Ясунари Кавабата. Оловга томон талпинаётган аёл (ҳикоя)

Кўл олисдан хира мавжланиб кўзга ташланар эди. У ой ёғдусига чўмган кўҳна боғдаги ҳовузга жимирлаб қуйилаётган сувнинг рангини эсга соларди. Кўлнинг қарама-қарши қирғоғида дарахтлар ёнарди. Ёнғин кўзга ургудай шитоб билан ёйилиб борарди. Чамаси, ўрмонга ўт тушганга ўхшайди.
Қирғоқ бўйлаб тутун қуюни бостириб келар ва унинг сояси кўлнинг ойнадек тип-тиниқ юзида аниқ-тиниқ акс этганди.
Бир гуруҳ кишилар юқорига кўтарилаётганидан, тепаликнинг ён-бағри қорайиб кўринарди.
Ҳаво қуруқ, мусаффо ва сокин эди. Тепалик адоғидаги шаҳарнинг қуйи қисмини ҳам олов қоплаб олганди. Юқорига кўтарилаётган оломонни ёрганча бир аёл пастга тушиб келарди. Фақат ёлғиз угина қуйига эниб борарди. Атрофни қуршаб турган ҳаёт ғайритабиий аснода сас-садосиз эди.
Тўппа-тўғри олов уммони сари бораётган аёлга тикилиб туриб, мен даҳшатга тушдим. Хаёлан аёлга ёзғирдим: «Нега ёлғиз сенгина қуйига эниб боряпсан? Нима, оловнинг қурбони бўлишни истайсанми?» — «Йўқ, ўлгим келмаяпти, аммо ғарб томонда сенинг уйинг жойлашган, шунинг учун мен шарққа қараб кетяпман».
Мен аъзойи-баданимда кучли оғриқни ҳис этиб ўзимга келдим, аёлнинг нигоҳи гўёки ловуллаб ёнаётган олов қўйнидаги икки қора нуқтага айлангандию мени ярадор қилганди.
Мен кўзларимда ёш билан ўзимга келдим.
Аёл ҳатто менинг уйим йўналиши бўйлаб юришдан ҳам нафратланиши энди менга аён эди. Нима бўпти, кўнгли буюрганини қилсин. Мен сиртдан бу ўй билан келишиб турсам-да, бари бир — аёлнинг айни чоғдаги ҳис-туйғуларининг қизиғи йўқ — аёл қалбининг туб-тубида, ўзимга нисбатан муҳаббатнинг ҳеч қурса учқунлари сақланиб қолганига умид кўзини тикким келарди. Мен ўзимнинг бу худбинлигим устидан кулар ва шу баробарида ушбу учқунни аланга олдиришни истардим.
Айни чоғда бу рўй бериб ўтган туш устида хаёлга чўмиб туриб, менинг юрагимда ҳам аёлга нисбатан жиндай илиқлик сақланиб қолган, деб ишонч билан айта оламанми?
Бу туш менинг ҳис-туйғуларимнинг акси эди. Аёл менинг тушимда бошидан кечирган бу кечинмалар аслида мен томондан ўйлаб топилган эди. Булар менинг ҳис-туйғуларим эди. Ва яна тушда ҳис-туйғулар ёлғонга қоришмай, қандай бўлса шундайлигича намоён бўлади, ҳаётга яқинроқ туради.
Бу ўй-хаёллар мени оғир қайғуга солди.

Шодиқул Ҳамроев таржимаси
«Ёшлик» журнали, 1991 йил, 5-сон