Жон Бёржер. Сукунат таржимаси (эссе)

Саксон йилдан бери ёзиб келаман. Аввал ҳарфлар, кейин суҳбатлар, шеърлар, бироз ўтиб ҳикоялар, мақола-ю китоблар, энди эса қайдлар. Ёзиш мен учун ҳеч қачон бошқа хаёлпараст қаламкашлар айтганидек мавҳум дунёларга сайр эмас, чинакам реал вазифа бўлиб келган. Аслида, ҳеч қайси сўз ҳеч қандай маънога эга эмас, у фақат ишора қилади. Сўз – ишорадир. Маъно сиз билан биз ўйлагандек оддий нарса эмас. Она сўзини олайлик. Биз уни тилга олганимиз ҳамоно хотиралар, ижтимоий ва шахсий тасаввурлар идрокимизда жонланиб кетади, бироқ кўриб турибсиз, шунча кечинмани уйғотиб юборган сўз – она бор йўғи уч ҳарфдан иборат. Унинг шу қадар катта маъно касб эта олиши амалда мумкин эмас. Зеро, компас доим кафтга сиққудек бўлади, у кўрсатган йўл эса чексиз.
Ёзмоқ – манзилга етишиш эмас, манзилнинг бор ё йўқлигини аниқлашга уринмоқдир. Унинг воситаси тил. Албатта, айтаётганларим ўта оддий ҳақиқатлар, бироқ негадир шуларни такрорлашга жазм этдим.
Келинг, гапни маънонинг бир тилдан бошқасига кўчиб ўтиши – таржимадан бошлайлик. Бугун таржимонлик деганда, асосан техник таржима тушунилади, лекин менинг бу соҳага алоқам йўқ. Мен бадиий таржима ҳақида нимадир демоқчиман, холос. Бадиий матн устида ишлаш. Ўта оғир эшитилади, шундай эмасми?
Айтмоқчи бўлганим шуки, бадиий таржимонлар матн устида ишлай туриб бир тилдан бошқа тилга жумлаларни таржима қиларкан, ҳар бир ишорани ўз тилига ўгиришга мажбур бўлишади ва бу ўз навбатида муайян қийинчиликларни туғдиради. Таржима матн формуласи: сўз – ишора, ишора – руҳият. Демак, таржимон руҳ билимдони ҳам бўлмоғи керак. Улар бир саҳифадаги руҳий кечинмаларни ўгира туриб, саҳифа кайфиятига мослашадилар, кейинги саҳифада эса буткул бошқа аҳволи руҳия уларни кутиб турган бўлади. Саҳифани хатбошига алмаштириш ҳам мумкин. Хатбоши кайфияти асосан рус ёзувчилари, хусусан Лев Толстой ва Достоевский асарларида ўзгарувчан бўлиши сир эмас.
Таржимада бир тилнинг лингвистик қоидалари билан юзлашар эканмиз, уни иккинчи тил қоидаларига мослаштиришга мажбурмиз. Бунда матндаги ҳис-туйғулар бизнинг тил муҳитида адаптация – мослашув жараёнига киради. Бирон жойда биронта ўхшамаган, бебурд таржимани кўрдингизми, демак, ундаги жумлалар, ўй-кечинмалар сиз ўқиётган тилга кўникмаган, руҳи бегоналигича қолиб, аросат издиҳомига тушиб қолган. Дарвоқе, матннинг оригиналдаги овози билан таржима тилидаги овози, оҳанги бир бўлиши ҳам талаб этилади. Ҳаммаси рисоладагидек бўлгачгина иш пишди дейишингиз мумкин. Ўйлаб кўринг, шимоллик эскимосларни ўзингиз яшайдиган иссиқ юртга олиб келмасангиз-да, уларнинг устига ёзги кийим кийгазиб, ўша, ўзларининг қорли ўлкасига қўйиб юборсангиз. Бу адолатсизлик эмасми? Сўзларга ҳам шундай ёндашмоқ лозим. Таржима қилсангиз, тўлиғича таржима қилинг ва уларни ўз тилингиз шароитига мосланг. Энг хавфлиси, ўзингиз ўша шароит – тил муҳитига кириб, қолиб кетишингиз. Ундай бўлса, вазият оғирлашиб, кескин тус олади. Таржимангизни ўқиган ўқувчи қум чайнагандек бўлаверади.
Нега бундай деяпман? Боиси, чинакам таржима икки тил орасидаги икки табақали эшик эмас, балки учбурчак муносабатдир. Учбурчакнинг учинчи нуқтасида оригинал матн жумлалари – ёзилмасдан аввалги тагмаънолар пинҳон ётади. Буни энди психоаналитик тилда онгости таржимаси дейиш (Боя таржимон руҳият билимдони дегандим-а) мумкин. Таржимон тилдан аввалги даврни ҳам пухта ўрганиши керак. Бунда у матн муаллифининг ёзишдан аввалги ҳолатинигина эмас, балки инсоният тарихини ҳам чуқур ўрганган бўлса, нур устига нур.
Матн – механизм. Унинг мурватлари бўлмиш сўзларни ҳаракатга келтирган асосий дастак эса оҳанг саналади. Матн оҳанги. Қизиғи, бутун бошли гаплар ичида ўзига хос жимлик ҳам бўлади. Ёзувчи ёзиб кетаверади, аммо асар сукут сақлайди. Сиз асардаги ўша сукунатни ҳам таржима қилишингиз керак. Бунда таржимон тагмаънони яхшилаб тушуниб, ҳис қилиб олади ва бу ҳиссиётни матн руҳига сингдиради. Қарабсизки, сукунат таржимаси тайёр. Ҳам содда, ҳам мураккаб. Сўзларга тўла жимлик қаърига шўнғиб бораверар экансиз, маънолар юзага қалқиб бораверади, аммо сиз янада чуқурроқ шўнғишга мажбурсиз, ҳам қалқиб бораётган мазмунни ҳам тутиб олишингиз керак. Зеро, хорижий адабиёт намуналари икки хил бўлади: меҳмон ва туғишган. Агар сиз мазмун, оҳанг ва кайфиятни бирлаштиролмасангиз, таржимангиз меҳмон ўлароқ ўта қисқа муддат она тилингизда яшаб қолади. Борди-ю, Худо ярлақаб барчасини оби-тобига келтиришга куч топсангиз, халқингиз таржимангизни ўз классик ёзувчисини ўқигандек узоқ йиллар севиб мутолаа қилади. Танлов ўз қўлингизда.
Мен сизга тушунтиришга уринаётган қарашлар бир тажриба бўлиши мумкин, бироқ улар бизга тилнинг бир калимага ёки калимадан атамага оғиб, унга айланиб кетишини эслатиши бор гап. Бутун бошли матнни бор-йўғи биттагина сўз билан ҳам ўгириб қўйиш мумкин. Асосийси, уни ўз она тилингиз руҳига тушира олишингизда. Хорижий тил худди сизнинг тилингиз каби ўта чекланган ва бир вақтнинг ўзида сарҳадсиздир. Баъзан сизни унинг ўта тор ва қашшоқлиги қийнаса, баъзан ҳаддан ошиқ бойлиги боши берк кўчага солиб қўяди. Тил сўзлардан ташкил топган, ички органлари миллат руҳи билан яшайдиган тирик яратиқдир. Ва бу яратиқ яшайдиган макон ҳали сиз қадам босишга улгурмаган руҳиятнинг қадим ва яширин ғорлари қаърида жойлашган. Уни топиш учун Тил бўйлаб саёҳатга чиқмоқ даркор. Бунда сиз нафақат ўша тилнинг, балки ўз она тилингизнинг ҳам изоҳли луғатини елкангизга илиб йўлга тушасиз. Йўқса, қўлингиздан шунчаки шимолликка ёзлик уст-бош кийдириб қўйишдан бошқаси келмайди.
Келинг, “она тили” атамасини олайлик. Русчада бу сўз “родной язык” дейилади ва бизнинг тилга тўғридан-тўғри “қондош тил” дея ўгирилади. Агар янаям бадиийлаштирилса, “суюкли, қадрдон тил” ҳам дейилиши мумкин. Она тили кишининг туғилганида илк эшитгани тил ҳисобланади. Ва бир она тили ичра яна кўплаб она тиллари мавжуддир. Бошқача айтсак, ҳар бир она тили коинот тилидир. Тилшунос олим Ноам Хомский бизга усталик билан тушунтирганидек, тилларнинг вазифаси фақат ёзма ва мулоқот шаклидагина тавсифланиши хато. Уларнинг биз билмаган муҳимроқ миссиялари бор. Башарти, биз тил деб атайдиган мавжудот ичимиздаги сўз ва товушлардан, турли ишоралардан холи, тоза ТИЛнинг бир учи, холос. Ўйлаб кўрилса, бу назарияда жон бордек. Нега энди биз ақлимиз етмагани учун ўзга сайёраларда ҳаёт борлигини тахмин этиш ё йўқлиги ҳақида ҳукм чиқаришга ҳақли эмас эканмиз-да, тил бошқа бир тилсимот тилининг шунчаки шарпаси деган фикрни кес­кин рад этарканмиз?
Бунга исбот: шахсан мен, расм чиза туриб ўз она тилимда тасвирлашга сўз топа олмаганим манзарани кўрсатишга беихтиёр ҳаракат қилаётганимни сезаман. Расм, қўл ҳаракатлари, сўзлар, юз ифодаси, нигоҳлар, сукунат ва бошқа ҳамма-ҳаммаси ботинимиздаги ўзга бир ҳилқатнинг борлигидан далолатдир. Улар ўша ҳилқатнинг идрокимиз етадиган қисмларинигина кўрасатади, холос.
Биз таржима қила туриб сўз лабиринтига, баъзида эса атамалардан бино бўлган қудратли гирдибодга дуч келамиз. Қизиғи, унга ўзимизнинг одамларча ожиз ҳаракатларимиз билан қарши чиқишга, йўл топишга уринамиз. Ваҳоланки, ортимизда она тилимиздан ташкил топган бутун бошли армия саф тортиб туради. Бугун таржима қилинаётган матнлардаги жумлалар боя айтганимиз Тил аталмиш тирик борлиқдан юлиб олинган ўлик аъзоларга, бу матнлар йиғиндиси бўлмиш асарлар эса маъно мурдаларининг ошёни – яхлит қабристонга ўхшайди. Ахир, таржимон қотил эмас, жонни Исо Масиҳдек қайта тирилтирувчи бўлиши керак-ку!
Мени йиллар давомида ёзишга ундаган асосий сабаб – нималардир одамларга тушунтирилиши керак ва агар уларни мен тушунтирмасам, улар мангуга мавҳум бўлиб қолаверади деган қўрқув. Ҳа, қўрқув инсоннинг энг қадимий сезимидир. Ва, қўрқувнинг энг қадимий тури бу номаълум нарсадан қўрқув саналади. Мен қўрққаним учун ёздим, худди ибтидоий одамлар чақмоқларни илоҳийлаштириб, унинг ғазабидан ўтакаси ёрилганча овқат излагани ва бошпана қуришга мажбур бўлгани каби. Аммо, ўзимни профессионал ёзувчи деб ўйламайман. Мен ўткинчиман. Ўткинчилик боқийликдан анча яхшироқ. Ҳеч йўқ, охирнинг қаердалигини билиб турасан. Мангу қолишни ким яхши деб ўйлаб чиқарганини эса билмайман, бунинг сабабини ҳам тушунмай ўлиб кетсам керак.
Бир неча сатр ёзгандан сўнг жумлаларнинг тил жисмига ёпишган-ёпишмаганини текшириб чиқаман. Ҳаммаси жойидалигига ишонч ҳосил қилгач, оқимни ўз ҳолига ташлайман. Ва бунда сўзлар ораларига маъно, аллитерация, мажоз ё маромни қўшиб олгани ҳолда тирила бошлашади. Матн ҳаётга қайтади. Уларнинг шивир-шивирларига, чақалоқдек йиғлашларига қулоқ тутаман. Матн оҳанги баъзан мен танлаган сўзларни ортиқча билиб яккалаб қўяди. Мен ҳам буни тушуниб, уларни олиб ташлайман ҳамда ўрнига бошқа жумла тиркайман. Энди саҳифада бир бутун драма бошланади. Ролларда – сўзлар.
Бари тугагач, сатрларга қўшилиб ўзим ҳам драма қаҳрамонига айланиб кетаман, боя ортиқчадек кўринган сўзларни ўз ўрнига қайтариб қўйишим ҳам мумкин. Энди жумлалар орасида бошқа бир муҳаббат ҳикояси бошланади. Бу муҳаббатдан ҳосил бўлган маъно зурриёдларини йиғиш, албатта мутолаадан кейинги ширин тамшанганча узоқ хаёл суриш ё оғир ўйга ботишда рўй беради. Ана кейин, бошқа бўлимга ўтишим мумкин.
Бошқа бир муҳаббат ҳикояси…
Бошқалар мени бир ёзувчи ё бўлмаса таржимон сифатида кўришлари мумкин. Менимча эса мен, бир тилнинг фарзандиман ва бошқа тилга ошиқман. Бу ошиқлик ва фарзандлик орасидаги муносабатлар нақадар содда ва нақадар мураккаблигини энди англагандирсиз?

Инглиз тилидан Мирзоҳид Музаффар таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 8-сон

Ўхшаш мақолалар: