Тош Мияшев. Биринчи муҳаббат (ҳикоя)

I

Троллейбус гувиллаганича мен учун қадрдон бекатга етиб келиб, оҳиста тўхтайди.
Йўлакдаги одамлар оқимига қўшилиб, шошилганча юриб кетаман. Нақ қаршимда, баландда осмон бағрига санчилган игна сингари телеминора юксалиб туради. Унинг олдидаги икки қаватли бинога бирпасда етиб бораман. Сўнг сухандонлар хонасига кириб, кўзгу олдида бир оз куймалангач, студияга ошиқаман. Рўпарага ўрнатилган экранда ўз қиёфамни кўриб, юрагим бир ҳапқириб кетади. Дақиқалар соатларга чўзилаётганга ўхшайди.
Режиссёр ишора қилиши билан:
– Ассалому алайкум, азиз телетомошабин дўстлар! – дейман. Бироқ қалбимнинг энг қаърида “Ассалому алайкум, азиз оғажон!” – деган бир нидо бор. Шу дамдаги майин, оҳангдор, латиф овозимни сиз эшитсангиз, мийиғимдаги ним табассумни сиз кўрсангиз эди, – дейман. Ҳамиша шундай қиламан, шуни ўйлайман.
Сиз-чи, қимматли оғажон, шу тобда қаерда бўлсангиз экан?
Балки одатингиз-чи, креслога ястаниб, менинг экранда пайдо бўлишимни кутаётгандирсиз? Ёки ўша, иккимиз учрашадиган кўприк бошида сувнинг оқишига қараб хаёлчан турибсизми? Эҳтимол, ўзингиз севган Дзержинск хиёбонида оҳиста сайр этаётгандирсиз? Ё бўлмаса, баайни симёғочга тортилган уч қатор симга ўнг-терс – қўниб ололган қалдирғочларга ўхшатиб нота чизиб, янги оҳанглар, янги мусиқа қидириб, мени ҳам тамоман унутганча ўлтирибсизми?
Қайда бўлсангиз ҳам майли…
Мовий экранга чиқиб айтадиган дастлабки сўзим, илк табассумим сизга аталган, қимматли оғажон. Мана, Сиз билан кўришмаганимизга ҳам бир йилча бўлиб қолди. Бир шаҳарда яшаб туриб, бундай қилишимиз, албатта, жуда ғалати. Мен ҳар замонда телефон гўшагини қўлга олиб, рақамингизни тераман. Бирпасдан сўнг бу ёруғ оламда фақат мен учун яралгандай ёқимли овозингиз эшитилади. Шу бир лаҳзалик товушингизни эшитиш учун атайлаб қўнғироқ қиламан.
– Алло! Алло, ким бу? – дейсиз.
Мен товуш чиқармайман. Ҳа, товуш чиқара олмайман ҳам. Сизни қаттиқ ранжитганман. Балким ранжимаган ҳамдирсиз. Бироқ юрак ютиб овоз бериш мен учун маҳол.
Шундай қилиб, бироз вақтдан сўнг гўшакни қўясиз. Мен бўлсам, “дуд-дуд”лаган товушни тинглаб, узоқ туриб қоламан. О, биз илгари шундаймидик? Сизга телефон қилаверардим. Жавоб беришингиз билан:
– Менман, – дердим.
Сиз суюниб кетардингиз, товушингиздан билардим.
– Сўзла, Аноржон, гапир, – дердингиз.
– Нимани сўзлай, оғажон?
– Нима тўғрисида бўлса ҳам сен сўзлайвер…
– Мен шундай, иш орасида бир…
– Аноржон, қўйсанг-чи ишингни. Гапир… Ахир, битмаган иш борми? Қулоғим сенда. Сўзла, Аноржон!
– Автомат-телефондаман… бошқалар кутиб қолди, – дердим. Бу гапим гоҳо ёлғон бўларди.
– Ҳа-а, – дердингиз бўшашиб. – Аноржон, яна телефон қиласанми?
– Билмадим…
– Бугун учрашамизми?
– Билмасам, – деб туриб олар эдим. Кўнглимда яна бир нарсаларни сўраса эди дейман.
– Ҳалиги жойда учрашайлик… соат…
– Бугунми, майли оғажон…
– О, қимматли оғажон! Ўша кунлар мен учун қандай бахтли кунлар эди. Йўқ! Тиллога тортиб олса бўладиган дамлар эмасмиди? Ростдан ҳам биз ундай кунларга энди етиша олмаймизми? Бунга ким айбдор? Менми?

II

Ўша йили сиз янги ишга келгандингиз. Дарров исмингизни, кимлигингизни, уйланганмисиз-йўқми – билишга ошиқдим. Биз аёл зоти шундаймиз, оғажон. Қарангки, мен сизнинг айрим асарларингизни билар эканман. Ўзингизни ҳеч кўрмаган эканман. Муҳаббатга бағишланган бир куйингиз менга жудаям ёқади. Ўрта мактабда ўқиб юрганимиздаёқ уни тинглаганман. Шаҳарга келгач, у кўпчилик ёшларнинг суюкли асари эканини билдим. Ўша, қалбимни жунбушга келтирган асарнинг муаллифи сиз экансиз, оғажон!
Одатда бизнинг ишхонага одамлар кўп келади. Кўп одам ишлайди. Ғала-ғовур орасида сизни бот-бот кўриб турардим. Сиз ҳам менга бир-икки қур зимдан қараб қўйганингиз билан, ҳеч нарсадан хабарсиз эдингиз. Гоҳо даҳлизда учрашиб қолсак, бош ирғаб саломлашамиз.
Бир куни ишга эртароқ келсам, бизникилар суратга тушишаётган экан. Орада сиз ҳам турибсиз. Аммо сизнинг ёнингизда бошқа сухандон қиз турибди. Билмадим, негадир ғашим келди. Мени чақирсалар ҳам бормадим. Сураткаш йигит ўзи чақириб, тўп турганлар орасига қўшиб, расмга олди. Чимирилиб тушдим суратга. Ҳозир мен уйда ёлғиз қолиб, сизни эсласам, ўша суратга қарайман. Сиз ҳеч нарсадан бехабар турасиз. Эгнингизда жигарранг енгил плашингиз, бошингизда чет эл шляпаси. Оқ-сариқдан келган юзингиз ҳам ўйчан, ҳам сирли. Гўё бошқа одамлардан ҳеч фарқингиз йўқдай. Бироқ мен фақат кейингина сизнинг кимлигингизни англадим. Ахир менинг сиз билан икки йилга яқин сирдош бўлишим менинг учун икки асрга татийдиган таъсир қолдирмадими? Адолат, ҳақиқат тўғрисида, инсонийлик, ҳаёт, давр, эртанги кун ҳақида тушунчаларим авваллари чалкаш, чалакам-чатти бўлса, энди фикрим равшанлашди. Муҳаббат тўғрисида энг юксак сўзларни тингладим.
Аслида кичкина бир жилға бўлсам, сиз билан ёнма-ён юриб тўлиқдим, кўнглимдаги мавжлар теранлашди. Нима бўлса ҳам, қимматли оғажон, сиз мен учун бир мактаб бўлдингиз.
Мен сизга учрай олмай бир четда яшайман. Бироқ умр бўйи жон-танимга бир нур бўлиб сингган, бундан кейин ҳаётимнинг қайси палласида бўлмасин, қулоғимда қайта-қайта сасланиб, янграб турувчи сўзларингизни асло унутмайман. Улар менинг умр йўлимдаги бир маёқ, юрагимга бир қувват бўлиб туюлади. Менга қилган насиҳатларингизни, иффат ва одоб, покликка ундовчи сўзларингизни эслаб, ҳозир ўзимдан-ўзим уяламан. Ҳа, шундай, оғажон! Мен сиз айтган ўша офтобли боғда етилиб пишган нуқрадай тоза анор бўла олмадим-ку? Шунинг учун ҳам ўзимдан ўзим уяламан, оғажон. Ёдингиздами, бир вақт сиз менга “меваларнинг ичида энг асили қуёшли боғда етилиб пишган анор бўлади. Унинг сирти қўполгина кўрингани билан ичи нуқрадай тоза, биллурдай мағиз. Анорни олтинга тенг баҳоласа бўлади. Шунга ўхшаб, биз одамлар ҳам гоҳо асил нарсаларни кўролмаймиз, қадригаям етмаймиз. Мана, сен менинг учун асил ҳақиқдай Анорсан, демак, олтинсан. Менинг олтинимсан!” – деб айтган эдингиз. Бу сўзларингизга муносиб бўла олмаганга ўхшайман. Сиз бу гапларни бир менга айтгансиз. Қайтиб бошқа бировга тиш ёриб сўзламайсиз ҳам. Сиз унақа кишилардан эмассиз. Бунга ишонаман. Бутун борлиғим билан ишонаман, менинг қимматли оғажоним!

III

Шундай қилиб, бир-биримизга унча қаттиқ тегмай, кўнглимизни оғритмайгина узоқлашиб, кўришмай қолганимизга ҳам мана, бир йилча бўлиб қолди. Умрга қиёслаганда – қисқа, бироқ мен учун ўта узоқ туюлган шу бир йил ичида юз-кўзларимга унча-мунча чизиқ туша бошлаганини бугун эрталаб кўзгу ортида кўриб қолдим. Муҳаббат одамни ёшартиради, деган гапни эшитган эдим. Муҳаббат одамни қаритиши ҳам мумкинлигини энди билиб турибман…
Ўзи, сиз қандай қилиб мен учун энг қимматли киши бўлиб қолдингиз?
Сизни қандай севиб қолдим? Баъзи бир қизлар одамнинг ташқи кўринишига мафтун бўлишса, бошқалари кишининг шуҳратига, бойлиги ёки амалига ошиқ бўлишаркан. Ростини айта қолай, оғажон, сизда ундай хусусиятлар мана мен деб кўзга ташланмайди, ижодингиз ҳам жуда юксалиб кетган эмас, яхши дейилганлар қаторида холос-ку. Суйганингни гоҳо кўзинг билан эмас, кўнглинг билан кўрасан, дердилар. Балки менинг юрагим сизни авваллари ҳам кўргандир…
Сиз бизнинг телестудияга хизматга келганингиздан бошлаб мен ҳам ишга боғландим-қолдим. Кўпинча, эшиттириш бошланишига анча эрта бўлса ҳам, барвақт келиб, хийла кейин кетадиган бўлдим. Гоҳо эса, дам оладиган кунларимни ҳам шу ерда ўтказаман. Сиз бўлсангиз, менга унча эьтибор бермагандай юрардингиз. Бошқа йигитларга ўхшаб, йўлимни тўсиб, кинога қистаб, ё бўлар-бўлмас гапларни сўзлаб бош оғритмадингиз. “Қандай қилиб, ахир қандай қилиб, менга бир оғиз сўз айтмайди? Гўзалликка завқланмаган бу қандай йигит ўзи? Қадди-қоматим келишган, сулув деса сулувман-ку. Сухандонлик танловидан беҳуда ўтказишмаган-ку! Нега мени пайқамади?” – деб ўйлаб кутиб юрдим. Бироқ кутишимдан натижа чиқмади.
Кунларнинг бирида атай хонангизга кириб борсам, ёлғиз ўтирган экансиз.
– Э, келинг, келинг, – деб ўрнингиздан ирғиб турдингиз.
– Йўқ, мен шунчаки бир кирувдим, – дедим шошиб, – Сиз шу ерда экансиз-да?
– Ҳа, ҳа шу ердаман. Ўтиринг бундай.
Бир дақиқа жимиб қолдик. Нимага кирганимни, ё нима деяримни билмай, ўзимни йўқотиб, сизнинг муҳаббат ҳақидаги бир асарингиз тўғрисида сўзлай бошладим. Сиз жимгина менга қараб турардингиз. Ўшанда, кўзларингизда қандайдир сирли учқунлар чақнаб, улар менинг ҳиссиётимни жунбушга келтириб, тушунарсиз тортинчоқлик пайдо бўлиб, қалбимга илгари менга нотаниш бўлган илиқ бир оқим “шир” этиб қуюлиб кетди. Икки юзим қип қизариб, ловуллади. Сиз бўлсангиз, менинг сўзларимни унчалик уқмай, сал кулимсираб, нимадандир мафтун бўлгандай яйраб, хумор боқиб турар эдингиз. Шу тикилишингиз менга ёққандан-ёқар эди.
Севгига бағишланган асарингиз ҳақидаги гапларимни айтиб битирдим ҳамки сиз боягидай кулимсирабми, хуморланибми ўтиравердингиз. Энди нима қилдим? Шошиб қолдим.
– Мен бора қолай – дедим ўрнимдан туриб. “Ия, нима учун келувдим ўзи бу ерга? Тағин нималар деб жавраб қаёққа боряпман?” – деган ўй бошимга келди.
– Ишдан кейин бир учрашсак майлими? –дедингиз бошқача қилиб.
– Қўйсангиз-чи, – деб ерга боқдим – нега учрашамиз?
Ўзимни йўқотиб, нима деяётганимни ҳам англамасдим. Қуриб кетгур, тортинчоқлигим панд бериб қолди. Шундай бўлса ҳам қишлоқда йигитларга берган жавобимни эслаб ўшаларни такрорладим.
– Нимага бўларди? – деб сочингизни силаганингизча жовдирадингиз, гаплашамиз, сирлашамиз дегандай …
– Бировлар нима дейди?
– Яхши бўпти, дейишади-да.
– Қандай қилиб.
– Шундай икковлари бирга юришибди дейишади-да. Бунинг нимаси ёмон, бирга ишласак, бирга юрсак нима бўлибди? Ахир ўз бошимизга ўзимиз хўжайин эмасмизми?
“Рост айтасиз, оғажон”, деган гап хаёлимга келди. Бироқ боягидай ўзимни йўқотиб, бир қувониб, бир уялиб турардим.
– Тўғри, сухандонларни ҳамма танийди, – дедингиз яна ўзингиз, – гап-сўз қилишлари ҳам мумкин. Аммо биласизми, менинг шаҳарда уйим йўқ, ҳозирча ётоқхонада турибман. Агар рози бўлсангиз, ҳордиқ куни ўша ерда учрашсак.
Мен индамадим. Бирор нарса дейишга ожиз эдим, фақат ётоқхона шаҳар четроғида эканини эсладим. У ерда бўлганман – ям-яшил боғ. Сувлари тип-тиниқ, муздай. Кўнглим “бор-борақол”, деб қистайди. Қизлик нозим билан анча таранг қилдим. Бироқ қимматли оғажон, сизнинг оҳанрабодек кўзларингиз мени ўзига тортарди. Охири мен у ерга бордим.

IV

Биз жуда яқинлашиб кетдик. Бирга ишлайдиган айрим ўртоқларимиз кўз қарашларимиздан дарров пайқаб, гап-сўз қила бошлашди. Ҳаммасидан ҳам анови, сизга ёндашиб расмга тушган сухандон қиз қизғонганини сездириб қўйди. У ҳозир бошқа ёққа ўтиб кетди. Ўзи икки марта эрга тегиб чиққан нарса эди. Ёлғонниям ямламай ютарди.
– Анов янги ходимнинг оиласи бор дейишади. Ростмикан? – деди у сизни кўрсатиб, – сўнг сир бой бермай тикилди. – У туришидан анча-мунча қизларнинг бошига сув қуйган одамга ўхшайди ўзиям…
Мен индамадим. Унинг ёлғон гапираётганини фаҳмладим. У яна сўз улади:
– Анорхон! Бу дейман, шу йигит келгандан бери сен ҳам ўзгариброқ қолдингми? – дейди кулгуга олган бўлиб.
– Қандай?
– Билмадим. Энди шу, киймаганингни кийиб, ясаниб дейман-да, кейин… Икковларинг кўчада бирга юриб қоласизлар?
– Бирга ишлагандан кейин бирга юриб қолсак керак-да.
– Айтаман-да.
– Ия, бу кўйлагингни кўрмаган эканман. Роса ярашибди ўзиям, – деди.
Бу гапларда жон бор эди, оғажон. Сизга кўриниш, ё ёқиш учунми, билмадим, туфлиларгача янгилаб, ҳар куни бир бошқасини кийиб келар эдим. Аммо сиз бунга эътибор бермасдингиз. Ростини айтсам, ўша вақтларда мода бўлган бирор кўйлакдан қолган эмасман. Ҳамма тишларимга тилла қоплатсаммикин деб ўйлардим. Олтин балдоққа, олтин билагузукка етсам дердим. Кичикроқ тилла сирғам бор эди, унгаям кўнглим тўлмай қолди.
Бир сафар сиз шифохонага ётиб қолдингиз. Узлуксиз қатнаб турдим. Ўша кунларда шаҳарда яна бир янги кўйлак ўлгур пайдо бўлди. Майин ҳилвираган бу кўйлакни кийиб юрганларни кўрсам, суқланиб, улардан уялмай, қаердан топишганини, қанчага олишганини сўрар эдим. Япониядан келадиган бу кўйлак тушларимга ҳам кириб юрди. Кунларнинг бирида бояги диктор қиз кийиб келса бўладими? Уни кўриб, куймаган жойимда кул бўлиб кетдим. У бўлса, олдимдан ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа шох ташлаб ўтади, десангиз. Ахийри чидай олмай, қаердан топганини сўрадим.
– Керак бўлса топиб бераман, – деб бурнини кўтарди у. – бир омбор мудири бор. У етти қават ернинг тагидан бўлса ҳам топади. Ўзиям келишган йигит. Машинаси бор. Қуриб кетгур, бирам шўхки…
– Таништириб қўйинг, барака топгур.
Омбор мудири Алим деган йигит экан. Худди айтганидай бир жойда тинч туролмайдиган, одамнинг ёқасидан кириб, енгидан чиқадиган уддабурон кўринади. Мени кўрганда нақ бир қошиқ мойдай эриб кетди ўзиям.
– Бўпти-да, – деди у дарров, – Сизга топиб бермаган кўйлакни кимга топиб берамиз?
Ўша куни у мени яп-янги машинасига ўтқазиб икки-учта омборга олиб борди. Борган жойида дарров менинг пинжимга тиқилиб, бошқаларга шу тақлид кўриниб мақтанаётганга ўхшади. Гоҳо сўзлашаётиб, гап орасида кўзини қисиб, имо-ишоралар қилаётганини пайқадим. Ҳайтовур, кўйлакни осонликча топиб бергани йўқ. Ана-мана деб юриб ахир бир куни қўлимга тутди. Бироқ елимдай ёпишиб олди. Ресторанга, меҳмонхонага олиб борди. Бойлик, шон-шавкат мени ўз домига торта бошлади. Гоҳо кўнглим юмшаб Алимнинг айтганларига кўндим…
– Бугун театрга борсак, – ялиниб туриб олди. – Ўзи бу кўйлак фақат сизга ярашаркан.
Бир ёғи бу кўйлакни кийиб, театрдагиларнинг кўзини ўйнатгим келиб иккиландим. Бироқ шифохонага бормай қолганимга бир неча кунлар бўлганини эслаб, сиз томонга жўнадим.
Алимнинг машинаси билан ғизиллаб етиб бориб, йўл четида тўхтадик. Алим аллақанча вақт маҳкам ёпишиб, юз-кўзларимни ўпиб олди. Театрда кўришгунча соғиниб қолишини айтиб, билетларни сумкачамга солиб қўйди. Шундан сўнг машинадан тушиб қолдим. Буларнинг барини сиз ичкаридан кўриб турган экансиз. Анчагача билдирмадингиз. Илгаригидай самимий, илиқ сўзлашдингиз. Мен ҳам ҳеч нарса бўлмагандай эркаланиб, ёнингизда ўтирдим. Кўйлагимни кўриб табриклайди, деб кутдим. Унга қараб ҳам қўймадингиз. Охири ўзим айтдим.
– Кўйлагим ярашибдими?
– Жуда ярашибди, чиройли экан, – дедингиз қадди-бастимга қараб ҳам қўймай. – Бунақа кўйлак ҳақида шифохонада ётган аёллар ҳам гапиришиб, хўжайинлари кўргани келса, шундан топасиз, деб тайинлашаётибди. Кўпчилик тополмаганини айтиб келса, аччиқ қилганлариям бор. Ўзинг қаердан топдинг?
– Бир танишим топиб берди…
– Бояги, сени машинада олиб келган йигитми?
Нима дейишимни билмай, қотиб қолдим. Вой менинг сезгир оғажоним-ей… Қанақа қилиб кўриб қолдингиз экан? Ё сизнинг ҳам юрагингиз мени узоқлардан кўриб турармикан? Иккаламизнинг ўртамизга оғир сукут тушди. Чаккамдан муздай тер чиқиб, ўзимни бироз йўқотиб қўйдим.
– Қани гулзорни бир оралаб келайлик-чи, – дедингиз тирсагимдан тутганча ўриндиқдан турғазиб, – Анорхон, сенга ҳар қандай кийим ярашади. Икковимиз танишгандан бери хилма-хил модадаги ўндан ортиқ кўйлакларингни кўрдим. Ҳаммаси сенга жуда боп. “Ярашади ёлғиз сенинг ўзингга, қайси куни қандай либос кийсанг ҳам…” деган шоирнинг сўзи қандай теран-а. Узр, Анорхон! Бу менинг ўзимча ўйлаган ўйим-да. Наҳот одам ҳар турли тусдаги латта-путта билан гўзал бўлса? Ё олтин сирға, олтин балдоқ, тилла тиш билан чиройлими? Айт менга, Аноржон, гўзаллик нимада?
Икковимиз гулзор орасидаги йўлак бўйлаб боряпмиз. Йўқ, мен текис йўлакдан эмас, жар бўйидаги тойғоқ сўқмоқдан юриб бораётгандай, рўпарамнигина кўриб, қўққисдан бошимни ўнг ёки чап томонга бурсам, қулаб кетадигандай аранг юриб боряпман. Бугун тушдан бери танимни яйратиб, ҳилвираб турган, янгилигидан ёқимли ҳид таратаётган енгил ҳавойи кўйлагим энди сизнинг олдингизда ўхшовсиздай туюлиб, бутун баданим сесканиб кетди. Сиз яна айтдингиз:
– Ҳар бир одамнинг бутун борлиғи гўзал. Ҳар бир инсон ўзича бир дунё! Кўнгли мавжланган кўл, фикри – қирғоқларга тўлқин уриб сапчиган дарё, умр йўли – минг-минг оҳангли мусиқанинг ўзи! Инсон боласи табиатан жимитдай бўлгани билан, еру осмоннинг борлиғини кўра била оладиган зийрак, бошига тушган тоғдай зил қайғуни кўтара оладиган алп! Яхшилигига чегара йўқ! Муҳаббати қуёш каби оташ! О, инсон, инсон, сен нақадар хислатларга бойсан! – дея ҳаяжонланиб кетдингиз. Мен бу сўзларни сизнинг оғзингиздан эшитдим. Балки илгариям уққандирман, аммо маънисини билмаганман. Ҳозир бўлса ҳар бир сўзингиз ҳиссиётимни жўш урдириб, бир уялиб, бир ичимдан фахрланиб боряпман. Бора-бора олдимдаги йўл ёришиб, кенгайиб кетгандай туюлди. Танимга қандайдир яшириниб ётган, илгари ўзимга белгисиз бир куч уйғонгандай. Энди мен бошқача яшаб, бошқача феъл-атворга ўтадигандай руҳланиб, дадилланиб кетдим. Наҳот буларнинг бари сизнинг шу сўзларингиз туфайли бўлса? Алимдан рашк қилиб, қўполлик билан ёки аччиқланиб пўписага ўтмай, аксинча, менга насиҳат қилганингиз учунми? Нима учун мени тергамайсиз, қаттиқ койимайсиз? Дилимга озор берадиган сўзлар айтиш керак эди-ку! Нега мени аядингиз экан ўшанда?
Қимматли оғажон! Ўшанда ўзим билан ўзим бўлиб, сизнинг бошқа сўзларингиз қулоғимга кирмай қолди. Хайрлашар пайтимиз ҳам бўлди. Сиз қўлларимни кафтингизга олиб, узоқ турдингиз. Мен ана шундагина тушундим. “Мен ардоқлаган қўлларингни, менга кун сайин телефон рақамини терган бармоқларингни анави, машинасида олиб келган йигитга ушлатдинг-а!”, деган дилингиздаги сўзларингизни ҳис этдим. Сиз мени аяб турар эдингиз. Ҳа, менинг турмушга, ҳаётга енгил-елпи қараганимни, илк муҳаббатим қадрига етмаганимни, ҳаммасидан ҳам қуёшли боғдаги анордай нуқра соф Анор бўлолмаганимни юзимга солмай, мени аяб турдингиз, қимматли оғажоним! Мунчаям бағрингиз кенг бўлмаса!
Мен шифохонадан чиқиб, йиғлаб жўнадим. Бир-бир қадам босиб, йўл четида бировлардан пана бўлиб қадам ташладим. Икки юзимни ювган ёшнинг шўрига қўшилиб, мендаги бетайинлик, ташқи гўзаллигимга ҳаволаниш, яна бир қанча иллатларим ювилиб оқиб кетгандай бўлди. Алим берган театр билетини майда-майда қилиб йиртиб, сувга отдим. Эртасига эса унинг омборига бордим. Мени кўрибоқ кеча роса кутганини айтиб сайрашга тушди.
– Мана, кўйлагингиз, – деб қоғозга ўралган ўша чиройли, ўзим қачонлардан бери ҳавас қилиб юрган япон кўйлагини қўлига тутқаздим.
– Раҳмат сизга!
– Ия, сизга ёқмадими?
– Ёқмади, – деб қисқа жавоб бердим-да, чиқиб кетдим.
Ўша, шифохонадан қайтиб келган кунимдан бошлаб, сизга бўлган ҳурматим янаям ошиб кетди, оғажон! Сизнинг кўп сўзларингиз юрагимдан жой олиб, мени ҳамиша тўғри йўлга соладиган бўлиб қолди. Анча оғир, сермулоҳаза бўлиб кетдим. Одамзод ёшлигингда ақл-ҳушни ота-онангдан, тарбияни мактабдан олар экансан. Улар кифоя қилмайди, шекилли. Одамнинг ёшига ёш қўшилгани сайин унга яна ақл, яна тарбия керак бўлавераркан. Хом сут эмган бандамиз-да. Бир қуриб, бир тошиб, бир камайиб, бир ошиб тураркан киши. Бугунги кунга келиб, бир одам қатори нимаики фазилатим бўлса, буларни сиздан ўрганганим учун минг марта бахтлиман!
Сиз шифохонадан чиқибоқ бошқа ишга ўтиб кетдингиз, шу шаҳарнинг ўзида яшаб, ишлаб юрибсиз. Мен эса, ҳар бир янги асарингизни орзиқиб кутаман, қимматли оғажон. Балким, бир кун учрашиб ҳам қолармиз! Иккимиз илгаригидай ёнма-ён суҳбатлашармиз ҳам кўпдан бери бизни кутаётган дам олиш уйининг боғига ё бўлмаса анави кўприк бошига тағин яёв борармиз. Эҳтимол бир-биримизни тушунармиз… Ҳеч кимга айтилмаган, айтилмайдиган гапларимизни айтишармиз.
Яна ким билади, балки шу тариқа умуман юз кўришмай ўтиб ҳам кетармиз. Шундай бўлганда ҳам сиз менинг энг азиз одамим бўлиб, мангу юрагимда қоласиз… Менинг илк муҳаббатимсиз.
… Мана, тролейбус гувиллаганича келиб, қадрдон бекатда тўхтайди. Мен телестудияга шошиб боряпман. Бир пасда етаман ҳам. Кўзгу олдида бироз куймалангач студияга кириб, режиссёр белги беришини кутаман.
– Ассалому алайкум, азиз телетомошабин дўстлар! – дейман. Ичимда эса “Ассалом алайкум оғажон”, дея хитоб қиламан.
Ҳа, ҳар доим шундай қиламан. Агар умр бўйи шу жойда ишласам, умр бўйи…

Қирғиз тилидан Зуҳриддин Исомиддинов таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 10-сон