— Ойижон, қаёққа боряпмиз? — сўради қизча онасига чўчинқираб қараб.
— Отанг бошлаб боряпти бизни, — жавоб берди онаси.
— Ота, биз қаёққа боряпмиз? — сўради қизча отасидан.
— Бир яхши жойга. Сен ҳали тушунмайсан, — узуқ-юлуқ жавоб қилди отаси қизчанинг қўлидан ушлаб олдинга бошларкан.
— Айта қолинг, қаёққа?! — тинчимади қизча.
— Жуда ажойиб жойга, — деди онаси қайсар қизини тинчлантириш ва эрининг жаҳлини чиқармаслик учун юмшоқ оҳангда. Қизча иккала қўлидан ушлаганча гавжум кўчадан етаклаб бораётган ота-онасига ортиқча қаршилик қилмай қўйди. Уни ҳеч қачон бунчалик кеч уйдан етаклаб чиқишмаганди. Булар ҳаммаси қизча учун янгилик эди ва ота-онаси етовида расталари ойдин қилиб ёритилган дўконларни томоша қилганча кетиб борарди. Мабодо, бирор йўловчи ёруғликни тўсиб қўйса, у расталардаги манзарага бўйнини чўзиб қарарди. Орадан сал ўтиб у яна гапира кетди:
— Ойижон, қорним очди.
Отаси қизчага зарда аралаш қараб қўйди. «Қизни жуда талтайтириб юбординг, ўзини ҳеч тутолмаяпти», деган тўнғиллашни эшитгач, «Бироз чидаб тур», деди онаси аччиқлангандек. Қизча отасининг норози бўлаётганини сезиб, онасига ачиниб кетди. У юзини маъюс бужмайтириб онасига қаради, онаси эса ҳозир қизча очликдан йиғлаб юборади деб ўйлади.
— Болани овқатлантириш керак, жуда очқаб кетди, бечора, — деди аёл эрига журъатсизгина кўз ташлаб.
— Бўпти. Ана, бўғирсоқ дўкони, бирон нима олиб бера қол, — отаси йўл четида тўхтади ва жимгина қўшиб қўйди: — Ҳа, айтгандай, сўраб кўр-чи, балки улар Қўрғон йўлини билар?
У шундай дея қизчага маънодор кўз ташлади, чунки у қизим «қўрғон» сўзини эшитиб қолди, деб қўрққан эди. Қизча қандайдир қўрғонга кетишаётганини англади, бироқ ота-онасининг гапини эшитмаганга олиб, ўзини кўчани берилиб томоша қилаётгандек тутди.
Улар уч киши бўлиб бўғирсоқ дўконига киришди. Онаси бўғирсоқ танлаётганида отаси паст овозда сотувчи аёлдан нимадир сўради. Қизча отасининг лаблари «Қўрғон» сўзини талаффуз қилганини сезди.
— Бу қизнинг қўғирчоқдек ясаниб олганини қаранг, — эркалади сотувчи аёл. — Нечага кирдинг, дўндиқча?
— Бешга, — деди қизча ва унинг эркалашига эътибор ҳам бермай, онасининг ёнига бориб турди.
Ташқарига чиқишди.
— Оз-моз ойдинлашди, — деди отаси йўлакнинг ўртасида тўхтаб, — ҳозир тўғрига юриш керак, йўлчироқдан сўнг чапга буриламиз.
— Шошилмасак бўлмайди, қоронғи тушиб қолди.
— Қаёққа шошардик, буёғи бир қадам, — деди отаси одатдагидай инжиқ товушда.
— Ойи, сув ичгим келяпти, — деди қизча.
— Муюлишда хиёбон бор, фаввораси ҳам бўлса керак, ўша ерда ичасан, — онаси ўрнига жавоб берди отаси. Улар унча катта бўлмаган хиёбонга кириб, узун курсилардан бирига ўтирдилар. Қизчанинг ҳеч нарса егиси келмади, аммо онасини ташвишга солмаслик учун бўғирсоқни шошиб чайнай бошлади.
— Тез чайнама, одобли қиз бундай қилмайди, — жеркиб берди уни отаси, лекин айни пайтда унинг хаёли мутлақо бошқа ёқда эди.
— Болани ўзимиз билан олиб бекор қилибмиз, чоғи, — деди онаси ҳорғин овозда.
— Сенга уни момоси билан қолдирайлик, деб айтгандим, — аччиғланиб деди отаси. Бироз жим тургач, паст овозда қўшиб қўйди:
— Ўзинг қара, кеч тушди. Чироқлар ёна бошлади.
— Агар у жойни бугун тополмасак, нима қиламиз? — сўради онаси.
— Тун бўйи излаб чиқамиз, — деди қатъий қилиб отаси.
— Бола билан-а?
Онасининг ўзи ҳақида ўйлаётганини эшитган қизча яна хархаша қилди:
— Ойижон, мен чарчадим.
— У эрталаб олтидан бери тик оёқда. Уйқу элитяпти.
Онаси қизини тиззасига ўтқизиб, қучоқлаб олди. Қизча кўзларини юмди. Тунги чироқлардан таралаётган шуълалар қизил, оқ, яшил рангда киприкларида жилва қиларди.
— Билмадим, биз нега уйни ташлаб чиқдик, — шивирлади ўзича онаси.
— Жин урсин ўша уйни. Биз энди унга қайтмаймиз, — жеркиб ташлади отаси.
— Менинг тўқиш асбобларим меқмонхонада ўша ҳолича қолиб кетди, — эрининг гапини эшитмагандай давом этди онаси.
— Ие, бу нима? Буни қара, чўнтагимда эшикнинг калити келибди. Чўнтагим лаш-луш солинган ахлат ўрасига ўхшаб қолибди. Бу нарсалар билан биз ҳеч қачон Қўрғонни тополмаймиз.
Калит фавворага шалоплаб тушди. Қиз сувсагани ёдидан кўтарилганини эслади. Бироқ кўзини очиши мумкин эмас, ота-онасининг гапини бўлиб қўйиши мумкин.
У яна ўзини ухлаганга солди. Кўзларини юмиб ётаёта охири ростакамига ухлаб қолди.
Қиз кўзларини очганида оқиш нурга чулғанган хонада ётарди.
— Қўрғон шуми? — сўради у.
— Нима-а? — тутақиб кетди отаси. — Катталарнинг гапига қулоқ солишга қандай ҳаддинг сиғди?
— Ахир у ёш бола эмас-ку. — Қизчанинг ёнини олди онаси, — яхшиси ҳаммасини унга очиқ айтиш керак.
— Қани, тур ўрнингдан. Ойинг сени кийинтирсин.
Отаси хонанинг бурчида жойлашган ювиниш жойига бориб соқолини ола бошлади. Онаси уни оёққа турғазиб, кийимининг тугмаларини қадаркан, тушунтирди:
— Бу ҳали Қўрғон эмас. Қўрғонни энди излаймиз.
Қизча хурсанд эди, унга ўзининг яхши кўрган кийимларини кийгизишди, устига-устак, ота-онасининг қўлидан ушлаб сайр қилиш қандай яхши.
Улар Қўрғонни узоқроқ излашса янаям кўнгилдагидай бўларди.
Тушдан сўнг улар изма-из ўтаётган юк ташувчи машиналарнинг шовқинига тўлган катта йўлга чиқдилар. Бу атрофда йўловчилар деярли кўринмасди.
— Жонгинам, ахир бу ер шаҳар чеккаси-ку, — деди хавотирланиб онаси.
— Тўғри. Қўрғон шаҳарнинг ўртасида жойлашган, деб айтишганди.
— Кеча бўғирсоқфуруш сенга чапга буриласизлар, деб айтмаганмиди?
— Ҳа, шундай деганди. Балки биз у айтган йўлчироқдан ўтиб кетгандирмиз?
Отаси ташвишли қиёфада қўлларини кўкрагига солиштирганча узоқ ўйлади. Қизча, ўзининг қизил бошмоғига қаради ва бирдан йиғлагиси келди — бошмоқлари қуюқ чангга беланганди.
— Ҳа, адашибмиз. Орқага қайтамиз, — қарор қилди отаси ва ортга бурилди. Қизчанинг қўлидан ушлаганча онаси эрининг изидан эргашди. Отаси зарда билан тез-тез юриб борар, ўзича нимадир деб тўнғилларди. Онаси ҳам қаттиқ ўйга чўмган, шу билан бирга орқада қолмасликка ҳаракат қиларди. Қизча анча жойгача унинг етовига бўйсуниб, деярли югуриб борди, сўнг бирдан тўхтаб, баланд товушда:
— Бошқа юришни истамайман, — деди.
— Бу ёққа қара! — Онаси отасини ёрдамга чақирди. Отаси тўхтаб, изига бурилди:
— Нима дейсан?
Унинг овози одатига хилоф равишда сокин ва қуруқ эди: бу товуш қизчага ёқмади… «Ундан кўра уришиб бергани яхши эди», деб ўйлади қизча.
— Кўтариб ол!— буюрди отаси: онаси қизчани қўлида кўтарганча эрининг изидан югурди. Улар бир-бирига бир оғиз ҳам гапирмай, анча жойгача ёнма-ён боришди. Аёл орқада қолиб кетар, шунда эркак қизчани ўз елкасига оларди.
— «Қўрғон уфқнинг қизғиш нурларига кўмилиб ётади», деб айтишганди. Чамаси, ғарбга қараб юришга тўғри келади, — деди эркак нохуш жимликни бузиб ва кўчалардан бирига бурилди. Қизчанинг кўз олдида ловуллаб ёнаётган улкан шар пайдо бўлди ва ундан таралаётган ёғдуга дош беролмай кўзларини қисиб олди. Кейин отасининг елкасида ўтирганча уйқуга кетди, кўзларини очганда эса онасининг қучоғида кетар, кеч кириб қолганди. Отаси қулфланган эшикка олиб борадиган тош зинага беҳол чўкди.
— Яна омадсизлик, — у олдида тик турган аёлга мунгли қаради. — Тўғри йўлдан кетяпмиз, деб шунчалар ишонган эдим. Яна боши берк кўчага кириб қолдик.
— Ҳечқиси йўқ, — аёл эрига тасалли берди. — Биз барибир Қўрғонни топамиз, бизнинг, ахир, ундан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ-ку!
— Сени ҳам қийнаб юбордим, — тўнғиллади эркак.
— Қўй, буни ўйлама. Ке, яхшиси ҳаммасини бир бошдан ўйлаб кўрамиз. Биз ҳаддан ташқари ишонувчан бўлган эканмиз.
Эркак секин ўрнидан турди ва йўлакка қараб тупурди.
— Бизнинг харитамиз йўқ, — деди у худди товуш чиқариб мулоҳаза қилаётгандай. — Барибир Қўрғон харитада ҳам кўрсатилмаган бўлса керак.
— Бироқ бизда ният бор! Чинакам киришсанг, ҳар қандай истак, бутун умринг сарф бўлса ҳам, албатта, амалга ошади, — эрига таскин беришда давом этди аёл.
— Тўғри. Тўғри-ю…
— Эслаб кўр, оила қуришга аҳд қилганимизда ҳам худди шундай бўлганди…
Шунда қизча ҳам суҳбатга қўшилди:
— Оила қурмасларингдан олдин ҳам дадам ва ойим эдингизларми? Эр-хотин қизчага қараб кулиб юборишди:
— Биз унда бола эдик, — деди отаси.
— Унда мен ким эдим? — яна сўради қизча.
— Сен ҳали туғилмагандинг.
— Туғилмасдан олдин ким эдим?
Отаси нима деб жавоб беришни билмай, онасига қаради.
Шу пайт кичкина эшик очилиб, қўлида чироқ тутган ёшгина эркак пайдо бўлди. У отасининг олдига келиб, қулоғига нимадир деб шивирлади. Онаси хавотир аралаш қизчани қучоғига тортди.
Отасининг юзи ёришиб кетди, номаълум киши билан бўлаётган суҳбат қизғин тус олди. Сўнг отаси ички чўнтагидан қалин конверт олиб, ичидан бир тахлам қоғоз чиқарди-да, йигитга узатди. У чироқни кўтариб, қоғозни санай бошлади, отаси эса онаси ёнига келиб, қувноқ товушда деди:
— Бу одам бизни Қўрғонга бошлаб боради.
— Ростданми? — ишонқирамай сўради онаси ва ёш йигитга хавотирли кўзларини тикди; ёш йигит аёлга ўгирилиб жилмайди.
— Ҳеч хавотир олманг, хоним. Мен у ерга сизга ўхшаган кўплаб кишиларни бошлаб борганман. Мендан ҳали миннатдор ҳам бўласиз. Бу нарсаларни пул учун қилаётганим йўқ.
Йигит уларни эргаштириб жўнади. Улар тор, кимсасиз кўчаларни узоқ ораладилар, қоронғи жойларда йўл бошловчи қўл чироғини ёқарди.
— У ерга йилнинг айни шу пайти ташриф буюриш керак. Ҳозир энг қулай фасл, жой ҳам етарлича топилади. Қўрғон ҳақида жуда кам одам билади, реклама билан шуғулланишмайди. Мендай йўл бошловчисиз сизларга жуда қийин бўларди…
Йўл бўйи йигитнинг жағи тинмади, унинг қувноқ, қатъиятли товушидан аёл бироз хотиржам тортди.
— Кўринишим бир ҳолатда, жуда ноқулай-ку менга, — деди аёл йўл бошловчига.
— Ҳечқиси йўқ. У ерда ҳеч ким кийимга эътибор бермайди. Кейин эса сизларни худди яқин кишиларимдай таништираман. Мен у ердаги ҳаммани танийман, ўйлайманки, бу сизларга жуда қўл келади. Мен каби йўлбошчи бўлмаганида сизлар бу йўлни ҳеч қачон топа олмасдиларинг, — мақтанарди йигит. — Мана, деярли етиб келдик. Мени шу ерда кутиб туринглар. Мен бориб, хабарлашиб келаман, — деди йўлбошловчи шивирлаб. Улар қандайдир тепаликнинг олдида турардилар. Тепаликнинг юқори қисмини қоп-қора зулмат қоплаганди. Қизча ва ота-онаси тепаликка кўтарилаётган йўлбошловчига зимдан қараб турардилар. Анча юргач, йўлбошловчи бирдан тўхтаб, пастга тушиб кела бошлади. — Бундай қилсак, яхшиси мен сизларга ўзимнинг қўлчироғимни қолдирсам. Юқорида чироқ ёнса, бу сизларга ишора бўлади, ўзларингиз чиқаверасизлар. Мен сизларни ўша ерда кутиб тураман. Ўзим чироқсиз ҳам кўтарилсам бўлади, йўл таниш. — Йигитча қичқирганча тушиб келарди. Эркак унинг олдига бориб, қўлидан чироқчани олди.
Сўнг зулмат қўйнида узоқ кутишга тўғри келди. Қулоқларининг остида жаранглаб турган йўлбошчиларининг жавраши ва ўзларига бўлган ишончлари зулмат қўйнида сўниб, ўрнини нохуш туйғулар эгаллай бошлади.
— Ҳаммаси жойидамикин? — сўради қўрқа-писа аёл.
— Билмадим… Яна бироз кутайлик-чи, — жавоб берди эркак тун зулматига маъюс нигоҳ ташлаб.— Мен унга пулимнинг ярмидан кўпини бериб юборгандим.
— О, худойим, — алам билан инграб юборди аёл. Бурнини кавлаб ўтирган қизча аёлнинг ингроғидан чўчиб йиғлаб юборди.
— Болани қўрқитиб юбординг! — ўшқирди отаси жаҳли чиқиб. Онаси қизчани қучоғига тортди.
Улар чироқ ёруғида тепаликка кўтарила бошлашди. Узоқ ўтирганларидан ва кўнгилларида пайдо бўлган нохушликдан оёқлари худди латтадай бўшашиб қолган, ўрлик эса ҳеч тугай демасди. Онасининг иссиқ елкасида кетаётган қизчанинг кўзлари юмилиб-юмилиб кетарди.
Икки кунлик таассуротлар ва ҳаяжон шунчалик чарчатиб қўйгандики, у ҳатто ўз танасини ҳам ҳис қилмасди.
— Азизим, ниҳоят чиқдик-а, — шивирлади аёл ҳорғин. Унинг оёғи остида текис йўл тўшалиб ётар, тик сўқмоқ тугаганди.
— Шундайга ўхшайди, — тасдиқлади паст товушда отаси, унинг овози худди тун зулматига сингиб кетгандек туюлди.
— Чироғинг билан атрофини ёритиб кўр-чи, — яна ҳолсиз шивирлади онаси.
— Ҳозир.
Отаси қоронғуликни чироқ нурлари билан тилимлаб чиқди. Ён-берларида ҳеч нарса кўзга ташланмасди.
— Қандайдир дала, шекилли.
— Ҳа. Дала.
Бинога ўхшайдиган нарсанинг қораси ҳам кўринмасди. Кўзлари илғамаётган бўлиши мумкин эмас, чунки оёқлари тагида олис-олисларга чўзилиб кетган йўл аниқ кўриниб турарди.
— Наҳотки, у бизни алдаган бўлса? — сўради онаси, овози умидсизликдан қалтираб кетди.
Улар оёқларини зўрға босганларича далани кесиб ўтишди. Бу худди тушга ўхшарди. Оёқларини қанчалик кўтариб босишмасин, жойларидан силжимасди. Гоҳида отаси чироқ билан атрофни ёритар, бироқ ундан чиқаётган ёруғликни зулмат ютиб юборарди. Ниҳоят, у тилга кирди:
— Юриш фойдасиз, эрталабгача бирон ерда тунамасак бўлмайди.
Улар далада тунаш учун шундоқ йўл ёқасига чўкишди. Совуқ суякни қақшатар, фақат онасининг қучоғига ёпишиб ухлаб қолган қизчагина буни сезмасди. Аёл ва эркак паст овозда узоқ суҳбатлашиб ётдилар. Қизча уйқу аралаш бир марта ёнбошига ағдарилганда онаси унинг юзини ўзининг сочлари билан ёпди. Шунда қизча отасининг шивирлаб айтаётган гапини эшитди:
— Сенга мен билан жуда оғир. Сенсиз мен адо бўлардим…
Орадан анча вақт ўтди, юзига ёруғлик тушиб, қизча бирдан уйғониб кетди. У кенг далани қоплаб олган майса ичида ётар, тепасида эса отаси унга тикилиб турарди.
— Ойим қани?
Отаси меҳр билан қизчани қучоқлади ва паст овозда деди:
— Қани бўл, кетдик.
— Ойим-чи?
Отаси индамай бошини чайқади, қизча шунда энди онаси ҳақида сўраш мумкин эмаслигини англади. Унга отаси бир кечада мункайиб, қариб қолгандек туюлди. Демак, менга икки киши учун ҳам қувонишга тўғри келади, қарор қилди қизча.
Шу куни йўлда кетишаркан, отаси унга кўп нарсалар ҳақида гапириб берди. Бош мақсад қандай бўлмасин Қўрғонни излаб топиш, бу жуда муҳим, бироқ шу мақсадга олиб борадиган йўлни топиш ундан ҳам муҳимроқ. Қизча отаси ўзига худди ғойиб бўлган онасига қилаётгандай муносабатда бўлаётганини сезди. Яна унга ўзи ҳам аввалгига қараганда анча каттариб қолгандай туюлди. У онаси ҳақида бошқа сўрамади, у бу дунёда гапирилмайдиган нарсалар ҳам борлигини тушунганди.
Бир мунча муддатдан сўнг у ўша саёҳатларининг биринчи куни ўтишган кўчадан кетишаётганини сезиб қолди.
— Отажон, бу ўша кўча-ку! — хитоб қилди қизча отасининг қўлидан силтаб тортар экан. Отаси ён-верига кўз югуртирди:
— Шундайми? Негадир эслай олмаяпман.
Қизча отасининг хотираси заифлашганидан унинг қанчалар кексайиб қолганини сезди. Ва отасига тасалли бериш учун баланд товушда гапира бошлади.
— Ана, сен йўлни сўраган ўша бўғирсоқ дўкони, эслаяпсанми?
— Бўғирсоқ дўкони? — такрорлади отаси.
— Ўша, ана, қарагин. — Қизча қўли билан ишора қилди. Дўкон ойнасидан қизча ўзини «қўғирчоқ қизча» деб мақтаган сотувчи аёлни кўриб қолди.
— Ассалому-алайкум, холажон, — қичқирди у дўконга кирар экан.
— Алайкум-ассалом, — жавоб берди сотувчи.
— Эсингиздами, биз сиздан бўғирсоқ сотиб олган эдик? — сўради қизча.
— Ростданми? Бу қачон бўлганди? — ажабланди аёл.
— Эсингизда йўқми? Мен мана бу ерда, онам билан ёнма-ён тургандим, — тушунтира бошлади қизча.
— Э-ҳа, сен ўша қизчамисан? — ҳайратга тушди аёл. — Катта қиз бўлиб қолибсан! Ўшанда сенинг ёшинг… бешда эди, шекилли? Онанг қани?!
Қизча нима деб жавоб беришини билмай, отасига қаради, отаси индамай унинг кўлидан ушлаганча кўчага етаклади. У ўзининг эшик ойнасидаги аксига чўчиб кўз ташлади ва кўзгудан ўзига ўн ёшлардаги қизча термулиб турганини кўрди. «Ажабланадиган жойи йўқ, — ўйлади у, — ахир отам ҳам анча кексайиб қолган». Шунингдек, онаси ҳақидаги хотира ҳам уни энди қийнамас, секин-секин узоқлашиб кетаётган эди. У отаси билан кўча бўйлаб юриб кетди, энди ким-кимнинг — эркак қизалоқнингми ёки қизалоқ эркакнингми қўлидан етаклаб бораётганини аниқлаб бўлмасди.
Орадан яна — балки бир неча соатдир, балки бир неча йилдир — анча вақт ўтди. Қизча ва отаси омборга ўхшаш бинонинг улкан эшиги олдида тўхтадилар.
— Мана, ниҳоят Қўрғонимизга ҳам етиб келдик, — деди отаси. — Онанг кўрганда қанчалар хурсанд бўларди. Афсуски, жуда кеч топдик.
Қизалоқ, — йўқ, балоғатга етган қиз — кўкрагини тўлдириб нафас олди ва отасининг гапига эътироз билдирди:
— Ҳаётда ҳеч нарса кечикиб келмайди, отажон. Афсус қилма.
— Ҳа, тўғри, — жавоб берди отаси. — Мени шу ерда кутиб тур. Ичкарини кўриб чиқаман.
— Отажон, кел, ёқангни тўғрилаб қўяй.
Қиз отасининг кийимларини диққат билан тартибга солди, у ер-бу ерини тўғрилади, силаб-сийпади, отаси эса деворида биронта ҳам дарча бўлмаган бинога маймоқланиб кириб кетди.
У бинога кириб кетгунча қиз изидан қараб турди, сўнг юзини кўчага буриб, ён-атрофни томоша қила бошлади. Йўлакда болалар йўлга тош отиб ўйнар, дарахт сояларида ошиқ-маъшуқлар шивирлашиб ўтирар, нарироқда, дарё бўйида эса балиқ овловчилар қармоққа тикилиб ўтиришарди.
— Эй, сен, бу ерда нима қилиб ўтирибсан? — деган овоз келди изидан. Қиз бурилиб йўлакда ўзига жилмайиб қараб турган миқти жуссали, юзидан навқиронлик ёғилаётган ўсмирни кўрди. У бирдан хижолат чека бошлади, ўсмирнинг кўзлари тиниқ ва ўткир, гўё бу кўзлар худди кўнглини кўриб тургандай эди.
— Мен отамни кутяпман.
— У қаерда?
Бинонинг деворига суянганча улар суҳбатлаша бошладилар. Ўсмир овозининг борича хахолаб юборди.
— Қўрғон? Ол-а! Жуда кулгили. Дунёда ҳеч қандай Қўрғон йўқ.
— Сен отамни ҳақорат қиляпсан! — хитоб қилди қиз ва бирдан кўзларига ёш қалқди. Унга бу ўсмир шунчалар ёқиб қолгандики, энди эса у кўзига балодай кўринарди. Қизнинг кўзидаги ёшни кўриб, йигит дарров жиддийлашди:
— Илтимос, мени кечир. Ҳақорат қилишни ўйлаганим ҳам йўқ. Фақат шундай ёш бўла туриб, бошингни бўлмағур хомхаёллар билан оғритма демоқчи эдим.
— Отам бу Қўрғонни умр бўйи ахтариб ўтди. Биз уни шунчалар кўп изладикки, шунчалар изладикки…
— Бу отангнинг ҳаёти. Сен эса бошқача, ўзинг хоҳлагандай яшаш ҳуқуқига эгасан. Юр, яхшиси яхтада саёҳат қиламиз. Биз ёшлар учун денгиздан қизиқроқ нарса бўлиши мумкинми?
Қиз кўз ёшларини артиб, эътироз билдиргандай бош чайқади.
— Йўқ, отамни ёлғиз ташлаб кетолмайман.
Шундай деди-ю, тамом, энди ўсмирни бошқа ҳеч қачон кўрмайман, деб ўйлади ва юрагини қандайдир оғриқ зирқиратиб юборди. Ўсмир эса бирдан унинг қўлини қаттиқ қисиб, дўстона оҳангда таклиф қилди:
— Унда бундай қиламиз. Сен ичкарига кириб, отангни излаб кўр. Бу ерда тургандан кўра шундай қилганинг маъқул. Мен сени кутиб тураман.
Қиз бирдан енгил тортди. Унинг ёшга беланган юзи йигитга миннатдорона табассум ҳадя қилди ва ўзи ҳам йигитнинг қўлини қаттиқ қисди-да, бинонинг эшигидан югурганча кириб кетди.
Ичкари тим қоронғу эди. Кираверишда, ён тарафдаги устунда «Рўйхатга олиш» деб ёзилган лавҳа турарди, бироқ у ерда ҳеч ким йўқ эди. Юқорига зина орқали кўтариларди, қиз ёрилиб кетган тўсиққа суянганча эски ёғоч зинадан чиқа бошлади. Зина деворга тақалиб турар, шу ердан янги зина бошланарди: ундан кейин яна девор, яна нафас ростлаш жойи… Қиз шошиб юқорига кўтариларди. У ҳар қадам ташлаганда ташқарида ўзини кутиб турган йигитдан яна ҳам кўпроқ узоқлашаётганини ҳис қилади. Салдан кейин унга умуман ҳеч қандай ташқари мавжуд эмасдай туюла бошлади. Фақат мана шу туганмас зина бор, бошқа ҳеч нарса йўқ. Ниҳоят, қиз қандайдир эшикнинг рўпарасидан чиқиб қолди. У қўли билан эшикнинг сиртқи қисмини пайпаслаб кўрди, сўнг унга юзини қўйиб, қулоқ сола бошлади.
Унга ичкаридан одам товуши, тўғрироғи, фақат отасининг товуши эшитилаётгандек туюлди. Бу товуш шунчалар таниш эдики, кимгадир у ўзининг қизи ҳақида фахр билан ҳикоя қиларди. Ҳикоятчи бу мавзу ҳақида соатлаб гапириши мумкинлиги товушидан сезилиб турарди.
Қиз жилмайиб қўйди ва табақани итарди.
— Отажон, — чақирди у ва табақани кучлироқ итарди-да, остонадан ҳатлашга ҳозирланди, бироқ эшик очилиб сал бўлмаса йиқилиб тушаёзди — эпчиллик билан дастакдан ушлаб қолишга улгурди.
Эшик орқасида хона ҳам девор ҳам, осмон ҳам — ҳеч нарса йўқ эди. Бўшлиқ бор эди фақат. Қиз бўшлиққа кўз ташлади. Бўшлиқни ҳатто кўриб ҳам бўлмайди, деган фикр келди бирдан хаёлига. Ва агар ҳозир изига бурилса, ўзини бу ерга бошлаб келган зинани ҳам кўрмаслигига унинг ишончи комил эди.
Жаббор Эшонқулов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 5-сон