Сооронбай Жусуев (1925-2016)

Сооронбай Жусуев 1925 йил 15 майда Қирғизистоннинг Кара-Кулжа туманида туғилган. Қирғизистон Қаҳрамони (2007), халқ шоири (1981), Тўхтағул номидаги давлат мукофоти соҳиби (1998). Ўш шаҳридаги педагогика институтини, Москвадаги М. Горький номидаги адабиёт институтини битирган. «Коммунизм учун», «Ленин йўли» газеталарида, «Ала-Тоо», «Чалкан» журналларида, Қирғизистон ёзувчилари уюшмасида ишлаган.

Илк шеърий китоби «Меҳнат куйи» номи билан 1950 йили чоп этилган. 30 дан ортиқ китоблари қирғиз тилида, 14 китоби рус тилида чоп этилган. Шеърий китоблари қозоқ, ўзбек, украин, озарбайжон, тожик тилларида босилган. С. Жусуев Шекспир, Пушкин, Лермонтов, Шевченко, Абай, Махтумқули, Исаакян, Умар Хайём, Маяковский, Есенин, Тычина, Ҳамзатов, Қулиев, Мағжон асарларидан қирғизчага таржима қилган.

БЎЗ УЙ

Бир ўтов — бўз уй турар кенг жилғада,
Тепасига қистирилган ўқириқ*.
Пастда эса парво қилмай сув оқар,
Ошиб-тошиб, қирғоқларни ўпириб.

Бош силкитиб, йилқи чивин қўрийди,
Маст қилади майна-қушнинг хуш сози.
Шу пайт бирдан бузди тоғнинг оромин
Чақалоқнинг «инга» деган овози.

Тоғда товуш акс-садо қайтариб,
Бамисоли қояларга жон берди.
Қирғиз сони миллиондан ошди, деб
Хабар берди, чор атрофга бонг урди.

Одам бўлар вақти келиб бу гўдак,
Шу торгина бўз ўтовда туғилган.
Балки номи ер шарига тарқалар,
Шу чодирда тоғу тошда йўғрилган.

Болаликда чибиқ миниб, ялангбош,
Шу торгина бўз ўтовни айланар.
Аммо кейин, эр етганда космосга —
Ракетада учмоққа ҳам шайланар.

Зотан, бизда она ерни одамлар
Унутмайди, шундоқ ташлаб қўймайди.
Ўша ўғлон вақти келса бўз уймас,
Бутун жаҳон тақдирини ўйлайди.

Турсунбой Адашбоев таржимаси.
___________
* Ўқириқ — учига қил арқон боғланган таёқ.

ОДАМЛАР

Оламлар, турли-туман, ҳар хилсизлар,
Истарали, аччиқли, ёрқинсизлар.
Шомдай хира, тонг каби нурафшону
Кундай иссиқ, Ой каби салқинсизлар.
Елсизлар, шамолсизлар, бўронсизлар,
Темирсиз, кумушларсиз, олтинсизлар.

Кексалар бор, ёшлар бор, касинглар бор,
Новчанглар, ўрта бўйлар, пастинглар бор,
Феъли кенг тўқинглар бор, очинглар бор,
Мутлақо соғинглар бор, мастинглар бор,
Оқ кўнгид дўст, ғаниму ётинглар бор,
Не бўлса-да одам деган отинглар бор.

Йўл сингари очиқсизлар, туюқсизлар,
Сув каби зилол тусли, тиниқсизлар.
Бўзарган тумансизлар тоғда кезган,
Осмондаги оқу қора булутсизлар,
Ҳар қанақа бўлсангиз-да бу дунёда
Одамлар, сизлар сўзсиз улуғсизлар.

Ғўсиллаган қўполсизлар, силиқсизлар,
Ойна симон бутунсизлар, синиқсизлар.
Бағри кенг жўмардлару бахилсизлар,
Тил олар ёки қайсар, қийиқсизлар,
Оламга тутқа, ризқ-рўз, кўрку сассиз,
Одамлар, биргина сиз муқаддассиз!

КЕКСАЛАР

Атрофида яйловнинг кўк гуллари,
Қимиз ичиб ўтиришар кексалар.
Ўзига хос босиб ўтган йўллари,
Ҳар нарса бор энди ўйлаб кўрсалар.

Бугун улар—уйли-жойли, кийимли,
Меҳмон келса ҳамма нарса тап-тайёр.
Фарандлари меҳнатсевар, билимли,
Ҳар бирининг эл тчида қадри бор.

Тўғри сўзлаб, қилни қирққа кесишар,
Ғаюрлигу қинғирликни сезишар,
Қитмир сўзхлар қўйса кимни тахқирлаб.

Афсус, афсус, хўш, нима ҳам қилардик,
Жуда-жуда гўзал умри уларнинг—
Бораётир, борар кунда охирлаб…

ЮРАГИМНИНГ ДОРИСИ

Духтур менга чин сўзини айтганда,
Тенгдошларим афсуланиб койишди.
— Кўп юрмагин. Хизматингдай қайтганда
Қийнамасдан юракни…ёт, дейишди…

Мен бўлсам-чи, сайрларни хуш кўриб,
Эрта-кечда кезишимни қўймадим.
Терлаб, хориб, пасту баоанд йўл юриб
Тоққа чиқдим—юракни хўп қийнадим.

Шундан кейин—ишонади бунга ким!—
Санчиқ тугаб, яхшиланди соғлигим.
Дориб кетди хасталикнинг бариси.

Қуёш макон, тошида гул ўсган ер,
Кийик, каклик қони қайнаб жўшган ер—
Шу тоғдайкан юрагимнинг дориси!

ЎШ

Мен Ўшга юлдуз каби боқиб кетиб,
Мен Ўшга юлдуз каби боқиб келгум.
Мен Ўшдан Оқбурадай оқиб кетиб,
Мен Ўшга Оқбурадай оқиб келгум.

Мен Ўшга қишу ёзда ёна келгум,
Ўшдан кетдим дейишга ботинмагум.
Келмайман десам Ўшга яна келгум,
Мен Ўшдан олисласам—яқинлагум.

Ўйласам—бир кўрмоққа ташна этар,
Ўйласам—минг хаёлга ошна этар,
Ахир Ўш—кучу илҳом, тирагим-да!

Ўтирсам, кулсам, ҳатто қайғурсам ҳам,
Узоқларда ё яқинда мен юрсам ҳам,
Ўш туради, Ўшим турар юрагимда!

СУЛАЙМОНТОВ

Сулаймонтов — Ўш билан тақдирдош тоғ,
Толедош, ажралмас, тоқ сирдош тоғ.
Ориятин ўзидай сарбаланд тутган,
Номусини олдирмас соғ, қурдош тоғ.

Сулаймонтоғ билан Ўшнинг томири бир,
Босган йўли, борар жойи, замири бир.
Не замонлар суянишган бир-бирига,
Элдай ғолиб—чунки улар хамири бир.

Сулаймонтоғ Ўшдай кўкрак кериб турар,
Ҳар маъводан кўрай деб эл келиб турар.
Одамларнинг қўмсаган оқ тилакларин
Иймрнли тоғ, муқаддас тоғ бериб турар.

Пайванд бўлиб Ўшпиримга уланган тоғ,
Ўш қувонса мамираб қувонган тоғ.
Ўшнинг азал савлат, фахри, мақтангани,
Омадли тоғ, энг сулув тоғ Сулаймон тоғ!

АЁЛЗОТНИНГ АСИЛИ

Аёлзотлик, буюкликлар нур илиб,
Орадаги ғовлар четга сурилиб,
Кароматли Қурвонжондай донишманд
Келди қайта қирғизимга тирилиб.

Орамизда бугун бизнинг додҳомиз,
У биз ёқда, биз ҳам додҳо ёқдамиз.
Ўз қизи учун юрагига элимнинг
Сиғмаган кез ҳозир фахр, ғурур, ҳис!

Ўтди йиллар ақлимизни сайқаллай,
Ўтди йиллар додҳо элга пайқалмай.
Қурвонжоннинг исмин сақлаб юракда,
Бироқ юрдик кимлигини айтолмай…

Йитиб кетди жаллод йиллар сурланган,
Омад келди шуълаланган, нурланган.
Ҳозир ҳар бир тили бор одам тугул,
Гунг қоядан овоз чиқар «Қурвонжон!»

Қурвонжоннинг исми азиз, қутли от,
Соврин олган, хумор ёзган, ўтли от.
Қиздан олғир шунқор тоблаб ўстирган
Қирғизларга суқланар Шарқ, одамзот!

Давр келди ҳақиқатга зориққан,
Давр келди юксак барча таърифдан.
Шодлан қирғиз, қизинг асл, донишдир,
Ғоят олди ўрнин улуғ тарихдан!

ЧИН ИНСОН

Академик Муса Адишев хотирасига

Олай ери баланд тоғли ер бўлиб.
Ётар ар он мовий кўкка термилиб.
Кўчки кўчиб — фалокатлар касридан
Неча марта қолган кўнгли кир бўлиб…

Бугун эса замин ногоҳ «ув!» деди,
Дарё бўзлаб, тошлар учиб «зув!» деди.
Зилзилада бўлмас эди бунчалик—
Қанча юрак бехос-туйқус шув деди.

Титраб кетди неча қари, ёш булоқ,
Чўққилардан тушди пастга тош қулаб.
Ҳафа бўлиб қанча қобоқ уюлди,
Қанча кўздан зумда кетди ёш қулаб.

Кўкка теккан чўққилари оқ қордан
Шу Олайнинг тоғ-тошида баҳорда—
Туғилган зот, асл инсон ўлди деб
Ер силкинди ногоҳ совуқ хабардан

Ҳам атоқли, ҳам ардоқли жон эдинг,
Эл-юрт учун жон фидо инсон эдинг.
Фақат Олай тоғларига ўғил эмас,
Олатовга фарзанд эдинг, шон эдинг.

Ахир тоғлар сир-асрорин сен очдинг,
Ақл билан талай ғазна, кон очдинг.
Бориб Ҳабиб Абдулланинг изидан,
Одамзотга кенг бағрингни кенг очдинг.

Эл дилини, ер сирини зўр билган,
Ўзини эр, ўзгаларни шер билган
Одамларнинг одамийдинг, эй Муса,
Қишу ёзда тоғ кўзига термилган.

Иш деганда жонинг фидо, озардинг,
Иш деганда минг бир режа тузардинг.
Шу сабаб ҳам ёқар эдинг элларга,
Шунинг учун шум хабардан бўзардик!..

Кўмдик сени — кўзимизда ёшлар жиқ,
Кўмдик сени — армонларга боқиб тик.
Сен, азизим, келибсан бу оламга
Қилиш учун элу юртга яхшилик!

Сенга куйдик дилга тўлиб алам-ғам,
Юз ювилди кўздан оққан шўр намдан.
Чунки фақат олим номин оқламай,
Одам номин оқлаб ўтдинг оламдан!

ҚАЙСИН ҚУЛИЕВ КЎЧАСИ

Ғайратчан, дониш шоир эди Қайсин,
Кавказдан учиб чиққан сору лочин.
Чорасиздан кун кўрди бу ерларда,
Қафасда юргани ҳам эди рост-чин.

Замона унинг донғил йўлин тўсди,
Тақдири қийинлашиб, ғами ўсди…
Ўшанда қўл узатиб, қучоқ ёйди
Қайсинга қирғиз эли бўлиб дўсти

Қайрилиб учди кейин Кавказига,
Қўнди ўз қоясига, қиш-ёзига.
Яйради, бироқ ўткир кўзи етди
Ўлимга чора-амал топмасига…

Осилган муртад ажал қайда қолсин,
Дер эди муздай жойдан ўрин олсин…
Қадри бор,тери томган Олатовга
Қайрилиб келолмади,хайҳот, Қайсин!

Ўй, нияти бирлашибон, яқин бўлиб,
Бизга ҳам қолган эди оқин бўлиб.
Қирғиз эли ардоқлади—номин қўйди
Бишкекнинг кўчасига ҳурмат қилиб.

Уни мен эслайман кўп. У ёнимда—
Тура рёшу қари билан турганимда.
Қайсиннинг зўр шеърларин ёд айтаман
Қайсиннинг кўчасида юрганимда!

МИРТЕМИР

Истарали, жайдари, сайрон эди,
У борган жойда тўю байрам эди.
Олмосдай тиниқ,нурли,сирли шеъри
Олисларга унинг исмин ёйган эди.

Миртемир элдан илҳом олган доим,
Халқи унга суюб назар солган доим.
Ўзи ўсган Туркистоннинг осмонида
Чўлпон юлдуз каби ёниб қолган доим.

Миртемир яхши шеърни туйиб ўтди,
Шеър дея йиғлаб, кулиб, куйиб ўтди.
Мажнундай жонин бериб шеърларига,
Мажнуедай шеъриятни суйиб ўтди.

Юраги шеър нағмасин сезиб урди,
Ашъор деб дарвеш каби кезиб турди.
Миртемир шон-шуҳратга эргашмади,
Шон-ардоқ Миртемирга эрчиб юрди.

Ўзбекнинг ул кўк тираган тоғи, ери,
Умрининг чин мазмуни бўлган шеъри:
Давронларга енгилмасдан тураверар
Кароматли, зўр шоири Миртемири!

ТАҚДИРИ БИР ИККИ ХАЛҚ

Ўзбек, қирғиз борётса битта йўлда,
Йўлашган — бир-бирига қаралашиб.
Оқ қалпоқ, Ўш дўппили бовурдошлар
Азалдан яшаганлар аралашиб.

Ўлганидан тотувлик битта мақсад
Бўлинган эмас сира эл ораси.
Бўлмаган икки элни чўчитгучи,
Ёвлаштириш қуроли — чегараси.

Қирғизга ўзбек келса меҳмон бўлиб,
Астойдил иззат қилиб қўйин сўйган.
Ўзбекка қирғиз борса қўноғим деб
Сийлаган палов дамлаб, қовун сўйган.

Икки эл касни бирдай ғаним билиб,
Бир-бирини қўллашни ўйлаб келган.
Не асрлар четга кетмай, бирга яшаб,
Қиз олиб, қиз беришиб, тўйлаб келган.

Қадимдан замондошмиз, даврдошмиз,
Қўшнимиз йўли баланд, йўли пастмиз.
Тоғлардан қувват олган денгиз каби
Камимас, қуриб қолмас, сўлимасмиз.

Бир хил бизнинг шамолимиз, ёмғиримиз,
Ният битта, ўртададир тоғ-қиримиз.
Бир йўлдан тайрилмаймсиз, айрилмаймиз,
Бирлашгандир мангуликка тақдиримиз!

ИККИ ЭЛНИНГ УЛУҒ ЎҒИЛ-ҚИЗЛАРИ

Нодира — ўзбекнинг чин шоираси,
Адолат, озодликдан янграр сўзи.
Учрашиб, сир айтишитб, иноқ бўлган
Қирғизнинг Қурвонжондай асл қизи.

Эл биладир Тўқтағул, Тўйчи ҳофиз
Дўст бўлган, касби-кори ўхшашганин.
Бири қўмиз, бири эса дутор чертиб,
Икки элнинг кўнглини хушлашганин.

Эл отаси Йўлдош Охунбобо ўғлин
Эл отаси Ўразбеков дўстим деган.
Топганидан қондошлар донғил йўлни
Икки элнинг толеси бўлган бекам.

Кўп йиллар юрт бошқарган Усмон ота
Бир зотдан юрган доим кўнгили тўқ.
Раззоқов унга ини, шогирд бўлган,
Унинг ўзбек дўстларига сон-саноқ йўқ.

Темирқул Миртемирни йўқларди кўп,
Бири бирига қўллашиб, қарашарди.
Икки элнинг икки улуғ сўз устаси
Сайр этишса жуда-жуда ярашарди.

Мукаррама — эл суқланган аёл эди,
Раққосайди, ўртанарди кўрган кўнгил.
Ҳар қачон гурунглашган, фикрлашган
Атоқли Бубусара бўлган сингил.

Бурҳонов ва Рисқулов — саҳна пири,
Кўрганни мафтун этиб қаратишган.
Саҳнанинг улар тенгсиз усталари,
Икки эл донғин олис таратишган.

Буларда пок, улкан қалб бор экан деб
Эл суйган — юракларин нурлаштириб.
Мустаҳкамлаб дўстликни, иттифоқни
Икки элни юрган шулар бирлаштириб!

ДАНТЕСНИНГ КЕНЖА ҚИЗИ

Леония Шарлотта ажойиб қиз,
Отасининг даврида ўйнаб-кулар.
Эркалиги етмагандай, недир боис,
Опалари юришига тақлид қилар.

Опалари сўнг куёвга чиқиб кетиб,
Ёлғиз қолиб даода бўлди отасига.
Энди ҳар кун отбоқарга амр этиб,
От минишни айлантирди одатига.

Отбоқар чол, манглайида ажини лиқ,
Қизни отга миндираркан деди бир кун:
— Ўз тилингда Пушкинни бир ўқиб чиқ,
Сўнг менга айт қандай шоир эканлигин…

Не учундир қулоғида шу сўз қолди,
У баъзан отбоқарни тинглар эди.
Леония-Шарлотта қиз ўйга толди,
Кейин чолнинг айтганин қилай деди.

Ой ортидан ой ўтди билинмасдан,
Китоб завқи юрагига оташ солди.
У ўқиди рус сўзини илинмасдан,
Фикрларнинг теранларин илғай олди.

Маҳлиё бўлди Пушкин шеърларига,
Сўнг бошланди ҳаётининг аломати…
Қониб борди шоир назмин сирларига,
Аён бўлди шеъриятнинг каромати.

Мафтун этди уни мудом сеҳрли ҳис,
Сезди дунё гўзалликка тўлиқлигин.
Тан олди у — Леония-Шарлотта қиз
Александр Сергеевичнинг улуғлигин.

Леония мақтанишни кўрди-да эп,
Фикрин айтди куз хабари келган боғда
— Сенинг отанг шу шоирнинг қотили! — деб
Чол сўзлади қизча отга минар чоғда.

Донг қотди қиз, серрайди чолга боқиб…
Отбоқар чол чорасиздай ўйчан турди.
Сўнг Парижнинг кўчасига ёши оқиб,
Қиз отаси ҳузурига шошиб кирди.

Отаси не учундир нохуш кулди…
Сўнг кўринди қаддини ростлагани.
Шарт отилган ўқ каби эшитилди
Отасининг ниҳоят «Рост» дегани!..

Айланиб кетди қизнинг чор томони,
Атиргулдай ҳисларига ботди тикан.
«Буюк шоир қотилидир отажоним!»
Деди қиз шеърлар ёдга тушар экан.

Тушда кўрди: манглайида тери, тафти,
Қўлин чўзиб, чорасиз, гўзал ёрга—
Шоир Пушкин ётибди… Ўлаяпти!..
Қизил қони чак-чак томиб оппоқ қорга…

Тушлар ҳар кун қийнади қизча жонин,
Ўзин сезди мудом даҳшат қармоғида.
Кўзи тушар: томаётир шоир қони
Отасининг узун—узун бармоғидан…

Чинқирди қиз очиб ўксук кўзларини!
Ота аранг юпатади кенжатойин.
Қиз ўқийди шоирнинг ўт сўзларини,
Яра қилиб ота қалбин анча жойин.

Ота ҳайрон бўлганича тебратар бош,
Қиз оғзида доим Пушкин — шеър даҳоси.
Ҳозиргина қуласа ров кўзидан ёш,
Дам ўтмасдан эшитилар қаҳқаҳаси..

Йиллар ўтди туну кунни ҳеч унутмай,
Ота эса леб қўймади «…пушаймонман».
Чакиллаб қон томган қор тушдан кетмай,
Қиз касали кучайди кучайгандан…

Қотилни дилдан ота демай юриб,
Қиз бечора дунёмиздан бевақт ўтди.
Жон берарда Дантесдан шарт юзин буриб,
Девор томон астагина қулаб кетди…

Усмон Темур таржималари

БАҲОР КЕЛДИДА…

Зилол сув куйлаб оқар,
Ой кулиб, илиқ боқар,
Оқ кийган ўрик ёқар,
Баҳор келдида…

Кўкда жилмаяр юлдуз,
Роҳатбахш кеча-кундуз,
Нимадир кутар гул юз,
Баҳор келдида…

Булбул куйин басталар,
Нафас ростлар хасталар,
Жамланар гулдасталар,
Баҳор келдида…

Чақалоқ кўз очади,
Дилларга нур сочади,
Армон нари қочади,
Баҳор келдида…

Дала тўла одамлар,
Арига ем бодомлар,
Қиз талашар нодонлар,
Баҳор келдида…

Ҳаво исир, гоҳ совир,
Даладан қочар ҳовир,
Кампирлар кўрпа қовир,
Баҳор келдида…

Нон исроф бой хонада,
Она кўнгли болада,
Болачи, чойхонада,
Баҳор келдида…

Бўй қизлар соч ўришар,
Совчилар уй сўрашар,
Бўйдоқларчи, курашар,
Баҳор келдида…

Хўроз уриштирган бор,
Мучал суриштирган бор,
Ғийбат қориштирган бор,
Баҳор келдида…

Ота уйин қиз йўқлар,
Бемеҳр ука ухлар,
Кабобга боқар суқлар,
Баҳор келдида…

Қўшиқ тинглашар ёшлар,
Аммо тебранмас бошлар,
Қизда терилган қошлар,
Баҳор келдида…

Жонон бозор кезади,
Пулдорга кўз сузади,
Эссизни пул бузади,
Баҳор келдида…

Қизғалдоқ тоғ – чўлида
Қайчи чоллар қўлида,
Янги йил ўнг-сўлида,
Баҳор келдида…

Анҳор бўйида чечак,
Ўзгарди кийим-кечак,
Ғўра қўмсар келинчак,
Баҳор келдида…

Йигит, қиз ер музқаймоқ,
Ишқ ўтидан сўз қаймоқ,
Эсланар ёш кез қайноқ,
Баҳор келдида…

Ўзгариб борар олам,
Майсалар мисли гилам,
…Севгим келяпти бирам,
Баҳор келдида…

ОЛТИН ЧИНОР

Ой ёғдуси, кун нурига чўмилар,
Атроф қуюқ соясига кўмилар.
Олтин чинор қулоч ёяр осмонга,
Тоғ қўйнида йўқ бу чинор кабилар.

Чинор бир пайт жабру жафо кўп кўрди,
Селлар оқиб, заминини ўпирди.
Шатир-шутур муздай дўллар савалаб,
Шамол баргу бутоқларин учирди.

Кузда бўрон яланғочлаб шохларин,
Қиш-қаҳратон эшитмади оҳларин.
Баҳор келиб қушлар қўнди, сайради,
Чинор шунда яшилланди, яйради.

Шул чинордан юрагимга нур олдим,
Қўшиқ олдим, қалбимга сурур олдим.
Халқим – чинор, умрбоқий дарахтку,
Мен бир чивиқ – новдаман, толеим шу.

Олтин чинор олтин нурга чулғасин,
Олатовнинг ўр-қирларин, жилғасин.
Чин дилимдан шивирлайман халқ сўзин:
“Чивиқ синса синар, чинор синмасин!”

ДОНО АЁЛ

Тоғ, яйловли Олайим,
Тағин шеърга солайин.
Гарчи, уққансан бундай
Мақтовларнинг талайин,
Додхо она тўй қилар,
Қандай четда қолайин.
Сўз айтилмай кўп йиллар,
Тўсилган эди тиллар…
Ғоят келиб хуш замон
Додхони эслар эллар.
Улуғ инсон тўйига
Келар одамлар оқиб,
Оқбўсаға кутади –
Ҳар ўтовда уч соҳиб.
Сийлар руҳин онанинг
Ул азиз зотга боқиб.
Азиз ота-боболар
Сақлаб қирғиз элимни –
Ардоқлаган ҳамиша
Қирқ кокил қиз-келинни.
Бежиз Жанғил Мирзани
Эл хон дея юрмаган.
Атоқли ботир Сайқалга
Манас ҳам қарши турмаган.
Чопқир от билан олғир қуш,
Ақли тиниқ қиз-келин –
Эркакдай баланд кўтарган
Обрўсин она юрт – элин.
Уларнинг шону шавкатин
Ардоқлаб, сийлаб келамиз.
Муносиб бунга ҳар қачон
Қурвонжон додхо энамиз.
Айттирмай юрган шўрога
Дилларда нафрат – ўт ёнди.
Уйқуда ётган элимиз,
Шукурки, эрта уйғонди.
Аждодлар қандай кечирсин.
Унутсак агар ўтганни?
Таъзим қилиб қутлаймиз
Тўй қилиб, меҳмон кутганни.
Бу эртакмас, ҳақиқат,
Тарих барин бот ёзган.
Генераллар тан бергач,
Эли суйиб қад ёзган.
Бел ечмаган бекка тенг
Аёлнинг додхо бўлгани.
Ўйласам ўша замонни
Юрагим кетар тўлғаниб.
Шабдон келса Кеминдан,
Йўқотмай салча ўзини –
Ҳар бирига юк-юклаб
Айтган додхо сўзини.
Ўрда беклари ичра
Додхо шу ёлғиз аёл.
Эркакларга бу ҳолат
Келгандир анча малол.
У Нодирабегимнинг
Ашъорин севиб ўқиган.
Гап бор – эрин сўтига
Куйитдан шеър тўқиган.
Додхога додхо ёр бўлган,
Ғанимга тикка ор бўлган.
Суюмли Қамчибегига
Номус – арқон, дор бўлган.
Панд айтган, йиғламаган –
Гарчи дунё тор бўлган.
Сўз қийқимин айтмаган,
Ёвқурликдан қайтмаган,
Донишманди кўп учун
Қирғиз элим бор бўлган.
Ҳеч кимга ёмон соғинмай,
Покдомон дала – тоғиндай,
Яхшиликни пойдорлаб
Яйловин тоза сақлаган.
Жапалак қизи бўлса ҳам
Олайни суюб мақтаган.
Ёрига тикка қарамай
Аёллик бурчин оқлаган,
Хониша бўлиб кетса ҳам
Эл деган, элин ёқлаган,
…Шу куннинг келин-қизлари
Ибрат ол доно додходан.

КУННИНГ СИРИ

– Нега кўзи қип-қизариб кун ботар,
Ёки кимдир уни хўрлаб, йиғлатар?

– Кун ботган сўнг тинган қалблар кўп жуда,
Қанча одам айтар: “Ҳаёт, алвидо!”
Кун уларни қайта кўра олмайди,
Юзин силаб, сочин тарай олмайди.
Кун мунгланар, қайта кўрмас уларни,
Ғам-аламга ботган кўнгил куларми?

– Коинотнинг гўё танҳо эркаси,
Қуёш нега кулиб чиқар эртаси?

– Кун чиққунча дунё яна ўзгарар,
Туғилади яна минг-минг ўзгалар.
Хурсанд бўлган ота каби кун кулар,
Тонг уфқидан ёйилади кулгулар.

КЕЛИН БИЛАН ТОШ

Ёз бўлса ҳам жунжиккандай қалтираб,
Ёлғиз кўкда мунгли-мунгли ой турар.
Ўз эридан хўрлик кўрган келинни
Юпатолмай олислардан мўлтирар.

Овул чети, эл уйқуга ботган вақт
Шўрлик қизнинг киприга тўлган ёш
Чак-чак томар ёнидаги бўз тошга,
Ғамга ботиб, унсиз турар муздек тош.

Шод этайин, деса тошнинг гули йўқ,
Далда бўлай деса, эвоҳ, тили йўқ.
Кўзидаги ёшларини артсам дер,
Дум-думалоқ шўрлик тошнинг қўли йўқ.

Қирғизчадан Зуҳриддин Исомиддинов таржимаси