Констан Бюрньо. Катерина (ҳикоя)

Унинг июнь кунларидан бирида уйи остонасида ранги девордек оппоқ, қорни бироз шишган алфозда ўтирганини эслайман. Қўшнилар: “Истисқо бўпти”, – дейишганди. Ўзи шаҳарда ишлаб юрганди, аммо мана бир неча ҳафтаки, шу ғалати дарддан шишиб-азобланиб уйига – ота-онаси қошига қайтди.
Эсимда, Катерина озғин, мурдадек оқ, суяклари туртиб чиққан қиз эди. Унинг узун, бемадор танаси саватдек қўнғир соч бостирилган кичкинагина бош билан тугарди. Катерина бу “сават”дан турмакка ўхшаш бир нима ясашни эпларди аммо. Кичкинагина бурни иккита катта қоп-қора тешикдан иборат эди. Оғиргина қўллари узун ёнбоши бўйлаб жонсиз осилиб турарди.
У курсилар оралаб зўрға юраркан, гўё янада шишиб, оқариб кетгандек туйиларди. “Истисқо бўпти”, – дейишди яна қўшнилар.
Хуллас, бу воқеа куз якшанбаларидан бирида эрталабки ибодат вақти юз берди. Катерина укаси билан уйда ёлғиз қолди. Овсар Жан ошхонадаги столга тирсакларини тираб трубка чекарди. Унинг кичкина, деярли кўринмайдиган кўзлари ва ювошгина юзи ҳақиқий овсарларникидек хотиржам эди. Бирдан опасининг хонасидан эшитила бошлаган овозлар эътиборини тортди.
Аввал инграшлар… Бирданига… чақалоқ йиғиси! У эшикни ура бошлади.
– Жан!.. Йўқ! Йўқ!.. Очма, бор, уларни огоҳлантир… Ҳаммаси тугади!..
Овсар Жан дод-фарёд ва бола йиғисини эшитиб бироз иккиланди. Йиғи!.. Ва ҳозиргина она бўлган аёлнинг тинчлантирувчи овози.
Овсар Жан бироз турди, кейин кетди.
Катерина қаддини кўтариб сукунатга қулоқ тутди… Онаси, отаси, учта акасининг қайтишини, жунбушга келган қишлоқнинг таъна-дашномларини кўз олдига келтирди; роса шарманда бўлиши ва шу тавқи лаънат таъқибида яшашини тасаввур қилди.
Даҳшатга тушди. Ўрнидан турди, ошхонадан ўтиб ташқарига чиқишда паншахага қоқилди, уни қўлига олди, гўнг уюми ёнига борди ва гўнг ичида чуқур кавлади… Кейин гўдаги қошига қайтди, уни қўлига олди ва авайлаб ўша чуқурга қўйди. Чақалоқ чинқириб юборди! Аёл унга илтижо билан қўлларини чўзди, бир зум иккиланди, кейин тезда болани ерга юзтубан ётқизди. Гўдак яна чинқирди. Аёлнинг кўзи катта тошга тушди, қўлига олиб баланд кўтарди… Тап! Тезроқ! Тезроқ! Тезроқ! Катерина чуқурни кўмиб ташлади. Бирдан ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Ошхонага борди, қоронғида тимирскиланиб сирка қидирди…
Тамом!
Эшик очиқ эди! Кун бўзарган, ҳамма йиғилган.
– Қани у? – сўради она.
– Қани у? – такрорлади ота.
Қани у?..
Катерина уларга бир боқди, кейин дераза томонга чекиниб ҳеч нима демай столга суянди… Бирдан стол устига йиқилди, сўнг сирғалиб полдаги кафел устига гўё тўкилиб тушди.
Ҳовлида Овсар Жан қўлидаги қонли чойшабни силкиб қўшниларни даҳшатга солганча чақалоқни чақирарди. Опам чақалоғини ўлдириб, кейин ўзи ҳам ўлиб қолди, дерди у.
Орадан бир соат ўтиб жандармлар пайдо бўлишди. Ҳаммаёқнинг тит-питини чиқаришди.
Аммо чақалоқни Овсар Жан топди. У қонга бўялган ва гўнг ҳиди анқиб турган жасадни стол устига қўйди. Катерина – жонсарак ва шикаста бир аҳволда икки мўйловдор жандармнинг ўртасида тўғрига қараб турарди.
Бурчакда қари онаси йиғларди. Отаси ва акалари қаергадир гум бўлишган. Катеринани олиб кетишди.
Уни икки йилга қамашди.
Қайтганида отаси оламдан ўтган, учта акаси эса уйланишганди. Қолган ҳаммаси бояги-боягидай. Онаси уни кўзида ёш ва меҳр билан кутиб олди.
Қишлоқда Катеринанинг изидан қаҳрли нигоҳ билан қараб қолишар, Овсар Жан эса дарғазаб бўлиб нуқул унга катта муштларини дўлайтирарди.
Катерина кўпинча шом пайтлари печка ёнида тиззалаб олганча кекса онасининг эски пешбандига юзини босиб ҳўнг-ҳўнг йиғларди.
Карнавал яқинлашиб қолди.
Қор ёғарди. Овсар Жан эрталабданоқ эски чаналарни бўшатиб олиб кетди.
“Нима учун?” – деб сўрайди икки аёл ўзидан.
“Нима учун?” – деб сўрайди Катерина.
Кейин бу ҳақда ўйламай қўйди.
Кеч кирди, онаси черковдан қайтиб келди.
Бирдан дераза тагида ниқоб тутган тўданинг ҳайқириғи эшитилди. Шовқин гоҳ узоқлашар, гоҳ жуда яқин келарди. Одамлар Овсар Жаннинг чанасини ўраб олишганди.
Катерина бир сесканиб ойнадан узоқлашди.
Чана устидаги икки тулумни пайқади: аёл!.. иккинчиси кичикроқ: гўдак!.. ва каттакон тош! Чанани Овсар Жан тортаётганди.
Катерина пардани туширди.
Ниқоблилар машъалаларни ёқдилар ва чана йигитларнинг қийқириғи билан янада илдамлаб кетди. Аёллар узоқ вақтгача ухлашмади, жимгина ўтиришди. Кўчада овозлар тинмасди. Бирдан эшик ланг очилди. Тўдани эргаштириб олган Овсар Жан чайқалиб турарди. Йўлда улар катта тулумни йўқотиб қўйишибди, энди унинг ўрнига опасини олиб кетиш учун келишибди. Тўда олқишлади, эшиклар, пол ва деворлар титраб кетди. Кампир ўғлини инсофга келтирмоқчи бўлди. Қарғади, ялинди…
Жан опаси томон қўлини чўзиб ҳамон илжайиб турарди.
Аёллар хонанинг ичкарисига чекинишди. Уларнинг фақат юзлари кўриниб турарди. Катеринаники – оппоқ, қоп-қора чуқурчалари бор: бурун катаклари, оғзи, кўзлари; ҳар нарсанинг аксини кўрсатадиган кампирнинг юзлари, бора-бора у қоронғиликка сингиб кетди. Бирдан Жан опасини қучоқлаб баланд кўтарди, бошқалар унга ёрдамлашди.
Кўчада уларни машъалалар қуршовидаги чаналар кутиб турарди. Туйқусдан чаналардан бири олов ичида қолди. Бу атрофдагиларнинг шодон қийқириғига сабаб бўлди. Катерина ёлворди:
– Ойижон!
Уни масхаралай бошлашди:
– “Ойижооон!”
Ўнлаб қўллар Катеринани маҳкам ушлаб чанага ўтқазди.
– Яшасин Жан!
– Маҳкам ушла! Қўйма!
– Ура! Ура!
Чана увиллаётган оломонни эргаштириб юриб кетди.
Чана сирпанарди…
Эшик тагига чиққан Овсар Жан ва Катеринанинг онаси йиғидан тўхтади.
Шунчаки қараб тураверди…

Рус тилидан Шаҳноза Соатова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 1-сон