Грэм Грин. Ғоратгар мактублар (ҳикоя)

Картер ниҳоят қирқ икки ёшида қонуний никоҳ билан бошини боғлашга жазм этди ва бу оилавий ҳаёт унга мисли кўрилмаган даражада осойишта, беташвишдек туюлди. У Жулияни меҳроб олдидан олиб кетмасидан, Жозефина кўз ёшларини қандай артаётганини кўрмасидан илгарироқ никоҳ маросимининг ўзи ҳам унга беҳад завқ бағишлаганди. Жозефинанинг тўйга ташрифи ва улар ўртасидаги самимий муносабатнинг сақланиб қолгани янги одамлар учун ғалати кўринарди. Картер Жулиядан ҳеч нимани яширмасди, Жозефина билан ўтказган ўн йиллик машаққатли ҳаёти борми, аёлнинг ғайриоддий қизғанишларию энг нозик дақиқаларда кўтарадиган жанжаллари борми, бари ҳақида у Жулияга оқизмай-томизмай сўзлаб берганди.
– Ҳамма гап уни ўз турмушининг мустаҳкамлигига ишонмаслигида эди, – деди Жулия ачинганча уни ҳимоя қилиб. Жулия орадан бирор фурсат ўтгач, Жозефина билан дўстлашиб кетишига ишонарди.
– Билмадим, азизим, бунга ишониш қийин!
– Нега энди? Наҳотки, мен сени севган одамга меҳр қўя олмасам?
– Унинг муҳаббати шафқатсиз эди.
– Балки сени йўқотаётганига имони комил эканидан шундай кўйга тушгандир? Азизим, тонмай қўяқол, наҳот у билан шунча яшаб, бирон марта ҳам бахтли лаҳзаларни бошингиздан кечирмаган бўлсангиз?
– Кечирганмиз.
Бироқ унинг ўзи Жулиягача бирон аёлни севганига ишонишни истамасди.
Аёлнинг тантилиги уни ҳайратга соларди. Асал ойининг еттинчи куни улар Сунион бурни денгиз соҳилининг чоққина ошхонасида шароб ичиб ўтиришганида, у беихтиёр киссасидан Жозефинанинг хатини топиб олди. У хатни кеча олганди ва Жулияни ранжитмаслик учун буни сир тутганди. Бу Жозефина бўлмай яна ким ҳам бўларди: ҳатто қисқагина асал ойида ҳам уни тинч қўяй демайди! Бир текисда, майда қилиб, сочидек қоп-қора сиёҳда ёзилган аёлнинг дастхати ҳам унинг ғазабини қўзғарди. Жулиянинг сочлари оқ олтин сингари очиқ рангда эди. Наҳотки унга қачонлардир қора сочли аёллар ёққан бўлса? Ва яна сабрсизлик билан ўшандай қора сиёҳда битилган мактубда нима ёзилганини билиш учун уни очиш керакми?
–Азизим, хат кимдан келибди? Мен жўнатмани аллақачон олганимиздан бехабар эканман.
– Жозефинадан. Кеча келганди.
– Ҳали сен уни очмадинг ҳамми? – деди аёл, жўнатма тўғрисида унга оғиз ҳам очмаганини юзига солиб ўтирмай.
– Мен у ҳақда эшитишни ҳам истамайман.
– Азизим, балки у бетобдир?
– Унга бало ҳам урмайди!
– Ёки пулсиз қолгандир…
– У, менинг ҳикояларимга қараганда, ўзининг моделларидан кўпроқ пул топади!
– Азизим, кел, кўнглимизни кенг қилайлик. Бу, бизнинг қўлимиздан келади. Биз қандай бахтлимиз, шу ҳақда бир мулоҳаза қилиб кўр.
У хатни очди – мулойим, гина-кудуратлардан холи – ва уни ижирғанибгина ўқиди:
“Азизим Филипп, шундай бахтли кунда йиғлоқи аёлдек кўринишни истамасдим ва шу боис сизлар билан хайрлашолмадим, икковингизга бахт ҳам тилолмадим. Менимча, Жулия ғоятда гўзал, устига-устак жуда ёш кўринади. Сен унга илтифотли бўлишинг керак. Биламан, бу сенинг қўлингдан келади. Уни кўрганимдан сўнг мени нега узоқ вақт ташлаб кетолмаганингга ҳайрон бўлдим. Тентаккинам! Жарроҳлик муолажаси қанча тез бажарилса, у шунча оғриқсиз кечади…
Менинг нима билан шуғулланаётганим энди сени қизиқтиради деб ўйламайман, агар кутилмаганда зиғирча бўлса-да, мен ҳақимда қайғураётган бўлсанг, айта қолай – ўзингдан қолар гап йўқ, мен ўзимга ташвиш орттириш борасида баҳона ўйлаб топишга доим ҳам уста бўлганман, – сенга шуни айтмоқчийдимки, мен жуда кўп ишлаяпман, нима билан банд экан деб ўйлайрсан? Француз “Vogue” учун расмлар туркуми устида ишлаяпман. Улар француз франкида менга бир дунё пул тўлашяпти ва ўз бахтсизликларим ҳақида ўйлаб ўтиришга менда вақт йўқ. Мен уйимизга кирдим ва бу сени ранжитмас деб умид қиламан (кечирасан, собиқ уйимизга!), қораламаларим қаергадир ғойиб бўлибди. Эсингдами, иккимизга тегишли қути бўларди – биз уни орзу умидлар ғаладони дердик, қораламамни ўша ердан топдим. У ердан ҳамма нарсамни олгандек эдим, бироқ у, Напулнинг ажиб ёзида ёза бошлаб, чала қолган ўша қўлёзманг ичига тушиб қолган экан. Эзмалик қилиб юбордим, аслида сизларга бахт тиламоқчи эдим, холос.
Сени ардоқловчи Жозефина”.

Картер хатни Жулияга узатди.
– Бундан бешбаттар бўлиши ҳам мумкин эди.
– Хатини ўқиганимни наҳотки у маъқуллаган бўларди?
– Ахир хат иккимизнинг ўқишимизни ҳисобга олиб ёзилган.
Энди ҳеч нимани яширишнинг ҳожати йўқлиги қандай яхши, дея хаёлдан ўтказди у. Охирги ўн йил давомида у жанжалдан, Жозефинанинг аразлашларидан ва унинг гаплашмай қўйишидан қўрқиб, озмунча нарсаларни ундан пинҳон тутдими, ҳатто гуноҳи бўлмаганда ҳам. Энди ҳеч нимадан қўрқмайди, энди у жиддий хатога йўл қўйган тақдирда ҳам ақлли ва меҳрибон Жулиядан узр сўраши мумкин.
– Сенга мактубни кеча кўрсатмай аҳмоқлик қилдим, – деди у. – Бошқа бундай қилмайман.
Спенсернинг шеъридаги мисра ёдига тушди: “Довулли денгиздан кейинги сокин бандаргоҳ”.
Хатни ўқиб бўлгач, Жулия деди :
– Менимча у ажойиб аёл. Сенга шундай мактуб ёзгани қандай ёқимли. Биласанми, мени ҳамиша ҳам кўнглим хотиржам бўлмаган… Агар мен сен билан ўн йил яшаганимда, сени йўқотишни асло истамаган бўлардим.
Улар таксида Афинага қайтганларида аёл ундан сўради:
– У билан Напулда бўлиш сенга ёққанмиди?
– Бўлса бордир. Ҳозир ёдимда йўқ. Сен барибир бошқачасан.
Гарчанд у аёлнинг елкаларини сезиб турган бўлса-да, хотирада қолган ҳиссиётлар уни безовта қила бошлаганини сезгандек, аёл ундан ўзини нари олди. Қуёш йўлни ёритиб турарди, олдинда уларни тушликдан кейинги эринчоқлик ва ёқимли мудроқ кутиб турарди, мана марҳамат…
– Азизам, сен мендан хафа эмасмисан?
– Йўғ-э… Фақат… Назаримда сен қачондир Афина тўғрисида ҳам Напул ҳақида: “Эсимда йўқ. Сен барибир бошқачасан”, – деб айтган гапларингни такрорлайсан, гўё.
– Эҳ менинг тентаккинам! – деди у аёлни ўпиб қўяркан.
Улар таксида кетаётиб, бир оз ҳазил-ҳузул қилишди-да, шаҳар уйлари кўзга ташлана бошлагач, Жулия жойлашиб ўтириб олиб, сочларини тартибга келтира бошлади.
– Йўқ, сени унчалик ҳам бемеҳр дея олмайман, – иқрор бўлиб деди аёл ва ўз ҳаётига яна ўша-ўша беташвиш нигоҳ ила боқа бошлади. Уларнинг орасидан оламушук ўтганига Жозефина айбдор.
– Эр-хотин ўринларидан туриб, кечки овқат тараддудига тушдилар, шунда аёл:
– Жозефинага жавоб ёзиш керак, – деб қолди.
– Бекорчи гапни қўйсанг-чи.
– Азизим, мен сени тушунаман, бироқ у ҳақиқатан ҳам сенга ажойиб мактуб йўллабди, буни тан ол!
– Бўпти, биз унга биронта сувратли откриткалардан жўнатармиз.
Шу билан муаммо ўз ечимини топди-қўйди.

Улар Лондонга қайтганларида, агар шундай совуқ ҳавони қиш деб бўлмаса, унда уларни куз қарши олди дейиш мумкин эди: аэродромнинг учиш йўлагига қор аралаш ёмғир армонсиз қуярди, ва пиво, соқололгич ва сули емишлари осилган реклама лавҳаси ёнидан ўтиб кетаётиб, уйни ҳар сафаргидан ҳам эрта иситишга тўғри келишини ташвиш билан ўйлай кетишди ва ўша лаҳзанинг ўзида ёрқин, ёруғ Парфенон устунларининг қадри ўтаётганини ҳис этишди. Авиакомпаниянинг: “Британия ҳаво компанияси сизларни олиб кетади ва яна олиб келиб қўяди”, — деган шиор ҳар қачонгидан ҳам ваҳимали эшитиларди.
– Етиб боришимиз билан барча иситиш воситаларини ишга туширамиз, – деди Картер, – ҳадемай иссиққина уйда ўтирамиз.
Бироқ улар уйга келиб, ичкариги эшикни очганларида иситиш воситалари ёқилганининг гувоҳи бўлишди. Ғира-шира меҳмонхона ва ётоқхонада олов милтиллаб, ёқимли ёниб турарди.
– Қандайдир сеҳргар пари бизнинг ғамимизни еган кўринади! – деди Жулия.
– Э, қанақа сеҳргар пари! – деди Картер. Камин тахтаси устидаги: “Картерхоним” деб ёзилган хатжилдга аллақачон унинг кўзи тушганди.
Жулия хатни овоз чиқариб ўқиди:
“Азизим Жулия, сизни оддийгина Жулия десам эътироз билдирмассиз деб умид қиламан. Ахир сиз билан ўхшаш жиҳатларимиз етарли: биз иккимиз бир одамни севамиз. Бугун ҳаво шу қадар совуқ бўлдики, шунда мен дарров сизларни серқуёш юртлардан қандай қилиб музлаб ётган уйга келишларингизни кўз олдимга келтирдим. Мен бу уйнинг қанақа совуқ бўлишини биламан. Биз Филипп икковимиз жанубдан қайтганимизда мен ҳар йили бежизга шамолламасдим.) Шуларни ўйлаб, ўзимга эркинлик беришга жазм этдим: уйга берухсат кириб, иситиш қурилмаларини ёқдим, бироқ бу юмушларни биринчи ва сўнгги бор бажараётганимни исботлаш учун менга тегишли калитни ташқаридаги пойандоз тагига қўйдим. Эҳтимол, сизнинг самолётингиз тўсатдан Римдами, ё бошқа ердами ушланиб қолар. Шунда мен тайёрагоҳга қўнғироқ қиламан, агар, Худо кўрсатмасин, учиб келолмасангиз, унда уйга қайтиб келиб, иситиш қурилмасини ўчириб қўйишимга тўғри келади (яна ким билади дейсиз, бу ёқда электр ҳақи ошгандан ошиб ётган бўлса!) Оқшомни кенг жойда, ҳузур-ҳаловатда ва осойишталикда ўтказасиз деган умиддаман.
Сизларни севувчи Жозефина.

Айтганча, уйда қаҳва йўқ экан, мен бир қути “Мовий тоғлар”дан ошхонада қолдирдим”.
– Худо ҳақи, у ҳеч нимани назардан қочирмай, роса ғамимизни ебди! – дея кулди Жулия.
– Яхшиси, бизни ўз ҳолимизга қўйса бўларди, – деди тўнғиллаб Картер.
– Унда биз совуқда қолган бўлардик, эрталаб қаҳва ҳам ичолмасдик.
– Назаримда, у барисининг эвазига қаергадир биқиниб олгану сендан бўса олиш пайида тўсатдан отилиб чиқиб келадигандек. – У Жулияни ўпди ва хавотир билан эшикка қараб қўйди.
– Бунча адолатсиз бўлмасанг. Ахир у калитни шолча тагида қолдирдим деди-ку.
– Бошқа ясатиб олган бўлиши ҳам мумкин-ку.
Аёл бўсалари билан унинг оғзини ёпди.
– Самолёт элитди, шекилли, одамнинг тезроқ ётгиси келяпти, сезяпсанми?
– Ҳа.
– Афтидан, бу тебранишнинг таъсири бўлса керак?
– Кел, шундай роҳатдан ўзимизни бебаҳра қилмайлик.
– Аввал анави пойандоз тагига бир қараб қўяй. Барибир текшириб кўриш керак, балки у бизни лақиллатаётгандир.
У оилавий ҳаётдан маст эди. Ҳатто аввалроқ оила қурмагани учун ўзини койирди ҳам, гарчи бундай бўлган тақдирда хотини Жозефина бўлиши мумкинлиги унинг хаёлидан кўтарилган бўлса-да. Жулиянинг бирон-бир юмуш билан банд бўлмагани қандай мўъжиза, у ҳамиша эрининг ёнида! Улар хизматкор ёлламадилар ва шу боис ҳаётларини кимнингдир тартиб-қоидасига мослаштиришнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Улар ҳамма ерга, ресторану базмларга, махсус зиёфатларга бирга борганлари боис нигоҳлар учрашувининг ўзи улар учун кифоя эди… Жулиянинг заиф соғлиғи ҳақида тез кунда миш-мишлар тарқала бошлади – у тезда толиқарди, базмларда кўпинча ўн беш дақиқа бўлиб, ё бўлмай: “Оҳ, азизим, мени афу этасиз, бошим оғриб қолди. Эсиз… Филипп, мени кузатиб қўйишни хаёлингизга ҳам келтира кўрманг… – дерди. Филипп: – “Йўқ, мен, албатта, сен билан кетаман!” – дерди-да, қаҳва тортилиши билан махсус зиёфатдан жуфтакни ростлаб қоларди.”
Нимадир бўлди-ю, бир марта улар далил-исбот устида қўлга тушиб қолдилар – уй эгаси қандайдир хатни ташлашни илтимос қилиш учун орқаларидан изма-из чиққанида, улар зинада туриб ичаклари узилгудек кулаётгандилар. Ўшанда Жулия ўзини асаби зўриққан кишидек кўрсатишни бир амаллаб уддалаганди…
Орадан бир неча ҳафта ўтди. Бу никоҳни чиндан ҳам толеи баланд дейиш мумкин эди. Йўл-йўлакай ўз бахтларини муҳокама қилишу бунинг учун бир-бирларидан миннатдор бўлишдек ҳолатлар уларга ҳузур бағишларди.
– Баъзан мен, сен Жозефинага уйланишинг ҳам мумкин эди-ку, дея ўйлаб қоламан… Тўғрисини айт, нега унга уйланмагансан?
– Менимча, иккимиз ҳам юрагимизнинг туб-тубида муносабатларимизнинг омонат эканини сезганмиз?
– Бизники-чи, бизники омонат эмасми?
– Бизники мустаҳкам бўлмай, яна кимники мустаҳкам бўлсин.
Секин-аста ҳаракатга келувчи бомба ноябрнинг бошида ўз кучини кўрсатди. Турган гапки, бу портлаш анча аввалроқ содир бўлиши мумкин эди, бироқ Жозефина унинг ҳаётида юз берган ўзгаришларни фаҳмлай олмади. Филипп улар яқинлашиш кунлари унга “орзу умидлар ғаладони” дея ном қўйиб, у ерга хомаки ҳикояларию билдирмай ёзиб олинган суҳбатлардан парчаларни ва шунга ўхшаш нарсаларни, аёл эса хомаки, наридан-бери чизилган расмларни сақлайдиган қутига назар ташлашидан аввал орадан бир неча ҳафта ўтиб кетди.
Қутини очиши билан унинг кўзи аёлнинг мактубига тушди. Унинг устига хитоб аломати билан ёғли қора сиёҳда: “Мутлақо махфий”, – деб ёзилганди ва ҳазил тариқасида кўзи катта қиз бола шаклидаги (Жозефина ташқи кўриниши унчалик ҳам бузилмаган ҳолда буқоқ бези функциясининг ўзгариши дардига чалинганди) шиша идишдан ўрмалаб чиқаётган жин сурати чизилганди. Картер мактубни кучли нафрат ила ўқиб чиқди.
“Азизим! Ҳар замон, ҳар замонда бўлса-да, мен, ўн йиллик турмушимиз ҳаққи ҳурмати “яхши ётиб тур”, ёки “яхши ётиб турдингми?” ё бўлмаса “азизим, соғлиқларинг яхшими?” деган сўзлар билан сени сийлашга ҳаддим сиғар деб ўйлайман. Саломат юришингни Яратгандан сўраб қоламан. Сени (чин дилдан) севиб қолувчи
Сенинг Жозефинанг.

Аёлнинг сўзларида “аҳён-аҳёнда бўлса-да” ошкора дўқ-пўписа янграб турарди. Эркак қутини қарсиллатиб ёпиб, азбаройи овозининг борича сўкина кетди, буни эшитиб, Жулия эшикдан мўралади.
– Сенга нима бўлди, азизим?
– Яна ўша Жозефина-да!
– Биласанми, ҳозир унга осон эмаслигини мен яхши тушунаман. Боёқиш. Наҳотки сен унинг хатини йиртиб ташламоқчи бўлсанг?
– Сенингча, нима қилишим керак? Бутун бир китоб ҳолига келгунча сақлашим керакми?
– Менимча бу шафқатсизлик.
– Ҳали мен унга шафқатсиз бўлиб қолибманми? Жулия, у охирги йиллари менга қандай нағмалар кўрсатганини сен ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсан. Унинг кўрсатган кароматлари орқасидан орттирган чандиқларимни кўрсатайми сенга: агар унинг бир жазаваси тутиб кетса борми, сигаретни тўғри келган жойимга босишдан ҳам тоймасди.
– Сени йўқотаётганини билиб, ақлдан айрилаёзган бўлса керак-да. Аслини олганда, бу чандиқларнинг барига мен сабабчиман.
У, аёлнинг кўзлари аллақандай довюракликдан нафис ва хурсанд чақнаб кетганини кўрди.
Орадан атиги икки кун ўтиб, иккинчи бомба ҳам портлади.
Жулия эрталаб уйғонганларида кўриб қолди:
– Тўшакни ағдариш керак. Иккимиз аллақандай чуқурликнинг қоқ ўртасига думалаб кетаётгандекмиз, гўё.
– Наҳотки?
– Тартибга ўрганган одамлар тўшакни ҳар ҳафтада ағдариб туришади.
– Ҳа, Жозефина ҳар доим шундай қиларди.
Улар чойшаб, ёстиқжилдларни олиб ташладилар-да, тўшакни юмалоқлай бошладилар. Тўшак ўрнида Жулия номига йўлланган мактуб ётарди. Картер хатни сездирмай қоқиб ташламоқчи бўлди-ю, бироқ уни Жулия кўриб қолди.
– Яна хатми?
– Нима бўларди, Жозефинадан хат-да. Бу хатлар ҳадемай бир жилдга ҳам сиғмай қолади, шекилли. Жорж Элиотнинг хатлари сингари академик нашр тарзида босишга тўғри келади.
– Азизим, бу мактуб менга ёзилган. Уни сен нима қилмоқчи эдинг?
– Билдирмай, йиртиб ташламоқчи эдим.
– Бизнинг бир-биримиздан яширадиган сиримиз йўқ деб ўйлагандим.
– Мен ҳам. Бироқ мен бу дунёда Жозефинадек аёл борлигини унутибман.
Бу сафар аёл хатжилдни истар-истамайгина очди.
– Хатнинг бу ерда ётиши чиндан ҳам ғалати… Сен нима деб ўйлайсан, мактуб бу ерга тасодифан тушиб қолдимикин?
– Мен бундай деб ўйламайман. Тасодифан қаердан келиб қолиши мумкин?
Аёл хатни ўқиб бўлгач, уни Картерга узатди ва ўзини енгил ҳис этганча деди:
– Хат бу ерга қандай тушиб қолганини, мана, Жозефина тушунтириб беради. Худога шукур, бунинг ҳеч бир ғалати ери йўқ.
У хатни ўқий бошлади:
“Азизим Жулия!
Ишонаманки, сиз қуёшнинг юнон еридаги ҳақиқий тафтидан баҳраманд бўляпсиз. Буни Филиппга айтиб ўтирмангу, (гарчанд сизлар, шубҳасиз, бир-бирингиздан сир яширмасангиз-да). Бироқ мен Франция жанубини сира ёқтирмаганман. У ерларда ҳамиша изғирин мистраль шамоли эсади ва терини қовжиратади. Грецияда сизларни бундай нохушликлар безовта қилмагани қандай яхши. Биз ҳамма вақт у ерларга борамиз дея отланганмиз, бироқ ҳеч имкон тополмаганмиз, энди Филипп қандай мамнун эканини кўз олдимга келтиряпман. Мен бугун хомаки асарларимни олиб кетмоқчи бўлиб келгандим ва бирдан тўшакнинг, агар ундан кўпроқ бўлмаса, икки ҳафтадан бери ағдарилмай ётгани ёдимга тушиб қолди. Ўзингиздан қолар гап йўқ. Филипп иккимиз ҳаётимизнинг сўнгги кунларини қувончдан бебаҳра ўтказдик. Шундай бўлса-да, унутиш оролидан қайтган илк тунингизни тўшагингиздаги дўнг, паст-баланд ноқулайликларни ҳис этиб ўтказишингизни хаёлимга сиғдиролмадим, шу боис мен уни ағдариб қўйдим. Уни ҳар ҳафтада қайта-қайта солиб туришингизни маслаҳат берардим, бўлмаса, ўртасида доим чуқурча пайдо бўлаверади. Айтгандек, қишки пардаларни ҳам осиб қўйдим, ёзгиларини эса тозалашга топширдим. Манзили: Бром-стрит, 153.
Салом билан Жозефина”.

– Ёдингдами, Напулнинг турган-битгани жаннат деб ёзганди менга, – деди Картер. – Бу хатнинг муҳаррири унга тузатиш киритишига тўғри келади.
– Йўқ, сен барибир тошбағир одамсан, – деди Жулия. – Азизим, у ахир бизга ёрдам бермоқчи. Бўлмаса парда ва тўшак ҳақида мен қаёқдан билардим?
– Сен ҳали унга узундан-узун самимий хат йўллаб хўжалик ишлари бўйича ҳам бир-бирингиз билан тажриба алмашмоқчимисиз дейман?
– Ахир у бир неча ҳафтадан буён илҳақ бўлиб жавоб кутяпти. Мактуб бу ерда отам замонидан бери ётган бўлса.
– Қизиқ, бу уйда қадимдан бери яна қанчаси сақланаётган экан-а? Қасам ичиб айтаманки, мен ҳозир уйнинг ҳамма ерини остин-устин қилиб чиқаман. Ертўласидан то чортоғигача.
– Бизда униси ҳам, буниси ҳам йўқ.
– Мен нима ҳақда гапираётганимни сен жуда яхши тушуниб турибсан!
– Менга фақат пашшадан фил ясаётганинг тушунарли, холос. Мен сени, Худо ҳақи, Жозефинадан қўрқяпсан деб ўйлаяпман.
– Жин урсин ўша Жозефинани!
Жулия кескин бурилди ва чиқиб кетди, у эса ўз юмушлари билан машғул бўлди. Ўша куни улар яна жиғиллашиб қолишди. Айтарли жиддий бирон нима содир бўлмаган эса-да, барибир Филиппнинг кайфияти бузилди. Халқаро телеграмма жўнатиш мақсадида телефон рақамни излай туриб, маълумотнома китобининг биринчи жилди ичидан “қийшайиб кетган “о” ҳарфи билан Жозефинанинг машинкасида алифбо тартибида ёзилган телефон рақамларининг узундан-узун рўйхатини топиб олди. Бу ерда унга зарур бўладиган барча рақамлар бор эди. Эски дўсти Жон Хьюзнинг телефон рақами Хэррдос универмаги билан ёнма-ён қайд этилганди; бу ерда яна яқин атрофдаги такси тўхташ жойининг, дорихоналарнинг, гўшт, сабзавот, балиқ дўконларининг, банкнинг, тозалаш буюртмасининг, унинг ношири ва агентининг, Элизабет Арден косметик кабинетининг, маҳаллий сартарошхонанинг (қавс ичида: “Ж. учун: назарда тутинг, бари бинойидек ва мутлақо арзон,” деб ёзилганди) ҳам рақамлари бор эди. Икки аёлнинг ҳам исми ва шарифи бир хил эканини Картер илк бора пайқаб қолганди.
– Йўқ, у аёл фариштанинг ўзгинаси, – деди Жулия. – Биз бу рўйхатни телефон турган ернинг тепасига илиб қўямиз. Бу ерда чиндан ҳам зарур бўлган барча рақамлар муҳайё экан.
– Аввалги хатларида у нимага ишора қилганини ёдга олсак, қизиқ, нега бу ерда заргар йўқ?
– Азизим, тағин нималарни валдираяпсан? У бор ҳақиқатни ёзган. Агар мен озгина пул жамғариб қўймаганимда, биз ҳам Франциянинг жанубида дам олган бўлардик.
– Сенингча, мен Грецияга бориш учун сенга уйландимми?
– Бунақа бемаъни гапларни қўй. Нега Жозефинага бунчалик адолатсиз муносабатда бўляпсан?.. Унинг бизга кўрсатаётган ҳар қандай ёрдамини ёмонликка йўйганинг-йўйган.
– Ҳали сен буни ёрдам деб ўйлайсанми?
– Йўқ, сени пушаймон бўлаётганинг аниқ.
Шунда у ҳақиқий тинтувни бошлаб юборди. У сигарет қутисидан тортиб, ғаладонгача, картотекадан тортиб, Грецияга ўзи билан олиб кетмаган костюмнинг киссасигача титкилаб чиқди, телевизорнинг орқа томонини очиб, ҳожатхонадаги бакча қопқоғини кўтариб ташлади, ҳатто у ердаги қоғоз ўрамини ҳам янгилади (буниси ортиқча айлантириб ўтирадиган эскисидан дурустроқ эди) . Жулия ундан хабар олиш учун ҳожатхонага борди, бироқ унинг нигоҳларида одатдаги нафисликдан асар ҳам қолмаганди. У пардаларнинг устки қисмларини обдон қоқиб-силкитди (керак бўлганда пардалар яна тозалашга топширилса, ким билади, у ердан тағин нималар чиқмайди),тагига бирон нима беркитилганми, ё йўқми дея сават ичидаги кир чойшабларни суғуриб олди. У ошхонада эмаклаб юриб, плита тагларини кўздан кечирди: қувурга бир парча қоғоз ўраб қўйилганини кўрди-ю, севинганча уни шартта юлиб олди, бироқ – афсус! – қоғоз парчасини сувузатиш мутахассиси эсдалик учун қолдирганди. Тушликдан сўнг почта қутисига тарақлаганча рўзномалар келиб тушди ва Жулия даҳлиздан туриб қичқирди:
– Қандай ажойиб! “Vogue”га обуна бўлганингни нега менга айтмагандинг?
– Мен унга обуна бўлмаганман.
– Кечирасан, бу ерда қандайдир тўйхатга ўхшаш яна нимадир бордай кўринаяпти. Бизни “Vogue”га мисс Жозефина Хекстол-Жонс обуна қилибди. Бу унинг бизга кўрсатган илтифоти эмасми?
– У журналда туркум расмлари билан қатнашибди. Уларни кўраман деб кўзим учиб тургани йўқ.
– Азизим, болалик қилишни бас қил! Балки сен унга китобларингни ўқишни ҳам ман этарсан?
– Менинг ягона талабим: у бизни тинч қўйсин, вассалом. Ҳеч бўлмаганда бир неча ҳафтага. Мен кўп нарса сўраётганим йўқ, шекилли?
– Азизим, сени барибир худбин деса бўлади.
Ўша куни оқшом у ўзини ҳорғин ҳис этса-да, руҳи анча енгил тортганди. У тинтувни пухта, синчиковлик билан ўтказди. Тушлик ўртасида унинг ёдига дафъатан уйнинг торлиги сабаб шу пайтгача очилмай ётган девор жавонидаги тўёналар тушди ва у, биринчи ва иккинчи таомлар орасида қути михланганига ишонч ҳосил қилиш учун ғизиллаб бориб келди; Жозефина қўлини яралашдан қўрқиб, бурагични қўлга олишга юраги дов бермаслигини у биларди, болғадан эса ўлгудек қўрқарди.
Эр-хотинлар истаган пайтлари салгина қўл теккизишлари билан уни бузишлари мумкин бўлган туннинг хуш ёқувчи ҳаловатидан, ҳайриятки, Картерлар ҳам баҳраманд бўлишди. Вақтни бой бериш жазманларга ярашмайди, эр-хотинларники эса бари олдинда.
– “Мен бугун кексаликдек ювошиб қолдим”, – ёдаки ўқиш маҳорати билан ирод қилди.
– Буни ким айтган?
– Броунинг.
– Мен Броунингни яхши билмайман. Билсанг, унинг шеърларидан ўқиб бер.
У Броунингни овоз чиқариб ўқишни яхши кўрарди – Картернинг овози дурустгина бўлиб, беғубор мағрурлигини намойиш қилишга у тайёр эди.
– Чиндан ҳам эшитгинг келяптими?
– Ҳа.
– Мен буларни Жозефинага тез-тез ўқиб берардим,– эҳтиёт шарт деди у.
– Нима бўпти? Баъзан биз истаймизми, йўқми, аввал кимлар биландир қилган ишимизни яна такрорлашимизга тўғри келади, шундай эмасми, азизим?
– Мана ҳали бирон марта ҳам Жозефинага ўқиб бермаган шеърлар. Мен ҳатто у одобсизлик бўлиб кўринганда ҳам, унга ошиқ бўлганман. Бизнинг муносабатларимиз … хийла мўрт эди.
Ўқиганларидан унинг ўзи ҳам таъсирланиб кетди. Гўё у Жулияни шу топда севганчалик ҳеч қачон севмаганди. Мана ва ниҳоят энди унинг ўз уйи бор – шу пайтгача у ит ётиш, мирза туриш билан яшаб келди.
Унга қолса, шеърни Жулия ўқигани маъқул эдию, унда аёли уни бу қадар болаларча берилиб тингламаган бўларди.
У навбатдаги саҳифани очди ва у ерга сўлоқмондай-сўлоқмондай қилиб, қора ҳарфлар билан ёзиб тўлдирилган бир варақ қоғоз қўйилганини кўрди (агар Жозефина мактубни хатжилдга солишни фаҳмлаганида, Картер уни ўқишидан аввал пайқаган бўларди):
“Қадрдоним Филипп! Мен сен ёқтирган, шунингдек мен ҳам, китоб саҳифаларидан туриб, сенга фақат хайрли тун тиламоқчи эдим, холос. Сен билан муросаю мадорада ажралишганимиз қандай бахт. Иккимизга тааллуқли хотиралар ҳамиша бизни боғлаб туради.
Сени севувчи Жозефина.

У китобни мактубга қўшиб улоқтирди-да:
– Ярамас! Ярамас иблис!— деди тишларини ғижирлатиб.
– У аёлни бекорга ҳақоратлашингга йўл қўймайман! – бирдан ўшқира кетди Жулия. Аёл варақни ердан олди-да, у ерда ёзилганларни ўқиб чиқди. Сенга буни нимаси ёқмади? – сўради аёл. – Нима, сенга хотиралар ёқмайдими? Унақада бизнинг хотиралар нима бўлади?
– У бизни қўғирчоқ қилиб ўйнатяпти, ё буни кўрмаяпсанми? Бу билан нимага эришмоқчи бўлганини-чи, буни ҳам тушунмаяпсанми? Наҳотки сен шу қадар эсини еган аёл бўлсанг?
Ўша кеча улар бир-бирларига ҳатто оёқларининг учини ҳам теккизмай, ўриннинг бошқа-бошқа тарафида ётишди. Бу улар уйга қайтишгандан сўнг шу тариқа ўтказган илк тунлари эди. Тунни икковлари ҳам беҳузур ўтказишди. Тонгда эса Картер нимагадир мутлақо унинг хаёлига келмаган, шундай кўзга ташланадиган ердан у доим ўз ҳикояларини ёзадиган чизиқли қоғоз саҳифалари тагидан хат топиб олди. Мактуб шундай сўзлар билан бошланганди:
“Севгилим! Мен сени ҳамиша атаганимдек, шундай сўзлар билан алқасам, ишонаманки, бундан сира жаҳлинг чиқмайди…”

Рус тилидан Дилдорхон Алиева таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 5-сон