Тецуо Миура. Адашган шуълалар (ҳикоя)

Қувноқ халқ қўшиқларини куйлаб келаётган сархуш ёш японлар тушган чаналар қалин шамшод дарахтлари ўсган дара орасидан отилиб чиқиб, қор босган тоғлар қуршовида сокин жимирлаб турган мовий кўлга қараб бурилди. Атрофга совуқ қўнғироқ садолари таралди. Қирғоқлари музлай бошлаган, ёздагига қараганда суви анча камайиб қолган кўл ўртасида қиш осмонининг акси қорайиб кўринар эди.
Қордан ҳимоя қиладиган соябони катта шляпа ва ит терисидан тикилган енгсиз камзул кийган аравакаш қаттиқ қичқириб, жиловни тортди. Ўрганган от қайиқлар турадиган бандаргоҳга қараб бурилди. Усти ёпиқ чана қорда ғижирлаб қийшайиб кетди, чана ичидан норози қий-чувлар эшитилди.
Чанада учта сархуш йигит, уларга тенгдош икки қиз ҳамда ёшгина эркак билан бир аёл бор эди. Қишнинг қировли аёзида улар тоғдаги қор босган кўл тарафга нима мақсадда келаётгани номаълум эди. Чана ёнбошига қийшайган пайтда қизлардан бири қўрқиб қичқириб юборди ва ёнида ўтирган йигитнинг елкасига ўзини ташлади, йигит уни қучоқлаб олди.
Бу уч йигит кўлнинг нариги томонидаги Хотару қишлоғидан бўлиб, ёшлар тўгарагига қатнашар, ҳозир водийдаги шаҳарчада янги йил арафасида бўладиган театр томошасига тайёргарлик кўриш учун кетишмоқда эди. Улар йўлда бир танишиникига кириб, қўлбола шаробга тўйиб олишганди. Ҳозир парда тагида турган тугунча атрофида ўтириб, овозларининг борича қичқириб қўшиқ айтишар, бир-бирига тегажоқлик қилишар, чана бурчагида сиқилиб ўтирган эркак билан аёлга заррача эътибор беришмас эди.
Шаҳардаги бекатдан чиққандан бери ўтган икки соат ичида аёл ҳар замонда адёлга ўралиб, тиззасига бошини қўйиб ётган эркакдан: “Аҳволинг қалай? Совуқ эмасми?” деб сўраб қўярди. Ўқтин-ўқтин эркакни йўтал тутиб қолар, оҳиста бошланган бу йўтал узоқ давом этар эди.
Қўнғироқ жирингламай қолганини пайқаган аёл пардани кўтариб ташқарига қаради-да, эркакнинг елкасига секингина туртди:
– Ото-сан! Кўл. Зиппеки кўли!
– Келдикми? Худога шукр! – Эркак бошини кўтарди, аммо йўтали қўзиб, яна аёлнинг тиззасига юзини босди.
Аёл индамасдан эркакнинг елкасини силади.
Бандаргоҳдан салгина нарида қорга кўмилган бир неча уй кўринарди. Том остида ёдгорлик дўконига хос лавҳалар қоқилган, деразалар тахта билан тўсиб қўйилган, аммо одамлар йўқ эди. Ғадир-будур ёғочлардан қурилган бандаргоҳда, балиқчиларнинг қайиқлари орасида сайёҳларга мўлжалланган ёнбошидаги бўёқлари кўчиб кетган кичкина кема турар эди.
Чаналар бандаргоҳга яқинлашганда кемачанинг палубасида армия адёлидан тикилган мошранг пахталик камзул кийган, бундай кийимни армиядан қайтган аскарлар олиб келишарди, кекса чол кўринди.
Урушдан кейинги иккинчи қиш. Чанадаги йигитлардан бири матросларнинг калта пахталик камзулида, иккинчиси учувчилар чолворида, қизлардан бири бўйнига парашют ипагидан тўқилган шарф ўраб олган. Аравакаш эса аскарлар пайтавасида эди.
Нотаниш йўловчилар адёлларини думалоқлаб ўраб, ҳаммадан кейин тушишди. Аёл кўк пальто, қора шим ва эркакларнинг резина этигида эди. Елкасига санитарлар қопчиғини осиб, икки қўлида катта тугунларни кўтариб олганди.
Қуён терисидан тикилган телпагини ҳисобга олмаганда эркак ҳам бошдан-оёқ ҳарбий кийимда эди. У касал бўлиб, юзлари шишиб кетган, нари борса, йигирма икки ёшни қоралаган бўлса керак. Аёл ундан уч-тўрт ёш катта кўринар, аммо юзлари ҳамон силлиқ, тиниқлигини йўқотмаган эди. Эркак аравакашга пул узатди. Аравакаш майда пулларни санаб бўлгунча аёл чақноқ қора кўзларини терга ботган отдан узмади.
Бирин-кетин кемачага чиқишганда қопсимон камзул кийган капитан уларга ҳайрат билан тикилиб сўради:
– Хотаруга борасизларми?
– Ҳа, Хотаруга борамиз. Бизни олиб кетинг.
Кемача хоналари тахта билан лиқ тўла эди, полда похол уюмлари сочилиб ётарди. Ёшлар тугунларини улоқтириб, қаёққадир ғойиб бўлишди, аёл эса чанадаги каби каюта бурчагига адёлларни тўшади, эркак унга чўзилди. У эшикни ёпиб қўймоқчи бўлди, аммо эшикнинг ўзи йўқ эди. Аёл бемор устига адёл ташлаб, ўзи деворга суяниб ўтирди ва эркакнинг бошини тиззасига олди.
Кемача хиёл титраб, бандаргоҳдан қўзғалди. Эшик ўрнидаги очиқ жойдан қаттиқ шамол эсди. Аёл пальто ёқасини кўтариб, бошини ичига тортди. Қўлида бўш консерва банкасидан ясалган хибати кўтарган капитан хонага кирди.
– Йўловчилар совуқда қолмасин дедим…
Ҳайратда қолган аёл миннатдорчилик билдирди.
– Ото-сан! Хибати олиб келишди. Қўлингни иситиб оласанми?
Эркак адёлни кўтариб қаради ва капитанга “Эътиборингиз учун раҳмат”, деб яна бурканиб олди. Афтидан, қўлини узатиш ҳам унга малол келар эди. Капитан америкача сигарасини олиб, хибати тутатди.
– Фақат шуниси бор эди… Чекасизми?
Эркак нимадир демоқчи бўлди, аммо йўтали тутиб, бўғилиб қолди. Аёл унинг ўрнига жавоб берди:
– У чекмайди…
– Истилочи зобитлардан бири овга ишқибоз, куз ойларида ов қилгани келиб турарди, – изоҳ берди капитан. – Ҳарбийдан яқинда қайтдингизми? – кўзларини юмиб ётган эркакни гапга солишга уринди у.
– Шундай, – деди эркак зўр-базўр жилмайиб.
– Қайси қисмларда хизмат қилдингиз?
Эркак мана шу жойга яқин бир шаҳар номини айтди. Капитан ҳайрон қолди. Ана шу полкда хизмат қилган дўстининг ўғли уруш тамом бўлганидаёқ қайтиб келганини эслади.
– Нега бунчалик ушланиб қолдингиз?
– Бунинг муҳим сабаблари бор, – гапга аралашиб, изоҳ берди аёл. – У госпиталда узоқ ётди. Ўтган куни жавоб беришди.
– Ўтган куни? – капитан йўловчиларга ҳайрон тикилди. – Наҳотки ҳарбий госпиталлар ҳалиям ишлаётган бўлса?
– Йўқ, ҳозир у давлат касалхонасига айлантирилган, аммо уруш пайтида олиб келинган беморлар ҳалиям кўп.
– Гапингиз тўғри! Армия йўқ бўлсаям касаллик давом этаверади. Куни кечагина чиққан бўлсангиз, бу ерларда қийналиб қоласиз. Айниқса, манави Зиппекига ўхшаган қаҳрамон тешикда…
Эркак кўзларини юмиб ётар, аёл хибати томон узатилган қўлларига тикилиб жим ўтирарди.
– Ҳечқиси йўқ, сиз кузатув ўрнингизни ташлаб келдингизми?
– Учта навқирон ёрдамчим бор, – кулди капитан.
Чамаси, улар палубада кўрган ёш денгизчилар кемани бошқариб бормоқда эди.
– Хотаруда кимникига борасизлар? – яна сўради капитан.
– “Когецу” меҳмонхонасига, – жавоб берди аёл.
– Тори-санга қариндош бўласизларми?
– Қайси Тори-сан? – аёл хавотирланиб эркак ётган томонга қаради.
– Демак, Торикура-санникига-да?! “Когецу” меҳмонхонасида ишлайдиган?..
– Йўқ, – аёл бошини чайқади.
– Балки хотинига қариндош чиқарсизлар?
– Йўқ.
– Унда… – капитан аёлга ҳайратланиб тикилди.
– Меҳмонхонада Торикуранинг оиласидан бошқа бека йўқми?.. – Аёл капитанга ишонқирамай боқди. – У ерда бошқа оқсочлар ҳам бордир?..
– Оқсочлар дейсизми? Ҳамма бекалар ўтган йили кузда кетиб қолишган.
– Кетиб қолишган? Қаёққа?
– Иш қидириб. Дуч келган ёққа кетишган. Кўл атрофидаги меҳмонхоналарда ишлайдиган бекалар қишда бўшаб кетишади. Меҳмонхона ёпилгандан кейин бу ерда нима қилишсин?
Аёл хавотирга тушди. Капитандан кўзини узмасдан тиззасига бош қўйган эркакни оҳиста туртди. У ҳам анчадан бери кўзини очиб ётган эди.
– Кўряпсизки, бу ернинг ҳаммаёғи тоғ, – давом этди капитан. – Хазон фасли тамом бўлиши билан сайёҳлар мавсуми ҳам тугайди. Ноябрдаёқ автобус қатнамай қўяди. Қор ёққандан кейин ҳар қандай алоқа бутунлай узилади. Бу ердан фақат тоғ чанғисида ёки сизлар келгандагига ўхшаган чанада қайтиш мумкин. Чана ҳам зимистон дараларда шамол эсмаган, қор ёғмаган пайтлардагина юради. Ҳалиям омадингиз бор экан.
Уларнинг омади келганини шаҳардаги бекат хизматчиси ҳам айтган эди. Бекатга келишлари биланоқ Зиппеки кўлига қандай борилади, деб суриштиришганди. “Шундай вақтда кўлда нима бор? – деб бекат хизматчисининг кўзлари ола-кула бўлиб кетганди. Аммо шу заҳотиёқ вокзал бурчагида турган кўлга қатнайдиган чанага кўзи тушиб мулойим жавоб берган эди: – Омадингиз бор экан. Аравакашдан сўраб кўринглар. Хотаруга борадиган кемача бандаргоҳда турган кунлардагина чана юради. Аммо қандай қайтиб келасизлар, бунисини билмайман”.
Ҳа, омад кулиб, Хотаруга бемалол бориладиган бўлди. Аммо излаган киши у ерда йўқ бўлса, боришдан не маъно бор?
– Демак, сизлар “Когецу” меҳмонхонасидаги беканинг олдига борар экансизлар-да! – деди капитан.
– Шундай, унинг исми Терада Тами. Мендан бир ёш катта, – деди аёл ва босиқлик билан қўшимча қилди: – Тамисан унга опа бўлади.
Эркак йўталиб, жойидан қўзғалди. Капитан гўё олов ўчиб қолганини энди пайқагандек, эгилиб пуфлади, тўзғиган оппоқ кулдан юзини олиб қочар экан, қўшимча қилди:
– Терада Тами… Мен “Когецу” меҳмонхонасида бўлган эмасман. Бориб кўринглар. Балки опангиз у ерда қолиб, сизларни кутаётган чиқар. Агар кетган бўлса, Тори-сан унинг қаердалигини айтиб берар…
Шундан сўнг капитан:
– Ёшлардан биронтасини алмаштирадиган вақт бўлиб қолгандир, – деб ғўлдираб, каютадан чиқиб кетди.
Эркак ва аёл деворга ҳорғин суяниб, капитан чиқиб кетган эшик ўрнига тикилганча бир муддат хаёл суриб қолишди. Иккаласи ҳам бир нарсани ўйлашмоқда эди. Тами ҳақиқатан ҳам меҳмонхонадан бўшаб кетган бўлса, нима қилишади? Икковлон қаерга, кимга сиғиниб боришади?
Агар кўзлари шу дақиқада тўқнашиб қолса, иккови ҳам бир-бирига қандай тасалли бериш ҳақида ўйлаётганини сезар, аммо бу ҳақда очиқ гапириш оғир эди.
Кема моторининг шовқини, сувнинг шовуллаши эшитилар, шамол ғувиллар, устма-уст тахланган тахталар орасидаги ёриқлардан елвизак ғириллаб ўтиб турар, фақат кўл ҳозир кемачанинг қайси томонида эканини аниқлаб бўлмасди. Эшик ўрнидаги очиқ тўртбурчакдан атрофдаги қояларнинг ўткир қирралари ва қоп-қора сувни яққол кўриш мумкин эди.
– Сима-сан! – ногоҳ чақирди эркак.
Эшик ўрнидаги бўшлиққа тикилиб ўтирган аёл сесканиб унга қаради.
– Нима дейсан?
– Гаванда яшаган пайтингда, қишда денгиз ичида туриб қирғоқни кузатганмисан?
– Йўқ, кузатган эмасман.
– Мен эса кузатганман.
– Сен балиқчисан-да.
– Мана шу жойларга ўхшаб кетарди.
– Биздаги Санрикуга ўхшар эдими?
– Шундай. Фақат денгиздан қараганингда.
Санрику қирғоқлари қоядор ва совуқ, бир қанча жойларида тик ўпирилишлар бор эди…
– Денгиз сокин пайтларда қайиқдан қирғоққа қарасанг, худди мана шундай манзараларни кўрасан. Жудаям ўхшаб кетади.
– Мен бўлсам, сен бирданига нималарни… – шивирлади аёл, аммо шу заҳотиёқ жим қолди. Эркак ҳозир қадрдон жойларини эслагани унга ғалати туюлди, у жилмайди, кўзларида ёш йилтиради.

II

Сима билан Отози денгиз қирғоғидаги Санрику шаҳарчаси яқинида туғилган эдилар.
Симанинг отаси балиқчилар ошхонасининг хўжайини, Отози эса балиқчининг ўғли бўлиб, отаси бу арзон ошхонага доимий мижоз ҳисобланарди. Болалигида Отози опаси Тами билан бу ерга бир неча марта кирган, аммо бирон марта ҳам ўтириб меҳмон бўлган эмас. Кўп ичиб, қайла тўкилган стол устида учиб ухлаб қоладиган отасини уйга зўрға олиб кетишар эди.
Отозининг отаси ёшлигидаёқ ароқхўр деган ном орттирганди. Отози беш ёшга тўлганда онасидан ажралди. У тўлғоқ пайтида оламдан ўтган эди. Шундан кейин отаси бутунлай издан чиқиб кетди. Ичиб-ичиб, дуч келган жойда санғиб юрадиган бўлди. Отаси уйга келмай қўйган пайтларда уни кўрган танишлар “Отангиз яна учиб қолди!” деб қичқириб ўтишарди. Бўрон турган кезларда ошхонадан қайтаётган қўшни аёллар: “Отангиз бамбукзорда дайдиб юрибди”, дейишни канда қилишмас эди. Бу ўлгудек ичиб, гаванда йўлбарсга ўхшаб изғиб юрибди, деган маънони англатарди.
Отози билан Тамининг хўрлиги келиб, бандаргоҳдаги қовоқхоналарга қараб югуришар ва ит азобида уни излашар эди. Уйма-уй кезиб, излаб-излаб, ниҳоят Сималарнинг ошхонасидан топишарди. Сималарнинг уйига кираверишда бошқаларникига ўхшаган тўқима арқон эмас, оқ иероглифлар билан “Масутоку” деб ёзилган узун кўк парда осилиб турарди. Отози бошланғич мактабни битирган пайтда бу пардага қарашдан уяладиган ва “Сима мендан нафратланмасмикан?” деб ўйлайдиган бўлган эди.
Сима ошхонага жуда кам кирар эди. Фақат онаси бир марта қизига отасининг қўпол одатлари ҳақида гапирганини эшитиб қолган эди. “Одамлар ичсин деб биз вино сотамиз, улар бу ерга келса қувонамиз, аммо Ёкити ҳар сафар бу ердан кетаётганда юзини пардага артади. Қанча ичганига қарамай, барибир пардага юзини артаверади. Ниҳоят, мен унга деб сочиқ осиб қўядиган бўлдим”.
Отози қизариб, Симанинг олдида қаттиқ уялиб кетди. Қиз индамади, фақат жилмайиб қўйди.
Шундан бери Отози “Сима мендан жирканади” деб ташвишланадиган бўлди. Аммо кўп ўтмасдан бу ҳақда ўйлашга ўрин қолмади. Кузда, у ўрта мактабда ўқиётган пайтда, отаси денгизга чўкиб ўлди.
Отози билан Тами етим қолди, бола отасининг ўлимига қаттиқ қайғурса ҳам юраги қандайдир енгил тортганини ҳис қилди: отаси ароқ ичиб қовоқхонада эмас, балиқчиларга муносиб тарзда денгизга чўкиб ўлгани унга тасалли бергандек бўлди.
Сима ёши йигирмага етганда катта шаҳардаги меҳмонхонага ишга кирди. Отози ўзларига яқин жойда турадиган қариндошлариникида яшай бошлади. Энди у бошига қанчадан-қанча ташвишлар солганига қарамай отасининг оғир қўлларини, қайноқ нафасини соғинч билан эслайдиган, пардасига “Масутоки” деб ёзилган ошхонани, унинг бекасини ва Симани кўра олмаслигини тез-тез ўйлайдиган бўлди. Аммо мактабни битириб, балиқчилик қила бошлагандан кейин юрагидаги бундай туйғулар уни кўпда безовта қилмай қўйганини сезди.
Кейин гаванда ўтказган уч йил ичида у Симани икки марта мутлақо кутилмаган жойларда учратди.
Бир куни тунги балиқ овидан қайтаётган эди, елкасида оғир сават, ялангоёқ, кемасозлик корхонаси ёнида янги қурилаётган, ёғочлари қоронғида оқариб турган қайиқ ёнидан ўтар экан, ногоҳ аёл кишининг “Раҳм қилинг!” деган қичқириғини эшитди. Нимадир тариллаб йиртилгани қулоғига чалинди. Қоронғилик ичидан оқ кийимли аёл югуриб чиқди.
– Ҳой, Сима, тўхта! – эркак киши дағал овозда бақирди. Аёл ҳайратда қолган Отози олдидан югуриб ўтар экан, елкаси билан унга туртилиб кетаёзди. У жон талвасасида югурганда тебранган ҳаводанми ё аёл елкасига тегиб кетай деганиданми – саватдан чиқиб турган калта таёқчага боғланган қўнғироқ оҳиста жиринглади.
Аёлни қувиб келаётган спорт кийимидаги эркак қўнғироқ товушини эшитиб тўхтади, улар қоронғилик қўйнида бир лаҳзалик сукут ичида юзма-юз туриб қолишди.
– Ким бўласан? – сўради ниҳоят йигит бўғиқ овозда.
– Шу ерликман, бандаргоҳ томондан, тунги овдан қайтаётган эдим, – деди Отози.
Йигит тилини такиллатди, аламини ичига ютиб, оёғи остидаги қумларни тўзғитиб тепинди ва қайиқлар орасидан нари кетди. “Бу қовоқхонадаги Сима эмасмикан?” Отози ғижиниб, бир чеккага туфлади-да, ўз йўлига юрди. Йигитнинг овози ҳам танишдек туюлди. У бир қанча савдо дўконларига эга бўлган Курихаранинг ўғли Токиодаги институтда ўқишини эслади.
Отози кейин ҳам Симани бир марта кўрди. У бошқа жойлардан бахт излаб кўрмоқчи бўлди. Тиба префектурасига қарашли Тёси шаҳрига ишга жўнашдан аввал зиёрат қилиш учун маҳаллий ибодатхонага кирди. Кейин олчазорлар орасидаги уруш қурбонлари хотирасига қўйилган ёдгорлик атрофида оҳиста кезиб юрар экан, ибодатхона орқасидаги кичкина боғчада ғижирлаётган ҳалинчак овозини эшитди. Бу товуш болалигидан таниш эди, унда деярли диққатни тортадиган ҳеч нарса йўқ бўлса-да, ўз шаҳарчасини тарк этганидан бери биринчи марта вужуди юртини соғиниш ҳиссидан ўртаниб кетди. Отози дарахтзор чеккасига чиқиб, пастликка қаради. Ҳалинчакда Симанинг оддий сарғимтил-кўкиш рўмоли ҳилпирар эди.
Боғчада бошқа ҳеч ким кўринмасди. Сима ҳалинчакда бир ўзи тебраниб ўтирарди; ҳалинчакнинг ғижирлаши юрагига безовталик олиб кирди. “У кимнидир кутаётган бўлса керак” деб ўйлади Отози. Кўз ўнгида Курихаранинг ўғли гавдаланди, аммо ҳозир у бу ерда бўлиши мумкин эмас – таътилгача ҳали вақт эрта… Отозининг мияси ҳар хил ғалати тахминлардан ғувиллаб кетди. Ёши йигирмадан ошиб кетган Сима ҳозир унга дугоналари ўйиндан чиқариб қўйган омадсиз қизалоқни эслатди. У кечаси “Раҳм қилинг!” деб қичқириб, ваҳший эркакдан зўрға қутулган, ёқавайрон кўйлакда қирғоқ бўйлаб чопиб кетган қизга асло ўхшамас эди. Аввалги Сима билан ҳозиргиси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. “Буни тушуниш қийин” деб ўйлади Отози.
У Тёсида уч йилга яқин турди. Ҳар гал қадрдон юрти ҳақида ўйлаганда кўз олдида енгил кўйлагини ҳилпиратиб ҳалинчак учаётган Симанинг нозик сиймоси гавдаланар, қулоғига таниш ғижирлаш эшитилар эди. Шунда юрагини ширин туйғулар эгаллаб оларди. Буларнинг ҳаммаси Сима туфайли бўлаётганини ўйлаб ўтирмас, аммо унинг сиймоси юрти ҳақидаги қувончли, нурли манзараларга боғланиб кетарди.
Армияга жўнашидан олдин тиббиёт кўригидан ўтаётган пайтида Отози “Масутоку” қовоқхонасига бир кириб чиқсаммикан” деган хаёлга борди. Отаси сополдан ясалган “Жозибадор мушук” ҳайкалчаси қўйилган токча ёнидаги столда қадаҳда сакэ ичиб ўтиришни яхши кўрарди. Ўзи сезмаган ҳолда балоғатга етган Отози ҳар замон-ҳар замонда бир қадаҳ шароб ичишни одат қила бошлаганди.
Кўп йиллар бошқа жойларда юриб, ниҳоят Санрику қирғоғидаги кичик шаҳарга қайтганида Симани учратмади. Тиббий кўрикдан бирга ўтган балиқчи йигит Сима Курихаранинг ўғлига турмушга чиқишни хоҳламагани ва негадир шаҳарчадан бош олиб кетганини айтиб берди. Бошқа миш-мишлар ҳам бор эди, гўё Сима Курихарадан ҳомиладор бўлган ва буни яшириш учун шаҳарчадан бош олиб кетган эмиш. Отозида қовоқхонага кириш истаги йўқолди. Бундан ташқари, ҳарбий шароитда ароқ савдоси тақиқлангани учун “Масутоки” оддий ошхонага айланиб қолган, мижозларга гречкали угра, гуруч, турли сабзавотлар солинган чучвара тақдим этиларди, холос. Бўсағада бинога ҳусн бериб турган кўк лавҳа ўрнига катта бочка ҳамда турли ўт ўчириш асбоблари илиб қўйилган эди.
Армияга чақирув қоғози қирқ тўртинчи йилнинг баҳорида келди. У Тохокунинг ғарбий қирғоғидаги кўҳна қалъага жойлашган пиёдалар полкига тушди.
Отози болалигидан касал нималигини билмай ўсган. Кўриниши қотма, ориқ бўлса-да, чайир, бақувват, пайлари пишиқ, ҳар қандай оғир меҳнатга чидамли эди. Армиядаги машқларни кўрдим демасди. Фақат тўйиб овқат емасликдан қийналарди, холос.
Бир куни – аёвсиз ёз иссиғида ўтаётган найзабозлик жанги машғулоти пайтида очликдан боши айланиб йиқилар экан, бўлим командирининг ерда ётган милтиғига қоқилиб кетди. Командир уни дўппослади. Ке­йин ўзи билан олишишга мажбур қилди, қўлидаги милтиғини тортиб олиб, ҳимоясиз йигитнинг баданига бир неча марта найза санчди. Отози ҳушидан кетди.
Шундан кейин ўнг ёнбошида, қовурғаси остида оғриқ пайдо бўлди. Дастлаб у “Енгил лат еган бўлсам керак” деб ўйлади, аммо оғриқ тобора кучайиб борар эди.
Сиртдан ҳеч нарса билинмас, аммо аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб, ташналик азоб берар, бутун бадани зирқирар эди. Илгари овқат еб тўймасди, энди иштаҳаси буткул йўқолди. Ниҳоят бир куни тўшакдан туролмай қолди.
Бўлим командири хоҳламайгина унинг госпиталга боришига рухсат берди. Ҳарбий шифокор қовурғаси синганини аниқлади ва дарҳол госпиталга жойлаштирди.
Отози ярим ой жарроҳлик бўлимида даволанди. Оғриқ аста-секин йўқолиб, ўзини яхши ҳис қила бошлади.
Ана шу кунларда қўққисдан опаси Тами уни йўқлаб келди. “Полкдан хабар юборишган бўлса керак” деб ўйлади Отози, аммо ундай эмас экан. Тами ўз ихтиёри билан меҳнат отрядига ёзилибди, ҳозир Кавасакидаги ҳарбий заводга ишлаш учун кетаётган экан.
– Узоқ йўл олдидан сени кўриб кетай деб келдим, – деди у. – Меҳмонхона ёпилди. Уйга қайтай десам, ҳеч ким йўқ. Мана, отрядга ёзилдим. Ҳеч бўлмаса, снаряд тайёрлай оламан-ку.
Хайрлашар экан, улар эртага нима бўлишини билмас эдилар.
– Аскарни қаранглар-а, уялмай йиғлаяпти.
– Йиғлаётганим йўқ. Бу касаллик оқибати, – деди Отози.
– Қовурға билан кўзлар қариндош экан-да?
– Иссиғим чиқади. Кўзёш шундан.
Тами сездирмай палатани кўздан кечирар экан, Отозининг пешонасига қўлини қўйди ва ваҳимага тушиб, тез тортиб олди.
– Гапинг тўғри, иссиғинг жуда баланд!
– Йиғлаётганим йўқ деб айтаяпман-ку!
– Синган қовурға шунчалик ҳарорат чиқарадими?
– Билмайман. Оғриқ тўхтади, аммо иссиғим тобора кўтарилиб кет­япти. Нафас олишим ҳам қийинлашиб қолди.
– Булар беҳуда эмас. Балки шифокор сезмаётгандир?
– Бу палатада тузала бошлаган беморларга фақат санитар қарайди. Ҳароратни ҳар доим текширавермайди.
– Қандай бемаънилик!..
Шунда Отози ҳайратдан кўзлари катта очилган опасини сўнгги марта кўраётганини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

III

Хуллас, “Когецу” меҳмонхонасида Тами йўқ эди. У ўтган йили ёзнинг охирида ишдан бўшаб, қишда бу ердан кетиб қолган экан.
Меҳмонхонани қўриқловчи эр-хотин Торикураларнинг айтишига қараганда, ишдан бўшашга ҳарбий заводда унга ҳомийлик қилган Хаяма исмли қандайдир жаноб маслаҳат берган экан. Улар чамаси урушдан кейин ҳам хабарлашиб туришган. Ўтган йили мавсум айни қизиган пайтда Хаяма уни йўқлаб келган. У оннагаталарга ўхшаган ёқимтой, қирқ ёшларга борган, уддабуррон, савлатли киши бўлиб, истилочи армияга қандайдир алоқаси бор деган гаплар юрарди.
Бир неча кун ўтгач, Хаяма қайтиб кетди. Шунда Тами Торикуранинг хотинига энди меҳмонхонада кўп ишламасам керак деб айтибди. У қандай иш қилмоқчисан деб сўраганда, Тами: “Шаҳарга бориб ишга жойлашаман. Ахир, бир умр ёш бўлиб қолмайман-ку”, деб жавоб берган экан.
Орадан бир неча кун ўтгач, Тами Хаямадан мактуб олди. Уни ўқиб, нарсаларини йиғиштириб жўнаб кетди.
– Аниқ айтолмайман, аммо у Кобега бораман дегандек бўлувди, – деди Торикуранинг хотини.
Отози Хаяма қаерда яшашини суриштирди, аммо урушдан кейин бу ерга меҳмонлар кам келгани учун рўйхатлар дафтари юритилмаган экан.
– Сирасини айтганда, у Кобега кетган тақдирда ҳам излаб топиш амримаҳол эди.
– Опам менга беринглар деб бирон нарса қолдирмаганми? Балки кейинроқ хат ёзмоқчи бўлгандир? Агар йўқлаб келсам, кимгадир учрашишим лозимлигини айтгандир?
Эр-хотин Торикуралар умидсиз ҳолатда бир-бирига тикилишди.
– Пул йиғсам, укам иккимиз савдо корхонаси очамиз деб гапирар эди, –деди Торикуранинг хотини.
Ўтган йили июль ойида Отози кичкина бир суратли мактуб олган эди, шундан кейин ундан дарак бўлмади.
– Агар бирон ерга жойлашиб олса, хабар юборарди. Ярим йилда бирон дараги бўлмаса… Ҳозирги алғов-далғов замонда ҳамма нарсани кутиш мумкин. – Торикура ошхонадаги ўчоқ ёнида ўрнатилган темир печкага ўтин ташлади.
Отози билан Сима гуриллаб ёниб, қип-қизариб кетган печкага гап-сўзсиз тикилиб ўтиришарди. Ниҳоят, Отози ҳорғин товушда:
– Кечирасизлар. Менинг ётишимга ижозат бергайсизлар, ўзимни ёмон ҳис қилаяпман, – деди. У кафтларини бошига қўйиб, бордонга чўзилди.
– Сиз касалсиз.
– Кўп азоб чекканга ўхшайсиз? – ҳамдардлик билдирди Торикуранинг хотини.
– Хотиржам дам олинглар, – қўшимча қилди Торикура, – Меҳмонхона ишламайди, сизларни муносиб кутиб ололмадик, аммо ўзингизни эркин ҳис қилинг. Кўрпа-тўшак хоҳлаганингизча топилади, ванна ҳам бор. Бемалол жойлашаверинглар.
Қиладиган иш йўқ. Бугун барибир бу вулқон этагидаги хилват кўл қирғоғида жойлашган қишлоқдан жўнаб кетишга имкон йўқ. Эртага бир гап бўлар.
Сима қўшни хонадан кўрпа-тўшак кўтариб чиқди. Торикуранинг хотинига ёрдамлашиб остонага яқин ерга қўйишди. Деразалари зич ёпилган хонани хира чироқ зўрға ёритар эди.
– Иккалангизга битта жой солиб берайми? – сўради Торикуранинг хотини.
Бу саволдан Сима бир лаҳза довдираб қолди, сўнг:
– Майли, бирга солинг, – деди.
Торикуранинг хотини ёнма-ён иккита қалин жой солди.
Улардан бирига Отози чўзилди. Оғир касалдан оқарган қаримсиқ юзи юмшоқ ёстиққа ботиб кетди.
– Ҳеч нарсани ўйламасдан, тинч ухла, – деди Сима.
Кўзи юмуқ Отози кулимсиради:
– Нимани ҳам ўйлардим…
Кўп ўтмай Отози қаттиқ уйқуга кетди. Сима унинг бошида бир муддат ўтиргач, секин қўзғалди-да ошхонага чиқди. Торикуранинг хотини печка ёнида ёлғиз ўтириб, нимадир тикаётган эди.
– Қарашадиган ишингиз борми? – сўради Сима. – Қарашиб юбораман.
Тарикуранинг хотини кулимсираб:
– Ташвиш тортманг, ёрдамлашадиган иш йўқ. Шунчаки эрмак, – деди. Кейин: – Эрингиз ухладими? – деб сўради.
Отози биринчи марта эр сифатида тилга олинган эди. Илож қанча? Сима сир бой бермади:
– Ҳа, қаттиқ ухлаяпти. Жуда толиққан.
– Бечорага қийин. Ҳолдан кетипти. Касали қанақа ўзи?
– Астма, – деди Сима. Қишлоқдагилар силдан қаттиқ қўрқиши унга яхши маълум. Шу заҳотиёқ Торикуранинг хотини ўз синглиси кўп йилдан бери астмадан азоб чекаётгани, бу касаллик қанчалик ёқимсизлигидан хабари борлигини айтди.
– Совуқни ёқтирмайди, тўғрими? Кечаси зўриқиб қолса, нима қиламиз?
– Ташвишланманг. Мен тиббиёт ҳамширасиман.
– Парвариш қилавериб кўникиб кетгансиз-да?
– Йўқ, мен ҳақиқатан ҳам касалхона ҳамширасиман.
Сима мулойим кулимсиради. Торикуранинг хотини ҳайратланиб кўзларини катта очди.
– Уруш пайтида ҳарбий госпиталда ишлаганман. Бундай касалларга қандай қарашни яхши биламан, хавотир олмасангиз ҳам бўлади.
Қуёш ботгач, Торикура келиб ҳаммом тайёр эканини айтди. Отози ҳали уйғонмаган эди. Аммо у уйғоқ бўлганда ҳам касали зўрлигидан ваннага туша олмасди. Сима ювиниш учун ёлғиз ўзи кириб кетди. Ваннага иссиқ сув тўлдириб ювина бошлаганида ечиниш хонасидаги ойнаванд эшик қўққисдан очилиб, ичкарига кимдир кирди. Сима баданини сочиқ билан тўсиб, ўгирилиб қаради. Буғдан хира тортган эшик орқасида Отозининг қораси кўринди.
– Отозимисан? Бемалол киравер.
Эшикни қия очиб, Отози ичкарига мўралади, сўнг хижолат тортиб, тескари ўгирилди.
– Уйғониб қарасам, сен йўқ экансан. Қаерга кетди экан, деб ўйладим.
– Ҳеч қаерга кетганим йўқ, – деди Сима.
Отози иккита пахталик кимоно кийган, устидан пальто ташлаб олган эди.
– Мени кечирасан, чўмилиб олсаммикан деган эдим. Кейин сени артиб қўяман.
Отози бошини тебратди. Ўзи ваннага туша олмайдиган беморнинг баданини артиб муолажа қилишар эди.
– Совуқ. Бориб печкада исиниб тур.
– Майли.
Отози негадир шошилмас эди.
– Сенга айтаяпман, бу ер совуқ. Эшикдан уриб турибди.
Отози ўсал бўлиб жилмайди ва эшикни ёпди.
– Ото-сан!
– Нима дейсан?
– Мен ҳазиллашдим, – Сима кўзини олиб қочди. – Эшикни ёпмай қўяқол.
У йигитнинг хайрихоҳ нигоҳи остида қизариб кетганига қарамай, ваннада ҳеч ким йўқдек, чўмилишда давом этаверди.
Кечқурун Сима тоғорада сув иситди ва ҳўл сочиқ билан Отозининг бутун баданини артиб чиқди. Совуқ бўлганидан бу ишни жуда тез битирди. Отози бундан норози бўлди.
– Нега бунчалик шошасан?
– Совуқда кўп туришинг мумкин эмас.
– Касалхонада яхши қарар эдинг, шошилмасдан артар эдинг.
– Ундай бўлса, касалхонага қайтамизми?
Отози индамасдан шифтга тикилди.
– Қани энди қайтиш мумкин бўлса…
Улар касалхонадан қочиб чиқишган эди.
Отози хўрсинди.
– Майли, шу ерда қоламиз.

IV

Ўпкаси яллиғлана бошлагандан кейин Отозини сил касалликлари бўлимига ўтказишди. Бу йигит ароқхўр Ёкитининг ўғли эканини, табиийки, Сима хаёлига ҳам келтирмади. Отози эса дарҳол таниди, чунки отаси ўлгандан кейин уни бир-икки учратган эди. Сима вояга ета бошлаган бу йигитга эътибор бермади. Уни юз-кўзидан танимагани майли, ҳатто исми билан ҳам қизиқмади. Ёкитини Терада деб чақиришарди, буни яхши эслайди. Шундай экан, Отози Отонинг ўғли бўлади, аммо Сима бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам кўргани йўқ.
Отози оқ халатли янги ҳамширани кўриши биланоқ Симага ўхшатди, аммо бунга ишонқирамай қаради. “Масутоку” қовоқхонасидаги қиз ҳамширалик қилишини сира тасаввур қила олмасди. Назарида бундай учрашув тушида бўлиши ҳам амримаҳол эди. “Бировни Симага ўхшатиб, адашаётганим йўқми? Балки бу бутунлай бошқа одамдир?”– деб ўйга толди у.
Отози дастлаб ўн беш кишилик катта палатада ётди, ёнидаги ефрейтордан Симага ўхшаб кетадиган бу қизнинг исмини сўради.
– Дидинг ёмон эмас-ку, – мийиғида кулди ефрейтор. – Бу фариштанинг оти Масумото.
Отози яна ҳайратга тушди. Симанинг исми ҳам шундай-ку!
Отозининг юраги илиқ нурга тўлгандек бўлди. Армияда юртдошингни учратсанг, бошинг осмонга етади, айниқса, ҳозиргидек касал ва ёлғиз ҳолингда бу ниҳоятда ноёб ҳодиса. Ҳаяжондан Отозининг кўзига ёш келди. Аммо қувончдан кўнгли ёришган бўлса ҳам қиз билан гап­лашишга юраги дов бермади. Бошданоқ Сима уни танимагани, бунинг устига баданига ёпишиб, чиройига чирой қўшиб турган қордек оппоқ халати бунга йўл бермай, уни бутунлай довдиратиб қўйган; қиз уни кўриши билан ўзини олиб қочадиган бўлган эди.
Уларни фақат бундан йигирма йиллар олдин отасининг “Масутоку” қовоқхонасида маст бўлиб, учиб қолишига алоқадор воқеаларгина боғлаб турарди.
Ҳафтада бир марта хамширалар барча беморларнинг баданини ишқалаб артиб, тозалаб қўйишар эди. Ана шу пайт келганда, Отози Симанинг қўлига тушиб қолмайин деб худога зору тавалло қиларди. Мабодо тўғри келиб қолса, уни титроқ босарди.
– Совуқми? – сўрарди Сима.
– Йўқ, совуқ эмас.
– Ўзингизни бўш қўйиб, эркин ўтиринг, – дер эди у.
– Яхши, ҳаракат қиламан, – жавоб берарди йигит.
Сима Отозига ёш аскар йигит деб қарар, аҳволи оғирлашиб бораётганидан ҳамма қатори ташвишланар эди. Отозининг ўпкасидаги тешик тобора катталашаётган эди.
Январь ойида Отози ҳожатхонадан қайтаётиб, йўлакда қон қусиб юборди. Шу куни Сима навбатчи эди.
У ивиган қон йигитнинг томоғида тиқилиб қолганини кўриб, югуриб келди ва бармоғини тиқиб қонни сидириб олди. Шу заҳотиёқ Отози алоҳида палатага ўтказилди.
Кейинги куни кечқурун йигитнинг тўшаги ёнида ўтирганида бемор кўзини очиб, шифтга тикилган ҳолда сўради:
– Иккинчи телеграммани юборишдими?
Беморнинг аҳволи оғирлашганда қариндошларига учта телеграмма юбориларди. Биринчиси хавфли касаллик бошлангани, иккинчиси аҳволи оғирлашгани, учинчиси вафот этгани ҳақида хабар берарди.
– Гапиришингиз мумкин эмас, – койиди Сима.
Йигит унинг юзига тикилди, ҳўл киприклари пирпиради, аммо кўзларида қатъият бор эди.
– “Масутоку” қовоқхонасидаги Сима-сан эмасмисиз?
Овози зўрға чиқди, кутилмаган саволдан Сима гангиб қолди.
– Сиз…
– Отам сизларникига тез-тез бориб турарди. Мен ароқхўр Ёкитининг ўғли Ото бўламан.
Сима беихтиёр қичқириб шоша-пиша қўллари билан юзини тўсди.
– Мумкин эмас! Гапиришингиз мумкин эмас, – йигитни гапиришга қўймади. Унинг юраги дукиллаб урарди.
Қон оқиши ўз-ўзидан тўхтади. Бир неча кундан кейин Сима ундан сўради:
– Ниҳоятда ҳайрон қолдим! Мени таниб қолганингга кўп бўлдими?
Отози бошини тебратди.
– Нега дарров айтмадинг? Шунча вақт нега индамай юрдинг?
– Билмадим, айтишга сира бетим чидамади.
– Кеча айтдинг-ку?!
– Куним битиб қолганга ўхшайди деб ўйладим. Ўлим олдидан нималарни гапирмайди одам? Сени яхши кўраман.
Бундай бўлишини Сима сира кутмаган эди. Муқаддас сирларини ўлимига қадар сақламоқчи бўлган бу йигитга ачиниб кетди.
Шафқат ҳамширалари барчага бирдек меҳрибонлик қилиши ҳаммага маълум, аммо Сима бошқа беморларга қараганда Отозига меҳрибонроқ бўлиб бораётганини пайқаб қолди.
Сима навбатчилик пайтларида ёнбошида ўтирганда йигит шифтга тикилган кўйи ўзи ҳақида кўп нарсаларни айтиб берди. У шунчалик кўп гапирдики, ҳатто Сима соғлиғига шикаст етмасмикан деб хавотир ола бошлади. Қиз ҳалинчакда хаёл суриб ўтирганда юқоридан туриб томоша қилгани ҳақида ҳам сўзлади.
– Шу дақиқани сира унута олмайман, ҳозир ҳам кўз ўнгимда турибди, – деб тан олди йигит.
– Нима учун?
– Билмадим. Унута олмайман, тамом-вассалом.
Сима ёноқларига ёшлигидаги каби қайноқ қон қуйилиб бораётганини ҳис қилди.
– Нега ёлғиз ўзинг ўтирган эдинг? – сўради Отози.
– Ўлиб кетганим яхши эмасми, деб ўйлаётган эдим.
– Нега ўлмоқчи бўлдинг?
Сима индамади.
– Курихара туфайлими? – сўради Отози.
Демак, билади. Сима аччиқ қилиб, гапини бўлди.
– Бу ҳақда, яхшиси, гаплашмайлик.
– Ростдан ҳам турмуш қурасизларми?
– Ота-оналаримиз шуни хоҳлашади.
– Ўзинг-чи?
– Мен бўлсам, ўлиб кетгандан кўра ҳамшира бўлганим яхши деб ўйладим. Ҳаётимни эзгу ишларга бағишламоқчи бўлдим. Ўзим ёқтирмаган одам билан яшагандан кўра, шуниси маъқул эмасми? Қизил хоч мактабида тиббиёт ҳамширалигига ўқидим. Мана, ишлаб турибман. Ҳамма гап шу.
Сима тунги қоровулнинг шақилдоғига ўхшатиб кафтларини бир-бирига уриб қўйди.
Отози ёзгача даволанди. Уруш шармандаларча тамом бўлаётган эди, Б-29 самолётлари турли шаҳарларни бомбалаб, кулини кўкка совура бошлади. “Бизнинг шаҳарни ҳам бомбардимон қилишса, ҳеч қаерга қочиб кетолмайман” деб ўйлади Отози.
– Ҳужум бошланиб қолса, мени ташлаб кетаверинглар, – деди у.
– Фақат ўзингни ўйлайсан. Гўё ўлишдан осон нарса йўқ, – аччиқланди Сима.
– Сен ҳам қолақол, – деди у.
Шунга қарамай, июлнинг охирида, кечаси душман шаҳарни бомбардимон қилганда Сима бир ҳамшира билан бирга Отозини замбилда госпитал орқасидаги қарағайзор ичига олиб ўтди.
Шу кун тунда шаҳар устига ёндирувчи бомбалар ёмғирдек ёғилди, госпитал жойлашган ҳудудда аланга кўтарилиб, узоқ вақт осмонни ёритиб турди. Кейин аланга шуъласи шаҳар марказига ёйилди. Оғир беморлар орасида қолган Отози қарағай бутоқлари орасидан кўриниб турган қонталаш осмонга қараб ётди. Беморлар сукут сақлашди, ҳатто ҳеч ким йўталмади ҳам. Кимдир тик туриб, кимдир чўккалаб, кимдир чўзилиб ётган кўйи қотиб қолган эди.
Ана шу сукут сонияларида Отози “Ниҳоят ўлим соати ҳам келди” деган ўйга борди. Бир неча дақиқадан кейин ҳаммалари қарағайзор ўрмон билан бирга ёниб кетишади.
Шу дақиқада кимдир қўлини ушлади. Замбил ёнида Сима чўк тушиб ўтирарди. Қўллари қайноқ. Отози ўзи ёлғиз эмаслигини англади. Тирик қолганига ишониш учун у Симанинг қўлини қаттиқ қисди. Чирилдоқларнинг хушхон қўшиғи қулоғига чалинди. Шу пайтгача бунга эътибор бермаган эди.
Бир куни Сима иссиқ сочиқ билан баданини артаётганда қизнинг бармоқлари майин ва мулойим ҳаракат қилаётганини пайқади. У меҳр билан баданини узоқ вақт уқалади. Сўнг, худди ҳозир эслагандек, жўнгина қилиб:
– Курихара кўнгилли бўлиб фронтга кетди, – деди.
– Қачон?
– Март ойида. Хат ёзиб хабар қилди, келишга вақти йўқ экан. Буни билдирмоқчи эмас эдим, аммо кеча осмонга қараб ўтириб, сен билиб қўйишинг керак деб ўйладим.
Ташқаридаги мусаффо осмон, чарақлаб турган қуёш бугун бутунлай бошқача эди.
– Биласанми, ҳаммамиз ўлиб кетамиз, – деди Отози.
Сима индамади, кейин жимжилоғи билан йигитнинг қўлига уриб қўйди.
– Агар шундай бўлса, иккимиз бирга ўламиз, – унга қарамасдан шивирлади у ва палатадан чиқиб кетди.
Августнинг ўртасида ҳеч кутилмаганда уруш мағлубият билан тамом бўлди, яна осойишта кунлар бошланди.

V

Эрта уйғонган Сима қаердалигини англай олмади. Сукутга чўккан хона ичига дераза тирқишидан оппоқ нур ёғиларди. Ҳаммаёқ жимжит. Тиқ этган товуш эшитилмайди. Бу сокинлик Симанинг юрагида қандайдир безовталик уйғотди. Назарида уни уйқусида бутунлай бошқа дунёга ўтказиб қўйишгандек туюлди.
Шундагина Сима ёнида кимдир ухлаётганини сезди – бу Отози эканини, иккаласи Зиппеки кўли қирғоғида қўним топишганини эслади.
Отози маст уйқуда эди.
У кийиниб ташқарига чиқди ва йўлакдаги катта ойнани бутунлай қиров босганини кўрди. “Кўчалар нега жимжит?” ўйлади ва шу заҳоти миясига урилган фикрдан карахт тортиб, тўхтаб қолди: агар қор тинмаса, чаналар шаҳарга қатнамайди. Унда бу ердан кетишга ҳеч қандай имкон бўлмайди.
Ошхонадан қайнаётган шўрва ҳиди чиқиб турарди.
– Бахтга қарши қор ёғди. Кеча уйқуга ётишимиздан олдин осмон юлдузга тўла эди… Тоғда шунақа, об-ҳаво бирдан айниб қолади… – деди пиёз тўғраётган Торикуранинг хотини. Қор кучайиб борар, деразадан кўриниб турган қарағайлар деярли учигача оппоқ қорга кўмилиб бўлган эди.
– Шаҳарга чана юрармикан?
– Бундай қорда юриши гумон. Йўлда тиқилиб қолса, бундан ёмони йўқ.
Қор тингандан кейин ҳам чаналар юра олмайди, йўллар қорга кўмилиб қолишини фаҳмлади Сима.
– Чамамда, зерикадиганга ўхшамайсизлар, ҳеч нарсани ўйламасдан тоққа иссиқ сувга келгандек бемалол дам олаверинглар, – деди Торикуранинг хотини.
Бу ердан ҳали-бери чиқиб кетолмасликларига ақли етган Сима ҳатто бир қадар енгиллашгандек бўлди. Агар шаҳарга кетганларида ҳам қаерга боришади-ю кимникига сиғишади? Бу ерда шўрва хушбўй ҳид таратиб турибди.
– Эрингиз ҳали уйғонгани йўқми? Ҳадемай нонушта қиламиз, – деди Торикуранинг хотини.
Сима хонага қайтиб кирди. Эшикнинг ғижирлашидан Отози уйғониб кетди.
– Ким у? Э, сенмисан? – деди у.
– Ким деб ўйладинг?
– Опам кирдими деб ўйладим. Уни тушимда кўрдим.
Сима индамасдан Отозига тикилиб қолди – у уйқу карахтлигидан зўрға қутулмоқда эди.
– Ҳаммаёқ жимжит. Шундайми?
– Ҳа, қор ёғаётганга ўхшайди.
– Буни қандай билдинг?
– Қор учқунлари қўнаётгани эшитилаяпти, – деди Отози.
Кун бўйи қор ёғди. Отози фақат овқатлангани туриб, куни билан ухлади. Сима печкада сув қайнатиб, ўзи билан Отозининг ички кийимларини ювди. Тез-тез хонага мўралаб турди. Отози қаттиқ ухлади. Унинг ҳали болалигини йўқотмаган осойишта чеҳрасига қарар экан, Сима йигирма икки ёшга кирган бу йигит, чамаси, ҳеч қачон ҳозиргидек ҳузур-ҳаловат кўрмаган бўлса керак, деб ўйлади. Балки у тушида болалик онларига қайтиб, опасини кўргандир, энди уни ўнгида ҳеч қачон кўра олмаса керак. Бу фикрдан ҳатто ўзи ҳам қўрқиб кетди.
Уруш тамом бўлиб, орадан бир йил ўтганда Тами укасини йўқлаб госпиталга келди. Шунда ҳам қалин қор ёққан эди. Сима йўлак бўйлаб келаётганида навбатчи ҳамширага дуч келди.
– Сизни учратганим қандай яхши бўлди. Терадами-сан келган эди, ҳозир айни дам олиш пайти, ичкарига кириш мумкин эмас. У эса палатага киргизинглар деб талаб қиляпти. Нима қиламиз?
Уруш тугагаган йили, ноябрь ойида ҳарбий сиҳатгоҳ маҳаллий маъмурият ихтиёридаги шифохонага айлантирилган бўлса-да, барча шифокорлар, ҳамширалар ва оғир беморлар ўз жойида қолдирилган, олдингидек қаттиқ интизом сақланган эди. Отозининг опаси келганини эшитган Сима даҳлизга югурди. Диванда бир аёл оёқларини чалиштириб, сигарета чекиб ўтирар эди. Эгнида қимматбаҳо пальто, – қаердан олди экан – худди ҳаммомдан чиққандек сочларини елкасига ташлаб олган. Бу аёллар меҳнат армиясидан қайтган Тами эди.
Сима уни бир неча йилдан бери кўрмагани учун даб-дурустдан таний олмади. Ҳатто Отози ҳам ҳаддан ташқари безанган, қуюқ бўёқ чапланганидан лаблари катта кўринаётган бу аёл Сима билан бирга палатага кирганда ўз опаси эканини билмай, ҳайрон тикилиб қолди.
– Бемалол ётганингни қара! Мен бўлсам алақачон тузалиб кетгансан деб юрардим. Бунчалик узоқ ётишингни ким билибди? Ҳол-аҳволинг қандай, ўзи?
Ҳали ўзгариш сезилмаган, айниқса, шу кунларда энди тамом бўлдим деб тушкунликка туша бошлаган Отози сир бой бергиси келмади:
– Аста-секин тузаляпман.
Қачон тузалишини ким билсин? Тузалганда ҳам оғир балиқчилик касбига ярайдими-йўқми, ҳали бу номаълум. Кейин қандай тирикчилик қилади, нима иш билан шуғулланади? Аскар бўлиб аскар эмас, балиқчи бўлиб балиқчи эмас. Отози ўз келажагини аниқ тасаввур этолмасди.
– Иккимиз ҳам тирик қолдик, худога шукр. Кечагина ўлим тўшагида ётган эдинг, ҳаммаси ўтиб кетади. Ҳозир қўрқадиган жойи қолмабди. Тақдир берган ҳаётда ўйнаб-кулиб яшаш керак.
Тами унга тасалли бериб, кўнглини кўтаришга уринди. Кетаётганда ишга жойлашиши биланоқ манзилини маълум қиладиган бўлди. Ёмғирлар мавсуми тугаганда кичкина суратли очиқ хат юборди. Унда Зиппеки кўли қирғоғидаги Хотару қишлоғида, “Когецу” меҳмонхонасида ишлаётганини айтиб: “Жуда чиройли жой, ҳавоси тоза. Оёққа туришинг биланоқ тез етиб кел”, деб ёзган эди.
Мактубдан қаттиқ таъсирланган Отози тоғдаги кўлга боришни орзу қила бошлади. Назарида бу ер жаннатнинг ўзи эди. Касалхонадан қочиш арафасида Сима Курихара уни олиб кетиш мақсадида келганини айтди. Йигитнинг хаёлида шу дамда қорли оқ тоғлар орасидаги сокин мовий кўл мавжланиб кўринди.
Сима Курихара касалхонага қандай кириб келгани, аммо у ҳозир бандлигини баҳона қилиб, уни ижарада турадиган уйига жўнатиб юборгани ҳақида гапирди. Ҳамма ҳамширалар ижара уйларда турарди.
– Соат олтида ишим тамом бўлади, аммо уйга боришни хоҳламайман.
– Нега энди? Боравер.
– Йўқ, боролмайман.
– Унда нима қилмоқчисан?
Сима индамади, лабини тишлаб, жим тураверди. Кейин қўллари билан юзини тўсди:
– Йўқ, хоҳламайман. Бу одамнинг олдига боргунча, ўлганим яхши.
У йиғлаб юборди.
– Мен Зиппеки кўлига бораман. – Бу сўзлар йигитнинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетди.
Сима қўлларини мушт қилиб, йигитга ҳайрат билан тикилиб қолди. Кейин хотиржам гапирди:
– Мен ҳам бораман. Бирга олиб кет.
Афсуски, улар кўлга келиб, Отози орзу қилган “жаннат” оппоқ қор остида қолганини кўрдилар, излаган одамлари эса бедарак кетган эди.
Шу кечаси Отози совуқ қотаётганидан шикоят қилди, иссиқ сувда чўмилиб чиққан Сима унинг қоқ суяк гавдасини бағрига босиб, иситишга ҳаракат қилди. Отози қиз кўксига бурнини ишқаб:
– Совун ҳиди келяпти. Мен ҳам ўлим олдидан одамга ўхшаб лоақал бир марта ваннада ювинишни хоҳлайман, – деди.
Сима сукут сақлаб тургач:
– Ўзим яхшилаб ювинтириб қўяман, – деб тасалли берди.

VI

Эртаси куни қор тинди, аммо шамол қўзғалиб, “Когецу” меҳмонхонаси атрофида изғирин кун бўйи ғириллаб турди. Тонгда ҳаво очилиб кетди, аммо Торикура йўллар қорга кўмилиб қолди, чаналар шаҳарга бориши гумон деган гапни топиб келди.
– Ҳавонинг авзойидан хафа бўлиб ўтирманглар, – тасалли берди у. – Бу­гун клубда ёшлар кечаси ўтказилади. Бориб чарчоқни ёзиб келасиз.
Хонадагилар дарров жавоб бермади, бир неча сония ўтгач, аёлнинг овози эшитилди:
– Ҳозир чиқамиз.
Салдан кейин аёл ошхонага чиқиб, устара топилмадими деб сўради. Торикура ўзимникини бераман, японларники, аммо унчалик ўткир эмас деди. Кейин у печка ёнида туриб трубка чекди ва ўтин келтириш учун ташқарига чиқди. Ёруғ ваннахонадан майин қўшиқ эшитилди. Эркак ва аёл куйлашарди. Торикура бундай оҳангни қаердадир эшитгандек бўлди – у балиқчилар айтадиган “Катта ўлжа қўшиғи”га ўхшаб кетар эди. Қаерда эшитганини эслай олмади.
Ваннадан кейин эркак билан аёл бу ерга келгандаги кийимларини кийиб, ташқарига чиқишди ва клубга қандай боришни сўрашди.
– Кечага борадиган бўлдингларми? Шамоллаб қолмайсизларми? – сўради Торикура. Қўрқадиган жойи йўқ, деб баравар жавоб беришди. Эркак соқолини тозалаб қирган, ичига ботиб кетган юзлари ялтирар эди.
Ҳайратда қолган Торикура, иккаласини кузатгач, хотинига гап маъқуллади:
– Ясаниб олишганини қара! Яқингинада аскар кийимида юришарди.
– Ҳали ёш-да. Ўзинг ҳам ёшлигингда шундай эдинг. Эслашга ҳам уяламан! – кулди хотини.
Аммо эркак билан аёлни ёшлар клубида ҳеч ким кўрмади. Улар “Когецу” меҳмонхонасига ҳам қайтиб келишмади. Торикура хавотир олиб, клубга излаб борди. Кеча тамом бўлгач, ёшларни ишга солиб, чор атрофни қидириб чиқишди, аммо йўқолганларни топиб бўлмади. Ҳамма хавотирга тушди, турли гап-сўзлар тарқалди.
Эртаси куни ўрта мактабда ўқийдиган қизалоқ кечаси уйига қайтаётиб Камивари қоясида милтираб турган ғалати бир шуъла кўрганини эслаб қолди. Камивари қояси кўл ёнбошида тикка осилиб турар, унинг энг тепасида кичкинагина ибодатхона қурилган эди. Қиш палласида, бунинг устига тун яримлаганда бу ерда ким гулхан ёқарди дейсиз. “Сеҳргар тулки кўзларини ялтиратиб, оловга ўхшаб кўриндимикан? – ўйлади қизча. – Аммо қиш пайтида тулкининг кўзи бунчалик ялтирамаса керак”. У ҳайрат ва қўрқув ичида уйига қараб чопиб кетган эди.
Қишлоқдаги катта-кичик одамлар Камивари қоясига қараб югуришди. Ҳамманинг кўзи муз қотган кўл устидаги икки мурдага тушди. Чамаси улар ўзларини чўққидан пастга ташлаган эдилар.
Аёлнинг бўйин умуртқаси синиб, қийшайиб кетган, юзи юқорига қараб қотиб қолган эди. Эркак ундан сал нарида – юпқа муз устида боши сувга тегиб ётар, иккаласининг юзига қурум ёпишиб, қорайтириб юборганди. Дастлаб бунинг сабабини ҳеч ким билмади. Фақат қоя устига чиқишганда ҳамма нарса ойдин бўлди. Иккаласи ўлим олдидан кичик ибодатхона ичида олов ёқиб, исинишган экан. Юзлари шунда қорайиб, қотиб қолган эди.
Улар ички кийимда, деярли яланғоч ётишарди. Йигитнинг мўйнали телпаги, аёлнинг жун рўмолидан ном-нишон йўқ. Кул ичидан куйган мўйна бўлагини топишди. Улар барча кийимлари ва буюмларини гулханда ёндиришган эди.
Ўлим олдидан нега гулхан ёқишди экан? Балки буюмларини битта-битталаб оловга ташлаб, сўнгги дақиқаларни озгина бўлса-да, чўзишни хоҳлашдимикан? Улар ҳеч қандай нажот йўқлигини англаб етган эдилар, аммо ҳаётга муҳаббат, яшаш иштиёқи гулхан ёқишга ундаганига шубҳа йўқ. Ҳамма нарсалари ёниб бўлгандан кейин умр ҳам ниҳоясига етган эди.
Уларнинг жасадини “Когецу” меҳмонхонасига олиб келишди. Торикуранинг хотини тинимсиз йиғларди:
– Ўлимга кетяпмиз деб бир оғиз айтишмадиям. Қандай ясаниб олишган эди-я!..
У йиғлаб туриб марҳумларнинг юз-кўзларини ҳўл сочиқда артди, аммо терига ёпишиб қолган қурумларни йўқотиб бўлмади.

Рус тилидан Ортиқбой Абдуллаев таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 12-сон