Ҳерманн Ҳессе. Соялар ўйини (ҳикоя)

Кенг саҳнига ярқироқ тош ётқизилган қасрнинг ул­кан деразалари Райн дарёси ва қамишзор бот­қоқ­ликлар ҳамда қўғазорлар, ўтлоқлар ва сувли ба­ҳаво бир маскан тарафга қараган, муаллақ эгик нафис тоқи янглиғ чўзилиб кетган кўкимтир ўрмон тоғлари узра булутлар карвони сузиб юрар, олисдан катта-кичик қасрлар ва қўрғонлар фён* шамолида гўё енгил тебрангандек, оқаринқираб кўзга ташланади. Улкан бинонинг олд қисми оҳиста оқаётган сув юзида худди шўх жувондек ўйноқлаб, товусдай товланади. Атрофдаги турли хил манзарали буталарнинг оч яшил тусдаги шохлари сувга тегиб осилиб ётар, қаср девори теварагида эса оқ рангга бўялган кўнгилочар гондола (Венеция қайиғи – тарж.)лар енгил чайқалиб турарди. Қасрнинг ана шу очиқ кунгай тарафида ҳозир ҳеч ким яшамасди. Баронесса кетиб қолганидан буён хоналар ҳувиллаб ётар, фақатгина энг кичик ҳужрада ҳамон шоир Флориберт истиқомат қиларди. Хоним ўз эри ва сарой шаънига доғ тушириб ғойиб бўлган, энди унинг илгариги кўп сонли қувноқ аҳли-аъёнларидан, оқ рангли гондолалар-у камгап, камсуқум шоирни ҳисобга олмаганда, деярли ҳеч қандай ном-нишон қолмаганди.
Қаср соҳиби ўша бахтсизлик содир бўлган пайтдан бери бинонинг орқа томонида яшарди. Бу ерда қадимги римликлар замонидан қолган ёлғиз, улкан минора торгина ҳовлига соя ташлаб турар, девор қорайиб, нам тортган, деразалар паст ва энсиз, серкўланка, рутубатли ҳовли кекса заранг дарахтлари, азим тераклар ва қорақайинлар ўсиб ётган қоронғи хиёбонга туташиб кетганди.
Шоир кунгай тарафда, сокин тан­ҳоликда осо­йишта умр кечирарди. У қаср ошхонасида тамадди қи­лар, баронни баъзан бир неча кун давомида ҳам кўр­мас эди.
– Биз бу қасрда худди соялардек умргузаронлик қиламиз, – деди шоир бир куни уни кўргани келган ёшликдаги дўстига. Дўсти эса ўлик чиққан уйдек бефайз, ёқимсиз бу хонадонда аранг бир кун туриб, жўнаб кетди. Флориберт бир маҳаллар баронессанинг улфат-жўралари учун масаллар тўқиган ва ошиқона қофиялар битган, бироқ бу қувноқ хонадонга кўз тегиб, путур етгач, энди ҳеч кимга керак бўлмай қолганди, шундай бўлса-да, ундаги камтарона қалб, камсуқум кўнгил дунё кезиб, тирикчилик кўчаларида сарсон-саргардон тен­тирашдан кўра мана шу ғамгин, файзсиз саройдаги тинчгина ёлғизликни афзал деб биларди. У анчадан бери шеър ҳам ёзмай қўйган. Дарё бўйлаб кунботиш тарафдан шамол эсган пайтлар, сарғайган қамишзорлар орасидан кўзга ташланаётган олис кўкиш тоғлар тизмаси ҳамда булутлар карвонини кўздан кечирган ва кечалари қадимий хиёбондаги кекса, дароз дарахтлар алласини тинг­лаган чоғларида у беихтиёр узун шеърлар тўқир, бироқ уларда ҳеч қанақанги сўз бўлмас ва ҳеч қачон қоғозга ҳам туширолмас эди. Ана шундай шеърлардан бири “Тангри нафаси” деб аталиб, жанубнинг илиқ шамоли ҳақида сўйларди, яна бошқасининг номи эса “Руҳий далда” деб аталган ва ранг-баранг кўклам чечакларига бағишланган эди. Афсуски, Флориберт бу ашъорларни на ўқий ва на куйлай оларди, чунки улар сўзсиз эди, бироқ муттасил хаёлан ўйлар, айниқса, кеч кириши билан уларни чуқур ҳис эта бошларди. Қолган пайтларда эса унинг кунлари кўпинча қишлоқда ўтар, у ерда сарғиш-оқ сариқ сочли болачалар билан ўйнаб-кулишар ё бўлмасам ёш аёллар ёки бокира қизлар олдида уларни худди сарой хонимларига ўхшатиб, бошидан шляпасини олар, таъзим қилиб, кўпчиликни кулдирарди. Агнес хоним, ҳа, гўзал Агнес хоним, соҳибжамол, машҳур Агнес хоним учраган кунлар эса унинг учун энг бахтиёр дамлар ҳисобланарди. Унга дуч келиб қолса борми, таъзим бажо айлаб, қуюқ салом берар, гўзал аёл эса алик олиб, унинг хомуш ва паришон юз-кўзларига бирров назар ташлаб, жилмайганича ёнидан бамисоли қуёш нуридай “лип” этиб ўтиб кетарди.
Агнес хоним бир пайтлар кавалер (ошиқ, хуштор – тарж.) баронларга қарашли бўлган, ўт босиб, қаровсиз ётган қаср хиёбонига туташ уйда ёлғиз ўзи яшарди. Унинг отаси ўрмончи бўлган ва бу уйни унга маълум бир хизматлари эвазига ҳозирги хўжайиннинг падари бузруквори ҳадя этган эди. Жуда эрта эрга тегиб, турмуши бузилиб, ёш бева сифатида уйга қайтгач, отасининг вафотидан сўнг у бир чўри хотин ва кўзи ожиз холаси билан бирга ана шу ҳувиллаган уйда истиқомат қиларди.
Агнес хоним одми бўлса-да, бироқ ҳар доим янги, нафис рангли, чиройли кўйлаклар кийиб юргучи эди. Юз-кўзлари ҳам худди қизларникидек ҳамон ёш ва гўзал кўринар, тўқ жигарранг патила сочлари илондай тўлғаниб, кетворган қадди-қоматига ўзгача ҳусн бағишларди. Барон уни ўз хотини иснодга қолдириб, ташлаб кетмасидан бурун зимдан яхши кўрар, мана энди у соҳибжамол ишқида оташ бўлиб ёнарди. Эрталаб уни ўрмонда учратди-ю, тинчи йўқолди, кеч тушиши билан қўярда-қўймай қайиққа ўтқазиб, ўзи билан тўқайзордаги қамиш капага олиб кетди. Ниҳоят, эрта оқараётган дағал соч-соқол дўндиқ чеҳрага суйкалиб, овчига хос қаттиқ ва бераҳм қўллар нозик-нафис бармоқлар билан ўйнашди…
Агнес хоним дам олиш кунлари мунтазам чер­ковга борар, тоат-ибодатдан сўнг гадойларга садақа улашарди. Шу куни у қишлоқдаги камбағал, бева-бечора хотин-халаж ҳолидан ҳам хабар олар, уларга пойафзаллар инъом қилар, бичиш-тикиш ишларида ёрдамлашар, набираларининг сочларини тараб қўяр ва кетаётиб шу зайл кулбаларда Худонинг суйган бандаси янглиғ, азиз-авлиё каби ўзидан ёқимли таассуротлар қолдирарди.
Яшириб нима қилдик, гўзал Агнес хонимга барча эркакларнинг ҳам кўнгли суст кетарди. Кимки агар ўзига ёқса ва белгиланган вақтда келса, унга наинки қўлини ўпишга, балки ақиқ лабларидан қайноқ бўса олишига ҳам изн берарди, қайсики йигитнинг қадди-қомати келишган, омади чопган бўлса, тунда сездирмай ойимчанинг олдига дераза ошиб тушишга ҳам ҳадди сиғарди.
Буни ҳамма, ҳатто барон ҳам биларди, бироқ гў­зал аёл парвойи палак, бокира қизларга хос иболи нигоҳ-ла ўз йўлида давом этар, кўринишдан уни ҳеч қандай эркак зоти йўлдан оздира олишга қодир эмасдек туюларди гўё. Гоҳо йўлида ногоҳ янги маъшуқ пайдо бўлар, худди эришиб бўлмайдиган гўзаллик янглиғ эҳтиёткорлик билан кўнглини овлар, уни ўзига мафтун эта олганидан масъуд ғурурга тўлиб, бошқа эркаклар олдида ўзида йўқ шодланарди. Аёл яшайдиган уй маъюс, ғамгин, ғира-шира хиёбоннинг бир чеккасида жойлашган, худди ўрмон эртаги каби танҳо бу макон ҳамиша ям-яшил бўлиб ўсадиган атиргул билан қопланган эди. У бу уйга бамисоли ёзда тонг маҳал очилган қирмизи атиргулдай яшнаб кириб-чиқаркан, болаларга хос юз-кўзларидаги соф гўзаллик янада тиниқроқ жилва қилар, чамбар қилиб ўрилган сочлари ҳар қадамда товланиб, кўзларни қувнатарди. Қари-қартанг, бева-бечора хотинлар унинг қўлларини ўпиб, дуо қилишар, эркаклар бўл­са қуюқ саломлашиб, кетидан жилмайиб қараб қо­лишар, болалар унинг ортидан чопиб, тиланчилик қи­лишар, у эса меҳрибонлик билан уларнинг юзлари­ни сийпарди.
– Ҳой, менга қара, нега сен бунақасан-а? – сў­рар­ди барон баъзан, унга қаҳрли кўзлари билан таҳдид қилиб.
– Мен билан ишинг нима? – дерди аёл унга ҳай­ронлик билан боқиб, тўқ жигарранг сочларини ўришда давом этаркан.
Шоир Флориберт уни ҳаммадан ортиқ севарди. Унга кўзи тушди дегунча, юраги потирлаб ура бошларди. Агар унинг ҳақида бирон ёмон гап эшитгудек бўлса, бирдан маъюс бўлиб қолар, бош чайқаб, ишонгиси келмасди. Болалар уни тилга олишганда, худди қўшиқ тинглаётгандек очилиб, яйраб кетарди. Унинг хаёлот оламидаги энг гўзал ўй, ҳис-туйғулар фақат Агнес хонимга тегишли бўларди. Бунда у севган ва унга гўзал туюлган барча нарсалар, Мағриб шамолидан тортиб, олис мовий кенгликлар-у яр­қираган кўклам чечакларигача, барча-барчаси ма­дад берар, ҳаммаси бир бўлиб, болаларга хос бесамар ҳаётининг бутун соғинчлари-ю бемаъни дилкашлик­ларини мана шу биргина суратга жо этарди.
Ёз эндигина бошланган кезлар эди. Узоқ давом этган жимжитликдан сўнг, ниҳоят, бир куни оқшом жонсиз қасрга бир озгина янги ҳаёт нафаси кириб келди. Қулоқларни қоматга келтириб горн овози янг­рагач, ҳовлида ҳашаматли арава жаранг-журинг қилиб тўхтади. Қаср соҳибининг туғишган акаси хос хизматкори билан меҳмон бўлиб келганди. Эчки соқолли, аскарий кўзлари ғазабнок чақнаб турадиган, келишган, барваста бўйли бу одам ҳар куни Райн дарёсида сузар, шунчаки эрмак, кўнгилхушлик учун кумушранг балиқчи қушлар – чайкаларга қа­ратиб ўқ узар, шаҳарга отда сайр қилиб, у ердан кайфи ошиб, маст ҳолда қайтарди. Уйга келгач, беозор шоирни мазах қилиб, жиғига тегар, кечаю кундуз шовқин солиб, укаси билан суришгани-суришган эди. Уни қил, буни қил, у ёқ-бу ёғингни тузатиб, яхшироқ яшасанг-чи, дея унга ўзича минг хил “маслаҳатлар” берарди. Албатта, унга гапириш осон, чунки ўзи бадавлат хонадонга куёв бўлиб, бойиб кетган, укаси – қаср эгаси эса камбағал эди, бунинг устига умри кўпинча дарду ҳасрат, ғам-алам билан ўтган.
Меҳмоннинг ташрифидан мақсади кўпроқ кўн­гил хуши бўл­ган чамаси, биринчи ҳафтадаёқ келганига пушаймон бўла бошлади. Ука акасининг оғзини пойлар, бироқ у кетиш ҳақида сўз ҳам очмасди. Бунинг боиси бор эди – у Агнес хонимни кўриб қолиб, оромини йўқотганди.
Орадан кўп ўтмай, гўзал аёл хизматкорининг эгнида янги кўйлак пайдо бўлди, буни унга албатта, меҳмон барон туҳфа қилган эди. Яна ҳаял вақт ўтмасдан, чўри хотин хиёбон девори ёнида меҳмоннинг шахсий хизматкори қўлидан гулдаста билан мактубларни қабул қилиб олди. Бир-икки кун ўтиб-ўтмай, меҳмон барон ўрмондаги уйчада Агнес хоним билан учрашиб, унинг нозик қўлидан, юпқа лабларидан ва оппоқ бўйнидан ўпа бошлади… Шундан кейин қишлоқ йўлида соҳибжамол аёлни ҳар гал учратганида бошидан қалпоғини олиб саломлашадиган, у эса ўн етти яшар қиз каби уялиб, раҳмат айтадиган бўлди.
Орадан кўп вақт ўтмади, бир куни оқшом меҳ­мон барон ўзи ёлғиз хаёл суриб ўтирганди, кутилмаганда дарё бўйлаб сузиб бораётган қайиқни кўриб қолди. Унда эшкакчи билан бир аёл ҳам бор эди. Улар ким бўлдийкин? Афсуски, ғира-ширада аниқ таниёлмади. Бир-икки кун ўтиб, сир ошкор бўлди-қўйди. Қорамтиртус Райн дарёси бўйлаб сузиб бориб, со­ҳилдаги қамишзор ортида кўздан ғойиб бўлганлар… унинг ўз укаси билан ўша … гўзал аёл экан.
Меҳмон барон бундан дарғазаб бўлиб, бадбин хаёлларга берилди. У Агнес хонимни қонундан ташқари деб эълон қилинган беғам, беор шахс эмас, балки азиз ва қимматли маъшуқа сифатида севиб қолган эди. Ундан ҳар гал бўса олганида қувонч ва ҳайратдан ўзида йўқ шодланар, унинг хушомади олдида соф нафосат сўзсиз таслим бўларди. Шунинг учун ҳам унга бошқа аёлларга қараганда кўпроқ меҳр берган, уни миннатдорлик, ҳурмат-эътибор ва илтифот ила оғушига олган пайтлари бўз йигитлик чоғларини эслаган бўлса не ажаб. У нобакор бўлса… Бароннинг ғазабдан кўз­лари ёнди, бир тутам соқолини ямлаб, тишларини ғи­жирлатди.
Бўлиб ўтган бу воқеалардан, саройда юзага келган хавф-хатардан бутунлай бехабар шоир Флориберт эса тинч-осойишта ҳаёт кечиришда давом этарди. Тўғри, унга меҳмон жанобларининг гоҳо жиғига тегиб, қийнашлари ёқмасди, лекин у бунақанги нарсаларга илгаритдан кўникиб қолган эди. Шоир меҳмонга иложи борича кўринмасликка ҳаракат қилар, бутун кун бўйи қишлоқда ёки Райн дарёси бўйида – балиқчилар ҳузурида бўлар, оқ­шомларни эса хушбўй ҳарорат оғушида бетизгин хаёллар суриш билан ўтказарди.
Бир куни эрталаб туриб қараса, сарой ҳовлиси деворидаги чойгул(атиргулнинг бир тури – тарж.)нинг илк ғунчалари очила бошлабди. У сўнгги уч йилдан буён ҳар ёз фаслида канда қилмай ана шу ноёб атиргул очилди дегунча, ундан гулдаста ясаб, Агнес хонимнинг уйи остонасига билдирмай қўйиб келарди. Мана энди бу йил ҳам тўртинчи бор ушбу камтарона номсиз саломдан хоним хурсанд бўладиган бўлди-да…
Худди шу куни туш пайти азим қорақайинлар ўсиб ётган ўрмон ичида меҳмон барон ва гўзал аёл бир-бири билан учрашишди. Барон маъшуқасидан кеча ва ундан олдинги куни кеч оқшом қаерда бўлганини сўраб-суриштириб ўтирмади. Аёлнинг хотиржам, беозор кулиб турган кўзларига қаттиқ тикиларкан, унга пўписа оҳангида деди:
– Бугун кечқурун қоронғи тушгач, олдингга кел­моқчиман. Деразангни очиб қўй!
– Бугун эмас, – деди аёл майин овозда, – йўқ, бу­гун эмас.
– Мен шуни хоҳлайман, сени қара-ю.
– Бошқа сафар, майлими? Фақат бугун эмас, иложим йўқ.
– Бугун оқшом келаман дедимми, гап тамом. Бу­гун оқшом ёки бошқа ҳеч қачон, билганингни қил.
Аёл индамади, ортига бурилди-да, кетди.
Кеч бўлиши билан барон дарё ёқасига келиб, қоронғи тушишини кутди. Соҳилда қайиқ кўринмади. Шундан сўнг у маҳбубасининг уйига яқинлашди, бутазор орасига яшириниб, кесма милтиғини тиззаси устига қўйди.
Атроф сукунатга чўмган, ҳаво иссиқ. Оқ гулли хушбўй ўсимлик – ясминнинг муаттар ҳиди димоққа уради, осмонда муаллақ сузиб юрган булутлар орасидан юлдузлар хира милтираб кўринади. Хиёбон ичида қандайдир қуш дам-бадам маҳзун сайрайди.
Ҳаммаёқ қоронғилик чодирига бурканди. Шу пайт уй бурчагида ногоҳ соя кўринди, кимдир оёқ учида аста юриб кела бошлади. Бошидаги шляпасини пешонасигача тушириб олган, нега бундай қилдийкин, ахир ўзи шундоғам қоп-қоронғи, бунга ҳожат йўқ эди-ку. Ўнг қўлида гулдаста кўтарволган, оқ атиргуллар хира йилтирарди. Пойлоқчи ҳушёр тортиб, милтиқ тепкисини кўтарди.
Номаълум киши тўхтаб, ҳадиксирагандай юқо­рига қаради. Уйнинг ҳеч қаерида чироқ кўринмасди. Сўнг у эшикка яқин борди-да, энгашди ва темир тутқични ўпиб қўйди.
Худди шу лаҳзада гумбурлаб ўқ овози янгради, у то хиёбон ичкарисига қадар акс-садо берди. Қўлида атиргул тутган киши бехосдан тиззалаб, шағал устига чалқанчасига қулади, ётган жойида хиёл типирчилаб, сўнг қимирламай қолди.
Мерган яширинган жойидан жилмай, бир оз кут­ди, ҳеч зоғ кўринмади. Чор-атрофга яна сукунат чўм­ди. У ёқ-бу ёққа аланглаб, аста ерда ётган кимсага яқинлашди, унинг шляпаси сал нарига учиб тушганди. Эгилиб қараган эди, шоир Флорибертни таниб қолди.
– Эҳ, буни қара, ана холос! – ихраб юборди у бе­ихтиёр.
Чойгуллар ҳар томонга сочилиб кетган, бир дона атиргул марҳумнинг қонига булғаниб ётарди. Қишлоқ томонда қўнғироқ бонг чалди. Осмонни оқиш булутлар тўдаси қоплади. Қасрдаги баҳайбат минора гўё тик туриб уйқуга кетган дароз паҳлавондай кўкка бўй чўзиб турар, Райн дарёси аста мавж уриб, доимий қўшиғини куйларди. Қоп-қора хиёбон ичидаги ёлғиз қуш эса то тун ярмидан оққунга қадар тинмай сайраб чиқди.

Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 2-сон