У менга тикилди… ҳудди биринчи марта кўраётгандек. Аммо бироз ўтиб, қиз чироқ томонга ўгирилганида, ортимдаги қизнинг накадар умидсиз ва ғамгин қиёфада эканлигини сезар эдим. Ва англадимки, аслида унга илк бора кўраётгандек тикилган – бу ўзим. Сигаретни тутатдим. Кресломни буришдан олдин тиззам устида чалишиб турган бир оёғимни тўғирлар эканман, буруқсиган тутунни ичимга симирдим. Қиз эса ҳар кеча менга тикилиб ўтирадиган жойи – чироқнинг олдида турганини кўрдим. Сониялар ичида бир-биримизга унсиз тикилдик. Бир оёғимни тағин тиззамдан пастга олиб, стул оша назар ташладим. У менга тикилганича чироқ яқинида узоқ вақт сассиз турди. Ҳар тунгидек унинг қовоқлари қорамтир эди.
Ҳаммаси унга айтилган бор-йўғи биргина гапдан бошланди: ”Мовий ранг итнинг кўзлари”.
У чироқни ўчирмасдан сўз қотди :
-Буни умрбод унутмайман, – дея жойидан силжий туриб хўрсинди. – Мовий ранг итнинг кўзлари… бу сўзларни ҳамиша учраган йўлимга ёзиб келдим.
Унинг ҳаракатларини кузатардим. Рўпарамдаги ойнага тушган акси орқали, қиз менга тикилиб ўтирганини кўрдим. Қаршимдаги катта-катта оташин кўзлардан, токи у пуштиранг марваридлар билан қопланган митти қутини очмагунча кўзимни узолмадим. Унинг бурнида упа юқи қолиб кетганди. Пардозни тугатгач, қутини ёпиб, ўрнидан турди. Чироқ томонга қайтиб, гап бошлади.
-Бошқа биров бу хонага эга чиқиб, барча сирларим фош бўлиб қолишидан қўрқаман.
У тошойна олдига ўтиришдан олдин, совуқдан титраётган вужудини иситиб, давом этди.
-Сен совуқ нелигини билмайсан.
-Ҳар доим ҳам эмас, – жавоб бердим.
-Буни ҳозироқ ҳис қилмоғинг лозим!
Мана нега умуман ёлғиз қололмаслигимни тушуниб етдим. Бу совуққонлик менга танҳолик ҳисларининг ноафзалликларини бахш этарди.
-Энди буни сезгандекман, – дедим мен. – Қизиғи, тун ғоятда сокин. Эҳтимол япроқлар тўкилаётгандир.
У индамади, шунчаки ойнага қараб юрди. Мен ҳам стулда унга орқа ўгириб ўтирдим. Уни кўрмаётган бўлсамда ҳаммасини сезиб турибман. У ойнак олдида ўтирганча кўзгу кенгликларида акс этаётган вақт чизгилари ила менинг елкаларимга тикилар, ҳамда нигоҳларида шу кенгликлардаги вақт чизгиларини ушлаб қолишга интиларди. Тошойна қаршисида унинг лаблари қирмизи рангга бўялгунга қадар навбатдаги жараёнларни бошлаш зарур эди. Мен орқамда ўтирган малакни кўзларимдан яшириб қўяётган рўпарамдаги силлиқ девордаги бошқа бир сўқир кўзгуни кўрардим. Аммо ойна қаерда жойлашганини билганим сабаб, қизнинг турган жойини ҳам тахминан тасаввур қила олардим.
-Сени кўриб турибман, – гапирдим мен.
Унинг кўзлари осмонга йўналганини сезганимдек, у ҳам ойна орқали креслода чапга ўгирилган елкаларим оша мени кузатиб турар эди. Нигоҳим деворга қадалди. Унинг кўзлари эса пастда, кўкракбандида эди.
-Сени кўриб турибман, – тағин такрорладим.
У кўзини кўкракбандидан узди.
-Бўлиши мумкин эмас!
Сабабини сўрадим. У яна кўкракбандига жимгина тикилганча, изоҳ берди.
-Чунки юзинг девор тарафга йўналган.
Кресломни бир қур айлантирдим. Оғзимга сигаретни қистирдим. Кўзгу ёнига яқинлашганимда у чироқ олдига қайтди. Кейин у кўлларини ҳудди қушнинг икки қанотидек оловга очиб, қиздирди ва кафтлари билан юзини тўсди.
-Менимча, шамоллаб қолдим, -деди қиз. – Гўё музлар шаҳрида бўлгандек.
У юзини ёнмачасига ўгирди. Тўсатдан унинг мис юзи ғамгин тус олди.
-Нимадир қилмоғинг зарур, – деди-ю кўкракбандидан бошлаб бирма – бир ечина бошлади.
-Мен тўсиққа қайтишим керак, -дедим унга.
-Йўқ! Барибир орқа ўгириб ўтирганча мени кўра олардинг-ку…
Бу гапларни айтиб тугатмасданоқ, олов ялаган унинг мис териси бутунлай яланғоч ҳолга келди.
-Сени ҳудди савалангандек ғадир-будир теринг билан кўришни доимо ҳохлаганман.
Гапларим унинг бу аҳволида нақадар қўпол эшитилишини тушуниб етмасимдан, у жимиб қолганча чироқнинг юмалоқ шарида исинарди.
-Баъзан кандайдир матоҳдан яралганлигим ҳусусида ўйга толиб қоламан.
У бир зум сукут ичида қолди. Олов устида унинг қўллари билинар-билинмас ўзгарарди.
-Биласанми, айрим тушларимда сен қандайдир музейлар бурчагида турадиган оддий ҳайкалча бўлиб ифодаланасан. Эҳтимол шунинг учун совуққондирсан, – дедим .
-Баъзан юракдан ухлаган пайтларим, баданим пўкакка, терим ликопчага айланиб қолгандек бўлади… Танимга жон битганида эса, кимдир қорнимга чертаётгандек бўлади. Эҳтимол… ётоғимда мис баданимни чиндан ҳис этарман. Бу… буни қандай номлардинг… бўлди – қоплама матоҳ.
Қиз чироққа яқинлашди.
-Мен сени қандай бўлсанг шундайлигингча тинглашни ёқтираман, – гапирдим унга қараб.
-Агар биз қачондир бир-биримизга етишганимизда ва мен чап томонингда уйқуга кетганимда, қовурғаларимга қулоғингни қўй. Бунда менинг акс-садомни эшитасан. Қачондир шундай қилишингни орзу қилиб келаман.
Қиз гапираётганида оғир нафас чиқарарди. Унинг сўзларига қараганда, яқин йиллар ичида айтарли ҳеч бир иш билан машғул бўлмаган. Унинг умри ҳақиқий ҳаётда “Мовий ранг итнинг кўзлари”иборасини жамлаган ҳолда мени излаб топишга бахш этилганди. Қиз баланд овозда кўча бўйлаб, уни тушунадиган ягона инсон тўғрисида сўзлаб юрарди.
-Мен ўшаман… Ҳар кеча тушларингга кириб, “Мовий ранг итнинг кўзлари” дея шивирлайдиган.
* * *
Қиз ресторанга бориб, офицантга буюртма беришдан беришдан олдин ҳам “Мовий ранг итнинг кўзлари” деганлиги ҳақида сўзлади. Аммо офицант орзусидаги иборани эсга олгани учун қиздан миннатдор бўлиш ўрнига, шунчаки ҳурмат билан тавозе қилди. Сўнгра қиз салфеткага ёзди, пичоқ билан стол безакларини тимдалади: “Мовий ранг итнинг кўзлари”.
Қиз меҳмонхона, вокзал, барча оммавий жойларнинг парланган деразаларида кўрсаткич бармоғи билан бир хил ёзув қолдирарди : “Мовий ранг итнинг кўзлари”.
Бир куни қиз дорихонада бўлган шундай воқеалардан бирини сўзлаб берди. Мени тушларида кўриб, уйғонганидаги каби таниш ифорлар ўша ерда унинг димоғига урилади. “ У шу атрофда бўлиши керак” , ўйлади қиз дорихонанинг тоза ва янги кошинларига тикилиб.
-Доимо “Мовий ранг итнинг кўзлари” дея менга сўз қотадиган инсон ҳақида орзу қиламан, -деди у сотувчига яқинлашиб.
“Биласизми, хоним сизнинг кўзларингиз ҳам худди шунақа!” деган жавобни кутган эди қиз.
-Мен ҳаёлимдаги ана шу инсонни албатта топишим зарур, – деди у сотувчига яна.
Сотувчи кулди ва бошқа бир пештахтанинг охирига томон юрди. Қизнинг бутун ҳаёли ярқираган кошинлар ва таниш ифор билан банд эди. У ҳамёнини очиб, ичидан қирмизи ранг лаб бўёғини олди ва қизил ёзувларда чиза бошлади: “Мовий ранг итнинг кўзлари”.
Жойига қайтиб келган сотувчи ҳайрон қолди.
-Хоним, кошинларни ифлос қилдингиз, – деди-ю унга нам латта ушлатиб, буюрди. – Буни тозаланг!
Кейин эса қиз бутун кунни кошинларни артишга сарфлаб, токи одамлар тўпланиб, уни ақлдан озганга чиқармагунларича бир гапни такрорлаб ўтираверди: “Мовий ранг итнинг кўзлари”.
У ҳикоясини тугатганида, мен бурчакдаги кресломда тебраниб ўтирар эдим.
-Ҳар куни сени топишимга сабабчи бўлган иборани эслашга уринаман, – гапирдим мен. – Бу сўзларни бутунлай унутиб юбормаслигимга кўзим етади. Бир хил гапни такрорлайман-у аммо тонгда уйғонсам бу сўзлар хотиримдан кўтарилган бўлади.
-Биринчи учрашувимизда бу сўзларни ўзинг кашф қилган эдинг, -деди қиз.
-Ҳа, шундай бўлган. Чунки кўзларинг жуда ҳам маъюс эди. Бироқ кейинги тонгни эслолмайман.
Қиз муштини сиққанча чироқ яқинида чуқур нафас олди:
-Буни озгина бўлса-да эслай олганингда эди…
Қизнинг силлиқ тишлари олов нурида ялтиради.
-Сени ушлаб кўрсам майлими? – сўрадим.
Унинг чироққа тикилган юзи кўтарилди. У ҳудди қўллари каби куйдирилган, қиздирилган қиёфада турарди. Бурчакдаги креслода тебранганча ўтиришимни у кузатиб турарди.
-Ҳеч қачон бу ҳақида оғиз очмас эдинг.
-Ҳозир айтганларим эса ҳақиқат, – жавоб қайтардим.
Қиз чироқ ёнидан жилмай сигарета сўради. Тамаки қолдиғи бармоқларим орасида кичрайиб борарди. Чекаётганимни унутаёзибман.
-Уни қаерга ёзиб қолдирганимни аниқ эслолмаябман, – деди қиз.
-Менда ҳам ўхшаш ҳолат. Эртага сўзларимни эслай олишим даргумон.
У хомуш сўзлади:
-Йўқ! Негадир буни тушларимда ҳам кўргандек бўламан.
Ўрнимдан туриб, лампага қараб юрдим. У чироқ ичида тургандек кичик кўринарди. Қўлимда сигарета ва гугурт билан юришда давом этдим. Тамакини унга узатдим. Гугурт чақиб улгурмасимдан, қиз оловдан тутантириқ олиб, лабларига қистирди.
-Жаҳоннинг баъзи шаҳарларидаги деворларда ушбу сўзларнинг қораламаси кўзга ташланиб туриши зарур: “Мовий ранг итнинг кўзлари”, – дедим. – Агар шуларни эртага ҳам эсласам, сени қайта топа оламан.
У яна бошини кўтарди. Эндиликда унинг лаблари орасидаги тамаки чўғли кўмирга айланиб бўлганди.
-Мовий ранг итнинг кўзлари… – хўрсинди у яна. Қиз сигарани ияги остида ушлаб, ярим юмуқ кўз билан неларнидир ёдга олди. Сўнг бармоқлари орасидаги тамаки тутунини сўриб, хитоб қилди:
-Нимадир бўлаяпти менга, қизиб кетаяпман.
У гўё гапирмагандек овози жуда синиқ ва суст эшитилди. Қиз қоғозга ҳозирги гапларини қоралай бошлади. “Қизиб….” , битикни ўқидим. У эса қоғозни ушлаб, оловга яқин борди. Унинг атрофида айланиб, бош ва кўрсаткич бармоғи ёрдамида ёзишда давом этди “…. кетаяпман”. Вароқ бутунлай тўлишидан аввал, полдаги ғижимланганларини ҳам олиб, оловга ташлади.
-Шуниси маъқулроқ, – дедим мен. – Баъзан сени шу ҳолингда – лампа олдида титраб турганингни кўрсам, кўрқиб кетаман.
Биз бир-биримизни анча йиллардан бери биламиз. Гоҳида бирга вақтларимиз, ташқарида кимдир қошиқни тушириб юборади ва биз уйғониб кетамиз. Бора-бора бизнинг муносабатларимиз айрим нарсаларга, оддий ҳодисаларга боғлиқ эканлигини тушуна бошладик. Бизнинг учрашувларимиз доимио бир хилда, яъни тонг сахарлаб кимдир қошиғини тушириб юбориши билан якун топади.
Ҳозир эса у чироқ ёнида менга қараб турибди. Унинг бу тарзда тикилиб туришини эски хотираларимдан, кулранг кўзли ғалати аёл билан боғлиқ тушларимдан ёдга олдим. Ўша тушимда илк бора аёлдан сўраганим:
-Кимсиз?
-Эслолмайман, – жавоб берди у.
-Бироқ ўйлашимча, биз аввал ҳам учрашганмиз.
-Мен эса бир марта сиз ва бу хона ҳақида ҳаёл сурганман, – деди аёл бепарво.
-Яна эслай бошлаяпман, – хитоб қилдим.
-Биз тушларимизда учрашганимиз жуда ғайритабиий.
Қиз сигарани икки қайта тортди. Унинг нигоҳларига тўсатдан дуч келганимда ҳануз чироқ қаршисида турар эдим. Унга бошдан оёқ назар солдим. Қиз ҳали ҳам мис эди – у қадар қаттиқ ва совуқ бўлмаса-да лекин сарғиш, мулойим ва кўнгилчан матоҳ.
-Сени ушлаб кўрсам майлими? – сўрадим яна.
-Ахир ҳаммасини барбод қиласан.
-Энди бу аҳамиятсиз… Биз қайта учрашмоғимиз учун муносабатимизни ўзгартиришимиз шарт.
Қўлларимни чироқ оша унга узатдим. У эса жойидан қимир этмади.
-Ҳаммасини барбод қиласан, – деди қиз яна унга тегиб улгурмасимдан.
-Эҳтимол чироқ атрофида абад туриб, борлиқнинг бир мўжизасидан ҳайратланганча чўчиб, уйғонармиз.
-Бу муҳим эмас, – аввалги гапимни такрорлаб, қатъий туриб олдим.
-Қайта учрашишимиз учун алоқаларни ўзгартириш лозим. Аммо ваҳолангки, уйғонишинг билан сен тағин барини унутиб юборган бўласан, – хитоб қилди қиз.
Бурчакка қараб юрдим. У ортимда қолиб, қўлини оловда тобларди. Қизнинг овози орқамда жаранглаганда мен кресло ёнида эмас эдим.
-Агар ярим тунда уйғониб кетсам, жойимдан жилмай тонг отгунча “Мовий ранг итнинг кўзлари” дея, шивирлаб чиқаман.
Қўзларим бир нуқтага тикилиб қолди:
-Аллақачон шафақ қизара бошлади.
-Бонг миллари соат иккига урганида уйғониб кетдим ва ҳали ортга қайтишга вақт борлигини билдим.
Эшикка йўналдим.
-Бу эшикни оча кўрма! – деди у. – Каридор йўлагида тушлар гирдобида адашиб қоласан. Унинг доимгидек турғун овозини эшитганимда бошимда шиш бордек эди.
-Буни қаердан биласан?
-Чунки бир дақиқа олдин ўша жойда бўлдим. Юракдан ухлаётганим маълум бўлди-ю дарров ортимга қайтдим.
Барибир эшикни ярим чала очдим. Уни озгина итарган эдим ҳамки, совуқ ва сернам шабада мени жаннатсимон ўлкаларга, кенг яйловларга элитди. Қиз тағин сўз қотди. Унга навбатни бердим. Қия очиқ эшикда сукунат ҳалқалари осиғлиқ турарди.
-Бу ерда қандайдир коридор борлигига ишонмайман. Димоғимга қишлоқ ҳиди урилаяпти.
-Қишлоқ орзусини сураётган ташқаридаги аёл сендан кўра ўша жойларни афзал кўради, – деди у қиз узоқроқ масофада турганча, қўлларини олов устида туташтириб.
-Иложсизлигидан шаҳарни ташлаб кетолмаётган бу аёл ҳамиша қишлоқда уйи бўлишини ҳохлар эди, – давом этди у.
Мен ўша аёлни тушларимда учратганимни эсладим. Аммо ҳозир қия очиқ эшик олдида, ярим соат ичида нонушта қилишга тушишим зарурлиги ёдимга тушди.
-Нима бўлганда ҳам уйқудан уйғонишим учун бу ерни шундайлигича қолдираман….
Ташқарида беаёв увиллаётган шамол бироз ўтиб, секинлаша бошлади. Ётоқ жойида ухлаб ётган кимсанинг нафас олиши-да қулоққа чалинмайди. Дала-даштдан эсаётган шамол тинчиб қолди. Хонадаги турфа ифорлар ҳам тарқаб бўлганди.
-Эртага мен сени…. – шивирладим. – Сени кўча деворларига “Мовий ранг итнинг кўзлари” дея ёзаётган аёл тимсоли орқали таниб оламан.
-Бир неча дақиқа олдинги ҳодисаларни эслолмайдиган одам-а ?! – хитоб қилди қиз синиқ табассум билан…
Бу гапларнинг ҳаммаси ўткинчи, эҳтимолдан узоқ эканлигига кўзи етиб турган қизнинг таслимона табассуми эди бу.
-Тушидаги ҳолатларни уйғонгач, заррача ҳам эслолмайдиган дунёдаги ягона одамсан… – дея у қўлини чироққа теқизди-ю қуюқ булутлар орасида ғойиб бўла бошлади.
Инглиз тилидан Гулноз Мамарасулова таржима қилди.