Ҳектор Ҳью Манро. Средни Ваштар (ҳикоя)

Конрадин ўзининг узоғи билан беш йиллик умри қолгани ҳақидаги шифокорнинг фикрини эшитганида эндигина ўн ёшга тўлган эди. Гарчанд доктор бироз иккиланиб ташхис қўйган бўлса-да, миссис де Ропп унинг фикрини қўллаб-қувватлади. Миссис де Ропп боланинг амакиваччаси ва боқувчиси эди. Конрадиннинг наздида, бу аёл дунёнинг зарурий, ёқимсиз ва ҳақиқий бўлган бешдан уч қисмини ифодаларди; Қолган икки қисми эса бунинг мутлақо тескариси бўлиб, боланинг ўй-ҳаёллари ва тасаввурида жам бўлганди. Шундай оғир кунларнинг бирида Конрадин ҳаётидаги ўта зерикарли нарсаларга, масалан, ҳасталиклар, ортиқча чекловлар ва тинимсиз босимларга таслим бўлиши кераклигини англади. Агар унинг ёлғизлик таъсирида яралган ғазабнок ҳаёлоти бўлмаганида, болакай аллақачон енгилган бўлар эди.
Миссис де Ропп ўзини гўёки Конрадинга ғамхўрдек кўрсатар эди. У, ҳуддики, “боланинг фойдасини кўзлаш” мақсадида, уни қаттиқ назорат қилишдан чарчамасди. Конрадин эса уни ич-ичидан ёмон кўрсада, буни аёлга умуман сездирмас эди. Бир куни Конрадин ўзининг кайфиятини бироз кўтариш йўлини топди. Айниқса, бу иши билан боқувчисининг ғашига тегишини ўйлаб қувонди. Ҳаёлан уни чиқиши беркланган қафасдаги нопок жонзотга менгзаб лаззатланди.
Уни ёки буни қилмаслик, ёинки, дориларни ичиши кераклигини эслатишга тайёр бўлган кўплаб деразалар қараб турган ушбу ғамнок боғ болани деярли қизиқтирмасди. Қурғоқ ерда сийрак жойлашган мевали дарахтлар ўз ҳосилини ундан қизғонгандек турарди, гўё. Боғдаги йиллик ҳосилни, ҳеч бўлмаса, ўн тийинга сотиб оладиган харидор чиқиши ҳам даргумон эди.
Зич ўсган бутазор орқасида бузилган асбоб-ускуналар сақланадиган ташландиқ омборхона яширинганди. Конрадин бу жойни ўзи учун ҳам ўйингоҳ, ҳам ибодатхонага айлантирди. Қисман тарих парчаларидан, қисман тасаввуридаги мавжудотлар тўдасига унинг ичидан жой берди. Ҳужрада гўшт ва қоннинг бирлашмаси бўлган икки мавжудот бор эди. Бир бурчакка патлари ҳурпайган удан товуғи жойлаштирилди. Ноилож болакай унга бор меҳр-муҳаббатини бағишлади. Бошқа бир қоронғу бурчакда эса иккита айри хонали катта қафас бўлиб, уларнинг бири темир панжаралар билан ўралганди. У баҳайбат сассиқ кўзаннинг жойи бўлиб, буларнинг барчасини бир пайтлар қассоб бола Конрадинга узоқ вақт мобайнида тўплаган майда кумуш тангалари эвазига яширинча келтириб берганди. Конрадин ушбу эпчил ва ўткир сўйлоқ тишли махлуқдан ўлгудай қўрқса-да, бироқ бу унинг қимматли мулки эди. Болакай холасига ҳаёлан лақаб қўйиб олганини сир сақлагани каби, ваҳший махлуқнинг ҳужрада эканлигини жувондан яшириши лозим.
Кунларнинг бирида илоҳий бир хабар келдими, ишқилиб, Конрадиннинг миясига махлуққа ном беришдек бир фикр келди. Шундан сўнг, у жониворни Худо билиб, қаттиқ сиғина бошлади.
Аёл ҳафтада бир марта уйи яқинидаги черковга борар, ҳар сафар ўзига болакайни эргаштириб олишни канда қилмасди. У ерга шунча қатнамасин, лекин Конрадин учун черков урф-одатлари ўта ғалати ва тушунарсизлигича қолаверди. Ҳар пайшанбада эса у пўпанак босган ним қоронғу омбордаги Средни Ваштар лақабини олган баҳайбат сассиқ кўзан яшаётган ёғоч қафас рўпарасида ўзининг пухта ўйланган диний маросимларини нишонларди. Зиёратгоҳ полига ёзда қизил ранг гуллар, қишда эса қирмизи маймунжонлар тўшалар эди. Алвон ранг, Конрадиннинг фикрича, илоҳий куч-қудрат тимсоли эди. Неча вақтлардан бери холасининг диний эътиқодларини кузатиб келган болакай, атайлаб, кўрганларининг тескарисини қилди. Ҳужрасида уюштирилган тантанали байрамларда ҳайвон қафаси олдига мускат ёнғоғи бўлаклари сочилди. Ушбу маросимларнинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, ёнғоқ бўлаклари ошхонадан ўғирланиб келтирилиши лозим эди. Бундайин тадбирлар номунтазам равишда ташкиллаштирилиб, асосан, уйда содир бўлган бирон бир ҳодиса шарафига бағишланарди. Бир марта миссис де Ропп қаторасига уч кун кучли тиш оғриғидан азоб чекди. Конрадин ҳам шу вақт мобайнида тўхтовсиз байрам қилиб, жувоннинг оғриб қолиши сабаби фақатгина Средни Ваштар билан боғлиқлигига ўзини қаттиқ ишонтирди. Агар касаллик яна бир кунга чўзилганида, уйда умуман мускат ёнғоғи қолмасди.
Удан товуғи Средни Ваштарнинг ибодатида ҳеч қатнашмади. Конрадин аллақачон унинг анабаптист эканлигини англаганди. Анабаптистлар кимлигини зиғирча тушунмаса-да, Конрадин ўзича буни чапанилик ва номақбуликка йўярди. Миссис де Ропп сабабли болакай барча нарсага нафрат кўзи билан қарашга одатланганди.
Конрадин кўп вақтини ҳужрада ўтказаётгани боқувчининг диққатини ўзига тортди:
– Эрта-ю кеч у ерда санғиб юравериши яхши эмас, – пичирлади жувон бир қарорга келиб.
Шундай кунларнинг бирида нонушта еб бўлингач, миссис де Ропп кеча шом маҳали удан товуғини омбордан олиб чиқиб, сотиб юборганини хабар қилди.
Конрадиннинг қаттиқ ғазабланиши ва ачинишини кутган аёл фақат яқинни кўра оладиган кўзлари билан болага синчиклаб тикилди. Зотан жувон уни насиҳат-у ўгитлар билан овутишга олдиндан тайёрланиб қўйганди. Бироқ болакай лом-мим демади. Бир оғиз ҳам гапирмади. Аммо боланинг ранги оқариб кетганини сезгани боис, бироз ташвишга тушди. Шунинг учун тушлик дастурхони устида Конрадиннинг соғлигини кўзлаб, унга ейишни таъқиқлаган куйдирилган қитирлоқ нон пайдо бўлди. Бу егулик тайёрланмаслигининг бошқа сабаби эса, ўрта синфга тегишли табақа хонимларининг кўзи билан қараганда, уни пишириш “ортиқча даҳмаза” бўлиб, ножўя иш саналарди.
– Сенга куйдирилган нон ёқади, деб ўйлардим, – сўз қотди жувон шикаста овоз билан боланинг емакка қўл ҳам теккизмаганини кўриб.
– Гоҳида, – жавоб берди Конрадин.
Ўша куни кечқурун диний маросимга айрим ўзгартиришлар киритилди. Одатда қафасдаги илоҳий мавжудотига фақат тасаннолар ўқийдиган Конрадин, бу сафар ўзи учун ундан мурувват кўрсатишини сўради:
– Мен учун бир нима қил, Средни Ваштар!
Нима қилиш зарурлигини у аниқ айтмади. Ахир Средни Ваштар унинг учун Худо экан, болакай нимани назарда тутганини сўзсиз ҳам билиб олиши керак-ку. Конрадин ҳужранинг бўшаб қолган бурчагига кўзи тушиб, ўпкасини тўлдириб турган йиғидан нафаси бўғилди. Сўнгра янада нафрати ошган дунёсига – уйига қайтди.
Шундан бери тунлари уни тинчлантирувчи зимистон ётоқхонасида, кечқурунлари нимқоронғу омборхонада ўтириб, тўхтовсиз биргина илтижони такрорларди: “Мен учун бир нима қил, Средни Ваштар!”
Кўп ўтмай, миссис де Ропп ҳужрага ташрифлар ҳануз давом этаётганини пайқаб қолиб, у ерни қаттиқ текширувдан ўтказишга қарор қилди.
– Қулфланган қафас ичида нима бор? – сўради у. – Эҳтимол, денгиз чўчқаси бўлса керак. Уларнинг ҳаммасини омборхонадан улоқтираман.
Конрадин индамай лабининг четини маҳкам тишлади. Жувон эса боланинг ётоғидан қафас калитини ахтаришга тушди. Уни топган заҳотиёқ, ишни якунига етказиш мақсадида ҳужрага йўл олди.
Ҳаво яхшигина совуқ эди. Конрадинга уйда қолиш буюрилди. Овқатланиш хонасининг деразасидан бутазор ортидаги омбор эшигини узоқдан кўрса бўларди. Буни биладиган болакай воқеани кузатиб туриш ниятида ўша ерга жойлашди. У жувоннинг ичкарига кираётганини кўрди-ю, тасаввур қилди: ҳозир у калитни суқиб, қулфланган қафасни очгач, боланинг Худоси яширинган сомон ғарамига узоқни кўрмайдиган кўзлари билан синчиклаб тикилади. У бетоқатлик билан похолни титкилаши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Конрадин юрагинининг туб-тубидан сўнги марта илтижо қилиб, сўради. У ўз эътиқоди билан видолашаётганини англаб турарди. Ҳозир аёл ҳужрадан беўхшов иршайиб чиққач, бир-икки соат ўтар-ўтмас, боғбон унинг зиёратгоҳини вайрон қилиши тайинлигини болакай сезарди. Энди унинг илоҳий мавжудоти йўқ, у шунчаки қафасда турган жигарранг сассиқ кўзандан бошқа нарса эмас. Конрадин англардики, бундан буёғига ҳамиша жувон ғалаба қозонади, ҳудди ҳозир уни енгиб чиққани каби. Аёлнинг ўзича донолиги, ҳар ишда унга ҳукмронлик қилиб эзғилаши оқибатида энди болакайни касаллик еб тугатиши аниқ. То дунё унга тор келиб, шифокорнинг ташхислари тасдиғини топмагунча. У мағлубиятнинг аччиқ аламига чидолмай, баланд ва хунук овозда йиртқич махлуқига бағишлов қўшиқни куйлай бошлади:

Средни Ваштар кетди йироқ,
Унинг ҳаёллари қонга беланган,
Тишлари сўйлоқ, мисдек оқ.
Унинг душманлари тинчлик сўрайди,
Лек у тилайди барига ўлим.
Средни Ваштар, буюкдир у.

Тўсатдан у қўшиқ айтишдан тўхтаб, дераза ромига яқинроқ келди. Сониялар дақиқаларга уланар, ҳужра эшиги эса ҳануз қия очиқлигича турарди. Вақт бир зумга қотиб қолди, гўё. Чуғурчиқларнинг майда галаси майсазор бўйлаб у ёқдан – бу ёққа учиб ўтарди. Конрадин қушларни қайта ва қайта санар экан, бир кўзини тебраниб турган эшикдан узмасди.
Хафақон қиёфали оқсоч келиб, чой тайёрлаш учун дастурхон ёзди. Конрадин эса ҳануз нима содир бўлишига қизиқиб, кўзини ташқаридан узмасди. Аста-секин унинг қалбида умид учқунлари ёна бошлади. Унинг кўзларида ғалаба нашидаси акс этганди. Ич-ичидан шодлик ҳиссига чулғанган болакай яна мағлубият ва зафар қасидасини куйлай кетди. Ваниҳоят, шунча кутганлари ўз мевасини берди: Омбор эшигидан йўғон, пастбўй, сарғимтир жигарранг махлуқ кўринди. Унинг кўзлари ваҳший ялтирарди. Томоқ ва ияк қисмидаги жунларини қорамтир нам доғ қоплаганди. Конрадин тиззаси билан ўтириб қолди. Баҳайбат сассиқ кўзан боғдаги ариқ томон юриб, бир зум чанқоғини босгач, тахта кўприкча орқали бутазорга ўтиб, кўздан ғойиб бўлди. Шу тарзда, Средни Ваштар кетди.
– Чой тайёр, – деди хафақон юзли оқсоч. – Хоним қаердалар?
– Бироз аввал у омборхонага тушиб кетганди, – жавоб берди Конрадин.
Хизматкор уй бекасини чойга чақиришга кетган заҳоти, болакай идиш жавонидан тостер санчқисини олиб, ўзига нон бўлагини куйдиришга ҳозирланди. Нонни қотириш, унга кўпгина сарёғни суриш ва уни бамайлихотир тановвул қилиш асносида, Конрадиннинг қулоғи динг турарди. Маҳкам ёпилган овқатланиш хонаси эшигининг нариги тарафидан узуқ-юлуқ товушлар эшитилди: Оқсоч ҳовлиқиб бақирар, ошхона томондан ҳайратомуз нидоси янграрди. У тез-тез юриб, ташқаридан ёрдам чақиришга шошилди. Саросимага тушиб, хўнграб йиғлаб олгач, ҳовлида оғир либослар кийган кимсаларнинг шитир-шитир қадам товушлари қулоққа чалинди.
– Бечора болага бу хабарни ким айтади энди? Мен ҳаётда буни айта олмайман! – деди кимдир чийиллаган овозда.
Улар бу масалани ҳал қилгунига қадар, Конрадин ўзига яна бир нон бўлагини куйдиришга улгурди.

Инглиз тилидан Гулноз Мамарасулова таржимаси.