
Айтиш керакки, ўз вақтида мўғул халқини талон-торож қилган энг бешафқат ҳукмдорлар ҳам, уввало уриниб, йиққан ўлжаларини уч юз фоиздан ошира олмаган. Муҳтарам Пике ота эса ўз даромадларининг чўққисини беш юз фоизга кўтара олди, яъни у қарз-қавола мажбуриятларидан ташқари, янги Худони ишга солди ва унинг шаънига кумуш тангаларнинг жаранги тобора кучайиб борарди.
У бағоят сўзга чечан кимса эди. Бундан бир неча йил олдин Ортушев мамлакатида унга қароқчилар тўдаси хуруж қилди. Марҳаматли Пике ота уларни бир зумда насроний дини сомеларига айлантирди ва энг сўнгги сапекаларини ҳам юлиб олиб, бўйниларига жездан хоч тақтирди. Шундан буён ортушлик қароқчилар янги Худо номига калима келтириб, овлоқларда савдо карвонларини талай бошладилар.
Кейинчалик, миссионер ота Пике Пағакўл дарёси водийсини тарк этиб, ўз фаолиятини халхослар мамлакатига кўчиргач, унинг савдо ишлари анча омадсизликка учради. У аввалги манзилига қайтишга ҳам чоғланди, аммо дарё тошқинлари ҳаддидан ошиб, атрофни сув босиб, у мамлакатга унинг борар йўлларини тўсди ва ўзи қадам босгунига қадар турли диний эътиқод тарғиботчиларининг ўзаро рақобати қизигандан-қизиган мана шу даштда қолишга мажбур бўлди. Хитойлик коҳинлар ва Сок-по-милик ламалар бир йил олдин бу мамлакатни шипшийдон қилиб кетишган эди, бу ерда бирон дона бўлсин сапека чақани садақа қилишга қодир кулбанинг ўзи қолмагандай эди. Адирлар ортидаги ёлғиз Гобилхон водийсигагина Фо худоси ва Самчиличабату худоси элчиларининг қадами ҳали етиб улгуришмаган эди. Айнан шу водийда Сакажи, ҳозирча, xудосиз яшамоқда эди.
Ушбу водийга ҳазрат Пике ота қадам ранжида қилгани заҳоти меҳмондўст Сакажи уни ўз ўтовига таклиф этди ва олдига сулидан ёпилган нон, чўғда тоблаб тайёрланган пишириқлар қўйиб, ҳазратни обдон сийлади.
– Худо сени ўз паноҳида асрасин, – уни алқади тарғиботчи, нафси ором олгач. – Ул сенга тинчлик-хотиржамлик ва бахт-омад ато этсин.
– Менинг худойим йўқ, – деди Сакажи. – Худойим Уисон-Тамбуни ёмғир селлари оқизиб кетди. Лекин мен отимни сотаман ва Мовий шаҳарга бориб янги Худо оламан.
– Ўғлим, – эътироз билдирди Пике ота. – Уисон-Тамбу чинакам Худо эмасди ва шунинг учун уни сел олиб кетди. Олий ҳакам, абадий ва қудратли Эгам шу қарорга келган. Лекин худосиз ҳам яшаб бўлмайди, сен агар битта эмас, балки учта отингни пулига янги Худони сотиб олсанг, тўғри иш қилган бўласан. Бу Худо Уисон-Тамбуга нисбатан уч баробар қудратлироқдир. Парвардигор қурбонликлар аташни ҳам хуш кўради.
Шу куни, узоқ кеча, кўлда тун қуши Юэн қичқирадиган лаҳзаларгача муҳтарам Пике ота ва Сакажи бу беш кунлик дунё кирдикорларидан нолиб-ёзғиришиб, суҳбатлашиб ўтиришди.
Тонг отиб, улар туя терисидан тикилган тўшаклар оғушидан туришгач, Сакажи кўҳна Тангри, яъни Қуёш рўпарасида таъзимга чўккан пайтда ота Пике шундай деди:
– Севикли фарзанд, сен кеча менга сел офатидан кейин тўққизта отим қолди, деганинг эсимда. Бошингга синов ва сел тимсолида огоҳлантириш йўллаган ҳамда сохта худойингни сувга ғарқ қилган ҳақиқий, ростакам Худога сиғинмас ва унга тоат-ибодат қилмас экансан, бу қолган тўққизта отдан сенга нима наф? Майлига, минглаб отинг бўлсин, лекин Тангри-таоло бошингдан мурувват нурини сочиб турмаса, уларда қандай файз-барака бор? Бироқ ҳозирча сен атиги тўққизта отга эгасан. Уларни сот, ўғлим. Топган кумуш тангаларингни менга ата. Чунки бойликнинг шарпасига берилишнинг ўзи гуноҳ. Бу дунё жимжималарига кўнгил қўйма, боқий дунё неъматлари тўғрисида ўйла ва отларингни олиб, йўлга туш. Мен сен билан Мовий шаҳарга бораман-да, уларни нақд пулга айлантиришга кўмаклашаман, токи бу дунёнинг майда-чуйда ташвишларидан фориғ бўлгайсан.
Шаҳарда отларни сотиб бўлишгач, Пике ота пулларни ҳамёнига жойлади. Сакажи бўлса, қайтишгач, ундан янги Худони ёғоч ғўла ўриндиқ устига ўрнатишни сўради.
– Ҳали мавруди келмади, фарзанд, – эътироз билдирди муҳтарам қария. – Сен, ҳозирча, ўз тирикчилик ташвишларинг оғушида яшаяпсан ва учта туяни асраяпсан. Эрта тонгдаёқ йўлга туш, уларни бозорда пуллаймиз, севикли ўғлим. Кўзларинг бойлик дардидан фориғ бўлсин ва бу омонат бойликлар қадамининг шовқини қулоқларингни қайта безовта қилмасин.
Улар Мовий шаҳарда туяларни сотдилар ва кумуш тангаларни белига тугар экан, Пике ота Сакажининг, усти бўм-бўш турган ғўла ўриндиққа қачон Худо ўрнатасан, деган саволига эътиборан, шундай деди:
– Ўз шошқалоқлигинг билан худойимнинг ғазабини келтириб қўймасанг, деган таҳликадаман, фарзанд. Шуни билки, ҳали пайт етилмади: ахир сен «Уч комиллик» емакхонасида, яна ўн учта буқа бисотимда турибди, дея мақтанмаганмидинг? Энг семиз ва кучли буқалар – нафс ва такаббурликни туғдиради. Сен уларни ўзингдан ҳам кўра ардоқлайсан, даштда боқиб, кун сайин семириб, таналарининг ялтирашини муштоқ бўлиб кутяпсан. Дилингда бойликка ўчлик шу қадар уя қурганки, бунинг учун Яратганнинг қаршисида тинимсиз тавба-тазарру қилишинг керак бўлади. Тавба-тазарру сени худога яқинлаштиради. Замин неъматларига таъма боғлама, ўғлим. Ўз буқаларингни пулла, чунки Худога чинакам кўнгил қўйган бандаси ердаги барча фароғатларга бефарқ бўлгай.
Сакажи ҳўкизларини ҳам сотди ва унинг қўрасида ўн битта қўй қолди, холос.
– Мен сени чўқинтираман, азиз фарзанд, – тантановор руҳда ваъз бошлади Пике ота, – ва биз сен билан бу қўйларни ҳам еб тугатсак, кейин ҳақиқий тоат-ибодат тарғиботини бошқа ҳудудларда ҳам давом эттираман.
Сакажи чўқинтирилди ва улар ҳар куни қўй гўштидан тайёрланган хуштаъм таомларни тановул этиб, янги эътиқод афзалликлари тўғрисидаги суҳбатларини сидқидилдан давом эттирдилар.
– Ҳазрат, – деди кунлардан бир кун Сакажи Пике ота чўқинтириш маросимидан кейин ўз қўллари билан ясаб, ғўла ўриндиққа ўрнатиб қўйган ёғоч хочга ишора қилиб. – Сен Тангрининг ердаги вакили сифатида ғўла ўриндиққа ўрнатган мана бу хочни фақат рамз, тимсол, дединг. Мен – катта гуноҳкорман ва бир-бирига қалаштириб ясалган бу тахтача кўзимга жуда ғариб кўринаяпти. Сен менинг кулбамда Тангрининг элчиси тариқасида ҳамишаликка қолишингни истайман. Шундай бўлса, хонадоним бағрини янги эътиқодга ишонч руҳи шу қадар кучлироқ эгаллар эди.
– Бу сира мумкин эмас, фарзанд. Хиа-хо-по ва У-фу-тьен каби жанубий мамлакатлар аҳли ҳалигача бу асл эътиқоддан бебаҳрадурлар.
– Ҳазратим, – маъюс оҳангда сўзлади Сакажи, — мен сенсиз яшай олмайман. Ғўла устидаги Худонинг ўзи менга камлик қиляпти. Ўнимда лоақал сен – Худонинг элчиси бўлишинг лозим.
Тунда, ҳазрат Пике ота уйқуга чўмганда, Сакажи унинг юзига ёстиқ босди ва ўзининг мўғул қалбини сирли ёғдулари билан безаган янги эътиқод тимсоли бўлмиш, ўтови олдидаги тахта хоч остига жасадини дафн этди. Пике отанинг белидаги камаридан эса у ўзининг туялари, буқалари ва отларини сотганида тўпланган барча кумуш тангаларни бир жойга йиққанида ҳам, улардан беш баробар кўп миқдорда бўлган бисотни топди.
Ва бу кумуш тангаларнинг ҳар биридан ўзгача илоҳий барака нурлари мўл-кўл ёғилиб турарди.
Худонинг сидқидил бандаси Сакажи бу пулларга Пике ота даргоҳига қадам қўйганида бор бўлган туялар, отлар ва қора молларидан кўра беш баробар кўпроғини харид қилди. У, ҳамиша ёнимда бўлсин, деб Худо элчисини ўз қўллари билан тагига дафн этган ғўла ўриндиқда хотиржам, хаёлга ботиб ўтирар, янги эътиқодни қабул қилганидан кейин анча эт қўйган ва баданидаги битларни битта-битта ҳузур қилиб тирноқлари орасида сиқиб ўлдирарди. Авваллари бундай қилмасди, чунки у жоннинг танадан танага кўчиб юриши тўғрисидаги ақидаларга астойдил ишонарди. Фақат бир нарсага тушунмасди. Нега ҳазрат Пике ота ёғоч ғўла остига дафн этилгандан кейин, орадан бир йил ўтиб, бу ерларга ташриф этган навбатдаги тарғиботчи Сакажининг астойдил ўтиниб ёлворишларига ҳам қарамасдан, барибир, шошилганича жанубий ўлкаларга қараб жўнаб қолди. Ҳолбуки, Сакажи янги ҳазратнинг ташрифидан беҳад қувониб ва юзлари қувончдан ёришиб, унга шундай сўзларни айтган эди:
– Эй, табаррук ота, илтимосимни ерда қолдирма: кулбамга қадам ранжида қил. Бу ерда, мана бу ғўла ўриндиқ остида Худонинг бошқа бир элчиси аллақачон ўзига паноҳ топган…
Ҳазрат ота Сакажининг бундай самимий йиғмачилик эҳтиросларига ҳамдард бўлолмади ва муздай қотиб турди. Мўғул ўғлони уни отдан туширолмади. Ва Сакажи тангрининг фақат битта элчиси қошида, якка-ёлғизлигича қолаверди.
Рус тилидан Михли Сафаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 5-сон.