О’Генри. Йигирма йилдан сўнг (ҳикоя)

Полициячи посбон кўчадан важоҳат билан ўтиб борарди. У яккам-дуккам учрайдиган йўловчиларни ҳайратга солиш учун атайлаб важоҳатли кўринаётгандир, балки бу унга одат бўлиб қолгандир. Ҳаво нам, ҳали соат кечки ўн бўлиб улгурмаган эса-да, қаттиқ эсаётган шамолдан ёмғир ҳиди келарди, кўчалар деярли бўм-бўш эди.
Йўл-йўлакай эшикларни текширган, чаққон ва ғалати ҳаракатлар билан таёқчасини силкитганча ора-сира ўз мулкининг барча бурчакларига зийрак нигоҳ ташлаган кўйи бўйдор, бақувват гавдали, оёқларини хиёл кериб юрувчи полициячи жамоатчилик осойишталигини таъминловчи посбоннинг ажойиб қиёфасини ўзида мужассам этганди. Унга тегишли даҳа аҳли аллақачон осуда уйқуда. Фақат аллақаерларда, тамаки дўконими ёки тунги бардами, ҳамон чироқлар милтиллайди. Бу атрофдаги биноларнинг кўпчилигини идоралар банд қилган, улар эса аллақачон беркилиб бўлганди.
Маҳаллалардан бирининг ярмига етар-етмас полициячи бирдан одимини секинлатди. Қоронғиликда, темир буюмлар сотиладиган дўкон эшиги ёнида оғзида ёндирилмаган сигарета тишлаган бир одам турарди. Полициячи унга қараб юрган заҳоти у тез-тез гапира кетди.
– Ҳаммаси жойида, сержант, – деди номаълум киши хотиржам оҳангда. – Ошнамни кутиб турибман, бор-йўғи шу. Мана шу учрашувни у билан йигирма йил муқаддам келишиб олгандик. Бу сизга сал ғалати туюлса керак, шундайми? Начора, истасангиз, буни бир бошдан тушунтириб берай, кўнглингиз тортармиди? Ҳозир мана бу дўкон турган жойда илгари “Ота Жо Брэди” ресторани бўлгувчи эди.
– Беш йил олдин, – деди полициячи, – ўша уйни бузиб ташлашди.
Нотаниш киши гугуртни “чирт” ёқиб, сигара тутатди. Гугурт алангасида унинг юзи, чорбурчак жағи, ўткир кўзлари ва ўнг қоши ёнидаги кичкина оқ чандиқ кўринди. Юпқа бўйинбоғидаги йирик олмос кўзли тўғноғич чарақлаб кетди.
– Бугун, – сўзида давом этди ҳалиги киши, – “Ота Брэди”да менинг энг яхши ўртоғим ва дунёдаги энг ажойиб йигит Жим Уэлс билан бирга овқатланганимга роппа-роса йигирма йил бўлди. Иккаламиз ҳам шу Нью-Йоркда туғишган ака-укалардек бирга катта бўлганмиз. Тонг отиши билан бахтимни қидириб, мен ўарбга йўл олардим. Мен ўн саккизга қадам қўйган, Жим эса йигирма баҳорни кўрган бўз йигитлар эдик. Жиммини Нью-Йоркдан суғуриб олиб чиқиш ўлимдан қийин эди, у бу шаҳарни ер юзидаги ягона маъқул ва манзур жой деб биларди. Хуллас, ўша оқшом биз роса йигирма йилдан кейин учрашишга келишдик, ҳаётимиз қандай кечмасин ва тақдир бизларни ҳар қанча узоққа улоқтирмасин, ўша кун, ўша соатда учрашишимизни шарт қилиб қўйдик. Биз шунча вақт ичида бемалол аҳволимизни ўнглаб, бахтимизни қарор топтириб оламиз, деб ўйлагандик.
– Жуда қизиқ иш бўлган экан-ку, – гап қотди полициячи. – Гарчи, назаримда, учрашувлар оралиғидаги муддат ҳазилакам бўлмаса-да. Хўш, нима бўлди, ажрашганларингиздан буён ошнангиздан дом-дарак тополдингизми, ишқилиб?
– Йўқ, дастлабки вақтларда бир-биримизга хат ёзиб турдик. Бироқ, бир ё икки йил ўтиб, бир-биримизни изсиз йўқотдик. ўарбни ўзингиз биласиз, ўзига етганча кенг юрт, менинг эса унда бормаган жойим қолмади. Аммо бир нарсага имоним комил эди: агар ўлиб кетмаган бўлса, Жимми шартлашилган жойга, албатта, келади. Бундай вафодор ва субутли дўстни кундуз чироқ ёқиб тополмайсан. Уни эсдан чиқариши мумкин эмас. Бу ерга вақтида етиб келиш учун неча минг миллик йўлни босиб ўтдим, агар Жим ҳам сўзида турса, бундан сира пушаймон бўлмайман, албатта.
У башанг соатини чиқарди – соатнинг қопқоғига майда олмос доначалари қадалган эди.
– Уч дақиқаси кам ўн, – деди у. – Биз ресторан эшиги олдида ажрашганимизда соат роппа-роса ўн эди.
– Назаримда, ўарбда ишларинг ёмон кетмаган, шекилли? – ўсмоқчилаб сўради полициячи.
– Ў-ҳў, бўлмаса-чи! Агар менинг ярим омадим Жимга кулиб боққанида, дўппимни осмонга отардим. Ўзи бироз ланжроқ бўлса-да, баҳоси йўқ йигит. Унга гап уқтиргунимча нақ она сутим оғзимга келганди. Нью-Йоркда эса одам тўнкалигича қолиб кетади. Фақат ўарб одамни чархлайди.
Полициячи таёғини айлантириб, бир қадам олға юрди.
– Бўпти, мен борай. Ишқилиб, дўстингиз айтилган вақтда келсин-да. Жуда сонияма-сония аниқ келишини талаб қилмассиз ундан?
– Ҳа, албатта. Кўпи билан яна ярим соат кутаман-да. Агар жони омон бўлса, шу пайтгача, албатта, етиб келиши керак эди. Яхши боринг, сержант.
– Тунингиз хайрли бўлсин, сэр, – полициячи эшикларни йўл-йўлакай кўздан кечирганча келган йўлида давом этди.
Энди ёмғир майдалаб, шиғалаб ёға бошлаганди, ўқтин-ўқтин эсиб турган шамол ҳам бир маромга ўтиб, изғиринга айланганди. Ёқаларини кўтариб ва қўлларини чўнтакларига суқиб олган сийрак йўловчилар маъюс ва ҳолда овоз чиқармай, шошиб ўтиб кетишарди. Неча минг миллаб йўл босиб келган киши эса дўстига бўлган қарийб бемаъни ваъдасида турмоқ учун сигарасини тортганча кутиб қолаверди.
Йигирма дақиқача ўтгач, пальтосини қулоқларигача кўтариб олган баланд бўйли одам кўчани шошиб кесиб ўтди-да, дўкон эшиги олдида кутиб турган киши томон қараб юрди.
– Бу сенмисан, Боб? – сўради янги келган одам ишонқирамай.
– Сен Жимми Уэлс эмасмисан? – ўша заҳоти жавоб қайтарди униси.
– Ё Парвардигор! – деди новча одам сигарали кишининг ҳар иккала қўлини қўллари билан тутиб. – Қара-я, Боб эканинг кундай кўриниб турибди. Агар ҳали ҳам ёруғ оламда бор бўлсанг, сени бу ерда топишимга зарра шубҳа қилмагандим. Буни қара-я! Йигирма йил – ҳазилакам гап эмас. Кўрдингми, Боб, ресторанимизни бузиб ташлашибди. Афсус, ўшанда сен билан икковимиз кечки овқатни қанақанги туширгандик унда. Хўш, гапир, дўстим, ўарбда кунларинг не кечди?
– Зўр. У ерда насибамга нима ёзилган бўлса, ҳаммасига эришдим. Сен эса бутунлай ўзгариб кетибсан, Жим. Эсимда, сен мендан икки-уч дьюм пастроқ эдинг.
– Ҳа, йигирмага тўлганимдан кейин бироз бўйга тортдим.
– Сенинг ишларинг қалай, Жимми?
– Чидаса бўлади. Шаҳар муассасаларидан бирида хизмат қиламан. Бўпти, Боб, кетдик. Мен бир кунжакни биламан, икковимиз у ерда хумордан чиққунча гаплашамиз, эски пайтларни эслаймиз.
Улар бир-бирларининг қўлтиғидан олиб, йўлга тушишди. Боб ўарбдан омади юришиб, кўзини ёғ босиб келгани, ишдаги муваффақиятлари ҳақида лаби лабига тегмай ҳикоя қила кетди. Бошини ёқаси ичига биратўла тиқиб олган шериги эса уни қизиқиш билан тинглар эди.
Маҳалла бурчагида дорихона дўконининг чироғи милтилларди. Ёруққа яқин келиб, ҳар иккала йўловчи бир вақтда бир-бирига қараб бурилди-да, бир-бирининг юзига кўз ташлади. ўарбдан келгани бирдан тўхтади ва қўлини олди.
– Сиз Жим Уэлс эмассиз, – деди у шартта. – Йигирма йил – узоқ муддат, аммо кишининг римча бурни тугмачадек бўлиб қоладиган даражада узоқ эмас.
– Бу муддат ичида ажабтовур одам ҳам муттаҳамга айланади гоҳо, – жавоб берди новчаси. – Гап бундай, Боб, ўн дақиқа бўлдики, сиз ҳибсдасиз, Чикагода худди шуни тахмин қилишганди, сиз, албатта, бизнинг ерларга келиб-кетишни канда қилмайсиз, сиз билан суҳбат қуришимиз мумкинлигини ҳам хабар қилишганди. Хўш, ортиқча шовқин-сурон кўтариш ниятингиз йўқми, мабодо? Ундай бўлса, оқилона йўл тутганингиздан минннатдорман. Энди эса сизни полицияга топширишдан олдин мен яна бир топшириқни бажаришим керак. Мана бу хатни олинг. Уни шу ерда, дераза олдида ўқиб кўришингиз мумкин. Буни менга Уэлс полиция посбони берди.
ўарбдан келган одам узатилган бир парча қоғозни очди. Хатни ўқиб бўлгач, унинг қаттиқ қўллари хиёл титради. Хат қисқагина эди:
“Боб! Мен тайинланган жойга вақтида етиб келдим. Сен гугурт чаққанингда, мен Чикаго қидираётган одамнинг башарасини таниб қолдим. Мен бу ишни ўзим қила олмасдим ва сени ҳибсга олиш учун ўзимизнинг маҳаллий агентлардан бирини юбора қолдим.
Жимми”.

Русчадан Амир Файзулла таржимаси
«Китоб дунёси» газетасидан олинди.

* * *

Навбатчи полициячи катта шоҳкўча бўйлаб юрарди. Соат чамаси тунги ўнлар атрофида, аммо совуқ шамол кўчадаги одамларни бугун уйларига эртароқ ҳайдаганди. У келганда полициячи эшикларни текшираётганди.
Кўчада сукунат ҳукм сурар, эшик ва дарвозаларнинг аксарияти ёпилганига анча бўлган бизнес бинолариники эди. Бир бино олдига келганда полициячи тўсатдан секинлади. Дўкон эшиги олдида бир одам ҳали ёқишга улгурмаган сигарасини оғзига солганча тик турарди.
Полициячи яқинлашгани замон ҳалиги одам шоша-пиша сўз бошлади:
– Ҳаммаси жойида, офицер, – деди у. – Мен бир дўстимни кутяп­ман, холос. У билан йигирма йил олдин учрашув белгилаган эдик. Балки сизга кулгили туюлар, аммо ҳаммаси жойидалигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлсангиз, сизга тушунтириб беришим мумкин. Ўша пайтларда ҳозирги “Катта Жое” дўкони ўрнида Брейди ресторани бўларди.
– Беш йил олдин бузиб ташланган, – деди полициячи.
Нариги одам гугурт чақиб, сигарасини тутатди. Учқун унинг оқариб кетган, тўртбурчаксимон жағли юзини, ўнг қошидаги оқ чандиқ ва ўткир нигоҳларини бир зум ёритди. Бўйинбоғига эса катта олмос донаси қадалган эди.
– Йигирма йил аввал оқшом палласи, – давом этди у, – Ҳозирги “Катта Жое”, яъни Брейди ресторанида энг яқин дўстим, дунёдаги энг яхши дўст – Жимми Увелс билан бирга кечлик қилдик. У билан Ню Йоркда худди ака-укалардек бирга ўсиб-улғайдик. Мен ўн саккизда эдим, Жимми эса йигирмада. Мен Ғарбга пул ишлаб топгани жўнадим. Жимми эса Ню Йоркда қолди. Унинг фикрича, у ер бутун Ер юзидаги яшаса бўладиган ягона жой эди. Ўша оқшом биз қай шароитда ва қанча масофа олисда бўлишимиздан қатъи назар, йигирма йилдан сўнг худди шу жойда учрашишга келишдик. Ўшанда биз шунча вақт ўтиб, ўз мол-мулкимиз ва ҳаёт йўлимизга эга бўлган ҳолда бўламиз, деб ишонардик.
– Жуда қизиқ-ку, – деди полициячи. – Кетганингиздан бери дўстингиздан бирор хат-хабар олмадингизми?
– Тўғри, озгина муддат хат ёзишиб турдик, аммо бир-икки йилдан сўнг изимизни йўқотиб қўйдик. Тўғри, Ғарб жуда катта жой, аммо агар Жимми ҳаёт бўлса, албатта келади, чунки у дунёдаги чин дўстим эди. У ҳеч қачон унутмайди. Мен бу эшик олдига минг мил масофадаги жойдан келдим ва бу дўстим билан кўришишимга арзийди.
Одам соатининг кичик олмос доначалари билан безалган қопқоғини очди.
– Уч дақиқа кам ўн, – деди баланд овозда. Ўшанда ресторан эшигида ажралганимизда соат роппа-роса ўн эди.
– Ғарбда ишингиз ўнгидан келган чоғи, шундай эмасми? – деб сўради полициячи.
– Ҳа, албатта! Жимми ҳам ҳеч бўлмаганда буларнинг ярмига эришган деб умид қиламан. У жудаям меҳнаткаш эди. Мен Ғарбда бойлигимга кўз тиккан қанча ваҳший одамлар билан курашишимга тўғри келди. Ню Йоркда бўш-баёв бўлиб қоларкан киши. Ғарб эса одамни тарбиялайди.
Полициячи бир-икки қадам ташлади.
– Мен йўлимда давом эта қолай. Умид қиламанки, дўстингиз бу ерга албатта келади. Сиз уни фақат соат ўнгача кутмоқчимисиз?.
– Йўқ, – деб жавоб берди у. – Ҳеч бўлмаганда ўн яримларгача кутаман уни. Агар Жимми тирик бўлса, албатта келади. Хайрли тун, офицер!
– Хайрли тун, жаноб, – деди полициячи ва эшикларни текширишда давом эди.
Совуқ шамол эсиб, ёмғир ёғарди. Аҳён-аҳёнда кўзга ташланиб қоладиган йўловчилар эса совуқдан палтоларининг ёқасини кўтариб, қўлларини чўнтакларига солганча қаерларгадир жимгина шошишарди. Дўкон остонаси олдида эса минг мил узоқликдан болаликдаги дўстини кўргани келган одам сигарасини тутатганча уни кутарди. У чамаси йигирма дақиқа кутгач, кўчанинг нариги томонида узун плаш кийиб, ёқасини кўтариб олган бир новча киши пайдо бўлди ва йўлни кесиб ўта бошлади. У тўғри унинг ёнига келиб тўхтади.
– Боб, бу сенмисан? – сўради у бироз шубҳа аралаш.
– Сен Жиммимисан? – бақириб юборди эшик олдидаги одам.
– Албатта-да!
Иккови ҳам қувончдан бақириб, бир-бирларининг қўлларини маҳкам сиққанча кўриша кетишди.
– Бу – Боб, ҳа, худди ўзи! Тирик бўлсанг, сени шу ерда албатта топишимга ишончим комил эди. Қандай яхши! Йигирма йил узоқ муддат-да. Бу ердаги олдинги ресторан ҳам бузилиб кетибди, Боб. Қани энди бузилмаганда эди, биз яна шу ерда бирга кечлик қилардик. Ғарб қандай экан, оқсоқол? – деб сўради Жимми.
– Яхши. У мен сўраган ҳамма нарсани берди. Сен эса роса ўзгариб кетибсан, Жимми. Сени бунчалик новча деб сира ўйламагандим.
– Ҳа, йигирма ёшдан кейин анча ўсдим.
– Ню Йоркда ишларинг яхшими, Жимми?
– Ёмон эмас. Шаҳар муассасаларидан бирида ишлайман. Юрақол, Боб, Сени ўзим билган бир ерга олиб бораман ва ўша ерда мазза қилиб олдинги вақтларни эслаб суҳбатлашамиз.
Икковлари бир-бирларининг елкаларига қўл ташлаб юриб кетишди. Боб ўзининг ишлари, кўрган-кечирганлари ҳақида сўзлай бошлади. Жимми эса уни катта қизиқиш билан тингларди. Кўчанинг бурчагидаги дорихонанинг чироқлари ўткир, ҳамма ёқни ёритиб турарди. Шу ерга келганда бир зум бир-бирларининг юзларига боқишди. Боб тўсатдан тўхтади-ю, қўлини дарров тортиб олди.
– Сиз Жимми Увелс эмассиз, – деди у. – Йигирма йил узоқ муддатдир, аммо кишининг узун бурни яссига айланиб қолиши учун етарли эмас.
– Аммо йигирма йил яхши инсоннинг ёмон одамга айланишига етарли муддат, – деди новча киши. – Сиз ўн дақиқа мобайнида полиция кузатуви остида бўлдингиз, мулойим Боб. Биз Чикагодан телеграмма олдик. Улар сизни суҳбатга чорлашяпти. Тинчгина ўша ерга борасиз, шундайми? Ҳа, бу оқилона иш. Станцияга боришдан олдин сизга бериб қўйишим сўралган хат бор. Бу полициячи Увеллсдан.
Ғарблик киши кичик бир қоғоз парчасига ёзилган хатни олди. Бамайлихотир ўқий бошлади, аммо тугатаркан, қўллари қалтирашга тушди. Хат қисқа ва лўнда эди:
“Боб, мен келишилган пайтда учрашув жойида эдим. Сен сигарангни тутатгани гугурт чаққанингда эса, Чикагода қидирув эълон қилинган кишининг юзини кўрдим. Сени ушлаб беришга ўзимнинг қўлим бормади, шунинг учун бошқа детективни жўнатдим.
Жимми”.

Инглиз тилидан Дилшода Маҳкамова таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 8-сон