Солижон Жигитов (1936-2006)

Солижон Жигитов (Салижан Жигитов) 1936 йил 17 мартда Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўзган туманида туғилган. Қирғиз давлат университетинининг филология факултетини тамомлаган (1959). Қирғизистон Фанлар академиясининг тил ва адабиёт институтида, Қирғиз Совет Энциклопедияси Бош муҳаррири ўринбосари бўлиб ишлаган.

Солижон Жигитов Қирғизистон Республикаси президенти маслаҳатчиси (1991-1993), Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси (1993-1995), «Озодлик» радиосининг Бишкек бюроси бошлиғи (1995-1996), Қирғиз давлат университети профессори, Қирғиз-Турк Манас университетининг гуманитар билимлар институти директори вазифаларида ишлаган,

БАҲОР

Баҳорнинг таровати ажабтовур
Тўсатдан ғир-ғир шамол – эпкин келар.
Яшил кенглик, Илиқ ёмғир, Шудринг майса,
Бетизгин қулун бўлиб кетгим келар.

Судралиб булут кўчар, булут кўчар,
Булутнинг қатларига ботгим келар.
Сокинлик, тўрғай куйлар, хушбўй майса,
Чалқанча хаёл суриб ётгим келар.

Чор тараф нилий рангда, кўзим яшнаб
Ифоридан ҳеч айро бўлгим келмас.
Яшарган ер, Яшил дунё, Тиниқ осмон,
Ҳа, фақат ўлгим келмас, ўлгим келмас…

САРИҚ РАНГЛАР

Сарғайиб кетди тоғнинг ўт-ўлани,
Сап-сариқ бўлди ажаб, атроф-ёнлар.
Жавҳар тусли далани таърифлашиб,
Қўним билмай сайрайди зағизғонлар.

Солланган ёнғоқларнинг кўрки сариқ,
Сайҳондаги толларнинг бўрки сариқ.
Теракнинг япроқлари жезга ўхшар
Сой сариқ, Тоғлар сариқ, Тўқай ғариб.

Табиатнинг қути йўқ, мотамсаро,
Сарғайиб боши эгик қайин, ирғай.
Биргина ўрикзорнинг япроқлари
Лов-лов ёнар ўлимга бўйинсунмай.

Балки инсон сўнгги сафар олдидан,
Охирги умидларин дилдан туйиб.
Ана шу сариқ ранглар кўзгусида,
Турарми ўрикзордай ёниб-куйиб.

КЕЧКИ КУЗ

Ҳаво олиб тоғлар боши туманли
Кузги тўқай хаёл суриб турарди.
Қари ёнғоқ кескир болта заптидан
Қарс-қурс этиб, бесўнақай қулади.
Тупроқ тўзиб, чўчиб кетди ҳатто ер
Қўрқув босди ниҳолчалар кўксини.
Ўрмон йиғлар фарзандидан айрилиб,
Табиатнинг файзи кетди, ўксиниб.

Бутаб, қирқиб, ёғочини арралаб,
Арқон боғлаб судратганча бўз отга
“Ўтин тайёр” дея қувнаб қирғизим,
Қўшиқ айтиб кетди овул тарафга…

Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржималари

СЕН ҲАҚИНГДА

1

Бу тун менинг
тушимга кирдинг.
Кўйлак кийиб опсан, ям-яшил, гулгун.
Одамлар кўп экан. Менга боқиб,
Чеҳранг гул очилди – бир яйраб кулдинг.
Бу тун менинг
тушимга кирдинг.

Кулдинг-да, сўнг қош чимирдинг,
“Энди менинг ёрим бошқа биров”, дединг,
“Кеч қолдинг” деб гўёки сал ўпкаладинг,
мен ишонмай кўзларингга қараб кулдим.
Бу тун менинг
тушимга кирдинг.

2

Бу туш ўзи менинг учун бежиз эмас,
сенинг кўнглинг ҳам ненидир туйса керак,
юрагимнинг туб-тубида ухлаб ётган
сезгиларни гоҳ уйғотиб турса керак,
қиш-қаҳратон дийдиратган туйғуларга
келса керак баҳорий ой нур севалаб…

3

Дуч келганда одамлар табассум-ла,
меҳрин тўкиб иззатингни қилишса ҳам,
жон дўстларинг кўтаришиб бош устига,
эркалатиб, эъзозлаб юришса ҳам,

барибир, сен ғирт етимсан
бу дунёда,
барибир сен якка-ёлғиз
бу дунёда,

агар сени ҳар тун тушда эркаловчи
бу оламда бирон киши топилмаса,
агар сени йироқлардан дили вайрон,
армон билан сарғайиб соғинмаса!

4

Яйрабгина, кўйлак кийиб кўкиш-гулгун
бу тун менинг тушимга кирдинг…

СЎНГГИ ОҚШОМ

Бари битди,
Сўзлар йитди.
Сўнгги бор
Қилган ишим – таъмсиз лабдан ўпкилаб,
Чиқиб кетдим.
Нетай, кўнглинг тўлдими?
Ё қисматдан нолидингми ўпкалаб?..

Ётган экан тош кўчалар ҳувиллаб,
Шаҳар зангор ёғду ичра мунаввар.
Ўшал тунда севги мендан қувилиб,
Ўшал тунда гулин тўкди ўриклар…

Қирғиз тилидан Зуҳриддин Исомиддинов таржимаси