Хулио Кортасар. Иблис сўлаги (ҳикоя)

Бориб, буни қандай тарзда ҳикоя қилиш мумкинлигини билиш керак: биринчи шахсданми, иккинчи шахсданми, эҳтимол кўплик сонининг учинчи шахсидан сўзлаган маъқулдир ёки шундай тўқиб ташлайсанки, калаванинг учини ҳатто ўзинг ҳам тополмай қоласан. Масалан, фараз қилайлик, мана бундай: “Ой чиқиб келаётганини кўриб турибман” ёки мана шундай: “Бизнинг, уларнинг кўзлари туб-тубида оғриқ сезилди”, айниқса, мана шунисини олсак: “Улар, сарғиш аёл, булутлар ҳамон менинг, сенинг, сизнинг, бизнинг кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда…” Падарига қусур, бунинг нималигини ким билади дейсиз!
Яхшиси – барга бориб пиво ичиш керак, машинка эса ўз фаҳми идроки етганича ҳикояни ёзаверсин (ахир мен бирдан машинкада ёзаман-да).
Зўр-да, худо ҳаққи, бу қуруқ гап эмас, мен буни ҳикоям “контакс”га* дахлдор бўлганлиги учун айтяпман; шуниси ҳам борки, бир машина бошқаси ҳақида мендан ҳам, сен ва у, панжарадаги сарғиш аёл ва булутлардан ҳам кўпроқ билади. Ва буларнинг бари бўлмағур сафсата, мен яна шуни ҳам биламанки, ўрнимдан турдим, дегунча “ремингтон”им** қотиб қолади, икки баробар қайсарлик билан туриб олади, гўёки тошга айланади, бу ҳол биз фақат ҳаракат пайти кўриб турган ҳамма жонсиз жисмларга хос. Қисқаси, ҳикояни ёзишим керакка ўхшаяпти. Икковимиздан бировимиз ёзишимиз керак, яхшиси, ўзим ёзганим маъқул, мен ўлганман, демак, энди мутлақо холис бўлишим мумкин. Модомики, кўзларим осмондан бўлак ҳеч нимани кўрмаётган экан, демак, менинг ўйлашимга, ёзишимга (мана, четлари гезариб, булут ҳам чиқиб келди), ўз хаёл-кечинмаларимни титкилашимга ҳеч ким халал бермайди. Мен ўлсам-ўлгандирман, йўқ, ахир тирикман-ку, ҳа, ҳа, бунинг ёлғон жойи йўқ, вақти келиб, бари равшанлашади. Нимадандир бошлаш керак, мен дастлаб воқеа рўй берган нуқтадан бошладим, ҳа, пировардида ҳар қандай ҳикоя шундай бошланади-да ахир.
Ҳақиқатга кўчганда, умуман, бу ҳақда нима учун ҳикоя қилиш кераклиги менга азоб бермоқда. Агар биз бирор ишни нима учун қилишимизни ўзимиздан ўзимиз сўрасак ва инсон бу саволга аниқ жавоб бериши мумкин бўлса, масалан, таклиф этилган зиёфатга нима учун рози бўлганлигини айтиб бера олса (ҳозир каптар, янглишмасам, чумчуқ учиб ўтди), қизиқ латифани эшитиб нима учун кулгиси қистаганини, нима учун қотиб-қотиб кулганлигини билганида эди. Кейин нима учун ана шу латифани қўшни бўлимдаги ошналарига айтиб беришга сабри чидамаганлигини-чи? Нима учун киши шу латифани айтмагунча ишга қўли бормаслигини айтмайсизми. Менимча, ҳеч ким бу саволнинг тагига етолмаган, яхшиси, киши ақл ва виждонини маломатга қолдирмасдан нима бўлганлигини тўкиб сол-гани маъқул: ахир аслида нафас олиш ёки пойабзал кийишнинг айбли томони йўқ-ку – бу одатий ҳол. Лекин бирор кор-ҳол юз бергудай бўлса, айтайлик, пойабзалингга ўргимчак кириб қолса ёки худди ойна сингандай, ўпканг ғалати тасирлаб кетса, – ҳар қандай киши буни ишхонасидагиларга айтишга тушар ёки докторга боришга ошиқарди… “Оҳ, доктор, биласизми, нафас олсам…” Ичдан келган кулгини босиш учун ҳам ҳикоя қилинади, вассалом.
Модомики, шундай экан, биз тез орада ҳикоя айтишга киришамиз, майли, анъанавий тартибга риоя қилсак-қила қолайлик. Бунинг учун аввало ана шу уй зиналаридан тушиш ва бундан роппа-роса бир ой олдинги еттинчи ноябрга, якшанба кунига қайтиш керак бўлади. Мана, биринчи қаватдан тушамиз, шунда бизни якшанба ва Париж кузи учун мисли кўрилмаган қуёшли тонг қарши олади. Ва шунда шаҳар бўйлаб сайр этгинг, теварак-атрофни томоша қилгинг ва суратга олгинг келиб кетади! (Биз суратчилармиз, яъни мен – суратчиман.) Мен ҳикоя қандай дунёга келишини бутунлай ҳал қилиб олиш ҳаммасидан ҳам мушкул эканлигини биламан. Бу ҳақда айтиб ўтилди, бироқ шу гапни яна такрорлашдан ҳеч уялмайман. Энг қийини шундаки, аслида ҳикоя қилувчи ким эканлигини билиб бўлмайди – менми ёки бўлиб ўтган воқеами, ёки бўлмаса, ҳозир кўриб турганим: булутларми, булутлар, баъзан – каптар пайдо бўлади… Эҳтимол мен шунчаки ҳақиқатни, фақат ўзимники бўлиб қоладиган ҳақиқатни ҳикоя қиларман ва бу фақат менгагина керак, ана шу аҳмоқона кулги қисташини босиш учун керак бўляпти, ҳа, буни тезроқ йўқотиш керак – кейин нима бўлса бўлар!
Йўқ, шошмасдан ҳикоя қилмоқ лозим – кейин бари ўз-ўзидан жойига тушиб кетади. Агар менинг ўрнимни кимдир эгалласа, агар гапиришга гапим бўлмаса, булутлар тарқаса-ю, ниҳоят ўрнида бутунлай бошқа нарса пайдо бўлса-чи? (Ахир киши фақат булутларни, аҳён-аҳёнда-каптарларнигина кўрган бўлиши мумкин эмас-ку.) Ана шу бари “агар”лардан сўнг мен қандай сўзни қўллашим мумкин? Жумлани қандай тўғри тугатиш мумкин? Агарда мен савол бера бошласам, ҳеч нима чиқмайди, яхшиси, тинчланиб, ҳикояни давом эттирганим маъқул. Кутилмаганда у лоақал биттагина, ҳикояни ўқиган кишига жавоб бўла олар!
Роберто Мишель, ярим француз, ярим чилилик, малакали таржимон, бўш вақтларида эса – ҳаваскор суратчи, Мосье-ле-Пренс кўчасидаги ўн биринчи сонли уйдан чиқиб келди. Бу шу йилнинг еттинчи ноябрь куни эди (ҳозир камида иккита булут чеккалари бўзариб чиқиб келмоқда). У муттасил уч ҳафта ўтириб, Сантьяго университети профессори – Хосе Норберто Альенде қаламига мансуб апелляцияга оид илмий ишни таржима қилди. Парижда шамол кам бўлади, лекин аҳён-аҳён бурчак-бурчакларда ҳалқа бўлиб ўйнашади, қуюн бўлиб кўкка кўтарилади, ранж-алам билан кўҳна уйларнинг ёғоч чийпардаларига урилади, парда ортидаги аёллар ўзларича бетайин об-ҳаводан нолийдилар. Ўша куни эса кун чиққан эди: у шамолни жиловлаб, Париж мушуклари ва менинг кўнглимни хуш қилиб, шаҳар бўйлаб нур сочмоқда эди – мен энди маза қилиб, Сена соҳилида сайр қилишим ҳамда Консьержери ва Сент-Шапелни қандай суратга олиш ҳақида ўйлашим мумкин эди. Соат миллари ўнга яқинлашмоқда эди, мен ўн бирда кун ёруғ бўлади, деб чамалаб кўрдим, куз кунлари учун энг яхши об-ҳаво. Вақтни ўтказиш учун секин-секин Сен-Луи ороли томон йўл олдим, сўнгра соҳил бўйлаб аста Кэ д’Анжуга жўнадим ва бир пайт нигоҳим данғиллама Отель-де-Лозен иморатида тўхталди. Мен шунда албатта Аполлинернинг*** ўзим севган мисраларини ўқидим (бошқа шоирни эсласа, яхши эди, бироқ Мишель… бунақа қайсарни ўлиб ҳам тополмайсан!). Бирдан шамол тиниб қолди ва қуёш икки баравар мўлроқ нур сочди (мен – ҳаво икки баравар илиқ бўлди, демоқчи эдим, аслида бунинг унча аҳамияти ҳам йўқ), панжарага ўтириб олдим ва ниҳоят, ана шу якшанба тонги мени нақадар бахтиёр этганини ҳис этдим.
Азоб-қийноқли Ҳеч нимани енгишнинг кўпгина усуллари бор, шулардан бири – суратчилик. Лекин суратга олишни болалик пайтларидан бошлаб ўрганган маъқул, чунки қатъий тартиб-интизомга риоя қилмасдан туриб, теран нигоҳ ва эстетик тарбия ҳамда ишончли бармоқларсиз – ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бу ўринда гап умуман навбатдаги хом-хатала материални зўр бериб тиқиштирадиган ёки қандайдир муҳтарам зотнинг беўхшов шарпасини вақтида суратга олишга улгуриб қоладиган мухбир аҳли ҳақида кетмаяпти. Бу бошқа масала. Гап шундаки, қўлингда яхши камера бўлиши гуноҳ, лекин айниқса қуёшнинг қисқагина “ялт” этиб ярақлашини, нурининг отилган ўқ сингари эски тошдан учишини ёки сочлари шамолда силкинганча юмшоқ булка билан бир шиша сут олиш учун елган қизалоқни суратга олмай ўтказиб юборишинг бориб турган гуноҳдир. Мишель аллақачон суратчи оламга ўз нигоҳи билан қарай олмаслигини, бунга ўзи изн беролмаслигини англаб етган эди – шум камера ҳар ерда ва ҳамма жойда кишига ўз ҳукмини ўтказаверади (ҳозир эса осмонни булут қоплаб келмоқда, деярли қоп-қора). Лекин Мишель шуни ҳам аниқ биладики, борди-ю, кўчага “контакс”сиз чиқадиган бўлса, бир зумда ҳеч қандай ғам-ташвиши йўқ одамга айланади – кадрдан ташқаридаги олам ҳам, диафрагмасиз ва 1/250 ҳолатдаги фотоаппарат ҳам ғойиб бўлади. Ҳа, мана, ҳозир ҳам (“ҳозир” эмиш, ёлғон!) панжарага ўтириб олдим-да, кўзларим билан қизил ва қора кемачаларни кузата бошладим ва қандай қилиб яхши сурат чиқариш учун кадрга тушириш эсимга ҳам келмади, хаёл шунчаки мени, вақтга кўра ҳаракатсиз одамни атрофимдаги нарсалар билан бирга қайларгадир етаклаб кетган эди. Муҳими – шамолнинг ўзи йўқ!
Сўнгра Бурбонлар соҳили бўйлаб то орол тубига қадар бордим, бу ерда ўзим севган жой бўлиб, у жуда дилкаш, тўғрироғи, сирли хиёбон эди (сирлилиги яширин эканлигида эмас, мўъжазлигида эди: аксинча хиёбон дарё ва осмонга кенг бағир очганди). Хиёбонда ҳеч кимса кўринмасди – ягона севишганлар жуфти ҳам… бу каптарларга ўхшайди). Эҳтимол мен ана шу каптарлардан бирини ҳозир ҳам кўриб тургандирман. Бир сакраб, панжарага ўтириб олдим, шунда ноябрь қуёши вужудимни ўз нурларига чирмаб илитди, – мен кунга гоҳ юзимни, гоҳ қулоғимни, гоҳ қўлларимни тутдим (қўлқопим киссамда эди). Менинг сира суратга олиш истагим бўлмади, – чекдим, шунчаки эрмакка. Шу вақт бўлса керак, кўзим бир ўспиринга тушди.
Мен дастлаб севишганлар деб ўйлаганим кўпроқ она билан ўғилга ўхшаб кетарди, гарчанд бир кўришимдаёқ уларнинг она-бола эмасликлари аён бўлганди, иккиси биз назарда тутган маънони англатардилар, яъни икки киши – йигит билан қиз бир-бирларига биқинишиб турсалар ёки боғдаги ўтирғичда қучоқлашиб ўтирсалар, албатта биз уларни севишганлар, деб ўйлашимиз табиий. Мен бирдан азбаройи қизиққанимдан нима учун йигитча шу қадар ҳаяжонда, худди ҳуркиб кетган қулундай ёки тутқун қуёндай олазарак эканлигини билишга жазм қилдим… Йигитча гоҳ иккала қўлини киссасига солар, гоҳ бирини олиб, ирғитгудай бўлиб, юзига тутар, гоҳ қўллари билан сочларини тарагандай бўлар, гоҳ ундай, гоҳ бундай туриб оларди. У бутун туриш-турмуши билан қочмоққа чоғланган одамни эслатар, ҳар бир ҳаракатида қўрқув, қандайдир уят аралаш таҳлика зоҳир эди.
Бу шунчалик аниқ-равшан кўзга ташланиб турардики, – мендан нари беш метр масофада ва оролда биз учовимиздан бошқа ҳеч кимса йўқ эди, – қаттиқ қўрқиб кетган ўспирин бутун диққат-эътиборимни эгаллаб олганлигидан дастлаб сарғиш аёлни пайқамабман ҳам. Энди ҳаммасини бир бошдан хотирласам, мен ўшанда башарасини кўрсатган онлардан кўра уларни ҳозир яхшироқ кўриб турибман, шунда йигитчага нима бўлганлигини фаҳмлай бошладим, кейин қолиб, энди буёғи нима бўлишини кўришга аҳд қилдим (аёл бирдан мис флюгер**** сингари бошини бурди, шунда кўзлари, ҳа, аввал, кўзлари пайдо бўлди). Шамол уларнинг сўзларини, тўғрироғи, шивир-шивирини олиб келди.
Умуман олганда, ҳаётимда қўлимдан келадигани – қараш, лекин қарасанг ҳам, қарамасанг ҳам барча нарсаларда сохталик аломати бўлади, негаки томоша, мушоҳада эҳтиётсизлик билан бизни ўз “мен”имиздан нариларга ирғитиб юборади, сезмоқ – бошқа гап ёки… (Бўлди-да, етар, бизнинг Мишель доимо унисидан бунисига ирғигани ирғиган, унга қўйиб берсанг бас). Ундайми, бундайми, агар ана ўша сохталик ҳақида эсланадиган бўлса, унда нигоҳингга, ҳаттоки ўз кўзларингга ишонишинг мумкин; муҳими, сен қарайсанми ёки сенга қарайдиларми, ана шуни ҳал қилиб олиш, сўнгра эса нарсалардан ортиқча кераксиз ниқобни олиб ташлаб, буларни ошкор этиш, фош қилиш керак бўлади. Тургап гапки, буниси қийин.
Дарё бўйидагидан кўра (сўнгра бари равшан бўлади) суратдаги ўспирин хотирамда кўпроқ сақланиб қолганди, аёлни эса яхши эслайман, у ҳозир ҳам шундай қаршимда – нозиккина, хушбичим (иккита нотўғри, кераксиз сўзларни қўлладим), мўйнали, деярли қора, деярли узун, деярли башанг мантода турибди. Якшанба тонгининг бутун шамоли оқиш ва ғира-шира (яна иккита нотўғри сўз) юзини тутган тилларанг сочларини тўзғитарди. Ана шу сочлар тўзғишида – қора кўзлар ажралиб туради, шундай кўзларки, улар олдида ўзингни ёлғиз, кимсасиз сезасан. Кўзлар эмас, ўлжасига ташланган нақ иккита калхат, ям-яшил ботқоқзорда “ялт” этган чақмоқ дейсан. Буни мен кўзлар ҳақида ёзмаяпман, шунчаки ўзим тушуниб олгим келяпти, мана, айтдим: “Ям-яшил ботқоқликдаги иккита чақмоқ”.
Адолат ҳаққи ҳурмати, айтиш мумкинки, йигитча бинойидай кийиниб олганди; қасам ичаман, сариқ қўлқоплар акасига, ўйлашимча, ҳуқуқшунослик ёки ижтимоий фанлар факультетида таҳсил олувчи талабага тегишли эканлиги тайин; ана шу қўлқоп бармоқлари пиджак чўнтакларидан жуда ғалати тарзда диккайиб чиқиб турарди. Мен анча вақтгача унинг юзини кўра олмадим, ён томонидан зинҳор аҳмоқ бўлмаган башараси сал-пал кўзга ташланарди – гўё безовта қуш, Фра Филиппо***** расмидаги фаришта, гуручли пудингнинг ўзгинаси. Кўз олдимда мана-мана, дзю-до усулларини кўрсатишга чоғланган, шу тарзда синглисини ҳам ҳимоя қилган, аллақандай ғоялар учун ёқалашган, ҳатто ўн беш ёшида, кўриниб турибдики, ота-онаси бағрида ҳамма нарса тап-тайёр шароитда яшайди, бироқ чўнтагида сариқ чақа бўлмайди ва ҳар сафар бир қадаҳ коньяк, бир қути сигарета ёки бир финжон қаҳва хусусида гап кетганида бечора танишлари ҳузурида кўзларини ерга олади. Эҳтимол у бир синфда ўқийдиган қизлар ҳақида хаёл сурганича кўча санғиган, нима қилиб бўлмасин, янги чиққан кинони томоша қилиш учун югуришни ёки романми, яна урф бўлган бўйинбоғми, янаям яхшиси сариқ ва яшил ёрлиқ ёпиштирилган бир шиша ликёр сотиб олишни орзу қилган бўлса ажаб эмас. Унинг уйида (бу ҳашаматли уй бўлиши мумкин: роппа-роса соат бирда тушлик қилинади, деворга романтик услубда чизилган расм илинган, нимқоронғи даҳлиз ва эшик ёнгинасида соябонлар учун таглик қўйилган) онасининг умидига айланишга мажбур бўлиб, дадасидан ибрат олиб, сабоқларни ёдаки қилиб, Авинь-онда яшайдиган холажонига мактублар битиш билан вақт имирсилаб ўтмоқда эди. Мана, сал юрсанг – кўчага чиқасан, сабаб, дарё бўйи шу қадар кенг (аттанг, чўнтакда ҳемири йўқ-да!) туюлади. Мана, эшикларига алоҳида тамға урилган, дарвоза тагида ҳурпайган мушук чўнқайган, ўттиз франкли қовурилган картошка халтаси, тўрт бўлакка букланган шаҳвоний журнал турган шаҳар нима учун бунчалик ўзига тортиши маълум бўлади. Худди бўм-бўш чўнтак каби ёлғизлик ҳам, шодон учрашувлар ҳам, ҳамма нарсаларга интилиш ҳам ҳали ошкор бўлмаган сирдирки, у шамол ва бўм-бўш кўчаларга ўхшаш буюк муҳаббат ҳамда эркинлик билан чароғон бўлади.
Бу йигитчанинг ҳаёти менга мана шундай ўта жўн ҳамда ўша дақиқаларда ана шу кечирмиш кунлари ҳам зўрлик билан тортиб олингандай туюлди ва ҳозир эса у томоғидан хиппа бўғган аёлнинггина сўзларини диққат билан тингламоқда эди. (Мен ҳадеб бир нарсани қайта-қайта такрорлайверишдан чарчадим, ҳозир осмонда иккита увада булут сузиб ўтди. Ўйлаб кўрсам, ўша тонгда бир марта ҳам осмонга кўз ташлаб қўймабман, мени ўспирин билан аёл ўртасида нима гап бўлиши мумкин, деган ўй чулғаб олганди, улардан ҳеч кўзимни узолмаётган эдим – фақат қарардим ва кутардим, қарардим ва … ) Қисқаси, йигитчанинг аҳволи танглиги шундоқ кўриниб турарди, шунда менинг бундан ярим соат илгари нималар бўлиб ўтганлигини тасаввур қилишим унча қийин бўлмади. Ўспирингина, эҳтимол, бекорчиликдан сандироқлаб оролнинг энг чеккасига адашиб келиб қолади-ю, аёлга кўзи тушади ва ҳайратдан оғзи очилиб қолади. Аёл бўлса… аёл фақат шуни кутган, фақат шунинг учунгина панжара ёнига келган. Балки воқеа мутлақо бундай бўлмагандир, эҳтимол йигитча олдинроқ пайдо бўлгандир ва аёл уни балкондан ёки машина ойнасидан кўриб қолгану, бирор баҳонани рўкач қилибми ёки важ бўлмаса ҳам гаплашиш учун унга пешвоз чиқишга шошилгандир, чунки аёл олдиндан унинг қўрққанидан жуфтакни ростлаб, қочиб қолгиси келаётганини ва ҳеч қаёққа кетолмаслигини ва яна-тағин чираниб, ўзини ҳамма нарсани кўришга улгурган саргузашт ишқибози қилиб кўрсатишини билган. Якуни ҳам равшан: ҳаммаси кўз олдимда содир бўлмоқда эди ва менинг ўрнимда бўлган ҳар қандай одам бемалол ўйиннинг кейинги ривожини ҳам чамалаши, тўғрироғи, ана шу нотенг беллашувдаги қизиқ ҳолатни кўриши мумкин эди. Бунинг ажойиб томони шунда эдики, айнан ҳозирги манзара ана шу беллашув якуни, унинг ечими эканлигини яққол тасаввур қилса бўларди. Йигитча, эҳтимол, янги учрашув учун баҳонани ўзи ўйлаб топади, сўнгра эса уйи томон секин-секин, судралиб жўнайди – у ўзига ишонч билан лапанглаганича – орқасида аёлнинг масхараомуз нигоҳини ҳис қилганича боради. Лекин шуниси ҳам эҳтимолдан холи эмаски, йигитча эс-ҳушидан айрилганлигидан ёки қўрқоқлигидан ҳаттоки шунга ҳам журъат қилолмайди ва худди жо-йида қоққан қозиқдай серрайиб туради, аёл бўлса, ошиғининг сочларини ҳурпайтириб, тутамлаб, эркалайди, юзларини силайди ва у билан сўз қўшмай гаплашади, қўлидан тутганича уйига етаклаб олиб боради; негадир сўнгги дақиқага келиб, қандайдир тушуниб бўлмас хоҳишсизлик кўланка солади – афсус!– йигитча ана шу кайфиятини яшириб, дадилланади: аёлнинг лабларидан ўпади ва қўллари нозик беллардан қучади… Буларнинг бари содир бўлиши мумкин эди, лекин ҳозирча бу воқеа рўй бермади ва панжарада ўтирган Мишель ана шу якунлардан истаганини олдиндан сезиб, завқланганича оролнинг хилват бурчагида суҳбат билан машғул, шу қадар банд севишганларни вақтида суратга олиш учун беихтиёр ва бехосдан камерасини тўғрилай бошлади.
Қизиқ, мана шу саҳнага (умуман, ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ: йигитча билан аёл, улар ҳам ўзларича ёшлар-да) қандайдир хавотир соя солиб турганга ўхшарди. Ҳатто назаримда, бу хавотир ўзимнинг ичимда бўлгандай ва суратлар – агар чиқса, фавқулодда оппа-осон ҳақиқатни очиб ташлайдигандай туюларди. Ҳа, айтмоқчи, мен бирдан кўприкда тош қотган машинада ўтирган одамни қандай хаёллар чулғаб олганини жудаям билгим келди. Мен уни ҳозиргина пайқаб қолганимга ажабланмаса ҳам бўлади: ахир ҳаракатсиз машинанинг ичида ўтирган ҳар қандай киши ҳаракат ва журъат гўзаллигидан маҳрум ҳолда кўз илғамайдиган даражада ғойиб бўлади, шунчаки ана шу нотавон яшик ичида йўқолади. Шундай бўлса-да, машина аввал-бошдан ҳеч қаёққа силжимай шу ерда, ана шу ажиб дилкаш манзарага халақит қилиб, аксинча уни поёнига етказиб, қаққайиб турарди. Машина – бу манзарада фонарь осиладиган симёғоч ёки боғдаги ўтирғич сингари бир ёрдамчи деталь; шамол билан қуёш нури эса бошқа гап: уларда доимо кўз ва тери учун янги бир нарса яширинган бўлади. Мана, йигитча ўз жонони билан турибди, улар худди қадрдон оролга мутлақо бошқача нигоҳ ташлашим учун турганга ўхшайдилар. Эҳтимол, муккасидан тушиб газета ўқиётган одам ҳам уларни кузатаётган, ва, эҳтимол, мен каби унга ҳам ҳадеб кутавериш, афтидан, ёқмай турибди… Аёл писибгина киши билмас бир чеккага силжиди ва бирдан шундай туриб олдики, ўспирин у билан панжара ўртасида бўлиб қолди. Мен уларни ёнбошларидан кўриб турардим. Ўспириннинг бўйи баланд эди, хийлагина бўлса-да, баланд эди, шу аснода аёл оёқлари учида кўтарилгандай бўлди, худди унинг устига энгашган каби (гўё ҳавони хивич билан қамчилагандай, аёлнинг қўққисдан кулгисини қулоқларга олиб келди) йигитчани шу ерда ҳозирлиги, табассуми, қўлларини силкиши билан эзгандан-эзиб турарди! Яна нимани кутиб турибман ўзи? Диафрагма – ўн олти, кадр танланди, тамом-вассалом, худога шукур, анави лаънати машина ҳам йўқ, мана, бир хилдаги сўлғин фонни безаши керак бўлган дарахт турибди.
Худди ана шу севишганлар умуман қизиқтирмаётгандай, камерани кўзларимга олиб бордим, ўзим эсам чеҳранинг ўзимга керакли юз ифодаси, бари жумбоқлар ечими бўлмиш сирли имо-ишораларни илғаб, тутиб олишга муваффақ бўлишимни билиб турардим, мен кўпгина суратларда бўлгани сингари авжи ҳаракатнинг кескин ўзгараётган жойини беҳудага ўтказиб юбормасдан ушлаб олишим керак эди, агарда бўлинган вақтнинг жонли лаҳзаси бой берилса борми… Кўп кутишимга тўғри келмади. Аёл ишонч билан ҳужумга ўтди, шунда йигитча азобли ҳамда ширин қийноқ исканжасида озодлигининг сўнгги илинжини ҳам йўқотиб бўлди. Кўз ўнгимда боягидай шу воқеанинг эҳтимолий якуни гавдалана бошлади (энди осмонда биргина ёлғиз момиқ булут сузиб юрибди). Мен хаёлан хонимнинг йигитчани уйига қандай олиб келганини кўрдим (мушуклар ва ола-чипор ёстиқчалар ғиж-ғиж биринчи қаватдаги уй), болакайнинг ночор ва аянчли башарасини, унинг қандай довдираб, саросимага тушишини, буни сохта бетакаллуфлик остига яширишга уринишини – гўё, бизга шуям янгилик бўптими, дегандай ҳаракатини кўрдим. Мен юмуқ кўзларим билан (юмуқмиди?) бу манзарани ипидан-игнасигача яққол кўз олдимга келтирдим: ҳазилнамо бўсалар, оч бинафшаранг, ҳа, ҳа, каравотга тўшалган оч бинафшаранг партўшак шундоқ кўз олдимда намоён, аёл-чи, эркаланиб, қўллари билан кўйлагини эгнидан ечишга шошилади (ҳаммаси худди романлардагидай); шунда аёлнинг ўзи уни, мўмингина, мўлтайиб турган йигитчани ечинтиради, – уларни гўё оч долчин тусидаги маъдандан ишланган тунчироқнинг сарғимтир нурлари остида мисли она ва бола дейсиз. Ке-йинми – кейин бари худди одатдагидай бўлади, балки, йўқ…. ана шу чўзилиб кетган муқаддима қандай ривож топишини ким билади – қўлларнинг ошиқич саросимаси, шиддатли эркалашлар, ўнғайсиз, қовушмаслик оқибати нима билан тугайди? Балки йигитчага олдиндан такаббурона табассум остида қарши зарба тайёрлаб қўйилгандир, балки бечорагина бола аччиқ ҳайрат ичида мурдадек қотиб қолар? Балки ёлғизгина, заифгина қувонч бўлар? Бари шундай, бари мутлақо шундай бўлиши керак… Ахир шундай мишиқини ҳам ўйнаш қиладиларми ҳеч? Агарда бошқа кишига мўлжалланган ёвуз ўйинни тасаввур қилмасдан туриб, бу аёлнинг қандай ниятни кўзлаганлигини билиб бўладими?
Мишель ана шунга ўхшаш адабий хаёллар суришга муккасидан кетган эди. Ҳаётда бўлмаган ғалати вазиятлар, мантиқан тушунтириб бўлмайдиган қаҳрамонлар ва аллақандай махлуқларни ичидан тўқиб чиқариш унинг жони дили эди, ахир булар ҳамиша ҳам ғашга тегавермайди-да. Бироқ бу ерда вазият бошқача эди: бу аёл унинг хаёлоти, тасаввурини қўзғаб юборган ва айни вақтда ўзининг ҳар бир ҳаракати билан бунинг ҳақиқат эканлигига ишора қилмоқда эди. Мен бир сония ҳам кутмасликка аҳд қилдим – қуруқ таваккалчилик кимга керак? Ҳозир (менинг ўтиб кетган воқеаларни ҳуда-беҳудага қайтараверишга мойиллигим учун ҳам бу ҳақда узоқ бош қотирсам керак), фотоаппаратим объект ҳолатининг кузатувчиси атрофдаги бари нарсаларни – дарахт, панжара, қуёшни қамраб олган лаҳзани эслайман. Ниҳоят, сурат олинди! Шунда иккови “ялт” этиб менга қаради, улар нима гаплигини тушуниб етганликларини дарров англаб ета қолмадим. Ўспирин – таажжубланган, кўзларида соқов савол ифодаси қотиб қолган алфозда эди, аёл эса шундай ғазабландики, афти башараси, фақат башарасигина эмас, бутун вужуди қаҳрга тўлиб-тошди, улар жимитдай фотокадр асирлари бўлиб қолганликларидан қаттиқ жазавага тушди.
Бу ҳақда анча батафсил сўзлаб берсам бўлар эди. Лекин нима учун? Аёл ҳеч ким бегоналарни рухсатсиз суратга олишга ҳаққи йўқлигини айтди ва плёнкани унга қайтариб беришимни талаб қилди. Талаффузига қараганда, аёл асл парижлик эди; унинг қуруқ, қатъий овози ҳар бир ибора сари кўтарилиб, тобора ранг-баранг оҳанг касб эта бошлади. Умуман олганда, менга – плёнкани қайтариш ёки қайтармасликнинг фарқи йўқ эди, лекин ҳамма иш яхшилик билан битади, шунинг учун ҳам тўсатдан менинг ўжарлигим тутди ва ҳеч ким, ҳеч қачон жамоат жойларида суратга олишни тақиқламаганлигини ва аксинча: суратчилик ҳар қанақасига ҳам хусусий, ҳам давлат муассасалари томонидан рағбатлантиражаклигини айтдим. Мен буларнинг барини тўкиб соларканман, яширин завқ билан йигитчанинг бирдан чеккага ирғигудай бўлиб, орқасига тисланаётганини… кузатдим ва мана, у, қандайдир ақл бовар қилмас даражада эпчиллик билан ўзини олиб қочди ва югура солди. Бечора балки ўзимни муносиб тутиб, жўнадим, деб хаёл қилгандир, аслида эса у оёғини қўлига олди, машина ёнидан елдай учиб ўтди ва худди тонгги сарин ҳавода дарахтлардан тараладиган, Аргентинада “фариштанинг соч толаси”, деб аталмиш узун-узун иплар сингари кўздан ғойиб бўлди.
Ана шу ўргимчак ини толасининг яна бир – “иблис сўлаги” деган номи ҳам бор, шунда бизнинг суратчимиз оғзидан тупук сачратиб, бўралаб сўкина кетди. Шуни айтиш керакки, Мишель ўзини мардонавор тутди (бу ундан ортиқча заҳмат талаб этмади): у саховат қилиб айтилган ҳақоратларни назокатли табассум билан қарши олди ва ўта одоб билан таъзим қилди. Мен бировларнинг ишларига бурнини суқадиган аблаҳ, палид ва нобакор хусусидаги узундан-узоқ монологдан ғоят зерикканимда бирдан машина эшигининг “тарс” этган овозини эшитдим ва аёл ёнида бир эркакни кўрдим – у тўғри бизга қараб турарди. Шундагина мана шу саҳнада унинг ҳам ўз роли борлиги “ярқ” этиб миямга урилди.
У машинада бағоят қунт билан ўқиган ўша газетани қўлидан қўймай биз томон йўналди. Айниқса унинг афтини ғалати буриштиргани ёдимда қолди – бунақасини осонгина унутиб бўлмайди, – юзининг бужмайиши оғзини қийшайтириб қўйган, бурушиқ башарасини бузиб, из қолдириб ўтган эди, муҳими, лаблари гоҳ ўнгга, гоҳ чапга қимирлаб, қандайдир жонли, ғайришуурий нарса вишиллаб чиқарди. Бу – оппоқ бўрга беланган, бир томчи қони йўқ, қоқчакак териси шалвираган, тош қотган масхарабознинг башараси эди. Кўзлари чуқур-чуқур, бурун тешиклари – ҳаддан ташқари очиқ, қоп-қора, қошлардан ҳам қора, сочлардан ҳам қора, қора бўйинбоғдан ҳам қора эди. Эркак чағиртошларни худди оёқларини яра қиладигандай, эҳтиёткорлик билан босди, лок пойабзалининг тагчарми жуда юпқа эди – буни мен жуда яхши эслайман, – ҳаттоки майдагина тошдан ҳам йиртилиб кетадиганга ўхшарди. Нимагалигини ўзим ҳам билмай, дарров панжарадан тушдим. Яна нима учунлигини билмайману, мен узил-кесил ўлиб қолсам ҳам уларга плёнкани бермасликка, хавотир, тўғрироғи, қўрқув, таҳлика ошкора намоён бўлган талабчан овозга бўш келмасликка қарор қилдим. Аёл билан масхарабоз индамай бир-бирларига қарадилар – биз ўта оғир, чидаб бўлмас даражада мудҳиш учбурчакни ҳосил қилганимизча турардик, ушбу учбурчак бузилиши, ҳозир-ҳозир гумбурлаб қулашига шак-шубҳа йўқ эди. Мен негадир уларнинг юзларига қараб туриб, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбордим-да, нари кетдим ва анави мактаб ўқувчисидан кўра обрў билан жўнадим, деб умид қиламан. Кўприкда, кўприк билан тенглашиб, дастлабки уйлар кўзга ташланганда орқамга қайрилиб қарадим. Улар ҳамон ўша жойда туришар, фақат газета ерда ётар, аёл эса панжарага суянганча титраб-қақшаб, қўлларини тошлар бўйлаб юргизарди – бу қутулиш илинжидаги тутқун одамнинг одатий ва маъносиз ҳаракати эди.

Бари қолган гаплар шу ерда ва яқиндагина – бешинчи қаватдаги уйимда рўй берди. Мишель якшанбада олинган плёнкани ювиб қўйганига ҳам бир неча кун бўлган эди. Сент-Шапель ва Консьержери чиндан ҳам бинойидай чиқибди. Икки-учта синаш учун олинган кадр-лар хотирамдан кўтарилаёзибди. Қай мўъжиза билан жамоат ҳожатхонаси қувурининг энг учига чиқиб олган мушук кадри яхши чиқмаганлиги шундоқ билиниб турарди. Мана, оролда олинган сурат – сарғиш аёл ва ўспирин. Негатив аъло даражада чиққанлигидан Мишель тасвирни йирик планда бермоқчи бўлди. Йирик пландагиси ҳам чакки чиқмади, шунда Мишель уни катта афиша ҳажмича катталаштирди. Мишель ўша лаҳзада Сент-Шапель ва Консьержери суратларигина ортиқча дахмаза бўлади, деб хаёлига ҳам келтирмаганди (шунинг учун ҳам у ҳозир ажаблангандан-ажабланмоқда эди). Бутун бошли плёнкадан негадир аёл билан ўспирин кадригина унинг диққатини тортди. У катталаштирилган суратни тўғри деворга ўрнатди ва биринчи кун тасвирга қараб туриб, эслади, тўғрироғи, эсламади, ўлиб бўлган ҳақиқатни хотира билан (тўғрисини айтсам, бу анчайин ғамгин машғулот), ҳаракатсиз, қотиб қолган хотира билан таққосладим – гўёки ҳамма нарса жой-жойида, ҳеч нима йўқолмаганга ўхшаб кўринган ҳар қандай сурат ана шу хотирага айланиши мумкин, лекин шундай бўлса-да, ана шу Ҳеч ниманинг ўзи тасвир устидан ҳукмронлик қилмоқда эди. Мана, аёл, мана, йигитча, мана, уларнинг бошлари узра пана бўлган, жойида тош қотган дарахт ва осмон, ўз туб моҳиятига кўра ягона ва айнан бир хил, мисли тош панжара сингари аниқ-тиниқ қуйма булутлар (ҳозир эса кўкка булут сузиб чиқди, у худди момогулдуракни етаклаб келадиганга ўхшаб турибди). Дастлабки икки кун бемалол юрдим, суратнинг ўзи ҳам, деворга осиғлиқ, катталаштирилган нусхаси ҳам менга маъқул эди ва нега қилаётган таржимамдан дам-бадам узилиб, ўқтин-ўқтин аёл юзига ёки тош панжарадаги қоп-қора доғга диққат билан тикилаётганим учун шунчаки ўзимга-ўзим ҳисоб беролмасдим. Мен ана шунда пешонамга бир урдим… Нима учун ҳанузгача шундай оддийгина нарса хаёлимга келмади экан-а! Агар биз суратни тўғри кўз олдимизга келтириб тутсак, кўзларимиз аниқ объектив ҳолатини такрорлайди-ку! Одамлар шундоқ кўриниб турган ҳақиқат ҳақида бош қотириб ҳам ўтирмайдилар. Мен ёзув машинкаси қаршисида ўтириб, тасвирга қарадим – бизни кўп эмас, уч метрча масофа ажратиб турарди, – шунда мен ўша пайт камерам объективи қаршисидаги сингари ҳолатда турганлигимни англаб етдим. Яна нимаси маъқул? Суратнинг бари фазилатларини осонгина баҳолаш мумкин, агар диагоналига қарасанг, бунинг ҳам ўз жозибаси, тасодифий ҳолати борлиги маълум бўлади. Тўғрироғи, Хосе Норберто Альенде испан тилида яхшилаб ёзганини француз тилида унча яхши ифода қилолмай қолганимда вақт-вақти билан суратга қарардим – гоҳ аёл қиёфаси, гоҳ ўспирин, қуриган япроқ, ён томондан олинган суратни аъло даражада тўлдириб, унга маъно бериб турган тош йўл мени ўзига жалб этмоқда эди. Ишдан дам олган пайтларим мана шу сурат ижодкори бўлган ўша кунги тонгга хаёлим кетиб қоларди. Аёлнинг суратга олинган плёнкани қанчалик титраб-қақшаб, аччиғи чиқиб, қайтариб беришимни талаб қилганини эслардим, йигитчанинг қочиб қолгани кулгили, айни вақтда ўша ғалати одамнинг тўсатдан пайдо бўлиши кишини хавотирга соларди.
Виждонан айтганда, мен ушбу саҳнани унча чиройли тарк этмаган бўлсам-да, ўз-ўзимдан мамнуният ҳосил қилишим мумкин эди. Агар французлар тезоб бўладилар, десалар, менинг нима учун фуқаролик ҳуқуқлари, эркинликлар ва алоҳида имтиёзларни керагида исбот қилолмай, бирдан жуфтакни ростлаб қолганлигим ўзимга ҳам қоронғи эди. Бироқ бошқа томондан – шуниси энг муҳими, – мен йигитчанинг вақтида қочиб қолишига, қутулиб кетишига имкон яратдим (агарда менинг ҳисобим тўғри бўлса, йигитчанинг қочганми йўқми, буниси номаълум). Мен ўзим истамаган ҳолда бировларнинг ишига бурнимни суқдим, лекин шу билан бирга қўрқувдан ўтакаси ёрилган болакайнинг таҳликадан қутулишига пича бўлса-да, ёрдам бердим. Энди у афсусланса афсусланаверсин, уялса, уялаверсин, ўзини ландавур деб ўйласа ўйлайверсин, кейин бу панжарадан ўзига ғалати қараган аёлдақалар билан танишишдан кўра дурустроқдир.
Мишелда баъзан ўта одоб-ахлоқли одам уйғонарди, у шунда табиатига хос бўлмаган тарзда хунук, ножўя ишлар ҳақида ўйлайверарди. Демак, тасодифий олинган сурат ўзининг эзгу вазифасини бажарибди-да. Шуни айтиш керакки, мутлақо ихтиёрсиз равишда ҳар бир бандда ишимни тўхтатиб қўймоқда эдим; ўша дақиқаларда ушбу тасвир нима учун мени бунчалик ўзига тортаётганлиги ва нима учун уни катта қилиб деворга осиб қўйганлигим ҳақида ўйлаб ҳам кўрганим йўқ эди… Эҳтимол фақат шунда, фақат шундай вазиятларда бари юз бериши муқаррар воқеалар содир бўлса керак.
Дарахтларнинг астагина, аранг сезиларли шитирлаши мени сира безовта қилмади, бошлаб қўйган жумламни яна ёза бошладим ва уни бемалол муваффақият билан тугатдим. Сира ажабланарли жойи йўқ! Биз одат қилиб олган нарсалар – каттакон гербарий. Чиндан ҳам йирик пландаги, саксонга етмиш ҳажмдаги сурат экранга жуда ўхшаб кетади, ушбу экранда аёл тилёғламалик билан йигитчани суҳбатга тортмоқда ва уларнинг бошлари узра япроқлари қуруқшаб қолган дарахт бутоқлари чайқалади.
Аммо манави қўлларни қаранг – буниси жуда ортиқча! Шуниси қизиқки, мен эндигина таржима қила бошлаганимни биламан: “Donc, la seconde olй rйsiddans la nature intrinsйque des difficultйs que les sociйtйs…”****** – бирдан аёлнинг кафти, бармоқлари аста-секин бирлашиб мушт бўлганини кўриб қолдим. Кўз очиб юмгунча ўзимни йўқотдим, батамом чала, тугалланмаган французча жумла, полда машинка, ғичирлаб қолган курси ва туман ўз ҳолича қолди. Ўспирин бутунлай ҳолдан тойган боксчилар сўнгги зарбани кутаётиб қилганидай, бошини мағлубона эгди. У ёқасини кўтариб олган ва шу ҳолати билан асирга, ҳалокат сари ўзи йўл очиб берган ҳақиқий қурбонга янада кўпроқ ўхшаб кетди… Аёлнинг қўллари яна ёзилди ва узун-узун бармоқлари ўспириннинг бетларига узалди. Аёл йигитчанинг қулоғига нималарнидир шивирлади, у эса, қўрқув ичида, тўғрироғи, безовталаниб, аёлнинг елкаси узра бошини чўзди ва дам-бадам ўша томонга қаради, қаёққалигини – Мишель жуда яхши биларди – уёқда машина ва кулранг шляпали одам турарди. Улар кадрга тушмабди, хўш, тушмаса нима қипти? Ўша одам ўспириннинг кўзларида (бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади), аёлнинг сўзлари ва қўлларида, маълум бўлишича, атиги воситачи ролини ижро этаётган ҳузуридаги ана шу аёлнинг иштирокида яшамоқда эди. Сўнгра эса мен ўша одамнинг уларга яқин келганини, уларга қандай нигоҳ ташлаганини – қўллари чўнтагида, башарасида ранжишми, тоқатсизликми зоҳир, – мисоли ҳозир-ҳозир берилиб ўйнаган итига ҳуштак чалиб, чорлаган қаҳри қаттиқ хўжа-йинни кўрдим. Шунда мен, агар бу ўринда “тушундим” иборасини қўллаш жоиз бўлса, ўша пайт бошланган ва албатта содир бўлиши керак бўлган иш, беихтиёр ва қўққисдан келиб қолиб халал бермаганимда, эҳтимолдаги воқеа, бўлиши зарур ҳодиса, шак-шубҳасиз, шу кишилар ўртасида рўй бериши муқаррарлигига тушуниб етдим. Ҳақиқат, менинг тасаввурим намоён этган манзарадан ҳам даҳшатлироқ эди. Бу аёл панжара ёнида ёноқлари қип-қизил беозоргина фаришта билан ўз ихтиёри билан турмаган, болакайнинг қалтираши ва журъатсизлигидан маза қилиб завқланмоқчи, вақтини чоғ қилмоқчи ҳам эмас. Ҳақиқий хўжайин мавриди келишини пойламоқда ва ҳаммаси рисоладагидай бўлишига ишонмоқда эди.
Янги-янги қурбонлар изидан бир марта эмас, икки марта эмас, кўп маротаба аёлни жўнатган… Кейинми – кейин воқеалар оддийдан ҳам оддий кечади: машина, уй – бунақаси эмас, бошқача уй, шароблар, шаҳвоний суратлар ва кечиккан кўзёшлар. Мен бу сафар тамоман ҳеч нима қила олмадим, мутлақо ҳеч нима. Аслида суратчилик менга асло ёрдамчи эмас, балки душман экан, у ошкора қасос олди – энди нима бўлишини кўр, бир маза қил, дегандай бўлди. Мен суратни аллақачонлар чиқариб қўйганман, орадан соатлар эмас, кунлар, ҳафталар ўтди, биз энди бир-биримиздан йироқда турибмиз, ўкинч-пушаймонлик кўзёшлари аллақачонлар тўкилиб бўлган, фақат ҳасрат ва ҳайрат қолган, холос, биз бирдан ўрнимизни алмаштирдик, бу одамлар яшамоқдалар, ҳаракат қилмоқдалар, ишларини ҳал этмоқдалар ва уларнинг қарорлари ўзлари томонидан идора қилинмоқда, мен эсам буёқда ана шу кишилар – сарғиш аёл, ўспирин ва эркак кимлар эканлигини билмаслигим, бу ҳақда хабарсизлигим асирига, мен – фақатгина ўз камерамнинг аянчли линзаси, тош қотган, ҳаракатланишга қодир бўлмаган қандайдир нима асирига айланаман. Кўз ўнгимда рўй берган бари воқеалар менинг ожизлигим устидан шу қадар шафқатсизлик, шу қадар бераҳмлик билан кулгандай, мазах қилгандай бўлди: мен башараси оппоқ бўр билан чапланган масхарабозга йигитчанинг қандай нигоҳ ташлаганини кўрдим; мен боланинг тузоққа тушишини, уни пул билан йўлдан оздиришларини билдим. Мен энди – қоч! – дея ҳайқира олмаслигимни – бир лаҳзада қимматбаҳо атирлар ифори ва ҳирс-эҳтирос тупуги билан мустаҳкамланган синчни бузиб юборган тасодифий суратга олишдай, арзимас бўлса-да, ҳаракатим билан болани энди қутқариб қололмаслигимни билдим. Бу воқеаларнинг бари қандайдир табиий сукунатга ўхшамаган сукутга чўмган ўша дақиқаларда содир бўлган эди. Назаримда, мен қичқириб юбордим, умидсизлик, ранж-алам билан ҳайқирдим, ўша лаҳзада уларга пешвоз,- бир қадам, ярим қадам, яна бир қадам босиб бораётганимни тушуниб етган эдим. Олдинги планда дарахт новдалари майин силкинмоқда эди, панжарадаги доғ ҳам кадрга тушиб қолибди. Аёл ўгирилди, шунда унинг хавотирли, қўрқиб кетган башараси менга таҳдид қилди. Ўшанда мен бир оз чеккага сурилдим, тўғрироғи, мен эмас, менинг камерам силжиди.Аёлни кўздан қочирмай, мен, яъни камерам, ўша одамга яқинлашди, у эса саросимага тушиб, дарғазаб кепатада менга кўз ўрнидаги қоп-қора, чуқур ўралари билан тикилди, шундай тикилдики, нақ ниманидир ҳавога михлаб ташлагиси келгандай бўлди. Мана, шу ерда, қаршимда, фокусдан ташқарида бир каттакон қуш бутун суратни тўсиб, ўтиб кетди. Мен бир он ўзимни бахтиёр сездим ва деворга суяндим – нима бўлса ҳам менинг болакайим қочиб қолди-ку, кўздан ғойиб бўлди-ку. Сўнгра мен уни фокуснинг ўзида кўришга муваффақ бўлдим: у оёғини қўлига олиб югурди, йўқ, югурди эмас, орол узра қанот қоқиб учди – унинг жингала сочлари шамолда – ўша кўприкка томон елди, ҳилпиради. У учишга ўрганди ва шаҳарга қайтишни эплади.
Иккинчи марта шундай бўлдики, йигитча жуфтакни ростлади, мен иккинчи марта унга ёрдам қўлини чўздим ва ўспиринни омонат жаннатга қайтариб юбордим. Бирдан нафасим ичимга тушиб кетди, шунда мен тўғри улар қаршисида тўхтадим. Яна олға юришдан маъно йўқ – ўйин ўйналиб бўлди! Аёл кифти ва бир тутам сочи аранг кўзга ташланган, менга еб қўйгудай тикилган ўша одам тушган янги кадр шу қадар шафқатсиз эдики, унда ўша одамнинг ним очиқ ўра каби оғзи, қоп-қора тили қанчалик титраётганини кўрдим… У қўлларини оҳиста кўтарди, бир онга фокуснинг ўзига тушди ва олдинги планга чўзди, сўнгра эса каттакон яхлит бўлак сингари барини – дарахтни ҳам, оролни ҳам тўсиб олди, мен эсам бориб турган телбаи девонадай ҳўнграб йиғлаб юбордим.

Ҳозир, ҳа, ҳамиша – боши ҳам, кети ҳам кўринмайди – осмонда катта оппоқ булут сузиб юрибди. Мен ҳозир кўкда биттагина булут ёки иккита булут борлиги ҳақида, ёки соатлаб осмон ғоят тиниқ бўлиши ҳақидагина гапиришим мумкин, холос. Яна деворга нинатўғнағич қадалган квадрат қоғоз бор. Мен кўзларимни очиб, бармоқларим билан кўзёшларимни артганимда дастлаб кўрганим мусаффо осмон бўлди, сўнгра эса булутлар – чапдан чиқиб келиб, аста-аста, гўё савлат тўккан каби ўнг томонга сузиб бормоқда эди. Шундай ҳам бўладики, ҳаммаёқ кул рангига, улкан қора булутга бурканади ва кейин ёмғир томчилай бошлайди. Бу ёмғир мисли эгри чизиқча-чизиқча бўлиб ёғади, бу худди менга ўзгача йиғи, нолага ўхшаб туюлади. Сўнгра квадрат топ-тоза бўлиб қолади – бунга қуёш сабабчи бўлса керак – ва яна осмонга булут чиқади: битта, иккита, баъзан учтаси бирданига пайдо бўлади. Гоҳо каптарлар, гоҳо битта-иккита чумчуқлар ҳам кўриниб қолади.

Маъсума Аҳмедова таржимаси

_____________
* Машҳур япон фирмаси ишлаб чиқарган фотоаппарат (Тарж.)
** Ёзув машинкаси
*** Аполлинер Гийом (1988–1918) – ХХ аср бошларида яшаб ижод этган машҳур француз шоири «Янги замонавий шеъриятнинг ёрқин вакили. Илк марта адабиётга сюрреализм атамасини олиб кирган. (Тарж.)
**** Шамол йўналиши ва тезлигини кўрсатиб, аниқлайдиган асбоб.
***** Ижоди XV–XVI асрларга мансуб итальян рассоми.
****** Лекин бошқа йўли ҳам бор – қийинчиликларнинг ички табиатига кўра, жамият…(Франц.)