Элиза Мюллер. Дарахт (ҳикоя)

Бу улкан, кенг шохлари тарвақайлаб кетган дарахтни ким ва қачон ўтқазганини қишлоқ аҳлининг ҳеч бири айта олмасди. Лекин бу сокин кўчага биринчи бор келган одам беихтиёр шу ҳақда ўйлаб қоларди. Ушбу қурғоқчил ўлкада бундай турдаги дарахтлар жуда камёб нарса.
– Дарахт? Қанақа дарахт? – Бундай саволларга ҳайрон бўлиб жавоб берарди одамлар. Ва дарахтга худди уни эндигина кўраётгандай ҳайрат билан қарардилар.
– Янги келган киши уни диққат билан кўздан кечиргач, унинг бошқа дарахтлардан унчалик ҳам ажралиб турмаганини сезади. Унда қарағайдаги очиқ соябонга ўхшаш баланд, нафис хушбичимлик йўқ эди. Ўзининг бутун ҳашамати билан эманнинг улуғворлигига тенг ҳам келолмасди. Лекин барибир йил бўйи қуёш, йил бўйи ўт пуркайдиган, тангри ҳам унутган бу қишлоқчада унинг сояси ҳамманинг жонига оро кирарди, худонинг марҳаматидай, барчани қувонтирарди ва ҳар ҳолда, ҳамиша ям-яшил бўлиб турадиган улкан дарахт йўл бўйида шумшайиб турадиган дарахтлардан фарқ қиларди.
Дарахт шундоққина унинг биқинидаги уйчада яшовчи оилага тегишли эди. Уйча сотиб олинган ўша олис пайтларда унинг атрофидаги жойлар бўм-бўш эди. Ўшандан бери кўп нарса ўзгариб кетди. Пули бор одамлар бу ерларга кўплаб коттежлар қуришди ва уйча улар орасида кўринмай қолди. Лекин дарахт ҳамон қишлоқ узра юксалиб турар ва ўзгаларнинг томорқаларига соя солиб, нохушлик уйғотарди.
Уйчада умрини яшаб бўлган чол-кампир истиқомат қиларди. Уларнинг болалари аллақачон дунё бўйлаб тарқалиб кетган, шу боис иккаласи ҳеч кимнинг ишига аралашмай тинчгина яшарди. Уйчанинг соҳиби қишлоқ дўкончасида ишларди. Ўтган йиллар таъсирида унинг бели букчайган, бинобарин, унинг пештахта олдида туриши анча қийин бўлиб қолганди. Шунинг учун уни ўтириб ишчиларни кузатиб турсин деб омборга ўтказишганди.
Унинг хотини ҳали бақувват аёл эди. Хўжалик ишларини унинг ўзи бажарарди. Болаларнинг ташвиши билан банд бўлмагани учун унинг бўш вақти кўп эди. Шунинг учун бўлса керак, авваллари парво қилмаган нарсаларга энди кўпроқ эътибор берадиган бўлди. Жумладан, хоним ҳаммомлари йўқлигига афсуслана бошлади. Ё тавба, шунча йил ажойиб қулайликлардан фойдаланмай қандай яшашди экан! Бундан ўттиз йил муқаддам тўйлари ўтиши билан сотиб олинган ёғоч жиҳозлар ҳам энди унга ёқмай қолди. Йиллар ўтиши билан биз ўзгарамиз ва атрофимизни ўраб турган вазиятни ҳам ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Агар маблағ бўлса, бунинг қийин жойи йўқ. Лекин бор пулинг кундалик энг зарур нарсаларгагина етса нима ҳам қила олардинг? Минг тежаб сарфла, барибир ҳеч нарса қолмайди.
Кекса хоним дераза олдида узоқ туриб ёнларида қурилаётган уйни кузатди. Уй эмас, ҳақиқий сарой! Ҳали уйнинг пойдевори солинаётган пайтдаёқ хоним бу уй неча хонали бўлар экан деб четан тўсиқ орқали разм солганди. Иккита хона, афтидан, ётоқхонага мўлжалланганди. Учинчи энг катта хона – меҳмонхона бўлса керак. Аввалига аёл уйда иккита ҳаммом бўлса керак, деб ўйлади. Кейин бу икки хонадан иборат жой омборхона бўлажагини англади. Ана ҳашам, ана дабдаба! Ҳаммом етмагандай, яна омборхона денг! Янги уйга иккита айвон ҳам қуришди: биттаси унинг олд томонига, иккинчиси уларнинг кулбаси томонига – очиқ айвон, ишчиларнинг айтишича, бу офтобда тобланиш учун эмиш. Қани энди чоли билан унга ҳам шундай айвон бўлса! Лекин айтишади-ку: борга беради деб! Йўқларга қаёқда дейсиз!.. Олдин хонимнинг бундай мушоҳадалар учун вақти бўлмасди. Энди бўлса, бундан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламасди. Нақадар адолатсиз қурилган бу дунё! Энди эрталаб шу ўй билан уйғонар, кечқурун шу ўй билан ухлаб қоларди.
Кечқурунлари эса, эри ҳориб-чарчаб ишдан қайтгач, хотинига ўз ишлари тўғрисида гап бошлаганда у нуқул ёнларида қурилаётган уй ҳақида сўзларди.
– Мен ҳам шундай ҳаммомимиз бўлишини хоҳлардим, – дерди у хўрсиниб, – ёки худди шунақа айвонни. Майли, сал кичикроқ бўлса ҳам. Қаранг-а, иккита айвон! Бизда биттаси ҳам йўқ.
Чол бошини сарак-сарак қиларди. У ҳамиша хотинининг гапини маъқулларди. Эҳ, афсус, у хотинига барча қулайликларни яратиб беролмади-да! Барча қулайликларга эга бўлган уйда яшаш катта бахт, хоним бўлса ҳамиша борига кўникиб келган! Лекин унинг ҳамма гапига рози бўлиб, айтганига кўнаркан, баъзан ғижиниб ҳам қўярди: қачонгача унинг чилдирмасига ўйнайверади! Авваллари, тўртала боласининг ҳаммаси шу уйда яшаган пайтда, хоним негадир шикоят қилмасди. Энди бўлса, ташвишимиз анча енгиллашган бир пайтда, ҳеч нарсадан кўнгли тўлмайди.
– Одамлар икки хил бўлади, – ўйларди хоним, – ҳар бир тийинини ҳисоблайдиганлар ва пулни санамай сарфлайдиганлар.
У фақат тиржаярди.
– Сен ҳеч қачон ўйлаганмисан? – сўрарди хоним, – агар пулимиз кўп бўлганида биз қандай яшар эдик?..
Ниҳоят уй битди ва унга соҳиблари кўчиб киришди. Хоним гўё кенг хоналар бўйлаб айланиб юриб, жиҳозларни жойлаштираётганини энди тассаввур қилолмасди.
Янги уй соҳиблари унга таниш эмасди. Улар кўчиб келибоқ, дарҳол боғ яратишга киришдилар. Уларнинг томорқасида кун бўйи боғбон ишларди. Хоним дарахт тагида ўтирганича, сим тўсиқ нариёғида нималар бўлаётганини кузатарди. Бу тўсиқ шунақа яқин эдики, шундай қўлингни чўзсанг, янги ўтказилган ниҳолларга тегиб кетадигандек туюларди. Гуллар ҳали йўқ эди. Ерни яхшилаб ағдаришди ва текислашди. Бир неча машина гўнг олиб келишди, шундан кейингина гул эка бошлашди. Айтишларича, янги уй соҳибаси гулларни жуда ҳам яхши кўраркан ва бу ернинг шу қуруқ иқлимида ҳам гуллар етиштирмоқчи экан.
Қиш кирди. Кечалари шамол дарахт шохларида шундай шовуллардики, уй деворларига бўрон ҳужум қилаётгандай бўларди. Чол-кампир бунга кўпдан бери кўникканлари учун шовқинни унча сезмасдилар ҳам. Кунлар қисқариб борарди. Туш пайтига келиб қуёш нури қиялаб тушгани учун дарахт кенг соя соларди. Бир куни кечқурун эр уйга жуда ҳолдан тойиб қайтди.
– Бирор нарса бўлдими? – сўради ташвишланиб хотин.
– Ҳеч нарса бўлгани йўқ, – жавоб берди чол мужмаллик билан.
– Ўзингни ёмон ҳис қиляпсанми?
– Белим безовта қиляпти.
Кечки овқат пайти индагани йўқ. Ўзига қаҳва қуйиб олгач, гап очди.
– Бугун қўшнимизни учратиб қолдим.
Хоним ҳамишагидек илжайиб қўйди. Қўшнилар ҳақида гап кетганда доим шундай қиларди. Чунки ёнма-ён яшасалар-да, улардан жуда узоққа ўхшардилар.
– Нима, бирор нарса дедими?
– У кўчатлар яхши кўкармаётганини айтди.
– Мен уларнинг ишлари яхши кетяпти деб ўйлагандим.
– Унинг айтишига қараганда, бизнинг дарахтнинг илдизлари ернинг бутун шарбатини сўриб олаётганмиш, шунинг учун ҳам ерларида ҳеч нарса ўсмаётганмиш. Бунинг устига, сояси ҳам бутун боғни, ҳатто айвонгача эгаллаб олаётганмиш.
Хоним ғазаб билан бошини сарак-сарак қилди.
– Нима, у сояси айвонларига тушаётгани учун биз дарахтни кесиб ташлашимизни ўйлаяптими? Албатта, унинг хотинига гуллари бизнинг дарахтимиздан қимматлироқ кўринса керак-да!
– Ундай эмас, – жавоб берди чол. – У дарахтимиз учун пул тўламоқчи бўляпти.
– А-а. Шунақа дегин. Лекин сен унга ҳеч нарса ваъда бермадингми?
– Йўқ, олдин сенга айтмоқчи эдим. Унга аниқ бир жавоб берганим йўқ.
У ерда, кўчада, у дарҳол рад жавобини бермоқчи эди, лекин бунақа нарсани олдин хотини билан маслаҳатлашиш одати устунлик қилди. Аввало маслаҳатлашиш керак. Ахир хотини ҳам худди ўзига ўхшаб ўйлайди-да…
Идиш-товоқни ювишар экан, чол-кампир бу ишни ҳамиша бирга қилишарди, болалари ҳақида, эрталаб улардан олинган хат ҳақида гурунглашарди. Лекин кейинроқ, ҳамма ишни битириб бўлгач, ўчоқ олдида ўтиришганда аёл бирдан сўраб қолди:
– Қанча таклиф қиляпти?
– Билмайман.
– Нима, у неча пуллигини айтмадими?
– Йўқ.
Чол нарх ҳақида сўрамагани учун афсусланди. Лекин у бу таклиф хотинини қизиқтириб қолади деб сира ўйламаган эди.
Шу кеча улар бу мавзуга бошқа қайтишмади. Ухлашга ётишганида эса шимолий шамол дераза тагидаги дарахт шохларида шундай шовқин солдики, улар бу уйга ўрнашганларининг биринчи кечаси ҳам худди шундай бўлганини эслашди.
Кейинги кун эрталаб хоним дарахт остида кир юварди. Миясида кечаги суҳбат чарх урарди. Вақти-вақти билан тушиб турган қуёшнинг ёрқин нурларидан кўзини қисиб, дарахтнинг шовуллаб турган шохларига қарарди. Эрталабки шабада баргларни шитирлатарди. Ўшанда шумтака ўғиллари дарахт шохларига тирмашар, қизи эса унинг соясида ўтириб нарса тўқирди. Болалар мунча тез улғаймаса! Улғайишди ва кетиб қолишди. Мана энди хоним ёлғиз… Шундай ғамгин дамларда аёл ўзини дарахт билан қариндошлик ришталари-ла боғлиқлигини ҳис қиларди. Уларнинг ҳаёти бир-бирига шундай чамбарчас чатишиб кетгандики, ажратиш амри маҳол эди.
Лекин, барибир, қизиқ-да, анави бой қўшнилари дарахт учун қанча таклиф қиларкан. Ўн фунтми? Эҳтимол кўпроқдир. Йигирма бешми? Э, бу жуда кўп. Лекин, борди-ю шунча пул таклиф қилса-чи? Ҳазилми, йигирма беш фунт! Бу пулга хўжаликдаги барча кам-кўстларни тўлдириш, бир неча кун маза қилиб яшаш мумкин. Лекин у шунча бермаса керак…
Кечқурун ишдан қайтгач, эр хабар қилишга шошилди:
– У мени кўчада яна тўхтатди. Биз қандай қарорга келганимизни билишни истаяпти.
– Сен унга нима дединг?
– Ҳеч нарса… Ҳали бирор қарорга келмаганимизни айтдим.
– Қанча бераман деяпти?
– Эллик фунт.
– Эллик?
– Ҳа.
– Буни қара-я, бир дарахтга эллик фунт! Бир дунё пул-ку бу!
Хоним довдираб қолганди. Қўлида эллик фунт пул бўлса… Даҳлиз учун пойандоз, икки кишилик каравот учун пружинали тўшак, балки ҳатто сув қайнатадиган бак олса бўлади. Хўжалик учун зарур бўлган майда-чуйдалар! Бу пулга қаердадир маза қилиб дам олиш, эҳ-ҳе, беташвиш, ҳеч нарсани ўйламай дам олишга не етсин!
Ҳаётда ҳеч бўлмаса бир марта, майли, бир ҳафта ёки ҳатто бир кун бошқалар яшагандай, ҳар бир чақани санамасдан яшашга нима етсин.
– Сен нима қилишни таклиф этасан? – сўради аёл ниҳоят.
– Ўзинг ҳал қил.
– Нима дейсан, шу таклифни қабул қилсакмикан?
– Билганингни қил.
– Эллик фунт– катта пул.
– Ҳа.
Эллик фунт нима дегани? – кечаси каравотда у ёқдан-бу ёққа ағдариларкан ўйлади чол. Пул қўлнинг кири. Бир икки кун ўтмай тугайди-қолади. Дарахт эса бу ерда унинг болалигидан бери турибди. Ҳали кўп йиллар туради… Сен дарахт ўстирасан ва у нотаниш кишиларнинг дўсти бўлиб қолади. Лекин у ўша нотаниш одамларга тегишли эмас. Бу дарахт улар учун айни пайтда ҳам чол, ҳам ўсмир: чол – чунки улар дарахтнинг ёшлигини билишмас, ўсмир – чунки дарахт улар ўлгандан кейин ҳали кўп яшайди. Уни ер ва қуёш нури одамлар қувончи учун ўстирган, ҳозир яшаётган ва кейин яшайдиганлар учун ўстирган… Аёл қизча сингари дарахт учун таклиф қилинаётган пулга қувонади. Лекин уни айблаш мумкинми? Пул жуда кўп қулайликларни билдиради, эри эса унга бундай имкониятни беролмасди. Шундай экан, аёлнинг ўзи ҳал қилсин, у бўлса… Йўқ, бу дарахтни ҳеч қачон пулга сотмасди!
Кейинги куни эри ишга кетгач, эшикни тақиллатишди. Аёл эшикни очди ва қўшниси – башанг костюмдаги пардоз-андозли олифта жанобни кўрди. Хоним қўшнисини ичкари таклиф қилди ва ўзининг фақирона жиҳозли хонасига ўтказди.
– Мен сиз билан дарахт ҳақида гаплашгани келдим, – дея гап бошлади қўшниси. – Эрингиз бу нарса сизга боғлиқ деб айтди.
– Эҳтимол.
– Сиз бирор қарорга келдингизми?
– Дарахт бу ерда жуда кўпдан бери турибди.
– Тушунаман. Лекин бунга бошқа томондан ҳам қараш мумкин-ку, ахир…
Аёл бошини қимирлатиб қўйди. Албатта, бошқача мушоҳада қилиш ҳам мумкин.
Ахир кеча кун бўйи ва туни билан аёл уларга жуда зарур бўлган эллик фунт ҳақида ўйлаб чиқди. Бироқ ўша пулни деб тагида болалари улғайган ва ўзи кексайган дарахтни қурбон қилиш қандай бўларкан…
– Хоним, – дея амалий оҳангга ўтди қўшни, – бу дарахт сизга қанчалик қадрли эканини мен жуда яхши биламан. Мен ва рафиқам, ана шу дарахт учун қанча истасангиз, шунча тўлашимиз мумкин. Биз сизларга эллик фунт таклиф қилдик. Сиз кўпроқ тўлашимизни хоҳлаяпсизми?
Кўпроқ тўлашимизни хоҳлаяпсизми? Йўқ, у бу ҳақда ўйлагани йўқ! Аммо, қолаверса, нега энди йўқ? Бу одамларда пул бор. Агар улар эллик фунт тўлашга тайёр бўлишса, демак, кўпроқ тўлашга ҳам рози бўлишади!
Қўшни эркак аёлнинг юзида иккиланишни сезди ва шошилиб қўшимча қилди:
– Яхши, олтмиш фунт.
Жуда осонлик билан ўн фунт қўшди-я! Худди гап ўн шиллинг ҳақида кетаётгандек.
– Олтмиш фунт, албатта, биз камбағал кишилар учун катта пул, – жавоб берди аёл. – Лекин, болалар уйга келиб, дарахтнинг йўқлигини кўргач, нима дейишади?
– Олтмиш фунт ростдан ҳам катта пул, – деди қўшни, – бундан ташқари, дарахт кесилгач, уни арралаб сотишингиз мумкин. Унинг менга кераги йўқ.
Албатта, дарахтнинг ҳам, ўтиннинг ҳам уларга кераги йўқ. Улар учун муҳими – ҳар қандай йўл билан шу дарахтдан қутулиш. Аёл янги уйнинг соҳибаси қандай тўнғиллаётганини тассаввур қилди. Илдизлари билан бутун боғимизни ўраб олган манави лаънати дарахтнинг дастидан гулларимиз ўсмаяпти. Бутун айвонимиз унинг соясида қолиб кетди. Қимматроқ тўласалар ҳам бўлади-ку? Бу уларга қийин эмас. Қўлини чўнтакка тиқиб хоҳлаганча пул чиқара олади!
Қўшни кўз қири билан уни кузатиб турди, лекин нима ўйлаётганини тушуна олмади.
– Олтмиш фунт – шундоқ ҳам қиммат, – такрорлади у, – лекин бу дарахтни жуда яхши кўришингизни биламан. Келинг, олтмиш бешга келиша қолайлик.
Аёл бутунлай довдираб қолди. Кейин қаттиқ қисилган лабларини енгил табассум очиб юборди. Қандай қилиб бўлсаям шу дарахтни олишни истаяпти!.. Шунда бирдан кутилмаганда – шу кунларда биринчи марта – аёл бу пулга нималар сотиб олиш мумкинлигини эмас, балки нимага эга эканлигини ўйлаб қолди. Бу фикр унинг кўзларида фахр бўлиб чақнади. Бу одамларда пул бор, унда эса мана шу дарахт. Улар пулга хоҳлаган ҳамма нарсани сотиб олишлари мумкин. Фақат дарахтни эмас, у розилик бермас экан сотиб олишолмайди. Аммо у розилик бермайди.
– Мефрау…
– Йўқ, менеер.
– Агар сиз кўпроқ сўрасангиз биз тайёрмиз…
Аёл қатъий бош чайқади.
– Сиз мени тушунмаяпсиз, менеер, гап пулда эмас.
Қўшни унга ҳайрат билан қаради. Кейин ҳаммасини тушунди. У эсли-ҳушли одам бўлгани учун ҳам шуни яхши англадики, бу аёлни фикридан қайтариб бўлмайди. У хайрлашди ва чиқиб кетди.
Кечқурун чол-кампир ошхонада ўтириб, чироқнинг хира ёруғида суҳбатлашарди.
– Бугун қўшнимиз келди, – деди аёл. Эри ялт этиб унга қаради. – Дарахт учун олтмиш беш фунт таклиф қилди. Вой, тавба!
– Сен-чи… сен нима дединг?
– Мен рад этдим. Пулга ҳамма нарсани ҳам сотиб олиш мумкин эмаслигини билиб қўйсин. – Эри ниҳоят хотинининг овозида олдинги ғурур ва ишончни ҳис қилди.
Унга миннатдорлик билан тикилди.
Дарахтнинг шох ва шаббаларида шамол эркин шовулларди.
– Инсон ўз дўстларини сотмайди, – деди у. – Ахир биз узун умрни у билан бирга яшадик.

Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2013 йил, 4-сон.

* * *

Қишлоқдаги бирорта одам бу қалин, кенг қулоч ёйган дарахтни ким ва қачон ўтқазганини билмайди. Бироқ сўлим қишлоққа ташриф буюрганларнинг барчаси энг аввало унинг тарихи билан қизиқадилар. Улкан дарахт олисдан кўзга ташланади. Саҳрода бу каби қалин, қишин-ёзин ям-яшил дарахтнинг узоқ йиллардан бери яшаб келаётгани ҳақиқий мўъжиза эди.
– Дарахт? Қанақа дарахт? – ҳайратланиб жавоб қилишарди одамлар меҳмонларнинг саволларига ва худди уни илк марта кўриб тургандек бўй-бастига таажжубланиб тикилишарди.
Бундай олганда унинг бошқа қондошларидан сира ҳам фарқ қиладиган жойи йўқ, ҳатто қарағай каби гўзал ва адл қоматга ҳам эга эмасди. Қанчалар катта ва қалин бўлмасин, барибир эман билан бўйлаша олмасди ҳам. Нима қилганда ҳам деярли йил бўйи қуёш аямай қиздирадиган бу чекка қишлоқда абадий яшил ва улкан дарахтнинг сояси барчани бирдек қувонтирарди ва у йўл ёқасидаги маъюс, қаровсиз, кўримсиз дарахтларга мутлақо ўхшамасди ҳам.
Дарахт қишлоқ этагидаги кичкина уйда яшайдиган оилага тегишли эди. Олис ўтмишда бу уй атрофидаги ерлар қуруқшаб ётарди. Қишлоқда ҳозирги каби ҳашаматли уйлар йўқ эди. Йилдан-йилга замон ўзгариб борарди, унга қараб одамлар ҳам… Улар баланд-баланд иморатларни қуриб, бу сокин қишлоқ қиёфасини янгиладилар. Аммо фақат ана шу улкан дарахт ва мўъжазгина уй аввалгидек эди. Вақт ўтгани билан табиатнинг бу мўъжизаси саҳро ўртасида қулочларини ёйиб, ҳеч кимдан изн сўрамай, сахийлик билан бошқа хонадонларга ҳам ўз соясини улашишдан чарчамасди. Мўъжазгина уйда ёшлари ўтинқираб қолган икки қария бир-бирини суяб яшашарди. Болалари аллақачон улғайиб, турли шаҳарларга ўқишга бориб, ўша ерларда қолиб кетишган. Уй эгаси қишлоқ дўконида савдо қиларди. Ўтган йиллар унинг қаддини шу даражада букиб қўйганди-ки, бечора ҳатто кун бўйи пештахта ёнида тикка туришга қийналарди. Шу сабаб, уни омборхонага ишга ўтказишди. Энди у ўтирган жойида ишчиларга кўз-қулоқ бўлиб туради холос. Хонадон бекаси эса ҳали бақувват аёл эди. Рўзғор ишларини ҳам ёлғиз ўзи бажарарди, болалар билан боғлиқ ташвишлар аригани сабаб, бунга унинг вақти ҳам етарлича эди, балки шунинг учун илгари сира эътибор қаратмаган нарсалари ҳақида бош қотирадиган бўлиб қолгандир. Масалан: уйларида ҳаммом йўқлигидан тез-тез ўкинарди. Шунча йил қандай қилиб бундай шароитда яшаганига ҳайрон қоларди. На қулайлик ва на бойлик қизиқтирибди уни. Аёлга энди тўйларидан кейин сотиб олинган ўттиз йил олдинги уй жиҳозлари ҳам ёқмай қолганди. Йиллар ўтгани сайин ҳаммамиз ҳам ўзгарамиз ва уйимиздаги шароитни ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Бу табиий ҳол албатта. Агар бунга имконият бўлса бундан осон ишнинг ўзи йўқ, бироқ топаётган пулинг рўзғордан орт­маса нима қилиш керак? Рўзғор ғор, деганлари рост экан, қанчалик иқтисод қилмагин барибир ютиб кетаверади. Аёл узоқ вақт дераза олдида ўтириб, уларнинг кулбаси ёнида қурилаётган маҳобатли уйдан кўз узмасди. Уй эмас, ҳақиқий сарой! Ҳали пойдевори солинаётганда аёл ўзича иморатнинг нечта хонаси бўлиши мумкинлигини чамалаб кўрарди. Иккитаси аниқ ётоқхона учун мўлжалланганди. Энг катта хона эса меҳмонхона вазифасини ўтайди. Аввалига аёл иккита ҳаммом қурилаётган бўлса керак деб ўйлаганди. Кейин эса улардан бири алоҳида омборхона ҳисобига бунёд бўлаётганини эшитиб, ҳайратини яширолмади. Мана буни дабдаба деса бўлади! Янги уйда иккита айвон қурилди. Бири олд, иккинчиси орқа томонидан. Усталарнинг гапига қараганда бу очиқ айвонларда бемалол офтобда тобланиб ётиш мумкин экан. Аёл кошинли баланд айвонларга суқланиб боқаркан, биз қарияларга ҳам худди шунақасидан бўлса қанийди, дея хаёлидан ўтказди! Илгари аёлда бундай ўй-хаёллар учун вақт топилмасди, бироқ энди у шундан бошқасини ўйлай олмасди. Ҳаёт қанчалар адолатсиз. Аёл шундай ўй билан уйғонар ва шундай ўй билан уйқуга кетарди.
Кечқурунлари ишдан ҳориб-чарчаб қайтган эр хотинига дўкондаги ишлари ҳақида кўнгил ёзганида аёл фақат қўшнисининг қурилаётган иморати ҳақида сўзларди.
– Худди шунақа ҳаммомимиз бўлишини истардим, – дерди у бу тилаклар ҳеч қачон амалга ошмаслигини ўйларкан. Сўнг чуқур уҳ тортиб сўзлашда давом этарди. – Айвон ҳам иморатга ярашиб турибди. Тасаввур қилинг: иккита айвон! Бизда биттаси ҳам йўқ. Кичикроқ бўлса ҳам майли, атиги битта айвонимиз бўлсайди…
Чол индамай бош чайқаб қўярди. У ҳамиша хотинига ён босарди. Қани эди у ҳам бошқа эркаклар каби хотинининг бахтли яшаши учун барча шароитни яратиб беролса… қулайликларга эга уйда яшаш қанчалар бахт! Тўғри айтишади, пули бор отасига етти ош берган экан. Бечора чол бутун умр меҳнат қилса ҳамки, топган пули рўзғордан ортмасди. Аёли ҳам инсофли ва диёнатли чиқди. Борига шукр қилиб, йўғида сабр қилиб шунча йил бирга яшади. Ундан ўпкаланса – уят, нолиса – гуноҳ бўлади. Сабаби, хотини ҳеч қачон ўзи учун ортиқча нарса сўрамаган ва талаб ҳам қилмаган, бироқ энди у бироз ўзгариб қолган, гўё танасига бошқа одам жойлашиб олгандек эди. Ҳар куни ундан бир хил гапни эшитиш ва унга ён босиш қарияга малол кела бошлаганди. Чол аёлининг илгари – тўрт боласи ёнидалигида бирор нимадан шикоят қилиб сўзлаганини ҳеч эслолмади. Бироз ташвишлардан холи бў­лишлари унинг билан минғир-минғири кўпайди.
– Дунёда одамларнинг икки тоифаси бор, – дея фикрларди аёл. – Бири пулни охирги чақаларгача санайдиганлар, иккинчиси пулнинг бетига қарамай ишлатадиганлар. Бой бўлганимизда қандай яшашимиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Хотинининг саволига эр индамай, мийиғида кулиб қўя қоларди…

* * *
Ниҳоят катта уйнинг қурилиши битди ва унга одамлар кўчиб келишди. Аёл кенг ва ёруғ хоналарда қимматбаҳо жиҳозларни қандай жойлаштиришларини ҳатто тасаввур қилолмасди.
Янги уйнинг хўжайинлари унга таниш эмасдилар. Қўшнилар кўчиб келишлари билан боғ барпо қилишга киришдилар. Уларнинг ерида боғбон тиним билмай ишларди. Дарахт соясида ўтириб аёл сим тўсиқнинг нариги томонида бўлаётган ишларни кузатарди. Тў­сиқ шунчалар яқин эдики, гўё қўл узатса ҳозиргина ўтқазилган кўчатлар баргига етадигандек…
Гуллар ҳали очилмаган эди. Боғбон кўчатларни ўтқазишдан илгари ерни яхшилаб текислаб, унга ишлов берди. Гап-сўзларга қараганда, хонадон бекаси гулларни яхши кўраркан. Шу сабаб, у бу қуруқ иқлимда ҳам гул ўстиришга астойдил киришганди.
Қиш келди. Кечқурунлари кучли шамол дарахт шохларини силкитиб, тўполон қиларди. Гўё ташқарида бўрон кўтарилаётгандай туюларди. Кунлар ҳам қис­қариб қолганди. Кун ярмида қуёш кучсиз нур сочарди ва дарахт кенг соя ёйиб, сукут сақлаб қишлоқ аҳлини ўз меҳри билан сийлаб турарди.
Бир куни кечқурун эри уйга ҳар доимгидан-да кечроқ қайтди. Унинг тушкун кайфиятдалигини сезган хотини:
– Ҳа тинчликми? Нима бўлди? Тобингиз йўқми? – дея сўради.
– Белим оғрияпти, – қисқагина жавоб қилди у истамайгина.
Чол кечки овқат маҳали ҳам сукут сақлаб ўтирди ва фақатгина ўзига қаҳва қуяётиб:
– Бугун янги қўшни ёнимга келди, – деб оғиз очди.
Аёл табассум қилди. Қариялар қўшнилари билан яқин туришса-да, қалбан улардан олисда эдилар. Сабаби “янги бой”лар бу оилани ўзларига тенг кў­ришмасди.
– Унга нима керак экан?
– Ўтқазган кўчатлари ва эккан экинлари бош кў­тармаётган экан. Унинг айтишича, дарахтимизнинг сояси боғини қуёшдан тўсиб қўйибди. Бақувват илдизлари эса ернинг кучини тортиб олаётган эмиш..
– Олийнасаб хотинига эккан гуллари бизнинг юз йиллик дарахтимиздан азизроқ кўринаётгандир-да. У қадрдон дўстимизни қўпориб ташлашимизни сў­раяптими?
– Бунинг учун ҳатто пул ҳам таклиф қилди.
– Нима деб жавоб қилдингиз? Унинг таклифига кўнмагандирсиз?
– Йўқ, мен унга жўяли жавоб айтмадим, аввал сен билан маслаҳатлашиб олай дегандим.
Чол ўша пайтдаёқ бу таклифни рад қилган бўлар­ди, бироқ ҳамма гапни хотини билан маслаҳатлашиб олишга ўрганиб қолгани сабаб, бу фикр устун келди. Чиндан ҳам маслаҳатлашиб олиш керак. Ким билади, хотини бошқача фикрда бўлиши мумкин ахир…
Қариялар идиш-товоқларни юваётиб, (улар бу иш­ни доим биргаликда қилишарди) болалари ва уларнинг хатлари ҳақида сўзлашдилар. Кечқурун ҳам­­ма ишларни тугатиб, улар ухлагани ҳозирлик кў­раётганларида, кутилмаганда аёл:
– Хўш, у қанча бераркин? – деб сўраб қолди.
– Билмадим.
– У пул миқдорини айтмадими?
– Йўқ.
Қария пул миқдорини сўрамаганлиги учун афсусланди. Ахир бу таклиф хотинини қизиқтириб қолиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаганди.
Ўша кеча улар бу мавзуга бошқа қайтмадилар. Ухлагани ётишганида дераза ортида шимол шамоли улар бу уйга кўчиб келган илк кечадаги каби дарахт шохларида тўполон қилаётганди.

* * *
Эрта тонгдан аёл дарахт соясида кир юваётиб, унинг бўй-бастига синчиклаб боқди. Тонгги елвизак дарахт баргларини ўйнарди. Бу таниш овоз унда хотираларда кўмилиб ётган ўша ширин, тотли, бахтли кунларини эслатди. Шўхлик қилиб қўйган ўғиллари оналари берадиган жазодан қутулиш мақсадида унинг шохлари орасига кириб яширинардилар. Қизлари эса қўшиқ айтиб, кашта тикишарди. Аммо болалар тез улғайишаркан. Улғайишди-ю бу қишлоқдан бутунлай кетишди. Мана у ёлғиз қолди. Бир муддат аёлга дарахт болаларидан ҳам яқинроқ ва қадрлироқдек туюлди. Ҳаётини ундан айро тасаввур қилолмади. Аммо барибир қизиқ. Бой қўшниси бир дарахт учун қанча бераркин? Ўн минг фунт? Балки ундан ҳам кўпроқдир? Йигирма беш минг фунт? Бу энди жуда ҳам кўп. Агар у чиндан ҳам шунча пул миқдорини айтса. Йигирма беш минг ҳазилакам пул эмас ахир. Бунча пулга рўзғорнинг барча кам-кўстини тўғрилаб, ҳеч бўлмаганда бир неча кун ташвишсиз яшаса бўлади. Бироқ у қанча бераркин…
Кечқурун ишдан қайтган эр хотинига шошиб:
– У яна мени кўчада тўхтатиб, қандай қарорга келганимизни сўради, – деди.
– Бу сафар унга нима дедингиз?
– Ҳеч нима… шунчаки ҳали бир қарорга келмадик, – дедим.
– Қанча бераркан?
– Эллик минг фунт.
– Наҳотки, бир дарахт учун эллик минг? Буни қа­ранг-а.
Аёл пул миқдорини эшитиб, ўзини йўқотиб қўй­ди. Бу пулга гилам, янги ва замонавий ётоқхона жи­ҳоз­ларини ва ҳатто ошхона буюмларини, рўзғорга керакли барча икир-чикир нарсаларни сотиб олиши мумкинлигини чамалаб кўрди. Шунда ҳам пул ортиб қолаверди. Ҳеч нимани ўйламай, бирор жойга дам олиб келишга борса бўлади, ахир у бутун умр қишлоқдан ташқарига чиқмади. Баҳаво жойларга дам олишга борган эр-хотинларнинг таассуротларини эшитса ҳавас қиларди. Аммо ўзи сира бу ҳақда орзу қилмаган. Чунки бунга уларнинг имконияти ҳам етмасди. Ҳеч бўлмаса умрида бир марта атиги бир ҳафтага бўлса ҳам охирги чақаларни санамай, бошқалар каби яшашга ҳақли эмасми ?
– Нима дейсиз? – сўради у охири орага чўккан сукунатни бузиб.
– Ўзинг биласан.
– Таклифини қабул қилсак тўғри бўлармикан?
– Билмадим
– Эллик минг – ҳазилакам пул эмас…
– Ҳа.
Эллик минг-а, дея ўйларди уйқусизликдан қий­налаётган қария ётоғи устида у ёқдан бу ёққа аға­наркан. Пуллар қўлнинг кири. Қандай келиб, қандай кетганини сезмай қоласан одатда. Бу дарахт эса болалигидан бери бор. Агар уни қўпориб ташламаса яна узоқ йиллар яшайди… улар бу дарахтни ўзлари ўтқазганларида ҳам унинг тақдирини ҳал этишга ҳақли бўлишарди. Ахир бундай олганда у иккисига ҳам тегишли эмас, бироқ шундай бўлса-да, ниҳоятда қадрли. Дарахт улар учун ҳам қария, ҳам ёш йигит. Қария деб қабул қилганига сабаб, у бу дарахтнинг ёшлигини ҳеч қачон кўрмаган. Болалигида қандай бўлса ҳозир ҳам шундай. Ёш йигит деганига сабаб, улар эрта-индин ўлиб кетишади, бироқ у яшайди. Дарахтни шу қишлоқ одамлари бахтига она ер, қуёш нури улғайтирган… ўстирган… Шунинг учун у яшаяпти ва яна яшайди ҳам… хотини дарахт учун таклиф қи­линган пул миқдорини эшитиб ёш қизлардек қувонди. Наҳотки, уни бунда айблаш мумкин бўлса? Бу пуллар у шунча йил тер тўкиб, рўёбга чиқаришга эришолмаган хотинининг барча ор­зуларини ушалтиради. Шундай экан, ўзи ҳал қила қолсин… агар унга қолса… ҳеч қачон ва ҳеч қайси пулга қадрдонини сотмаган бўларди.

* * *
Эртасига эрталаб эри ишга кетиши билан эшик тақиллади. Аёл остонада бадавлат жанобларга хос тарзда башанг кийинган қўшнисини кўрди. Бека уни жиҳозлари эскириб қолган меҳмонхонага таклиф қилди.
– Мен сиз билан дарахт ҳақида суҳбатлашгани келдим, – деди қўшни. – Хўжайинингизнинг айтишича, ҳаммаси сизга боғлиқ экан.
– Бўлиши мумкин.
– Бир қарорга келдингизми?
– Бу дарахт анчадан бери бор. Унга кўникиб қол­ганмиз…
– Тушунаман, аммо бу масалага бошқача қараш ҳам мумкин…
Аёл бош ирғаб унинг фикрини маъқуллади. Албатта бошқача қараш ҳам мумкин. Кеча кун бўйи ва тонг отгунига қадар унга ҳозир қанчалар керак бўлган ўша эллик минг фунт ҳақида кўп ўйлади. Аммо бу пуллар фарзандлари сояси остида ҳузурланиб, шохларида ўйнаб катта бўлган, қолаверса ўзи ҳам ёнида қариган қадрдон дарахтини қурбон қилишга арзимаслигини англади.
– Хоним, бу дарахт сиз учун қанчалар муҳим аҳамиятга эга эканлигини биламиз. Мен ва хотиним унинг учун қанча сўрасангиз шунча тўлашга тайёрмиз, – дея савдолашаётган ишбилармон одамлардек овоз оҳангини ўзгартирди эркак. – Биз сизга эллик минг фунт таклиф қилгандик. Бу миқдорни оширишингиз ҳам мумкин.
Пул миқдорини ошириш – бу ҳақда у ўйлаб ҳам кўрмаганди. Нега энди мумкин эмас? Бу одамларда пул бор. Эллик мингни тўлай олган одам ундан кўпроқ ҳам бера олади.
Эркак қўшни аёлнинг қиёфасидан иккиланиш аломатларини сезди ва шошиб:
– Майли, олтмиш минг фунт, – дея қўшиб қўйди.
Ўн минг фунтни қанчалар осон қўшди-я! Гўё гап ўн шиллинг устида бораётгандек…
– Олтмиш минг фунт биз камбағал одамлар учун жуда катта пул, – дея жавоб қилди аёл. – Аммо болаларимиз уйга қайтишганида дарахтни кўришмаса нима дейишаркин?
– Олтмиш минг фунт бир дарахт учун ёмон нарх эмас, – деди қўшни. – Бундан ташқари дарахтни кесганингиздан кейин пуллашингиз ҳам мумкин. Менга у керак эмас.
Албатта дарахт уларга керак эмас, қандай йўл билан бўлмасин, асосийси, ундан қутулиш муҳим. У бир муддат янги хонадон бекасининг боғда ўтқазган гуллари кўкармаётгани, бу ҳам етмаганидек, унинг кўланкаси ҳашаматли айвонини ҳам тўсиб қўйгани учунгина, шунча йиллик қадрдонини ҳар куни лаънатлаб, сўкишини тасаввур қилди. Ҳа, хотинининг тинмайдиган жағини ўчириш учун бу эркак қанча бўлса шунча тўлашга тайёр… Унинг учун қўлини чўнтагига суқиш кифоя. Керакли пулни олиб беради. Бу бойларга бундан осон иш бор эканми? Қўшни диққат билан аёлни кузатиб турди. Унинг ҳамон иккиланаётганини ва ҳали у ўз мақсадига тўлиқ эришолмаганини сезди.
– Олтмиш минг – бу жуда кўп, – такрорлади эркак. – Келинг, яхшиси олтмиш беш мингга тўхтаймиз!
Аёл бутунлай эсанкираб қолди. Кейин унинг лабида майин табассум пайдо бўлди. Улар бу дарахтни йўқ қилишни қанчалар исташяпти-а? Илк марта аёл ўзида йўқ пуллар, қўлга киритиш мумкин бўлган нарсалар ҳақида эмас, балки ўзида бори ҳақида ўйлади. Бу фикр унда ғурур туйғусини уйғотди ва кўзлари бахтиёрликдан чақнади. Пул топилади ва ўшанда у истаган нарсасини сотиб олиши мумкин, бироқ фақат бу дарахт эвазига эмас. У таклифга кўнди ҳам дейлик, аммо бунга дарахтнинг ўзи нима деркан? Ундан ҳеч ким сўрамади-ку, қадрдони бу ишга розилик билдирармикан? Кўнмайди… қолаверса бунга ўзи ҳам кўнмайди, то тирик экан, қадрдонини қўпориб ташлашларига йўл қўймайди. Болаларидан ҳам азиз бўлиб қолган абадий яшил дарахт учун олтмиш беш минг кўп эмас, аслида кам. Чунки у оддий дарахт эмас… У бебаҳо… Ахир улар шунча йил ёнма-ён яшашди…
– Хоним…
Аёл қатъий ишонч билан бош чайқади.
– Йўқ, жаноб, бунинг сира иложи йўқ.
– Истасангиз яна…
– Тушунмаяпсиз, жаноб, гап пулда эмас, – деди аёл қатъий.
Қўшниси аҳмоқ эмасди. У бир муддат аёлнинг юзи­га тикилиб турди-да, энди уни кўндиролмаслигини ту­шунди ва тортишиб ўтирмай, хайрлашиб ортига қайтди.

* * *
Кечки овқат маҳали қариялар ошхонада хира нур сочаётган чироқ шуъласи остида суҳбатлашиб туришганди.
– Бугун янги қўшнимиз уйга келди, – деди аёл. Эр ҳушёр тортиб, хотинининг оғзига тикилди. – Дарахт учун олтмиш беш минг таклиф қилди.
– Қанча? Қанча? Олтмиш беш минг… Таклифини қабул қилдингми?
– Йўқ.
– Нега рози бўлмадинг? – сўради у хотинига синовчан назар ташларкан.
– Пулга ҳамма нарсани ҳам сотиб ололмаслигини тушуниши керак. Агар шундай бўлса, бу дунёда ҳеч ниманинг қадри қолмайди.
У ғурур билан сўзлаётган хотинига меҳрли ни­гоҳларини қадади.
– Одам ўз дўстларини сотмаслиги керак. Ахир биз шунча йил бирга яшадик… – деди хотиржам.
Ташқаридан эса қалин дарахт баргларининг шамолда шитирлаган товуши эшитиларди…

Инглиз тилидан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 12-сон.