Хуан Бенет. Райхенау (ҳикоя)

Унга бир замонлар у шундай деганди:
– Бирон кориҳол бўлса, мана бу қўнғироқ тугмасини босинг, мен дарҳол етиб келаман.
Буни у доимий равишда битта жумлани такрорлайвериб одатланиб қолган одамдек айтмаганди; тўғри, унинг мижозлари айтарли кўп эмасди, лекин барибир бу билан унинг нима демоқчи бўлганини ўша пайтда у фаҳмламаган эди – қаттиқ толиққан, кўзлари юмилиб-юмилиб, тезроқ ўринга етиб олиш хаёлидаги одамга бу хил гапларнинг таъсир қилиши ҳам амримаҳол эди, ўзи шундоқ ҳам бу нусханинг афт-ангорини кўриб энсаси қотаётган бўлса.
Ярим кечаси у чорраҳада адашиб, юра-юра пировардида, дабдаласи чиққан тоғ йўлига тушиб олди ва чамаси икки соатлардан сўнг, бир замонлар қурилиб, ҳалигача сақланиб қолган биттаю битта темир симёғоч қаққайиб турган текис асфальт йўлга етди, симёғочнинг энг тепасига ўрнатилган кўрсатиш белгилари, бу белгилар остидаги ёзувлар шунчалик ҳам едирилиб кетган эдики, машина чироқларининг ўткир ёғдусида ҳам ўқиб бўлмасди. У йўл харитасини кўздан кечириб ҳам қайси томонга юриш кераклигини аниқлаёлмай боши қотди ва тусмоллаб кетаверди, ниҳоят, бир неча чақирим юргач, бамисли одамлари қирилиб, ўзи харобага айланган номаълум бир қишлоққа етиб келди. Қишлоққа кираверишдаги кўчанинг икки тарафида хом ғиштдан қурилган ўн-ўн иккитача уйлар кўланкаси аранг кўзга чалинар, симёғочдаги биттаю битта қувватсиз, хира лампочка йўлни ёритолмас, қисқаси, толиққани ва алламаҳал бўлиб қолгани учун “Рехьон – 23 км.” деган белгили ёзув кўрсатган томонга йўл олишдан ўзга илож тополмади. Кўп ҳам юрмади, кескин бурилишдан ўтиб, йўл ёқасидаги пештоқида “тунашхона” деб ёзилган пешлавҳа аранг кўринаётган баланд бинони кўриб, ўйлаб ўтирмасдан ўша тарафга бурилди.
Қўнғироқни икки бор чалгандан сўнг чироқ ёнди ва болохона деразаси очилиб, аллақандай кимса худди уйқуси бевақт бузилган одамдек норози оҳангда нима кераклигини сўради, унинг шу ерда тунамоқчи эканини эшитиб рози бўлганига қарамай, авваламбор қўрслик билан машинани уйнинг орқасига қўйишни буюрди. Эшикни ҳадеганда очмай узоқ ҳаяллади ва охири камарини боғлаганча чиқиб келди-да, ичкарига таклиф этди ва ҳужжат ҳам сўрамай, мўъжазгина жавондан 9 рақами зарб этилган темир тўгаракка осилган узун калитни олди.
Енгил-елпи қурилган эски бинонинг ичи зах эди, бир замонлардаги ночор ва диққинафас карвонсаройни эслатувчи ҳовли ниҳоятда ғариб, бефайз кўринар, арзимаган майда-чуйда, лекин зарур нарсалар – шафтоли данагидек лампочка нурсиз, йўлкалар бир аҳволда эди. Ётоқхона бундан ҳам хароб эди: йўлига бўлса-да, бир дона сурат илинмаган яланғоч девор, бир бало сим каравот, ёғоч қути ва юз-қўлни чайишгагина мўлжалланган кичкина чиғаноқдан бошқа бор-йўғи битта фанер стул турарди. Хўжайинга келсак – у шак-шубҳасиз хўжайин эди – у ҳақда нима дейиш мумкин, унинг ўз ишини унчалик хуш кўрмаслиги, фақатгина мўмай даромад кўриш ёки бор сармоясини сақлаб қолиш мақсадидагина шу ишга қўл ургани сезилиб турарди. Хонага киргач, калитни бера туриб, каравот тепасига илиб қўйилган резина нокка ишора қилди:
– Бирон гап бўлса, мана шу орқали қўнғироқ қилинг, дарҳол етиб келаман.
У туйқус шу фақирона кулбада бир амаллаб тунни ўтказиб олсам бўлди деган хаёлда ухлаб қолди, бироқ кўп ўтмай ғарақ-ғарақ терга ботиб уйғониб кетди. Анча вақт ажриққа ағнагандек у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилиб ётди, чойшабдан келаётган ҳид кўнглини беҳузур қилиб сира ухлолмади, ана шунда қулоғига дафъатан аллақандай ғўнғир-ғўнғир овозлар чалинди: девор ортидами, кимсасиз йўлакдами, бўм-бўш ошхона ва тунашхона ходимларининг саранжом-саришта хонасининг орқа тарафидами икки-уч киши шовқин солиб гаплашарди – уларнинг ҳиринглаб кулишлари ва ёқимсиз овозларидан нима ҳақда гаплашаётганларини англаб бўлмасди.
Ухлаб-ухлолмай, кўнгли ғашланиб ўрнидан турди-да, чироқни ёқди, овозлар ўша заҳотиёқ тинди. У менинг хонам деразасидан кўчага тушган ёруғ бақир-чақир қилаётган одамларга огоҳлантиришдек таъсир қилди, шекилли, деб ўйлади ва энди барибир ухлолмаслигига кўзи етса ҳам енгил тортиб чироқни ўчирди. Бироқ зум ўтмай ғўнғирлаш яна эшитилди, бу сафар янаям яқинроқдан баландроқ янгради; тинимсиз гапираётган одамларнинг гап-сўзларини тушуниб бўлмас, фақатгина бир маромда давом этаётган товушлар ҳавога сингиб кетар, гарчи унинг қулоғига етиб келмаётган бўлса ҳам худди бу гапларнинг бари ўзига тегишлидек туюларди. Йўқ, бу товушлар битта ердан келмаётгани аниқ, ҳатто бунинг қай тарафдан келаётганини ҳам илғаб бўлмасди – бу товушлар бамисли ҳамма томондан: жавонлар ортидан, қўшни хоналардан, кўчадан келаётгандек бўлар, бу ҳам етмагандек кўнглида йиғилиб қолган жирканч сирларини бир-бирига тўкиб солаётган аёлларнинг овози эди, узуқ-юлуқ, мубҳам гап-сўзларни ойдин кеча қўйнида сомеъ кўчага шамоллар учириб чиқар, лекин ялдо кечаси бу шовқиннинг ҳавога сингиб кетишига йўл қўймас, хавотир тўла тун бамисли уларни бир ерга тўплаб ўйин бошламоқчи бўлаётганга ўхшарди.
У яна чироқни ёқди, лекин лампочка лип-лип этиб турди-да, куйдимикан, ўчиб қолди, буни аёллар ўзларини гўё чўчитиб юборган нур устидан ғалаба қозонганликларининг аломати, деб қабул қилишдими, қувноқ оҳангда яна гапларини давом эттирдилар, бу ўзларига ҳеч ким халал беролмаслиги муқаррарлигини ҳис қилган одамларнинг тантанасини эслатарди.
У қора терга ботганча ўрнидан турди, хона хийлагина салқин эди, ноилож у яна ўрнига кириб ётди ва бошини буркаб олди… ажабо, гўё овозлар яқингинадан, шундоққина ёнгинасидан, ҳатто чойшаб қатларидан эшитилаётгандек бўлди. У апил-тапил чойшаб остидан бошини чиқарди-да, тепасида осилиб турган нок шаклидаги резина қўнғироқни қўлига олди, лекин босмади, сўхтаси совуқ меҳмонхона хўжайинининг гердайган авзойини эслаб, журъат қилолмади. У нима қиларини билмай бир неча дақиқа жим ётди, сўнг қандайдир жазава ичида резина нокка тилини теккизди, чидаб бўлмас даражада кучайиб, тобора баландлашиб бораётган овозлар таъсирида гангиб ўзини қўярга жой тополмай, асаблари қақшаб, дам туриб-дам яна ётиб олганча нега ва нима учун бундай аҳволга тушаётганини англаёлмай ўпкаси тўлиб йиғлагиси келаётганини ҳис қилди, бу ҳолат исканжасидан тонгга қадар қутулолмади, эрталаб қутулдим, деганда совуқ тер босиб, ҳаво етмай, ҳолсиз ётарди: манглайини каравотнинг муздек темир панжарасига босиб, бақрайганча электр қўнғироқнинг симини ушлаб ётар экан, кўнгилсиз тунни бошидан кечириб, бардош бера олгани учун ич-ичидан ғурурланди ва ҳатто ҳеч кимни ёрдамга чақирмагани учун ўзидан фахрланди.
Эртасига эрталаб бир кеча тунаганининг ҳақини тўлар экан – айтишга ҳам арзимайдиган – меҳмонхона хўжайинига тунги можаро ҳақида чурқ этиб оғиз очмади; эҳтимол, ўша пайтлари минг хил қийинчиликлар исканжасидан қутулолмай эзилиб юрганига қарамай ўзига бўлган ишончни йўқотмаган эканми, меҳмонхона эгасининг энсаси қотиб ҳамда нигоҳларида зуҳур этган таҳқирона ифодани англаган ва бирон муаммо туғилиб қолса, тортинмай чақираверинг, деган иддаони сезмаганга олганди – ҳолбуки, қўнғироқ тугмасини шундай босса кифоя эди, зеро, меҳмонхона хўжайини пичинг қилмаган ва огоҳлантирмаган, балки шунчаки эслатиб қўйган эди – бу ёғи ўзингиздан қолар гап йўқ – зеро, хизматчилик шундай дейишни тақозо этарди; у бекорга қўнғироқ қилиб безовта қилишнинг ҳожати йўқ, демоқчи экан; кечаги кўргилик таклиф этилган хизматдан воз кечиб такаббурлик қилгани учун юборилган жазо, қолаверса, кейинги сафар шундай вазиятларда ўйлаб бирон қарорга келиши учун сабоқ эди, аслида, ҳолбуки, бундан қутулиш жуда осон эди – бунинг учун қўнғироқ тугмасини босса, бас, бу хусусда меҳмонхонага кириб келганидаёқ уни огоҳлантиришган эди-ю…
Бу воқеа бир замонлар у ўта оғир, машаққатли ва уни ёлғиз яшашга мажбур этадиган касб – ўша пайтларда у ерларда турмуш учун унчалик зарур бўлмаган маҳсулотларни сотиш билан шуғулланар эди. Аммо ўзининг ғайрати, ташаббускорлиги ва тиришқоқлиги сабабли кўпам ўтмай ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган, мухтор мавқеига эришиб фаровон ҳаёт кечира бошлаган, чет эл маҳсулотларини сота бошлагач эса бориб турган сармоядор тижоратчига ҳамда ҳар йили бир марта узоқ даволаниш учун ҳавоси мусаффо, шифобахш масканларга бориб дам олишга мажбур кашандага айланган эди. Мўъжазгина юк ташувчи машинага одамлар учун керак-нокераклиги номаълум нарсаларни ортиб, қишлоқма-қишлоқ юрганида кунлардан бир кун ярим тунда йўл устидаги меҳмонхонага бориб қолган даврга ҳам анча йиллар бўлди. Агар, мабодо ўша тунги можарони унутмаган бўлса, у ҳолда, уни ўша қийналиб юрган маҳаллардаги энг кўнгилсиз, машъум воқеалардан бири, деб ҳисоблаган бўларди. Башарти эсидан чиқмаган бўлса, эҳтимол, ҳозирги некбин ҳаётининг ёки бугунги маъмур турмушининг муқаррар дебочаси, деб таърифлаган бўлур эди.
У яна уйғониб кетди: томоғи ачишиб нафас олишга қийналди, бир пайтлардагидек қоронғи тун ўз табиатини – ҳукмини намойиш эта бошлади, фақат бу сафар атрофида бутунлай ўзгача манзара намоён эди. Бу сафар – Констанц кўли ёқасида – ғўнғир-ғўнғир товушларга тўла туннинг кумуш либоси товланар, бамисли бу овозлар сокин ва пурвиқор қарағайларнинг шовқини, жўка дарахти билан шумтолларнинг оҳиста шитирлашлари, теракларнинг шовиллаши – улар баайни одоб юзасидан қарсак чалаётгандек бўларди бу ақл бовар қилмас сирли эврилишлар ила тунни бедор ҳамда вақтичоғлик билан ўтказмоқчи бўлаётган алланечук ғойибона ҳилқатнинг қовушмаган, маънисиз ўйинлари инсон ақл-идрокига таъсир этмас эди. Шамол янги ўйинларни кутиб эсишдан, япроқлар қарсак чалишдан тўхтаганда аллақайдан– соҳил ёқалаб қад ростлаган сон-саноқсиз дарахтлар ортидан қиз-жувонларнинг баланд асабий ва инжиқ кулгилари янграб қоларди.
У деразани ёпди, ёпди-ю ўша замоно хонага қаердандир ёши ўтинқираган аёлларнинг ғўнғир-ғўнғири, тийиқсиз кулгилари ёпирилди – буларнинг бари гўё унга имо-ишора қилаётгандек, унинг эътиборини жалб этиш учунгина хонани эгаллай бошлагандек туюларди, бу товушлар сурбетларча беписанд ёпирилар, ҳатто чироқни ёқиб, меҳмонхона ходимларини чақирганда ҳам бу ҳол хонани тарк этмайдиганга ўхшарди.
Бирдан у бир пайтлардагидек журъати етмаётганини пайқаб қолди ва бир замонлар худди шундай вазиятга тушиб қолганини эслади-ю, Рехьон билан Констанц кўли яқинидаги Райхенау йўлларида адашиб-улоқиб юрган кезларда унинг ўзини доимий равишда кузатиб, кўздан қочирмай, ортидан изма-из юрганларини (буни у унга имо-ишора қилиб қўйганди) англаб етди; ҳолбуки, улар хайрлашаётган лаҳзаларда, ўша онларданоқ ва ҳатто кейинчалик, то шу кунга қадар ҳам у ўзини тинмай таъқиб этиб келаётганди, зотан, ўша тонгда меҳмонхонадан чиқиб кетаётгандаёқ у энди бошқа шароитда худди илгаригидек ўзига ўшандагидек ишонч билан юрмаслиги, таслим бўлажаги, ёрдам зарур бўлиб қолса, ёрдам қўнғироғининг манфур тугмасини муқаррар босажагига ишонч ҳосил қилганди. У илкис йўлакка солинган поёндоздан юриб келаётган қадам товушларини эшитди, эшитмоқ тугул бу кимнинг қадам товушлари эканини таниди ва бир пайтлар ёрдам керак бўлиб қолса ҳеч иккиланмасдан қўнғироқ тугмасини босиш лозимлигини норози оҳангда таъкидлаган ўша, энди… Зеро, у ўзи жорий этган ўйин қоидаларини сариқ чақага олишмагани учун, менсимай, йиллар давомида шаънига нолойиқ ишлар қилавериб, аламзада қилиб қўйишгани учун интиқом онлари келганидан мағрурона қадам соҳибига эшикни очиш қийин эмаслигини фаҳмлади. У ўрнидан турмади. Ёстиқдан хиёл бош кўтариб, орқаси билан деворга суянган кўйи нари сурила бошлади ва эшик лўкидонини ишонч билан очган қўли, сўнг бамисли ганч ва елимшакдан ясалганга ўхшаш қадди-қомати орқали унинг ўша эканлигига ич-ичида иқрор бўлди.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 10-сон