Пётр Фалёв. Қримтатар зиёлилари мафкурасига доир

http://n.ziyouz.com/images/qrim.jpg

Туркийшунос олим Пётр Александрович Фалёв (1888-1922)нинг асарлари ҳақида маълумот кўп эмас. Унинг “Қримтатар зиёлиларининг мафкурасига доир” деб номланган рисоласи (у П.А.Фалёв асарлари библиографиясига кирмаган, фанга номаълум ҳисобланади) ва 1922 йилда босмадан чиққан “Туркий халқларнинг сўз санъати ва лаҳжаларига кириш” номли мўъжаз китобчаси бахтли тасодиф билан Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бир нусхада сақланиб қолган. Бундан ташқари, 1922 йилда “Билим ўчоғи” журналининг 2- сонида чоп этилган “Қорақирғиз достонининг тузилиши” номли ўртача ҳажмли бир мақоласи ҳам борки, унда олим В.В.Радлов ёзиб олган “Манас” эпоси матнига таянган ҳолда, қирғиз, шу билан бирга умуман туркий халқлар шеъриятининг, шеър тузилишининг бир талай ўзига хосликларини кўрсатиб беришга муваффақ бўлган.

П.А.Фалёв Петербург университетининг араб-форс-турк-татар сўзшунослиги бўлимида таҳсил олади. 1915 йилдан ўзи ўқиган университетда приват-доцент лавозимимда иш бошлаб, илмий ишларини эълон қилади. 1918 йилда унга доцент ва 1919 йилда профессор илмий унвони берилади.

1921 йилда П.А.Фалёв Жонли Шарқ тиллари марказий институти йўлланмасига кўра Тошкентга келади ва бу ерда қизғин илмий-педагогик фаолият билан шуғулланади. 1922 йилда маҳаллий ҳукумат уни шу ерда доимий қолиб ишлашни таклиф этади. Буни мамнуният билан қабул қилган П.А.Фалёв оиласини Тошкентга кўчириб олиб келиш ниятида Петербургга жўнайди, аммо поездда терлама касалини юқтириб олиб, вафот этади.

В.В.Бартольднинг қайд қилишича, “П.А.Фалёвдан қўлёзма ҳолида жуда кўп асарлар қолган. У “Нўғай эпоси тарихий манба сифатида”, “Қирғизлар тарихи очерклари”, “Ўрта Осиё кўчманчилари орасида синфий кураш ва унинг эпосдаги инъикоси” деган асарларни нашрга тайёрлаган эди”.

Олимнинг “Туркий халқларнинг сўз санъати ва лаҳжаларига кириш” рисоласини таржима қилиб, “Жаҳон адабиёти” журналида (2008, 9-сон) нашр эттирган эдик.

П.А.Фалёв қаламига мансуб асарлар рўйхатида “Қримтатар мақол, матал ва удумлари…”; “Нўғай эпосидаги араб новелласи”; “Қўбланди ботир”; “Оқкўбак ҳақида нўғай нақли”; “Эдиге ҳақида нўғай достони” сингари ўнлаб асарлар борки, йўналишига кўра улар олимнинг туркий халқлар сўз санъати ҳақида кенг қамровли улкан бир асар ёзишга чоғланганидан далолат беради. Афсус, бу ният амалга ошмай қолди.

Диққатингизга ҳавола этилаётган “Қримтатар зиёлиларининг мафкурасига доир” рисоласида П.А.Фалёв қримтатар адиби Ҳасан Сабри Айвазовнинг «Не сабабдан бу ҳолга тушдик?» деган пьесаси мисолида миллий уйғониш ҳаракатининг илдизи ҳақида сўз юритиб, бу ижтимоий воқеликнинг баъзи қатламларини кўрсатишга муваффақ бўлади. Бир ёқдан, муҳтарам журналхонларга ХХ аср бошида туркшунослик илми сарзаминида турган алломалар ҳақида қисқача бўлса-да, маълумот бериш, иккинчидан эса, туркий сўз санъатида инқилобий ўзгаришларнинг қандай тарихий ва ғоявий шароитда юзага чиққанини кўрсатиш ниятида П.А.Фалёвнинг ушбу мақоласини таржима қилдик. У фақат тарихий нуқтаи назардан эмас, илмий-назарий жиҳатдан ҳам фойдали бўлади, деб ўйлаймиз.

Таржимондан

* * *

Бошимиздан кечираётган ушбу кунлар бир қатор миллий масалаларнинг майдонга чиққани билан қимматлидир. Россия ҳудудида умргузаронлик қиладиган турли элатларнинг аҳволи ва бир-бирига муносабати масаласи рус жамияти учун янгилик эмас, бироқ яқинда тугаган охирги уруш[1] жанг майдонларида ҳам, “ичкари” да ҳам жамоатчилик эътиборини бу муаммога илгари кўрилмаган даражада куч билан яна ўзига жалб этди. Сўнгги йиллар давомида Россияда миллий масалани инкишоф этишга бағишланган бир талай мақолалар, китоблар, тўпламлар ва ҳатто махсус журналлар майдонга келди. Албатта, бундай мукошафанинг биринчи шарти – Россияда яшайдиган миллатлар билан яқинроқ танишишдир, аммо рус жамияти бу борада ҳам унча мақтана олмайди.

Мусулмонлар Россиянинг бизга камроқ таниш элатларидан биридир. Шу ондаёқ айтиб қўя қолай: “мусулмонлар” атамаси, дарҳақиқат, улусга эмас, динга оид истилоҳ, аммо мен уни бу жойда бежиз қўлламадим. Россиянинг аксар мусулмонлари ягона қабила, айнан туркийлардан иборат бўлиб, улар муайян динга эътиқод қилганликлари боис, айни сўзни этник маънода қўллаш ҳам хато бўлмайди. Россиядаги мусулмон эллардан ҳеч қайсисининг этник номи кенг ёйилган эмас. Чунончи, ўз кўламига кўра энг кўп таниш бўлган номлардан бири “татар” лардир, аммо бунга қозоқлар, сортлар, туркман ва бошқалар кирмайди.

Кейинги пайтларда мусулмон зиёлилари орасида ўз қабиладошларига “турк” деган умумуруғ номини тақишга уринишлар сезилади. Бунда шуниси диққатга сазоворки, “турк” номининг ўзи дастлаб алоҳида, турга оид маънода фақат тарихий тасодиф тақозоси билан европа ҳамда араб адиблари ижодида қўлланган[2] ва ана шундан кейингина бу атама умумий маънода россиялик мусулмонлар томонидан ҳам қабул қилинган. Бинобарин, ҳозирда айрим татар зиёлилари “биз – туркмиз” деяр экан, бу билан улар унутилиб кетган эски номларини тиклашаётгани ёки қабиланинг асл номини ўз тилига олиб кираётгани йўқ, балки ўзлари алоқага киришган элларда тасодифан шаклланган атамани ўзларига нисбатан қўллашаяпти, холос. Нима бўлганда ҳам, россиялик мусулмонларнинг ҳозирги адабиётида мазкур атамани аниқлаштирувчи баҳсларга кўп вақт ҳамда жой ажратилади.

Аммо мусулмон зиёлилари фақат номлар ҳақидаги баҳс-мунозаралар билан чекланиб қолишаётгани йўқ. Мусулмон матбуотининг асосий мавзуи халқ маърифати[3], иқтисодий турмушни ривожлантириш, миллий онгни ўстириш ва ҳоказоларни муҳокама қилишдан иборат. Ақлий тараққиётнинг мана шу бутун бир оқими бизнинг кўз ўнгимизда кечади, бироқ биз у ҳақда ҳеч нарса билмаймиз. Дорилфунунларимиз илм-фани эса эски ёзув ҳақидаги материалларни ишлаб чиқиш, ҳатто янги даврга тўқнаш келганда ҳам илдизлари ўтмишга боғлиқ ҳодисотларни кўриб чиқиш билан чекланиб қолаяпти[4]. Россиялик мусулмонларнинг янги адабиётига эса рус шарқшунослари гоҳо мурожаат этиб қоладилар. Бу бир жиҳатдан тушунарли – россиялик мусулмонларнинг замонавий адабиёти энди-энди оёққа туриб келаяпти, аммо уни муайян режа асосида тадқиқ этиш зарурати ҳам пишиб етилдики, бундан кўз юмиб бўлмайди.

Россия мусулмонларининг (ва нафақат Россия мусулмонларининг) замонавий адабиётини ва янада тўғрироғи, адабиётларини, ўрганишда бизнинг замонамизда мусулмонларга қай йўллар билан таъсир этганликдан келиб чиқиб ёндашиш, яъни рус адабиёти ҳамда рус ижтимоий тафаккури орқали (янги усмонли адабиётини ўрганишда эса Ғарбий Европа ҳаётининг шунга мувофиқ воқелигидан келиб чиқиб)[5] ёндашиш лозим. Албатта, айни вақтнинг ўзида ўтмиш замонларнинг адабиётига оид маълумотларни ҳам ҳисобга олмаслик мумкин эмас, зеро, янги мусулмон адабиётларида эски анъаналар таъсири ҳали каттадир. Нима бўлганда ҳам, бизда Россия мусулмонларининг янги адабиётлари бўйича мутахассислар етишиб чиқмас экан, аҳён-аҳёнда баъзи бир майдагина масалаларга тўхталиш билан қаноатланишимизга тўғри келади.

Энди биз ёш қрим адиби Ҳасан Сабри Айвазов қаламига мансуб «Неден бу ҳоле қалдық?» деган уч актли пьесага тўхтаб ўтамиз. Ушбу пьеса аввал Бокуда чиқадиган «Феюзат» журналида 1907 йилнинг 12-сонидан бошлаб чоп этилди ва ўша йилнинг ўзида Бокуда алоҳида китоб сифатида нашр қилинди. Гарчи муаллифнинг бу пьесаси Кавказда босилиб чиққан бўлса-да, у Қримда ёзилган, асарда бошдан-оёқ Қрим ҳақида сўз боради ва менга у фақат тасодифий равишда ўз юртидан узоқда нашр этилгандек туюлади.

Ҳ. Айвазовнинг пьесасида ифодаланган ғоялар унинг ўзи учун эндиликда ўтмишга айланган бўлса ҳам ажабмас, бироқ мен бу ўринда муаллиф ижодини бутун тўлалигича тасвир этиш ниятида эмасман, балки уни тавсифлаши мумкин бўладиган материалларни тақдим қилмоқчиман. Аввало шуни айтиш керакки, Ҳ.С.Айвазовнинг пьесаси сиёсий памфлетдан ўзга нарса эмас. Муаллиф бу асар орқали ўз сиёсий credoсини баён қилади, шунга кўра, асар персонажлари ҳам фақат сиёсат хусусида сўзлашадилар.

Пьесанинг марказий ўқи Россия университетини тамомлаган ва ҳозирда адвокатлик билан машғул бўлган ёш татар зодагони Саидбей образидир. Бу йигит ҳаддан ташқари европалашиб кетади, татарча урф-одатларга нафрат билан қарайди, татар тилини эса шу қадар унутганки, она тилида энг оддий бир гапни айтар бўлса, унинг ярмини русча сўзлар билан омихта қилмай қўймайди. Сиёсий эътиқодига кўра, у социалист. Унга қарама-қарши тип сифатида татар миллатчиси, «она тили муаллими» Рашид афанди қўйилган. У Саидбейни қишлоқдаги фақирона бир тўйга олиб боради ва у ерда меҳмон бўлиб ўтирган икки чол – Абдулватан ва Абдулислом билан таништиради. Саидбей кўпни кўрган бу оқсоқолларнинг татарлар ўтмиши ҳақидаги ҳангомаларини тинглаб ўтиради ва унда ҳам ўз она халқи бўлмиш татарларга хос барча нарсаларга муҳаббат уйғонганини кўрамиз. Гарчи пьеса охирида у ўжар социалистлигича қолса ҳам, илгариги қарашларига дарз кетгани аён бўлиб қолади.

Абдулватан ва Абдулислом реал фигуралар эмас, тимсоллардир; уларнинг биринчиси ватан – Қрим тимсоли, иккинчиси эса ислом дини тимсолидир[6]. Саидбейни улар билан танишиб олишга ундар экан, Рашид афанди улар билан мусоҳаба қилиш Горький, Толстой, Плеханов, Лассаль ва Маркс асарларини ўқишдан кўра мароқлироқ бўлади, деб айтади. Шундан кейин бу чоллар бақувват, тўғрисўз, дили пок, тани-жони соғ, олижаноб одамлар сифатида гавдалантирилади. Улар ўз вақтида бой-боёнлардан хўп азият чекишган, аммо халқ иши, ҳақ иши учун ҳеч нарсадан қайтишмаган. Суҳбат чоғида улар Пушкин, Лермонтов, Надсон ёки Алексей Толстойдан эмас, Саъдий, Ҳофиз, Муҳаммад Гарой ва Фузулий асарларидан иқтибос келтиришади. Шу билан бирга, улар Шекспирни, Гюго, Жан Жак Руссо ва Монтескьёларни ҳам яхши билишади. Шунга қарамай, халқ урф-одатларини унутишмайди ва унга менсимай назар ташлашмайди. Булар – кўча-кўйларда, бозорда, такяхоналарда ҳар қадамда учратиш мумкин бўлган, соқоли тамаки тутунидан сарғайиб кетган, бири-бирини калака қилиб, ўтган-кетганнинг ғийбати билан машғул бўладиган чоллар эмас.

Ушбу образлар реал воқелик хоссаларига эга эмас. Татар чоллар орасида бундай шахсларни топиш амри маҳол. Бироқ ҳамонки Абдулватан билан Абдулислом образлари мажоз деб эътироф этилган экан, уларни шундай қиёфада гавдалантириш муаллифнинг ҳаққидир. Ватан ва унга чамбарчас боғлиқ миллат тушунчаси – бир томондан ва ислом дини иккинчи томондан – татар миллиятчиларининг дунёқараши негизида турган асослар мана шулардир. Гарчи гоҳо миллий ва диний қарашлар татарларнинг сиёсий назариялари билан қоришиб кетса-да, умуман олганда, уларнинг ҳар бири ўз ўрнига эга. Чунончи, биз кўриб чиқаётган пьеса муаллифи исломиятчиликдан кўра аввало миллатчи-туркчидир. Унинг асарида Абдулватан кўп ўринни ишғол этади. Айнан унинг ҳикоялари Саидбейни инонтиради. Гоҳо муаллиф диний ақидаларга, аниқроғи, расмий диний ақидаларга қарши ҳам чиқади. Рашид афанди Саидбейни олиб келган тўйда хуфтон намози вақтида ҳамма ибодатга қўзғалади. Хўш, дин тимсоли бўлган Абдулисломдан бўлак ким ҳам имом бўлиши мумкин жамоатга? Бироқ муаллиф Абдулватанни имомликка ўтказади. У ўқиган намоз қисқагина ва тушунарли эканлиги боис, ҳамма унга таҳсин ўқийди, ҳолбуки, ҳамма эътироф этган мусулмонча намозлар узоқроқ давом этади ва татарча эмас, араб тилида ўқилади. Мана шу воқеа орқали муаллиф диний расм-русумларда нуқсон бор, деб ишорат қилади. Унингча, буларни диннинг ўзи эмас, балки ўзлигини англаган ва тўғри йўлни топиб олган татар халқи юзага чиқарган кучлар ислоҳ этмоғи керак.

Ҳ.С.Айвазов пьесаси қаҳрамонларини чулғаб олган тушкун кайфият ҳар турли хўрликларга учраган ва ички низолар юки остида эзилган қримтатарларнинг оғир аҳволи туфайли келиб чиққан. Илгари бунақа эмасди.

«Олтмиш-етмиш йиллар илгари, – дейди Абдулватан, – одамлар ҳозиргидан кўра олийжаноб, ҳалол, самимий ва раҳмдил эдилар. Ҳамма бир-бири билан оға-ини каби иноқ яшарди. Ёлғон, туҳмат, ароқхўрлик, ахоқсизлик, маккорлик эса йўқ нарсалар эди. Савдогарлар дўконга қулф урмас, боғбонлар боққа қоровул қўймас эди. Кишининг мол-мулкини талаб, ҳаётини барбод қиладиган ҳозирги золим амалдорлар ҳам у маҳалларда бўлмасди. Полиция не, урядник не, улар жонли нарсами ё бир матоҳми, билмас эдик. Қрим аҳолисининг ярми деҳқончилик ва боғдорлик қилса, қолган ярми қўй-эчки боқиб тирикчилик ўтказар эди. Ер, ўрмону яйловлар ҳамманики бўлган. Одамлар манови давлатнинг ери, буниси эса менга қарашли, деган гапни билмасди. Граф, князь, барон деган гаплар ҳам яқинда чиқди. Ҳар ким қаерни хоҳласа, ўша ерни, бунинг устига, қачон хоҳласа ўшанда ҳайдаб экин экар эди. Ҳар кимса ўрмонга бориб, керагича ўтин, иморат қурадиган бўлса, шунга яраша ёғоч опкелар, яйловлар эса очиқ бўларди, экинзор жойларгина ходалар билан тўсиб қўйилар эди, ўшанда ҳам, мол-ҳол кириб кетмасин деб. Мирзолар ҳам одамнинг қонини ичмас эди» .

Сўнг, Абдулватан «талоқ» масаласига тўхталиб, бу одат масаласида мақтана олмаслигини баён этади. Аммо татарлар орасида ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик шу даражада эдики, ҳар ким ўзганинг қўраси ва ҳовлисига бемалол кириб, от-аравасини ёки пулини олиб кетаверарди. Унга ҳеч ким қаршилик қилмасди, чунки олган одам омонатни албатта қайтаришини ҳамма яхши билар эди.

«У замонларда, – дейди Абдулватан, – одамлар саккиз ой меҳнат қилиб, тўрт ой дам олишарди. Аммо бўш пайтларини қовоқхона ва чойхонада эмас, навбати билан бир-бирлариникида тўпланиб гап ейиш билан ўтказардилар. Бу гапларда миллий чолғулар чалинар, миллий ўйинлар ўйналар эди. У маҳаллар мактаб деганнинг сони бунчалик кўп бўлмаса-да, ҳар кишининг имонини камолга етказиб, дилида ватанга муҳаббат уйғотиш учун етарли даражада эди. Уй-жойлар ҳозиргидай ҳашаматли қилиб қурилмас, одамлар кулбаларда истиқомат қилар, аммо бахтиёр ва хотиржам эдилар. Ревматизм, камқонлик, асабийлик каби хасталиклар уларга яқин йўламаган. Ҳар ким ўз меҳнати билан кун кўрарди, бировникига кўз олайтирмасди. Аёллар асосан қўл ҳунари билан машғул бўлишарди, енгил-елпи кийиниб, юмшоқ парқу кўрпа-тўшакларга ағанаб кунни кеч қиладиган, арзимаган нарсалар ҳақида эртаю кеч гап сотиб, тамаки чекадиган ҳозирги хотинларга тамоман ўхшамас эди улар. Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқи тенг бўларди. Хотинлар боласини ўзи эмизиб, ўзи тарбия қиларди. Оталар ҳам кечқурунлари қаҳвахоналарда вақт ўтказмай, уйда бўлишарди» .

Қримнинг ўтиб кетган олтин асри ҳақидаги бу хил афсоналар ёлғиз Ҳасан Сабри Айвазовда эмас, бошқаларда ҳам учрайди. Ўз ўлкасининг ўтмишига қизиқадиган ўқитувчи О.Мурасов ҳам яқинда ўзи тўплаб нашр эттирган қрим-татар мақоллари тўпламига ёзган сўзбошисида Қримда яқин-яқинларгача урфда бўлган кўҳна урф-одатлар йўқолиб бораётганидан қайғуради[7]. Қримнинг у ер-бу ерида ҳалигача сақланиб қолган ҳунармандлик устахоналарига кираверишда «Саккиз соат иш, саккиз соат уйқу, саккиз соат ибодат» дея қўлда ёзилган иш тартиби осиғлиқ туради. Татарлар бунга ишора қилиб, ижтимоий турмуш соҳасида Европа социалистлари келажакда эришишни ният қилган нарсалар Қримда қадимдаёқ мавжуд бўлган эди, дейдилар[8]. Кўҳна Қримда ижтимоий тартиботлар қанақа эканлиги ҳали ўрганилмаган, аммо, ҳарҳолда ҳозиргидай мураккаб бўлмагани аниқ. Таврия ярим ороли (Қрим ярим ороли. – З.И.)да рус ҳукмронлигининг жорий этилиши эскича турмуш тартибларини тамомила издан чиқарди. Амалга оширилган тўнтаришлар натижасида кўп қурбонликлар беришга тўғри келди. Масалан, ушбу ярим оролнинг шимолида яшайдиган кўчманчилар – нўғайлар ўз турмушларига асло тўғри келмайдиган вазият бостириб келганлиги сабабли, Севастополь кампаниясидан сўнг ялписига Туркияга кўчиб кетишга мажбур бўлдилар[9]. Бу ерда қолганларда эса ўтмиш ҳаёти ердаги жаннат каби бўлган эди, деган шоирона бир хотирот юзага келди.

Ҳ.С.Айвазов ҳам одамларнинг маънавий айниши Қримда рус ҳукмронлиги ўрнатилиши сабабли юзага келганлигини эътироф этади. Бироқ унинг пьесаси русларга қарши қаратилмаган. Муаллиф Абдулватан тилидан ўз халқига нисбатан хиёнат қилган татар зиёлилари ва уламоларини қоралайди. Ўрислар уларга унвон бериб, мансаб ва медаль бериб ўз томонларига оғдириб олдилар, раҳбарларидан шу йўл билан ажраб қолган шўрли халқ эса йўлдан озди. Қаллоблик, мунофиқлик, ўғрилиқ, ароқхўрлик каби иллатлар цивилизация меваси сифатида кириб келди.

Хўш, қримтатар халқини бу офатдан қандай қилиб қутқариш керак? Ўтмишга қайтиб қўяқолишнинг иложи йўқ. Қрим Россия билан бирлаштирилган, шундай экан, истасин-истамасин, унга тақдирдош бўлади. Татарлар Россияда юз бераётган сиёсий курашга қўшилишлари лозим, аммо бунда ҳеч қайси рус сиёсий партияларига қўшилиб кетмаслик ҳам шарт. Айни пайтда Россияда умр-гузаронлик қиладиган бошқа элатлардан ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туриши керак. Ушбу ҳар хил элатлар қаршисига муаллиф Россиянинг туркий қабилалари – Қрим, Кавказ, Ўрта Осиё ва Сибирь татарларининг бирлашувини келтириб қўяди. Аммо ўшанда ҳам бу бирлашувга қабилавий қардошлик эмас, диний муштараклик негиз бўлади. Бу партия «Мусулмон демократик партияси» деб номланади. Мусулмонлар бирлашувининг дастлабки воситаси – амалда қўлланадиган ва ёзма адабиётга эга лаҳжалардан бирини умумадабий тил сифатида эътироф этиш бўлади. Татарлар ана шундай умумадабий тил намунаси сифатида қримтатар тилини тақдим этадиларки, Ҳ.С.Айвазов пьесаси ҳам айни тилда ёзилган[10]. Қрим татарлари тили усмонлилар тилига анча яқин, бироқ Қозон адабий тилидан бирмунча фарқ қилади. Умумэътироф этиладиган ягона тилга кўчиш баъзи шевалардаги ўзига хосликларнинг йўқолишига олиб келади, бу эса, айрим қабилалар этник мустақиллигига путур етказиши турган гап. Бироқ муаллиф ўз ақидаларидан келиб чиқадиган бу ғайримиллий хулосадан андиша чекмайди. Бу ўринда у қатъий равишда миллатчиликка қарши. Чамаси, халқ оммаси учун миллий қарашлар диний тамойиллар даражасида тушунарли эмас, шунинг учун ҳам муаллиф ташкилий масалалар кўндаланг бўлиб қолса, ана шу исломият байроғи остига кўчиб ўтади. Европа жамоатчилиги олдида ҳам турклар партияси тарзида майдонга чиқишга қараганда мусулмонлар партияси сифатида иш юритиш қулайроқ. Туркларнинг маданият бобидаги хизматлари жаҳон афкор оммаси олдида сиёсий партия бўлиб ажралиб туришга ҳақ берарли даражадами? Аммо ислом маданияти умумжаҳон тарихида ўзига хос бир ўринга эга эканлиги ҳаммага аён ҳақиқат. Буни европаликлар ҳам эътироф этадилар.

Шубҳасиз, Ҳ.С.Айвазов исломга юқори баҳо беради. Ислом маданияти чинакам инсонпарварлик намунаси, Ғарб тамаддуни эса фақат ташқи кўринишга эга, деб ҳисоблайди у. Ғарб халқлари маданият тарқатиш баҳонасида бошқа элларни талаш билан машғулдир. Уларнинг кўп кашфлари одамларни қириб ташлаш соҳасига оид. Бирон беш дақиқада минглаб одамни ўлдиришга қодир қуролни ихтиро қиладилар-да, буни «мислсиз кашфиёт» деб баҳолайдилар. Ҳозирги ҳукмрон маданият кишиликни ҳалокат чоҳи томон судраб олиб бормоқда, ислом эса бунга қарши ўлароқ, асл тараққиёт йўлидир. Эскича миллий ҳаётга хосликлар йўқолиб бораётганидан шикоят қилган муаллиф исломиятни шу тариқа улуғлаш билан ўз ғояларини тараннум этади. Пьеса персонажларидан бири бўлмиш Али афандининг хитоблари муаллиф дунёқараши билан бир хиллиги жиҳатидан эътиборга лойиқ. Татар аёллари қадимда тўқиган бир парча матони кўриб, у: «Меним учун булар табаррук! – деб хитоб қилади. – Мен буларни Морозов фабрикасининг бежирим читларига, ҳатто Лодзия нафис шоҳиларига алиштирмайман. Негаки, улар – миллий. Нимаики миллий бўлса, кўзимга муқаддас кўринади. Илгари ҳамма нарса қўлда тўқилган, энди бўлса, ҳатто кафанликни ҳам Коншин фабрикасининг бўзидан қиладиган бўлиб қолдик. Бунга йўл қўйиш мумкинми? Йўқ, нима қилиб бўлса ҳам, биз ўз мусулмонча фабрикамизга эга бўлайлик!»

Қримга сафар қилган чоғларимда мен Қрим зиёлиларининг Ҳ.С.Айвазов тасвирлаган мафкуравий оқимларига мансуб вакиллари билан кўп бор кўришганман. Ўз ватани ўтимишини севган, ўз элатдошларининг маданий бирлашишини тилайдиган одам аввало, исломий маърифат йўлида хизмат қилаётган Ҳ.С.Айвазовнинг ўз тимсолидир. У ўз миллатдошларини Европа маданияти эришган ютуқлар билан таништиришга, аммо ўз миллий хусусиятларини йўқотиб қўйишларидан огоҳлантиришга ҳаракат қилади. Ҳ.С.Айвазов японларни мисолга келтиради. Японлар европаликлардан барча мақбул жиҳатларни қабул қилиб олганлари ҳолда, ўзига хосликларини ҳам сақлаб қола билдилар. Мусулмонлар ҳам шу йўлни танласалар, яхши бўларди. М.Ленгиелнинг «Тўфон» асарини[11] таржима қилиб, 1914 йилда Боғчасаройда нашр эттирган Ҳ.С.Айвазов унга ёзган сўзбошисида ана шундай тилакларни изҳор қилади. Сўзбошига «Европа тамаддуни ва японлар» деган сарлавҳача қўйилиши ҳам бежиз эмас, албатта.

Эҳтимол, японларга Европа маданиятини эгаллаш бобида идеал ахлоққа эришган одамлар сифатида қараш Ҳ.С.Айвазовда туркиялик адиблар таъсири билан юзага келгандир. Тужарзода Иброҳим Хилший 1332-ҳижрийда Истанбулда чоп эттирган «Европалашиш» китобида (мен уни Боғчасаройда китоб дўконидан сотиб олдим) японларни кўп тилга олади ва ҳатто асар хулосасида шундай деб ёзади: «Ярим асрлар муқаддам японларнинг ҳам Европага муносабати салбий эди. 50–60 йиллар илгари уларда худди ҳозир биздаги каби вазият ҳукм сурарди. Ҳозирда биз динимиз таъсирида эски анъаналари тарафида бўлганимиз, Ҳижоз[12] турмушини ва тамаддунини ёқлаганимиз сингари, японлар ҳам ярим асрча илгари хитой маданиятига, буддавийликка ҳамда синтоистик урф-одатларга, афсоналарга берилган эдилар. Европа илм-фани борасида ҳеч балога ақли етмайдиган биздаги айрим нодонлар европалашишни ижтимоий ва диний инқирознинг бирдан-бир манбаи деб билганидай, Японияда ҳам эски самурайлар, даймиос ва сиогунлар янги Европа тамаддунига тиш-тирноқлари билан қарши тургандилар, ғарбча тартиботларга нафрат билдиргандилар. Худди биздаги жоҳил эл-юрт бошлиқлари каби, уёқлик феодаллар ҳам жамиятни Европадаги каби бошқаришга қарши қўзғалган ва европалашишга қарши қилич кўтариб майдонга чиққан эдилар. Аммо вақт ҳамма нарса устидан ғолибдир; японларнинг даққи урф-одатлари ва ақидаларини ҳам у тор-мор қилди. Навқирон ва ватанпарвар ёш самурайларнинг фаолияти софистларнинг бутун миллат онги ва қалбини заҳарламакда бўлган ваҳший, бемаъни ҳаракатини йўққа чиқарди. Ана шундан сўнг Европа тамаддуни худди қуёш нури сингари, Нипон (Ниппон, Нихон – Япония. З.И.) ороллари узра дарҳол ёйилди. Орада ўтган 30 йиллик давр мобайнида конституцион тузумнинг чинакамига қўлланиши ажойиб муваффақиятларга олиб келди. Илгари Америка коммандори Перрининг замбараклари қаршисида бўйин эгган Япония сал ўтмай атиги 60 миллионлик халқи билан 400 миллионлик Хитой устидан ғалаба қозонди; 160 миллионлик халққа эга бўлган золим ўрис ҳукуматини Узоқ Шарқдан баайни копток сингари учириб юборди. Японлар бундай муваффақият ва толега фақат европалашиш туфайли, Европа маданиятига эргашиш натижасида, ватанни қутқариш учун ва бу маданиятдан кўп нарсаларни ўзлаштириш ҳисобига эришдилар» Аммо шу билан бирга, японлар, муаллифнинг айтишича, “христиан бўлиб кетмадилар”. Улар ўз миллий характерини ўзгартирмадилар, ахлоқсизликка юз тутмадилар, билъакс, ўз эски удумларининг энг яхшиларини сақлаб қолиш имконига эга бўлдилар.

Ҳ.С.Айвазов ҳам мусулмонлар билан японларнинг вазияти орасида жуда кўп муштаракликлар топади. Ҳ.С.Айвазовнинг яқин дўстлари менга айтишларича, айнан мана шундай қарашлари боис, у “Тўфон” таржимасига қўл урган. “Тўфон” пьесаси Россия мусулмонлари орасида кўп шуҳрат топди; менга унинг Искандар Сақаев қаламидан чиққан таржимаси ҳам маълум (Қозон, 1915). Афтидан, Ленгиель қаҳрамонлари уларга ёқиб қолган кўринади. Бироқ Ҳ.С.Айвазов Саидбей тимсолида тақдим этган “ғарбчилар” бундай илғор қарашларга бегона. Қолаверса, улар татар зиёлилари орасида унчалик мавқега эга эмаслар. Ҳ.С.Айвазов сингари арбоблар уларга қарши эмас, балки исломга, ҳар қандай янгиликнинг, у қай соҳада бўлмасин, кириб келишини хушламайдиганларга қарши курашишларига тўғри келади. Бироқ бу тўғрисида суҳбат Ҳасан Сабри Айвазов пьесаси доирасидан ташқарига чиқади, ҳалиям биз анчагина “ўтлаб” кетдик.

Зуҳриддин Исомиддинов таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 11-сон.

———————

[1] Биринчи Жаҳон уруши кўзда тутиляпти. – З.И.

[2] Турк деганда Ўрта Осиёда VI аср бошларида улкан кўчманчилар империясига асос сол-ган қабила (сулола) тушунилади. Бу империя VIII аср ўрталарига қадар ҳукм сурган. Унинг таркибида бўлган кўпгина қабилалар, гарчи ҳукмрон қабила билан муштарак илдизга эга бўлса-да, ўзларини турк деб атаган эмас. Масалан, уйғурлар. Уйғур тили билимдони С.Е.Малов ўзига «турк-уйғур тили» атамаси маълум эканини менга айтган эди. Турк давлатчилиги даврида Ўрта Осиёга араблар бостириб келишган ва улар билан бўлган муҳорабаларда турклар енгилган. Оқибат, «турк» атамасини араблар барча туркий қабилаларга нисбатан қўллай бошлади. Кўчманчи турк давлати асосчиларининг бевосита аждодлари эса кейинчалик Эрон ор-қали Кичик Осиёга ўтишган. Византияликлар унга қадар ҳам турклар билан алоқага киришган, тобрхос атамаси уларга ҳам маълум эди. Византияликлардан сўнг турклар билан ғарбий европаликлар ҳам танишиб олдилар ва уларда ҳам, худди араблар сингари, «турк» атамаси умумий мазмун касб этди. (Барча изоҳлар муаллифники).

[3] 1908 йилда Оренбургда чоп этилган «Миллатчилар» рисоласининг муаллифи бўлмиш Маҳмуд исмли кишининг сўзларига қараганда, ҳозир барча масалалар билим бериш ва таълим масалаларга боғланади.

[4] Масалан, А.Н.Самойловичнинг «Абду-с-Сатаръ Казы» асари. СПБ., 1915 г.

[5] Туркий қабилаларнинг халқ ижодчилигини ўрганиш ҳам худди шундай алоҳида усуллар ва алоҳида тайёргарликни тақозо этади. Албатта, бу ижодчилик муайян даражада (жанубдаги қабилаларда эса, тўлиғича) эски адабиётларнинг, чунончи усмонли, озарбайжон ва чиғатой адабиёти таъсиридадир. Шу билан бирга, кўпдан-кўп халқ асарлари (масалан, нўғайларнинг эпик қўшиқ ва нақллари) борки, уларнинг хусусиятини инкишоф этиш учун мўғул адабиётига, мўғул фольклори ва мўғул тилига оид маълумотларни ҳам жалб этишга тўғри келади. Шарқий турклар ижодига буддавийликнинг ҳам таъсири бўлган. Бошқа таъсирлар ҳам мавжуд. А.Н. Самойлович келтирган «Шўрлик ўлди ҳарбий касалхонада» деган оммавий қўшиқнинг қрим-татарлар орасида пайдо бўлгани диққатга сазовордир.

[6] Абдулватан – ватан қули, Абдулислом – исломият қули демак.

[7] «Известия Таврии. Уч.Арх.Комиссии», № 52, стр. 10.

[8] Бу қоида қримтатарлар орасида мақол сифатида ҳам қўлланади. Мазкур қоидани татарлар шу тариқа талқин этишларини мен А.Н.Самойловичдан эшитдим.

[9] Нўғайларнинг кўчишдан олдинги ва кўчиш давридаги турмуши тўғрисида жаноб Сергеевнинг мақоласига қаранг: «Известия Таврии. Уч. Арх. Комм.», №№ 48 и 49.

[10] А.Вамберининг мақоласига қаранг. У И.Гольдцигернинг «Ислом тўғрисида маърузалар»ига илова сифатида таржима қилиб берилган («Брокгауз-Евфрон» нашр., 1912, стр. 300-301).

[11] Мельхиор Ленгиель – венгер драматурги ва публицисти. – З.И.

[12] Ҳижоз – Арабистондаги Макка ва Мадина шаҳарларини ўз ичига олган вилоят, ислом илк бор ёйилган диёр.