Такаси Цудзин. Сарҳадлар интиҳоси (ҳикоя)

Ўша кезларда Ли Ин Чу икковимиз бир университет, бир факультетда – иқтисодиёт факультетида таҳсил кўрардик. Икковимиз ҳам 1950 йилда туғилганмиз. Назаримда, бу ҳол икковимизнинг дўстлашувимизда алоҳида аҳамиятга эга бўлганди. Гап шундаки, биз университетга кирганда, Кореяда уруш бошланган, кейин бирин-кетин бошқа воқеалар рўй берабошлаганди. Биз Ижтимоий илмлар тадқиқоти жамиятига аъзо эдик. Ўз-ўзидан аёнки, жамиятимизда баҳс-мунозаралар қизиб кетди. Урушнинг бориши масаласига келсак, бошида Шимол ҳужум бошлаган чоқда бутун Корея ярим ороли кўз очиб юмгунча босиб олинадигандек туюлганди. Аммо орадан бироз ўтгач, Инчхонга БМТ қўшинлари туширилди ва бир зумда вазият ўзгарди. Жамиятимизда марксист студентлар кўп эди. Улар социалистик мамлакатнинг босқинчи бўлиши мумкин эмаслигига астойдил ишонар эдилар, бироқ воқеалар буни бутунлай рад этмоқда эди. Шунинг учун мунозаралар узлуксиз давом этарди.
Мен Коммунистик ёшлар иттифоқининг аъзоси эдим. Лекин раҳбарият томонидан бизга белгилаб берилган ҳаракат дастури кўнглимда шубҳа-гумонлар уйғотган эди. Дастурда айтилишича, гўё Жанубий Корея Шимолий Корея ҳудудига бостириб киришга тайёргарлик кўраётган экан, Шимол ўз ҳудудини ҳимоя қилмоқ учун ҳужум бошламоққа мажбур бўлган эмиш. «Ҳақиқат ана шунақа. Империалистлар иғвосига учиш керак эмас» деб мен бизга юқоридан юбориладиган ҳужжатларни ғайрат билан тушунтириб берардим. Кези келганда шуни ҳам айтиб қўяйки, аввалги уруш вақтида ҳам япон ҳарбийлари ўз хатти-ҳаракатларини худди шунақа далиллар билан оқлашга ҳаракат қилишган эди. Ташкилот аъзоси бўлганим учун, мен интизомга риоя қилишга мажбур эдим. Биз махфий равишда ҳужжатлар тайёрлаб, уларни тарқатиш билан шуғулланардик. Бу ҳужжатларда АҚШ қуролли кучлари штаб бошлиқлари Қўмитаси раисининг Японияда ҳарбий базалар қуриш зарурлиги ҳақидаги гаплари бор эди. Раис бу ерга Янги йил байрамини ўтказгани келган эди. Шунингдек, варақаларда америка маршали Маккартурнинг Япония компартияси раҳбарларини таъқиб остига олиш тўғрисидаги буйруғи ҳам бор эди. Буйруқ 3-майда, ҳали уруш бошланганига икки ой тўлмасдан чиқарилган эди. Буларнинг бари Корея Халқ Демократик Республикасига қарши агрессия тайёрланаётганидан гувоҳлик берадиган ҳужжатлар эди. Бу тўғрида мен студентларнинг митингларида жуда кўп гапирар эдим. Ҳадеб гапираверганимдан бу гапларнинг ҳаммаси менга айни ҳақиқат бўлиб кўрина бошлаган эди.
Фронтларда гоҳ у томон, гоҳ бу томон муваффақиятларга эришиб турипти. Шунинг учун Совет Иттифоқи беш улуғ давлатнинг сулҳ конференциясини ўтказишни таклиф қилди. Бу – студентлар ҳаракатининг жонланишига туртки бўлди. Биз тактикани ўзгартирдик – урушни ким бошлагани тўғрисидаги баҳсларни йиғиштириб қўйиб, студентларни янги шиорлар теварагида жипслаштиришга киришдик. Бу шиорларда мамлакатда демократия оёқости қилинаётгани, бу эса компартия Марказий Комитети аъзоларини таъқиб қилишда намоён бўлаётгани, уларга қарши курашмоқ кераклиги айтилган эди. Мен бу фаолиятга бошим билан шўнғиб кетдим, негаки, отам билан жиндай жиғиллашиб қолган эдик. Япония урушда мағлуб бўлгандан сўнг, отам Хитойдан қайтиб келди. У армияда махсус бўлимлардан бирига бошчилик қилган эди, шу сабабдан унга давлат ишларида масъул лавозимларда хизмат қилиш тақиқлаб қўйилган эди. Аммо отам истаган бизнеси билан шуғулланмоғи мумкин эди. Бутун умри давомида армияда хизмат қилиб ўтган зобитлар «Муқаддас Ямато давлати»нинг, «Худолар юрти»нинг мағлубиятидан бутунлай ўзларини йўқотиб қўйишганди. Уларнинг ҳаётдан ҳафсалалари пир бўлиб, ҳеч нарсага қўл уришга иштиёқлари қолмаган эди. Бундай шароитда отам ўзини сув ичидаги балиқдек ҳис қилиб, америка ҳарбийлари билан ҳамкорлик қила бошлади, тутилган юк машиналари билан садво-сотиқ қилишга ва арзонлаштирилган баҳода бензин сотишга ҳужжат олди ва мамлакатни иқтисодий қайта тиклаш ҳақидаги шиорларни дастак қилиб олиб, ҳар томонга елиб югура бошлади. Онам ҳам ҳарбий оилада туғилиб-ўсган, лекин шундай бўлса-да, чаққон, ишнинг кўзини биладиган отамнинг кетидан етишиб, елиб-югуришга ярамади. Отам эса худди онадан янги туғилгандай сира тиним билмай югуриб-елишда давом этарди. У уйда анча зерикиб қолди, шекилли, четдан ўзига бир жазман ҳам орттириб олди. Афтидан, бу ўша пайтдаги шароитда мутлақо табиий эди – одамнинг бемалол қорин тўйдириши ҳам амри маҳол бўлиб қолганди. Уруш эса бир неча миллион бева аёлни вужудга келтирди. Аммо бу воқеа мендан узоқда, аллақаёқларда эмас, шундоққина менинг ёнимда, менинг хонадонимда рўй берди. Мен бу мавзуда фалсафий мулоҳазалар юрита олмас эдим. Ўрта мактабда ўқиб юрганимда мен Япониянинг давлат тизими илоҳий эканига ишонар эдим, отам билан ифтихор этардим. Бироқ эндиликда аҳвол бутунлай ўзгариб кетган, кайфиятим ҳам янгиланиб, эски қарашлардан асар ҳам қолмаганди – инқилобий ҳаракатда иштирок этар эканман, нима тўғри-ю, нима хато эканини аниқ билиб олишга ҳаракат қилардим. Бошқа ҳеч нарса кўнглимга таскин беролмасди.
Ҳозиргина янги давлат тузилганини эълон қилган Хитой Корея фронтига кўнгиллилар армиясини жўнатди. Бу ҳам бизга ўхшаган студентларнинг кўнглини кўтарди. Биз беш улуғ давлатнинг сулҳ конференциясини чақиришларига даъват этиб, бу даъватномага имзолар тўплашга қарор қилдик ва бу ҳаракатни бутун мамлакатга ёймоқчи бўлдик. Ижтимоий фанлар соҳасидаги тадқиқотлар жамияти ҳаракат дастурини белгилади. Дастурга биноан ташкилотчиларни танлаб, уларни ҳар хил жойларга жўнатиш керак эди. Ҳозирга қадар мажлисларда индамай ўтириб, кўпчиликнинг фикрига қўшилиб кетаверадиган Ли Ик Чу бу гал ҳаммани лол қолдирди – у паст, лекин қатъий овозда ўзининг қарши эканини билдирди ва ҳеч қаёққа бормаслигини айтди.
– Нима гап ўзи, ўртоқ Ямада? – деди қаҳр билан Ясуи. У Жамиятнинг раиси эди, айни чоғда университетда коммунистик ташкилотнинг раҳбарларидан бири эди. У пайтларда Ли Ик Чу Масуо Ямада деган японча фамилияда юрарди.
– Мен қарши бўлганим учун бормайман деяётганим йўқ. Мен курсимизнинг фикрини қўллаб-қувватлайман. Лекин, барибир, боролмайман.
Мажлисимиз хоналардан бирида ўтмоқда эди. Бу хонани талабаларнинг ўз-ўзини бошқариш Кенгаши университет катталари билан талашиб-тортишиб юриб, зўрға олган эди. Хонани шифтида осилиб турган 40 ваттлик биттагина лампочка ёритиб турар, унинг ёруғида стол устида уйилиб ётган қўлбола плакатлар, варақалар босиш учун ишлатиладиган машинкалар кўриниб турарди. Ли Ик Чунинг қовоқ-тумшуғи осилиб кетган. Кўнглида қандайдир алами борлиги сезилиб турарди. Унга гапиришни буюришди.
– Менинг отам Кенжуда туғилган. Кенжу Кемсан Пукто вилоятида жойлашган десам, сизлар, барибир, уни кўз олдиларингга келтира олмайсизлар. Кореяга тинчлик керак деган гапга қўшиламан. Мен бунга тарафдорман. Корея ярим оролида нималар бўляпти, ўзи? Ҳозир кўпчилик японлар буни билишни истайди. Бу урушда эса аллақачон менинг бир нечта қариндошим ҳалок бўлди.
Кўтарила бошлаган олағовурни босмоқчи бўлиб Ли қўлини кўтарди. У ердан-бу ердан одамларнинг «Хўш, нима бўпти? Уларни нима учун ўлдиришди?» деган гаплар эшитилди. Аммо Ли дардини баён эта боргани сайин унинг гаплари ҳам бир текис бўлиб, равонлаша борди.
–Аввал шимолликлар келишиб, жиянимга кафтларини очиб кўрсатишни буюришипти. Унинг кафтида қадоқлар йўқ экан. Шу сабабдан «сен ишчилар синфига мансуб эмас экансан» деб уни отиб ташлашибди.
Хонага жимлик чўкди. Лампочка ёғдусида Лининг туртиб чиққан ияги ва бўртиб турган яноқлари янада аниқроқ кўринди. Унинг таранг чеҳраси ҳали ҳам жуда ғамгин ва асабий ҳолатда эди.
– БМТ қўшинлари келишганда онамнинг тоғасини адашиб, душман одами деб ҳисоблаб отиб ташлашган. У оқсоқол бўлган эди.
– Хўш, нима бўпти? – деди мажлисга раислик қилаётган одам жерккансимон оҳангда.
Хонада ҳатто томоқ қиришлар ҳам тўхтаган эди. Ясуи партияда юксак рутбали раҳбарлардан бири эди. Афтидан, у истаган дақиқада ҳар қандай хатога зарба беришга тайёр эди. Булар менга жуда оғир ботди – руҳиятим жуда тушиб кетди.
– Мен бамайлихотирлик билан имзолар йиға олмайман.
– Миянг роса ириб-чириб кетганга ўхшайди-ку! – дея хитоб қилди Ясуи баланд овозда гўё ўзига ўзи далда бермоқчи бўлгандай. Лекин уни ҳеч ким қўлламади.
– Бунинг устига мафкуравий хато қиляпсан, – Ясуи ўтирган ўрнидан сапчиб турди-да, оёқларини кенг ёзиб, ҳайкалдай қотди. – Империалистик террор билан синфий курашни бир қаторга қўймоқ учун одамнинг мафкуравий савияси ғоятда паст бўлиши керак эди.
– Эҳтимол. Гапингиз тўғри бўлса бордир. Лекин сиз умрингизда бирон марта ўзингизни менинг мамлакатим одамлари ўрнига қўйиб кўрганмисиз? Ахир, улар устларига икки томондан ёпирилиб келаётган залварли машиналар остида мажақланиб кетяпти-ку! – Бу гал энди Ли хотиржам бошини кўтарди-да, Ясуига ўқрайиб қаради.
–Менинг бахтим шундаки. Буржуа гуманизми деган дардга чалинган эмасман. – Ясуи қўлларини кўксига қовуштириб, худди туфлаб ташлагандек, шу сўзларни оғзидан чиқарганда, Ли аста ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди.
Кимдир уни тўхтатмоқчи бўлиб талпинди, Лекин Ясуи бунга йўл қўймади. Мен нима қилишимни билмай қолдим, индамай ўтиришдан бошқа иложим қолмаган эди. Юрагим сиқилиб, ўзимни мағлуб бўлган одамдай ҳис қила бошладим. Ли Ик Чунинг гаплари кишини ишонтирарди. Бироқ назарий жиҳатдан олиб қараганда Ясуи ҳам ҳақдай кўринарди. Мен унинг бежирим юзига тикилиб қарадим– юз ифодаларининг тиниқлиги ва қирғий бурни кўзларидан ёғиб турган совуқ қаҳрни жиндай юмшатиб турарди.
– Ямаду эҳтиросга берилиб кетди, – деди кимдир муросага чақиргандай оҳангда.
– Сиз эса бу олди-қочди гапларнинг ҳаммасини у қаердан олганини билмай ҳам қолдингиз, шундайми? – деб сўради Ясуи. – Унинг ҳамма қариндош-уруғлари жанубда яшайди. Биз сиёсий хушёрликни зинҳор-базинҳор эсдан чиқармаслигимиз керак.
Шу мунозарадан бир неча ой ўтиб, Япония компартияси иккига ажралиб кетди, ундан кейин кўп ўтмай, Ижтимоий фанлар соҳасидаги тадқиқотлар жамиятида ҳам ажралиш юз берди. Мен бу гуруҳларнинг ҳеч қайсисига кирмадим ва табиийки, ўз-ўзидан Коммунистик ёшлар иттифоқидан чиқиб қолдим. Ли билан дўстлашишимга эса, назаримда, менга инқилобий ҳаракатнинг парчаланиб кетиши қурсатган таъсир сабаб бўлди. Ўзимнинг бутун талабалик ҳаётимни ўзгартириб чиқмасам бўлмай қолди – маърузаларга қатнаш соатларимни ўзгартирдим, эшитган маърузаларимни пишиқлаб, китоб устида ўтирадиган вақтларимни сурдим, семинарларга қатнай бошладим. Шундай бўлдики, профессор О нинг ижтимоий тафаккур тарихи бўйича семинарида Ли ҳам қатнаша бошлади. Бундан бироз олдинроқ Кэсон деган корейс шаҳарида сулҳ бўйича конференция бошланди ва ёзги семестрдаги охирги семинаримиз тугагандан кейин биз Ли билан суҳбатлашиб қолдик. Учинчи курсни тугатаётган эдик. Келажакда қиладиган ишларимиз тўғрисида бир тўхтамга келиб олмоғимиз керак эди. Биз икковимиз ҳам гарангсиб қолган эдик ва бирон жўяли маслаҳат бера оладиган одамга муҳтож эдик. Отамнинг изидан боришга унчалик раъйим йўқ эди. Мен имкони борича университетда тадқиқотчи лавозимида қолиб ишласам дегандим. Аммо бу – анча машаққатли йўл экани аввалбошданоқ маълум эди – илмий ходим бўламан деган одам бутун умри давомида ҳар бир тийинини санаб ўтмоғи керак бўлади. Бошқа сабаб ҳам бор эди: сўнгги икки йил мобайнида мен жуда ҳафсала билан ғайрат қилиб ўқидим. Лекин шунга қарамай, профессор бўлмоқ учун менда етари сифатлар бор эканига ишонч ҳосил қилолмадим.
– Кўп нарса тадқиқотларнинг қай соҳасини танлашингга боғлиқ, – деган эди Ли ўшанда ва турли илмий бўлимларда одам олиш-олмаслик борасида вазият қанақа эканини менга тушунтириб берди. Мен унга ҳайрон бўлдим – бу гапларнинг ҳаммасини қаёқдан билақолдийкин? Унинг юзида меҳр балқиб турарди. Кўнглимдан «қани энди, шунақа бир меҳрибон дўстинг бўлса» деган фикр ўтди. Афтидан, у менга турмуш масалаларида соғлом фикрда эканини намойиш қилмоқчи бўлган экан, бу билан ўзининг очиқ йигит эканини, негаки, инқилобий ғояларни улоқтириб ташлагач, ҳар қандай эҳтиёткорликни йиғиштириб қўйганини кўрсатмоқчи бўлган эди.
– Эҳтимол, мен бир ўзим туришимга тўғри келар, – деб у ўзининг ҳамма гапдан бохабарлигини изоҳламоқчи бўлди.
Ўша куни мен биринчи марта билиб олдим – Корея ярим оролида японлар хўжайинлик қилган кезларда унинг отаси расмий идораларнинг ишончини қозона олган экан ва япон банкларидан бирининг бўлимига бошлиқ бўлган экан.
– Менимча, у ватандошларимизни бир эмас, бир неча марта японларга сотган бўлса керак. Шунинг учун урушдан кейин отам Кенжуда қололмади ва Японияга кўчиб кетди. Мабодо, у бирдан қайтиб-нетиб қолса, уни қатл этишади. Беш ёшимдан мен бир таниш японнинг қўлида тарбияландим. У жон-жаҳди билан мени япон қилишга уринган эди. Негаки, корейс бўлиш қийин эди.
Ли бошини кўтарди ва энди гапини бошқача оҳангда давом эттирди.
– Мана, энди корейс тилини ўрганиб ётибман, – деди у менга қараб, жилмайиб.
Назаримда, ўша куни менга умримда биринчи марта «мен туғилган мамлакат» деган иборанинг маъносини тушунтириб беришгандай бўлди. Бу ибора кишида теран бир ғусса туғдиради, урушдан кейин «Шимолий» ва «Жанубий» деб иккига ажралиб кетган мамлакат эса бугунга қадар ўша аҳволда қолиб келмоқда. Мен «Ватан» деган тушунча нима эканини англаганимда. «давлат» деган тушунча мен учун нечукдир ғойиб бўлди. Шуниси ҳам борки, бу воқеа бевосита урушда Япониянинг мағлубияти билан боғлиқ бўлди дея олмайман. Коммунистик ёшлар иттифоқига аъзо бўлиб юрган кезларимда «истиқлол» деган сўзни кўп марталаб такрорлаганман. Университетда яна аёвсиз баҳслар бошланиб кетди. Бу баҳслар, асосан, истиқбол ҳақида эди – қайси бири маъқул ва олижаноб? Бошқа мамлакатлар билан айирма қилиб алоҳида сулҳ тузганми ёки бошқа ҳамма мамлакатлар билан, шу жумладан, Совет Иттифоқи ва Хитой билан ҳам тўла сулҳ тўғрисида битимга келган маъқулми? Лекин бу гапларнинг ҳеч қайсиси мени тузукроқ қизиқтиргани ҳам йўк. Гап фақат менинг талабаларнинг фаоли бўлишни йиғиштириб қўйганимдагина эмас эди, афтидан, менинг қалбимдаги қай бир муҳим мурват ишдан чиққан эди.
– Иккала мамлакат бирлашмай туриб, мен Жанубий Кореяга бормайман. Менимча, бормаслигим керак.
Мени ҳайрон қолдирган жойи шу бўлдики, Ли бунақа тақиқни ўзига ўзи белгилаган эди. Бу тақиқ Лининг онгида. «Ватан» тушунчаси нақадар теран ўрнашиб олганидан далолат берарди. Мен Лига ҳатто жиндай ҳасад билан қарадим. Ўша оқшомда мен Лига ўзимнинг оилавий шароитим тўғрисида ва кечаги ғоялардан ҳафсалам пир бўлгани ҳақида, таъбир жоиз бўлса, реалликдан юз ўгирмоқчи эканим ҳақида ҳам гапириб бердим.
– Хуллас, социология, тарих, ижтимоий фикр деганлари менга тўғри келмас экан.
Мен ўзимнинг сарсонликларим ҳақида гапириб берар эканман, гапимнинг қайси бир дақиқасидан унинг фикрини сўраётгандай оҳангда гапира бошлаганимни англардим.
– Умуман олганда, ҳар хил йўналишлар кўп – иқтисодиёт назарияси, ёки статистика дегандай… – деб жавоб берди Ли. Ўз-ўзидан аёнки, ҳар нима бўлганда ҳам эндиликда иқтисодиёт фани ривожланади. Лекин очиғини айтиш керакки, бу фан менга унча ёқмайди.
Шундай бўлса-да, кейинчалик мен менежмент профессори бўлган бўлсам, бунга унинг ёрдамисиз эришдим – шароит шунақа бўлиб қолди – илмий раҳбарим шуни маслаҳат берди, иттифоқо, кафедрада ассистентлик ўрни бўшаб қолди ва ҳоказо… Назарий илмларга иштиёқи меникидан кўра ўн чандон кучлироқ бўлган Ли эса қўққисдан отаси вафот қилиб, у Японияда барпо этган уй-жойлар билан савдо-сотиқ қиладиган компанияга меросхўр бўлди.

* * *

Университетни тамомлаганимдан кейин мен анчагача у билан кўришганим йўқ. Мени амалиётчи-тадқиқотчи сифатида алмашув бўйича АҚШга жўнатганлари важидан Ли билан муносабатларимиз узилиб қолди. Ли ҳам компанияни бошқариш ишларига боши билан шўнғиб кетган бўлса ажаб эмас, негаки, у осмондан тушгандай пайдо бўлган бу компанияни ҳеч қандай тайёргарликсиз гарданига олишга мажбур бўлганди. Унинг шаҳримизга келиб, бир чеккасига ўртаҳол одам сифатида ўрнашиб олганини, кўп хонадонли уйлар қуриб, уй-жой савдо-сотиғи билан шуғулланганини кейин билиб қолдим. Буни билишимга ҳам унинг ўзи сабаб бўлди. Унинг Ли Сун Кен деган бўй етган қизи бор экан. У бизнинг университетимиз қошидаги олий тоифадаги мактабга имтиҳонлар топширмоқчи бўлипти. Бир куни Ли кутилмаганда университетга менинг олдимга келиб, бу ерда бирор одам билан таништириб қўйишимни сўради.
– Албатта, бажону дил, – деб жавоб бердим мен бу мактабнинг директори ва катта ўқитувчисининг башараларини зўрға кўз ўнгимга келтириб. Мен уларни университетда аҳён-аҳёнда учратиб қолардим. Гарчи бу мактаб бизнинг университет тизимига кирса ҳам, унинг маъмуриятига менинг ҳеч қанақа алоқам йўқ ва мен бу мактаб ходимлари билан деярли учрашмас эдим.
– Менга ёрдам берасан деб ўйлаган эдим. Одатда, керак пайтда таниш ошна-оғайнилар топилмай қолади.
Ли менинг хонамда дағал стул устида хижолат чекиб ўтирарди. У қўлларини тиззасига қўйиб олган, улар билан гўё бир нималарни эзғилаётгандай ўтирарди. Лининг Ижтимоий фанлар соҳасидаги тадқиқотлар жамиятига аъзолиги пайтидаги фаоллигини эслаб, унинг одоб билан суҳбатлашиб, сипо ўтиришларига ҳайрон бўлиб термулардим. Биз кўришмагандан бери у анча юмшаб, хушмуомала бўлиб қолганди. Мен эса илмий ходим сифатида анча эркин тарзда ҳаёт кечирар, университетнинг кишини толиқтирувчи маъмурий ишларидан узоқроқ юришга тиришар, бўш вақтимнинг ҳаммасини тадқиқотларга, мақолалар ёзишга бағишлар эдим.
– Шунақа пайтларда бекор юришга кўникиб, бепарво бўлганларинг панд бериши мумкинлигини ҳис қилар экансан, – дедим мен мактаб масаласида унга чинакам ёрдам беришим қийин эканини очиқ тан олиб.
– Сен сира ўзгармабсан, – деб жавоб берди Ли гўё ўтган кунларимизни қўмсаётгандай оҳангда. – Айтгандай, Ясуи нима қилиб юрибди?
Биз университетни тугатаётган кезларда собиқ раисимиз компартия аъзолари билан чинакам коммунист деб аталиш ҳуқуқи учун аёвсиз жанг қилмоқда эди. Охир-пировардида, унга «ревизионист» деган тавқи лаънатни ёпиштиришди, у Япония компартиясидан ҳайдалди, ўзининг чоғроқ бир гуруҳини ташкил қилди. Ҳозир бир гуруҳ экстремист талабаларга ўзича маънавий устоздек бўлиб олган. Мен бу ташкилотнинг номини варақалардан билиб олгандим – уларни баъзан-баъзан университетда тарқатиб туришарди.
– Ҳа, Ясуи анча ўсибди, – деб ўзининг унга қойил қолганини билдирди Ли. Мен яна бир бор, кўришмаганимиз йигирма беш йил мобайнида, унинг нақадар хотиржам ва ўзига ишонган одамга айланганини, теварак-атрофидагиларга аниқ ва лўнда баҳолар бера олишини ўзим учун кашф қилгандай бўлдим. Ли тадбиркор эди. Эҳтимол, у ўзининг юрак майлларига хилоф равишда тадбиркор бўлгандир, лекин нима бўлганда ҳам хоҳласа-хоҳламаса қарашлари анча кенгайипти, феъли юмшапти, ўзидан фарқ қиладиган одамларни ҳам тушунишга ҳаракат қилиб муомала қиладиган бўлиб қолипти.
Суҳбатимиз давомида мен Бостонда турганимда Лидан олган никоҳга таклифномани эсладим. Эсимда қолгани шу бўлганки, унинг хотини ҳам Японияда истиқомат қиладиган корейс аёли эди.
– Мен тўйингга боролмадим – Америкада турардим ўшанда. Хотининг корейс тилида гаплашадими?
– Ҳа, у болалигидан ўртоқлари билан она тилида гаплашган. Ҳозир ҳам у корейсчани мендан кўра яхшироқ билади, талаффузи тоза.
Унинг гапларини тинглаб ўтириб, чамалаб кўрдим – Лининг хотини ундан ўн ёш кичкина эди. Ли унга уйланганда хотини 22 ёшда эди. Демак, уруш тамом бўлган йили у етти ёшда бўлган. Бинобарин, у ҳозир ифтихор билан ўзини корейс деб атайдиган одамлар авлодига мансуб. Ҳолбуки, бугунги Японияда ўзини корейс деб аташ ҳаммавақт ҳам осон кечмайди. Янги шароитда унга она тилини эгаллаб олиш унчалик қийин бўлмаган бўлиши ҳам мумкин.
Ўша куни мен Лига яна бир марта у билан учрашишга ваъда бердим ва мактаб билан боғлиқ ишларни бартараф қилмоқ учун бир ҳафта муҳлат олдим. Бахтимга,мактабда менинг собиқ шогирдим дарс берар экан, у мени директор билан учраштириб қўйди. Мен унга Ли Сун Кен тўғрисидаги бир оғиз илтимосимни айтдим. Мени яна бир бора хурсанд қилган нарса шу бўлдики, бизнинг университетимизда анча-мунча эркинлик бор эди, расмиятчилик йўқ ҳисобда эди, одамларни миллатига қараб ажратиш деган нарса буткул йўқ эди. Ли қизининг анкетасини қолдириб кетган эди, унга кўз югуртириб чиқиб, яна бир карра амин бўлдим: унинг хотини чиндан ҳам на урушни, на мустамлакачилик зулмини кўрган авлодга мансуб экан. Унинг исми Ен Хи эди. Афтидан, Сун Кен уларнинг ёлғиз фарзанди эди. Мен ишнинг натижалари ҳақида хабар қилганимда, Ли жуда хурсанд бўлиб кетди – назаримда, у телефоннинг нариги учида туриб, хурсандлигидан менга тўхтовсиз таъзим бажо келтирарди. У мени зиёфат қилмоқ ниятини билдирди, лекин бу зиёфатни халфана йўли билан қилишга келишиб олдик, чунки ишимизга кўз тегмасин, дедик, негаки гап мактабни тугатиш ҳақида эмас, ўқишга кириш тўғрисида бормоқда эди-да. Зиёфат ўрнини Ли танлади – унга корейс ресторани маъқул бўлипти. Биз ресторанга кириб, стол теграсидан жой олдик. Июн охирлаб қолган, ёмғир мавсуми эндигина бошланган. Футю шаҳаридаги бу ресторан Коскокайто деган катта йўлдан бироз четроқда эди. Дарвозадан ўтиб, ресторан олдидаги корейсча услубдаги кенггина ҳовлига кириларкан, бизни олиб киришган хона деразасидан эса боғ кўриниб турар, унда анвойи гуллар яшнаб ётарди. Баргларида ёмғир томчилари ялтираб турган бу гуллар ҳатто оқшом ғира-ширасида ҳам жуда чиройли кўринарди. Ли нафаси тиқилиб. югуриб келди, мен унга телефонда айтган гапларимнинг ҳаммасини такрорладим: агар қизинг бизнинг университетимизни танласа, у бу мактабни тугатгандан кейин ўқишга киришда муайян имтиёзларга эга бўлади, дедим. Унга директорнинг гапини ҳам айтдим – муаллимларнинг хизматлари учун бериладиган инъом масаласига келсак, – деган эди директор, – буни хаёлга ҳам келтира кўрманглар – агар бундай қилинса, сира кераксиз гап-сўзлар пайдо бўлиши мумкин деб уқдирганди у. Шундай қилиб, студентлар ҳаракатида бир замонлар бирга иштирок этган икки оғайни боланинг мактабга кириши баҳонасида яна учрашдик. Учрашиб, замоннинг нақадар ўзгариб кетганини ҳис қилдик. Тамадди қилишга бошлаб ургурмасимиздан ресторанга Лининг хотини билан қизи кириб келиб, биз билан қуюқ кўриша кетишди. Ен Хи хоним гарчи ўрта бўйли аёл бўлса-да, унинг сиёғидан жуда шижоатли ва қамрови кенг экани сезилиб турарди. У билан танишмасдан олдин негадир Лининг хотини жуда камсуқум ва хокисор аёл бўлиши керак, унинг бутун қуввати ҳам айни шу камсуқумлигида бўлмоғи керак деб ўйлагандим.
– Менинг эрим ишидан бошқа ҳеч нарсани билмайди. Ҳар хил бўлар-бўлмас илтимослар билан сизнинг ҳам роса бошингизни қотиргандир. Ижозатингиз билан қизимни таништирай. Сун Кен. Қани, ўрнингдан туриб, тузукроқ таъзим қил-чи!
Бу сўзларни бидирлаб айтиб бўлиб, қўли билан қизининг бошини эгмоқчидай ҳаракат қилди. Қиз ҳам бунақа муомалага кўникиб қолган кўринади. Жиндай хижолат чекаётган бўлса-да, менинг кўзларимга тик қараб, қиз бироз бошини эгди-да, исмини айтди: «Менинг исмим Сун Кен». Қиз менга маъқул бўлди. У жуда хушрўй эди, бирваракайига онасига ҳам, отасига ҳам ўхшарди. Ҳаммадан кўпроқ Лининг ўзи хурсанд эди – у узлуксиз равишда кафтларини қовуштириб, таъзим бажо келтирарди.
– Жуда яхши бўлди-да… Ҳаммаси жуда соз бўлди.
Мен она-болани дастурхонга таклиф қилдим, аммо улар шу заҳоти хайр-маъзур қилишди.
– Бугун ўзларинг бемалол ўтираверинглар. Эски қадрдонларсиз. Эркаклар ёлғиз қолишса, роса яйрашади. Майли, хафа бўлманглар.
– Мен кула-кула айтиб берсам, роса ҳайрон бўлсанг керак. – Ли ҳамон хурсандчиликдан чеҳраси ёришиб турарди, лекин энди ўзини анча босиб олиб. хотиржам гапирарди. – Мен, умуман, хафа бўлиш нима эканини билмайман. Оғир пайтларда бу менга жуда ёрдам беради.
Орадан кўп ўтмай, мендан мутахассислигим менежмент илмининг қайси соҳасидан эканини сўради. «Бошқарув социологияси бўйича мутахассисман, – деб жавоб бердим. Кўпчилик тизимлар назарияси ёхуд маркетинг назарияси каби техник муаммолар билан шуғулланишади. Лекин мен менежмент соҳасидаги илмий фикр тарихининг таҳсилини танлаб олдим. Авваллари буларнинг бари анча паст савияда ўрганиб келинган, аммо Япония иқтисодиёти ҳамманинг диққат-эътиборини жалб қила бошлагандан бери мени халқаро конференцияларга тез-тез чақириб турадиган бўлиб қолишган. «Япониядаги бошқарув тизими» тўғрисида маърузалар қиламан. Шуниси ҳам борки, мен бу масалани қанча чуқур ўргансам, шунча кўп қийинчиликларга дуч келяпман. Баъзан шундай туюладики, ҳатто сўл ҳаракатимизнинг мағлубияти ҳам японларнинг коллектив онгининг хусусиятлари билан боғлиқ, бу хусусиятларнинг моҳиятини англаш эса амри маҳол.
Мен Лига ўзимнинг илмий қизиқишларим тўғрисида анча гапириб бердим. Кейин сўрадим:
– Сен ишлаётган жойда нималар бўляпти? Одамларга таҳсил бериш, бўлинмаларни бошқариш масаласида нималар қиляпсизлар?
Ўйлашимча, у ҳамма ишларини президентнинг якка ҳокимлик принципидан келиб чиқиб уюштирган бўлса керак. Сўл ҳаракатнинг собиқ намояндалари диктатор бўлиб кетишади, чунки улар Ясуига ўхшаган одамлардан ибрат олишади.
– Мен ҳеч нарсани ўзгартирганим йўқ. Ҳамма нарса қандай бўлса, шундайлигича қолдирдим. Менинг отам нима учун уй-жой савдоси билан шуғулланганини ўзинг биласан-ку? – Ли ҳамма гапни очиқ гапирмоқда эди. – Бизнинг ишимизда ходимларнинг сони қанча кам бўлса, шунча яхши. Катта жамоалар керак эмас. Бунинг устига, Японияда корейсларни камситиш давом этмоқда. Жанубий Корея иқтисодий жиҳатдан янада бақувватроқ бўлиб олгач, ўшанда бизга ҳам бошқача кўз билан қарай бошлайдилар.
У бировларнинг гапини гапираётганини маълум қилди-да, Ли Жанубий Кореяда ҳали эски урф-одатлар бутунлай тугаб битгани йўқ, деди. Кўпгина тадбиркорлар касаба уюшмалар фаолиятига саркаш фарзандларнинг тентакликларига қарагандек ёқтирмай қарашади.
– Кошки эди сенга ўхшаган олимлар бошқарув илмидан Сеулда дарс берса… Кўп яхши иш бўларди-да…
– Йўқ, йўқ, бу гапинг бўлмайди, – дедим мен шоша-пиша. Мен Лининг бизнинг ҳаракатимизни танқид қилганини эсладим. Тинчлик ҳақидаги хитобномамизга имзо йиғмоқчи бўлганимизда у бу ишимизга қўшилмаган эди. Шуни эслаб, мен унинг ўша даврлардаги исёнкорлик сифатларини изладим. Унинг ёшлигидаги ўт-оловлигидан ҳеч нарса қолмаганига сира ишонгим келмасди. Бунга ўзимнинг студентлик йилларим олдидаги масъулият туйғуси ҳам аралашиб кетди.
– Ҳозирги диктаторлик тузуми шароитида ҳаёт кечираётган Жанубий Кореяга мен сира ҳам қадам босмайман. Эркинлик йўқ жойда илм-фан бемалол ривожлана олмайди.
Унинг башараси бужмайиб кетди. У ўтирган стулидан туриб, икки қўли билан столга таянди.
– Шу гапларнинг ҳаммаси сенинг оғзингдан чиқяптими? – деб сўради у паст овозда.
Лекин мен унга ён бермоқчи эмас эдим: бизнесмен бўлса нима, ишлари гуркираб юришиб турган бўлса нима, шунга таяниб, сўз эркинлигини рад этиш мумкинми?
Ли бир неча муддат ўз эҳтиросларини босиб, ўзини қўлга олишга ҳаракат қилгани сезилиб турди, кейин Жанубий Кореяда уруш вақтининг ҳамма азоб-уқубатларини бошидан кечирган халқ ҳар қанча қийин бўлмасин, ўз йўлини танлагани тўғрисида гапира бошлади.
– Албатта, эркинлик яхши нарса, аммо ҳеч илож қолмагандан кейин, айланиб ўтишга мажбур бўласан, киши.
– Бунчалик эмасдир, – дедим ўжарлигим тутиб. – Агар бунақа аҳволга индамай кўникиб кетаверилса, Япониянинг урушда мағлуб бўлганидан олдинги аҳволи такрор бўлади-ку.
– Мен Жанубий Корея тўғрисида гапиряпман, – деди қизишиб, столни муштлаган ҳолда. – 38-параллелда Шимолга қарши турган Жанубий Кореяни айтяпман.
– Сен билан менинг ўртамиздан чегара ўтган, – деб гапимни бермадим мен. Шундоқ дедим-у, назаримда, бизни ажратиб турган орамиздаги стол устидан чиндан ҳам чегара чизиғи тортиб қўйилгандай туюлди.
– Японлар ҳам баайни америкаликларнинг ўзлари бўлди-қўйди. Ўзларинг нима десаларинг ҳаммасини адолатли ва тўғри деб ҳисоблайсизлар. Халққа зулм қилиш тўғрисида, диктатура ҳақида менсимай, беписанд гапирасизлар. Авваллари ўзинглар айтиб юрган гапларни ҳам унутиб юборганга ўхшайсизлар.
Мен хафа бўлган Лининг кўзлари жуда маъюс бўлиб қолганини кўриб, бирдан бўшашиб қолдим.
– Э-э, гап буёқда дегин… – деб ғудрандим талмовсираб. Менинг назаримда у жон-жаҳди билан ўзини ўзи бир нарсага ишонтиришга тиришмоқда эди. Ҳар ҳолда, мен адашаётган бўлишим мумкин эди. Лекин шундоқ бўлса-да. шунақа фикрлар билан ўзимни ўзим овутишга ҳаракат қилдим.
– Эҳтимол, сенинг ўзинг у ерларга бориб, муаллимлик қилсанг яхши бўлармиди? – деб таклиф қилдим мен бироз қитмирлик билан. – Сенинг амалий ишда ҳам тажрибанг бор. Жанубий Корея тушиб қолган вазиятни ҳам яхши биласан.
– Ўзим боришимнинг имкони бўлганида, сенга, овора бўлиб, шунча бақириб-чақириб ўтирармидим? – Энди Ли ҳам муроса йўлига ўта бошлаган эди. – Менинг отам японпараст бир одам бўлганини сенга гапириб бергандим, шекилли. – Ли менга бирдан хира тортган кўзларини тикди. – Бизнинг юртимизда Япония империяси ҳукмронлик қилган кезларда бунинг қандай маъноси бўлганини яхши биласан-а?
Унинг кўзларида қаҳр ва қайғу зуҳур этди. Лининг отаси ўзини босиб олган, оғир одам эди. У оиласини жуда қадрларди. Лининг отаси биров билан муштлашишдан олдин уни тушунишга, бошига тушган ишни англашга ҳаракат қиларди. Лекин японларнинг мустамлакачи расмийлари зулмидан эзилиб ётган ватандошлари унинг бу қилиғини қўрқоқликка йўйишар, курашмоққа юраги бетламайдиган иродасиз одам деб ҳисоблашарди. Ёшлик йилларида у отасини хоин деб ҳисобларди. Шу боис ундан япон ясамоқчи бўлгани учун отасига нафрати қайнаб тошарди. Аён кўриниб турипти – ёшлигимизда қай бир даражада бир-биримизникига яқин туйғуларни кечирган эканмиз.
– Истасам-истамасам отамдан мерос қолган иш билан шуғулландим. Бу йўлда жуда катта қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келди. Шу аснода тушундимки, отам халқига шу тадбиркорлик йўлида хиёнат қилган.
Хотиралар қаърига шўнғир экан, Ли тадбиркор одамнинг олдида кўпинча бир-бирига зид йўллардан бирини танлаб олиш зарурияти кўндаланг бўлишини айтди: шеригинг олдида зиммангга олган мажбуриятларни бажариш ва шу билан ўз ватандошларинг манфаатига хиёнат қилиш керакми-йўқми? Хизматчиларинг тўғрисида қайғуриш, оилангнинг ғамини ейиш керакми ёки ҳар қалай биринчи ўринга ўз эътиқодларингга содиқ қолишни қўйган маъқулми?
– Буларнинг барини ўз тажрибамда бошимдан кечиргандан кейин, отамни кечирсам бўлар экан деган хулосага келдим. Лекин, барибир, бу ишдан кўнглим таскин топгани йўқ.
Лининг гапларини тинглаб ўтириб, мен Вьетнам уруши вақтида университетда узлуксиз давом этган мазаи матрасиз, бефойда мунозараларни эсладим. Уруш бошланганда мен эндигина доцентликка ўтган эдим. Ўшанда ҳукумат Қўшма Штатларни қўллаб-қувватлаган эди. Сон-саноқсиз мажлислар ўтказиларди, лекин диссидент номини олишни истамаган кўпгина профессорлар бирор тўхтамга келолмай аро йўлда қолишганди, студентлар орасида эса домлаларга ишончсизлик соат сайин ортиб бормоқда эди. Айни шу пайтларда «илм билан шуғулланиш ҳар кимнинг ўз иши экани», бу соҳада қаҳрамонликка ўрин йўқлиги ҳақида сафсаталар жуда кенг тарқалган эди.
– Одамларнинг бари ожиз. Бироқ халқнинг жиғига тегиб, заифлигини унутадиган даражага етказилса, бутун мамлакат барбод бўлади.
Ли бу гапини японларнинг мустамлака бошқаруви ўта шафқатсиз эканини ўйлаб туриб айтган бўлса керак.
– Сен Сеул билан Кенжуга қачон бораоласан? – деб сўрадим. Менинг саволим узоқ давом этган гурунгимизнинг охирида гўё шу оқшомга хотима ясагандай эшитилди
– Ростини айтсам, ҳозир ҳам бораверсам бўлади. Лекин мен ўзимга ўзим буни ман қиляпман. Отам билан боғлиқ можаролар аллақачон тарихга айланган. Лекин мен то мамлакат бирлашмагунча у томонларга бормай туришга аҳд қилдим.
Мен бир нарсани англаб лол қолдим – унинг зиёфат бошланишидаги қарашлари билан ҳозирги қарашлари бир-биридан тубдан фарқ қиларди. Ли мендан Жанубий Кореяга жўнаб кетишни талаб қиларди-ю, ўзи бўлса ҳали-бери у ерга бориш ниятида эмас эди. Афтидан, унинг юраги шикаста, қалбида дарди кўп эди буни эса англамоқнинг имкони йўқ эди. Хуллас, мен унинг хатти-ҳаракатларидан, феъли-атворидан зиддият излашни бас қилдим.
Тўсатдан Ли менга айб иш қилиб қўйган одамнинг гуноҳкорона нигоҳи билан қаради ва олдинга талпинди.
– Мен Японияга беш ёшимда келиб қолган эдим, лекин ҳозир ҳам ватаним тўғрисида у-бу нарсалар эсимда қолган. Масалан, ўтини гуриллатиб, унда темирни қиздириб, болға билан уриб, унга шакл берган темирчи эсимда қолган…
Ли бир маҳаллий фабрика ишчиларининг офтобда қорайиб кетган баданлари тўғрисида гапирди, у ҳали уларнинг баданларидан қуйилиб турган тер ҳидини унутмапти, оқиш ва кўкиш ловиллаган алангани, лағча чўғ бўлиб билқиллаб ётган пўлатни эсидан чиқармапти. Афтидан, бу унинг Кенжудаги туғилиб ўсган уйидан унча узоқ бўлмаган завод эди.
– Яна майдоннинг ўртасидаги каттакон дарахтнинг танасига боғлаб қўйилган аравани эслайман. Унга карам ортилган эди. Ит, – деб давом этди Ли, – пашшасини қўриб, думини силкитарди. Отфобда карамнинг кўкиш барглари ялтираб кўринар, дарахтлардан энсиз япроқлар узилиб, учиб тушарди.
Қўққисдан ҳикоясини тўхтатиб, қўлларини икки ёнига ёйди:
– Ҳа-я, мен яна битта нарсани эсладим. – Кейин у бошини чайқади. – Ҳа, майли… Бунинг унча аҳамияти йўк.
Мен нима учундир Ли йўл ёқасида япон жандармлари томонидан калтакланган корейсларни эслаган бўлса керак деб ўйладим, лекин индамай қўяқолдим.
Сун Кен имтиҳонларни яхши топшириб, университет қошидаги мактабга кириб олди. Унинг пайдо бўлиши билан Ли иккимиз ўртамиздаги дўстлик яна тикланди. Афтидан, онасидан ўтган шекилли, Сун Кен ҳам очиққина, бир пастда одамга киришиб кетадиган қиз экан. У бир зумда хотиним билан тил топишиб кетди. Отасининг рухсати билан мактабдан қайтаётганда бизникига тез-тез кириб ўтадиган бўлиб қолди, баъзан эса гаплари чўзилиб кетса, кечки овқатга ҳам қоларди. Лининг оиласи билан ҳам борган сари иноқлашиб бордик ва мен унинг қизининг университетга кириши устида ташвиш чека бошладим. Бу воқеа Рождество байрамида Сун Кен охирги синфда ўқиётганда рўй берди. Иккала оила биргаликда қувноқ бир ўтириш қилдик. Унга иккита ўғлимизни ҳам таклиф қилдик. Мен ота сифатида болалар имкони борича ҳар хил мамлакатлардан келган одамлар билан мулоқотга киришмоқлари ва ёшлик чоғлариданоқ хорижий одамлар билан муомала қилишни ўрганиб бормоқлари лозим деб ҳисоблар эдим. Иккала ўғлим ҳам университетда ўқир эди. Уларнинг бири савдо компаниясига ишга киришни орзу қилар, иккинчиси эса саноат факультетига ўқишга кирган бўлиб, муҳандис бўлиб чиқмоқчи эди. Мен уларнинг биронтаси ҳам олим бўлишга интилмагани тўғрисида кинояли пичинглар қилардим, ахир, бу ишга тишлари ўтмайди-да! Отамнинг вафотидан кейин унинг ерларининг бир қисми менга меросга қолди. Мен университет профессорига муносиб тарзда анча тўқ ва фаровон турмуш кечирмоғим мумкин эди. Агар шу бўлмаганда менинг бизнесмен Лининг оиласи билан борди-келди қилиб туришим анча қийин кечарди. Ахир, илмий ходимнинг топган-тутгани нима ҳам бўларди, дейсиз? Иккала ўғлим ҳам тинч замонларда туғилиб улғайишди. Бахтимга, ёшлар ташкилотларининг Умумяпон коммунистик Федерациясининг яшнаган даври ўтган кезларда университетга ўқишга киришди. Улар Ли билан менинг авлодимга мансуб одамлардан фарқ қилароқ, анча эмин-эркин ўсишди, одамлар билан ҳам жуда бемалол ийманиб, тортиниб ўтирмай муомала қилаверишарди. Ажнабийлар билан мулоқот масаласига келсак, менинг авлодим ажнабийлар билан муомала қилишда нақадар бесўнақай бўлганига яна бир марта ишонч ҳосил қилдим. Биз улар билан муомалада ўзимизни жуда жиддий тутардик, жиддийликнинг ҳам имомжиннисини чиқариб юборардик. Ҳозирги ёшларнинг Сун Кен билан бирга ажнабийларга нечоғлик эркин муомала қилишларини, улар билан шоду хуррам гаплашишларини, ҳар хил ўйинлар ўйнашларини, кенжа ўғлимнинг гитараси жўрлигида қўшиқлар айтишларини кўриб, суюнганимдан теримга сиғмай кетаман. Кечки таомдан кейин учта бола нималарнидир пичирлашиб гаплашишди-да, кенжа ўғлим эълон қилди:
– Энди биз Сун Кеннинг отаси ва онаси учун учта корейс қўшиғини айтиб берамиз.
Пианинони катта ўғлим чаладиган бўлди. Сун Кен қўшиқ айтишга чоғланди.
– Қани, хўш, ҳозир нима бўлади? Ҳа, ана, кўряпсизми, улар аллақайси кавакда репетиция қилиб тайёрланиб олишган, – деб ола-ғовур кўтаришди катталар шодонлик билан.
–Аввалига биз «Балзан қўшиғи»ни ижро этамиз, – деди Сун Кен. Лекин кутилмаганда унинг онасининг бутунлай ўзгарган товуши эшитилди:
– Шошманглар!
Унинг оҳангидан ҳамма бир зумда индамай қолди.
– Бу японларга қарши қўшиқ. Шундан хабаринглар борми?
Менинг иккала ўғлим ҳам турган жойларида тахта бўлиб қолишди, кейин саросима ичида Ен Хига қарашди. Сун Кен лов этиб ёниб кетди ва кўзларини мадад излаётгандек отасига тикди.
– Ен Хи, – дея овоз берди Ли.
– Йўқ, бу ишни охирига етказмаса бўлмайди, – деди Лининг хотини ва қўшиқнинг маъносини тушунтириб бера бошлади.
– Иккинчи бандда куз шамоли ҳақида куйланади. У гулларни томири билан қўпориб ташлайди. Шамол деганда улар япон жандармларини назарда тутишган. Ахир, улар ҳеч қанақа баҳона-ю сабабсиз бизнинг ватандошларимиздан миллион кишини ўлдиришган. Учинчи бандда «шимол шамоли, изғирин, қор» тўғрисида куйланади. Эсладингизми? Бу сўзлар яна бир можаро ҳақида – корейслар япон императори шарафига «банзай» деб қичқиришдан бош тортишган эди. Менинг бобом…
– Ен Хи! – дея ўшқирди Ли аввалгидан кўра қаҳрлироқ овозда. Шундай деб у хотинини тўхтатмоқчи бўлди.
– Йўқ, бу жуда муҳим! – деб жавоб берди хотини.
Орага ноқулай сукунат чўкиши мумкинлигини ҳис қилиб мен ҳам гапга аралашишга жаҳд қилдим.
– Ен Хи хоним ҳақ, чиндан ҳам бу жуда муҳим. Японлар буни аниқ англаб олмоқлари зарур. Лекин шундоқ бўлса-да, бизнинг хотирасизлигимиз учун кўп жиҳатдан Американинг оккупацион армияси жавобгар.
– Қанақа оккупацион армия? – деб сўради Сун Кен. – Э-э, тушунарли…
Ен Хи ночорликдан бошини чангаллаб олди, менинг ўғилларим эса худди шуни кутиб туришгандай, ҳиринглаб кулиб юборишди. Ли ҳайрон бўлиб, гоҳ хотинига, гоҳ менга аланглаб қарарди. Мен унга дедим:
– Америка оккупацион армияси тарихий тадқиқотлар ўтказишни тақиқлаб қўйганди. Маршал Маккартур бир нарсадан қўрқарди – японлар ўз тарихларини билиб қолсалар, америкаликларни ёмон кўриб қолишади деб ўйларди. Лекин бу тақиқ оқибатида Осиёдаги япон агрессиясининг тарихи ҳам сояда қолиб кетди. Мана, Сун Кен ҳам ҳатто «оккупацион армия» деган атамани билмай ўтирипти.
– Ҳа, тарихимиз биздан узоқлашиб кетди, – деб Ли менга қараб бош ирғади. – Мана, биз ҳамма нарсани ойдинлаштириб ҳам олдик. Шундоқ бўлгач, келинглар, чин юракдан…
– Йўқ, яхшиси, келинглар, ичайлик… – деб мен ўрнимдан турдим.
– Япония билан Корея ўртасидаги тинч, эркин муносабатлар учун, манави учта ёшнинг порлоқ келажаги учун кўтарайлик! – деб хитоб қилдим мен бироз баландпарвоз оҳангда. Шу тарзда жиндай хижолатпазлик билан бўлса-да, студентлик давридан қолган бир-иккита баландпарвоз ибораларни ишга солдим.
Биз ичдик. Энди Ли ўрнидан турди.
– Бугун менинг кайфиятим жуда яхши. Шу яхши кайфият учун қадаҳ кўтаришларингни таклиф қиламан.
Сун Кен баланд, жарангдор овозда қўшиқ бошлади. Мен ўтган йили Нью-Йоркда опера мавсуми очилганда улоқни корейс хонанда аёл олиб кетганини эсладим. Яна бир миш-миш гап эсимга тушди – яқинда Японияга бутун дунёга донғи кетган бир скрипкачи аёл келган экан, қайси бир оркестр унинг Жанубий Кореяда туғилганини пеш қилиб, у билан бирга саҳнага чиқишдан бош тортипти. Эҳтимол, бу тўғрида Ли Ен Хига ўхшаб аниқ-равшан қилиб ошкора гапирмоқ керакдир, деб ўйладим мен таассуф билан. Афтидан, бу аёлнинг айни ана шундай феъл-атвори бу кичкина миллат вакилларига ҳар қанча қийинчиликларга қарамасдан, руҳан тушкунликка берилмай, қизи Сун Кенни самимий инсон қилиб тарбиялашга имкон берган. Бир неча йил муқаддам Жанубий Кореяга боришдан бўйин товлаганим учун Ли билан жиқиллашиб қолган эдик. Энди у ерда янги конституция қабул қилишди, президент сайланадиган бўлиб қолди, сирасини айтганда, у ерга бормоқдан бўйин товлаш учун менга ортиқ баҳона қолгани йўқ эди. Жиндай ширакайф ҳолатда «Лига у ерга бирга бориб келишни таклиф қилсам нима бўларкин?» деб ўйладим.

* * *

Кўп фурсат ўтмай, Жанубий Кореяга бориш имконияти ҳам туғилди. Менинг университетим Сеулдаги К. деган таниқли хусусий университет билан илмий ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади. Кафедрада япон профессорлари пайдо бўлса, бунга студентларнинг муносабати қандай бўларкин деган маънода баъзи бир шубҳа-гумонлар ҳам бўлди. Шунинг учун ҳозирча илмий ходимлар алмашишдан бошлашга қарор қилинди ва шу ходимлардан бири сифатида мени танлашди. Кимпхо аэропортида мени К. университетининг бошқарув факультетида хизмат қиладиган жаноб Со кутиб олди.
–Жаноб Кацухико Уэдамисиз? Мен К. университетиданман. Менинг исмим Со Пи Сук, – деб таништирди у ўзини кутиб олувчиларни излаб тўрт томонга аланглаб турганимда.
Унинг тўппа-тўғри менинг олдимга келганидан ажабланиб, жаноб Содан бунинг сирини сўрадим.
– Топдим-да, – деб жавоб берди у. — У жуда мулойим, хушмуомала одам экан. Беихтиёр кўнглимда унга нисбатан хайрихоҳлик пайдо бўлди.
Биз дарҳол университетга йўл олдик. У ерда менинг шарафимга дастурхон ёзилган экан. Мени тушликка таклиф қилинган профессорлар билан таништиришди. Уларнинг иккитаси билан биз илгари Токиода ҳам учрашган эдик. Қолган профессорлар хам япончани яхши билишар экан. Уларнинг гапига кўра, япон тилини билмай туриб, Японияни ўрганиш мумкин эмас. Бу одамларнинг феъли-атворида ва гап-сўзларида ҳеч қанақа гинаю кекдан асар ҳам йўқ эди – улар мустамлакачилик даврининг азоб-уқубатларини тортмагандай кўринарди. Уларнинг хатти-ҳаракатларига қараганда, иқтисодиётни тиклаш усули сифатида бошқарувнинг японча моделига ҳаммалари ҳам жуда қизиқиб қарар эдилар. Табиийки, мен менежмент бўйича мутахассис бўлганим учун, уларнинг саволларига жавоб бермоғим керак эди. Сўнгги пайтларда мен бизнинг бошқарув моделимизни нозамонавийлиги ва қолоқлиги учун кўп танқид қиладиган бўлиб қолгандим. Шунинг учун замирида Японияга нисбатан самимий ҳурмат ётган саволларга тўғри жавоб бермоғим анча мушкул эди.
– Ташқи шароитнинг қулай келиб қолгани бизга қўл келди, кўпгина бахтли тасодифлар жонимизга аро кирди. Бундан кейин ҳам Япониянинг кучли томонлари бўладими-йўқми, Япония уларни намойиш қила оладими-йўқми – буни айтиш қийин, – деб жавоб бердим мен, лекин менинг сўзларим уларни қаноатлантирмади.
– Японча бошқарув тизимига берган таҳлилимизни тўлдирсак, дердик. Бунинг учун уни корейс олимлари қандай баҳолашларини билсак яхши бўларди. – Мен гапларимнинг оҳангини ўзгартирдим. – Жанубий Корея Осиё анъаналарини замонавий рационализм билан чамбарчас қўшиб юборганки, биз унинг бу соҳадаги тажрибасини ҳам бажону дил ўрганар эдик.
– Ҳеч қачон унута олмайман, – деб давом этдим мен. – Япония ўттиз олти йил мобайнида Корея устидан мустамлака зулмини юритиб келди, унга жуда катта зарар келтирди, азоб-уқубатлар чекишга мажбур қилди. Гарчи бу ишларни бизнинг оталаримиз қилган бўлса-да, бу жиноятлар тўлалигича Япониянинг бўйнига тушади.
Мени Жанубий Кореяга бориш учун танлаганларидан бери бу гаплар тўғрисида жуда кўп ўйладим, уларни айтсаммикин-йўқми, деб кўп иккиландим, ниҳоят, Ли Ик Чу билан ҳам маслаҳатлашдим.
– Сен Сеулдаги университетда шунақа дарс бермоқчисанми? Жуда соз-да! Буни сенга мен ўзим маслаҳат берган эдим, – деб хурсанд бўлди у. – Ҳойнаҳой, кўнглингда бор гапларни очиқ айтсанг, ёмон бўлмас. Лекин демократия ҳақида, умуман, Япония тўғрисида ўзинг гапириб юрадиган ёки ўртача даражадаги илғор зиёлиларга хос гапларни унчалик гапиравериш ҳам керак эмас, – деб қўшиб қўйди у киноя билан – афтидан, бир вақтлардаги баҳсимиз эсига тушиб кетди, шекилли. Менинг нутқимни эшитиб. К. университетининг профессорлари бирдан жимиб қолишди. Эндиликда мен шу профессорлар билан бирга тадқиқот ишларини олиб бормоғим керак эди. Кейин улар бу гапларни тезроқ унутмоқчи бўлгандай, гапни бошқа томонга буриб юборишди.
– Сизга тайёрлаб қўйган квартирамиз маъқул бўлдими, профессор Уэда? Университет ҳудудида ҳам ётоқ бор, лекин унга кўп ҳам яхши қарашмайди.
Японияда менга тушунтирганларига кўра, шаҳарда меҳмонхонада турсам, ҳақини ўзим тўламоғим керак бўлар эди, шунинг учун бу ердаги ҳамкасабаларимдан менга тўғри келадиган бирор турар жой топиб беришни илтимос қилгандим. Нима бўлганда ҳам бу ердаги ҳаётни яқинроқдан ўрганишим керак-да!
Менинг Жанубий Кореядаги илмий ишларим шу тарзда бошланди. Мен бу ерда ҳар икки ойда бир ҳафтадан туриб кетадиган бўлдим. Сеуллик ҳамкасабаларим билан мулоқотда бўлар эканман, борган сари ўзимда уларнинг таъсири ортиб бораётганини ҳис қилдим. Эҳтимол, Ли билан дўстлигимиз сабаб бўлдими ёки замоннинг беқиёс эврилишлари туфайлими, мен ўзим ҳам ҳаётимда бир чегарага яқинлаб қолганга ўхшайман. Эсимда бор – ёшлигимда гарчи ҳақиқий ишлаб чиқаришда ишламаган бўлсам-да, ҳар хил енгил-еллпи мақолаларни шариллатиб ёзиб ташлардим. Энди эса Жанубий Кореядаги меҳнат менда жуда катта таассурот қолдирди. Мамлакат иккига бўлинган эди, унинг бир қисмида социалистик давлат амал қиларди, бу ҳол тадқиқотчилар олдига мунтазам равишда кечиктириб бўлмайдиган вазифалар қўяр эди. Натижада Жунбий Кореяда бошқарув илми мафкуранинг бир қисмига айланиб қолганди. Худди шунга ўхшаган муҳит ўтган асрнинг иккинчи ярмида Японияда ҳам мавжуд бўлган бўлса, ажаб эмас. Ўшанда Японияда замонавийлаштириш жараёни бошланган эди, илғор ғарб илмининг ютуқлари университетларга етиб кела бошлаганди, у ерда мамлакатнинг мустақиллиги учун курашмоқ зарурлиги тўғрисида жиддий гаплар бошланиб кетди. Ана шундай эҳтирослар жўшқинлиги К. университетида ҳам яққол сезилиб турарди. Икки йил давомида Сеулга келиб кетиб юриб, бир нечта дўст орттирдим. Уларнинг орасида мени Сеулда биринчи кутиб олган Со Пи Сук ҳам бор эди. У сира иккиланиб ўтирмасдан осонгина қилиб, японнинг корейсдан нима билан фарқ қилишини, корейслар нимани қандай истеъмол қилишларини, совға-саломлар алмашаётганда нималар ўйлашларини, эр-хотинлар қандай жанжаллашишларини менга гапириб берди. У ҳар қандай таққосларни чўчимай ишлатаверарди. У Кореяда яшаса-да, чиқиб келишига кўра япон эди (онаси – япон бўлиб, корейсга турмушга чиққанди). Бунақа таққослар ҳақида гапирар экан, унинг гапларида ғам-ғуссадан асар ҳам сезилмас эди, у нима тўғрида гапирмасин, худди илмий изланишларнинг натижаси ҳақида гапираётгандай жуда хотиржам ва бамайлихотир гапирар эди. Лекин менинг тахминимча, Сонинг турмуши ҳам у қадар ширин кечмаган – унинг ҳаётини Лининг Япониядаги турмушининг айнан акси деса бўлади.
Борган сари менинг университетдан ташқаридаги дўстларимнинг ҳам сафлари кенгая борди. Улар, айниқса, журналистлар, ноширлар орасида кўп эди. Кунлардан бирида – кузда Сеулнинг паст-баландига анча кўникиб қолган кезларимда Тондэмун бозоридаги ола-ғовур одамлар орасида Сун Кенни учратиб қолдим. Эҳтимол, менга шундай туюлгандир – ҳар ҳолда унинг чеҳрасидан таажжуб, қувонч ва саросималик ифодалари лип-лип ўтгандек бўлди.
– Сун Кен! Ли Сун Кен! – дея чақирдим уни.
У худди онасиники каби нозик даханли чўзиқ юзини ерга қаратди.
– Мен ёзаётган ишим учун материал йиққани келган эдим. Ишимни ўқув йилининг охиригача топширмоғим керак. Сун Кен бу гапларни жуда тез бидирлаб айтди. Назаримда, у нимадандир хижолат чекмоқда эди. Икки йил аввал у менинг университетимнинг филология факультетига муваффақият билан кириб олган эди. «Нимани тадқиқ қиляпсан?» деб сўрамоқчи бўлдим-у, ўзимни тийиб қолдим ва унга Со Пи Кукни таништирдим.
– Агар қарши бўлмасанг, бироз гаплашайлик.
Хорижий шаҳарда таниш одамимни кўриб қолганимдан жуда хурсанд бўлиб кетиб, Сога имладим, у одамларни тирсаги билан туртиб-итариб оломон орасидан йўл очди. Бу шу ерда – бозорнинг ўзида очилган тўрт ўринлик кафега кирдик. Сун Кен ишининг мавзусига янги даврдаги Япония билан Корея ўртасидаги муносабатларни мавзу қилиб танлаганини айтди. Унинг айтишича, Сун Кенни бу мавзуни олишга ундаган нарса Басёнинг «Ёмғир ва шамол вақтидаги саёҳат» деган туркумга кирган бир шеъри бўлипти.

Рассом корейсга эҳтиром ила
Нарадан келтириб сунишар қадаҳ.
Иккита кенжа монах…

Мен завқланиб Сун Кенга қарадим. Унинг кўзлари худди қўғирчоқникидек ялтираб чақнаб турарди. Бу вақт ичида Сун Кен балоғатга етган гўзал бир қизга айланипти. Ўша куннинг ўзида иккинчи курсда ўқийдиган бу қиздан мен анча-мунча ғалати нарсаларни билиб олдим. ХVII-XIX асрларда ҳали Япония ташқи дунё учун ёпиқ бўлган. Шунга қарамай, Япониянинг феодал ҳукумати Кореядан кам деганда йигирма марта делегация таклиф қилган экан. Японлар Шарқий Осиё ҳақида ахборот тўплаш борасида Голландия савдогарлариникидан бошқа алоҳида йўл тутишга ҳаракат қилишган экан. Айни чоқда улар ўзга юртларнинг маданий бойликларига ҳам етишиш орзусида бўлганлар.
– Қизиқ, ўша кезларда япон ҳукмдорларининг олий рутбалик маслаҳатчиси Хакусэки Араи ўз мамлакатининг ҳарбий ҳукмдорини «қирол» деб атар экан ва бу билан корейс подшоси Сук Чонга ҳам, Хитойда ҳукмдорлик қилаётган Цинь сулоласига ҳам ҳақиқий ҳукмдор ким эканини кўрсатиб қўймоқчи бўлган.
У бу гапларни имтиҳонда профессорига жавоб бераётган толибадек гапириб берди. Сун Кеннинг гапларига қараганда, у бу фактларнинг ҳаммасини «Шикастланган қамиш қиссаси» деган асардан олган. Мен унга яна қойил қолдим ва беихтиёр шундай дедим: «Буларнинг ҳаммасини қачон ўқиб улгурдинг-а?» Унинг серғайратлилиги менга Ли Ик Чунинг талабалик йилларидаги харакатчанлигини эслатди.
– Қадимий ҳужжатларни қандай қилиб ўқийсан? Сен инглиз адабиёти бўлимига кирган эдинг, шекилли?
– Бир тарихчи ошнам бор. Мен унга инглиз тилини ўргатаман. Бунинг эвазига у менга ёрдам бериб туради. Мен, албатта. инглиз бўлимида ўқийман. Аммо америкаликлар мендан тез-тез корейс маданияти ва тарихига доир саволларни сўраб туришади.
Унинг ҳикоясини тинглар эканман, Сун Кен менга алланечук алоҳида бир тарзда ёқиб кетди. Биз гўё бир қарашдаёқ бир-биримизни тўла тушуниб оладигандек эдик.
– Кечқурун меникига кел. Ўртоқларинг билан бирга келсанг ҳам майли. К. университетида сенинг ишингга ёрдам бериши мумкин бўлган тадқиқотчилар топилиб қолса ажаб эмас. Кел, буни жаноб Содан илтимос қиламиз.
Унинг чеҳраси ёришиб кетди ва Сун Кен анчадан бери айтмоқчи бўлиб айтолмай турган гапини айтди:
– Фақат илтимос, амаки, менинг бу ерга келганимни дадамга айтманг. Ўтиниб сўрайман.
У кафтларини жуфтлаб, отасининг дўстидан кўзини узмай, жовдираб қараб турарди, афтидан, илтимоси жиндай одоб доирасидан чиққанини ўзи ҳам сезган эди, шекилли.
– Бўпти, бу тўғрида оғиз очмайман. Сен амалий машғулотларни ўтказгани қишлоққа борганман, деб қўяқоласан.
Бу орада унинг Сеулга келиш тафсилотларини кейин суриштириб билиб оларман, деган фикр кечди кўнглимдан.
– Кечқурун, албатта, кел, – деб эслатдим мен.
Мен жаноб Сога Сун Кеннинг отаси билан мени нима боғлаб туриши ҳақида гапириб бердим, кейин тўсатдан бошқа бир фикр хаёлимга келиб қолди – ахир, анчадан бери сеуллик дўстимга хизматларимни қилдириб келяпман-у, лекин бунинг эвазига бирон туҳфа бермабман.
– Бугун оқшом бу қизни корейсча таомлар билан меҳмон қилмоқчиман. Сен ҳам, албатта, келгин.Қаерда йиғилсак ҳам майли, фақат гурунглашиб ўтирадиган жой бўлса бўлди.
Хуллас калом, ресторанни танлаш вазифасини жаноб Сонинг зиммасига юкладим.
– Биламан, дадам жуда ҳам Кореяга келмоқчи. Шунинг учун ҳам унга бу ерга ёлғиз ўзим келганимни айтишнинг иложини қилолмадим.
Унинг сўзлари замирида бугун бизнинг орамизда камдан-кам учрайдиган ноёб бир сифат – отасига ғамхўрлик туйғуси яшириниб ётарди. «Дўстим Лининг қизи мунча яхши бўлмаса» деб ўйладим мен.
– Умуман олганда, – деб тўнғилладим мен, – отанг иззатталаблигини қўйиб, бу ерга келаверса ҳам бўларди.
Мен Со Пи Сукка қизнинг отаси ўз ихтиёри билан ватанига келишдан бош тортаётганини айтиб бердим – авваллари отасининг Япония империяси билан ҳамкорлик қилганидан хижолат тортарди, энди бўлса, Кореянинг Шимолий ва Жанубий қисмларга бўлиниб кетганини важ қиляпти.
– Менинг авлодим тўғрисида гапирадиган бўлсак, – деди Со, – биз японлар ҳукмронлигидан азият чеккан эмасмиз. Тарих биз учун қуруқ сўз эмас, албатта, лекин ўша пайтларда нималар содир бўлганини кўп ҳам тушунавермаймиз. Масалан, мен жуда мураккаб аҳволда эдим, мени муттасил «япон империалист аёлининг ўғли» деб ҳақорат қилишарди. Аммо Корея уруши вақтида бундан ҳам бешбадтар аҳволга тушдим.
– Лекин, хар нима бўлганда ҳам Ли… – дедим-у, дамим ичимга тушиб кетди. Мен «Ли – ватанпарвар» деган гапни айтишга тилим бормади – бу ибора, назаримда, жуда ноўриндай туюлди.
– Ҳа, менимча, дадамни ватанпарвар деса бўлади, – деди менинг ўрнимга Сун Кен сира хижолат чекмай. Сун Кен инглизча ватанпарвар сўзини жўнгина япончага ағдариб қўяқолган эди, уни талаффуз этар экан, японлар учун бу сўз алоҳида миллатчилик мазмунига эга эканини хаёлига келтиргани йўқ эди.
Мен Сун Кенга, отанг яқин ўрталарда Кореяга келиб кетишга баҳона излаб юрган бўлса керак, деб тушунтирдим. У ҳаддан ташқари қаттиқ тақиқларга жуда узоқ вақтдан бери риоя қилиб келади. Шунинг учун бу сафардан у жуда кўп нарсаларни умид қилмоқда. Агар шу кутганлари сароб бўлиб чиқса, ватанидан излаган нарсасини топа олмаса, жуда ҳам ёмон бўлади.
«Нақадар яхши-я! – деб ўйладим мен, – ҳозир уччовимиз ўтириб, фикрлар ва қарашларимизни ошкора таққосламоқдамиз. Сун Кен яқиндагина йигирмага тўлди, Со қирққа кирган, мен эса олтмишга яқинлаб қолдим». Мен ундан эрга тегиш-тегмасликни ўйлаяпсанми деб сўраган эдим, америкаликка ўхшаган бирор киши бўлса тегар эдим, деб жавоб берди. Со буни эшитиб, жуда ҳайрон бўлди.
– Дадам ва табиийки, онам ҳам куёвлари корейс бўлишини орзу қилишяпти. Лекин менга катта хонадон бўлиб яшаш анъаналари ёқмайди. Ахир, мен Японияда тарбия кўрганман. Инглиз адабиёти бўлимида ўқийман, лекин ростини айтсам, америка адабиётига қизиқаман. Лекин бу гапларнинг ҳеч қайсиси эрга тегиш масаласига дахлдор эмас.
Мен яна бир бора ёшларни яхши тушунмаслигимни ҳис этдим: ахир, Сун Кен ўзининг майллари масаласида жуда катта хатога йўл қўяётганга ўхшайди, негаки, ҳар ҳолда Япония ва Корея муносабатлари тарихини ўрганишга киришган. Ва ҳамма муаммо «ватан» тушунчаси билан «туғилган мамлакат» тушунчасига келиб тақалди. Сун Кен учун давлат шунчаки жўғрофий тушунча эмас эди, у унинг ич-ичида, юрагида яшайдиган алланечук енгил бир нарса эди. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, шу жиҳатдан қараганда, у ҳам япон, ҳам корейс миллатига мансуб эди. Агар ўйлаб кўрилса, Сун Кен америкаликка турмушга чиқишга интилишида батамом ҳақ эди. Шундай бўлса, у АҚШнинг бирор жойида хорижда яшовчи корейс аёлдай умргузаронлик қилишда давом эта олади. Ахир, ота-онаси унга шуни ўргатган-да!

* * *

Ли Ик Чуни Кореяга олиб келиш тўғрисида Сун Кенга берган ваъдам тўрт йил ўтгандан кейин амалга ошди – унга Сеул Олимпиадасининг Ташкилий қўмитаси томонидан таклиф жўнатилди. Ли Японияда ва Кореяда корейслар обрўйини кўтаришда катта хизматлари сингган арбоблардан бири сифатида тан олинди. Менинг К. университетида ишлайдиган дўстимнинг Ташкилий Қўмитада маслаҳатчи экани ҳам жуда қўл келиб қолди. Бир куни – ҳали Олимпиада бошланишига уч ой қолганда уйга анча кеч қайтдим. Хотиним Ен Хи икки марта қўнғироқ қилганини айтди.
– Бизга ҳукуматдан таклифнома келди, – деб хабар қилипти Лининг хотини. – Нима қилсак экан, профессор Уэда бизникига қўнғироқ қилса яхши бўларди. Ҳар қанча кеч бўлса ҳам майли.
– Мен унга «жуда яхши бўлипти-ку, албатта бориш керак» дедим. – Хотиним дарҳол гап нимада эканини фаҳмлабди – у менга бу гапларни айтаётганда юзида мамнуният туйғуси зуҳур этди.
Мен дарҳол Лига қўнғироқ қилдим. Тасаввур қиламан – у ҳозир зўр ҳаяжон ичида, баланд овозда хотини билан бу масалани муҳокама қилаётган бўлиши керак. Биз у билан жиндай баҳслашиб олдик, лекин менинг Жанубий Корея ҳукуматини ноқулай аҳволга солиб қўйиш ярамаслиги ҳақидаги гапларим Лига ҳал қилувчи далил бўлди, шекилли. Бир неча кундан кейин К. университетнинг ёрдами билан менинг масалам ҳам ҳал бўлди – мен ҳам эр-хотин Лилар билан бирга Олимпиаданинг очилиш маросимида иштирок этадиган бўлдим.
– Ҳозир мен Жанубга кетяпман. Қачонки, кўпроқ одамлар бемалол шимолга бориб келадиган бўлганларида, мамлакатнинг қўшилиш масаласи ўз-ўзидан ҳал бўлади.
Ли бу фикрни кўп марта такрорлади, лекин ҳар гал олдинги қарорида қолишини – Жануб ва Шимол узил-кесил бирлашмагунча доимий яшаш учун ватанига қайтмаслигини таъкидларди.
– Худди шундоқ бўлади, бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ, – деб унинг фикрига қўшилардим мен. Мен унинг студентлик давридаги ўжарлиги камаймаганини кўриб турардим. Эҳтимолки. Бугун ўша ўжарлиги тадбиркорлик соҳасида мақсад сари интилишида ёрдам берган бўлса, ажаб эмас. Бизнесменларнинг фикрлаш тарзидаги саришталикни ўрганиш бошқарув илмининг тарихини тадқиқ қилишимда менинг энг севимли мавзуим эди.
Ли сафарга чиқиш арафасида турган боладай чуқур ҳаяжонда эди: унинг кўп йиллик орзуси рўёбга чиқишга яқинлаб қолганди. Аксинча, Ен Хи хотиржам эди, у ҳатто корейсча миллий кийимларни олиб олсамми-олмасамми деб, Сун Кен билан баҳслашиб ҳам олди. Улар Япониядаги тантанали маросимлар вақтида анъанавий либосларни кийишарди. Ҳозир ўша либослар эскириб қолмадимикин деган андиша уларни ҳаяжонга солмоқда эди. Сун Кен Жанубий Кореяга бориб келгани ва у ерда ҳозир қанақа кийимлар кийишларини билиши ҳақидаги гап оғзидан чиқиб кетмаслиги учун кучи бор қадар тиришмоқда эди.
Олимпиаданинг очилиш куни биз маросим бўладиган жойга эртароқ келдик. Мен жуда сергак эдим, ҳатто Сеулнинг ҳар доимдагидек босиқ ва тинч экани менга ғалатироқ ҳам туюлди. Олимпиаданинг очилиш вақти яқинлашган сари гурас-гурас оломон ҳаракатга келди. Мен унга қараб туриб, Токио Олимпиадасини эсладим. Мен унинг очилишига катта ўғлим билан бирга боргандим. Ўшанда у уч ёшда эди. Кираверишда менга қулоққа тутадиган радиоприемник беришди. Мен унинг мурватини бурадим. Приёмникдан Моцарт куйларининг оҳанглари янгради, улар гўё менинг асабларимга ором бермоқ учун янграётгандай эди. Стадионнинг ташқи ҳовлисидан бир нечта ҳаво шари осмонга парвоз қилди. Улар Жанубий Корея байроғининг рангларига бўялган эди. Электр табло билан баҳайбат ноғоралар орасида «Тинчлик дарахти»нинг рамзи кўринди.
– Саксон йиллик танаффусдан сўнг биз яна халқаро майдонга чиқдик, – деди менга Ли хотинининг орқасидан энгашиб.
У бу сўзларини бир неча бор такрорлади. Ли ҳисоблаб чиқипти – Япония мустамлакачилик ҳукмини ўтказган замонлардан бери иккинчи жаҳон урушидан кейин ўтган даврни ҳам қўшса, саксон йил бўлар экан. Аллақаерда орқа томонимизда қарсаклар янгради. Меҳмонларга аталган жойга турли давлатларнинг раҳбарлари кириб келишмоқда эди. Сўнгра мушаклар отилиб, салютлар берилди, экранда Хан дарёсига сузиб кираётган байрамона тарзда безатилган кема тасвири пайдо бўлди. Кемада турли мамлакатларнинг байроқлари ҳилпираб турарди. Бу стадионнинг безакларига жуда мос тушган эди ва Олимпиадани бутун дунё муборакбод қилаётганидан далолат берар эди. Аёнки, Жанубий Кореяда яшайдиган одамлар шундоққина ёнларида истиқомат қиладиган ватандошларига буларнинг барини кўз-кўз қилишмоқчи эди. Бошлари арслонлар ва аждаҳоларникига ўхшаган кемалар шаклида ясалган аравалар майдонга кириб келди. Мен Ен Хининг кўзларига қараб, унга бош ирғадим.
– Сун Кен ҳам шу ерда, аллақайда ўтирган бўлиши керак, – деди Ен Хи.
– Сун Кен қайси бир америкалик туристлар делегациясини олиб юрипти.
Ли буни билармикин-йўқми деб унга қарадим. Ли ўқтин-ўқтин қандайдир қувончли бир хитобни қичқириб айтарди. Кутилмаганда стадионни тўлдириб ўтирган болалар осмонга сон-саноқсиз оқ ва кўк ҳаво шарларини учиришди. Шу пайтнинг ўзида фавворалардан сув отилиб чиқди, ўнг ва сўл томонлардаги йўлакларда сурнайчилар ва ноғорачилар пайдо бўлди. Со Пи Кук бу томошаларда Кореянинг яратилиши тўғрисидаги ривоятлар тажассум топганини айтиб берди. Менинг хаёлимдан урушда мағлубиятга учраган Япония халқаро йиғинларда ўзининг қаҳрамонона ўтмиши ҳақидаги ривоят ва афсоналардан шунчалик фойдалана олмас эди-ёв деган фикр ўтди. Аввалига бизнинг мифларимиз, ўзининг машъум ролларини ўйнаётган чоқларда биз урушнинг такрорланишига йўл қўймаслик ҳаракатида эдик. Кейин эса оккупацион армиянинг ҳушёр нигоҳини эсдан чиқармасдан яшашга ҳаракат қилдик. Бу орада одамлар ўзларининг ўтмишларини унутиб қўйишди ва ҳозир ҳатто ўзлари хоҳлаганда ҳам тарихий тимсолларда ҳеч нарсани ифодалай олмас эдилар. Стадиондаги томошани кўриб ўтириб, фикрларим аста-секин Японияга кўчиб ўтганига ҳайрон бўлдим. Мен кишибилмас тарзда Лига ўқтин-ўқтин нигоҳ ташлаб ўтирар эдим. Унинг ёноқлари қизариб кетган, кўзлари чақнар эди. Унинг бунга ҳақи бор эди. Ахир, у эллик йиллик айрилиқдан сўнг ватанига қайтган эди-да!
Тезотар тўплардан отилган мушаклар менинг фикримни бўлди. Тинчлик дарахти барг ёзиб яшнаб кетди. Марказда тўсатдан баланд минора қад кўтарди – у Олимпия оловига аталган эди. Осмондан ялтироқ тўзон ёғила бошлади. Тўзон миноранинг тепасидан туша бошлаган эди. Ли энгашиб, чўнтагидан дастрўмолини ахтара бошлади. Мен бошдан оёқ маросим муҳитига шўнғиб кетганимни ҳис қилдим. Ўзимни жуда шойиста сезмоқда эдим. Фақат бир нарсадан хавотирда эдим – ҳаддан ташқари ҳаяжонга тушган Ли бир бўлар-бўлмас нарсани бақириб айтмаса гўрга эди.
Спортчиларнинг кириб келишидан дарак бериб, мис карнайлар чалинди. Раққоса қизларнинг қўлида ипак матолар ҳилпиради – улар яшил, сариқ, қора, қизил, ҳаворанг рангларда бўлиб, Олимпия байроқларини эслатарди. Кейин юнон спортчиларининг командаси пайдо бўлди. Унинг олдида студентлар Олимпия ҳаракатининг ва Жанубий Кореянинг байроқларини кўтариб боришарди. Мен стадионни тўлдириб ўтирган юз мингдан ортиқ томошабин япон командасини қандай кутиб оларкин деб ташвишлана бошладим. Бу жараёнда Ли ўзини қандай тутаркин деган ўй ҳам менга тинчлик бермасди. Анчагина кўпчиликни ташкил қилувчи япон командаси деярлик маросимнинг охирида пайдо бўлди. Аввалига олачалпак қарсаклар эшитилди, аммо орадан кўп ўтмай стадион тинчиб қолди. Атрофимга аланглаб, биздан анча узоқ жойда океан қўйнидаги кичик оролчада ўтирган бир гуруҳ одамлар Кунчиқар ўлкасининг байроғини силкитаётганини кўрдим. Ундан кейин Тайваннинг командаси майдонга кириб келди. Гўёки ҳозиргина стадионни қоплаб турган сукутни парчалаб ташламоқчи бўлгандай гулдирос қарсаклар ва далда берувчи қийқириқлар янгради. Ниҳоят, маросим тугади. У можароларсиз ўтди, японларни таҳқирловчи ҳуштакбозлик ҳам бўлмади. Президент Олимпиадани очиқ деб эълон қилди. У Олимпиаданинг шиори «инсониятнинг уйғунлиги ва тараққиёти» бўлади деб таъкидлади. Олимпия оловини кўтарган спортчилар пайдо бўлди. Машъалани кўтарган паҳлавон йигит билан бирга унинг ёнида югуриб келишаётган қизлар тўхташди. Улар тўхташган майдонча аста юқорига кўтарила бошлади. Майдонча минора тепасигача кўтарилди. Ҳойнаҳой, бунақа баландликдан бошлар айланиб кетиши мумкин эди. Мен Олимпия олови ёнидаги майдончадан ҳеч ким қулаб тушмаслигини тилаб, тавалло қила бошладим. Бирданига шунақа гумбирлаган овоз эшитилдики, осмон чок-чокидан сўкилиб кетгандай бўлди. Реактив самолётлар эскадрильяси стадион устидан пастлаб учиб ўтди. Уларнинг ортида газлардан ҳосил бўлган беш рангдаги Олимпия ҳалқалари қолди. Одамлар оғизлари очилиб, қараб қолишди. Улардан юқорироқларда осмонда бир қанча вертолет айланиб юрарди. Мен уларни мабодо террорчилар ҳужум қилиб қолса, шуни қайтаргани учиб юрипти деб ўйлаган эдим, йўқ, бирпасдан кейин вертолетлардан аллақандай думалоқ нарсалар ташланди-да, улар ҳам осмонда ранг-баранг Олимпия ҳалқаларини ҳосил қилди. Кейин парашютчилар вертолетлардан сакрашди. Улар стадионда қўнишга яқинлаб қолишгандагина ранги-рўйларини аниқ ажратиш мумкин бўлиб қолди.
–О-о-о-о! – дея завқини яшира олмай хитоб қиларди ёнимда Ли. Стадионнинг ҳамма минбарларидан бирваракайига каптарлар парвоз қилганда уларни томоша қилишга ортиқ ҳолим қолмаган эди. Маросим охирлаб қолган эди. Мен англаб етдим – шу пайт мобайнида кўнглимда бир савол тинмай ғимирлаб турган экан: «Ватан дегани надир?» Фақат бир нарса аниқ эди – бу саволга қирқ уч йил аввал – Япония урушда ютқазган кезларда жавоб бермоқ керак эди. Гарчи мен ҳар куни университетда маъруза ўқисам-да, маърузамда давлатлар ўртасида савдо-сотиқ тўғрисида, хорижда хусусий компанияларнинг тарқалиши ҳақида гапирсам-да, Сеулдаги маросим вақтида ҳозиргина менга намоён бўлган «Ватан» тушунчасининг лоақал бир қисмини ҳам билмаган эканман. Бизда кўпгина ходимларимиз то уларни хорижга хизмат сафарларига жўнатмагунларича бу саволни хаёлларига ҳам келтирмайди. «Ватан» тушунчаси ҳамма учун бўлмаса-да, лоақал мен учун ҳамиша ғайришуурий бир тушунча сифатида юрагимнинг энг овлоқ пучмоқларида яшаб келган. Сун Кен бу ерга туристлар билан эмас, ўз оиласи билан бирга келганда кўп яхши иш бўларди. Афтидан, Ли қизини ўзи билан бирга олиб келишни истамаган, мен эса унга шундай қилса, маъқул бўлишини тузукроқ уқдира олмаган кўринаман. Эҳтимол, у ўзининг саросималигини Сун Кенга кўрсатишни истамагандир. Эҳтимол, Ли бошқа нарсадан қўрққандир – яхши кўрган ва ифтихор қиладиган мамлакати унинг кутганидай бўлиб чиқмаса, буни қизига ҳеч нарса деб изоҳлаб беролмаслигидан чўчигандир. Шунинг учун ҳам у аввал бу ерга фақат хотини билан келишни истагандир – бу Ли кўникиб қолган одатдаги тақиқлардан бири бўлган бўлса, ажаб эмас.
Маросимдан бир ҳафта ўтгач, биз Пусанда учрашдик. Мен К. университетидаги ўз кабинетимга қайтдим, эр-хотин Лилар ўзлари туғилиб ўсган Кенжу шаҳрига боришди. Пусандан Японияга биз бирга қайтишга аҳдлашиб қўйгандик. Меҳмонхона холлида Ли гўё биз кўп йиллардан бери кўришмаган қадрдонлардай мени қучоқ очиб кутиб олди.
– Уэда-сан, жуда ҳам Японияга қайтгим келиб кетди, – деди у кутилмаганда. Унинг товушида ёшлигида марксизм-ленинизм тўғрисида, халқаро вазият ҳақида гапиргандаги оҳангдан ному-нишон ҳам йўқ эди. Мен Кенжуда нимадир рўй берганини пайқадим ва Ен Хига қарадим. У бошини қуйи туширди. Кейин дабдурустдан ёрилди:
– Менга қаранг, бу одам – ғирт девона. Сафаримиз давомида биз жуда кўп нарсадан ҳадиксираб юрдик. Аммо ҳеч нарса рўй бермади. Ҳеч нарса. Аксинча, Кенжуда бизни Сун Кен излаб топди, биз қариндошимиз билан учрашдик.
– Сун Кен дейсизми? Қариндошлар билан дейсизми? – ҳайрон бўлиб такрорладим мен.
– Ҳа, шунақа, – деб хотинининг гапини тасдиқлади Ли.
Уларнинг чалакам-чатти сўзларидан шуни тушундимки, улар Кенжуда Сун Кенни учратиб қолишипти. Сун Кен бир гуруҳ саёҳатчиларни Пулькукдаги буддавийлар эҳромини томоша қилишга олиб келган экан. Афтидан, онаси билан қизи бу учрашувни олдиндан режалаштириб қўйишган бўлишса керак. Қариндошларининг исми Ю Ен Хи экан. У Лининг отасига узоқ қариндош бўларкан. Бу одам ўзининг кўримсизлиги туфайли иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин японлар билан ҳамкорлик қилган одамларни таъқиб қилганларида ҳам, Шимол Жанубга бостириб кирган кезларда ҳам, кейин америка қўшинлари қайта ҳужумга ўтган чоқларда ҳам омон қолган. Унинг гапларига қараганда, оилавий ривоятлардан унга Япониянинг қаеридадир ишлари жуда юришиб кетган амакиси борлиги маълум экан. Ю Ен Хи қариндоши билан учрашмоқни ўзи учун шараф деб билишини айтди. Ли буни эшитиб, ғоятда мутаассирланипти. Кечқурун таом тепасида учрашганларида Ли унинг болалиги тўғрисидаги ҳикоясини эшитипти. Унинг болалиги Корея уруши даврига тўғри келган экан. Ли одамлардан студентлик йилларидаёқ эшитган гапларида муболаға йўқлигига ишонч ҳосил қилипти. Уруш тамом бўлган йили Ю Ен Хан энди беш ёшга тўлган экан. У японларнинг мустамлака йилларидаги ҳукмронлиги тўғрисида деярлик ҳеч нарсани эслаб қолган эмас. Афтидан, бу одам Японияда Лининг бошига тушган қийинчиликларни яхши тушунган эмас. У жуда қизишиб гапирар, гаплари анча туманли эди, қайси гапи жиддий-у, қайси гапини шунчаки манзират юзасидан айтяпти – ажратиб олиш қийин эди.
– Бизнинг мамлакатимиз билан Япония – бир-бирига қўшни. Модомики, улар Осиёда етакчи ўрин тутишар экан, ўзларининг дўстона алоқаларини мустаҳкамлашлари керак. Аминманки, Японияда ишлари юришиб кетган амаким бу борада жуда катта роль ўйнайди. Агар Ли амаким бу ерда – Кенжуда бирор иш бошламоқ ниятида экан, ижозатингиз билан бу ишда мен кўмаклашсам. Ахир, бизнес дегани чегара билмайди-ку.
Унинг сўзларига қараганда Кенжу қадимги Хитой пойтахти Сианга ўхшайди – унда ҳам қадимий тарихий ёдгорликлари кўп. Бироқ фурсати келиб. бу шаҳар ҳам дунё туристларининг машҳур марказларидан бири бўлиб қолади. Агар ҳозир кўчмас мулк соҳасига сармоя ётқизилса, жуда тез фурсатда бойиб кетиш мумкин ва «амаким, – деди Ю Ен Хан, – бу ерларга айни шу мақсадда келган».
Ли Соккурам чўққисига кўтарилди, Куен соҳилидаги қирол Мун Мунинг сув остидаги мақбарасига қаради, Кенжу тез ривожланиб келаётган саноат марказига яқин ерда жойлашган эканига харитага қараб яна бир бор гувоҳ бўлди. Буларнинг бари унда мураккаб туйғулар ҳосил қилди, у ўз қариндошининг гаплари тўғри эканига яна бир марта ишонч ҳосил қилди. Жанубий Корея ҳукумати хорижий фуқароларга ҳали ерга эгалик қилишга ва хўжалик ҳаётининг кўпгина соҳаларида иштирок этишга рухсат бергани йўқ эди.
– Юридик нуқтаи назардан мен бу ерда хориж фуқароси ҳисобланаман.
Буларнинг барини Ли менга Пусанда рестораннинг алоҳида хонасида ўтириб, гапириб берди. Пусан мол тилидан пиширилган шўрваси билан шуҳрат қозонган.
– Агар Ю Ен Хан билан ўртамизда ўтган гап-сўзларга қайтадиган бўлсак, мен тушунолмай қолдим –мени бу ерда ким деб қабул қилишяпти – ватандош дебми ёки япон дебми? Э Уэда-сан, сен нима деб ўйлайсан – чиндан ҳам тадбиркорлик чегара билмайдими? Бошқариш илми бу тўғрида нима дейди?
– Сирасини айтганда, ўйлаб кўрадиган бўлсак, бу ерда сенинг аҳволинг ўзига яраша устунликка ҳам эга, – деб жавоб бердим мен.
Буларнинг барчаси мени ҳам ташвишлантирарди. Лига далда бермоқчи бўлиб, ҳаммага маълум гапларни гапира бошладим.
– Умуман олганда, иқтисодиёт — байналмилал ҳодиса. Ҳамма нарсадан кўпроқ бу гап пулга тааллуқли. Сўнгги пайтларда Европа Иттифоқига кирадиган мамлакатлар ўз валюталаридан ташқари яна экю деб аталган муштарак валютадан ҳам фойдалана бошладилар. Негаки, шундай қилинса, қулайроқ. Менинг назаримда, ҳадемай шундай кунлар ҳам келадики, бир жойда мустаҳкам томир ёймаслик ҳар нарсадан яхши бўлиб қолади.
Ли менинг гапларимни тўхтатмоқчи бўлгандай олдинга талпиниб, залворли қўлларини кўтарди.
– Уэда-сан, мен-чи? Мен нима қилай энди? Мен Кенжуга бориб, у ерда одамлар билан бир неча соат мобайнида гаплашдим. Негаки, мен хотирамда ўрнашиб қолган шаҳарни излаган эдим. Бир қанча йўллар у ерда туташиб кетади ва ҳаммалари шаҳарнинг марказий майдонида бирлашади. У ерда жуда катта бир дарахт ўсади, ҳамма отини шу дарахтга боғлайди. Отлар пашшаларини қўриб, думларини қандай силкитганлари ҳали ҳам эсимда. Қишда бу ерга аравалар келади, уларнинг устига баланд қилиб карамлар ортилган бўлади. Булардан ташқари яна темирчилар бор эди. Улар болғалари билан қизиган темирларни уришганида, билаклари, мушаклари таранг тортилиб, ялтираганларини кўрганман. Уэда-сан, мен Кореяни ўзимча шундай тасаввур қиламан: азонлаб эрта тонгда бу ерда, албатта, хўроз қичқирмоғи керак, совуқ қиш тунларида эса олис-олислардан итларнинг вовиллашлари қулоққа чалиниб турмоғи лозим.
Ли кафтларининг чизиқларида кўпдан йўқотган нарсаларини кўрмоқчи бўлгандай, уларни кўтариб кўзига олиб борди.
– Олимпиадада жуда яхши бўлди. Корея биринчи даражали мамлакатлар сафига ўтибди. Бу очиқ-ойдин кўриниб турипти. Бироқ мен нима қилмоғим керак? Мен қаерда бўлмоғим керак?
– Сен бироз чарчабсан, дўстим.
Ен Хи ҳар қачонгидан ҳам назокатлироқ ҳаракат билан қўлини унинг кафтларига қўйди. Лида бир вақтлардаги навқирон йигитдан ҳеч нарса қолмапти. У пайтларда Ли назариячи ҳисобланарди, ҳар масалада баҳсга киришаверарди, тенгқур талабалар ичида фақатгина марксизм-ленинизмнигина эмас, балки буддавийлик фалсафасини ҳам жуда чуқур билиши билан ажралиб турарди. Унинг бутун юзини иягидан бошлаб, қулоғини тагигача чуқур ажинлар қоплаган эди, шунинг учун кўзлари, айниқса, ғоятда маънодор кўринарди.
– Ҳар нима деганингда ҳам, сен Кореяда биринчи марта бўлишинг. Бу ерда ёшларгина ўзини худди балиқ сув ичида ҳис қилгандек бемалол ҳис қилади. Мана, Сун Кен уч жуфт америкалик эр-хотинлар билан бирга келипти – инглиз тилини қачон бунчалик ўргана қолдийкин бу зумраша? Ажнабийлардан сира тап тортмайди-я! У америкаликларга қараб бир сайраб кетса, уларнинг оғзи очилиб қолади-я: мана, ҳозир биз Тахамун дарвозаси олдида турибмиз, энди Чхоньунка кўпригидан ўтамиз, кейин Покуньке кўпригидан сўнг буддавий эҳромлар дунёсига бориб қоламиз. Лекин ҳар қанча айлантирсанг ҳам, барибир, у — япон қизи. Жўғрофий номларни япончасига талаффуз этади. Шунинг учун ҳам бу ерда унинг тилига тушунаверишмайди.
Ен Хи Лини одатдаги қувноқ кайфиятига қайтаришга ҳаракат қиларди. Аммо дил-дилида у ҳам хориганини ҳис қиларди. Шунинг учун ҳам Ен Хи аёлларга хос назокат билан, гўё эҳтироссизгина бир тарзда ўз қизини япон қизи деб атади. Яна ким билади, дейсиз – эҳтимолки, она ҳам қизининг феъли-атворидаги эврилишларни пайқагандир ва у ҳам Япония билан Жанубий Корея тўғрисида Шарқий Осиёдаги бир-бирига яқин қўшнилар тўғрисида гапиргандек хотиржам гапира бошлагандир. Айтганча, ҳаётдаги ҳар хил шароитларда матонатини йўқотмайдиган Ли айни хотини кўчмас мулк билан садво-сотиқ қиладиган компаниянинг президенти лавозимида ўрнашиб қолганини назардан соқит қилиб бўлмайди. Ҳолбуки, менинг назаримда бу иш унинг табиатига унча мос келмас эди. Афтидан, биз дастурхон теварагида гурунглашиб ўтирар эканмиз, Ен Хи менинг япон эканимни паққос унутиб юборди, шекилли, бемалол мулоҳаза юрита бошлади:
– Моҳиятан олганда, японларни бошқалардан ажратиб турадиган жиҳати шундаки, уларнинг мамлакати оролларда жойлашган. Шунинг учун ҳам улар хорижий нарсаларнинг ҳаммасини рад этадилар – буни камситиш деб атаса ҳам бўлаверади.
Шу ерга келганда у бирдан ҳушёр тортди ва тилини тишлаб қолди.
– Вой шўрим, жаноб Уэданинг япон эканини паққос унутиб қўйибман-ку?
Хотинининг гапларини тинглаб ўтириб, Ли бироз тинчиди шекилли, ё бўлмаса, маҳаллий шароб унга яхши таъсир кўрсатдимикан?
– Эртага жуда яхши бир сафар бор-да, – дедим мен. – Афсус, Ен Хи хоним биз билан бирга боролмайдилар.
Гап шундаки, эртасига эрталаб у ишини тугатган Сун Кен билан Японияга жўнаб кетмоқчи эди. Мен Ли билан ёлғиз қолишимни ўйлаб, бироз ташвишда эдим. Саёҳатимиз учун Жанубий Кореядаги кема қурувчи компаниялардан бири вертолет бериб турмоқчи эди. Мен бу компаниянинг бошқарув масалаларида илмий маслаҳатчи сифатида ҳар хил юмушларини бажариб турар эдим. Биз Ли билан бирга жанубга йўл олишга аҳд қилдик. Жанубда, денгизда ороллари кўп эди.
Эртасига эрталаб ҳаммамиз Пусандаги осмонўпар иморатлардан бирининг томига жойлашган вертолет майдончасига етиб борганимизда мен армияда махфий тарзда кучайтирилган тайёргарлик тартиби жорий қилинганини билдим. Денгиз томонидан террористларнинг хуруж қилиб қолишлари мумкинлиги тўғрисида ахборот олинган экан. Террорчилар Олимпиадага қарши қўпорувчилик ишларини амалга оширмоқлари мумкин экан. Юкларимизни тинтиб кўришди ва Олимпия ўйинлари билан боғлиқ одамларга берилган шахсий гувоҳномаларимизни яна бир бора кўрсатишни талаб қилишди. Учувчига учишнинг олдиндан белгилаб қўйилган йўналишига қаттиқ риоя қилиш тайинлаб қўйилгани кўриниб турарди. Ана шу ғалваларнинг ҳаммасидан кейин биз осмондан Пусандан Чежу оролигача бўлган жойларни томоша қилдик. Бу жойлар мен кутгандан ҳам манзаралироқ экан, миллий боғ эса Чолла Намдо вилоятининг ғарбий чегараларигача чўзилиб кетган экан. Кема қурувчи компания ўзига қарашли ерларда ижарага бериладиган уйлар ва меҳмонхоналар қурмоқчи экан ва бу ишни менинг дўстим Лига топширмоқчи экан. Ли эса Японияда кўчмас мулк соҳасидаги ишлари билан довруқ қозониб, анча яхши обрў орттирган эди. Биз вертолётга чиқаётганимизда қўлимизга харита тутқазишди, унинг бир қанча жойи қизил қалам билан белгилаб қўйилган эди. Афтидан, улар меҳмонхоналар қуришга қулай деб ҳисобланган жойлар бўлса керак. Кема қурувчи компания уюштирган тушлик вақтида бизнеснинг янги шакллари бўйича ижрочи директор бизни анча-мунча хижолатга солди.
– Туризм учун чегара йўқ, бу соҳа билан шуғулланса арзийди. Агар жаноб Лига ўхшаган бир одам ватанига қайтиши тўғрисида ариза берса, менимча, унинг аризаси қондирилади.
Биз Пусанга қайтиб келдик, компания номидан бизга ҳамроҳлик қилган йигит билан меҳмонхона олдида хайрлашдик. Шунда боядан бери индамай келаётган Ли деди:
– Уэда-сан, агар чарчамаган бўлсанг, менга яна бироз вақтингни берсанг. Яна бир бора тоғ тепасидан туриб, денгизни томоша қилсам дегандим.
Мен ҳайрон бўлдим. Ли тушунтирди.
– Бу ердан Япония қўриниб турармикин-йўқми – шуни билмоқчи эдим.
Унинг қалбида кўп нарса ўзгариб кетгандек кўринарди. Мен розилигимни билдириб, бош ирғадим, биз яна меҳмонхонадан чиқиб, йўловчи кутиб турган таксига ўтирдик. Ғарбда қуёш денгизга ботмоқда эди. Биз Хуэнтэт адирида турибмиз, бу ердан Пусан портининг манзараси яққол кўриниб турипти. Қуйида Суенган дарёси кўзга ташланади, олисда Нактонган денгизга қуйилмоқда, уфқда эса биз кундузи вертолётда томоша қилган ҳудудлар тепасида қуёш шуълалари ўйнарди.
– Япония қайси томонда?
Ли буни нечукдир ҳадиксираб, аста сўради ва мен харитани очиб, Япония тўппа-тўғри чап томонда эканини кўрсатдим. Агар денгиз билан жануби-шарқ томонга борилса, Япониянинг Цусима оролига бориш мумкин. Бу орада мен кеча оқшом чоғи Ли хотини Ен Хига айтган гапини эсладим.
– Баайни Уэда-сан бу ерда туғилган-у, мен хориждан келган одамдаймиз…
Япония томонидаги денгиз аллақачон тўқ бинафша рангга кириб бўлган эди, ботаётган қуёш эса тобора пастлаб борарди. Ли япон оролларининг шакли-шамойилларини излай бошлади, шекилли. Кафтини пешонасига қўйиб, у гоҳ шарққа, гоҳ Цусима ороли томонига қарарди, мен эса унга орқамни ўгириб олиб, мириқиб қуёш ботишини томоша қилмоқда эдим. Денгизнинг соҳил сари талпинган ҳар бир мавжида қуёш шуъласи акс этарди ва сон-саноқсиз ялтироқ шуълалар биз томон елиб келаётгандай туюларди. Мен Олимпиада стадионида очилиш маросимининг охирида беш хил рангга бўялган ҳаво шарларини қўлларида кўтариб олган кичкина болалар қор кўчкисидай ёпирилиб келиб, майдонни тўлдиришганини эсладим. Кейинчалик мен университет газетаси учун ёзган мақоламда бу манзарани шундай шарҳлаган эдим: «Деярлик саксон йиллик синовлардан сўнг Кореяга ёруғ кун келди. Бутун жаҳон ҳамжамиятига шундай давлат мавжуд эканини кўрсатиб берган ҳодисаларнинг биринчи қисми хотимасини топди. Гарчи бу давлат кўпдан бери қаттиқ изтироблар чекиб келган бўлса-да, қуёш шуълалари қўйнида югуриб юрган болаларнинг овозлари бирдай жарангдор, тиниқ ва қувноқ эди».
Бу кечинмалар ҳали мени тарк этиб улгурмасдан мен қўққисдан ғаройиб бир нарсани ҳис қилгандай бўлдим. Бу мени хушёр торттирди – менинг ёнимда турган Лининг кўзларидан ёшлари шашқатор оқмоқда эди.
– Қайтиш вақти бўлди, – дедим мен Лига деярлик шивирлаб.
–Кўринмаяпти… Нима қилиш керак-а? – У менинг шивирлаганимни гўё эшитмагандай, менга қарамади ҳам, ҳатто қилт этгани ҳам йўқ. У кўзини узмай, денгизнинг олис томонларига тикиларди – унинг назарида ўша ёқларда Япония ороллари бўлиши керак эди.
Унга «кўринмаётган» нарса нима эди? Менинг хотирамда Лининг Кореядаги урушга қарши хитобномага имзо тўплашдан бош тортган пайтидаги чеҳраси липиллаб ўтди. Назаримда, Ли мени ҳозир нима учундир қоралаётгандай туюлди, мен яна унга орқамни ўгириб олдим-да, ўзимни бутун борлиғи билан кун ботишини томошо қилаётгандай қиёфага солдим. Олтин тусли ва кумуш рангли мавжлар анча камайиб қолганди. Улар қора уфқ томон елишар ва очиқ турган елпуғични эслатувчи осмон бағрига сингиб кетаётгандай туюлар эди. Ли «Япония кўринмаяпти. Ватан кўринмаяпти» деб тинмай пичирларди. Унинг сўзлари биз кўзлаб турган манзарага ва яна алланималарга тааллуқли эди. Бирдан қутичанинг қопқоғи шилқ этиб ёпилгандай бўлди – денгизнинг ранги ўзгарди ва қуёш ғойиб бўлди.
– Қани, кетдик, – дедим мен қатъийроқ оҳангда ва адирнинг пойига аста туша бошладим – у ерда бизни машина кутиб турарди.

Озод Шарафиддинов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 12-сон