Мона Гарднер. Зиёфат (ҳикоя)

Ҳиндистон. Губернатор ва унинг хотини катта зиёфат беришаётганди. Улар — ҳарбийлар, элчихона ходимлари, уларнинг аёллари ва америкалик табиатшунос катта стол атрофида — ошхонада ўтиришарди.
Бир аёл ва полковник аёлларнинг сичқондан ҳам қўрқишлари хусусида қизғин баҳслашишарди.
— Аёллар ҳар қандай қийин вазиятда чинқиришади, — деди полковник. — Эркаклар эса асабини жиловлай олишади.
Табиатшунос баҳсга қўшилмай, меҳмонларни кузатиб ўтирарди. Бирдан у уй бекасининг юзи ўзгариб кетганини кўрди. Бека тўғрига қараб ўтирар, гўёки қотиб қолганди. Аёл оҳиста имлаб хизматкор болани чақирди ва унинг қулоғига нимадир деб пичирлади. Боланинг кўзлари катта-катта очилди ва хонани тезда тарк этди.
Табиатшуносдан бошқа ҳеч ким боланинг айвонга ликопда сут келтириб қўйганини сезмади. У ташвишлана бошлади. Ҳиндистонда ликопда сут қўйиш бир нарсани – илонни чақиришни билдиради. Табиатшунос хонада кобра борлигини англади. У хонанинг бурчакларига, гулдон орасига кўз югуртирди. Илон кўринмади. Фақат бир жой — стол ости қолганди.
У шартта сакраб турмоқчи, бошқаларни ҳам огоҳлантирмоқчи бўлди, лекин кескин ҳаракат кобрани чўчитиб, илон бирор кишини чақиб олиши мумкинлигини биларди. У тез-тез, ҳамманинг диққатини жалб қиладиган оҳангда гапирди.
— Мен кимнинг асаби чидамли эканлигини билмоқчиман. Ҳозир уч юзгача – беш дақиқа санайман, бирортангиз қимир этмай ўтиришингиз лозим. Ким қимирласа, эллик рупий тўлайди. Тайёрланинг!
Стол атрофидаги йигирма нафар киши тошдай қотиб ўтирарди. У икки юз саксонга етганида кўз қири билан кобранинг айвондаги сут идиш томон ўрмалаб кетаётганини кўрди. Илон айвонга чиқиши билан у сакраб туриб эшикни ёпганида ҳамма қичқириб юборди.
— Сиз ҳақ экансиз, полковник!-деди губернатор. — Мана, ҳозиргина эркак киши асабини қандай жиловлай олишини бизга намойиш этди.
— Бир дақиқага,-деди табиатшунос уй бекасига қараб.-Миссис Винкс, хонада кобра борлигини қайдан билдингиз?.
Аёл табассум қилганича жавоб қайтарди:
— Илон оёғимга ўралиб олганди.

Инглиз тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси.