Иван Бунин. Ойдин кечада (ҳикоя)

Бу тушмиди ёки менга рўё бўлиб кўриндими?
Кузнинг мунгли тўлин ойи анчадан бери кўкда сузиб юргандай, кун давомидаги майда ташвишлар ва ёлғон-яшиқлардан ором оладиган вақт киргандай туюлди менга. Менимча, бутун Париж, ҳатто энг чеккадаги ғариб кулбалар ҳам уйқуга чўмган эди. Узоқ ухладим, уйқу мени жуда секин тарк этди. У худди ўз ишини қойилмақом бажаргачгина кетадиган куйинчак дўхтирга ўхшарди. Бундай табиб бемор соғайиб, кўксини тўлдириб нафас олгачгина, кўзларини очиб, ҳаётга қайтиш қувончи билан кулиб қарагачгина, хотиржам бўлади. Уйқудан уйғонганимда сокин ва ойдин тун чўккан эди.
Бешинчи қаватдаги хонамда сассиз қадам ташлаб, деразалардан бирининг ёнига келдим. Ғира-шира ёришиб турган кенг хонага кўз ташладим, сўнг деразанинг устки ойнасидан ойга тикилдим. У мени ўз нурларига чўмдирди, мен эса унинг юзига узоқ термулиб турдим. Ёғдулар парда тўрлари орасидан ўтиб, хонадаги қоронғиликни бироз тарқатар эди. Бу томондан ой кўринмасди. Лекин тўртала ойна ҳам, уларнинг ён-атрофидаги нарсалар ҳам ёришиб турарди. Ёғду оқиш-мовий ва оқиш-кумушранг дераза рахлари ёнидан ўтар, уларнинг қийшиқ ва кулранг соялари эса хиёл ёришиб турган курси ва ўриндиқларга ўзини ташлаган эди. Энг чекка дераза ёнидаги курсида мен севган аёл ўтирарди. Кўйлаги қизчаларникидай оппоқ, юзи рангпар ва чиройли эди. У ҳозир иккаламиз бошдан кечирган ва бизни кўпинча ғазабга миндириб, муросасиз душманларга айлантирадиган жамики нарсалардан толиқиб ўтирарди.
Бу кеча унинг ҳам уйқуси қочган. Нега?
Аёлимга қарашдан қочдим, ёнига бордим-да, дераза токчасига ўрнашдим… Ҳа, вақт алламаҳал бўлган – қаршимиздаги беш қаватли уйнинг бутун девори зим-зиё. Деразалари худди сўқир кўзга ўхшайди. Пастга қарадим – кўчанинг тор ва чуқур йўлаги ҳам қоронғи ва кимсасиз. Бутун шаҳар шундай. Хира нур сочаётган ойгина бир томонга бироз қийшайиб, ғилдираб боряпти, аммо тутундай ёйилган булутлар орасида ҳаракатсиздай кўринади. Шаҳар бўйлаб биргина у уйғоқ кезяпти. У тўппа-тўғри менга тикилиб турибди, бироз кемтилган ва шу сабабдан ғамгин кўринади. Булутлар унинг олдидан тутундай сузиб ўтяпти. Ой ёнида улар анча ёруғ эди, эриётганга ўхшарди, нарироққа бориб анча қуюқлашди, томларнинг четига етганда эса буткул қора кийиб, зулмат бағрига сингиб кетди…
Ойдин тунни кузатмаганимга ҳам минг йил бўлганди ўзи! Ўйларим яна олис, деярли унутилган куз кечаларига йўл олди. Бундай кечаларни болалигимда, ўрта Россиянинг баланд-паст даштларида кўрганман. Парижни хаёлан тарк этдим ва бутун Россия, юксак осмон остида ётган улкан кенг­ликлар бир лаҳза кўз олдимда намоён бўлди. Ана – Бойкўл денгизининг тиллодай товланиб турган сатҳи. Манави бўлса – шарққа томон ёришиб бораётган зим-зиё қарағай ўрмони, булар эса – унда-бунда ўрмонлар, ботқоқликлар, сийрак дарахтзорлар. Улардан қуйида жанубга томон бепоён далалар ва текисликлар чўзилган. Ўрмонлар орасидан юз чақиримлаб ўтган темирйўл рельслари ой нурида кучсиз ялтирайди. Йўл ёқасидаги уйқусираган турфа ранг чироқлар кўзларини пирпиратиб, ватанимга томон бирин-кетин чопиб бораётгандай. Олдимда паст-баланд далалар, уларнинг ўртасида эса – заминдорнинг эски уйи. Нураб, тутдай тўкилай деб тургани ой нурида аниқ кўринади… Наҳотки бу болалигимда хонамга мўралаган, ўсмирлигимда йўлдош бўлган ўша ой бўлса? Ҳозир у омадсиз ёшлигимни эслаб мен билан дардлашиб турибди, ёруғ тун бағрида менга овунч бўляпти…
– Нега ухламаяпсан? – аёлимнинг жураътсиз товуши эшитилди.
Қайсарлигимиз сабаб узоқ давом этган сукунатни биринчи бўлиб у бузди, бу эса кўнглимда оғриқли бир қониқиш ҳиссини уйғотди.
– Билмадим… Ўзинг-чи?
Яна узоқ жим қолдик. Ой томларга яқин келиб қолган, хонамизга ўйчан тикилиб туради.
– Кечир, – дедим унга яқинлашиб.
У жавоб бермади ва кўзларини қўллари билан беркитди.
Мен унинг қўлларини кўзларидан олдим. Ёноқларига ёш думалаб тушди, киприклари ёш боланикидай титраниб турарди. Аёлимнинг қаршисига тиз чўкиб, бағрига юзимни босдим. Икковимиз ҳам сел бўлиб йиғладик.
– Наҳот сен айбдор бўлсанг? – шивирлади аёлим. – Ахир ҳаммасига мен сабабчимасманми?
Аёлимнинг кўзёш ювган юзларига шодон ва мунгли табассум ёйилди.
Мен эса иккаламиз айбдор эканимизни айтдим. Чунки иккаламиз ҳам бахт қасамини буздик. Айни дамда биз яна бир-биримизни ўтли муҳаб­бат билан севардик. Бундай ҳисни бирга изтироб чеккан, бирга янглишган, шу билан бирга, ҳақиқатнинг камдан-кам учрайдиган лаҳзаларини ҳам бирга қаршилаганларгина туйиши мумкин.
Бизнинг бахтимизга хира тортган, мунгли ойгина гувоҳ эди…

Рус тилидан Ориф Толиб таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 4-сон