Томас Манн. Кўнгил қолиши нима? (ҳикоя)

Гапнинг рости, манови жанобнинг ғалати гапларидан бутунлай дов­дираб қолгандим ва ҳозир ҳам уларни худди ўшандек тарзда такрорлаб беролмасам керак, деб қўрқаман, негаки, ўша оқшом бошқалар ҳам ундан худди менга ўхшаб ғоят мутаассир бўлган эдилар. Бунга балки мутлақо нотаниш одамнинг ғаройиб, ҳайрон қолдирадиган даражадаги самимияти сабаб бўлгандир, эҳтимол…
Ўша нотаниш кимсани биринчи марта бундан икки ойча муқаддам Сан Марко майдонида учратгандим. Кенг майдон бўйлаб айланиб юрган одамлар камчил, мовий осмон сари бўй чўзиб турган, заррин нақшлар билан безатилган ҳашаматли, ажойиб бино олдидаги байроқлар денгиз тарафдан эсаётган енгил шабадада ажиб ҳилпирарди; бош дарвоза яқинида бир қизалоқ ҳар томондан ёпирилиб келаётган каптарларнинг улкан галасига маккажўхори дони сепмоқда эди. Беқиёс, гўзал манзара…
Шунда мен уни учратиб қолдим, ҳозир, ушбу сатрларни ёзаётганда ҳам уни кўз ўнгимда аниқ-тиниқ тасаввур қилмоқдаман. Ўрта бўйли бу одам тез юрар, юрганда ҳам ҳассасини икки қўли билан орқада тутганича букчайиб қадам ташларди. Бошида қора тусдаги хунук шляпа, эгнида эса очранг ёзги пальто, қорамтир йўл-йўл шим кийволган. Негадир мен уни инглиз бўлса керак, деб ўйловдим. Ёши ўттизларда, балки элликка ҳам боргандир. Юзи силлиқ тарашланган, бурни бироз катта, кулранг кўзлари ҳорғин боқар, лабларида ҳамиша қандайдир англаб бўлмайдиган, ғалати табассум ўйнарди. Аҳён-аҳёнда қошларини бир чимирволиб, ён-верига синовчан назар ташлайди, сўнг яна ерга қараб, ўзига ўзи бир нималар деб гапирган кўйи бошини сарак-сарак қилганича кулимсираб қўярди. Шу алфозда у майдон бўйлаб уззукун у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.
Ўша кундан бошлаб уни энди ҳар куни кузата бошладим, чунки унинг, хоҳ ҳаво очиқ бўлсин, хоҳ булут бўлсин, тушдан олдинми ё ке­йинми, барибир кун бўйи кенг майдон бўйлаб ўттиз ё эллик маротаба у ёқдан-бу ёққа ёлғиз ўзи худди ўшандек ғалати хатти-ҳаракатлар билан одимлаб бориб келишдан бошқа ҳеч қандай юмуши йўқ ҳисоби эди.
Юқорида айтганим ўша оқшом аллақандай ҳарбий хор концерт бераётган эди. Камина “Флориан” қаҳвахонасининг кенг майдон узра ўрнатилган мўъжазгина столларидан бирининг ёнида ўтирардим. Концерт тугаб, томошабинлар оқими тарқала бошлагач, нотаниш киши ҳар доимгидек паришонхотир кулимсираганича ёнимдаги бўш ўринлардан бирига келиб ўтирди.
Вақт ўтган сайин теварак-атрофдаги ғала-ғовур ҳам тиниб, ҳадемай барча столлар бўшаб қолди. У ер-бу ерда онда-сонда одамлар кўриниб қолар, энди майдон бўйлаб улуғвор осойишталик ҳукм сурар, осмон тўла юлдузлар чарақлар, гўзал Сан Марко узра яримта Ой балқиб турарди.
Мен нотаниш қўшнимга орқа ўгирганимча газета ўқирдим, ниҳоят, унга томон ўгирилишга мажбур бўлдим; чунки шу пайтгача ундан на бирон сас эшитилган, на бирор ҳаракат сезилган, энди эса у тўсатдан гапира бошлаган эди.
– Венецияга биринчи марта келишингизми дейман, афандим? – сўради у, французчани бироз бузиб гапираркан; мен унга инглиз тилида жавоб қайтармоқчи эдим, у кутилмаганда соф олмон тилида аста, хириллаган бўғиқ овоз билан, товушини тиниқлаштириш учунми, тез-тез томоқ қириб йўталган кўйи сўзида давом этди: – Буларнинг ҳаммасини илк бор кўриб тургандирсиз, ҳойнаҳой? Барчаси сиз кутганингиздек эканми, ишқилиб? Балким ундан ҳам зиёдароқдир, эҳтимол? Эҳ!.. Бу қадар гўзал деб ўйламаган бўлсангиз керак-а? Тўғрими? Сизни бахтиёр ҳисоблаб, ҳавас қилишлари учунгина шундай деяётган бўлмасангиз керак? Эҳ!..
У ўриндиққа бемалол суяниб олди-да, кўзларини тез-тез пирпиратиб, менга диққат билан тикилди. Унинг ҳозирги юз ифодасида аллақандай мубҳамлик зуҳур эди. Орага узоқ сукунат чўкди, ушбу ғалати суҳбатни қандай давом эттиришни ҳам билолмай, ўрнимдан турмоқчи бўлгандим, у шошиб мен томон энгашиб, сўз қотди.
– Кўнгил қолиши нима эканлигини биласизми, афандим? – қатъий оҳангда, секин сўради у ва ҳассасига қўллари билан таяниб олди. – Чакана муваффақиятсизлик, омадсизлик эмас, балки чинакам, кенг маънодаги кўнгил қолиши, барча нарсалардан, бутун ҳаётдан кўнгил совишини айтаяпман. Албатта, буни сиз билмасангиз керак. Аммо шу туйғу каминани ёшлигимдан бери мудом таъқиб этиб келади, у мени ниҳоят, ёлғиз, сўққабош, бебахт ва бироз ғалати ҳам қилиб қўйган, буни инкор этолмайман. Сиз мени тушуна олармидингиз, афандим? Лекин сиздан илтимос қилгудек бўлсам, мен учун икки дақиқа вақт ажратиб, гапларимни тинглай оларсиз, деб ўйлайман. Чунки гап очилдими, энди уни айтмасам бўлмас…
Аввало шуни айтишим керакки, камина кичкинагина бир шаҳарчада, пастор оиласида туғилиб, ўсганман. Унинг файзга тўла ҳужраларида эскича урфдаги, уламоларгагина хос жўшқин, таъсирли некбинлик ҳамда яхши ва ёмон, савоб ва гуноҳ ҳақидаги дабдабали панд-насиҳатлардан иборат ўзига хос, ғайриоддий муҳит ҳукм сурарди. Камина бундайин баландпарвоз гапларни тинглашга сира-сира тоқат қилолмасдим, чунки назаримда азоб-уқубатларимга айнан улар айбдордек туюлаверарди. Ҳаёт мен учун шунчаки қуруқ сафсатадангина иборат эди, холос, негаки насиҳатлар каминада фавқулодда ва аҳамиятсиз тасаввур-тушунчалар уйғотар, мен эса улардан ҳеч нимани англай олмас эдим.
Шу тариқа мен одамлардан илоҳий эзгулик ёки ақл бовар қилмас разолат, ҳаётдан эса мафтункор гўзаллик ё қабоҳат кутиб яшардим. Каминани уларнинг барчасига – бепоён борлиққа, қандай бўлишидан қатъи назар, бўлғуси саргузашт воқеаларга, фавқулодда бахт-омад ҳамда сўз билан таърифлаб бўлмайдиган, кутилмаган даҳшатли изтиробларга бўлган теран, ваҳимали ҳирс ва ҳавас чулғаб олган эди.
Ҳаётимдаги илк кўнгил қолиши нечоғли қайғули бўлганлиги ҳамон эсимда, афандим. Эътибор берсангиз, у бирон-бир гўзал орзу-умиднинг саробга айланиши билан эмас, балки ҳаётимга илк мусибатнинг кириб келиши билан боғлиқ бўлган эди. Ўшанда ёшгина бола эдим. Бир куни кечаси қандайдир шовқиндан уйғониб кетдим; уйимизга ўт тушган эди. Оловнинг сирли, маккор тиллари чор-атрофни чулғаб олиб, то хонам эшигигача етиб бораёзган, бутун қават ва зина ҳам аланга ичида қолганди. Буни пайқаганим ҳамоноқ пастга югурдим ва жонҳолатда “Ёняпти! Ёняпти!” деб қичқира бошладим. Бу сўзлар ҳамон қулоқларим остида фавқулодда тиниқ жаранглайди. Ўшанда гарчи эс-ҳушим, онгим ҳали етилмаган бўлса-да, ҳар ҳолда ниманидир ҳис этганим мудом эсимда. Англашимча, бу ёнғин эди; мана ҳозир ҳам уни аниқ-тиниқ кўз олдимга келтираяпман! Охири нима бўлди дейсизми? Э, ҳали бу ҳаммаси эмас…
Ёлғиз Худога аён, бу ҳазилакам фалокат эмасди. Бутун бошли уй батамом ёниб кул бўлган, оиламиз фавқулодда хавф-хатардан бир амаллаб жон сақлаб қолган, ўзим эса, кўп жойим куйиб, жиддий жароҳат олгандим. Шу ўринда ўшандаги болаларча тасаввурим билан бўлажак воқеа-ҳодисотлардан ўзиб кетиб, туғилиб ўсган уйимнинг ёнғинда куйиб, кул бўлишини илгаритдан сезган эдим, десам нотўғри бўлар эди. Аммо шунга аминманки, ботинимда аллақандай ноаниқ шуур, ғира-шира тасаввур яшаган ва аллақандай даҳшатли бир ҳодисани олдиндан англаб, пайқашимга туртки берган эдики, бунга қиёсан бутун борлиқ менга ожиз кўриниб кетганди. Ёнғин – умримдаги биринчи мудҳиш воқеа бўлган, оқибатда ҳаётимдаги ҳайратланарли ва ажойиб орзу-умидлардан ҳам кўнглим қолган эди.
Қўрқманг, сизга барча умидсизликларимни бирма-бир батафсил ҳикоя қилмоқчи эмасман. Мен фақат бир нарсани айтмоқчиман, яъни ҳаётимдаги улкан орзу-умидларимни ўзимнинг бебахт иштиёқ-интилишларим билан, қолаверса, минглаб китоблардаги: шоирларнинг асарларидаги қуруқ сафсаталар билан бир умрга аллалаб келган эканман. Эҳ, шу десангиз, мен уларни, ана ўша шоирман деганларни ёмон кўриб қолдим денг. Уларга қолса, ўзларининг баландпарвоз сўзлари билан тўрт томонга жар солишса, иложи бўлса, ана ўша сўзларини Везувий узра қад кўтарган кедр дарахти билан ёнма-ён ва ҳатто, само гумбазига ҳам муҳрлаб қўйишса, ҳар қандай дабдабали сўзнинг аслида ёлғон-яшиқ ёхуд киноя-пичингдан иборат эканлигини ҳис этмаслигим мумкинми, ахир!
Эҳ, кўнгли завқ-шавққа тўла ўша шоирларнинг нағмасини қаранг. Нима эмиш, гўё тилимиз камбағал эмиш, э, йўқ, уларнинг ўзлари камбағал, афандим! Фикри ожизимча, ҳаётдаги муҳтожлик ва етишмовчиликлар билан солиштирганда, аслида тилимиз бой, ниҳоятда бой. Азоб-изтиробларга келсак, уларнинг ҳам ўз сарҳадлари бор: ожизликнинг жисмоний, калтафаҳмликнинг эса руҳий сарҳади мавжуд – бахт ва омад бобида ҳам худди шундай! Инсоннинг ўз фикрини баён қилиш эҳтиёжи сабаб товушлар дунёга келган ва улар воситасида ана ўша сарҳадлар оша ёлғонлар тўқилиб келинган. Нима, бунга мен айбдорми? Ёки бўлмаса, аслида йўқ ҳодисалар ҳақида тасаввур уйғотаётган маълум сўзлар таъсирида фақат менинг эсим оғиб қолаётганмикан?..
Мен ана шундай иштиёқ-ла ўзимнинг улкан тасаввур-тушунчаларимга мос саргузаштларга тўлиб-тошган катта ҳаётга қадам қўйдим. Худо шоҳид, афсуски, ўзим кутган таассуротлардан баҳра олиш менга насиб этмаган экан! Камина дунёнинг кўкларга кўтариб мақталган жойларини ҳам бориб кўрдим, инсоният энг дабдабали сўзлар билан айланиб-ўргиладиган санъат асарларидан баҳраманд бўлиш учун узоқ вақт дарбадар кездим; ниҳоят, улар билан юзма-юз турарканман, ўзимга ўзим шундай дедим: Нақадар гўзал. Бироқ бундан-да гўзалроқ нарсалар йўқмикан? Бори шумикан?
Камина “воқелик”, “ҳақиқат” деган сўзларни тушунолмайман; бу билан ҳамма гапни айтиб бўлдим, чоғи. Қачонлардир, аниқ вақти эсимда йўқ, дунёнинг қай бир гўшасида, тоғ устида, торгина чуқур дара тепасида турардим. Қоя деворлари тик ва яланғоч эди, ҳув пастда эса тошдан-тошга урилиб, пишқириб оқаётган сувнинг шовуллаши эшитиларди. Пастга қараб туриб, ўзимча ўйладим: ҳозир қулаб тушсам нима бўлади? Ўзимга жавобим ҳам тайёр эди: мабодо шу ҳодиса рўй бергудек бўлса, йиқилаётиб ўз-ўзимга шундай деган бўлардим: “Ниҳоят, пастга қулаяпсан, билсанг, мана шу ҳақиқат!” Хўш, ҳақиқат дегани нима, ўзи?..
Кўрган-кечирганларим бироз ҳангома қилишга етади, десам ишонасизми? Бундан кўп йиллар муқаддам бир қизни севардим, у шундай бир гўзал хилқат эдики, уни жон деб ўз ҳимоямга олган бўлардим; бироқ қиз мени севмасди, бунинг эса ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ, мен бўлмасам, бошқаси… Бироқ мен учун бундан баттар кўргилик бўлиши мумкинмиди? Лаззат ўрнига аччиқ мусибат келтирган ушбу воқеадан ҳам кўра оғирроқ азоб бормиди менга?.. Шундан сўнг қанчадан-қанча тунларни мижжа қоқмай, бедор ўтказдим, алалхусус, бир ўй мудом миямда чарх урарди: зўр мусибат дегани мана шу! Ниҳоят, уни бошдан кечираяпман! Хўш, мусибат дегани нима, ўзи?..
Энди сизга ҳаётимдаги бахту омад ҳақида ҳам гапириб беришим шартмикан? Инчунин, бошимга бахт қуши қўнган пайтлар ҳам бўлган, лекин денг, бахт-иқболдан ҳам кўнглим қолган… Ҳожати йўқ; чунки мен сизга айтмоқчи бўлганим мисоллар кўнглимни қолдирган, ҳафсаламни пир қилган, умидсизликка чулғанган ўша ҳаётнинг ўртамиёна, зерикарли ва бемаъни кечганини сизга барибир тушунтириб беролмайман.
“Ярим маъбуд дея мақталган Инсон – ким ўзи у?” деб ёзган эди ёш Вертер бир замонлар. Нима, ўзига ниҳоятда зарур кучлардан ҳам маҳрумми у? Модомики, қувончдан энтиккан ё изтиробга чўмган экан, уни буларнинг ҳеч бири тўхтатиб қололмайди, бепоён чексизлик қаърида йўқ бўлишга талпингани учун ҳам унинг хира, туссиз онги қайталайверади.
Денгизни илк бор кўрган кунимни тез-тез эслайман. Денгиз улкан, бепоён. Уни соҳилдан туриб кузатарканман, ўзимни озод, эркин ҳис этардим, чунки унинг адоғида уфқ ястаниб ётарди. Нега энди айнан уфқ? Ахир, мен ҳаётдан чексизлик кутган эдим-ку… Балки, менинг назаримдаги уфқ бошқа бировларникига қараганда торроқдир? Камина воқелик, ҳақиқат деган нарсаларни тушуна олмаслигимни айтиб ўтган эдим – балки ақлим ошиб-тошиб кетаётгани учун шундай бўлаётгандир? Ёки буларни тушуниб улгурмаётганмиканман? Эҳтимол, хулоса қилишга шошаётгандирман, ким билади? Ё бахт-иқбол ва дарду изтиробларнинг фақат энг қуйи даражаларинигина, энг нозик ҳолатларинигина англармиканман?
Йўқ, бундай деб ўйламайман; одамларга ҳам ишонолмайман, ҳаёт билан юзма-юз туриб, шоирларнинг баландпарвоз сўзларига қўшиладиган камчил кишиларгагина ишонаман, холос, ахир, бу қўрқоқлик ва алдовнинг ўзгинаси-ку! Ҳа, айтгандай, эътибор берганмисиз, афандим, яна шундай бир тоифа одамлар ҳам борки, улар шунақанги мақтанчоқ ва бошқаларнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромига, зимдан ҳавас қилишларига шу қадар ўч бўлишадики, ўзларини энг зўр бахт-омадга эришган қилиб кўрсатадилару, бироқ кўрган-кечирган азоб-уқубатлари ҳақида лом-мим демайдилар…
Қоронғи ҳам тушиб қолди, энди гапларимни унчалик эшитгингиз ҳам келмаётгандир; шунинг учун сўзни мухтасар қилиб, бир нарсага иқрор бўлмоқчиман, яъни мен ўзим ҳам бир пайтлар ўзимни ўзимга ва бошқаларга бахтиёр қилиб кўрсатмоқ учун… ана шунақанги одамларга қўшилиб… ёлғон сўзлашга уринганим рост… Бироқ анча йил бўлди, шуҳратпарастлигим барҳам топиб, ундан қутулганман, ана шундан берисига камина ёлғиз, бебахт ва бироз ғалати ҳам бўлиб қолганман, буни инкор этмайман. Энди эса… тунлари юлдуз тўла осмонни кузатиб, хаёл суриш севимли машғулотимга айланган; чунки бу дунёга, бу ҳаётга қўл силтаб, ундан воз кечиб қўяқолишнинг энг яхши йўли ҳам шу эмасми, ахир? Шу билан бирга, ўзимнинг улуғвор тасаввур-тушунчаларимни зиғирча бўлса-да, ҳамон асраб қолиш ҳақида, уларгагина хос бўлган ҳақиқатни умидсизликнинг ҳеч бир азоб-уқубатисиз намоён қила оладиган озод, эркин ҳаёт ҳақида, ҳеч қандай уфққа эга бўлмаган умр ҳақида орзу қилаётганимни кечиримли ҳол деб ўйлайман, шундай эмасми?..
Камина мудом шу ҳақда орзу қилиб, ўлимни кутиб яшамоқдаман.
Эҳ, мен уни, ўлимни, ана шу охирги кўнгил қолишини ҳам ҳозирданоқ шундай бир аниқ тасаввур қиламанки!.. Ахир, шуми ўлим дегани ҳали? Сўнгги дамда ўз-ўзимга шундай дейишим турган гап: мана, ниҳоят, унга ҳам етиб келдим! Хўш, ўлим дегани нима, ўзи?..
Майдонга ҳам кечки аёз тушиб қолди, афандим; буни сезиб турибман, ҳе-ҳе! Энди сиз билан хайрлашсам девдим. Adieu*, афандим…

Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 6-сон

_______________

* Adieu – Хайр, яхши қолинг (франц.).