Константин Паустовский. Сарғиш нур (ҳикоя)

Кулранг тонг билан уйғондим. Хона бир текис сарғиш нурда товланди, у чироқдан таралаётгандай. Нур деразадан пастлаб оқар, ёғоч шифтларни ёр­қинроқ ёритарди. Ғаройиб нур – олис ва қўзғалмас қуёш нури каби. Бу ярқироқ нурлар – кузги барглар эди. Шамолли ва узоқ тунда боғ қуриб қолган япроқларини тўкди. Улар ерда шовуллаб ётар, билинар-билинмас нурланарди. Бу шуълалардан одамларнинг юзлари қизариниб кўринар, стол устидаги китоб варақлари мум қатламлари билан қоплангандай эди.
Куз шундай бошланди. Наздимда, у шу тонгда кириб келди. Унгача мен ҳеч нарсани англамагандим: ўрмонда ҳали чириган япроқларнинг ҳиди сезилмас, кўлдаги сув мовий тус олмаган, қировлар тахта деворлар, томларга сочилиб кетмаган эди. Куз кутилмаганда келди. Бу кириб келаётган бахтнинг сезилар-сезилмас лаҳзалари, сезгилари – Ока пароходларининг олис товушлари ёхуд бехосдан туғилган табассумдай.
Куз тўсатдан ташриф буюрди – ҳаммаёқни эгаллаб олди. Боғлар, дарёлар, ўрмонлар, ҳаво, далалар, қушлар кузникига айланди. Боғда читтаклар югуриб юрарди. Уларнинг қичқириғи – синган ойнанинг жарангидай. Ҳуштак, шовқин-сурон, қағ-қағлар аралашиб- қуралашиб, кўкка кўтарилди. Боғ кундузлари осойишта: қушлар жанубга учиб кетишмоқда.
Хазонрезги. Барглар куну тун тўкилади. Улар шамолда ёнбошлаб, эниб, энгашиб уча-уча намхуш майсаларни қоплайди. Ўрмон ёмғир аралаш учиб- қўнаётган хазонларга тўлиб кетди. Сентябрнинг охирига борибгина ўрмон этаклари очилди. Энди дарахтлар орасидан далаларнинг очиқ бағри кўриниб турарди. Кекса балиқчи Прохор сават тўқийди. Солотчеда ҳамма қариялар сават тўқишга одатланишган. У менга куз ҳақида бир эртак айтиб берди. Мен шу кунгача бундай эртак эшитмаганман. Менимча, Прохор уни ўзи тўқиган.
– Сен атрофга қара, – деди у бигиз билан чипта кавушни тўқиркан. – Синчиклаб назар сол, қимматли одам! Шу қуёш, ҳар бир тирик жон нима билан нафас олади? Қара-да, тушунтириб бер. Мана, япроқ кузда учиб юрибди. Нега? Буниси одамларга ҳам тушунарли, ҳам тушуниксиз. Одам ўқни ўйлаб топди. Мен ҳам унинг ҳидини биламан. Бурунги қишлоқ темирчилари биринчи қуролни ясашибди-да, уни ўқ билан тўлдиришибди. Бу қурол бир тентакнинг қўлига тушиб қолибди. Тентак ўрмон бўйлаб кетаверибди. Зарғалдоқларни, осмон бўйлаб учаётган қушларни кўрибди. Уларнинг қандай сайрашаётгани, бир-бирини меҳнат қилишга чорлаётганини эшитиб қолибди. Тентак уларга ўқ узибди. Шунда олтин пар ерга узилиб тушибди, ўрмонларга кўчибди – улар қувраб қолибди, улкан офат ёғилибди. Қушлар қони сачраб кетган япроқлар қизариб-қизариб ерга тўкилибди. Шундан ўрмонда сарғиш ва қизғиш барглар пайдо бўлибди. Ўша кунгача барча қушлар бизнинг ўрмонлардан кетмас экан. Ўрмонлар ҳамиша яшилланиб, қўзиқоринлари гуркираб, гуллаб тураркан. Қор бўлмаган экан, қиш келмас экан, деяпман. Қиш бўлмаган!… Тентак биринчи қушни ўлдирди – ер ғамғин тортди. Хазонрезги бошланди, намхуш куз келди. Изғиринли шамоллардан қўрқиб кетган қушлар узоқларга кетиб қолишди, одамлардан хафа бўлишди. Кўрдингми, азизим, биз ўзимизга ўзимиз зарар етказдик. Шунинг учун ҳам ҳар бир нарсани асраб-авайлашимиз зарур.
– Нималарни?
– Мана – қушларни, ўрмонни, сувни, ерни.
Мен кузни ҳафсала билан узоқ кузатдим. Бирон бир нарсани чинакамига кўришни истасанг, ўзинг ҳам шуни биринчи марта кўраётганингга ишонишинг керак. Куз билан шундай кечди. Мен ҳам ўзимни бу куз умримга кириб келган биринчи ва сўнгги куз эканлигига ишонтирдим. Шунда кузга синчиклаб назар ташладим, олдин кўрмаганларимни ҳам илғашга уриндим. Улар куздаги лойгарчиликлар, Москва трамвайларининг намли томлари устидаги хотиралардай эриб кетгувчи туйғулар эди.
Мен нафақат тилларанг, балки қирмизи, алвон, сиёҳранг, малларанг, қора, кулранг, оқиш баргларни ҳам кўрдим. Бу ранглар куз қоронғулигида майинлашар, ҳавода қимирламай осилиб турарди. Ёмғир ёғаётганда ранглар жилваланади, булутли осмон ажиб нур таратиб туради. Бу жилваланишда ёмғирли ўрмонлар олис-олисдан тонгги шафақда ловуллаб ёнаётган гулханлардай кўзга чалинади. Қарағайзорда қайинлар совуқдан дийдирайди, сумалакларга тилла суви суртилгандай. Болталар зарбининг товуши, қушлар қанотидан кўчган шамолда титраниб кетган япроқлар шовдирайди.
Дарахтлар эрта сарғая бошлашди. Танасининг ярми қизғиш, ярми яшил тоғтерагини учратдим. Кун ўртасида Прорва бўйлаб сайрга чиқдим. Жануб томонда қуёш эниб бормоқда. Унинг синиб-синмаётган нурлари қорайиб бораётган сувда аксланади. Бу нурлар бўлак-бўлакланиб, тўлқинланиб, қирғоқ бўйлаб текис югуради, сувдан кўтарилиб, дарахт учларига сингиб кетади. Нур мавжлари қалин майсазор ва бутазорларга иниб, бир лаҳзада бутун қирғоққа таралади, тоғ жинсларига юзлаб бўёқлар шудрингдай ёйилиб кетади. Нур гоҳо заҳарли замбуруғнинг оловранг бош ки­йими, гоҳ зарғалдоқ тусли ярқироқ майсалар, тўкилиб ётган қуруқ меваларни оралаб, гоҳо эман баргларига, пўстлоқларига, танасига қоришиб кетарди.
Тўкилаётган кузги баргларга синчковлик билан қарайман. Мен айнан барг чирт этиб узилиб тушаётган дамни кўриш илинжида, ўша билдирмайгина ўтиб кетадиган лаҳзани ушлаб олиш истагидаман. Бандидан узилиб, ерга тушаётган япроққа тикиламан. Китобларда тўкилаётган япроқлар шивирлари ҳақда кўп ўқиганман, аммо бу товушни эшитмаган эдим. Барглар фақат ерда, оёқ остида шовулларди. Баргнинг ҳавода шовуллаши баҳор чоғи майсаларнинг ўсиб боришини илғашдек тасаввурга сиғмас ҳолат бўлиб кўринди.
Шаҳар кўчаларининг тинимсиз шовқин-суронидан гарангсиб турган товушлар ҳам ўзига келиши, туп­роқнинг энг тоза ва тиниқ овозигача чулғанган кузни тинглаш учун кутиш керак эди. Кеч тушиши билан боққа чиқдим, ёғоч қудуқ ёнига келдим. Бир четига фонусни қўйдим, сув олдим. Челакда барглар сузиб юрарди. Улар ҳаммаёқда кўзга чалинади, гўё улардан қутилиб бўлмасди. Нонвойхонадан ҳозиргина олиб келинган қора нонга ҳам ҳўл барглар ёпишиб қолибди. Шамол ҳовуч-ҳовучлаб стол усти, ўриндиқлар, ер, китобларга барглар тўкарди. Боғ йўлакларида юриб бўлмасди: қор устида юргандай хазонларни ғижирлатиб ўтасан. Биз уларнинг устида ағанардик, улардан анқиётган ҳидларга тўймасдик. На тили, на қулоғи бор бу куз оқшомларининг! Шамол эсмай қўйди. Ўрмон этаклари шу қадар тинчки, қоровул тўқмоғининг зарбигача эшитилади.
Тун. Фонус қудуқ, девор остидаги кекса заранг дарахти, сочилиб-сарғайиб кетган бутоқлар, гултуганакларни ёритиб турарди. Заранг дарахтига қарадим. Шохлардан аста-астагина ажралиб чиқаётган қиз­ғиш баргга кўзим тушди, титраб кетдим. У бир муддат ҳавода тўхтаб қолди. Сўнг энгашиб, шитирлаб, чайқалиб оёқларим остига туша бошлади. Шунда биринчи бор тўкилаётган япроқ шитирини эшитдим – тушуниксиз, худди гўдакнинг шивир- шивирига ўхшайди. Тинч, осойишта ер узра тун ҳукмрон. Юлдузлар жилваси шу қадар тиниқки, тасаввурга сиғмайди.
 Мен жунжикдим. Куз осмонидаги юлдуз туркумлари челакдаги сувда ҳам, кичиккина кулба дарчасида ҳам жилваланарди, мавжланарди. Персия ва Орион юлдузлар буржи ер бўйлаб сокингина оқиб ўтишарди, титраниб, бўрилар мудраб ётган чакалакларда хиралашиб, Старисе ва Прорванинг саёзликларида тўкилиб ётган балиқ тангаларида ҳам нурланиб кетарди.
Тонготарда мовий Сириус ёниб кўринди. Унинг эниб келаётган оловлари тол баргларига урилди. Юпитер қорайиб кўринган ғарамлар узра ўтлоқзорлар, лойли кўчалардан чайқалиб ўтарди. Сатурн эса осмоннинг бир четидан ўрмонлар, бўйи унутилган гўшаларни оралаб кўтарилди. Борлиқда юлдузли тун порлайди, метеоритларнинг совуқ нурлари парчаланади, кузнинг нордон сувида қамишлар шовуллайди, уларнинг ҳиди чор-атрофни тутиб кетади. Куз охирлаётганда Прор­вада Прохорни кўриб қолдим. Тўзғиган оппоқ сочларига балиқ тангалари ёпишиб, ялтиллаб турибди. Толзорда олабуға балиқ овларди. Кўринишидан юзга киргандай. Тишсиз оғзини очиб кулди, дўппайиб турган чўнтагидан олабуға балиқни чиқариб кўрсатди – ёғли ўлжаси билан мақтанди. Балиқнинг ёнбошларига уриб-­уриб қўйди – балиқ тутдик!
Кеч тушгунга қадар икковлон қотиб қолган нонни кавшандик, ярим овозда яқинда рўй берган ўрмон ёнғинидан сўзлашдик. Ёнғин Лопух қишлоғи ёнида бошланган. У ерда ўроқчилар гулхан ўчиришни унутиб қолдиришган. Қуруқ шамол эсарди. Олов шитоб билан шимолга йўналди. У поезд тезлигида – соатига йигирма километр йўл босарди. Пастлаб-пастлаб учиб ўтаётган учоқлар каби ғувилларди. Тутун билан қопланган осмонда осилиб турган қуёш оппоқ -кулранг қалин пўпанакнинг тўқ қизил ўргимчагига ўхшарди. Ёмғир ишқорланиб ёғарди. Кулранг дарё сувини босиб, қоплаб турарди. Аҳён-аҳёнда кўкда кулга айланган барглар учиб ўтарди. Улар сал тегиб кетган учқундан ҳам чангга айланиб кетарди.
Тундлашиб бораётган тунда шафақ шарқ томонда айланага ўралар, ҳовлиларда сигирлар бўкириб қўяр, отлар кишнар, уфқда ракеталардан сачраётган оқиш нурли сигналлар ярқираб кетарди. Бу – ҳарбий қисмлардан, улар ўтни ўчиришган. Бир-бирига сигнал юбориб, яқинлашиб келаётган ёнғиндан хабар беришарди. Биз Прорвадан кечга яқин қайтдик. Қуёш Ока ортига энди. Шунда биз ва қуёш ўртасида рангсиз кумуш ҳалқалар тўшалди. Қуёш нурлари кузги ўргимчак уяларида аксланар, бу бутун ўтлоқзорни ўраб олган эди.
Кундуз пайти пўпанаклар ҳавода учиб юрар, қўл урилмаган майсаларга қоришиб кетар, эшкак, юзлар, сувлиқ, сигир шохларига калава ипдай илашиб қоларди. Тонг чоғи ўргимчак уяларида шудринглар товланиб, бир зумда эриб битарди. Пўпанаклар ва шуд­рингли толлар қуёш остида олис юртлардан бизнинг ўлкага келиб қолган эртакчи дарахтлардай туришарди. Ҳар бир ўргимчак уясида митти ўргимчак ўтирарди. У уя тўқирди. Бу ўргимчак парвози кузги қушлар учишига ўхшаб кетарди. Шу кунгача нима учун ўргимчаклар юпқа калава иплари билан ер юзини қоплаб учишларини ким яхши биларкин, билмадим…
Уйга кириб, юзларимга ёпишиб қолган пў­па­накларни ювиб ташладим-да, печга ўт қаладим. Қайин тутунининг ҳиди калава ип бўйи билан қоришиб кетди. Кекса қора чигиртка куйлай бошлади. Пастда сичқонлар зир югуришади. Улар қишлик ғамида – уяларини қаттиқ нон ушоқлари, қанд, қотиб қолган пишлоқ бўлаклари билан тўлдиришмоқда. Тун ярмидан оққанда уйғониб кетдим. Хўрозлар иккинчи бор қичқиришди. Юлдузлар қимир этмай ёниб туришар, тонгни энтикиб кутаётган шамол боғ узра сокингина шивирларди.

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 9-сон.