Марк Твен. Миссис Мак-Вильямс ва Яшин (ҳикоя)

…Гап шундаки, сэр, — гапини давом этди мистер Мак-Вильямс. Чунки суҳбат бу билан бошланмаган эди, — яшиндан қўрқиш — одамзод мубтало бўлган энг қайғули ночорликлардан бири. Бундан аёллар кўпроқ азоб чекадилар, бироқ бундай ҳол вақти-вақти билан кучук болаларида, баъзида эса эркакларда ҳам учраб туради. Бу каби ожизликнинг гувоҳи бўлишимизнинг сабаби бундай заифликни бошқа бирон-бир касаллик каби ҳеч бир чора билан енга олмайсан киши, зотан беморни уялтиришдан ҳеч қандай наф йўқ. Ҳар қандай шайтон ёки сичқонга рўбарў келиб қўрқмаган аёл киши чақмоқ чақиши билан ўзини мутлақо йўқотиб қўяди, довдираб қолади. Аёлнинг аянчли аҳволини кўриб ачиниб кетасиз.
Хў-ўш, сизга айтганимдек, қулоғимга, қаёқданлигини ҳам билмайман, бўғиқ фарёд эшитилди.
— Мортимер, Мортимер!
Фикр-хаёлимни базўр бир жойга тўпладим-да, қоронғулик томон қўл чўзиб дедим:
— Эванжилина, сенми ҳайқираётган? Нима бўлди? Қаердасан?
— Шкафга бекиниб олдим. Сен бўлсанг, бемалол ухлаб ётишдан уялмайсан ҳам, ваҳолонки, ташқарида даҳшатли момақалдироқ бўлаяпти!
— Нима учун ухлаб ётган одам уялиши керак экан? Ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди-ку. Инсон ухлаб ётганида уялиши мумкин эмас, Эванжилина.
— Ҳеч йўғида ҳаракат қилиб кўришинг керак эди, Мортимер, ўзингга маълумки, ҳатто уриниб кўрмагансан!..
Қулоғимга бўғиқ йиғи овози чалинди. Бу гапни эшитган заҳотим тилим танглайимга ёпишиб қолди. Мен гап оҳангимни ўзгартирдим:
— Узр, азизам, афсус чекаяпман! Атайлаб шундай қилганим йўқ. Чиқ, у ёқдан чиқ ва…
— Мортимер!
— Оббо, худойим-ей! Нима гап, жоним?
— Сен ҳалиям ўринда ётибсанми?
— Ҳа, албатта!
— Ҳозироқ тур! Ҳарҳолда сен ўзингни ўйламасанг ҳам, ҳеч бўлмаса хотининг ва болаларинг учун ўз жонингни қадрлайсан, деб ўйлагандик.
— Лекин, жонгинам…
— Йўқ дема, Мортимер! Шундай момақалдироқ пайтида энг хавфли нарса — каравотда ётиш эканлигини яхши биласан… Барча китобларда шундай ёзилган, сен эса ётавериб ўз ҳаётингни нима учун хавф остига қўяётганингни билмайман-у, аммо гап талашганинг-талашган!
— Ахир, жин урсин, ҳозир каравотда эмасман, мен… (Шу пайт бирдан чақмоқ билан ҳамоҳанг ваҳимага тушган миссис Мак-Вильямснинг чинқириғи ва даҳшатли момақалдироқ гумбури янграб кетди).
— Ана! Кўраяпсан, оқибати нима бўлади? Эҳ, Мортимер, шундай вақтда жанжал чиқариб ўтирибсан-а!
— Мен жанжал чиқармадим! Ҳарҳолда, бу ҳали оқибати эмас. Мен ғинг демасам ҳам барибир шундай бўлаверади. Эванжелина, ўзинг биласанки, атмосфера электр токи билан зарядланган пайтда…
— Ҳа, ҳа, сенга қолса тортишаверасан, баҳс баҳс! Ақлим бовар қилмаяпти, уйимизда биронта ҳам яшинқайтаргич йўқлигини ва сенинг бахти қаро хотининг ҳамда болаларинг омон қолиши учун ёлғиз худога илтижо қилишларидан ўзга чоралари йўқлигини билатуриб ўзингни жинниликка солишингга ҳеч тушунолмаяпман!.. Нима қилаяпсан? Гугурт ёқмоқчимисан… шундай вақтда-я? Мутлақо ақлингни еб қўйибсан-ку?
— Худо сақласин, азизам, бунинг нимаси ёмон? Мажусийнинг ошқозонидек қоп-қоронғи, шу боис мен шу…
— Гугуртни ўчир, дарров ўчир-чи! Менимча, ҳеч қайсимизга раҳминг келмаяпти, ҳаммамизни қурбон қилишгаям тайёрга ўхшайсан. Ўзинг биласан, ёруғлик яшинни ўзига қандай тортишини… (Шақ, шарақ, гум, гумбур-гумбур-гумбур!) Мана… эшитяпсанми! Нима қилиб қўйганингни энди кўрдингми?!
— Йўқ, кўрмаяпман. Гугурт балки чақмоқни ўзига тортса тортар-у, лекин яшин гугуртдан пайдо бўлмайди, нимага гаров ўйнасанг ҳам розиман. Шуниси аниқки, менинг гугуртим чақмоқ сабабчиси эмас. Борди-ю, ўша томонда менинг гугуртимни мўлжалга олишган бўлса, бекорчи отишма экан, аниқроғи, миллион имкониятдан нол натижа…
— Уят эмасми, Мортимер! Ҳар сонияда бизга ўлим таҳдид солаяпти-ку, сен эса сафсата сотмоқчисан. Агар хоҳишинг бўлмаса… Мортимер!
— Хўш?
— Сен тунги ибодатни қилганмисан?
— Мен… мен ибодат қилмоқчи эдим, лекин кейин ўн учни ўн иккига кўпайтирса қанча бўлишини ҳисоблай бошладим, ва…
(Шақ, шарақ! Гум-гумбур-гум! Гумбур-р-р-р!)
— Оҳ, адойи тамом бўлдик, бизни энди ҳеч нарса асраб қололмайди! Шундай муҳим нарсани ёдингдан чиқарибсан, тағин келиб-келиб шундай пайтда-я?
— Ахир ҳеч қанақа “шундай пайт” бўлгани йўқ. Арзимаган нарса деб шунақа шовқин-сурон кўтарилиши мумкинлигини мен қаёқдан билай? Ҳар нечук, назаримда, сенинг тирноқ остидан кир қидиришинг яхши эмас. Бунақа хато менда камдан-кам бўлади, ахир. Тўрт йил бурун мени деб зилзила бўлганидан кейин, мен бирон марта ҳам ибодат қилишни канда қилмаган эдим.
— Мортимер! Нима деяпсан ўзи? Сариқ безгакни унутдингми?
— Азизам, қачон қарамай, ўша сариқ безгакни рўкач қилганинг-қилган, лекин назаримда, мени бекор айблаяпсан. Ўшанда Мемофисга тўғридан-тўғри телеграмма юборишнинг иложи бўлмай, фақат воситачи станция орқали юборилган бўлса, менинг унутган ибодатим қандай қилиб шундай олисга етиб борарди? Зилзила учун жавобгарликни бўйнимга олишим мумкин, чунки зилзила бизга яқин жойда содир бўлган эди, бироқ бўлмағур нарсага жавобгар бўлишдан кўра, осилиб ўлганим маъқул…
(Шақ-шарақ! Гум-гумбур! Гум-гумбур!).
— Эй худо, ўз паноҳингда асрагин! Яшин бирон жойга тушдиёв! Юрагим сезиб турибди, Мортимер! Тонггача соғ қолмаймиз… борди-ю, йўқ бўлиб кетганимиздан кейин шу нарсанинг фойдаси тегса, эсингда бўлсин, Мортимер, сенинг беҳосият тилинг… Мортимер!
— Хўш! Яна нима?
— Сенинг овозинг шундай янграяптики, гўё… Мортимер, наҳотки, ҳозир сен камин олдида турган бўлсанг?
— Ҳа, худди шундай, ушбу жиноятни содир этмоқдаман.
— Олдидан нари қоч, ҳозироқ қоч! Ҳаммамизни адойи тамом қилмоқчисан, шекилли! Наҳотки, яшин ўтказувчи энг қулай нарса бу — очиқ қувур эканини билмасанг! Энди қаерга кетдинг?
— Шу ерда, дераза олдидаман.
— Худо хайрингни берсин, эсинг жойидами? Дарҳол у ердан йўқол. Ҳатто эмизикли чақалоқнинг ҳам дераза олдида туриши бу — нақд ўлим эканини билишидан хабаринг бўлмаса! Эй худо, эй худо, биламан, эрталабгача тирик қолмайман! Мортимер!
— Ҳа?
— Нима у шитирлаётган?
— Бу мен.
— Нима қилаяпсан у ерда?
— Шимимни қидираяпман.
— Ташла уни бир ёққа! Афтидан, шу пайтда жўрттага шим киймоқчисан, шекилли! Ахир ҳамма нуфузли одамлар бир оғиздан жун матолар яшин тортар бўлади дейишади, буни яхши биласан. Эҳ, худойим, эй парвардигор! Яшин ҳаммамизни кунпаякун қилиши камлик қилаётгандек, сен ўзингни-ўзинг балога гирифтор қилмоқчисан… Қўй, илтимос, қўшиқ айтма! Хаёлинг сени қаёқларга олиб қочяпти?
— Хўш, нима бўпти?
— Мортимер, сенга юз марталаб айтганман, қўшиқ электр токини узишга олиб келадиган атмосферани тебратади. … Эшикни нимага очаяпсан энди, барака топкур?
— Тавба, бунинг нима ёмон жойи бор?
— Нима ёмони дейсанми? Ўлим, — вассалом! Буни ақли бор ҳар қандай одам биладики, елвизак бўлган жойга яшин тушади. Барибир эшикни беркитмадинг-а! Беркит, яхшилаб беркит, тезроқ, акс ҳолда ҳаммамиз ҳалок бўламиз! Шундай пайтда телба одам билан бир уйда бўлиш қандай даҳшат… Мортимер, нима қилаяпсан?
— Ҳеч нима. Шунчаки, жўмракни очдим. Бу хонада диққинафас бўлиб ўлиш ҳеч гапмас. Ювиниб олмоқчиман.
— Тамом ақлдан озибсан. Агар яшин бошқа бирор нарсага бир марта урилса, билгинки, сувга эллик марта урилади. Жўмракни беркит! Эй худойим, бизни ҳеч нарса ҳалокатдан асраб қололмайди! Назаримда… Мортимер, бу яна нима бўлди?!
— Жин урсин… бу расм. Мен уни тушириб юбордим.
— Бундан чиқди, сен девор олдига борибсан-да! Ақл бовар қилиб бўлмайдиган эҳтиётсизлик бу! Яшинни энг яхши ўтказадиган нарса — бу девор эканидан хабаринг йўқми? Нари қоч! Ҳали сўкинмоқчисан ҳамми! Оиланг хавф остида бўлса-ю, ўзингни шундай тутсанг-а?!
— Мортимер, мен айтганимдек пар тўшакни ўртага ёйдириб қўйдингми?
— Йўқ. Унутибман.
— Унутибсан! Ахир бу умринг заволи бўлиши мумкин. Агар пар тўшакни хона ўртасига ёйиб қўйганингда, ҳеч қандай хавф-хатарсиз ётар эдинг. Бу ёққа кел, худо билади, бирон балога йўлиқмасингдан тез бу ёққа кириб ол.
Мен уриниб кўрдим, лекин тор жавон ичига иккаламизнинг сиғишимиз қийин эди, боз устига жавон ичида ҳаво ҳам етишмасди. Димиқиб ўлай дедим ва ниҳоят жавондан чиқиб олдим. Шу заҳоти хотиним:
— Мортимер, сени ҳалок этмасидан бурун бирон чора топиш керак, — деди менга бақириб, — Менга камин четидаги немис китобчасини узатиб юбор, шамни ҳам, фақат ёқа кўрма. Ўзим шу ерда ёқаман. Китобда нима қилиш лозимлиги ёзилган.
Мен гулдон ва бошқа майда-чуйдани синдириш эвазига китобчани қидириб топдим. Хоним шам билан жавон ичига бекиниб олди. Бир дақиқача қулоғим тинчиди, сўнгра:
— Мортимер, у нима? — деб қолди у.
— Ҳеч нарса, бир мушук…
— Мушук? Ахир бу ҳалокатнинг ўзи-ку! Уни тутиб, комод ичига яшириб қўй. Иложи борича тезроқ, азизим! Мушук электр токи билан тўйинган. Бўлди, менга шу нарса аёнки, мана шу даҳшатли тунда сочларим оқариб кетади…
Яна бўғиқ йиғи овози қулоғимга чалинди. Агар шундай бўлмаганда, мен бунақа бемаъни ишга қўл урмасдим.
Ҳар нечук мушукни қува кетдим: баъзан ўткир қиррали ашё ва стуллар каби турли тўсиқларга дуч келиб бўлса ҳам, ниҳоят, мушукни тутиб олдим ва уни комодга яшириб қўйдим. Эвазига деярли тўрт юз долларли мебелни синдирдим, аъзойи-баданим моматалоқ бўлди. Шундан кейин жавон ичидан бўғиқ овоз эшитилди:
Китобда ёзилишича, энг бехатар жой — хона ўртасида стул устига чиқиб туриш экан. Мортимер, стул оёқчалари электр токини ўтказмайдиган изолятор билан ўралган бўлиши керак экан. (Қарс! Гум-гумбур! Қарс!) Вой, эшитяпсанми? Тез, Мортимер, қоч, яшин уради.
Мен бир амаллаб стаканларни топиб олишга улгурдим. Фақат тўрттасигина бутун қолибди, холос, қолганларини синдириб улгургандим. Стул оёқчаларига изоляция кийдирдим-да, хотинимдан янги йўл-йўриқлар сўрадим.
— Мортимер, бу ерда шундай дейилган: момақалдироқ вақтида темир буюмларни ўзингиздан йироқда тутинг, масалан: соат, тақинчоқлар; жисмлар қалашиб ётган ва яна бошқа буюмлар, масалан, плита, печка, темир ва шу кабилар яқинида турманг ва ҳакозо… Мортимер, бу нима дегани? Металл буюмларни ёнингда олиб юришинг ёки ўзингдан узоқроқда сақлашинг керак, деганими?
— Очиғи, билмайман. Бир оз чалкашиб кетгандек. Барча немисча маслаҳатлар озми-кўпми чалкаш бўлади. Назаримда, бу таклифларнинг деярли кўпи жўналиш келишигида, баъзан эса жиндек қаратқич ва тушум келишиклари ҳар эҳтимолга қарши ишлатилган — шу боис, бу, менимча, металл буюмларни ёнингизда сақланг дегани бўлса керак.
— Шундай бўлиши мумкин. Ўз-ўзидан маълумки шундай ҳам. Бу яшинқайтаргич ўрнини босади. Мортимер, дубулғангни кийиб ол, у деярли темирдан ясалган.
Мен дубулғани олиб, бошимга кийиб олдим — жуда оғир, бесўнақай ва диққанафас иссиқ тунда, ҳавоси оғир хонада ўлганнинг устига чиқиб тепишдай нарса. Ҳатто тунги кўйлагим ҳам менга ортиқчалик қилаётгандек.
— Мортимер, назаримда гавда учун ҳам ҳимоя лозим. Илтимос, ўзингнинг жанг қиличингни ҳам осиб ол.
Мен у айтгандай қилдим.
— Энди, Мортимер, бир иложини қилиб, оёқларингни ҳимоя қилишинг керак. Оёғингга темир тепкиларингни кийиб олсанг қандай бўларкин?
Ғинг демасдан, тишни тишга босиб, темир тепкиларни кийиб олдим.
— Мортимер, бу ерда шундай дейилган: “Момақалдироқ вақтида бонг чалиш жуда хавфли, зотан жаранг пайтида ҳавонинг тортиш кучи ҳамда қўнғироқхона ўз баландлиги билан чақмоқни ўзига тортиши мумкин” . Мортимер, бу момақалдироқ вақтида жом чалмаслик хавфли эканини англатмайдими?
— Ҳа, афтидан, бош келишикдаги сифатдош ўтган замонда бирликда келган бўлса — айнан шундай бўлади. Ҳа, менимча, момақалдироқ пайтида черков қўнғироқхонасини юқорида жойлашган бўлатуриб “Luftzug”1 нинг йўқлигида бонг чалмаслик ниҳоятда хавфли; боз устига десанг, сўзлар жойланишининг ўзи…
— Беҳуда гапларни қўй, Мортимер, қимматли вақтни сафсатага сарфлама! Бориб катта пешин қўнғироқни ол, ҳув анави, даҳлизда турибди. Бўл тез. Мортимер, азизим, деярли хавфдан қутулдик. О, тангрим! Ҳар нечук тирик қолибмиз, шундай эмасми?
Бизнинг мўъжазгина ёзлик дала ҳовлимиз қатор тепаликларнинг энг чўққисида, водий юқорисида жойлашган. Ёнимизда бир неча фермер уйчалари бор, улардан энг яқинлари биздан чамаси уч юз-тўрт юз қадам нарида.
Мен курсига чиқиб олиб, ана шу даҳшатли қўнғироқни чала бошладим. Орадан етти-саккиз дақиқача ўтганда, бирдан деразамиз ёпқичларини ташқаридан кимдир юлқиб олди-да, ёниб турган фонарини ичкарига суқди ва бўғиқ овозда:
— Бу ерда қанақа аҳмоқгарчилик бўлаяпти ўзи? — деди.
Деразага бош суқкан одамнинг телбанамо нигоҳи менинг тунги кўйлагим ва ҳарбий аслаҳаларимга қадалди.
Қўнғироқ қўлимдан тушиб кетди ва мен хижолат бўлиб курсидан сакраб тушдим.
— Ҳеч нарса бўлаётгани йўқ, — дедим мен, — шунчаки момақалдироқдан хавотир олаяпмиз. Мен яшинни ҳайдамоқдаман.
— Момақалдироқ? Яшин? Сизга нима бўлди, Мак-Вильямс, эсингизни йўқотдингизми? Ажойиб юлдузли тун, ҳеч қандай момақалдироқ йўқ.
Мен деразамдан ташқарига қарадим-у ҳайратга тушдим, аввалига лом-мим дея олмадим, сўнгра:
— Ҳеч нарсага тушунмаяпман, — дедим. — Биз дарпарда ва дераза ёпқичлари орқасидан чақмоқ чаққанини кўрдик, момақалдироқ овозини ҳам эшитдик.
Тўпланган одамлар мириқиб кулиб олиш учун бирин-кетин ерга думалай бошлашди: иккитаси ўлди; тирик қолганлардан бири ўз фикрини билдирди:
— Афсуски, сиз ёпқичларни очиб, ҳув анави баланд тоғнинг учига назар ташламагансиз! Сиз эшитганингиз — тўп овози, кўрганингиз эса — отишма шуълалари. Ахборотингиз учун, телеграф орқали хабар келди, айни ярим тунда Гарфильд президент этиб сайланибди. Мана, гап қаерда!
— Ҳа, мистер Твен, сизга айтганимдек, — деди мистер Мак-Вилямс, — инсон ҳаётини яшиндан эҳтиёт қилиш қоидалари шундай ажойиб ва шунча кўпки, одамлар қандай қилиб зарбага дуч келиш йўлини топишларига ақлим етмайди.
— У шундай деди-да, йўл халтаси ва соябонини олиб чиқиб кетди, чунки поезд унинг бекатига келиб қолган эди.

Русчадан Шоир Усмонхўжаев таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 11-сон