Гуландом Тоғаева (1972)

Гуландом Тоғаева 1972 йилнинг 1 январида Сурхондарё вилояти, Денов (ҳозирги Олтинсой) туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида таваллуд топган.
1989-94 йилларда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетида таҳсил олган.
Кейинги йилларда “Чақмоқ хўрсиниқлари”(1995), “Муҳаббат асри”(2004) каби шеърий китобларим чоп этилган. 1999 йили “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
2007 йили “Ўзбек матбуотида тасаввуф таълимотининг ёритилиши: муаммолари, тамойиллари ва шакллари” мавзуида номзодлик ишини ҳимоя қилиб, филология фанлари номзоди илмий даражасини олган.
Ҳозирда Ўзбекистон телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканалининг Ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий дастурлар бош муҳарририяти катта муҳаррири лавозимида фаолият юритмоқда.

“Баҳордирман, йўлин кузга бермаган …”
(туркум)

* * *

Шиддат-ла куртаклар бир ўрик,
Мисли ўқ-яралар кўксингни.
Ахир кечагина йўқотдинг,
Баҳорга муносиб дўстингни.

Куртаклар санчилар оловдек,
Ғурурни қамчилар хотира.
Ниш урган ҳар ширин нигоҳдан
Ювилар ҳар қанча кудурат.

Оч тусли, қизғишу, ним сарғиш,-
Ҳидлайман ҳикматлар гулшанин.
Жасорат қилмоққа чўзилган
Қутлайман шу митти қўлчани,-
Ғунчани!…

* * *

Ўриклар ҳам гул очмоқда, вафосизим,
Ул дарахтга суяниб эс-ҳушим қолган.
Сен севган гул ис сочмоқда, вафосизим,
Райҳонларнинг ҳидларида ишим қолган.

Умид гулим қирқди қайси гул қайчиси,
Қайси бағри бутун унинг дил куйчиси,
Сўзим тинглаб ханда қилар атиргуллар,
Бу шеър сени севганларнинг суюнчиси.

Қуёш сенга толим-толим нурин сочар,
Ул нурга тик қарамоққа борми ҳаққим?!
Мен ҳам ундан бир уқия,зарра бўлсам,
Қўнар эдим сочларингга келиб балким.

Менинг умрим ўтар гарчи ёдлар билан,
Оби новвот ейсан сен-чи, ётлар билан,
Ишинг йўқдир тақдирлари мотлар билан,
Сен ўтган ул кўчаларда ишим қолган,
Райҳонларнинг ҳидларида ҳушим қолган….

ИШҚ ҲАНДАСАСИ

Мен кимнинг Ушалган сўзи эканман,
Ким таниши учун тақилган халқа.
Булбул панжасининг излари қолган
Бу девордан ортиб Не дегум Халққа?!

Менинг аламимни тушунмайсизлар,
Мени йиғлатган ул ишқ ҳандасаси.
Башар йўқ: Сиз қуроқ-туш,ун, майсизлар,
Илмим узатади кўшк-анда саси.

Мен кимнинг Ушалган сўзи эканман,
Қонимда олмалар қонаб гулласа.
Мен музга бағрини берган ватанман,
Тишларим ўрнида чиқар ҳандаса…

Мен кимнинг Ушалган сўзи эканман,
Ўн саккиз ёшимдан сўроғим шулдир.
-Асалари, боғда гул ё тиканман,
Менга қўнган пайтинг мени ҳам ўлдир….

** **

Бир юлдузман, ой ёнида юрмаган,
Ошиқдирман, кўнгил иши унмаган,
Асли гулу бойчечагин кўрмаган,
Баҳордирман, йўлин кузга бермаган.

Тушларимдай узун экан бу йўллар,
Бу йўлларни чигал қилган шу, диллар,
Муҳаббат деб шовуллаган, тинмаган,
Дарахтдирман, синганига кўнмаган.

Ўйланг, майли мени: “Кибри ҳаволи!”,
Мен ишқ аҳлин сири, асрий саволи.
Шаҳар бериб Ҳофиз ёрга етмаган,-
Қўшиқдирман, соз синса ҳам сўнмаган.

Умид қушим отди “дўсти ҳабиблар”,
Унга малҳам тополмади табиблар,
Шу малҳамнинг армонида йиғлаган,
Бир шоирман, шеърларига сиғмаган.

Бугун далли, дарё бўлди ҳикматим,
Балки бу шеър менинг сўнги суҳбатим,
Дунё ўзи бир ажиб тор томошагоҳ экан,
Унда кўринар баъзан гуллар мисоли тикан,-
-Муҳаббат деб шовуллаган, тинмаган,
Дарахтдирман синганига кўнмаган!…

ОНА ҲАҚИДА СЎЗ

Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Қўлларига сув қуймадим саҳарларда.
Шоир бўлгин қизим,дея жўнатувди,
Лек шеърларим қолиб кетди дафтарларда.

Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Умрим бердим вафоси йўқ гўзалларга.
У-чи борлиқ, ёшлигини менга берди,
Энди бир тиш тополмайди гавҳарларга.

Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Бир бойчечак келтирмадим баҳорларда.
Мен қиз бўлиб кўйлагини бир ювмадим,
Лек қолдирдим уни ҳижрон-заҳарларда.

Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Бир куюк нон изин қувдим наҳорларда.
Бир кўрайин дея мени йўқлаганда
Дедим:” Вақт йўқ, кутинг бошқа сафарларда!”

Бугун уни тўшакларда кўриб қонман,
Мен қиз эмас, ўзин чаққан бир илонман,
Оёқларим шамолига зор бўлганда
Шуҳрат кетин қувиб юрган бир ёмонман.

Бу савлатлар кимга керак, бу давлатлар,
Ул ҳашамнинг бордир бир кун ҳасратлари.
Дўстлар, бу ер қандай кўтаради,
Онасини зор қилганда фарзандлари.

Фарзанд ҳиди жаннатларга қоришиқдир,
Она ҳиди билан йўллар ёришиқдир.
Онажоним, мен асли бир ношуд бола,
Сенинг меҳринг ҳеч тугамас бир қўшиқдир!

Ул қўшиқни алиштирдим шаҳарларга,
Дуо қилгин, она, мени саҳарларда.
Оёғингга оёқ бўлай, қўлингга қўл,
Ахир сени тополмасман гавҳарларга!

ОНАМНИНГ ТЕНГДОШЛАРИ, ДУГОНА-ЎРТОҒЛАРИ

Онамнинг тенгдошлари, дугона-ўртоғлари,
Бир майизни тенг бўлиб еган уруш вақтлари,
Кўчмак ўйин ўйнашиб ошган дўстлик шаҳдлари,
Балки мулки ҳаётда шудир эзгу аҳдлари…

Дараларда отларнинг ўт сочар туёқлари,
Ёлларида ҳилпирар пинҳон ишқ азоблари,
Ой нурида ялтирар қизларнинг чалғилари,
Санамлар баҳсими ё парилар чолғулари. …

Мени кўрса яшнайди кўнглининг гул боғлари,
Норхолойнинг қизи деб кулади қароғлари.
Бир-бирига гал бермай тугамас ардоғлари,
Онамнинг тенгдошлари, дугона-ўртоғлари.

Сочларимга жамалак тақасизми қайтадан,
Пиёлага ўсмани эзасизми қайтадан,
Очилмаган бахтимни ташвиш билан сўроғлаб,
Келинлигим тарҳини тузасизми қайтадан.

Сангил хола, бу менман, эшигингиз очингиз,
Узил хола, кўрсангиз ёришади ичингиз,
Мен онамга тутмаган бойчечакни келтирдим,
Турсун хола, бир ҳаял ишингиздан кечингиз.

Зигзак ёқа кўйлакда мунчоқлари шилдирар,
Каркас рўмол бошида, давраларни тўлдирар,
Баҳор келса Гул ҳиди- ОНА ҳидин билдирар,
Юзда ҳам Инсон ўлса, онасизлик ўлдирар!

Сафингиз ҳам камаяр, йилдан йилга, ўйласам,
Қани энди бойчечак терганимда куймасам,
Армон бўлиб қолади армонимни айтмасам-
ОНАМГА ДАП ЧАЛДИРИБ “СУРХОНЧА”ГА ЎЙНАСАМ!…

Мени кўрса яшнайди кўнглининг гул боғлари,
Норхолойнинг қизи деб кулади қароғлари.
Бир-бирига гал бермай тугамас ардоғлари,
Онамнинг тенгдошлари, дугона-ўртоғлари. …

СЕВГАНЛАР ЙИҒЛАСИН

“Энди у йиғласин мен йиғлаб бўлдим”…(Миртемир)

Қачонким, мен анинг чашмини кўрдим,
Кўзимнинг ёшини қўриғлаб бўлдим,
Чеҳрангнинг гарди деб Каъбага бордим,
Севганлар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим!

Қалбим ўз рангига ранг топиб бўлди,
Гулни фироқ ниши оҳ, ўпиб бўлди,
Чеҳрам ойнасини дард ёпиб бўлди,
Севганлар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим!

Сендан эшитганим зор бўлмаса бас,
Гулнинг бўйинбоғи тор бўлмаса бас,
Лабим қонатган хор хор бўлмаса бас
Севганлар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим!

Худо менга ойдай кўнгилни берди,
Энди беркитмоққа этак ҳам берсин!
Худо менга Мунгдай сингилни берди,-
Пойига сочмоққа чечак ҳам берсин!

Музтарин ҳолимга кулганлар эмас,
Настарин исидан ўлганлар эмас,
Менинг куйларимга куйганлар эмас,
Севганлар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим!

СЕВГИ

Кўнглимизнинг тубинда шерлар йиғлар,
Соғинчимиз хор ўлиб,орлар йиғлар.
Юзингни бир бор кўрмоқ армон бўлди,
Қуёшини соғиниб кўрлар йиғлар.

Қуш инин бевақт ёққа қор бузадир,
Ишқ изин кўмиб аста қорлар йиғлар.
Нигоҳингнинг қалами дор чизадир,
Машрабини соғиниб, дорлар йиғлар.

На бўларди боғчангда бир ўсма бўлсам,
Азал хатин урди қалам қош устина.
Шул даврада висолнгга етар бўлсам,
Душманимнинг байрами ҳам бош устина.

Кўнглимизнинг тубинда шерлар йиғлар…

* * *

Баҳорларга ишониб
Боғларни кезар орзу.
Ҳар кўкарган майсани,
Тонг чоғи безар инжу.

Бир ҳавас,бир шаҳд ила
Уялайди қушлар ҳам.
Нечун табассум қилмас
Борлиқ ранг олган одам.

Гўдак кулгуси каби
Ариқларда шўх сувлар.
Бизга армон бўлди-ку-
Толелари сулувлар.

Орзулари оламча
Қуёшга гул тутганлар.
Шукурларга лиммолим
Шу баҳорга етганлар…

СИНГЛИМГА
(жарқўрғонлик синглим Нодира Соатовага)(афсуски,кўп ўтмай у автода фожеали ҳалок бўлганини эшитдим.)

Тан олмасам ҳамки очиқ давронларда,
Синглим, сизга бўлган меҳрим осмонларда.
Эркаланиб кетманг дея билдирмовдим,
Дарак беринг,энди Анжон томонлардан!

“Заҳар” тиллар анжончага эшилгандир,
Чақноқликка босиқлик ҳам қўшилгандир.
Ёки унинг акси бўлиб,тўполондан
Қайнонангиз қулоғи ҳам тешилгандир.

Маҳзун бўлсам, менга ҳамроҳ,эша эди,
Ташвишларга,армонларга пеша эди,
Гарчи жанжал, тўполон ҳамиша эди,
Дарак беринг, энди Анжон томонлардан!

Баъзан қўйиб ўзин турфа юмушларин,
“Чақар эди” укамларнинг ҳар ишларин.
Соғинибман араз қилиб юришларин,-
Сўрсам бу кун- қандай унинг турмушлари?!

Сенда йўқдир менинг асло ўпка-гинам,
Безовтаман, ўсдинг қайси чаманларда?!
Биз ҳаётни осон девдик, сингилгинам,
Ваҳоланки, у фарқ қилар романлардан!

“Сингил” юрак толасидан бўлар экан,
Ёки унинг ноласидан бўлар экан.
Айрилиқни осон девдик, аслида у,
Дил йиғлоғи, жоласидан бўлар экан.

Эсингдами, узатганинг сирень эди,
Билсам, меҳр- сенинг юрак сиринг экан.
Ҳар баҳорда ўшал гул ҳам йўқлагайдир,
Сиренни ҳам эгасига беринг экан!

Бугун тўла “соғинч дафтар” ҳошияси,
Тилимда ҳам айланади “ Қоши ёсин”…
Бир қизчага “Опа” бўлиб билиб олдим,
Ўт балосин, сув балосин, дўст балосин…

Одатим шу-қолиб шубҳа-гумонларда,
Ичиксам ҳам дил узмайман “ёмонлардан”:
Ул қизчага “яхши опа” бўлсам дейман,
Дарак беринг, энди Анжон томонлардан!…

ДАРД

…Йўқ, у дард,
Шундай бир дардким,
Кўзимда кафт,
Лабда болам исмидек- таниш.
(М.Цветаева)

Бир шоҳликнинг гадолиги бор,
Гадоликда бор бир кун фусун.
Этмоқчиман кўнглимни изҳор,
Мен муҳтожман кимгадир бугун.

Бир туш кўрдим ғамли, ҳадикли,
“Ёшлик, кетма!” дея уйғондим.
Тоғдай оғир, чўнг бир севгининг
Чарос кўзларига ишондим.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Кўз ёшимни аритмас олам.
Тополмадим дунё айланиб
Севилмаган биргина одам.

Булоқ суви каби туйғулар,
Ғамгин бағрим айлади шинам.
Атрофимда яшноқ чеҳралар,
Бу бедардлар ичра йўқ ошном.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Май берурлар, асло сунмайман.
Кўнглим кўкда бир ойга мафтун,
Ердаги ойларга кўнмайман.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Севилмаган юрагим оғир.
Тақдир хатин кўтаролмасдан
Елкаларим дол бўлиб оғрир.

Эй миллион одамлар ичра
Кўнгли асло топилмас одам.
Ул нафосат қайғуси эрур,-
Нафосатга ўчсан бунча ҳам.

Сўзларимни совуқ нигоҳ-ла
Ўқиётган эй дунё-шотир,
Сенга борар йўллар бунча кўп,
Бунча узоқ ва ҳамда чағир…

Сендаги у потирлаб турган
Ўсимлигу ҳайвонлар нафси.
Мен кўлмакда юлдуз кўраман,
Этсам дейман шукримни тавсиф.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Бу муҳтожлик ичра йўқ шараф.
Агар ғафлат айласа мафтун,
Дийдорингга этма мушарраф.

Афсусда ҳам армонларда ҳам,
Умрбоқий экан ишқ дарди.
Мени шунча яшатди балким
Бой берилган фироқнинг дарди,-

Мен муҳтожман сенга жуда ҳам…

ТАСКИН

Ҳар бир учрашувда бир айрилиқ бор,
Ҳар ғам –заруратдир, шодлик –зарурат.
Бир шоир юз йилда келар дунёга,
Буни билмаслигинг сен учун ҳасрат.

Ҳар бир учрашувда бир айрилиқ бор,
Насибам тугаса кетгайман мен ҳам.
Кўклардан излама ўшанда зинҳор,
Умид шул сўрасанг топгайсан Элдан.

Уммонлар қуриса, сингиса ерга,
Бир куни чиқади отилиб албат.
Сен қолган умримни яшарсан балки,
Азиз замондошим, эй моҳиталъат!

Унутма, бир гапнинг келди асноси,
Фақатгина олтин пулга тақалур.
Сендаги Уммиднинг йўқдир баҳоси,
Қалам-синса ҳамки Қалам аталур!

Ҳар бир учрашувда бир айрилиқ бор,
Демак, дод сўнгида бор ним табассум.
Қирғоғин тарк этса даёр ҳам такрор
Кун келиб тошларда қилар тажассум.

Айрилиқ нимадир-битта бутунни
Руҳин бўлаклаши-бераҳм жоду.
Айрилиқ нимадир-Лайли-Мажнуннинг
Асрлар чангида қолган ижоди.

Бир лаҳза бўлса ҳам бахтнинг ҳидини
Туйган чечакларга боққин жимгина.
Висол боғин бир кун тарк этар баҳор,-
Булбул кўзида ҳам бир мунг, бир гина…-

Ахир ҳар вуслатда бир айрилиқ бор…

ҲАЁТДАГИ КАМЛАРИМ

Бирма бир тарк этмоқда,
Кўнглимнинг одамлари.
Кундан кунга ортмоқда
Ҳаётдаги камларим.

Ақл, сабр, куч, ишонч-
Шу тўрт устун-умидим.
Ярашиғинг йўқ эй дил,
Юрак, севгин дебмидим?!

Асрлар шамолида
Қолиб кетмас дамларим.
Ҳали бўлади унут
Ҳаётдаги камларим.

Ўзи саҳро бўлганлар
Кимга майса тутолар.
Ҳушёрликни на билсин
Бахтлари уйқудалар.

Кўп аламли эмасдир
Армонлар билан ўтсанг.
Энг ачинарлиси шу-
Курашишни унутсанг.

Гарчи, санасалар йўқ
Фалони рақамларим.
Кимларгадир ютқизиқ-
Ҳаётдаги камларим.
Умр-тун, ёқай унда
Тугагунча шамларим.
Ағёр, қолмасин сизга,
Айтмаган саломларим.

Ҳали кам, ҳали ярим,
Сиз кутган ул дамларим!
Бахт тезлигин оширар,
Ҳаётдаги камларим !…

ЧЎЛПОН (салафларга эргашиб)

Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда,
Хиёнат қилмаса агар дўстларинг.
Тобут кўтармасанг пою пиёда,
Ташлаб кетганида яқин-ўзларинг.

Ҳасад қилмасалар ёзган шеърингга,
Газетни тўлдириб қилмаса ғийбат,
Душмани кам одам кичик одамдир,
О, шунда ҳолингдан қиламан ҳасрат.

Ботқоққа тушса ҳам қуёшнинг нури,
У қуёшлигича қолаверади.
Шоирнинг қисмати Ёритмоқ фақат
Ҳар ким ўзича нур олаверади.

Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда,
Қон ҳидин туймасанг сут билан қўшиб.
Юксакдан яхшироқ кўринар экан
Бир-бирига ўхшаб-тобут ва бешик.

Чалмай тур сурингни бир пас, Исрофил,
Улгурай, элимга чин фарзанд бўлай.
Чўққини кўрмасдан кетмасин ғофил,
Ҳасадгўй дўстларим бунда чақирай.

Сирот кўпригига ўхшар шеърият,
Унда сўзлаб бўлмас ёлғондан сира.
Мана, тахайюлнинг шаробига боқ,-
Кел, уни ичайлик қолиб бокира.

Ғунча астаридан настарин бир бўй,
Оёқяланг чопган ўтлоқдан бир куй,
Ва-Виждон: Ватанин севган ҳар шоир
Қолдирмоғи керак ўзидан кейин.

Ҳар сўзинг ибодат бўлмаса агар,
Ҳар кунинг элингга бир эм бўлмаса.
Тимсолда, мисолда, ҳар бир ташбеҳда,
Айтган ҳар сўзингга сен тенг бўлмасанг,
Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда…

ПРОГРАММ ШЕЪР

…Баҳор шамоли эсар.
Кимнингдир овозига
акс-садо қайтарар тоғ.(Басё)

Вахшиворнинг тоғлари, сиздек бўлмоқ истайман,
Широқ тили шафақни кўксим кўтариб турса.
Чўққингиздек Фарҳодий бир елкани истайман,
Дилимга ўқ-ёй эмас, кетмон кўтариб кирса.

Вахшиворнинг тоғлари, сиздек бўлмоқ истайман,
Бўлмаса ҳам алқорим, бўлмаса ҳам виқорим.
Қийноқларга оч дилдан битта қўшиқ истайман,
Энг ғур чўққингиз бўлсин менинг энг паст юқорим.

Вахшиворнинг тоғлари, сиздек бўлмоқ истайман,
Кўзимнинг тошларини ёриб наъматак чиқса.
Ойбек бобомга ўхшаб ундан бир шеър истайман,
Боғ бўлгайман, кўкарур унга қуруқ чўп суқса.

Вахшиворнинг тоғлари, сиздек бўлмоқ истайман,
Бедардга ўқ узишни камон истаганидай.
Вахшиворнинг тоғлари, сиздек бўлмоқ истайман,
Қайта бошоқ тугишни сомон истаганидай.

Ғамим шу: гоҳ сизда ким қоя бьўлиб туғилса,
Тоғдек эътиқодини ҳовуч пулга пуллайди.
Мен Орни соғинаман Тоғдан олдин соғинсам,
Демак, Қоям туғилса бўғзимда қиш гуллайди.

Вахшиворнинг тоғлари, сиздек бўлмоқ истайман,
Сўраганга бермайман лек дилимнинг арчасин.
Болтали сайёҳлардан муъжизалар қистайман,
Аввал ясаб беришсин Улуғбекнинг дарчасин.

Армон йўқ сўнги бор мен патини силаётган
Тўшим асрар қирғийнинг фидо қонини кўрсам.
Музда ётган майса деб ўғлондек ўлаётган
Ярадор шеърларимнинг чиқмас жонини кўрсам.

Вахшиворнинг тоғлари, сиздек бўлмоқ истайман,
Аммо сизда йўқ имкон қуёш қадар ўсмоққа.
Аммо ҳадди сиғарми қуёшдек эрк тилин ҳам
Мендек фидо осмонни этак билан тўсмоққа.

Кунлар келса, охират намозига йўласам,
Қояларими юпатсам, “Болам,сира ўлмайман”…
Онажоним, тоғларим, Сиздек бўлиб қуласам,
Тупроққа айланурман, тубан дўнглик бўлмайман…

ТИЛАК

Тирноқларим, бахтимни сизга ўлчаб бермасин,
Берса берсин кўзимда кўкда офтоб этгулик.
Майли,Ширинникидек холни юзим кўрмасин,
Ойбарчиндек қалб берсин, Алпомишга тутгулик.

Дуо қилинг, бахтимни сизга ўлчаб бермасин,
Дуо қилинг, кўксимни оғриқзордав иситай.
Қўлим тошга узалса, сочим бўғим чирмасин,
Дуо қилинг, аламни бахтим билан ўкситай.

Дунё, сенинг кўчангда йиғламоққа келмадим,
Мен дардхўрман, кечангда ухламоққа келмадим,
Куйларимни юлдуздан тиламадим, меники,
Кўйлагимни сандиққа тахламоққа келмадим.

Тирноқларим, бахтимни сизга ўлчаб бермасин,
Нодира мозорига арзиб чироқ ёқай-ей.
Оқ кўйлакда юрибман, гулдироқлар урмасин,
Шеъримга абадият чучмомасин тоқай-ей.

Тирноқларим, бахтимни сизга ўлчаб бермасин,
Ахир сизда Ишқ, дард йўқ,ҳаловатхўр бўшлиқсиз.
Кўзин ёғин чақиб еб ўсдим ота-онамнинг,
Яшолмайман Гўрўғли Ғиротига ўчликсиз.

Тирноқларим, бахтимни сизга ўлчаб бермасин,
Шу бўйи паст умримни сизга ўлчаб берса ҳам.
Чунки бургут қанчалар ер нонини емасин,
Осмонларнинг ғиштида бошин ёриб ўлса-кам…

ДИЛНОМА

Ойларга тароқ солмиш ўркач-ўркач тоғлари,
Кўзларимга нур эмиш шу юртнинг ардоғлари,
Осмонларнинг парчасин юракларга сочган юрт,
Субҳларнинг дарчасин жаранглатиб очган юрт!

Сен десам қаламимдан тўкилади ёғдулар,
Нозанин майсаларинг кипригинда орзулар,
Тингла, она тупроқни, унда йиллар авжи бор,
Саҳроларинг тубинда дарёларнинг мавжи бор.

Биёбонда адашган фазодан йўл топармиш,
Дилсизлар юртин севса ўтлиғ кўнгил топармиш,
Ёрсиз яшаш мумкину ғариб не йўл топармиш,
Осмонларнинг парчасин юракларга сочган юрт,
Субҳларнинг дарчасин жаранглатиб очган юрт.

Руҳим юлдуз истайди, дил қоракўз истайди,
Юртим таърифингдаман, шеърим бахтсўз истайди…

* * **

Мендан кўпнинг умиди бор,
Менда кўпнинг шиддати.
Келди энди шу тупроққа,
Лойиқ бўлиш муддати.

Шеърим, мендан вафо кўрмай,
Вафо қилган ҳамдамим.
Дилни ёққан бевақт қордан
Асраётган гулханим.

Гарчи дилда очилмаган
Лолаларнинг доғи бор.
Лекин ҳар бир шоирига
Элининг ардоғи бор.

Элим, сени дуо қилай,
Совимасдан қўл кафти,
Юлдузларни иситади,
Сенга меҳрим, дил тафти.

Кўзларингнинг туб-тубида
Чўлпонларнинг ҳасрати,
Бахт-ла сен эту-тирноқдир,
Бўлмас ани ажратиб.

Менда кўпнинг умиди бор,
Менда кўпнинг шиддати,
Насиб этса бас шу элга
Лойиқ бўлиш муддати…

* * **
Ўз халқингнинг тимсоли бўл,
Бўл Халқинга ривоят,
Эслаганлар эсласинлар,
Айлаб шеъру ҳикоят.

Яша, қўйиб жой-жойига,
Ўзбегингнинг ҳурматин.
Йўқми шоҳни иззат қилган
Чумолича ҳимматинг.

Бу умр вақти-мусаввир,
Гўдакдан яратар у чол.
Сени Элга танитгувчи
Лаҳзани тўхтатиб қол!

Ўз халқингнинг тимсоли бўл,
Бўл Халқингга ривоят.
Шундай яша, сен ҳақингда
Айласинлар ҳикоят…

* * *
Шудринг кулар тонгда гул баргда
Ёхуд гулни кулдиради тонг.

Ва ё тонгга табассум берган
Шудринг-гулни уйғотган жаранг.

Аста сийпар гул юзин офтоб,

Ё қуёшда балқир гул бутун.
Капалакдек айласам шитоб,
Куйдирса ҳам офтоб қанотим…

* * *

Яшаш нима ўзи, тириклик нима,
Ҳайратланиш нима абадиятдан.
У-Тангри юборган охирги кема,
Оқибат ахтариш сабабиятдан.

Тавҳид нийнасини жисмима санчиб,
Таннинг деворидан чиқмоқ бўлар жон.
Биз дунё сиррининг тубига етдик,-
Умр- бу изҳори дил учун имкон….

* * * *

Эслаш- кўришдан ортиқ,
Кўриш-суйишдан ортиқ.
Дийдорингга сел бўлиш-
Бахтга тўйишдан ортиқ.
* * * *
Ошиқлик-ёнингдан кетолмай қолиш,
Ҳар тонгда исмингни айтиб уйғониш,
Ишқ-бу фироқ билан баҳру байт экан,
Висол-тушларингни сувга айт экан.
Сен нурсан, осмондан бахт бўлиб тушган,
Мен тонгман, шуълани ҳовучлаб ичган.
Мен сени соғиниб келдим дунёга,
Юр кетдик тоғларга –Сурхондарёга!

* * *

ОҚ ЕЛКАН

Оқариб кўринар бир елкан. М.Лермонтов.

Кишандан узилган тафаккур мисол
Кетарсан уммонда эй ёлғиз елкан.
Ёмғир-пўртаналар айласа ишғол
Тутолсайдим сенга шу нозик елкам.

Манзилинг кўп узоқ, мақсадинг олис,
Дардинг муҳаббатга, ёшликка оид.
Истайсан: тоғ,ўрмон, тонг бўлсинлар холис,
Буколмас сени давр,муҳит, ҳатто шароит.

Оппоқ ленталаринг сарғайтирди вақт,
Улкан балиқлар ғам суздилар четда.
Чунки руҳ мақоминг англагани пайт
Йўл берар душман ҳам сенга албатта.

Шу боис уммонлар бағрида бешик
Мисоли ўзингни эркин сезасан.
Бир даҳо идрокка очасан эшик,-
Биламан, бир куни ундан ўзасан,-
Эй нотинч уммонда оқарган елкан!…

“ Лайли ва Мажнун” достонига шарҳ.

Фикримда бир йиғи бор,-
Уни қайга тўкай мен?
Ғам, сенга чўкмам, чўксам,
Бир кемадек чўкай мен!

Юрагимда бир ўт бор,-
Тушмас қоғозга буткул.
Чунки борган жойини
Айлайди ёндириб кул.

Юрагимда бир ўт бор,-
Ўчиролмас суву сел,-
Ҳижоздаги ҳей одам,
Гулханларда исин, кел!

Каъбага кетар йўлнинг
Бир эшигидир-бу дил.
Қулфидур-меҳр шафқат,
Калит: “Аллоҳдан қўрққил!”

Бу курранинг ўқини
Мойлаб қўяйин дерман.
Сен бердинг ишқ чўғини,-
Эплаб суяйин, дерман!

Охири йўқ-ишқдир бу,
Поёнсиз ҳижрондир бу.
Имконсиз қолган ошиқ
Ёзган достондир бу.

Бу дунёда кўмир кўп,-
Ҳаммаси қалам эмас.
Бу дунёда ошиқ кўп,-
Ҳаммаси одам эмас.
Фикримда бир йиғи бор,
Уни Қайга тўкай мен?!. . .

Сенинг альбоминга

(туркум)

I

Сени умид билан яхши кўраман,
Сени деб тўкилган кўз-ёш ҳам ширин.
Шу боис кўчангда маъюс тураман,
Сен гўзал сиримсан очиқ-яширин.

Шу етти рақамни тераман тинмай,
Мен бахтсиз ҳеч сенга эмасман лойиқ.
Ҳатто бир “алло”га арзимайману,
Фақат сенинг ҳақда орзум чиройлик.

Қишларга бермаган баҳоримсан сен,
Кўчангда тош бўлай, босмасдан ўтма.
Умримнинг энг ширин саҳарисан сен,
Илтимос, юрагим тўридан кетма!

II

Ошиқлик заҳматини
Тоғлар кўтаролмаслар.
У Мажнунга муносиб,
Соғлар кўтаролмаслар.

Мен ҳам бечора ошиқ
Кўзларимда ёш бугун.
Тилимда сўнмас қўшиқ,-
Борми қалбингда ўрним?!

III

Не-не ошиқ саркашларинг
Беролмаслар баҳойингни.
Шеър-ғазалда этиб таъриф
тугатолмас чиройингни.

Битта холинг ҳақда ёзсам
етмас менинг умримда кун.
Шу хол ҳаққи бир бор келиб
айла юрагимни бутун.

IV

Сочдан товонигача
Қора қошдан кўз қадар
Севаман маҳшаргача
Дунё кезиб дарбадар.
Ҳар боқиши бир Лайли,
Ҳар нигоҳи бир Ширин.
Сочининг савдосинда
Минг Қайс оҳи яширин.

V

Севаман. Шу сўзда жам бўлди дунё,
Шу сўз етишмаса кам бўлди дунё.
Ширин табассуминг офтобдай иссиқ ,
Бу офтоб олдида шам бўлди дунё!

VI

Орзуйим-бошим қўйсам ул гўзал домонида,
Не алам, ёндим доим мен анинг ҳижронида.
Қолса ҳам кўнгил аҳли абадий армонида
Эй юрак, бўлгил фақат шу дўстнинг фармонида.

VII

Мен муҳаббат шамъидин масту беморман,
Дўст кўзларининг шавқига зорман.
Ишқ соҳиблари шарҳу масал этдилар-
Эй дўст, токай мен сизга озорман !…

VIII

Ҳеч қалбни сенчалик истамаганман,
Ҳеч кимга сенчалик очмаганман дил.
Ишқ дардин мардларга чиқарган экан,
Соғинчдан юрагим кул бўлди буткул.

Ол, кузнинг серҳашам неъматларини,
Қишнинг пок қорлари, нози ҳам сенга.
Офтобни интизор-мнтизор кутган
Қор гулидек қўнсам иссиқ эгнингга.

Самарқандними ё Урганч берайин,
Юлдуз тўла сават, ол ганж берайин.
Сенга ошиқ шоҳу пиёдалари
Дунёи ажибдек шатранж берайин.

Фақат айт, кўксингни эзган сир нима,
Дилинг тилмоқдасан ким учун шеърда.
Ҳеч кимса севолмас сени менчалик,
Айт, бундай ишқ йўқдир энди ҳеч ерда.

Сўзласанг, сўзингдай асал топилмас,
Кўнглингдай сирга кон масал топилмас.
Ишқингда беморлар сафини кўргин,
Соғинчдан мен каби касал топилмас.

IX

Шу ғанимат дунёда,
Нечун ғам, бунча кўз-ёш?
Нечун минг-минг изтироб
Бунча эгилган бу бош?

Беш миллиард одам ичра
Менга бир дийдор даво.
Гўё минглаб дардларга
Биттагинадир шифо.

Дўстлар бир қош камоннинг
Ёйи бўлмай ғамгинман.
Васлига лойиқ бўлмай,
Ҳижронига маҳкумман.

Дўстман, тан олинмаган,
Ошиқман, киши билмас.
Бир кун васли бўлмаса
Ошиқ дунёга келмас.

Шу ғанимат дунёда
Тугаяпман бир шамдай.
Дунём мунаввар айлаб
Келгил сўлим оқшомдай…

X

Ҳар кимнинг кимдадир насибаси бор,
Биров биров учун кафтда кулган бахт.
Ким бирга туриб ҳам висолига зор,
Кимдир қай кимсага ҳижрондир фақат…

XI

Қўл узатсам етмас юлдузсан,
Зулмат ичра шамга урилдим.
Ишқ атридан топдиму ўлим,
Исминг айтиб қайта тирилдим.

Мавжларингда қолайин майли,
Анбар балиқ қошига чўкиб.
Ўшанда ҳам кетгайман охир
Камалакдан бир дарахт экиб…

XII

Тонгдан оқшомгача хаёлимдасан,
Топган ҳар жавобу саволимдасан,
Бир гулман пойингда очиладиган,
Масалман,қўлингда ечиладиган.

Шу рухсор ўтидан лол бўлиб қолдим,
Ҳар тола сочингга қул бўлиб қолдим.
Севиб Қайс Мажнунга айланган экан,
Мен ҳам ишқ ўтида шул бўлиб қолдим!…

XIII

Умидим, умримга ярашган,
Умидим, кунларим мазмуни.
Кўзлари бахти ила сўрашган,
Энг ширин дамларим афсуни.

Умидим, умримга ярашган,
Орзуйим, яширин армоним.
Бўйлари офтоб-ла бўйлашган,
Кулгуси дардимга дармоним.

Умидим, кўзлари суюнчлим,
Кўрсат, киприкларинг кўрайин.
Кўзим устида бўл ҳар доим,
Кел, киприк ўрнида кўрайин,
Эй дўстим,умримнинг чиройи…

XIV

Севги ширин агар ошиқ ёр васлига етар бўлса,
Маҳбубинг ҳам ишқ шаробин қўлларингга тутар бўлса.
Манзил яқин йўллар бирдир, умр юки оғринтирмас,
Севикли дўст ёнгинангда елкасини тутар бўлса!

XV

Кўпдан кутдим кузатсам зора,
Лабларингнинг ҳаракатини.
Тангрим сенга лутф этиб берган
Сукут сўзлар баракотини.

Фироқ ичра кўпдан интиқман
Дилда ёнар исмсиз бир ўт.
Кўнгил фақат сенга интизор,
Юрак айтар сен учун дуруд.

Муҳаббатнинг минг бир куйи бор,
Бор қайғумни ичга яширдим.
Ҳар зарраму ҳужайрамгача
Борлиғимни куйга топширдим…

XVI

Дардландим, табибга борайин дедим,
Бир гўзал юзига эди дил хумор.
Бир доно ҳолимга куйди-ю кулди:-
“Эй нодон,табибинг ўзи ҳам бемор”…

XVII

Қўл етмасим, юлдузим,
Мен умримни муносиб
Кўрсам ҳамки ёримас
Кечам ҳамда кундузим.

Кўзларингдек кўз қайда,
сўзларингдек сўз қайда,
Келгил шароб ичамиз,
Ишқдек катта саройда.

XVIII

Бир гўзалнинг юзига минг эҳтиёжим бор,
Ишқ устурлобида рашкдан ривожим бор.
На билсин ғофилу бедил соғинчдан нолалар қилсам,
Сочининг атрига нолон сенингдек бир меърожим бор. …

XIX
Очилиб-сочилиб юргин боғларда,
Ишқинг юрагимда ғолиб чоғларда,
Бунча чиройлисан, ширин, ўктамсан,
Яйраб юрай десам менга сен камсан…

Хўжайли. Нозлимхон сулув мақбарасида (XII аср)

Кимнинг муҳаббати ким учун мактаб,
Кимнинг ишқ тақдири кимгадир китоб.
Бу тилсиз деворлар,ажиб нақшлар
Ошиқлар оҳидан айлайди хитоб. ..

Учрашув

Қирлар кездим. Ана, таниш ўнгурларим,
Улоқ боқиб юрар эдим бир пайтлари.
Яширишиб болри ютуқ-қусурларим,
Солланади ёшлигимнинг дарахтлари.

Эсимдадир, камон ўйнаб ёйлар тортдим,
Шаҳд-ла ерга қадалди-ку бир дона ўқ.
Ўшал ўқдан ўсди битта дарахтгинам,
Бугун ундан ўтадиган баланд тол йўқ.

Ҳикмат шуки, бу тупроқда шарофат кўп,
Ўқлар отсанг кўклаб кетар булут бўйи.
Бужур тошга қулоқ тутиб йиғлаяпман,
Ахир унда шовуллайди ёшлик куйи.

Мен чимлардан уй қурганда бузилган ин,
Эстимдадир уни сувга белаганим.
Келдим бу кун ўшал дамлар уйсиз қолган
Чумолилар учун узр сўрагани.

Тилмоч эдим ариқларга, ялпизларга,
Чучмоманинг кўзларини кўрар эдим.
Ёмғир ёғса, у тоғларда овчи отган
Кийикнинг кўз ёши эди , билар эдим.

Лолаларнинг косасида ухлаб ётган
Шуълаларнинг ортларидан қувар эдим,
Сувга кетган онасини кутиб ётган
Хонқизини кафтларимга юмар эдим…

Орзулардан бугун ёруғ пешонам,
Балки кимдир менга эрур ҳавасманд.
Дардим айтсам дилдан эшитгувчим йўқ,
Мунис суҳбатдошим йўқ эрур фақат.

Уйим-жойим дейди дугоналарим,
Янги зирак олса айлашар ҳайрат.
Уни кўз-кўз этиб чарчамайдилар,
Фақат дийдор учун вақт йўқдир ғалат.

Шу боис бойчечак тергани келди,
Ўзини қирлардан излаган одам.
Қанийди гуллардек сочилган дилни
Инсонлар олдида этолсайдим жам.

Хайр, шовқинларга беланган шаҳар,
Салом қаттиқлашган дилнинг элаги.
Соғинган куйимга жўр овоз бўлган
Кетма ҳеч баҳорим, суйган эртагим…..

МУХЛИСГА

Кўрдим, ёзганимни жавонинг узра,
Сўзга эҳтироминг ёндирди тамом.
Китоб қатларида унут ул гулдай,
Бўй таратсин шеърим ўқиган ҳамон.

Ўқувчим, тийнати тақдирга ҳужжат,
Энг иссиқ сўзларга муштоқ, мубтало.
Шеърда этолдимми мен сени иззат,
Ё сўзбозлик ила айладим диққат?!

Шеър-бу ишоратдир, шеър-бу башорат,
У ушалтирмоқдир дил орзусини.
Икки палла ичра шеър ва кўзни қўй,
Ўлча, шоир, кўзлар тарозусини!

Ўқувчим, юз нафар, ҳатто бир нафар,
Бўлсанг ҳам йўлингда жоним садаға.
“Нега ёзмаяпсиз, шоирам,” дея
Айласанг ҳам майли бир оз дағдаға.

Ҳар қайда: учратсанг тўйда, тўйчиқда,
Тошиканд, Бухорода ё Сайрам кўрсанг.
Биринчи муҳаббат соғинчи каби
Истайман, мен сенга бир байрам бўлсам.

Дўстни хам, ағёрни гар хуррам кўрсанг,
Умрингда, ишингда бирон кам кўрсанг,
Истайман, ўшал кез хонадонингда,
Унутилиб, етишган бир байрам бўлсам.

Ё таскин ё тамкин ё қалб маҳрами,
Не деб атасанг ҳам мени майлига.
Ҳар барги тасбеҳу ҳар ҳарфи шамшир-
Кел, Вақт дарахтининг ҳислар сайлига!…

ТРИПТИХ

( Усмон Носир сўзи)

Капалак эдим дўстлар, қаноти адрас-шойи,
Манзилим-кенг келбатли лолазорнинг саройи.
Бир ғам топдим бағрингда-мингта дардга давойи,-
Эй дунёйи заҳаролуд!

Капалакни болалар тўр-ла асир этдилар,
Лолазордан айириб, офтобда қуритдилар.
Нурни севган бу қаро кўзни басир этдилар,-
Эй дунёйи заҳаролуд!

Капалак эдим,дўстлар, қаноти адрас-шойи,
Қақнусга либос бўлур бу қанотлар киройи,
Эммиш-капалак кули кўр кўзларнинг давойи,
Эй дунёйи заҳаролуд! ….

ҒАМИМДИН ОЗОДАДУР

Фалак тийғ-шамширидин
Аёқда бошим шодадур.
Не андуҳким, сарвинозим
Ғамимдин озодадур.

Лабима нолайи нусрат,
Қалбима волаи касрат,
Оҳими оҳига қўшмас,
Дарди дарддан тозадур.

“ Сан манам, манм санам”,-
Оре, ваъда-ваъдадур.
Сайри хароботни қўйким,
Дил-дилим афтодадур.

Ул ёр зулфи қаросинда
Лафзи иймон ётадур.
Уни бир кун китоб қилсам
Дунё равшан тортадур.

Не андуҳким, сарвинозим,
Сарвлардек ғамбодадур,
Барибир шамъи жамоли
Ғамимдин озодадур…

* * *

Эй сен талъат, ой, қамарга этдим қанча таайюнлар,
Гардун,осмон, фазо бўлди жамолингдан тахайюрлар,
Асрларнинг тугуни деб кездим неча Сурайёни,
Қайтди ночор ортига ул қанча мурғ, қуш ва тайрлар.

Тегирмон, чарх, куви ичра гардга айланди бу бағрим,
Обу гил заҳмати узра тузилмиш асли дайрлар.
Ошиқлик бўркини еч,деб қўярлар бошима ханжар,
Заҳар, тарёку оғуни тутар шарбат деб ғайирлар.

Суруд, куй ,нағмадек тарқалди элда яширин бу дардим,
Ишқим сотган қамишларга тиладим пок хайрлар.
Умидингни йўқотма ҳеч,пойида майса бўлсанг ҳам,
Сарв, сановбар, арғувонийни ҳар ерда хўб суюрлар.

Низом, дастур, мақомингни ўзингдан бошқадан сўрма,
Кўз юмиб кўзгу бўлдим мен дилни айлабон сайрлар.
Мизроб, нохун, тирноқбин-ла чиқар торингдан садоким,
Ҳар куйган ошиқ юракка даво деб кўз-ёш қўюрлар…

* * ***

Кўнгил бердим бир дунёи ялмоғизга,
У-чи,отди аждарҳодай бир оғизга,
Шундан бери мен у учун бир сибизға,-
Эй дунёи заҳарангиз!

Кўзим ёши,ҳасратларим-сармояси,
Бахт дафтарим-оёғида дастмояси,
Кин, хиёнат-бир умрлик ҳамсояси,
Эй дунёи заҳарангиз!

У-бир дарё, икки чети гувранади,
Тўлқинида силлиқ тошлар безанади,
Гирдобида кокилларим тебранади,-
Эй дунёи заҳарангиз!

Соҳилларда шаҳзодалар, маликалар,
Куйла, дейди айлаб мени калакалар,
Сизга ётдир руҳ йиғиси-таҳликалар,
Эй дунёи заҳарангиз!

Эй билгисиз қудрат, қайда чакмонларинг,
Англанмаган бахтим, қайда тахмонларинг,
Юрагимни кесиб-кесиб кўрсатайин-
Ишқ ярасин давололмас Луқмонларинг!

Гарчи дарё ўртасида армондаман,
Тўлқинларга, шамолларга шармандаман,
Севилмасам ҳамки севги томондаман,
Эй дунёи заҳарангиз!…

* * *
Тамом.Сиёҳ тугаб тин олди қалам.
Айрилик ҳақида қилди башорат.
Бизни балки минг йил кутди бу олам,
Бу дийдор аслида ғамга ишорат.

Хайр!-Шу сўз мени турибди ушлаб,
Билдим,мен туюлдим сизга хатардай.
Хайр!-Лол турибман лабимни жуфтлаб
Энг сўнги ўқлари қолган аскардай!…

ортиқ. ҚАЛАМГА

Қалам, нега жимсан, нега безовта,
Маълул қиёфангга тушунмадим мен.
Шу кичик жуссангга оғирми келди,-
Қалбимнинг ўти-ю замона юки.

Гомер йиғисига қўшилиб баъзан,
Шарқу Ғарб кезасан билмай масофа.
Барча баҳсларда ғолиб чиқасан,
Чунки дониш кетар, қолар фалсафа.

Кийик терисига битилган тарих,
Ё Занжирсаройда қолган қевасан.
Сен ўз соҳибига бўлган муаррих,-
Қурбон бўлганларни севасан.

Балки хилхонангда энг гўзал битик-
Халқларга битилган эркнинг қоғози.
Сокин қитирлашинг кетади босиб,
Тинч элларни бузган террор овозин.

Сенсиз кўтарилмас ғалаба туғи,
Жаллод қўлидаги ойболталар ҳам.
Истасанг оламнинг халқлари бутун
Битта табассуминг ила мустаҳкам.

Биламан,жигаринг таҳбатаҳ қондир,
Мўмин Мирзоларнинг ўлими учун.
Баъзан хавотиринг ёлғиз имкондир,-
Олмоқ бўласан сен мазлумлар ўчин.

Темур боғларининг тарҳини чизган
Меъморнинг поёнсиз хаёли бўлдинг.
Шу нозик қад ила узун кечалар
Қодирий,Ойбекнинг қўлида кулдинг.

Шодмидинг, илҳомга тўлиқмидинг,айт,-
Навоий сўз билан берганда сайқал.
Мен ҳам далаларда шўр тўпроқ кечган
Ўзбегимга Сўз-ла қўйсам бир ҳайкал.

Қаламим,бурчакда ётма энди жим,-
Чунки юрагимга Элим кўз солган!
Сўйла,мен кимларнинг боласи эдим,-
Улар Қалам билан дунёни олган!

Соат аниқлиги,фикрат кенглиги,
Бахтнинг сибизғаси уйқунгни бузсин.
Қаламим учида турган авлодим,
Кимсан, жамолингни айла тажассум!…

ШОИР УЙҚУСИ

Бир нафас қаламни олдириб тин у,
Туш кўрди, санамлар шайдо қилдилар.
Бир лаҳза тўхтади шиддат ва орзу,-
Зоғлар булбулликни даъво қилдилар.

У-чи сергак, тийрак олмоқда нафас,
Киприкларидан ҳам оқар туйғуси.
Даъво қилишар-у, наво қилишмас,-
Арслон уйқусидир шоир уйқуси…