Сомдев. Достонлар уммони (иккинчи китоб)

РИВОЯТНИНГ БОШЛАНИШИ

БИРИНЧИ ДОЛҒА

Гаурий қучоғидаги Вибҳу баданидан чиққан тернинг томчиси сизни ўз паноҳида асрагай; Вибҳу кўзидаги оташдан жон-пони чиқиб кетган Кама бамисоли сувли қалқондай ўзини шу томчи тер билан ҳимоя қилган эди.
Кайлас тоғида Шиванинг ўзи ганлар ичиди аълоси Пушпадантга сўзлаб берган видйадҳарлар ҳақидаги ғаройиб ривоятга қулоқ бер; Вараручи қиёфасида ерда дунёга келган Пушпадант уни Канбҳутига ҳикоя қилиб берганди; Канбҳутидан уни Гунадҳйа эшитди, Гунадҳйадан эса — Сатваҳан.
Ватс номи билан шуҳрат топган бир мамлакат бор. Ўз-ўзидан маълумки, ерда кибру ҳавосини ўлчашга қодир, осмон билан рақобат қила оладиган бир андоза бўлиши учун Парвардигор уни ўзи яратган эди. Бу мамлакатнинг қоқ ўртасида Каушанби деган бир улкан шаҳар жойлашган — бу Лакшмийнинг ишрат маскани бўлиб, ўзи ердаги нилуфар гулидир. Каушанбида пандузолар наслининг зурриёти, Шанмежайнинг ўғли, шоҳ Парикшитнинг невараси ва Абҳийманйунинг чевараси Шатаник ҳукмронлик қилар эди. Шатаникнинг энг катта бобокалони қўлларининг кучини Шиванинг қудратли қўллари синаб кўрган Аржун эди; хотинликка Шатаник ер билан малика Вишнуматини танлади; ер-ку шоҳга қимматбаҳо тожу жавоҳирларини инъом этарди, аммо Вишнумати унга ўғил фарзанд туғиб беришдан ожиз эди.
Кунларнинг бирида шоҳ шикор қилиб ўрмонда кезиб юрар экан, дарвеш Шандилйага дуч келди. Дарвешлар ичида аълоси ҳисобланмиш Шандилйа шоҳнинг тирноққа зор эканидан огоҳ бўлди-ю, Каушанбига келди. У ерда у қурбонлиқ таоми пиширди, мантр ўқиб унга дам солди ва егани маликага тутди. Кўп ўтмай шоҳ ўғил фарзандли бўлди, унга Саҳасраник деб от қўйишди ва у отасининг бир шарафига ўн шараф қўшадиган азамат йигит бўлиб етишди, афт-андомию сохт-сумбатидан унинг нечоғли саховат ва адолат одоби билан тарбия топгани мана мен деб кўриниб турарди. Бирмунча муддат ўтгач, Шатаник ўғлини валиаҳд этиб тайинлади, ўзи эса кўпроқ вақтини ҳарамда ўтказиб, салтанат ишлари ҳақида кам ўйлар эди.
Асурлар билан жанг бошланганда шоҳ Шатаник ёрдамга муҳтожлик сезиб, Шакр унга чопари Матлийни юборди. Шатаник ўғли ва салтанат ташвишларини бош вазири Йугандҳар ва сипоҳсолори Супратикка топширди-да, ўзи асурлар билан жанг қилиб, уларни тор-мор этгани Матлий билан бирга Шакр ҳузурига йўл олди. Васавнинг кўз ўнгида у Ямдантрни ва кўплаб бошқа асурларни ўлдирди, бироқ шу жангда у ўз ажалига ҳам дуч келди. Матлий унинг жасадини пойтахтга олиб келди, эрининг кетидан малика ҳам ўзини дафн гулханига нисор этди, тахт эса унинг ўғли Саҳасраник чекига тушди-қўйди. Во ажабо! Саҳасраник отамерос тахтга қадам қўяр-қўймас ер юзидаги барча шоҳларнинг боши, гўё оғир юк босиб тушгандай, бараварига қуйи эгилди.
Шу воқеадан кўп ўтмай Шакр душман устидан қозонилган ғалаба муносабати билан тантаналар ўтказди ва осмонга дўстининг ўғли Саҳасраникни таклиф қилгани Матлийни юборди. Индр боғида Саҳасраник маъбудларнинг соҳибжамол қизлар билан хушчақчақлик қилиб юришганини кўрди ва ўзи муносиб бир хотинга эга бўлмаганидан дилида қандайдир ўксиклик ҳис қилди. Шунда унинг кўнглини сезиб турган Васав деди: “Эй шоҳ, кўп ҳам қайғураверма! Истагинг бажо бўлғай. Зеро ерда аллақачон сенга муносиб ёр бўлиши тайин этиб қўйилган бир қиз дунёга келди. Бу ҳақда сенга бир ривоят сўзлаб берай, сен диққат билан қулоқ сол:

МРИГВАТИЙНИНГ ЭРГА ЧИҚИШ ҲИКОЯСИ

Кунларнинг бирида Парвардигорни кўриб, ажзи ниёз ҳосил қилгани унинг эшигига бордим. Орқамдан изма-из Видҳун деган аллақандай васу1 етиб келди. Бизлар Браҳма пойида турганимизда унинг олдига Аламбуж деган бир апсара2 ҳам яқин келди. Шамол унинг кўйлагини тортқилаб учириб юборди ва апсара қип-яланғоч бўлиб қолди, уни бу аҳволда кўриб, ҳалиги васунинг вужудини шаҳват алангаси чулғади, апсаранинг ўзи ҳам васунинг хушрўйлигига маҳлиё бўлиб, ундан кўзини узолмаётганди. Буни пайқаган Нилуфарзод Парвардигор менга қаради, мен унинг бу қараши маъносини англадим-да, ғазаб билан уларни қарғадим: “Ҳой уят-пуятни билмайдиган беҳаёлар, илоё бандалар дунёсида туғилмоқ қисматингиз бўлсин. Сизлар у ерда эр ва хотин бўлинглар!” Мана шу васу сенинг қиёфангда дунёга келди, шоҳ Саҳасраник; у Шатаникка ўғил бўлиб, ой сулоласининг безаги ҳисобланади. Ҳалиги апсара эса Айодҳйада оламга келди, у шоҳ Критварманнинг қизи бўлиб, исми Мунгватий, қисматига сенга хотин бўлиш ёзилган”.
Шу сўзлардан кейин бамисоли шамол елпиган каби шоҳнинг ишқ оташидан мажруҳ дилида муҳаббат олови лов этиб ёнди.
Шундан сўнг Шакр уни иззат-икром билан қўйиб юборди, унга ўзининг жанг аравасини инъом этди ва Саҳасраник Матлий ҳамроҳлигида пойтахти сари йўл олди.
Бироқ йўлга тушишлари ҳамон Тилўттама деган апсара унга нисбатан муҳаббат туйғусини ҳис этган ҳолда уни тўхтатди: “Шоҳим, сизга айтадиган икки оғиз гапим бор, бирпас сабр қилсинлар”. Бироқ эси-марги Мригватийда бўлган шоҳ апсаранинг овозини эшитмади ва ёнидан ўтиб кетаверди. Шунда иззат-нафси қаттиқ лат еган Тилўттаманинг чунонам ғазаби келдики, аямай қарғаб ташлади: “Гапларим қулоғингга кирмагани учун, ҳой шоҳ, сени дуойи бад қиламан: илоё ўша фикру ёдингни ўзига банд қилган моҳпоранг билан ўн тўрт йиллик ҳижрон азобида ён!” Фақат Матлийгина бу қарғишни эшитиб қолди, шоҳ эса тезроқ севгилиси васлига етишмоқ ниятида жанг аравасида Каушанби қайдасан дея елиб кетди, ҳолбуки унинг бутун хаёли Айодҳйада эди.
Сўнгра тоқатсизликдан юраги ҳапқириб-тошиб, у Югандҳар ва барча аркони давлатга Мригватий ҳақида унга Васав ҳикоя қилиб берган воқеаларни ипидан игнасигача сўзлаб берди ва бир лаҳза ҳам вақтни бой бермай, отаси критвармандан бу қизнинг қўлини сўрагани Айодҳйага совчи юборди.
Совчи Критварманга шоҳ Саҳасраник илтимосини баён қилганида у севинганидан ўзини қўярга жой тополмай, бу ҳақда дарҳол малика Калватийни бохабар қилди. Бунга жавобан малика шундай деди: “Шоҳим, қизимиз Мригватий учун Саҳасраникдай муносиб куёв топилиши амри маҳол. Эсимда, бир куни тушимда аллақандай браҳман айнан шу тўғрида менга гапирган эди”. Шунда севинчидан терисига сиғмай кетган шоҳ ота Саҳасраникнинг совчисига қизининг рақсда, қўшиқда ва бошқа санъатлардаги бор маҳоратини намойиш этди ва совчи қизнинг нафосату назокатда бемисл эканига тўла амин бўлди.
Шундай қилиб, Критварман шоҳ Саҳасраник бамисоли тўлган ойдек, бошдан-оёқ дуру жавоҳиротдан бино бўлган қизини никоҳлаб берди. Саҳасраник билан Мригватийнинг никоҳи билим билан зеҳннинг бир-бирига чатишиб кетганига ўхшарди: улардаги фазилатлар бир-бирини тўлдириб, бойитиб турарди.
Бирмунча вақт ўтгандан кейин шоҳ вазирлари бирин-кетин фарзандлар кўра бошлашди: Югандҳар ўғилли бўлиб, исмини Йаугандҳарайан қўйишди, Супратик хонадонида дунёга келган янги меҳмонни Руманват деб аташди, шоҳнинг кўнгилхушлик дамларида ёнида бўлувчи вазири эса Васантак деган ўғил фарзандга эга бўлди. Яна бир мунча муддат ўтгач, ранги қочиб, этлари тортилиб қолган малика Мригватий ҳам бўйида бўлди.
Эр бир зум кўзини узолмаган ёри кунларнинг бирида ундан шундай бир тилагини раво айлашни ўйлади: Қон тўла ҳовузда чўмилиб олмоқчи эканини айтди. Хотинининг ҳар бир хоҳишини муқаддас билгувчи шоҳ ҳожатбарорликда тенгсиз эканини яна бир бор намоён этди: ҳовуз қазиб, ичига қизил рангдаги сувни шундай тўлатиб қўйишни амр этдики, унинг қондан сира фарқи бўлмасин. Малика ҳовузда чўмилиб, аъзойи бадани қип-қизил рангга бўялгач, тўсатдан Гаруд зотидаги бир қуш учиб келди-да, маликани бир парча гўшт деб ўйлаб, шартта чанг солди, Саҳасраникнинг кайфи учгани шунчаликки, нима қилишини билмай ўзини йўқотиб қўйди, вужудидаги ботирликдан асар ҳам қолмади, гўё йиртқич маликага қўшиб, унинг бор жасоратию журъатини ҳам олиб қочиб кетгандай. У ёрини шу қадар юракдан севар эдики, чиндан ҳам қуш маликани олиб қочганига чидолмай, ҳушдан кетиб ерга қулади. Бир оздан сўнг у ўзига келганида бу ердаги ҳодисаларни илоҳий идрок билан ҳис этиб, фалакдан нозил бўлган деб унинг қошига келди. Шоҳга тасалли бериш учун у унга ўзи эшитган Тилўттама қарғиши ҳақидаги ривоятни сўзлаб берди, яқинда ўз ёрингизга эга бўласиз деб яна бир карра хотиржам қилди-да, кейин кўздан ғойиб бўлди.
“Оҳ севгилим! Бу ярамас Тилўттамнинг истаги барибир раво бўлди-я!” бошига тушган мусибат азобига чидолмай шоҳ қайта-қайта шу гапни такрорлар эди. Бироқ у қанақа қарғиш эканини яхши биларди, ақориблари унга таскин-тасаллилар бера бошлашди ва шоҳ ёри билан яна дийдор кўришишига умид боғлаган кўйи ўзининг руҳини ўзи кўтаришга ҳаракат қила бошлади.
Бу орада Мригватийни кўтариб қочган қудратли қуш ўз чангалидаги ўлжа тирик малика эканлигини англади-ю, уни Шарқий тоғ устига ташлаб, Худога топширди. Қуш уни ташлаб, учиб кетгандан кейин ғам-қайғуга ботган малика қарасаки, тубсиз дарали тоғ чўққисида ётибди ва минг дод-фарёд қилгани билан бир иш келмаслигини англади. Вужудини эгнидаги танҳо ич кўйлаги билан яширишга ҳаракат қилганча у аччиқ-аччиқ йиғлади, ўлганнинг устига тепгандай ўрмондан даҳшатли бир илон чиқиб келди-да, уни ютиб юбормоқчи бўлди. Бироқ малика худо ярлақаган банда эди, кўзга кўринмайдиган бўлиб қолган илоҳий эри пайдо бўлди ва илонни ўлдириб, севикли ёрини ўлимдан сақлаб қолди. Шунда маликанинг ўзи тирик қолишни истамай, қутурган филга рўбарў бўлди, бироқ фил ҳам гўё, унга ачингандай, аяди ва тегмади. Ажабо, ўзини унинг оёғи тагига ташласа ҳам қутурган фил қўйдай ювошиб, оёқларини маликадан тортди! Ишварнинг хоҳиши билан нималар бўлмайди дейсиз!
Қоянинг энг чеккасида қорнидаги гумонаси юкидан ҳолдан тойиб тик турган кўйи малика эрини эслади-ю, овозининг борича дод солиб йиғлади. Унинг фарёди мева ва илдизлар тергани ўрмонга келган бир ёш дарвешнинг қулоғига чалинди. У бошдан-оёқ ғам-ҳасрат тажассумига айланган маликага яқин борди-да, нима бўлганини ва бу ерга қандай келиб қолганини суриштира бошлади. Жувонга қўлидан келганча таскин-тасалли бериб, азбаройи раҳми келганидан йигит уни дарвеш Жамдагни бошпанасига олиб борди.
У ерда бамисоли ҳамдардлик тажассуми каби Жамдагни маликани кутиб олди, дарвешнинг атрофидан шундай ёрқин нур таралиб турардики, гўё Шарқий тоғда ҳеч қачон қуёш ботмайдигандек. Жувон ўзини дарвеш оёғига ташлади, ёрдамга муҳтож ҳар қандай одамдан меҳру мурувватини аямайдиган бу дарвеш ўзининг ниҳоний нарсаларни ҳам кўришга қодир нигоҳлари билан шўрлик аёл қаттиқ мусибатга гирифтор бўлганини пайқади ва унга қараб деди: “Менинг мана шу маконимда, қизим, сен ўғил туғасан — у ўз отаси наслининг таянчи бўлажак. Эринг билан дийдор кўришув ҳам тақдирингга ёзиб қўйилган, бу ёғидан кўнглинг тўқ бўлсин!”
Дарвеш шу гапларни айтди ва оқкўнгил Мригватий дилида эри билан дийдор кўришиш умиди билан шу масканда яшаб қолди.
Бирмунча вақт ўтгандан кейин, яхшиларга эргашган рўшноликка етмай қолмас деганларидек, тонгдан ҳам беғубор жувон дунёдаги энг олий хазина — ўғил фарзандга эга бўлди. “Удаян исмли буюк шоҳ дунёга келди. У буюк шараф эгаси бўлгай ва бутун видйадҳарлар устидан ҳукмронлик қилгай!” — шу лаҳзада осмону фалакни тутиб ана шундай сўзлар янгради ва бу сўзлар Мригватийнинг севинч нималигини аллақачонлар унутиб юборган қалбини фараҳларга тўлдирди.
Кичкина Удаян дарвешлар масканида аста-секин улғая бошлади ва у билан бирга унинг тенгқурлари ҳам ўзларига хос бўлган олий фазилатлар билан вояга ета бошладилар. Жамдагни назорати остида у кшатрийлар адо этиши лозим бўлган барча мажбуриятларни бажарар, турли фанларни қунт билан ўрганар эди, суяги қотиб, йигит ёшига етгач эса ҳарбий санъатни ҳам ўрганди. Онаси Мригватий ҳам азбаройи фарзандлик муҳаббати важидан эри Саҳасраник номи ўйиб ёзилган билагузукни қўлидан ечди-да, ўғлининг қўлига тақиб қўйди.
Кунларнинг бирида ўрмонда оҳу овлаб юрар экан, йигитча ёввойи тоғлик тутиб олган бир илонни кўриб қолди. Чиройли илонга раҳми келиб, Удаян ҳалиги тоғликка қараб деди: “Илтимос, бу илонни қўйиб юбор”. Бунга жавобан тоғлик деди: “Тақсир, менинг бутун тирикчилигим мана шу илондан ўтиб турибди. Мен бир камбағал одамман, илон ўргатиш билан бир кунимни кўриб юрибман. Олдин бисотимда бўлган илон ўлиб қолди, бу илонни тутиб олгунча ўрмонда озмунча сарсон бўлмадим. Дуою афсунлар ва ноёб гиёҳлар ёрдамида мен уни зўрға қўлга ўргатиб олдим”. Тоғликнинг сўзларини эшитиб, олижаноб Удаян онасидан олган билагузукни унга ҳадя қилди ва илонни озод этди.
Билагузукни олиб, тоғлик у ердан кетди, озод бўлган илон эса суюнганидан Удаяннинг олдига ўрмалаб келди ва шундай деди: “Менинг исмим Васунеми бўлади, ўзим Васукнинг акаси бўламан. Мени қутқарганинг эвазига мана бу чолғуни ол, унинг торларидан чиққан суруд ҳар қандай одамни сел қилиб юборади, торлар чорак парда оҳангига мослаб созлаб қўйилган. Мен сенга яна бетел япроаларини ҳам инъом қиламан. Мана бу эса мўъжизакор суртма бўлади, у суртилган гулчамбар сўлиш нималигини билмайди,. Манглайга суртилган қизил бўёқ эса ҳеч қачон унниқмайди”. Илондан ана шундай ноёб тортиқлар олиб, Удаян Жамдагнининг масканига кетди, унинг қайтиб келиши оби раҳмат ёмғиридек онаси вужудини ширин ҳиссиётлар билан моломол қилди.
Энди гапни ўрмонда кезиб юриб, Удаяндан тақдир тақозоси ила шоҳ исми ўйиб ёзилган билагузукни олган ҳалиги тоғликдан эшитинг. У бозорга борди-да, билагузукни бозорга солиб кўрди. Бироқ уни шоҳ мулозимлари тутиб олишда-да, саройга олиб келишди. “Сен билагузукни қаердан олдинг?” — сўради ундан қайғули Саҳасраник. Шунда тоғлик Шарқий тоғда илон тутиб олгандан кейин билагузукка қандай эга бўлганини бир бошдан гапириб берди. Тоғликнинг гапларини диққат билан тинглаб тургандан кейин Саҳасраник бу севиклисининг билагузуги эканига амин бўлди ва ҳам севинч, ғам-қайғу аралаш туйғудан боши айланиб кетди.
Шу топ илоҳий овоз янгради: “Қарғишинг муддати тугади, шоҳ! Билиб қўй, хотининг Мригватий ўғли билан Шарқий тоғдаги Жамдагни кулбасида истиқомат қилмоқда”. Бу сўзлар фироқ ўтида куя-куя адо бўлган шоҳга шундай таъсир қилдики, жазирама иссиқдан кейин ёмғир салқинидан жон-тани яйраб кетгандай ҳис қила бошлади ўзини.
Бир дақиқа ҳам кутишга тоқати қолмаган шоҳ учун бир кун бамисоли минг кундай туюлиб кетди.
Эртасига эрталаб тоғлик етовида шоҳ Саҳасраник ўз қўшини билан севикли хотинини тезроқ қидириб топиш учун дарвешлар хонақосига йўл олди.
Буюк шоир Сомдевнинг “Достонлар уммони”даги “Ривоятга дебоча” китобининг биринчи долғаси ана шундан иборат.

ИККИНЧИ ДОЛҒА

Ўша куни шоҳ йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди ва охири бир ўрмон кўли ёқасида қўниб, чодир тиктирди. Шоҳ толиққанидан тахтиравонига чўзилди ва шу аснода Сангтак деган ровий унинг ҳузурида пайдо бўлиб, ўз санъати билан шоҳ дилининг чигилини ёзишга аҳд қилди. “Менга шундай ривоят сўзлаб берки, — илтимос қилди шоҳ, — мен чеҳраси нилуфардай тоза Мригватийни кўрадиган ўша бахтли онни бетоқат кутаётган дилимга таскин берсин”. Бунга жавобан Сангтак шундай деди: “Эй шоҳ, ўзингни ўзинг беҳуда койитма. Сенинг малика билан дийдор кўришувинг дам сайин яқинлашиб келмоқда, ахир қарғишинг муддати аллақачон тугаган-ку. Висол ва фироқ одамзодга йўргакда теккан касал. Мен айнан ана шу ҳақда бир ҳикояни сўзлаб бермоқчиман. Қулоқ сол, эй ҳукмдор:

ШРИДАТТ ва МРИГАНКАВАТИЙ ҲИКОЯСИ

Бир замонлар Малав мамлакатида бир Яжнйасўм исмли икки бор туғилган одам яшар эди. Худо берган банда эканми, кетма-кет икки ўғил кўрди ва иккиси ҳам эл севган қобил ва солиҳ фарзандлар бўлиб етишди. Улардан бирининг исми Калнемий, иккинчисиники Вигатбҳай эди. Болалар эндигина бўйга тортиб, йигитликка қадам қўяр-қўймас оталарининг куни битиб, ёруғ оламни тарк этди ва улар таълим олгани Паталипутра шаҳри томон йўл олдилар. У ерда Девшарман деган муаллим мукаммал билим билан бирга йигитларга иккала қизини никоҳлаб ҳам берди — буни муаллимнинг саховати дейсизми ё йигитларга зеҳну иқтидорлари учун муносиб мукофот дейсизми, ўзингиз биласиз.
Кўп ўтмай бошқа эркакларнинг бой-бадавлат эканини кўриб, Калнемийнинг уларга ҳаваси кела бошлади. Шунда у қурбонлиқлар қилди ва маъбуда Шри Лакшмий шарафига маросим ўтказди, шу билан маъбуданинг мурувватига ноил бўлди.
Ҳиммати олий маъбуда Шри унинг кўз ўнгида пайдо бўлди-да, йигитга қараб деди: “Сен жуда бадавлат бўлиб кетасан ва шундай бир ўғил фарзанд кўрасанки, унинг пешонасига ер юзи ҳукмдори бўлиш ёзилган. Бироқ охир-оқибатда сени қароқчи сифатида қатл этадилар, чунки сен муборак қурбонлиқни нопок ниятларда адо этдинг”. Шундай дея маъбуда Шри кўздан йўқолди, Калнемий эса кўп вақт ўтмай, мил-мил бойликлар эгасига айланди. Шу билан бараварига вақти-соати билан уникида қўчқордай ўғил фарзанд дунёга келди. Ҳамма орзу-ниятлари рўёбга чиққан ота болага Шридатт деб исм қўйди, фарзанди маъбуда Шри марҳамати ила дунёга келганини биларди-да.
Йиллар ўтаверди, Шридатт улғайди ва гарчанд у браҳман бўлса ҳам камондан пайкон узиш санъатида ер юзидаги ҳамма одамлардан ўзиб кетди ва яккама-якка олишувда унинг курагини ерга теккизадигани топилмади. Бу орада Калнемийнинг акаси Вигатбҳай илон чақиб олган хотинини ўйлаб ғамга ботган кўйи гуноҳларига кафорат қилгани ўзга юртлардаги қадамжоларга кетди. Шон-шавкатидан дарак топган Шридаттни эса шоҳ Валлабҳшакти шаҳзода ўғли Викрамшактийга ўртоқ қилиб танлади. Ўзига етганча мақтанчоқ ва каландимоғ бу шаҳзода билан Шридатт, худди Бҳим ёшлигида инжиқ Дурёдҳан билан битта уйда тургандай, шу шаҳзода билан битта хонада яшай бошлади. Аванти мамлакатидан Баҳушамалик ва Важрмукти деган икки жангчи браҳман Шридаттнинг дўстлари бўлиб қолди. Декан музофотидан, вазирларнинг ўғиллари бўлган бошқа ўсмирлар ҳам уни ҳурмат қила бошлашди ва у билан дўстлашиб олишди, Шридатт уларнинг барчасини яккама-якка олишувда енгган эди. Уларнинг исмлари Маҳобал, Вйагрбҳай, Упендрбал ва Ништҳурак эди.
Кунларнинг бирида ёмғир фаслида шаҳзодага ўртоқ бўлмиш Шридатт Ганга қирғоғи бўйлаб кўнгилочар сайрда дўстлари билан биргаликда унга ҳамроҳлик қилиб юрарди. Сайр чоғида хизматкорлар шаҳзодани ўзларига ҳукмдор қилиб олишганди, Шридаттнинг дўстлари эса уни шоҳ деб эълон қилишганди. Бундан дарғазаб бўлган такаббур шаҳзода ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмай, ботир браҳманни яккама-якка олишувга чақирди. Бироқ олишувда у Шридаттга бас келолмади ва азбаройи алам қилганидан уни ўлдиришни дилига тугиб қўйди — ахир унга ҳеч ким бас келолмас эди-да! Шридатт шаҳзоданинг бу қабиҳ ниятини пайқагач, кайфи учиб кетди ва дўстлари билан биргаликда яширинишга шошилди.
Ганга соҳилидан кетиб бораркан, кўзи дарё ўртасида оқиб кетаётган бир аёлга тушди, шу туришида у сув узра ётган маъбуда Шрининг ўзгинаси эди. Аёлни сувдан олиб чиқиш учун у шартта ўзини дарёга отди, Баҳушалин бошчилигидаги олти дўсти эса қирғоқда қолди. Шридатт аёлни бошидан тутиб олди, бироқ аёл йигитни тортганча сувнинг тагига чўкиб кета бошлади ва ботир йигит ҳаял ўтмай ўзини сув тубида кўрди. Сув тубига тушгандан сўнг унинг рўпарасида Шиванинг улуғвор эҳроми намоён бўлди, сув билан аёлдан эса ном-нишон қолмаганди. Бу ғаройиб мўъжизадан ақли лол қолган Шридатт Маъбуд сиймоси олдида етти букилиб тиз чўкди, маъбуд яловида ҳўкиз суврати акс эттирилган эди. Чарчаб ҳолдан тойган Шридатт бу тунни эҳром ёнидаги боғи эрамда ўтказди.
Тонг билан у яна ўша қизни учратди; қиз бамисоли Шрининг тажассумидек бутун аёллик мукаммаллиги билан товланиб, коинот Эгаси Маъбудга сиғингани келди. Ишварга қурбонлиқ келтириб, ой талъатли қиз уйи томон равона бўлди, Шридатт эса унинг изидан тушди. Йигитнинг кўз ўнгида қизнинг кўркамликда маъбудлар кошонасидан қолишмайдиган саройи эшиклари ланг очилди ва ўзининг бутун улуғворлиги билан қиз битта-битта юриб сарой ичкарисига дохил бўлди. Шридаттга бир оғиз ҳам сўз айтмай, сарвқомат қиз хобгоҳидаги тахтиравонга чўкди ва атрофида минглаб чўрилари унга гирдикапалак бўла бошлади.
Шридатт сал нарига бориб ўтириб олди ва шу аснода соҳибжамол қиз ҳўнграб йиғлаб юборди. Унинг кўз ёшлари дув-дув оқиб кўксига тушар эди ва Шридатт кутилмаганда қизга нисбатан ҳамдардлик ҳиссини туйди. Шунда йигит ундан сўради: “Сен кимсан, ҳой соҳибжамол қиз ва сени қандай ғам бу қадар азобларга гирифтор қилмиш? Қани, гапир, балки бу ғамни аритишга менинг ёрдамим тегиб қолар?” Йиғисини базўр босиб, қиз унга шундай деб жавоб берди: “Дайтйалар» ҳукмдори Балининг минг нафар невараси бор. Шулар ичида мен Вийутпрабҳа тўнғичи бўламан. Кўп йиллар бўлдики, Вишну бобомизни асир олган, отамни эса яккама-якка олишувда ҳалок этган. Отамни ўлдириб, у бизни шаҳримиздан қувиб юборди, бизни ватанимизга қайтиб кела олмаслигимиз учун шаҳар дарвозасига бир арслонни қоровул қилиб қўйди. Шу тариқа хонадонимизда арслон, қалбимизда эса ғам-қайғу ҳукмронлик қилмоқда. Бироқ бу арслон аслида маъбуд Кубер дуойи бад қилган якшнинг ўзи бўлади. Бир вақтлар шундай аломат бўлган эдики, агар бандалардан биронтаси ўнта арслонни енгса, дуойи бад муддати тугайди. Шаҳримизга боришнинг бирор-бир иложи топиладими-йўқми деб сўраганимизда Вишнунинг ўзи бу ҳақда сўзлаб берганди. Шу боисдан, эй қаҳрамон мен сени бу ерга бандалар оламидан олиб келдим. Сен мана шу арслонни, яъники бизнинг душманимизни ҳалок айла. Агар сен уни енгсанг, у сенга Мриганкак деган шамширни инъом этгай. Ушбу шамширнинг мўъжизакор қудрати билан сен ер юзини мусаххар этгайсан ва шоҳ бўлгайсан”.
Бу сўзларин эшитиб, Шридатт қизнинг таклифига рози бўлди. Ўша кун ўтиб, эртасига тонгда дайтйа қизлар уни ўз шаҳарларига олиб бордилар. У ерда йигит дарғазаб арслонни ер тишлатди ва арслон тавқи лаънатдан халос бўлиб, инсон қиёфасига кирди. Бундан беҳад ҳурсанд бўлган арслон уни тавқи лаънатдан халос қилган ботирга ўз шамширини инъом қилди ва кўздан ғойиб бўлди. Ўша йигитнинг ҳам, асур қизларининг ҳам дилларидаги ғам-андуҳдан ном-нишон қолмади.
Шридатт эса дайтйа қизи ва унинг сингиллари билан биргаликда ер қаъридан чиқиб келган Анант аждарҳосини эсга солувчи бу ғаройиб шаҳарга кириб келди.
Дайтйа қизи Шридаттга ҳар қандай заҳардан даволовчи узукни ҳадя қилди ва йигит қиз билан танҳо қолиб, юрагида унга нисбатан кучли муҳаббат туйғусини ҳис этди.
Шунда қиз айёрлик йўлига кириб, йигитга деди: “Мана бу дарёда ғусл қилиб ол. Бироқ унга шўнғимоқчи бўлсанг, тимсоҳлардан сақланиш учун шамширни қўлингга олиб ол”. Шридатт хўп деди-да, дарёга шўнғиди ва бир вақтлар ўзини сувга отган жойдан Ганга қирғоғига сузиб чиқди. Ерости оламидан кўтарилиб ва шамширу узукни ўзида қолганини кўриб,Шридатт содир бўлган воқеалардан қаттиқ ҳайратга тушди ва шу билн бирга асур қизининг ҳийласи қурбони бўлганидан қаттиқ қайғуга ботди.
Сўнг дўстларини қидириб топиш учун у уйига қараб йўл олди, бироқ ярим йўлда у дўсти Ништҳуракка дуч келди. Ништҳурак унинг олдига яқин келди ва салом-алик қилди, кейин эса йигит билан хилватроқ жойга борди-да, дўстини сўраб-суриштирганларига жавобан унинг яқинлари ҳақида сўзлаб берди: “Сен Ганга суви остига кириб кетганингдан кейин биз сени кўп кунлар роса қидирдик ва азбаройи қаттиқ қайғурганимиздан бошимизни танамиздан жудо қилиш даражасига бордик. Бироқ шу пайт осмондан бир овоз келди: “Йигитлар, шошма-шошарлик қилманглар, дўстингиз тирик қайтиб келади”, — шундан кейин биз мақсадимиздан қайтдик. Кейин биз отанг ҳузурига йўл олдик, бироқ ярим йўлда биз томон аллақандай бир одам чопиб келди-да, қуйидагиларни айтди: “Сизларнинг энди шаҳарга киришингиз дуруст бўлмас, зеро шоҳ Валлабҳшакти дунёдани ўтди. Вазирлар якдил овоз билан тахтга Викрамшактини ўтқаздилар, у эса эртасигаёқ шоҳ бўлди ва Калнемий хонадонида пайдо бўлди. “Ўғлинг Шридатт қани?” — деб сўради у ғазабдан титраб, Калнемий эса бундай жавоб берди: “Мен билмайман”. Шунда отанг ўғлимни яшириб қўйишган деган гумонга борди ва ғазаб ичида Калнемийни ўғрилардай қозиққа ўтқазишни амр этдилар. Хотини бундан хабар топган заҳоти юраги ёрилиб кетди. Шундайин, жинояткор одамларнинг бир ёмон ишидан бошқа бир ёмон иш келиб чиқаверади. Ҳозир шу Викрамшакти ўлдириш учун Шридаттни қидириб юрибди. Сизлар Шридаттнинг дўстлари бўлганингиз боисидан маслаҳатим шу: тезроқ бу ердан қорангизни ўчиринг”. Номаълум шу сўзларни айтгандан кейин Баҳушалин бошчилигидаги сенинг бешала дўстинг чуқур қайғуга ботган кўйи ўз ватанлари Ужжайн қайтиб кетишга аҳд қилдилар. Мени эса мана шу хилват жойда қолдиришди, токи мен сени учрата олишим мумкин бўлсин, эй дўстим. Энди имилламасдан тезроқ йўлга тушайлик ва дўстларимиз билан дийдор кўришайлик”.
Ништҳуракнинг ҳикоясини эшитиб,Шридатт ота-онаси мотамидан бутунлай чўкиб қолди ва гўё улар учун қасос олишга онт ичгандай дам-бадам шамширга қараб-қараб қўяр эди. Сўнг ақлини пешлаб, у Ништҳурак билан бирга дўстлари билан учрашгани Ужжайн шаҳрига йўл олди.
Йўлда у дўстига ўзини дарёга отганидан бошлаб нимаики савдоларни кечирган бўлса, ҳаммасини ипидан-игнасигача сўзлаб берди. Бирдан Шридаттнинг йиғлаб турган бир аёлга кўзи тушди. Аёл Малавга бораётганини, бироқ йўлдан адашиб қолганини айтди ва Шридатт унга раҳми келиб, уни ўзи билан олиб олди. Йўл бўйи таскин-тасалли бериб аёлнинг кўнглини кўтарди ва ўша куни улар дам олгани ташландиқ бир шаҳарчага қўнишди. Ярим тунда Шридаттнинг уйқуси қочиб, кўзини очди ва не кўз билан кўрсинки, аёл Ништҳуракни ўлдириб, гўштини маза қилиб тушираётибди. Шунда йигит сапчиб ўрнидан турди-да, Мриганкак номли қиличини суғуриб, аёлга ташланди, аёл ўша заҳоти даҳшатли ракшасга айланди, Шридатт жодугарни сочидан тутамлаб, чопиб ташлашга чоғланган ҳам эдики, бирдан ракшас хотин илоҳий қиёфага кириб, унга деди: “Мени ўлдирма, қўйиб юбор, эй шон-шараф шайдоси! Мен зинҳор ракшас эмасман, фақат дарвеш Каушик лаънати туфайли шундай бўлиб қолганман. Бир вақтлар бойликлар эгаси мени шу дарвеш риёзатига ҳалал бергани юборган эди, зеро Вишвамитр Кубер хазинасини қўлга киритишга қилган эди. Бироқ мен ўз ҳусни таважжуҳим билан уни йўлдан оздира олмадим. ва хижолатдан уни қўрқитиш ниятида мана шундай даҳшатли қиёфага кириб олгандим. Бунинг учун дарвеш мени боплаб жазолади ва мана шундай лаънатлади: “Эй разил заифа, одамлар қотили ракшасга айланиб қол!” Сен сочимдан тутамлаганинг заҳоти унинг тавқи лаънати бўйнимдан соқит бўлиши керак эди. Шу тариқа мен малъун ракшасга айланиб, бутун шаҳар аҳлини еб битирдим. Бугун эса сен туфайли ана шу қарғиш ўз кучини йўқотди. Шу боис кўнглинг нимани хоҳласа, шуни тила!”
Унинг сўзларини диққат билан тинглаб туриб, Шридатт одоб билан жавоб берди: “Дарҳол дўстимни тирилтир. Менга шундан бошқа ҳеч қандай инъом-эҳсон керакмас!” — “Тилагинг бажо бўлгай!” — деди аёл ва йигитнинг тилагини раво айлаб, кўздан ғойиб бўлди. Ништҳурак эса тўрт мучаси соппа-соғ ўрнидан туриб кетди.
Тонг билан ҳайратланган ва қувнаган Шридатт дўсти билан биргаликда йўлга тушди ва кўп ўтмай Ужжайнга етиб келди. У ерда ҳамма унинг йўлига кўзлари тўрт бўлиб қараб турарди, осмонда пайдо бўлган булутдан товус яйраб кетганидай, каттаю кичик уни узоқдан кўриши билан қийқириб юборди. Ота-боболардан мерос қолган меҳмондорчилик одатига кўра Баҳушалин уни ўз уйига олиб кирди ва Шридатт бошидан ўтганларини сўзлаб бериб, дўстларининг саргузашт эшитишга бўлган ташналикларини қондирди. Шу тариқа Шридатт дўстлари билан Баҳушалин хонадонида яшаб қолди, дўстининг ота-оналари уларга беҳад ғамхўрликлар кўрсатди.
Кунларнинг бирида, баҳор аёмида у ва дўстлари байрам тантаналарини томоша қилгани шаҳар боғига йўл олдилар. У ерда бир нотаниш қиз билан учрашиб қолди, қиз таниқли шоҳ Бимбакнинг қизи бўлиб, у ҳам боққа томошага келган эди, жамолидан нақ баҳорнинг ўзи жилва қилиб турарди. Исми Мриганкаватий бўлган бу қиз унинг қалбини ўзига ром қилиб олди, йигитнинг катта-катта очилган кўзлари бамисоли унинг учун йигит қалбига очилган қўш дарвоза вазифасини бажарган эди. Қизнинг ҳам фавқулодда ўтли эҳтирос ила ёнган нигоҳлари дам-бадам йигитга қадалар, ошиқлар ўртасида ишқ ришталарини боғловчи узук сингари кўзга яққол ташланиб турар эди. Қиз қалин ўрмон ичига кириб кетиб, Шридатт уни кўздан йўқотди-ю, дунё кўзига қоронғи туюлиб ўзини ғоятда дилгир ҳис қила бошлади, кўзлари тиниб кетди. “Дўстим, асло умидингни узма: мен кўнглингдан нималар кечаётганини англадим. Қани юр, биз ҳам малика кетган ёққа борамиз”, — деди унга ўзгалар дилини тез англайдиган дўсти Баҳушалин. Шридатт хўп деди-да, у билан бирга қизнинг изидан кетди. Бироқ шу заҳоти қаттиқ қичқириқ эшитилди ва Шридаттнинг юраги қинидан чиқаёзди: “Тамом, тамом! Маликани илон чақиб олди”. Шунда Баҳушалин аъёнларидан бирининг олдига борди-да, унга деди: “Дўстимнинг заҳарни қайтарувчи узуги бор, у афсунгарлик илмини сув қилиб ичиб юборган”. Аъён бетўхтов Шридатт ҳузурига етиб келди ва етти букилиб тиз чўкди, сўнг шошиб-пишиб уни маликанинг қошига олиб борди. Шридатт қизга узукни тақди-да, пичирлаб афсун ўқиди ва малика қайта ҳаётга қайтди. Шунда одамлар уларни қуршаб олдилар-да, Шридатт ҳақига шарафлар ўқий бошладилар. Қизини илон чақиб олганини эшитган шоҳ Бимбак зум ўтмай унинг қошига етиб келди. Она келганидан сўнг Шридатт узукни маликада қолдириб, дўстлари билан Баҳушалиннинг уйига йўл олди ва шоҳ унга инъом этган барча олтину кумушларни Баҳушалиннинг отасига берди.
Шундан кейин маликани ўйлайвериб Шридатт шу қадар азоб чека бошладики, унинг дўстлари қандай чора кўришни билмай, саросимага тушиб қолишди. Шунда Шридаттга унинг узугини қайтариб бериш баҳонасида йигитнинг олдига маликанинг Бҳаваника исмли энг яқин дугонаси келди. Қиз унга деди: “Эй худонинг суйган бандаси! Дугонамнинг азми қарори шундай: шу бугундан ё унинг ҳаётини сақлаб қолган сен эри бўласан, ё у ажал билан никоҳдан ўтгай”. Буни эшитиб, Шридатт маликанинг дугонаси, Баҳушалин ва дўстлари билан маслаҳат қилди ва биргаликда улар шундай режа тузишди. Бунга кўра ҳийла ишлатиб, маликани билдирмай олиб қочиш, Ужжайндан Матҳурага яширинча бориб олиш ва ўша ерда яшаб қолиш керак эди. Бу режани амалга ошириш учун ким нима иш қилиш кераклигини обдон ўйлаб кўрилгандан кейин Бҳаваника кетди.
Эртасига Баҳушалин учала дўстлари ҳамроҳлигида гўё савдо ишлари билан Матҳурага жўнаб кетди. Йўл бўйи пана-пана жойларга маликани қарши олиш учун учқур тулпорлардан қўйиб қўйишди.
Бу ёқда Шридатт қандайдир қизи бор бир хотинни шаробга бўктирди-да, уларни Мриганкаватийнинг хобгоҳига олиб кирди. Сўнг Бҳаваника маликани ҳеч кимга билдирмай саройдан ташқарига олиб чиқди ва ичкарига чироқ кўтариб кириб, хобгоҳга ўт қўйди. Сарой девори тагида кутиб турган Шридатт маликани қарши олди ва биринчи бўлиб йўлга тушиши керак бўлган Баҳушалинга ҳавола қилди. Бундан ташқари ҳамроҳлик қилгани дўстларидан икки кишини ва Бҳаваникани ҳам унга қўшиб юборди.
У ёқда маст хотин билан қизи саройда ёниб кетди, одамлар эса малика билан дугонаси ёниб кетибди деган хаёлга боришди. Шридаттни эса, одатдагидек, эрталаб шаҳарда юрганини кўришди.
Эртасига кечаси ўзининг севимли шамшири Мриганкакни олиб, Шридатт аллақачон йўлга тушган севгилиси ортидан от қўйди. Азбаройи ташвишланганидан у тун бўйи бир нафас ҳам дам олмай узоқ йўл босди ва эрталаб тунқоровул шақилдоғини шақиллатганда Виндҳйа ўрмонига етиб келди.
Шу ерда унинг кўнгли турли бўлмағур хаёллардан ғам торта бошлади ва кўп ўтмай йўлда Бҳаваника ва дўстларининг пажмурда бир аҳволда ерда ётганига дуч келди. Кайфи учиб, Шридатт уларнинг олдига югурди ва улар бўлган воқеани сўзлаб беришди: “Бугун бир тўда отлиқ сарбозлар бизга ҳужум қилиб, бор йўғимизни талашди. Бизни бу аҳволга солгандан кейин сарбозлардан бири жон ҳолатда ўзини ураётган маликани отига ўнгарди-да, олиб қочди. Улар ҳали узоққа кетишгани йўқ, мана шу ёққа қараб от қўй — биз билан ишинг бўлмасин, энг аввал маликани қутқариш керак”.
Дўстлрининг даъвати билан Шридатт шоҳ қизи ортидан шамолдай учиб кетди, бироқ дўстларини ҳам кўзи қиймай, дам-бадам ортига қараб-қараб қўярди. Қувиб-қувиб, у ниҳоят сарбозларга етиб олди, маликани олиб қочган йигит ва одатдаги малика сарбозларнинг ўртасида борарди. Бир амаллаб Шридатт ҳалиги йигитгача етиб бора олди, бироқ яхшиликча маликани улардан озод қилишга кўзи етмади. Шунда Шридатт йигитнинг оёғидан судраб отдан туширди-да, ҳаволатиб боши билан қояга урди. Йигит тил тортмай ўлди, Шридатт ирғиб унинг отига минди ва унга ғазаб билан ташланган сарбозлардан бир талайини ер тишлатди. Жони омон қолганлар қарасаларки, анов-манов ботир эмас, қўрққанларидан дуч келган томонга қочиб қолишди.
Сўнг Шридатт малика Мриганкаватийни отига мингаштириб олди-да, у билан бирга дўстлари олдига қайтиб кетди. Бироқ кўп вақт ўтмай, улар пиёда юришларига тўғри келди, чунки жангда қаттиқ яраланган от ерга гуп йиқилди-ю, жон берди. Дард устига чипқон деганларидек, қўрқув ва чарчоқдан бутунлай силласи қуриган малика Мриганкаватий “сув-сув” дер эди. Шунда йигит уни ўлган от ётган жойда қолдир-да, сув қидира-қидира йўлини ҳам йўқотиб қўйди. Хуллас, бу тунни йигит чакравак қушидай нолаю афғонлар билан ўтказди.
Эрталаб у от ётган жойни топди, бироқ у ерда гўзал маликадан ном-нишон йўқ эди. Шридатт ўзини бошига тоғ ағдарилгандай ҳис қилди. Қиличи Мриганкакни ерга қўйди-да, малика кўриниб қолармикан деган умидда дарахт тепасига тирмашиб чиқа бошлади.
Бу вақтда йўлдан шабар қабиласининг бошлиғи ўтиб бормоқда эди. У дарахт ёнига келди ва қиличга кўзи тушиб, уни ердан олди. Шабарлар бошлиғини кўриб, ғамбода Шридатт дарахтдан тушиб келди ва унинг севгилиси ҳақида бирон дарак эшитган-эшитмаганини сўради.
“Менинг қишлоғимга бор. Менимча, ёринг ўша ёққа кетган. Мен ҳам тезда қайтиб келаман-да, қиличингни ўзингга топшираман”, — шабар сардори унга шундай деди ва сабрсизликдан ўзини қўйгани жой тополмаган Шридатт мулозимлари билан ўша қишлоққа жўнади. “Сен жуда чарчадинг, дамингни ол”, — деб маслаҳат беришди унга мулозимлари ва уни сардорнинг хобгоҳига олиб боришди. Шридатт ўринга таппа ташлади-ю ухлаб қолди. Уйғониб қарасаки, унинг ҳар иккала оёғи занжирбанд — тақдир унинг севгилисига етишишидаги бутун саъй-ҳаракатлари йўлини қандай боғлаб қўйган бўлса, бу ҳам шундай чандилиб ётибди. Шу тариқа у севгилиси фироғида юраги ҳасрат ўтида ёна-ёна, оҳ-воҳ қила-қила сардорнинг уйида қолиб кетди — бу қандай кўргуликки, кун-кеча омад ёр бўлиб, ёри висолига етишиб турса-ю, бугун бир лаҳзанинг ўзида бу бахтидан батамом жудо бўлиб ўтирса.
Бирмунча муддат ўтиб, унинг олдига Мўчаника исмли чўри қиз келди-да, шундай деди: “Эй ботир жангчи, сени бу жаҳаннамга қай мақсад етаклаб келмиш? Ҳозир сардор иш билан аллақаёққа кетди, лекин қайтиб келгандан кейин сени Чандик илоҳига қурбонлиқ қилиш учунгина бу ерга олиб келган, қўл-оёғингни занжирбанд этган. Сени Бҳагаватий шарафига қурбонлиқ қилишга мўлжаллаб қўйишган, ҳозирча сени об-овқатдан, кийим-кечакдан сира қисишмайди. Аммо сени озод қилишнинг бир йўли ҳам йўқ эмас, аммо бунинг учун сен бир нарсага рози бўлишинг керак. Мана шу шабарлар сардорининг Сундарий исмли қизи бор. У сени кўриб, севиб қолганидан нақ жинни бўлиб қолаёзди. Сен мана шу дугонамни хотинликка ол — ўлимдан қутуласан-қоласан”.
Чўри қизнинг гапи маъқул келиб, Шридатт жон сақлаб қолиш учун рози бўлди. Гандҳарвлар одатига кўра, у хуфия тарзда Сундарий билан никоҳдан ўтди, шу тариқа у ҳар туни кишанлардан озод бўлар эди. Кўп ўтмай “Сундарийнинг бўйида бўлди. Мўчаникадан бу ҳақда дарак топган она куёвига меҳр қўйиб қолди ва Шридаттнинг олдига келиб, иддао билан сўз қотди: “Сундарийнинг отаси Шричанд ўлгудай ёвуз одам, у сени аяб ўтирмайди, болажоним, шу боис бу ердан қорангни ўчир, аммо Сундарийни эсингдан чиқарма”. Шундай дея қайнона уни озод қилиб юборди. Шридатт эса Сундарийга, отанг Шричанд қўлига тушган шамшир аслида менга қарашли, деди-да, у ерни тарк этди.
Мунгли хаёлларга ботганча у яна таниш ўрмонга келди, Мриганкаватийдан бирон дарак топишдан у умидини узмаганди. Яхши аломатлар унга эш бўла бошлади, шаҳзода ота ўлган ва хотини ғойиб бўлган жойни қидириб топди. Сал наридан унга томон пешвоз келаётган бир овчини кўриб қолди. Овчи жуда яқинига келгандан кейин ундан, оҳу кўзли аёлни кўрмадингми, деб сўради. “Шридатт сен эмасмисан?” — ўз навбатида овчи ундан сўради ва Шридатт оғир уҳ тортиб, “Ҳа, ўша бадбахт Шридатт мен бўламан”, — деди. Шунда овчи сўз қотиб деди: “Модомики шундай экан, гапимга қулоқ сол, дўстим, мен сенга бир бошдан сўзлаб берай. Тинмай отингни айтиб чақираётган хотинингни мен мана шу ерда учратиб қолдим. Ундан нима бўлганини сўраб-суриштирдим, таскин бердим, унга азбаройи раҳмим келганидан бечора қизни ўзим билан ўрмондан қишлоғимга олиб кетдим. Бироқ у ерда пулиндлар, қабиласидан бир қанча йигитларни кўриб, қиздан хавотир ола бошладим. Кейин мен хотинингни Матҳура яқинидаги Нагстҳал қишлоғига олиб кетдим. Бу қишлоқда уни Вишвадатт деган бир кекса браҳманнинг уйида қолдирдим ва уни қимматбаҳо ёмбидек асраб-авайлашни топширдим. Хотинингдан сенинг исмингни билиб олиб, яна бу ерга қайтиб келдим. Тезда Нагстҳал қишлоғига бор-да, хотинингни қидириб топ”.
Овчининг гапларини эшитиб, Шридатт дарҳол йўлга тушди ва эртасига кечқурун Нагстҳал қишлоғига кириб келди. Вишвадаттни сўроқлаб топди, браҳман билан кўришди ва унга деди: “Овчи сизникида қолдирган хотинимни ўзимга қайтаринг”. Бунга жавобан браҳман Шридаттга деди: “Матҳурада менинг олижаноб одамлар ҳурматини қозонган таниш браҳман дўстим бор. У шоҳ Шаурсеннинг маслаҳатчиси ва руҳий устози бўлади. Мен хотинингни шунинг ихтиёрида қолдирганман, чунки бу қишлоқ сенинг хотининг учун у қадар тинч жой ҳисобланмас эди. Матҳурага тонг билан жўнайсан, ҳозир эса меникида ётиб, дамингни олиб ол».
Вишвадаттнинг гапларини эшитиб, Шридатт тунни шу ерда ўтказди, тонг билан эса, қайдасан Матҳура, деб йўлга тушди ва ўша куниёқ Матҳурага етиб келди. У қаттиқ чарчаган ва узоқ йўл юрганидан чанг-тупроққа беланган эди, шу боис шаҳар яқинида зилол сувли бир катта кўлга кўзи тушиб, унда чўмилиб олди. Чўмилаётиб, у кўлнинг тагида ўғрилар қўйиб кетган кимнингдир кўйлагини кўриб қолди, кўйлакнинг бир этагига қимматбаҳо мунчоқ тугиб қўйилган эди. Бироқ мунчоқни кўрмай, Шридатт кўйлакни олди-да, севгилиси билан дийдор кўришмоқ иштиёқида Матҳура шаҳрига кириб борди. Шаҳарда маҳаллий миршаблар кўйлакни таниб қолишди, ундан тугилган мунчоқни ҳам топишди. Шридаттни ўғри деб ўйлаб, уни ҳибсга олишди ва қандай тутиб олган бўлсалар, уни ўша алпозда шаҳар ҳокимига рўбарў қилишди. Миршаб шоҳни бор гапдан огоҳ қилди ва шоҳ Шридаттни қатл этишга фармон берди.
Шридаттни кўс ноғоралар гумбури остида қатлгоҳга олиб келишганида, уни хотини Мриганкаватий кўриб қолди. У жон ҳолатда ўзини уйида истиқомат қилиб турган вазири аъзам оёғи остига ташлади ва унга шундай деди: «Қатл этгани олиб кетишаётган одам менинг эрим бўлади». Вазири аъзам жаллодларни тўхтатди, шоҳдан изн сўради, Шридаттни озод қилди ва уни уйига олиб келди.
«Ахир бу отам Вигатбҳайнинг акаси-ку! У мусофир юртига кетган эди, энди эса тақдир тақозоси билан бу ерда вазири аъзам бўлибди!» — деди Шридатт амакисининг уйига келиб, уни танигач. У ўзини амакиси оёғи остига ташлади ва вазири аъзам лолу ҳайрон бўлганча укасининг ўғли Шридаттни базўр таниди. Шундан кейин у жигарини бағрига босиб, бошидан ўтган савдоларни бир-бир сўрай кетди. Шридатт отасининг қатл этилганидан бошлаб неки кўргиликлар кўрган бўлса, ҳаммасини миридан-сиригача ҳикоя қилиб берди, Вигатбҳай кўзларига ғилт-ғилт ёш олиб, унга деди: «Бардам бўл, ўғлим! Менинг якш зотидан бир ходимим бор. У менга беш минг от ва етмиш миллион олтин ҳадя қилган. Менинг ўғил фарзандим бўлмагани учун буларни сенга мерос қиламан». Шу гапларни айтиб, вазири аъзам Шридаттга ўз севикли ёрини қайтариб берди. Беҳисоб мол-давлатга эга бўлган Шридатт тўй қилиб, юртга ош берди.
Шундан кейин Шридатт соҳибжамол Мриганкаватий билан биргаликда амакисиникида истиқомат қила бошлади. Оппоқ нилуфарлар қонталаш кўл тунлари қандай ҳаловатбахш бўлса, бу ҳам ўшандай масрур ва мағрур ҳис қилмоқда эди ўзини. Бироқ қанчалик бахтли бўлмасин, Баҳушалин ва дўстлари ҳақидаги хаёл уни бир зум тарк этмас, бу оппоқ ой юзидаги қора доғлар каби дилининг бир четини ғашлаб турарди.
Бир куни амакиси аста Шридаттнинг қулоғига деди: «Ўғлим, шоҳ Шурсеннинг ёш бир қизи бор. Шоҳ амрига кўра мен қизни Авантий мамлакатига олиб боришим ва эрга беришим керак. Шу важдан мен уни уйимга олиб келиб қўйганман, аммо уни сенга олиб берсам дейман. Унга уйлансанг, қудратинг ошади, мен ҳам сен томонда бўламан. Шунда яқин келажакда сенга маъбуда Шри ваъда қилган салтанатни қўлга киритасан».
Улар шунга келишишди, қизни ёнларига олиб, Шридатт ва амакиси ўз тарафдорлари қўшини бошчилигида юришни бошлаб юборишди. Бироқ улар Виндҳйа ўрмонига етганларида уларга қароқчилар галаси ҳужум қилди ва пайконларни ёмғирдай ёғдиришди. Қароқчилар Шридатт қўшинини тор-мор келтирдилар, ярадор бўлиб ҳолдан тойган Шридаттнинг ўзини чандиб-боғлаб, ўз қишлоқларига олиб келишди, барча бойлигини тортиб олишди. Маъбуда ҳақига қурбонлиқ қилгани йигитни Чандик деган даҳшатли эҳромга келтиришди. Эҳром қўнғироқларининг бўғиқ жаранги гўё ажал бўлиб уни бағрига чорламоқда эди.
Бироқ шу Шридаттни унинг хотини, қишлоқ ҳокимининг қизи Сундарий кўриб қолди, у ҳам ёш ўғилчаси билан маъбудани зиёрат қилгани келган эди. У эҳромни тўлдириб турган қароқчиларни ҳайдаб юборди ва севинчидан терисига сиғмай Шридатт билан биргаликда уйига қайтиб келди. Шридатт шу қишлоқ ҳукмдори бўлиб қолди, чунки Сундарийнинг отаси ўғил фарзанди бўлмаганидан қишлоқни қизига хатлаб берган эди. У барча тарафдорларини, шу жумладан, амакисини ҳам қароқчилар асоратидан озод қилди ва душман қўлига тушган Мриганкак деган шамширини қайтиб олди. Кейин Шридатт Шурсеннинг қизига уйланди ва қудратли шоҳга айланди.
Кўп ўтмай у ўзининг ҳар икки қайнатаси: Бимбак ва Шурсенга элчилар юборди. Қизларини жонларидан ортиқ кўрганидан уларга бу никоҳ мойдай ёқиб тушди ва ўзларининг сонсиз қўшинлари ҳамроҳлигида Шридатт ҳузурига келишди. Бу ҳақда хабар топиб, унинг ҳузурига Баҳушалин ва бошқа дўстлари ҳам ташриф буюришди, барчалари ярадорликдан тузалиб чиқиб, тўрт мучалари соппа-соғайиб кетганди.
Кейин эса ўз кучларини Бимбак ва Шурсен билан бирлаштириб, қаҳрамон Шридатт отасининг қотилларига қарши юриш бошлади ва худди қурбонлиқ гулханидек, Викрамшактини ғазаб алангасида жизғанак қилиб ташлади. Баҳри муҳит билан қуршалган ерларни эгаллаб ва Мриганкаватий билан бирлашиб, Шридатт айни пайтдан бошлаб, ўзининг суюкли ёри билан бахт нашидасини сура кетди.
Шундай қилиб, шоҳ, мардона қалб одамлар узоқ давом этган айрилиқ баҳри муҳитидан омон-эсон сузиб ўтиб, маваффақият қозонишди».
Шоҳ Саҳасраник Сангтак оғзидан ана шундай ривоятни тинглади. Севгилиси атрофида у бутун тун давомида хаёлан унга етишишга интилди. Тонг отганда эса Саҳасраник хотинига пешвоз чиққани отланди ва оз бўлмаса ўзининг эзгу орзусига етишаёзди.
Бир неча кун деганда, у мурувват ила тўлган дарвеш Жамдагни масканига етиб келди, бу ерда ҳатто оҳулар ҳам ғоят эҳтиёткорлик ила улуғвор қадам ташлар эди. У ерда уни Жамдагнининг ўзи қарши олди, унинг биргина нигоҳи бамисоли тавба-тазарру тажассумидек барча гуноҳлардан фориғ қилар эди. Шоҳ уни эъзозу икром ила муборакбод қилди ва шоҳга ажойиб меҳмоннавозликлар кўрсатди. Бунга жавоб тарзида Жамдагни Саҳасраникка Мригватийни ўғилчаси билан биргаликда инъом этди ва фароғатли осойишталик ила сарафроз қилди.
Гарданларидаги дуойи бадлар соқит бўлиб, эр ва хотин ана шу тариқа висол дамларига муяссар бўлди, бир-бирларини қаттиқ соғинган кўзлари бамисоли обиҳаёт чашмаси янглиғ севинч ёшларига тўлди.
Шоҳ ҳам эндигина кўриб турган Удаянни бағрига босди ва бамисоли шоҳ баданидан униб чиққан бахт толалари билан чирмаб олгандек ўғлини узоқ вақтгача қўйиб юбормади.
Шундан сўнг шоҳ Саҳасраник Жамдагни билан хайр-хўш қилди, ўзи билан малика Мригватий ва Удаянни олиб, осойишта масканлари, ўз пойтахтлари сари йўл олди. Ҳатто оҳулар ҳам кўзларидан дув-дув ёш тўкиб, уларни мамлакат сарҳадигача кузатиб қўйишди. Йўл-йўлакай у хотинидан фироқ дамларида бошидан кечирган воқеа-ҳодисалар тафсилотини эшитиб борди, ўзи ҳам кечирган саргузаштларини ҳикоя қилиб берди. Бирмунча вақт ўтгач, уларнинг шарафига арклар ва байроқлар билан музайян этилган Каушанби шаҳрига етиб боришди. Хотини ва ўғли билан шоҳ пойтахтга кириб келди, шаҳар аҳли кўзларини катта-катта очиб қарар эдилар-у, аммо уларнинг омон-эсон қайтиб келишганига ишонмагандек сира нигоҳларини улардан узолмас эдилар.
Удаяннинг фазилатларига маҳлиё-мафтун бўлган шоҳ тезда ўғлини валиаҳд деб эълон қилди ва вазирларининг Васантак, Руманват ва Яугандҳрайан деган ўғилларини унинг малаҳатчилари қилиб тайинлади. «Бу ажойиб маслаҳатчилар ёрдамида у бутун олам устидан ҳукмронлик қилгай» — ўшанда илоҳий овоз янгради ва осмондан гуллар ёмғири ёғилди.
Шундан сўнг шоҳ салтанатнинг барча юкини ўғли зиммасига юклади, ўзи эса Мригватий билан бахт нашидасини сурди, одамзод истиқомат қиладиган оламдаги энг олий фараҳга муяссар бўлди ва ўзи ҳам доим шунга интилиб келар эди.
Бироқ кунларнинг бирида ҳаёт қувончи шоҳ қулоқлари ёнида оқ толаларни пайқаб қолди — булар хотиржамлик ва яқинлашиб келаётган кексалик даракчилари эди, афсуски бу қувонч вақтинчалик бўлиб, тезда кўздан ғойиб бўлди. Шунда шоҳ Саҳасраник салтанатда олам бахту иқболи учун ўзининг суюкли ва фуқаропарвар ўғли Удаянни қолдирди-да, дўстлари ва суюкли хотини билан биргаликда буюк сафарга тайёргарлик кўргани қорли Ҳимолай бағрига узлатга чекинди.
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга дебоча» китобининг иккинчи долғаси ана шулардан иборат.

УЧИНЧИ ДОЛҒА

Отасидан ватслар салтанатини мерос қилиб олгач, Удаян Каушанбини доруссалтана қилиб танлади, фуқароларига нисбатан адолат ила ҳукмронлик қила бошлади. Бироқ аста-секин ҳокимият тизгинини Яугандҳрайан ва бошқа вазирлар қўлига тутқазиб бораверди, ўзи эса бутунлай роҳат-фароғатга берилди. Деярли барча вақтини шикорда ўтказар ёки бир вақтлар унга Васук илон тақдим этган жарангдор созни чалиш билан машғул бўлар эди. Худди сеҳрли афсунлардек, торлардан ёқимли куйлар билан ёввойи филларни ўйнатар, қўлга ўргатиб, ҳар жойда олиб юрар эди. Ватслар шоҳи ой рухсорли маъшуқаларининг чеҳралари акс этиб турувчи шароб нўш этар, аммо бундан унинг вазирлари чеҳрасидаги сўнгги қизиллик ҳам ғойиб бўлгандек туюларди.
Шундай бўлса-да, бир ўй Удаяннинг фикру зикрини эгаллаб олганди: «Наслу насаб ва кўркамликда менга муносиб аёл зоти йўқ. Фақат Васавдатта исмли қизгина бундан мустасно. Унга қандай етишсам экан?»
Айни вақтда Ужжайндаги Чандмаҳасеннинг кўнглидан шундай гаплар кечарди: «Ёруғ оламда қизимга Удаяндан бошқа биронта ҳам мос келадиган эркак зоти йўқ. Лекин у менинг қон душманим. Уни қандай қилиб ўзимга куёв ва вассал қилиб олсам экан? Бу ерда бир найранг ишлатиш керак бўлади. Бу шоҳ шикорни ўлгудек яхши кўради, бир ўзи ўрмонда сайр қилиб юради ва фил овлайди. Шу десам, унинг шикорга қизиқишидан фойдаланаман, алдаб асир тушираман-да, бу ерга олиб келаман. У гандҳарвлар санъатидан бохабар бўлгани боис қизимни унга шогирдликка бераман ва шунда у қизимни кўриб, беихтиёр шайдо бўлиб қолади. Худо хоҳласа, шундан кейин у менга куёв ва вассал бўлиб қолади. Уни ўзимга бўйсундиришнинг шундан бошқа усули йўқдир».
Шундай қарорга келиб, Чандмаҳасен ўйлаб қўйган ишининг бароридан келиши учун Чандик эҳромига борди ва худога нолаю таваллолар қилиб, ҳамду санолар айтиб, ундан ёрдам беришини сўради. «Эй шоҳ, ниятларинг тез орада рўёбга чиққай», — осмондан нидо келди унга.
Шунда суюнганидан терисига сиғмай, Чандмаҳасен саройга қайтиб келди ва вазири Буддҳдатт билан биргаликда режасини яна бир марта муҳокама қилиб олди.
«Удаян номус-орли, иззат-нафси баланд одам, у ғараз нималигини билмайди, атрофдагиларнинг дилу жони ва қудратли қўшинга эга, оддий воситалар, дейлик, музокаралар билан иш битмайди. Аммо барибир ҳам карнайчидан бир пуф — уриниб кўриш керак», — шоҳ ўз вазири билан шунга келишди ва Чандмаҳасен ўз элчиларидан бирига амр қилди: «Тез ватслар шоҳи ҳузурига уч ва менинг номимдан қуйидагиларни айт: «Қизим, сендан гандҳарвлар санъатини ўрганишни хоҳлаб қолган. Агар сен бизга дўстона кайфиятда бўлсанг, бизникига кел-да, қизимга сабоқ бер». Шоҳнинг амри билан элчи Каушанбига равона бўлди ва ватслар шоҳига топширилган гапларни оқизмай-томизмай етказди.
Элчининг қўпол гапини эшитиб, Удаян вазири Яугандҳрайанни бир четга тортиб сўради: «Нега бундай таклиф билан мурожаат этишидан унинг мақсади нима экан?» Шоҳнинг бу сўзларига доно ва сарой ишларида тахт шаънини қаттиқ туриб ҳимоя қилувчи вазир Яугандҳрайан ўз хожасига қараб шундай жавоб айтди: «Сенинг аҳмоқона хатти-ҳаракатларинг худди чирмовуқдай ер юзи бўйлаб ғовлаб кетган: бу, улуғ шоҳ, ўша феъл-атворингнинг аччиқ ва шафқатсиз мевасидир. Зеро, сени ўз иштиёқу ҳой-ҳаваслари қулига айланган бир нусха деб ўйлаган Чандмаҳасен ўзининг соҳибжамол қизи воситасида сени тузоққа туширмоқчи, асир олмоқчи ва тумшуғингдан ип ўтказиб олмоқчи бўлаяпти, холос. Шу боис тезда зарарли айшу ишратлардан воз кеч! Ахир иллатларга ботган шоҳ тузоққа тушган фил сингари душман қўлига осонгина тушиши ҳеч кимга сир эмас-ку».
Вазирининг гапларини эшитиб туриб, ақлу заковатда ягона ватслар шоҳи Чандмаҳасенга шахсий чопарини юборди ва қуйидагиларни айтишни топширди: «Агар ростдан ҳам қизинг менга шогирд тушишни истар экан, унда уни ҳузуримга юбор!» Шундан сўнг ватслар шоҳи ўз маслаҳатчиларига қараб деди: «Мен юришга отланяпман, Чандмаҳасенни асир оламан-да, уни бу ерга олиб келаман». Бунга вазири аъзам Яугандҳрайан шундай деди: «Бўлмайдиган ишга қўл урма, шоҳим. Чандмаҳасен — қудратли шоҳ, у сендан анча-мунча кучли. Йўқ демасанг, эй олампаноҳ, мен сенга у ҳақда билганларимни сўзлаб берай:

ШОҲ ЧАНДМАҲАСЕН ҲИКОЯСИ

Ер юзида Ужжайн деган бир шаҳар бор. Бу шаҳар — коинотнинг гултожи. Сарой деворларининг чарақлашидан Амравтий хижолатга тушади. Ундаги «Маҳокал» қадамжосида Олий ҳукмрон Ҳар истиқомат қилади, шу билан у Кайлас тоғидаги ўз масканини ҳам қўлдан қўймас эди.
Шу шаҳарда ердаги ҳукмдорларнинг энг биринчиси Маҳендрварман тахт сўрар эди ва унинг отасидан қош-кўзни олгандай ўхшаш Жайсен исмли ўғли бор эди. Шу Жайсен Маҳасен деган ўғил кўрди, ўғли паҳлавон қўлларига бас келадиган паҳлавон йўқ, одамлар уни шоҳлар фили дер эди. Бир куни Маҳасен салтанат ташвишларига ботиб ўтириб, шундай хаёлни дилидан кечирди: «Қудратимга яраша белимда муносиб шамширим йўқ, наслимга яраша зоти улуғ хотиним йўқ». Шундай ўйлар билан шоҳ Чанди эҳромига борди ва туз ҳам тотмай, маъбудага ҳамду санолар айтиб, у ерда узоқ қолиб кетди. Сўнгра у баданидан бир неча бўлак гўшт кесди-да, муқаддас оловга ташлаб, қурбонлиқ расмини адо этди. Шунда унинг кўз ўнгида Чанди намоён бўлди-да, унга шундай деди: «Мен сендан розиман. Қўлимдан мана бу беқиёс шамширни ол; унинг ғайритабиий қудрати билан сен душмалардан ҳаргиз енгилмагайсен. Хотинликка эса асур Ангракнинг Ангравтий деган қизини оласан, ҳар учала оламда ундан ўтадиган соҳибжамол йўқ. Бу ерда сен адо этган даҳшатли қурбонлиқдан эсдалик сифатида эса бугундан бошлаб сенинг исминг Чандмаҳасен бўлади».
Шу гапларни айтиб ва унга шамширни топшириб, маъбуда ғойиб бўлди, хоҳиши рўёбга чиққан шоҳнинг эса кўзи мошдек очилди. Мана бу шамшир ва филлар шоҳи, қутурган Надгири, эй хожам, бамисоли Шакрнинг Айроват филига ўхшаб, шоҳнинг икки аъло хазинаси бўлиб қолди.
Шундай хазиналарга эгалигидан мамнун шоҳ Чандмаҳасен бир куни шикор қилгани қалин ўрмонга борди. Ўрмонда у баҳайбат ва даҳшатли қобонни кўриб қолди — баданидан совуқ тер чиқиб, дунё кўзига қоронғи туюлиб кетди. Шоҳнинг ҳатто энг ўткир пайконлари ҳам қобонни яралай олмади ва қобон шоҳнинг жанг аравасини абжағини чиқариб қочиб қолди ва тоғнинг тор дарасига кириб кўздан яширинди. Дарғазаб Чандмаҳасен аравани ташлаб, йиртқич изидан тушди ва қўлида биргина ёй билан ҳалиги дарага кириб борди. Узоқ юриб, охири бир катта ва гўзал шаҳарга дуч келди ва ҳайратдан ёқа ушлаганча сал наридаги бир катта кўл қирғоғига бориб ўтирди. Шу аснода унинг яқинидан юзлаб аёллар ҳамроҳлигида ҳар қандай мустаҳкам юракни бир зарбадаёқ тилка-пора қилиб ташлайдиган муҳаббат пайкони янглиғ қандайдир қиз ўтиб кетаверди. Қиз гўё бемисл муҳаббат обиҳаёти уфуриб турган нигоҳлари ила зарб бериб, шоҳнинг оёғини осмондан келтирди ва унга яқин келиб сўради: «Кимсан, ҳой яхши одам ва бу ерга нега келдинг?» Жавобан шоҳ қизга бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди. Қиз тинглаб турди-да, бирдан юраги эзилиб, қизарган кўзларидан ёш маржонлари тизилиб чиқа бошлади. «Кимсан ва нега йиғлаяпсан?» — деб сўради шоҳ ўз навбатида. Ишқ тангриси амрига итоатгўй қиз унга шундай деб жавоб берди: «Сен ортидан эргашиб келган ҳалиги қобон, эй шоҳ, Анграк исмли дайтйа бўлади, унинг қизи эса мен бўламан — Ангравтий. Бадани олмосдан ҳам қаттиқ отам уларнинг саройларидан ҳозиргина сен кўрган юз нафар хотинни ўғирлаб келдилар ва менга чўри қилиб топширдилар. Менинг йиғлаганим сабаби эса мана бундай. Ёмон қарғиш отамни қудратли асурга, ракшасга айлантириб қўйди. Сени учратиб қолиб шафқат қилганларининг боиси шундаки, отам қаттиқ чанқаган ва чарчаган эдилар. Ҳозир улар қобон қиёфасини ечиб ташлаб, ҳордиқ чиқаряптилар, уйғонганларидан кейин эса сенга шикаст етказмай қўймайдилар. Афсуски, сени қутқариб қолишимга асло кўзим етмаяпти ва шу боисдан ҳам кўзимдан дув-дув ёш тўкаяпман, сенга қаттиқ ичим ачияпти». Шоҳ Ангравтийнинг гапларини тинглаб турди-да, унга қараб деди: «Агар менга раҳминг келаётган бўлса, мен нима десам, шуни қил. Отанг уйғонганда унинг олдига бор-да, ҳўнграб йиғлай бошла. Шунда у сендан бу янглиғ куйишинг сабабини, албатта, сўрайди. Бунга жавобан сен шундай дейсан: «Сизни кимдир ўлдиргудек бўлса, менинг ҳолим не кечади? Мана шунга йиғлаяпман». Агар шундай қилсанг, сен ҳам, мен ҳам бахтли бўламиз». Ангравтий унга ҳаммасини айтганингдек дўндираман деб сўз берди. Шоҳни бир пана жойга яшириб қўйди-да, гарчи кўнгли ёмон нарсани сезиб, ғаш тортиб турса-да, асур қизи ухлаб ётган отасининг олдига борди. Ота уйғонгач, қиз ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади. Шунда дайтйа сўради: «Нега йиғлаяпсан?» — «Сизни биров ўлдириб қўйса, менинг ҳолим нима кечади?» — деб жавоб берди қиз мунгли овозда. Бунга ота кулиб қўйди-да, шундай жавоб берди: «Мени ким ҳам ўлдира оларди? Ахир аъзойи баданим олмосдан-ку. Фақат чап қўлимда бир нозик жойим бор, аммо уни камоним ҳимоя қилиб туради». Дайтйа қизига ана шу тариқа тасалли берар экан, панада турган шоҳ ҳамма гапни эшитиб олди.
Кўп ўтмай дайтйа ўрнидан турди, ғусл қилди ва тангри Ҳар номига индамай ибодат қила бошлади. Шу заҳоти шоҳ пайдо бўлди, камонини таранг тортиб, унинг қаршисига ўқдай учиб борди-да, жангга чорлади. У эса ўша-ўша сукут сақлаганча, «бирпас сабр қил» дегандек чап қўлини юқорига кўтариб, ишора қилди. Бироқ шоҳ ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмай пайкон узиб, унинг нозик қўлини яралади. Қудратли асур Анграк ҳеч ким билмайдиган жойидан ўқ еб, даҳшатли овозда дод солди-да, гумбурлаб ерга қулади. Ҳаёт билан видолашар экан, у шу сўзларни айтди: «Агар кимки мени чанқаб турган вақтимда жонимдан жудо этсаю ҳар йили соямга келиб сиғиниб турмаса, унинг беш вазири дунёдан ўтгай». Шундай деб дайтйа жон берди, шоҳ эса унинг қизи Ангравтийни олиб, Ужжайнга қайтди.
У ерда Чандмаҳасен Ангравтийга уйланди ва ундан икки ўғил кўрди. Улардан бирига Гўпалак деб, иккинчисига Палак деб исм қўйди, уларнинг дунёга келиши муносабати билан эса Индр шарафига байрам қилиб берди. Шунда мамнун бўлган маъбуд Васав шоҳнинг тушига кирди ва унга деди: «Менинг марҳаматим билан сен ер юзида мисли йўқ қизга эга бўласан». Қарангки, у айтгандай бирмунча муддат ўтиб, худо унга одам қиёфасида яратилган ойдек бир соҳибжамол қиз берди.
«Бу қиз шундай ўғил фарзанд кўрадики, у Муҳаббат тангрисининг тажассуми ва видйадҳарлар салтанатининг ҳукмдори бўлгай», — бола туғилаётганда осмондан ана шундай овозлар янгради. Қиз унга Васав муруввати ила ато этилгани учун шоҳ уни Васавдатта деб атади. Ҳозиргача у турмушга чиқмай ота уйида ўтирибди, бу бамисоли Лакшмийнинг тангрилар келиб баҳри муҳитни чайқатмагунларича сув ости ўлкасида қолиб кетганини эслатарди.
Шоҳ Чандмаҳасен ана шундай қудратли шоҳ эди, ҳақиқатан ҳам уни ҳеч ким енголмас эди, бунинг устига унинг салтанати ҳеч кимнинг қадами етмайдиган ерларда жойлашганди.
Лекин яна бир гапимга қулоқ сол, эй шоҳ. Чандмаҳасен аллақачонлардан буён сенга қизини бермоқчи бўлиб юрибди, унинг бу нияти тагида бошқа гап бор — у сенинг устингдан узил-кесил тантана қилмоқчи. Бироқ шундай бўлса-да, барибир бориб-бориб Васавдатта сенга хотин бўлса, ажаб эмас .
Ўша заҳотиёқ ватслар шоҳи юрагини Васавдатта ўғирлаб олганини ҳис этди.
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга дебоча»нинг учинчи долғаси ана шулардан иборат.

ТЎРТИНЧИ ДОЛҒА

Шундай қилиб, ватслар мамлакатининг элчиси шоҳ Чандмаҳасен ҳузурида ҳозир бўлиб, ўз хожасининг жавобини унга етказди. Элчининг гапларига қулоқ солиб турди-да, Чандмаҳамен ўйлаб қолди: «Ҳа, ватсларнинг димоғи шишган ҳукмдори бу ерга қадам ранжида қилмаслиги аниқ. Унга қизимни шундоқлигича юборишим эса одамлик шаънимга тўғри келмайди. Шунинг учун Удаянни асирга олиб, ҳийла-найранг билан бўйин эгдиришим керак». Шуларни ўйлаб ва вазирлари билан кенгаш қилиб туриб шоҳ худди ўзининг Надгири филидан бир туки ҳам бошқача бўлмаган улкан сунъий фил ясашни буюрди. Шоҳнинг амри билан шу фил ичига жангчилар жойлаштирилди-да, Виндҳйа ўрмонига олиб бориб қўйилди.
У ерда Удаян хизматида бўлган ва фил овини жонидан яхши кўрадиган айғоқчилар буни узоқданоқ пайқаб қолишди. Улар бетўхтов шоҳ қошига югуриб боришди-да, воқеадан уни воқиф этишди: «Эй худо ярлақаган ҳукмдор, Виндҳйа ўрмонида аллақандай фил айланиб юрибди. Бу ёруғ оламда филни кундуз чироқ ёқиб, топиб бўлмайди. Унинг улканлиги шунчаликки, худди ўрмонда учи осмонга етадиган тоғ чўққиси юрганга ўхшайди». Айғоқчиларнинг хабарини эшитиб, ватслар шоҳи суюнганидан уларга юз минг танга инъом этди. «Агар Надгирининг рақиби филларнинг бу Индрини қўлга ололсам, Чандмаҳасенни тор-мор қилишим ҳеч гап бўлмай қолади», кўнглидан ўтказди шоҳ. — Шунда у қизи Васавдаттани менга хотинликка беришга мажбур бўлади». Шундай хаёллар билан шоҳ тунни ўтказди-да, эртаси тонгла филни тутиш иштиёқида вазирларининг огоҳлантиришларига ҳам қарамай, айғоқчиларга йўл кўрсатиб беришни буюрди ва Виндҳйа ўрмонига йўл олди. Мунажжимларнинг юлдузлар ҳолати яхши эмаслиги, қизга эга бўлиш у ёқда турсин, қайтанга ўзи асир тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб айтган башоратларига ҳам қулоқ солмади.
Виндҳйа ўрмонига етгач, ватслар шоҳи филни чўчитиб юборишдан эҳтиёт бўлиб, қўшинига шу ерда қолишни буюрди. Ўзи эса ёлғиз айғоқчилари билан ёқимли куй таратувчи чолғусини олиб, қоп-қора ўрмон ичига кириб кетди, ўрмон ҳам унинг қайсарлиги каби ҳад-чегарасиз эди. Филнинг Виндҳйа тоғининг жанубий ёнбағрида юрганини кўришди ва узоқдан уни шоҳга кўрсатишди. Филни тутишга ҳаракат қилиб, шоҳ бир ўзи қўлидаги удда жудаям ёқимли бир куйни чалганча аста-секин унга яқинлаша бошлади.
Кечқурун қош қорайиб қолганидан ва боз устига чолғудан чиқаётган куйга азбаройи ўзи кўпроқ маҳлиё бўлганидан шоҳ қаршисида ясама фил турганини пайқамади ҳам. Фил ҳам мусиқадан роҳат қилаётгандай қулоқларини кўтариб ва лапанглатиб, гоҳ шоҳга яқин келар, гоҳ ундан узоқлашиб, тобора ўрмон ичкарисига олиб кетарди. Бир вақт филнинг қорнидан қуролланган жангчилар сакраб-сакраб тушдилар-да, ватслар ҳукмдорини ҳар тарафдан қуршаб олдилар. Уларни кўриб, шоҳ ғазаб билан ханжарини суғурди, бироқ қаршисидаги жангчилар билан жанг қилиб турганида, орқада яшириниб турганлари келиб уни қўлга олишди. Бу жангчиларнинг ишораси билан ёрдамга бошқа жангчилар етиб келди ва барчалари биргаликда ватслар шоҳини шоҳ Чандмаҳасен ҳузурига олиб боришди. Чандмаҳасен Удаянга пешвоз чиқди, уни ғоятда иззат-икромлар билан қарши олди ва у билан биргаликда Ужжайн шаҳрига равона бўлди.
У ерда ватслар шоҳини шаҳарликлар қарши олишди, у уларга кўзларга қувонч бағишловчи, аммо номуссизлик доғи билан булғанган ойга ўхшаб кўринди. Кейин шаҳар аҳли бир жойга жам бўлди ва Удаян энди қатл этилади деган фикрда унинг шавкатига ҳурмат юзасидан шундай қарорга келди: шоҳ ўзини ўзи ўлдира қолсин. Бироқ Чандмаҳасен ўз фуқароларига ватслар шоҳини қатл этмоқчи эмаслигини, балки у билан сулҳ тузиш ниятида эканлигини эълон қилди ва шу билан уларнинг ташвишига чек қўйди. Шундан сўнг у Удаянга Васавдаттага гандарҳвлар санъатини ўргатишни топширди ва унга қараб шундай деди: «Эй шоҳ, қизимга гандҳарвлар санъатини ўргатсанг, бахтинг баркамол бўлгай, ёмон хаёлларни миянгдан чиқариб ташла». Ҳақиқатан ҳам ватслар шоҳи бу қизни кўрди-ю, юраги азбаройи муҳаббат ҳиссидан жўш уриб, бошига тушган ғам-андуҳлар беиз йўқолди. Қиз ҳам кўз ва қалби билан Удаянга интилгани-интилган эди, аммо агар ҳаё унинг кўзларини яширишга мажбур этганда ҳам юрагини ким тўхтатиб қола оларди?
Шундай қилиб, Васавдаттага қўшиқ ўргатиб, ундан бир зум кўзини олмай ўтирганча ватслар шоҳи Ужжайннинг мусиқа саройида истиқомат қила бошлади. Унинг тиззасида соҳир наволар таратувчи уд чолғуси ётар, юрагидан эса анво қўшиқлар оҳанги қайнаб чиқар, онгу шуури эса Васавдаттанинг яқинлигидан бениҳоят ҳузурланмоқда эди. Гарчанд Удаян тутқин бўлса-да, Васавдатта уни бамисоли Лакшмий маъбудасидек ҳимоя қилар ва Удаянга сажда қилишдан ўзга ҳеч қандай ташвиши ҳам йўқ эди.
Бу орада ватслар шоҳининг аркони давлати Каушанбига қайтди, шоҳларининг асир тушиб қолганидан хабар топган фуқаро ғалаёнга келди. Удаянни азбаройи яхши кўришганидан фуқаролар ғазабининг чеки йўқ эди ва бир овоздан Ужжайн устига юриш қилишга азму қарор этдилар.
«Қудратли Чандмаҳасенни куч билан эгиб бўлмайди, бундан ташқари бу ватслар шоҳи ҳаётини хатар остига қўйиши мумкин. Шу боисдан очиқдан-очиқ ҳужумга ўтишимиз мақбул эмас, ақл билан иш кўришга уриниб кўришимиз керак», — Руманват фуқаролар ғазаб алангасини ана шундай сўзлар билан босди. Халқнинг тинчиганини ва унга ишонганини кўриб, доно Яугандҳрайан Руманватга ва бошқа вазирларга қарата деди: «Сизлар ҳаммангиз шу ерда қолинглар ва ҳар лаҳзада ҳушёр туринглар. Салтанатни муҳофаза қилинглар ва керакли дақиқаларда матонат кўрсатинглар, мен эса Васантак билан бирга йўлга отланаман. Ақл ёрдамида ватслар шоҳини озод қиламан ва унга заррача зиён-заҳмат етказмасдан бу ерга олиб келаман. Энг хатарли дақиқаларда ҳам ақлини йўқотмаган одам чинакам доно саналади. Бунинг устига мен афсун-дуолар билан кўринмас бўлиб қолиш фазилатига эгаман, девор орасидан ўта оламан, кишанларни парчалай оламан. Булар барчаси менга асқотиши мумкин». Шу сўзларни айтиб ва халқни Руманват ихтиёрига топшириб, Яугандҳрайан Васантак билан биргаликда Каушанбидан чиқиб кетди. Кўп ўтмай, улар бепоён Виндҳйа ўрмонига етиб келишди, Яугандҳрайаннинг ақлу заковатига, доноликка қанчалик бой, сирли режалари қанчалик махфий бўлса, ушбу ўрмон ҳам турли йиртқичлару парранда-даррандаларга шунчалик сероб, томонлари номаълум ва машъум эди. У ерда Яугандҳрайан пулинд қабиласи бошлиғининг уйига келиб қолди. Бошлиқнинг исми Пулиндак бўлиб, ватслар шоҳининг дўсти эди ва Виндҳйа тоғининг бир нишаб жойида истиқомат қиларди. У Пулиндакдан катта қўшин тўплашни, Удаянни шу йўлдан қайтариб олиб кетаётганида қўриқлаб туришини илтимос қилди.
Сўнг Васантак билан йўлда давом этиб, Яугандҳрайан бирмунча муддатдан кейин Ужжайн яқинидаги Шива эҳромига қарашли бир шмашон — ўлик куйдириладиган жойга етиб келди. Шмашонга кириб, у ерда ажал ҳиди анқиб турган веталларни кўрди, улар зимистон қўйнида дуч келган жойда кезиниб юрар, дафн гулханларидан кўтарилаётган аччиқ тутундан уларни ажратиб олиш қийин эди.
Шу лаҳзада Яугандҳрайанни кўрганидан боши осмонга етиб, Йогешвар исмли браҳмаракшас унинг олдига яқин келди-да, унга дўстона муносабат таклифини билдирди. У Яугандҳрайанга сеҳру жоду сирларини ўргатди, бунинг ёрдамида Яугандҳрайан дарҳол қиёфасини ўзгартирди, бошида битта ҳам сочи йўқ, букри, тасқара бир қарияга айланди, эгнидаги кийими шу қадар беўхшов эдики, кўрган ордам қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборарди. Кейин ўша сеҳр-жоду билан Яугандҳрайан Васантакнинг ҳам ташқи кўринишини ўзгартириб қўйди. Васантакнинг қорни кажавадай бўлиб шишиб чиқди, устидаги томирлар бўртиб ўйноқларди, башарасига одам боласи қараб бўлмасди, оғзидан сўйлоқ тишлари иршайиб чиқиб турарди.
Сўнг Яугандҳрайан Васантакни олдинга — сарой дарвозаси томон йўллади, ортидан эса бошқача қиёфада ўзи Ужжайн шаҳрига кириб борди. Бола-бақралар қуршовида рақс тушиб ва қўшиқ айтганча ҳаммани ҳайратда қолдириб, у ҳам шоҳ саройи томон йўл олди. У ерда у ўзининг башараси ва қилиқлари билан шоҳ ҳарамидаги канизакларни ҳайратга солди ва унинг ҳақидаги миш-мишлар Васавдаттанинг ҳам қулоғига бориб етди. Қиз ўша заҳоти чўрисини юбориб, уни мусиқа саройига бошлаб келишни буюрди — ахир ёшликда ўйин-кулгудан бошқа қандай ташвиш бўларди!
Мусиқа саройига кириб келиб, телбаларча кийиниб олган Яугандҳрайан шод ва қувноқ ўтирган ватслар шоҳига кўзи тушди-ю, кўзлари ёшга тўлди. У шоҳга сирли имо қилди ва шоҳ ўз вазири аъзамининг ишорасини англади. Шунда сеҳр-жоду ишлатиб, Яугандҳрайан Васавдатта ва чўрилари кўзига кўринмайдиган бўлиб олди. Фақат шоҳгина уни кўриб турарди, қолганлар эса ҳайрон бўлиб бир-биридан сўрарди: «Анови жинни дарров қаёққа ғойиб бўлди?» Атрофдагиларнинг дам-бадам шундай деяётганини эшитиб, ватслар шоҳи билдики, Яугандҳрайан сеҳр-жоду ишлатаяпти ва Васавдаттага қараб деди: «Қизгина, бориб Сарасватий шарафига ибодат қилиш учун зарур нарсаларни бу ерга олиб кел». Васавдатта «хўп» деди-да, дугоналари билан биргаликда у ердан кетди.
Шунда Яугандҳрайан одоб билан ватслар шоҳи олдига келди-да, унга кишанларни парчалайдиган дуоларни айтди, кейин удда сеҳрли куйлар чалишни ҳам ўргатиб қўйди, бу эса Васавдаттани ўзига итоатли қилишга ёрдам бериши керак эди. Кейин шоҳга шундай деди: «Эй олампаноҳ, бу ерга мен билан бирга Васавдатта ҳам келган, уни ҳам таниб олишимиз қийин, лекин у сарой дарвозаси олдида қолган. Ўша браҳман ёнингизда бўлишига ҳаракат қилинг. Сиз Васавдаттани тамоман измингиздан чиқмайдиган қилиб олганингиздан кейин у ёғига нима қилиш кераклигини айтаман, ҳозирча сизга омад тилаб қоламан, хайр!»
Шундай деб Яугандҳрайан шошиб чиқиб кетди, ўша аснода ибодат учун керакли ашқол-дашқолларни кўтариб, Васавдатта келди. Дарвоза олдида бир браҳман турибди. «Икки бор туғилганларга туҳфа тариқасида Сарасватий шарафига маросим ўтқазиш учун уни ерга чорла!» Васавдатта «хўп» деди-да, ўзининг тасқаралиги билан одамни иргантирадиган даражада хунук Васантакни олиб ичкарига киришини буюрди. Саройга кириб, ваболар шоҳини кўрган Васантак аламидан йиғлаб юборди. Бундан сир очилиб қолишидан қўрққанидан шоҳ браҳманга қараб деди: «Ҳой браҳман! Йиғлама! Мен сени бу тасқара башарадан халос қиламан. Кел, бундоқ ёнимга ўлтир!» — «Сиз жуда ҳам бағри кенг, худо берган одамсиз», — деди Васантак жавобан. Браҳманнинг қиёфаси ўзгарганини кўриб, Удаян кулиб юборди. Буни пайқаган ва Удаяннинг фикрини англаган Васантак ҳам жилмайиб қўйди, бундан унинг бадбашара турқи баттар хунуклашиб кетди. Шунда унинг кулганида бешбаттар тасқаралашганини кўриб, Васавдаттанинг ҳам шайтони келиб, кула бошлади.
Бир вақт қиз ҳазиллашиб, Васантакдан сўради: «Ҳой браҳман, айт-чи, сенинг қўлингдан нималар келади?» Браҳман жавоб берди: «Мен турли ривоятлар айтиб беришни биламан». — «Унда бизга биронта ҳикоя айтиб бер», — илтимос қилди Васавдатта. Хуллас, шоҳ қизининг илтимосини бажариш учун Васантак унга кулгили, ғалати ва завқли бир ҳикояни сўзлаб берди.

ЛЎҲАЖАНГҲ ҲИКОЯСИ

«Ер юзида Матҳура деган бир шаҳар бор — у манфур Кансниг ватани бўлади. Унда Рупаника деган бир фоҳиша аёл яшарди. Унинг кекса онаси Макарданштра унга қўшмачилик қиларди ва фоҳишанинг ишваларига мафтун бўлган ёшлар нигоҳида у бошдан-оёқ оғу бўлиб кўринарди. Бир куни ибодат вақтида фоҳишалик бурчини адо этиш учун ибодатхонага йўл олган Рупаника узоқдан бир эркакни кўриб қолди. Унинг нигоҳига тушган бу тақдир ярлақаган банда аёл қалбига шундай ғулғула солдики, фоҳиша ҳатто онаси берган барча ўгиту насиҳатларни унутиб юборди. Шунда у бир чўрисига қараб деди: «Илтимос, анови одамнинг олдига боргин-да, бугун фалончининг уйига келар экансиз, де». — «Хўп бўлади», — деб жавоб берди унга чўри ва бориб, бекач нима деб тайинлаган бўлса, бекаму кўст адо этди. Киши эса бир оз ўйланиб турди-да, чўрига деди: «Менинг исмим Лўҳажангҳ, мен браҳманман, камхарж одамман. Даргоҳи фақат бадавлат одамларга очиқ бўлган Рупаника уйига боришга менга йўл бўлсин?» — «Бекачимга сенинг пулинг керак эмас», — деб жавоб берди чўри ва Лўҳажангҳ унинг илтимосини ерда қолдирмасликка сўз берди.
Чўрисидан ҳалиги одамнинг рози бўлганини эшитиб, Рупаника уйига қайтиб келди-да, икки кўзи йўлда, сабрсизлик билан уни кута бошлади. Кўп ўтмай Лўҳажангҳ келди. Уни кўриб, қўшмачи Макарданштра ўйлади: «Бу ерга қаердан келиб қолди, тавба!» Суюниб кетган Рупаника эса кишини иззату ҳурмат билан қарши олди ва бўйнидан қучоқлаб, гул-гул яшнаганча хобгоҳига олиб кирди. Лўҳажангҳнинг кўркамлиги ва фозиллигига бутунлай мафтун қолган Рупаника агар у бўлмаганда дунёга келгани бир пул кўриниб кетиши турган гап эди. Шундан кейин Лўҳажангҳ унинг уйида қанча хоҳласа шунча қолиб кетадиган бўлиб қолди, Рупаника эса бошқа эркаклар билан учрашишни бас қилди.
Буни кўриб, Рупаниканинг онаси Макарданштра фоҳишалар мажбуриятини миридан-сиригача билганидан жуда хафа эди ва бир куни қизи билан ёлғиз қолганида унга деди: «Сен бу қашшоқнинг жуда нимасига учасан? Ўзинг билган фоҳишалар қашшоқ одамдан кўра ўлик билан ётишни афзал кўрадилар. Бунинг устига севги билан фоҳишалик осмон билан ерча фарқ қилади-ку! Ё бу эсингдан чиқдими? Севгига мубтало бўлган фоҳиша эрталабки шафақдай жуда тез сўнади. Фоҳиша дегани фақат пул учун худди яллачилардай ўзини минг муқомга солиши керак. Бу қашшоқни йўқот, ўзингни хароб қилма». Онасининг бу гапига Рупаника жаҳл билан шундай жавоб қайтарди: «Нега ундай дейсиз? Ахир мен уни жонимдан яхши кўраман. Бусиз ҳам пулим ошиб-тошиб ётибди. Бошқа менга бунақа гап қилманг!» Буни эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолган Макарданштра Лўҳажангҳни ҳайдаб юборишнинг бошқа усулини ўйлай бошлади.
Бир куни у йўлда ортидан қўлида қилич тутган мулозимларини эргаштирганча бир камбағал рожпут келаётганини кўриб қолди. Югуриб унга пешвоз чиқди-да, уни бир четга тортиб деди: «Уйимни ишратпараст бир қашшоқ, фоҳиш одам эгаллаб олган. Ҳозироқ уйимга юр-да, ўша одамни бир амаллаб чиқариб юбор. Эвазига қизимни сенга бераман».
«Яхши, — деди рожпут ва унинг уйига кирди. Бу пайтда Рупаника эҳромда, Лўҳажангҳ эса аллақаёққа чиқиб кетганди. Бироқ кўп ўтмай у қайтиб келди, ҳали ҳеч гапдан хабари йўқ, шунда рожпутнинг мулозимлари шартта унга ташланишди-да, оёқлари билан тепкилаб, қўлларига тушган нарса билан савалай кетишди, шўрликнинг соғ жойи қолмади. Кейин уни одам ахлати тўпланадиган хандаққа улоқтиришди ва Лўҳажангҳ у ердан бир амаллаб чиқиб олди-да, қочиб қолди.
Рупаника эса уйга қайтиб келиб, бор гапдан воқиф бўлгач, қаттиқ қайғуга ботди, унинг қайғуга ботганини кўриб, рожпут қандай келган бўлса, шундай кетишга мажбур бўлди.
У ёқда Лўҳажангҳ қўшмачи хотиннинг макрига чидолмай, ёруғ дунёдан этак силкиб, қадамжолар зиёратига йўл олди, зеро севиклиси билан айро тушганидан шундан ўзга чораси ҳам қолмаганди.
Юраги қўшмачи хотин қилиқларидан ўт бўлиб ёнар, баданини эса жазирама иссиқ жазиллатарди, шу боис ўрмонга кирди-да, соя-салқин бир жой қидира бошлади. Анчагача кўнгилдагидай жой учрамади. Бир вақт кўзи бир фил мурдасига тушди, унинг орқадаги катта тешигидан шоқоллар кириб, ичидаги бор нарсаларни еб битирган, филдан эса қуруқ теригина қолган эди, холос. Лўҳажангҳ ҳам орқа тешикдан филнинг ичига кирди-да, азбаройи чарчаганидан тезда ухлаб қолди, тешикдан кирган шамол унинг баданини ёқимли елпир эди.
Бироқ кўп ўтмай аллақаёқдан қоп-қора булутлар келиб осмонни қоплади-ю, челаклаб ёмғир қуя бошлади. Ёмғирдан фил териси таранглашиб, тешик беркилиб қолди, иккинчи лаҳзада тери ётган йўлдан кучли тошқин оқиб кела бошлади. Тошқин терини оқизиб кетди ва уни Ганг дарёсига итқитди, дарёда оқиб юриб-юриб, тери очиқ денгизга чиқиб кетди. У ерда Гаруда наслидан бўлган бир қуш фил терисини кўриб қолди. Ичи гўштга тўла бўлса керак деб ўйлади-да, қуш пастга иниб тушди ва уни чангалида кўтариб, нариги қирғоққа олиб бориб ташлади. У ерда қуш тумшуғи билан чўқилаб терини тешди ва ичида одам борлигини кўриб, дарҳол учиб кетди.
Шу орада қушнинг жаҳл билан пат-пат қанот қоқишидан Лўҳажангҳ уйғониб кетди ва қуш чўқилаб еган тирқишдан ташқарига чиқиб олди. Ўзини денгизнинг нариги қирғоғида турганини кўриб, у қаттиқ ҳайратга тушди ва гарчи уйғоқ бўлса-да, бари унга тушдай кўринмоқда эди. Бироқ сал нарида икки даҳшатли ракшас турганини кўрди-ю, юраги тарс ёрилаёзди, лекин ракшасларнинг ўзлари унга хавотир билан қараб турар ва яқин келгани юраклари бетламаётганди. Гап шундаки, Рамнинг уларни ер тишлатгани ҳали эсларидан чиққани йўқ эди ва Рам сингари баҳри муҳитнинг нариги томонидан сузиб ўтган одамни кўриб, юраклари така-пука бўлиб кетмоқда эди. Шериги билан маслаҳатлашиб, ракшаслардан бири шоҳ Вибҳишан ҳузурига йўл олди ва унга бўлган воқеани айтиб берди. Шоҳ Вибҳишан бир вақтлар Рамнинг қудратини ўз кўзи билан кўрган эди ва шу боисдан ҳам юртига одам зоти қадам қўйганидан хавотирга тушиб, ракшасга қараб деди: «Менга қара, азизим, ўша одамнинг олдига бор-да, дўстона тарзда унга айт, марҳамат қилиб, уйимизга қадам ранжида қилсин». — «Яхши», жавоб берди унга ракшас ва Лўҳажангҳнинг олдига қайтиб борди, қўрққанидан титраб-қақшаб унга ўз шоҳининг илтимосини етказди. Браҳман Лўҳажангҳ рози бўлди ва ўзини хотиржам кўрсатишга ҳаракат қилиб, ракшас билан бирга Ланка шаҳрига келди. Шаҳар кўчаларидан ўтиб борар экан, у олтиндан қад кўтарган осмонўпар биноларни кўриб, ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Кейин эса шоҳ саройига етиб келди ва Вабҳишан билан кўришди. Шоҳ уни дўстона қарши олди ва жавобига дуоли сўзларни эшитиб, сўради: «Ҳой браҳман, бизнинг мамлакатимизга қандай келиб қолдинг?» Бунга жавобан айёр Лўҳажангҳ шундай деди: «Мен браҳманман, исмим Лўҳажангҳ, Матҳура шаҳрида яшайман. Бир камбағал одам эдим, эҳромга бордим-да, Нараян сиймоси қаршисида ибодат қилдим, ҳар қандай емак-ичмакдан парҳез қилиб, баданимни тозаладим. Бир куни тушимга илоҳ Ҳари кирди-да, «Бор, Вибҳишаннинг олдига, унинг менга ихлоси ғоят баланд, эвазига сенга беҳисоб бойлик беради», — деди. «Мен қаердаю, Вибҳишан қаерда? — дедим мен ва ҳукмдор яна менга деди: «Йўлга туш, Вибҳишанни бугуноқ кўришга муяссар бўлгайсан!» Ҳукмдор шу гапларни айтиб бўлар-бўлмас уйғониб кетдим ва ўзимни баҳри муҳитнинг нариги томонида, яъни бу ерда кўрдим. Бошқа ҳеч нарса билмайман мен».
Лўҳажангҳ гапларини эшитиб ва Ланкага етиб келиш ниҳоятда оғирлигини билиб, Вибҳишан ўйлаб қолди: «Дарҳақиқат, агар худо ёрдам бермаганида у бу ерга келомасди». Лўҳажангҳни одамхўр ракшаслар қўлига топширмаслик учун у браҳманга қараб деди: «Сен шу ерда қол, мен сенга беҳад бойлик бераман». У бир ракшасни сал нарида жойлашган Сварнмул тоғига жўнатди ва унга ўша ёқдан Гаруд наслидан бўлган бир ёш қуш келтиришни буюрди. Қушни у бутунлай Лўҳажангҳ ихтиёрига топширди ва шуни миниб юравер, қачондир Матҳурага қайтиб кетишни кўнглинг тусаб қолса, шунда учиб кетаверасан, деди. Қушни миниб, Лўҳажангҳ Ланкани роса айланди ва аҳён-аҳёнда Вибҳишаннинг олдига тушиб, меҳмон бўлиб турди.
Бир куни у қизиқсиниб, ракшасларнинг шоҳидан сўради: «Нега Ланканинг ерлари ҳамма жойда ёғочдан?» Бунга жавобан Вибҳишан шундай воқеани сўзлаб берди: «Агар сен шу нарсага қизиқаётган бўлсанг, браҳман, гапимга қулоқ сол. Бир замонлар Кашйапнинг ўғли Гаруд ўз онасини наг қабиласи асоратидан қутқаришга азму қарор қилди, улар қўлига онаси бир қасам туфайли тушиб қолган эди. Онасини пул эвазига озод қилиш ниятида у вужудига чексиз куч бахш этадиган таомга муҳтож эди ва бу арзини отасига баён этди. Жавобига отаси шундай деди: «Баҳри муҳитда, ўғлим, ана шундай тубан шаклда дунёга келиш қарғишига сазовор бўлган улкан фил ва тошбақа яшайди. Бор, сенга ўшаларнинг гўшти куч беради». Шунда Гаруд баҳри муҳитга йўл олди, ҳар иккала жониворни тутиб олди ва уларни ейиш учун улкан калпврикш деган дарахт шохига қўниб олди. Бирдан оғирликни кўтаролмай шох синиб кетди ва у пастда риёзатга муккадан кетган балакҳиллар устига қулаб тушишдан хавотирланиб, Гаруд уни тумшуғида тутиб қолди. Кейин шохни кўтариб учди-да, бир саҳро жойга олиб бориб ташлади. Ана шу шох устидан Ланка шаҳри бунёд топган. Унинг ери ёғочданлиги шундан».
Вибҳишаннинг бу ҳикоясини эшитиб, Лўҳажангҳ мамнуният билан бош ирғаб қўйди.
Кейин Лўҳажангҳ Матҳурага кетмоқчи бўлганида Вибҳишан унга кўплаб дуру жавоҳирлар инъом қилди. Матҳурада маскун бўлган тангри Ҳарига эътиқоди боис у яна нилуфар, чўқмор, чиғаноқ ва чарх ҳам тортиқ қилди — бу нарсаларнинг барчаси олтиндан ясалган эди. Туҳфаларни олиб, Лўҳажангҳ Вибҳишан совға қилган қуш устига ўтириб, бирваракайига юз минг йўжан масофани учиб ўтишга қодир эди. Қуш осмонга кўтарилди ва баҳри муҳит осмонидан ҳеч бир қийинчиликсиз учиб ўтиб, Матҳурага етиб борди.
Қуш шаҳар атрофидаги бир ташландиқ боққа бориб қўнди, бойликларни боғнинг бир хилват жойига яширди-да, қушни боғлаб қўйди. Кейин у бозорга борди ва қимматбаҳо тошлардан бирини сотди, пулига кийим-кечак, хушбўй тутатқилар, озиқ-овқат ва бошқа майда-чуйдалар харид қилди. Боққа қайтиб келиб, у овқатланиб олди ва қушни ҳам овқатлантирди, сотиб олган янги кийимларини кийди, ўзига хушбўй моддалардан суртди, гуллар ва турли қимматбаҳо тошлар билан оро берди. Тун чўккач, қушга ўлтирди-да, ўзи билан чиғаноқ, чўқмор, чархни олиб, Рупаниканинг уйига равона бўлди. Таниш жойни кўриб, у қушни баланд ҳавода тўхтатди ва бу пайтда бир ўзи ёлғиз ўлтирган маҳбубаси диққатини тортиш учун ғалати овоз чиқарди. Бу товушни эшитиб, Рупаника уйдан чиқди ва тунги осмонда худди Нароян сингари қимматбаҳо тошларга безаниб ялт-юлт қилганча кимдир парвоз қилиб турганини кўрди.
«Мен — Тангри Ҳариман ва мен сени деб келдим, — деди у жувонга ва жувон унга таъзим бажо айлаб деди: «Тангрининг марҳаматидан бошим осмонга етгай». Шунда Лўҳажангҳ қушдан тушди ва уни боғлаб қўйиб, маҳбубаси билан унинг хобгоҳига кирди. У ерда ишқ лаззатидан баҳраманд бўлиб, Лўҳажангҳ бирмунча муддатдан кейин ташқарига чиқди, яна қушга ўлтирди-да, ҳавога кўтарилди.
«Мен — илоҳаман, Вишнунинг ёриман, оддий одамлар билан гаплашмаслигим керак», — шундай фикрлар билан Рупаника эрталаб уйқудан кўз очди ва сукут сақлашга қарор қилди. «Хўш, қизим, нега бунақа ўзингни ғалати тутяпсан?» — сўради шунда онаси Макарданштра. Сўрайвериб сира ҳол-жонига қўймагач, Рупаника онаси билан ўрталарига парда тортишни буюриб, тунда бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди. Унинг гапларини эшитиб, қўшмачи она аввалига турли шубҳаларга борди, бироқ кўп ўтмай тунда қушни миниб олган Лўҳажангҳнинг ўзини кўриб қолди. Эрталаб қўшмачи Макарданштра парда ортида турган қизининг олдига борди-да, хокисорлик билан ундан илтимос қилиб деди: «Худонинг муруввати билан, қизим, сен ёруғ оламда маъбуда рутбасига муяссар бўлмишсан. Мен сенга она бўламан, шу боис бир қиздан лозим бўлганчалик менга илтифот кўргаз. Худо хайрингни берсин, мен учун ундан тилагилки, мана шу кекса вужудим билан фалакка парвоз қилай». Рупаника онасига майли деб жавоб қилди ва унинг тилагини яна бир туни учиб келган сохта Вишну — Лўҳажангҳга баён этди.
Бунга жавобан тангри либосидаги Лўҳажангҳ маъшуқасига деди: «Онанг — ғирт аҳмоқ аёл, у очиқдан-очиқ осмонга олиб боришга арзимайди. Бироқ ҳар ойнинг ўн биринчи куни тонгида осмон дарвозаси очилади ва биринчи бўлиб ундан Шамбҳу аъёнларидан кўплаб ганлар ўтади. Онанг ана шулар орасида ўтиб олиши мумкин, башартики у ҳам ўша ганлардек кўринишга кириб ололса. Бунинг учун унинг сочини устарада қиртишлаб оласан, фақат қоқ миясида беш тутамгина соч қолдирасан, бўйнига одам бош суяклари шодасини тақиб қўясан, бир биқинига қурум суртасан, иккинчи биқинига қизил бўёқ. Эгнида битта ҳам кийим қолмасин — ечиб ташласин. У бутунлай ганларга ўхшагандан кейин мен уни осонлик билан осмонга олиб кетаман».
Шундай деб, Лўҳажангҳ Рупаника билан бир оз суҳбатлашиб ўлтирди-да, кейин кетди.
Эрталаб Рупаника онасини худди айтилганидай қилиб «ясантирди» ва яна бир бор вужуди билан осмон ҳақидаги орзуларга берилди. Кечқурун яна Лўҳажангҳ учиб келганида Рупаника онасини унинг ихтиёрига топширди. Лўҳажангҳ қуш устига чиқди, қип-яланғоч, тасқараю тараққос ҳолда қўшмачи хотинни ёнига ўтқазди. Ва у билан бирга шиддат билан кўкка кўтарилди. Осмонда парвоз қилиб кетишар экан, йигит бир эҳром олдидаги баланд устунни кўрди, устун учига бир чарх ўрнатилган эди. Шунда у қўшмачи хотинни устун учига ўтқазиб қўйди, энди у фақат чархдан ушлаб жон сақлаб тура олар эди, холос. Аҳмоқ хотин у ерда қора қилмишлари учун ажр тимсоли сифатида кўтарилиб турарди. «Сен шу ерда бирпас ўтира тур, мен унгача ерга нозил бўлиб, марҳаматим билан сарафроз қилиб келай», — шундай деди-да, Лўҳажангҳ кўздан ғойиб бўлди.
Бирмунча муддат ўтиб, у бу тунни эҳром олдида ухламай ўтказиб, байрам бошланишини кутгани келган одамларни кўрди ва осмондан туриб садо берди: «Ҳой одамлар, бугуннинг ўзидаёқ мана шу жойда осмони фалакдан ҳамма нарсанинг ғоратгари бўлмиш Маъбуда Вабо нозил бўлғусидир, шу боис тангри Ҳаридан паноҳ истанг». Ҳавода шу сўзлар жаранглаганда у ерда тўпланган бутун Матҳура аҳолиси даҳшатдан худога зору таваллолар қилганча мусибатдан омон сақла деб бараварига дуолар ўқий бошлади. Луҳажангҳ эса осмондан тушиб келиб, эгнидаги тангри либосини ечиб ташлади-да, ҳеч кимга билдирмай, оломон орасига кириб кетди, аммо у ҳаммани бирдек кузатиб турарди.
«Нега тангри бунчалик ҳаяллаб қолди экан, осмони фалакка қачон етаман?» — деб ўйларди устун учида қолиб кетган қўшмачи хотин. Шунда чархдан тутиб туришга ортиқ мажоли қолмагандай туюлиб кетди-ю, ўтакаси ёрилиб дод сола бошлади: «Вой-дод! Йиқилаяпман!»
Эҳром ҳовлисида тўпланган халойиқ эса унинг овозини эшитиб, Маъбуда Вабо йиқилиб тушаяпти деб ўйлади. Шунда одамлар ҳаяжон ичида қичқира бошлашди: «Йиқилма, йиқилма, маъбуда!»
Вабонинг йиқилиб тушишидан қўрқиб кетган Матҳура аҳолиси бу тунни бир амаллаб ўтказди. Эрталаб эса барчалари шоҳ бошчилигида устун учида ўтирган қўшмачи хотинни кўришди, хотин кулгили бир аҳволда бўлса ҳам барибир танишди. Шунда ҳаммаларининг қўрқувлари тарқаб, қаҳ-қаҳ уриб кула бошлашди.
Воқеадан дарак топиб, Рупаника ҳам шу ерга келди. Устун учида ўлтирган онасини кўриб уятдан ер ёрилмади, ерга кириб кетмади. Келганларнинг ёрдамида у онасини тезроқ тушириб олишга ёрдам берди. Кейин ҳамма қўшмачи хотиндан нима бўлганини суриштира кетди ва у бўлган гапларни битта қўймай айтиб берди.
Шоҳ, браҳман ва савдогарлар барчаси бир овоздан шундай тўхтамга келишдики, бу ғалати ишда ҳеч қандай сеҳр-пеҳр йўқ ва жар солиб эълон қилдилар: «Кўплаб ошиқ-маъшуқларни алдаган бу аёл устидан кулган одам олдинга чиқсин, биз унинг бошига фахр тожини тантанавор кийдиргаймиз».
Буни эшитиб Лўҳажангҳ дарҳол чиқиб келди ва сўраб-суриштирганларга бўлган воқеаларни бошидан охиригача битта қўймай ҳикоя қилиб берди. Кейин худога сақла деб Вибҳишан берган чиғаноқ, чарх ва бошқа совғаларни олиб келди, буни кўриб халойиқ денгиздай гувиллар эди. Кейин Матҳура аҳолиси зудлик билан унинг бошига ҳурмат тожини кийдирди, Рупаникани эса шоҳ амри билан ўз эркига қўйиб қўйишди.
Ҳалиги қимматбаҳо тошлар Лўҳажангҳга беҳисоб бойлик келтирди, қўшмачи хотин эса қилмиши учун боплаб жазоланди. Ўзи маҳбубаси васлига етишиб, ўшандан буён Матҳурада егани олдида, емагани кетида умргузаронлик қилмоқда».
Тутқун Удаян ёнида ўлтириб, Васавдатта бошқа қиёфадаги Васантак оғзидан бу ривоятни тинглаб роса ҳузур қилди.
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга дебоча» китобининг тўртинчи долғаси ана шулардан иборат.

БЕШИНЧИ ДОЛҒА

Аста-секин Васавдатта ватслар ҳукмдорига кўпроқ майл қўя бошлади ва кўнгли отасидан совиб бораверди. Шунда Яугандҳрайан бошқа одамларга кўринмайдиган бўлиб, яна Удаян ҳузурига борди. Хилватда, фақат биргина Васантак борлигида у шоҳга деди: «Шоҳим, Чандмаҳасен сени алдаб асирга туширди. У сенга қизини бермоқчи ва кейингина иззат-икром билан озод қилмоқчи. Лекин биз қизни ўзимиз ўғирлайлик-да, кейин қочиб яширинайлик. Фақат шу йўл билангина биз унинг попугини пасайтира оламиз ва одамларнинг бизни номардликда айблаб қилган маломатларидан қутуламиз.
Шоҳим, малика Васавдаттанинг отаси совға қилган Бҳадрватий деган урғочи фили бор. У шу қадар кучлики, Надгиридан бошқа бирон фил унга бас келолмайди, ҳатто у ҳам ҳасади келиб, у билан олишувга чиқишдан бош тортади. Ана шу урғочи филнинг шу ерда Ашадҳак исмли филбони бор; мен унга кўп пул берганман ва у чизган чизиғимиздан чиқмайди. Ана шу филни мин-да, қўлингга қурол олиб, тунда ҳеч кимга билдирмасдан Васавдатта билан қочиб қол. Тўғри, саройда филлар пири яшайди, у филларнинг ҳар бир ҳаракати ва қичқириғи маъносини тушунади. У ҳеч нарсани билмаслиги учун уни шаробга бўктириш керак. Мен эса дўстим Пулиндакка бораман-да, йўлингни қўриқлашини илтимос қиламан.
Шу сўзларни айтиб, Яугандҳрайан кетди, ватслар шоҳи эса нима қилиш кераклигини хотирасига жойлаб олди. Унинг олдига Васавдатта келганида, шоҳ унга яна бор гапни очиб солди ва унга Яугандҳрайан айтган гапларни битта қўймай сўзлаб берди. Қиз ҳаммасига рози бўлди ва унга фил сайрига тайёргарлик кўришни амр этди. Кейин гўё қурбонлиқ йўлини адо қилгандайин у шароб улашиб чиқди ва барча филбонлару уларнинг бошлиғини ғирт маст қилиб ташлади.
Мана, кеч ҳам кирди, осмонни булут қоплаб, чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлай бошлади. Ашадҳак ҳамма нарсани шай қилиб, филларни олиб келди. Урғочи филни қозиқдан бўшатишлари ҳамон у одатдагидек қичқириб юборди ва филлар қичқириғини тушунадиган филбонлар бошлиғи уинг овозини эшитиб қолди. «Бугун олтмиш уч йўжан йўл юраман» — урғочи фил шундай деяпти», — ғудранди у сўзларни тутила-тутила талаффуз қилганча. Бироқ қаттиқ кайф қилганидан фикрлашга сира қурби етмаётганди, қолган филбонлар эса азбаройи кайфнинг зўридан бошлиқнинг нима деяётганини англашгани ҳам йўқ.
У ёқда Яугандҳрайан ўргатган сеҳр-жоду билан ватслар шоҳи кишанлардан озод бўлди. Кейин уд чолғусини олди, унга деб Васавдатта келтирган қуролни олди ва Васантак билан бирга фил устига чиқди. Кейин сирдан огоҳ бўлган дугонаси Канчан билан Васавдатта ҳам филга минди; бешинчи ҳамроҳ филбон эди.
Тун чўкканда шоҳ шаҳар деворидаги ёввойи фил ўйган ёриқлар орқали Ужжайндан чиқиб кетди. Бу жойни Вирабҳ ва Талбҳат деган икки жангчи қўриқларди, иккаласи ҳам шоҳ фарзандлари эди. Ватслар шоҳи уларни ўлдирди, кейин эса фил устида ёнгинасида севиклиси ўтирганидан хурсанд бўлиб, Ашадҳакка, ҳайда, деб амр қилди ва олға юриб кетдилар.
Шу орада Ужжайндаги шаҳар қўриқчилари девор ёнида қўриқчиларнинг ўлдириб кетилганини кўриб, нақ юраклари ёрилаёзди ва туннинг ўзидаёқ бу ҳақда шоҳга хабар қилишди. Чандмаҳасен нима гаплигини аниқлашни буюрди ва кўп ўтмай шу нарса маълум бўлдики, Васавдаттани олиб, ватслар шоҳи қочиб кетибди. Шаҳарда тўс-тўполон кўтарилди ва шаҳзода Палак Надгири филига минди-да, Удаян ортидан қувиб кетди. У қочоқларга етиб олган эди, ватслар ҳукмдори пайконлар ёмғири билан унинг йўлини тўсди, урғочи филни кўриб Надгири у билан яккама-якка олишувга киришиб кетди. Палак билан изма-из у ерга Гўпалак ҳам етиб келди, бироқ у акасини жангни давом эттиришдан тўхтатиб қолди, зеро Палак фақат отасининг сўзларинигина эшитганди, Гўпалак эса унинг кўнглидаги гапларни идрок этишга қодир эди.
Шундан кейин ватслар шоҳи яна йўлга тушди. У кетиб борар экан, аста-секин тонг бўзара бошлади. Қоқ тушгача у Виндҳйа тоғига етиб борганида олтмиш уч йўжан йўл босган урғочи фил чанқай бошлади. Шоҳ хотини билан унинг устидан тушди, фил сув ичиб олди ва бирмунча муддат ўтар-ўтмас, худди сувда бир нима бордай, фил жон берди-қўйди. Ғам-қайғуга ботган шоҳ Удаян ва Васавдатта бирдан ғайб овозини эшитди: «Ҳой шоҳ, мен Майавати исмли видйадҳар аёли бўламан, аммо қарғиш туфайли узоқ йиллардан бери фил қиёфасида юрибман. Бугун, эй ватслар шоҳи, мен сенга ҳалол хизмат қилдим, бироқ сендан туғиладиган ўғил фарзандингга бундан ҳам аълороқ хизмат қилгумдир. Хотининг Васавдатта ҳам оддий одамлардан эмас. У тангрилар қавмидандир, уни эса шафқатсиз бир каромат ерга олиб тушган».
Шундан кейин шоҳ ўзида йўқ хурсанд бўлиб, келганидан дўсти Пулиндакни бохабар қилиш учун Васантакни Виндҳйа чўққисига йўллади. Ўзи эса хотини билан бирга яёв йўлда давом этди. Бироқ бахтга қарши йўлда уларга қароқчилар ҳужум қилди. Қўлида тутган ягона пайкони билан ватслар шоҳи Васавдаттанинг кўз ўнгида бир юз бешта қарроқчини асфаласофилинга жўнатади. Бу орада эса Яугандҳрайан ва Васантак ҳамроҳлигида дўсти Пулиндак ҳам етиб келди. Бҳиллар шоҳи қароқчиларни ҳайдаб юбоди. Ватслар шоҳига чуқур таъзим бажо этди ва уни севгили ёри билан биргаликда ўз пойтахтига олиб кетди. Шу тунни улар пойтахтда ўтказишди, йўл ҳордиғини чиқаришди, айниқса, Удаян билан Васавдаттанинг оёқлари тоғ сўқмоқларида ёмон қавариб кетган эди.
Эрталаб ватслар шоҳи ҳузурида унинг саркардаси Руманват ҳозир бўлди, бирмунча муддат олдин Яугандҳрайн янгиликлар ҳақидаги пайғомлар билан унга хабарчи жўнатган эди. У олиб келган қўшин ҳамма жойни тўлдириб турарди, бундан Виндҳйа тоғи биринчи марта одамзодга тор келиб қолганди. Мана шу қўшин ҳимояси остида ватслар ҳукмдори Ужжайндан не хабар келаркин дея ўрмон мамлакатида таҳаммул қилиб қолди.
Сал вақт ўтар-ўтмас ўрмонга Ужжайндан Яугандҳрайаннинг бир савдогар дўсти келди ва шоҳга деди: «Эй худо ярлақаган банда, сенинг куёв бўлишингдан Чандмаҳасен мамнун. У сенга ўзининг хос қўриқчисини юбормиш. Аммо у йўлда бир жойда қўниб қолди, мен эса яшириқча ва ундан кейин йўлга чиққан бўлсам ҳам ҳамма гапни мендан билиб олмоғинг учун биринчи бўлиб етиб келдим».
Бу хабарни эшитиб, ватслар шоҳининг оғзи қулоғига етди ва бу янгиликни Васавдаттага етказиш учун ошиқди, Васавдатта ҳам ундан кам хурсанд бўлмади. Гарчи у ҳам қариндош-уруғларини қаттиқ соғинган бўлса-да, тезроқ тўй маросимларини ўтказишга шошмоқда эди, бундан у ҳам уялмоқда, ҳам сабр косаси тўлмоқда эди. Шунда ўзини чалғитиш мақсадида ёнида турган Васантакка қараб деди: «Менга биронта ривоят айтиб берсанг-чи». Васантак соддадилларча итоатгўйлик билан унга дилида эрига садоқатни кучайтиришга ёрдам берадиган бир доно ҳикояни сўзлаб берди:

ГУҲСЕН ВА ДЕВАСМИТА ҲИКОЯСИ

«Бу ёруғ жаҳонда Тамрлипти деган бир шаҳар бўлар ва унда Дҳандатт деган жудаям бадавлат бир одам яшарди. Худо уни зурриёддан қисган эди, бир куни бир гала браҳманни ҳузурига чорлади-да, қаршиларида таъзим қилиб, шундай деди: «Шундай қилингки, тез орада мен фарзандли бўлай». Бунга жавобан браҳманлар шундай дейишди: «Бу унча қийин эмас, агар ведаларда битилган қонун-қоидаларга риоя қилса, ҳар қандай икки бор туғилганлар ёруғ оламда истакларига етмай қолмайди». Шундайин, бир вақтлар бир шоҳ яшаб ўтганди, ҳарамида бир юз бешта хотини бўлишига қарамай, фарзандсиз эди. Шунда зурриёт кўриш учун у қурбонлиқ расмини адо этди ва худо унга Шанту исмли ўғил берди, қолган хотинларининг кўзига бола янги пайдо бўлган ҳилолдай кўриниб кетди. Бир куни бола тўрт оёқлаб эмаклай бошлаганда унинг сонидан чумоли тишлаб олди ва қўрққанидан бола чинқириб йиғлай бошлади. Ҳарамда тўс-тўполон бўлиб кетди, қий-чув, дод-фарёд авжга чиқди, ҳатто умрида овозини кўтариб гапирмаган шоҳ ҳам «Болам! Ўғлим!» деб қичқириб юборди. Сал ўтиб, бола тинчланди, чумоли бартараф этилди, шоҳ эса якка фаразанд бўлиши ёмон экан, бошинг ташвиш-таҳликадан чиқмас экан, деб ич-этини ей бошлади. Кўп фарзандим бўлишнинг бирон иложи йўқмикан?! — деб сўради у азбаройи ташвишга ботганча браҳманлардан. Улар шундай деб жавоб беришди: «Ҳа, шоҳим, бунинг иложи бор: ўғлингизни ўлдирасиз, унинг жасадини муқаддас оловда қурбонлиқ келтирасиз. Қурбонлиғингиз ҳидини сезган хотинларингиз ҳомиладор бўлишади». Буни эшитиб, шоҳ худди шундай қилди ҳам, шоҳнинг нечта хотини бўлса, шунча ўғиллик бўлди.
Агар қурбонлиқ келтирсак, бу ҳам сенинг фарзандли бўлишингга ёрдам берамиз».
Дҳандаттга шу гапни айтиб ва ундан дурустгина инъон-эҳсонлар олиб, браҳманлар қурбонлиқ расмини адо этишди ва ўша савдогар ўғил фарзандли бўлди.
Ўғилга Гуҳсен деб исм қўйишди, у кундан кун ўтиб, вояга ета бошлади ва отаси Дҳандатт унга муносиб қайлиқ қидиришга тушди. Кўп ўтмай савдо ишлари баҳонаси билан, аслида ўғлига қайлиқ топиш ниятида, ота ўғлини ёнига олди-да, мусофир юртига равона бўлди. У ерда Дҳандатт Дҳармгупт деган бир зодагон савдогарнинг Девасмити деган қизига оғиз солди. Бироқ қизини жонидан яхши кўрадиган Дҳармгупт Тамрлипти шаҳри жуда узоқлик қилади деган баҳона билан қизини беришга рози бўлмади.
Бироқ Девасмита Гуҳсенни кўрганида юраги унга боғланди-қўйди ва қариндош-уруғлари ҳам кўзига кўринмай, йигит билан кетишга аҳд қилди. Дугонаси орқали Гуҳсен билан тил бириктириб, севгилисию унинг отаси билан биргаликда тун чоғи киндик қони тўкилган диёрни тарк этди.
Тамрлиптига келиб, улар никоҳдан ўтишди ва эр-хотиннинг юраклари ўзаро муҳаббат ришталари билан бир умрга боғланди.
Орадан бирмунча вақт ўтиб, Гуҳсеннинг отаси бандаликни бажо келтирди ва қариндош-уруғлар Гуҳсеннинг омадини синаб кўргани Катаҳ мамлакатига боришга тезлай бошладилар. Бироқ унинг хотини Девасмита у ёқда эрим бошқа аёлга илакишиб қолиши мумкин деган хавотир билан бу таклифга рози бўлмади. Хотини қаршилик кўрсатгани, қариндош-уруғлари эса, аксинча, ундаётганларини кўриб, ҳар доим бир сўзли ва ўз бурчига содиқ Гуҳсен нима қилишини билмай боши қотди. Шунда у Шива эҳромига борди ва тўғри йўлни худо кўрсатади, деган умидда рўза тутиб, тангри ҳаққига тоат-ибодатлар ила машғул бўлди. У билан бирга Девасмита ҳам шундай расм-русмларни адо этди. Шундан кейин икковининг ҳам тушига Шива кирди. Тангри уларга бир жуфт қизил нилуфар тутқазди-да, шундай деди: «Ҳар бирингиз қўлингизга биттадан нилуфарни олинг. Борди-ю, айрилиқ чоғида икковингиздан бирингиз ёрингизга хиёнат қилгудек бўлсангиз, наригингизнинг қўлидаги нилуфар қуриб қолади».
Буни эшитиб, эр-хотин уйғониб кетди ва гўё бир-бирининг юрагини алмашгандай қўлларида биттадан нилуфар турганини кўришди. Сўнг Гуҳсен нилуфарни олиб, йўлга тушди, Девасмита эса икки кўзини нилуфардан узмай уйда қолди.
Гуҳсен тезгина Катаҳ мамлакатига етиб келди-да, у ерда қимматбаҳо тошлар олди-соттиси билан шуғуллана бошлади. Тўрт нафар савдогар ўғли унинг қўлида ҳеч сўлимайдиган нилуфар гули тутиб туришини кўриб ҳайрон бўлишди. Бир баҳона билан уни уйларига чақиришди-да, ўткир шаробга тўйдириб, ундан нилуфар қиссасини суриштиришди. У эса кайфи ошиб қолганидан ҳамма гапни гапириб берди. Тўрттала савдогарвачча Гуҳсеннинг ҳали бу юртда узоқ қолишини яхши биларди ва ўзаро маслаҳатлашиб, бу ярамаслар шунчаки қизиқ учун унинг хотинини йўлдан уришга уриниб кўрмоқчи бўлишди. Вақтни ғанимат билиб улар Тампрлипти шаҳрига йўл олишди.
У ерда муддаоларига етиш учун улар будда ибодатхонасида истиқомат қилувчи Йўгкарандика исмли бир роҳибага рўбарў бўлишди ва унга ошкора шундай дейишди: «Муҳтарама роҳиба, агар бизнинг муддаомизга етишувимизга ёрдам берсанг, биз сенга кўп пул берамиз». Хотин жавоб берди: «Сухсурдай-сухсурдай йигитлар экансиз, ҳойнаҳой, бу ердаги аёллардан бирини қўлга олмоқчига ўхшайсизлар. Майли, сизларга ёрдам берганим бўлсин. Менга эса пулингиз керак эмас: менинг Сиддҳикарий деган шогирд қизим бор, у ақлу фаросатда ягона, унинг марҳамати билан ҳад-ҳисобсиз бойликка эга бўлганман». «Шогирдингиз марҳамати билан шунча бойликка қандай эга бўлдингиз?» — деб сўрашди савдогарваччалар ундан. Жавобига роҳиба шундай деди: «Агар билмоқчи бўлсаларингиз, болаларим, қулоқ солинг, мен айтиб берай».

СИДДҲИКАРИЙ ҲИКОЯСИ

Қадим-қадим замонларда шимол ёқдан бу ерга бир савдогар келиб қолган эди. Ташқи кўринишини ўзгартириб, шогирд қизим у келиб қўнган уйга борди ва ёлғон-яшиқлар ишлатиб, унинг хизматига кириб олди. Савдогарнинг роса ишончини қозониб олгандан кейин қиз унинг уйида сақлаётган ҳамма олтинларини ўғирлади-да, тонг чоғи ҳеч кимга билдирмай чиқиб кетди. Қўлга тушиб қолишдан қўрқиб, у тезлик билан шаҳарни тарк этди. Уни қўлида ноғора тутган бир домб пайқаб қолиб, тунаш учун қизнинг изидан тушди. Улкан бир дарахтга яқинлашганда қиз қарасаки, домб жуда яқин келиб қолибди. Шунда айёр Сиддҳикарий қайғуга ботиб деди: «Бугун эрим билан уришиб қолдим, ўзимни ўлдиргани уйдан қочиб чиқдим. Шу боис, ҳой инсофли одам, илтимос, менга сиртмоқ ясаб бер». — «Ўзини осиб қўя қолсин, бу хотинни ўлдириб, менга зарур келибдими?» кўнглидан ўтказди домб ва дарахтга бир дор қуриб берди. Шунда Сиддҳикарий соддадиллик билан домбдан сўради: «Қандай қилиб осилади бунга? Мен билмайман, ўзинг кўрсат». Домб оёқлари остига ноғорасини қўйиб, устига чиқди-да, сиртмоққа бўйнини солиб деди: «Мана шунақа қилиб осилади». Шунда Сиддҳикарий ўйлаб-нетиб ўтирмай, ноғорани бир тепиб учириб юборди-ю, домб дорга осилиб жон берди.
Бу орада Сиддҳикарий олтинларини ўғирлаб чиққан савдогар унинг изидан тушиб, бу ергача етиб келди ва узоқдан қизнинг дарахт тагида турганини кўрди. Қиз ҳам уни кўриб қолди ва савдогар яқинлашиб келавериши билан аста дарахт устига чиқди-да, барглари қалин бир шох орасига кириб яширинди.
Савдогар қароллари билан келди-да, дорда осилиб турган домбни кўрди, холос, Сиддҳикарийдан эса ном-нишон йўқ эди. «Дарахтга чиқиб кетмаганмикан?» — деди савдогар ва қароллардан бири дарҳол юқорига интилди. «Мен сени азалдан яхши кўриб юрардим, бу ерга чиқишинг ҳам бежиз эмас-да. Мана бу олтинлар, жонгинам, энди сеники. Мен билан айшингни сурсанг-чи», — шивирлаб деди қаролга Сиддҳикарий, кейин нодон қаролни маҳкам қучоқлаб, лабларидан чўлп-чўлп ўпа бошлади ва тилини ғарч тишлаб узиб олди. Азбаройи оғриқнинг зўридан қарол дарахтдан гурсиллаб йиқилиб тушди, у нуқул «лалла-лалла-лалла» деган ҳеч ким тушунмайдиган сўзларни валдирарди, холос.
Буни кўриб савдогарнинг капалаги учиб кетди, қаролимни жин-пин чалди деган хаёлга борди-да, ҳамроҳлари билан уйга жуфтакни ростлаб қолди. Ҳалол Сиддҳикарий эса (у ҳам ановилардан кам қўрққани йўқ!) аста дарахтдан тушди-да, у ҳам олтинларни олиб уйига қайтди. Кўрдингизми, шогирд қизим қанақа, унинг миясидан товонигача ақл! Шу қизнинг шарофати билан, болаларим, ўзим хон, кўланкам майдон!»
Савдогарваччаларга шу ҳикояни айтиб бериб, роҳиба уларни ҳозиргина кириб келган шогирд қизи билан таништирди ва кейин сўради: «Энди менга ростини айтинглар: у хотиннинг нимасига ишқибоз бўлиб қолдиларинг? Мен дарров ишни пишитиб бераман». Бунга жавобан йигитлар деди: «Унинг исми Девасмита, у Гуҳсен савдогарнинг хотини бўлади. Бизни у билан учраштириб қўйинг». Буни эшитиб, роҳиба ҳаммаси айтганингиздек бажо бўлади деб ваъда берди ва савдогарваччаларга унинг уйида қолишларини таклиф қилди.
Хотин турли қандолатлар ва ҳар хил совға-саломлар билан Гуҳсеннинг хизматкорини сотиб олди ва кўп ўтмай ўз шогирд қизи билан унинг уйига киришга муваффақ бўлди. У Девасмитанинг хобгоҳи эшигига яқин борганда бегона одамлардан қўриқлаш учун шу ерга занжирлаб қўйилган бир ит уларни ўтказмади. Роҳибани кўриб, Девасмита хаёл суриб қолди: «Унинг менда нима иши бор экан-а?» — барибир чўрисига уни ҳузурига олиб келишни буюрди. Хобгоҳга кириб, ярамас роҳиба одамгарчилик қилгани учун Девасмитани дуолар қилди ва ўзини нияти пок қилиб кўрсатиб, жувонга деди: «Сен билан танишишни тинмай ўйлаб юрардим, шунинг учун бугун тушимга кирдинг, сабрим чидамай сени кўргани оёғимни қўлимга олиб бу ёққа чопдим. Сени эрингдан айроликда яшаётганингни ўйласам, юракларим тўкилиб кетади. Ахир суйган ёри билан гашт қилмаса, ёшлик ва гўзалликнинг кимга кераги бор?» Шу ва шунга ўхшаш сўзлар билан роҳиба покдомон аёлни узоқ авради, кейин хайр-хўш қилди-да, уйга қайтди.
Эртасига бир парча гўшт олди-да, қалампирга белаб, яна Девасмитанинг уйида пайдо бўлди. Парча гўштни эшик олдида боғлоғлиқ итга берди, ит ўша заҳоти қалампирли гўштни еб қўйди. Қалампирдан унинг кўзларидан ёш, бурнидан сув оқа кетди. Роҳиба эса фурсат ғаниматда уни очиқ чеҳра билан қарши олган Девасмитанинг олдига кирди ва ёлғондакам пиқ-пиқ йиғлай бошлади. Девасмита, нега йиғлаяпсиз, деб сўраган эди, у ўпкаси тўлиқиб-тўлиқиб базўр жавоб берди: «Қизим, эшик тагидаги итингга бир қарагин-а, у ҳам мендай қон йиғлаяпти. Гап шундаки, бугун у олдинги туғилишидаги дугонаси мен эканимни таниб қолди ва йиғлашга тушди. Унга раҳмим келганидан мен ҳам ўзимни тутиб туролмай йиғлаб юбордим».
Бу гапларни эшитиб ва итнинг чиндан ҳам йиғлаётгандай бўлганини кўриб, Девасмита ўйланиб қолди: «Бу қандай мўъжиза бўлди, а?» Роҳиба эса сўзида давом этиб деди: «Олдинги туғилишимизда, қизим, мен ва мана бу ит иккаламиз бир браҳманнинг хотинлари эдик. Эримиз кўпинча шоҳ амри билан элчилар ҳамроҳлигида бизни ташлаб, олис мамлакатларга кетгувчи эди. У йўқ пайтларда мен бемалол бошқа эркаклар билан айш қилиб юраверардим ва инсондаги жамики ҳиссий туйғулардан лаззатланишни канда қилмасдим. Ахир ўзинг яхши биласан-ку, одамзоднинг энг олий бурчларидан бири ҳис-туйғуларига озор етказмаслигидир. Шу боис ердаги кейинги туғилишимда олдинги туғилишларимни унутиб қўйганим йўқ. Бу ит эса жоҳиллиги туфайли фақат ўз эрининг кўнглини овларди, шунинг учун, ўзинг кўриб турибсан-ку, ит бўлиб дунёга келган, ҳолбуки барибир ҳам ўзининг олдинги ҳаётини эсдан чиқармагин».
«Бу қанақа бурч бўлди? Ҳойнаҳой, бу хотин бир шумликни бошлаяпти», — ўйлади фаросатли Девасмита ва роҳибага деди: «Шу пайтгача бундай бурч борлигини билмас эканман. Модомики шундай экан, мени бирон жонон йигит билан учраштириш чорасини топинг». Бунга роҳиба шундай жавоб қилди: «Олис эллардан бу ерга бир нечта савдогарвачча келган. Ўшаларни олдингга олиб келганим бўлсин».
Шу гапларни айтиб, кўнгли тоғдай кўтарилган роҳиба уйга кетди, Девасмита эса чўриларининг қулоғига шуларни қуйиб қўйди: «Ҳойнаҳой, бу савдогарваччалар эримнинг қўлидаги сўлмас нилуфар гулини кўришган ва эрим маст чоғида улар барча сирни билиб олишган. Кейин менинг шаънимни булғаш учун бу пасткашлар ўз мамлакатларидан бу ерга келишган ва мана бу разил роҳиба ёрдамидан фойдаланмоқчи бўлишган. Шунинг учун тезроқ шароб келтиринглар, унга наша аралаштиринглар, кейин эса темирчига бориб, ит панжаси ясаб беришни буюринглар». Девасмита ана шундай топшириқлар берди ва чўрилар ҳамма айтилганларни бекаму кўст адо этдилар, улардан бири эса бекачнинг амри билан унинг кўйлагини кийиб олди.
У ёқда роҳиба ҳар бири аввал мен бораман деб турган тўрттала йигит ичидан биттасини танлаб олди-да, ўша билан кетди. Унга ўз шогирд қизининг кўйлагини кийдириб, роҳиба уни кечқурун Девасмитанинг уйига олиб келди, кейин эса киши билмас жойга яшириниб олди. Савдогарваччани Девасмитанинг кийимидаги чўри қиз иззат-икром билан қарши олди ва наша қўшилган шаробга тўйдирди. Бамисоли ўзининг муртад ниятлари каби бу шароб йигитчани ҳушидан айирди ва шу заҳотиёқ чўри қиз унинг эгнидаги кўйлакни ечиб олиб, қип-яланғоч қилиб қўйди. Кейин итнинг панжаси билан унинг манглайига тамға босиб қўйишди ва тунда уни ахлат тўла ариққа итқитишди. Тонгга яқин йигит ўзига келиб қарасаки, худди ўзининг куфроний ниятлари учун Авич дўзахига тушгандек, ахлатли ариқда ётибди.
Шунда савдогарвачча ўрнидан турди, ювинди ва қўллари билан манглайидаги тамғани яширганча қип-яланғоч ҳолида роҳибанинг уйига қайтиб келди. Одамлар биргина унинг ўзининг устидан кулмасликлари учун дўстларига йўлда мени ўғрилар тунашди деб эълон қилди. Эрталаб эса тунни уйқусиз ўтказгани ва ортиқча ичиб қўйганидан боши қаттиқ оғриётганини баҳона қилиб, тамғани бир парча латта билан боғлаб олди.
Кечқурун иккинчи йигит Девасмитанинг уйига йўл олди ва у ҳам ўша аҳволга тушди. Қип-яланғоч қайтиб келиб, биринчиси каби у ҳам деди: «Ҳамма безакларимни Девасмитаникида қолдирсам ҳам қайтишимда йўлда ўғрилар мени таладилар». Эрталаб эса у ҳам бош оғриғини баҳона қилиб, пешонасидаги тамғани боғлаб олди.
Шу тариқа барча савдогарваччалар, гарчи айбларини яширишга муваффақ бўлишса-да, бирин-кетин манглайларида тамға орттириб олишди, бор буд-шудларидан маҳрум бўлишди ва устига-устак хўрланиб, расвойи жаҳон бўлишди.
«Илоё, бу хотин ҳам шундай расвойи жаҳон бўлсин!» — деб ўзларича лаънат ўқишди-да, шармандаликларини роҳибадан яширганча кетишди. Роҳиба эса мақсадимга етдим деб роса суюнди ва эртасига шогирд қизи билан бирга Девасмитаникига келди. Девасмита уни иззату икромлар билан қарши олди ва миннатдорлигини изҳор этмоқчи бўлгандек наша аралаштирилган шароб келтириб қўйди. Роҳиба билан шогирд қизнинг кайфи ошиб қолгач, покдомон ва вафодор жувон чўриларига уларнинг қулоқ ва бурунларини кесиб, ахлат ариғига итқитишни буюрди.
Энди Девасмитани бошқа ўй ташвишга солмоқда эди, савдогарваччалар бу ердан кетиб, унинг эрини ўлдиришлари ҳеч гап эмас эди. Жувон бўлиб ўтган гапларни қайнонасига сўзлаб берди. Қайнонаси унга қараб деди: «Қизим, сен тўғри қилгансан. Ишқилиб, улар ўғлимга зиён етказишмаса бўлгани-да». Шунда Девасмита деди:
«Бир вақтлар Шактимати ўз фаросати билан эрини сақлаб қолганидек, мен ҳам эримнинг жонини омон сақлаб қоламан». — «Шактимати эрини қандай сақлаб қолган эди, қизим, айтиб бер-чи», — илтимос қилди қайнона ва Девасмита жавоб ўрнида қуйидаги ҳикояни сўзлаб берди:

САМУРДАТТ ВА ШАКТИМАТИ ҲИКОЯСИ

«Мамлакатимизда, шаҳар ичкарисида аждодларимиздан Манибҳадр исмли қудратли ва шонли якш ибодатхона барпо этган эди. Маҳаллий аҳоли илтижою таваллолар билан унинг ҳузурига келар ва истакларини рўёбга чиқариши учун унга атаб турли инъом-эҳсонлар олиб келар эди. Борди-ю, тунда бирон-бир эркакнинг бегона аёл билан ётганини кўриб қолишса, уларни ибодатхона ичига қамаб қўйишарди, эрталаб эса бу эркак ва аёлни шоҳ қозисига олиб боришарди, у ерда нималар бўлгани ҳақида битта қўймай гапириб беришар ва жазолар эдилар. Қонун шунақа эди.
Бир куни шаҳар тунқоровули Самурдатт деган бир савдогарни тутиб олди, у тунда бегона аёл билан дон олишгани келган эди. Тунқоровул ҳар икковини якш ибодатхонасига олиб келди ва ичкарига қамаб, эшик лўкидонини маҳкам суриб қўйди. Бу орада шу савдогарнинг Шактимати исмли ниҳоятда доно ва вафодор хотини воқеадан дарак топди. Дангалчи аёл кийимларини алмаштирди, совға-саломлар олиб олди, далда бўлсин деб дугоналарини таклиф қилди-да, тунда якш ибодатхонасига йўл олди. Аёл ибодатхонага келганида совға деса ўзини томдан ташлайдиган ибодатхона коҳини қоровуллар бошлиғидан рухсат олиб эшикни очди-да, уни ичкарига киритди. Ичкарига кириб ва эрининг ўз қилмишидан ерга киргудек бўлиб турганини кўриб, у аёл билан кийимларини алмаштирди-да, кет деб амр қилди. Ҳалиги аёл Шактимати кийимида ташқарига чиқди-ю, тун қоронғилиги ичида кўздан ғойиб бўлди, Шактимати эса эри билан бирга ибодатхонада қолди.
Эрталаб шоҳ амалдорлари текширув ўтказгани келиб қарашсаки, савдогар ўз хотини билан бирга қамаб қўйилган. Шоҳ бундан хабар топгач, бамисоли аждаҳо комида турган савдогарни озод қилди ва қоровуллар бошлиғини жазолади.
Ҳа, бир вақтлар Шактимати ўз донолиги билан эрини ана шу тариқа сақлаб қолган эди. Мен ҳам бораман-да, ҳийла билан эримни сақлаб қоламан». Қайнонасининг қулоғига шу сўзларни айтиб, Девасмита ўз чўрилари билан савдогарлар либосини кийди-да, кемага ўлтириб, савдо ишлари баҳонаси билан эри турган Катаҳ мамлакатига йўл олди.
У ерга келиб, шундоқ қараса, эри Гуҳсен савдогарлар орасида турибди, жувон худога шукурлар айтиб, кўнгли ором топди. Эри ҳам узоқдан уни эркаклар либосида кўриб, кўзига ишонмади, хаёлидан эса фақат биргина гап ўтарди: «Менинг суюкли хотинимга ўхшайдиган бу савдогар ким экан?»
Бу орада Девасмита ўша ернинг подшоҳи ҳузурига кирди ва унга қараб бундай деди: «Сиздан бир илтимосим бор. Фуқароларингизни бир жойга тўпласангиз». Шунда подшоҳ барча шаҳар аҳлини бир жойга тўплади-да, қизиқсиниб савдогарлар либосидаги Девасмитадан сўради: «Хўш, қандай илтимосинг бор эди?» Девасмита жавоб берди: «Шу ерда оломон орасида меникидан қочиб кетган тўрт ғулом турибди. Шоҳим, худо хайрингизни берсин, уларни менга қайтаринг». Бунга жавобан подшоҳ шундай деди: «Қаршингда бутун шаҳар аҳли турибди. Агар улар орасида ўз ғуломларингни таниб олсанг, олиб кета қол».
Шунда жувон бошларини боғлаб, ўша ерда турган ва уйида ўзи расвойи жаҳон қилган тўрттала савдогарваччани топиб олди «Булар бой савдогарларнинг фарзандлари, улар нечук сенинг ғуломларинг бўлар экан?» — ғазаб билан дейишди ўша ерда ҳозир бўлган савдогарлар. Шунда Девасмита уларга бундай деб жавоб берди: «Агар гапимга ишонмасаларинг, уларнинг манглайини очиб қаранглар, мен уларга ит панжасидан тамға босиб қўйганман». Жувоннинг гапи билан улар тўрттала йигит бошидаги латтани ечишди ва ҳамма уларнинг манглайига босилган ит панжаси изини кўрди. Барча савдогарлар мулзам бўлиб қолишди ва шунда ҳайратдан оғзи очилиб қолган подшоҳ Девасмитадан нима бўлганини сўради. Девасмита бўлган воқеани бир бошдан ҳикоя қилиб берди ва халойиқ қаҳ-қаҳ уриб кула бошлади, подшоҳ эса унга қараб деди: «Дарҳақиқат, улар сенинг ғуломларингдир». Шунда тўрттала йигитни ғуломликдан халос қилиш учун бошқа савдогарлар вафодор аёлга олам-жаҳон пул беришди, савдогарваччаларни эса подшоҳ номидан жазолашди.
Девасмита пулларни олди, эрига қайта эгалик қилди ва ўз шаҳри Тамрлиптига қайтиб кетди, бу ерга келиши билан софдил одамлар қуршаб олиб, уни алқай бошладилар. Шундан кейин у ҳеч қачон ўзининг суюкли эридан бир қадам ҳам ажрамади.
Шундай қилиб, эй муҳтарам зот, тагли-зотли аёллар ўзларининг тақволи ва мардона ишлари билан ҳар доим эрларининг шаънини кўтарадилар ва бошқа ҳеч ким ҳақида ўйламайдилар. Зеро, садоқатли хотинлар учун эр — олий илоҳдир». Каушанби йўлида Васантак оғзидан бу ривоятни эшитиб, гарчи яқингинада ота уйини тарк этиб чиққан бўлса-да, Васавдата хижолат тортмай қўйди, Удаянга нисбатан азалдан муҳаббатга лиммо-лим қалби ҳам энди эрига вафодор бўлишдан бошқа ҳеч нарсани билишни истамасди.
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга дебоча» китобининг бешинчи долғаси ана шулардан иборат.

ОЛТИНЧИ ДОЛҒА

Ватслар шоҳи Виндҳйа ўрмонида турган вақтида унинг ҳузурига Чандмаҳсеннинг тан қўриқчиси ташриф буюрди. Шоҳга яқин келиб ва таъзим бажо айлаб, у деди: «Шоҳ Чандмаҳсен сизга шундай пайғом йўлламиш: «Сен ўз ихтиёринг ила қизим Васавдаттани ўғирлаб кетганингдан хафа эмасман, зеро айнан шуни деб мен сени даргоҳимга олиб келтирган эдим. Сен ҳали меникида тутқун бўлиб турган вақтингда қизимга уйланасан деб оёқ тирамаган эдим, чунки бундай аҳволда сен на мени, на қизимни ёқтиришингга унча ишонмас эдим. Энди, эй шоҳ, бирпас сабр қил, илтимос, қизимнинг тўйи эл қатори расамадидагидек бўлсин. Яқинда ҳузурингга ўғлим Гўпалак келади, қизимнинг тўйини шу ўғлим барча урф-одатларга риоя қилган ҳолда ўтказиб беради».
Ватслар шоҳига бу пайғомни етказиб, тан қўриқчиси бу ҳақда Васавдаттани ҳам воқиф қилди. Шундан кейин шоҳ ҳукмдор пешонаси чарақлаган Васавдатта билан Каушанбига қайтишга азм қилди. «Сизлар шу ерда Гўпалакнинг келишини кутинглар, кейин у билан бирга Каушанбига кириб борасизлар», — деди Удаян қайнотасининг тан қўриқчиси ва дўсти Пулиндакка, уларни Виндҳйа ўрмонида қолдирар экан.
Эртасига эрталаб буюк шоҳ ўз маликаи олияси Васавдатта билан бирга қайдасан доруссалтана деб йўлга тушди. Аъзои баданларини хушбўй тер — мад қоплаган улуғвор филлар ҳамроҳлигида кетиб борар экан, гўё ажрашишни истамаёгандек, Виндҳйа тизмалари ҳам жонланиб, орқадан эргашиб келаётганга ўхшарди. Лашкарлар ва отларнинг ҳадсиз оёқлари остидан гув-гув овоз бериб, гўё замин ҳам уларга олқиш айтаётгандек, гўё сарой шоирлари басма-басига улар ҳақига қасидалар ўқиётгандек туюлмоқда эди. Қўшинлар оёғи остидан кўкка ўрлаётган чанг булути эса Индрнинг ҳам юрагига ғулғула солиб, севинчдан тоғлар ҳам қанот қоқиб парвоз қилаётгандек эди.
Иккинчими ё учинчи куни Удаян ўз салтанатига кириб келди ва бир кечаси Руманват уйида тунаб қолди. Эртасига тонг билан ниҳоят улуғ тантана бошланди — ўз севгилиси билан шоҳ Каушанбига кириб келди, доруссалтананинг барча аҳолиси кўзлари тўрт бўлиб йўл қараб турарди. Аёллар ҳамма ёғини чиннидай қилиб, байрамона ярақлатиб қўйган шаҳар, гўё узоқ айрилиқдан сўнг эрини кутиб олаётган хотиндай, ял-ял ёнмоқда эди. Интиқлик азобидан қутулган шаҳар аҳли ҳам ватслар шоҳи ва унинг қайлиғини томоша қилиб тўймас, чақмоқли булутдан жон-тани яйраган товусдай ўзини қўйгани жой тополмас эди. Шаҳарликларнинг хотинлари эса уйларининг томига чиқиб, бамисоли юзлари билан осмонни тўсиб олишди, гўё самовий Ганга соҳиллари бўйлаб олтин нилуфарлар қийғос очилгандек.
Сўнг бамисоли ёнида унга бахт ато этган маъбуда Шри турган Удаян Васавдатта билан бирга саройга кириб келди. Ўз тобеликларига иқрор бўлиш учун келган вассал шоҳлари билан тўла, хонандаларнинг қувноқ қўшиқларидан файзиёб бу сарой худди уйқудан уйғонгандек бўлди.
Кўп ўтмай тан қўриқчиси ва Пулиндак ҳамроҳлигида Васавдаттанинг акаси Гўпалак пайдо бўлди. Меҳмонларни қарши олиш учун шоҳ ўрнидан турди, Васавдатта эса унинг келишини дунёдаги энг катта саодат сифатида қарши олганча кўзларини ката-катта очиб турарди. У акасини кўргач, ўзича: «Нега энди уялар эканман», — деб хаёлидан ўтказди ва кўзларидан тирқираб отилмоққа тайёр турган ёшларини аранг тўхтатиб қолди. Сал илгари отаси юборган номадан воқиф бўлиб, унинг кўнгли тоғдек кўтарилган эди, энди эса қариндош-уруғлари келгач, ўзини бутунлай бахтиёр ҳис қилмоқда эди.
Эртаси куни Гўпалак расм-русмларга кўра, Васавдатта ва ватслар ҳукмдорининг тўй тантаналарини бошлаб юборди. Удаян Васавдаттанинг қўлидан тутганида гўё севги бутоғида қийғос очилган нафис гулни ушлаб олгандай бўлди. Қиз эса севгилисининг қўли текканини сезган заҳоти руҳий фараҳдан кўзлари юмилди, вужуди титраб кетди ва аъзои баданини тер қоплади, эти жимирлаб, энг майда тукларигача жунбушга келди, шу аснода Ишқ тангрисининг гулдор камонидан бирин-кетин пайконлар келиб санчила бошлади: булар туйғулардан мосуво этувчи пайкон ҳам, Шамол пайкони ҳам, Сув пайкони ҳам эди. Васавдатта муқаддас оловни чапдан ўнгга қараб айланиб ўтганида ва кўзлари тутундан қонталаш бўла бошлаганида шундай хаёлга бориш мумкин эдики, қандайдир кайф берувчи ичимлик унинг ўн ҳуснига яна битта ҳусн қўшиб, чиройини батамом очиб юборганди.
Ватслар ҳукмдори Гўпалак унга инъом этган қимматбаҳо тошлар ва ўз вассалларининг совға-саломлари билан тўлдирди ва энди чиндан ҳам бадавлатликда рожаларнинг рожаси билан тенглашиб олганди.
Тўй ўтгач, ёш келин-куёв халқ кўзига кўриниш берди, кейин эса бахту шодон ўз хобгоҳларига кириб кетишди. Тўй тантаналари муносабати билан ватслар шоҳи Гўпалак ва Пулиндакни ўз кўйлаги ва шоҳона саллалар билан сарафроз этди ҳамда Яугандҳрайан ва Руманватга барча вассал шоҳлар ва шаҳар аҳолисини ҳам сахийлик билан мукофотлашни амр қилди.
Шунда Яугандҳрайан деди: «Шоҳ бизга оғир топшириқ берди, зеро халқ истагини билиш қийин. Ҳатто биргина норози чақалоқ кучли ғазаб уйғотиши мумкин. Бунга мисол тариқасида сенга, дўстим, Балвинаштак ҳақидаги ривоятни сўзлаб берай, диққат билан қулоқ сол».

БАЛВИНАШТАК ҲИКОЯСИ

Бир замонлар Рудршарман деган бир браҳман яшар эди ва азамат йигит бўлгач, иккита хотинга уйланди. Улардан бири унга ўғил туғиб бериб, ўлиб кетди, шунда у етим қолган ўғилчага қарашни ўгай онага қолдирди. Бола бироз ўсиб, суяги қотгач, ўгай она унга ёмон-ёмон овқатлар бера бошлади, бундан боланинг бадани кулранг тусга кириб, қорни қаппайиб кетди. «Нега сен онасиз қолган ўғлимга яхши қарамаяпсан?» — сўради Рудршарман иккинчи хотинидан. «Мен нима қилай?» — деди у эрига — «Оқ ювиб-оқ тараяпман, қўлимдан келганча ғамхўрлик қилаяпман, у бўлса тобора бадбашара бўлиб кетаяпти». — «Начора, худо уни шунақа қилиб яратган экан-да», — кўнглидан ўтказди браҳман. Ахир хотинларнинг ёлғон ва макрли гапларига лаққа тушмаган эркак борми? Шу тариқа болакайни Балвинаштак деб атай бошлашди, чунки у ростдан ҳам мажруҳ болага ўхшаб кўринарди.
«Ўгай онам доим мени хафа қилади, ундан бир ўч олмасам бўлмайди», — деб ўйлади ўзича Балвинаштак; у, буни қарангки, ғоятда ақлли эди, ўзи эса эндигина беш ёшга тўлганди. Шундай қилиб, бир куни отаси шоҳ саройидан қайтиб келганида аста унинг қулоғига шивирлаб деди: «Ота, менинг иккита отам бор». Бола бу гапни ҳар куни такрорлайверди, шунда отаси, хотинимнинг ўйнаши бор экан-да, деган хаёлга бориб, у билан гаплашмай қўйди. Хотин эса шундай ўйлади: «Ҳеч бир айбим бўлмаса ҳам нега эрим менга аччиқ қилади? Бу Балвинаштакнинг иши эмасмикан?» Балвинаштакни обдон чўмилтирди, унга ширин-ширин таомлар берди, сўнг тиззасига ўтқазиб сўради: «Ўғлим, отанг менга жаҳл қилиб, гаплашмай қўйди, уни сен шундай қилиб қўймадингми тағин?» Бунга жавобан бола ўгай онасига қараб деди: «Агар бугундан бошлаб менга яхши қарайдиган бўлсангиз, мен ҳам сизга ҳеч қандай ёмонлик қилмайман». Буни эшитиб, аёл энди зинҳор бундай қилмайман, деб онт ичди ва мулойимлик билан ундан эри билан яраштириб қўйишни илтимос қилди. Шунда бола унга деди: «Отам қайтиб келганида, чўриларингиздан бири унга ойна тутқазсин. Қолганини менга қўйиб берасиз!» Ўгай она хўп деди ва Рудршарман уйга қайтиб келгани ҳамон чўри унинг топшириғи билан унга ойна тутқазди. Шу аснода бола ойнадаги унинг аксини кўрсатиб деди: «Ота, мана менинг иккинчи отам». Буни эшитиб, Рудршарманнинг дилидаги шубҳа тарқади-қўйди ва ўшандан кейин беҳуда айблаб юрган хотини билан яна апоқ-чапоқ бўлиб кетди.
Агар жаҳлини чиқарса, бола ҳам шундай зарар келтириши мумкин. Шу боис биз барча одамларнинг кўнгли тўқ бўлиши учун ҳаракат қилишимиз керак.
Шундан кейин Яугандҳрайан билан Руманват ватслар шоҳи айёмига тўпланган барча одамларга инъомлар беришди. Тўйга келган шоҳлар шу қадар хурсанд эдиларки, уларнинг ҳар бири дилидан шундай гап ўтмоқда эди: «Фақат менга шундай илтифот кўрсатишаётганди!» Васантак билан бирга ўзининг икки вазирига шоҳ Удаян ўзи алоҳида ҳиммат кўрсатди, уларга ўз қўли билан зарбоф кийимлар, хушбўй тутатқилар, зеб-зийнатлар топширди, шунингдек, уларга қишлоқлар инъом этди.
Тўй тантаналари ниҳоясига етди ва Васавдатта билан қовушиб, ватслар шоҳининг барча истаклари рўёбга чиқди. Ниҳоят, уларнинг севгиси тунги айрилиқдан изтироб чеккан бир жуфт чакравак қуши каби жўшқин лаззатларнинг туганмас силсиласи билан поён топди. Ёш келин-куёв бир-бирининг дилига йўл топгани сайин иштиёқлари янгидан ниш уриб, гуркирай бошлади.
Бирмунча муддатдан кейин тўйни ўтказиб берган ота амри билан Гўпалак уйига равона бўлди ва ватслар шоҳи ундан тезроқ қайтиб келишни ўтинди.
Бу орада ишратпараст Удаян гоҳ-гоҳ илгаридан аҳд-паймон қилиб юрган ҳарам чўриси Вирачита билан яшириқча учрашиб турар эди. Бир куни у маликани янглишиб унинг исми билан чақириб юборди ва у хотинининг оёғига йиқилиб, кечиришини ёлвориб сўради; малика ҳам кўз ёшлари билан севгилиси чеҳрасини ювди, бу билан уни олий шоҳона рутба билан сарафроз этгандек бўлди.
Шунга ўхшаган яна бир воқеа юз берди — бунга Гўпалак асир олган ва маликага инъом тариқасида ҳавола этган Бандҳумати исмли малика сабабчи бўлди. Васавдатта уни ўз ҳомийлигига олиб, унга Манжулика деган янги исм берди; бу қиз нафосат баҳри муҳитидан чиқиб келган иккинчи маъбуда Шри мисоли соҳибжамол эди. Васантак ёрдамида шоҳ у билан чирмовуқлар қоплаган шийпонда учрашди ва гандҳарвлар одати бўйича у билан пинҳоний никоҳдан ўтиб, васлига восил бўлди. Бироқ ўзининг эътиборсиз қолганини кўриб, Васавдатта уларни таъқиб қила бошлади ва ғазаб отига миниб, Васантакни зиндонга ташлаттирди. Шунда шоҳ Удаян хотинининг дугонаси, Васавдатта ота уйидан чақириб олган роҳиба Санкритяянага ёлвора бошлади. Роҳиба маликаи улёни бир амаллаб жаҳл отидан туширди ва Васавдатта Санкритяянанинг маслаҳати билан Бандҳуматини шоҳга топшириб қўя қолди, зеро саховатли аёларнинг қалби юмшоқ бўлади.
Кейин малика Васантакни зиндондан озод қилди, у эса малика ҳузурига келди-да, табассум билан деди: «Аслида олдингизда гуноҳкор Бандҳумати эди-ку; менинг нима айбим бор эди? Заҳарли илонга аччиқ қилиб, сувилондан ўч оласизми?»
«Бу ўхшатишингни менга изоҳлаб бер», — деб қизиқсиниб сўради малика ва Васантак жавоб ўрнида ҳикоясини бошлади:

РУРУ ВА ПРАМДВАРА ҲИКОЯСИ

«Бар замонлар дарвешнинг Руру исмли ўғли саргардон бўлиб юрганида ҳуснда тенгсиз бир қизни кўриб қолди. У апсара Менака ва видйадҳарнинг қизи бўлиб, уни ўз кулбасида дарвеш Стҳулкеш тарбия қиларди. Қизнинг исми Прамдвара бўлиб, кўришганда Рурунинг қалбини шу қадар ром қилиб олдики, йигит бетўхтов бориб Стҳулкешдан унинг қўлини сўради. Стҳулкеш қизни унга беришга рози бўлди, бироқ тўйга яқин қолганида Прамдварани илон чақиб олди. Рурунинг юраги қаттиқ ғуссага тўлди, бироқ шу он кўкдан овоз келди: «Ҳой браҳман, гарчи қизнинг ердаги муддати тугаган бўлса-да, ўз умрингнинг ярми ҳисобига уни тирилтириб олишинг мумкин». Буни эшитиб, у қизга умрининг ярмини берди ва қиз ўликлар қаторидан халос бўлгач, унга уйланди. Шундан бери ҳар гал Руру илонни кўрганида, азбаройи ғазабдан хотинимни чаққан илон шу бўлса керак деб ўйлаб, уни ўлдирар эди.
Бироқ бир куни йигит бир сувилонни ўлдирмоқчи бўлганида, сувилон одамлардай тилга кириб унга деди: «Ҳой браҳман, сенинг асли заҳарли илонда қасдинг бор эди, сувилоннинг бунда нима айби бор? Хотинингни заҳарли илон чақиб олганди, сувилонлар эса заҳарли илондан фарқ қилади, уларнинг эса заҳари бўлмайди». Сувилоннинг гапларини диққат билан тинглаб, Руру ундан сўради: «Сен кимсан, дўстим?» — бунга жавобан сувилон деди: «Эй браҳман, мен бир дарвеш эдим ва қарғиш тегиб, илонга айланиб қолганман. Бироқ сен билан суҳбатлашганимиздан кейин қарғиш муддати ниҳоясига етмиш». Шундай дея у ғойиб бўлди ва Руру бошқа сувилонларни ўлдирмайдиган бўлди.
Шу боис, эй малика, сенга бу таққосни мисол қилиб келтиргандим: заҳарли илонларга аччиқ қилиб, сен сувилонлардан қасдингни олаяпсан”.
Муғамбирона табассум ила шу сўзларни ирод этиб, Васантак ўз ҳикоясини тугатди ва эри билан ёнма-ён ўлтирган Васавдатта ортиқ унга жаҳл қилмайдиган бўлди.
Шундай қилиб, ватслар шоҳи Удаян ҳар гал малика дарғазаб бўлганида ўзини таппа унинг оёғига ташлар ва болдай тотли, ранг-баранг ва сеҳрли эртаклари билан овутишни Васантакдан илтимос қилар эди. Ўшандан бери ҳар доим хужастафол бу шоҳнинг тилидан ирод этилган ҳар бир калом хушбўй мусаллас таъмини берар, қулоқлари ёқимли чолғулар сасига маҳтал бўлар ва нигоҳлари суюкли хотини чеҳрасидан бир зум узилмас эди.
Буюк шоир Сомдевнинг “Достонлари уммон”идаги “Ривоятга дебоча” китобининг олтинчи долғаси шулардан иборат.
«Ривоятга дебоча” номли иккинчи китоб тугади.

Ҳиндий тилидан Амир Файзулла таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон