Эдмон Ростан. Сирано де Бержерак (комедия)

(Беш пардали қаҳрамонлик комедияси)

Иштирок этувчилар:

Сирано де Бержерак – шоир
Кристиан де Невилет
Граф де Гиш
Рагно
Ле Бре
Капитан Карбон де Кастель-Жалу
Гаскон гвардиячилари
Линьер
Капельмейстер
Де Вальвер
Монфлёри
Бельроз
Жодле
Кюижи
Брисайль
Шилқим
Испан офицери
Биринчи кавалер
Иккинчи кавалер
Биринчи хизматкор
Иккинчи хизматкор
Томошабин
Ғулом
Биринчи маркиз
Иккинчи маркиз
Эшик оғаси
Шаҳарлик
Унинг ўғли
Киссавур
Бертранду, бурғучи
Капуцин
Роксана
Волида Маргарита
Роҳиба Марта
Роҳиба Беата
Лиза
Буфетчи аёл
Оқсоч
Гул сотувчи аёл

Гвардиячилар, мушкетёрлар, маркизлар, кавалерлар, шаҳар аҳли, ғуломлар, шоирлар, актёрлар, скрипкачилар, томошабинлар, хонимлар, роҳибалар, ўқувчилар, болалар, сомсапазлар, майда ўғрилар, испан аскарлари, хизматкорлар ва ҳоказолар.

Дастлабки тўрт ҳаракат 1640 йили, бешинчиси 1655 йили содир бўлади.

Бургунд меҳмонхонаси манзаралари

Бургунд меҳмонхонасининг 1640 йилдаги томоша зали. Театр томошалари қўйишга мослаштирилган кенг-мўл саҳн. Зал тўртбурчак шаклида. Унинг бир томонидаги декорация бор бўйича ўнг томондаги олд бурчакдан орқа чап бурчаккача чўзилиб, саҳна билан бурчак ҳосил қилади ва биз унинг бир қисмини кўра оламиз. Саҳна пардаси бўйлаб икки томонга ўриндиқлар қўйилган. Парда иккига ажралувчи қисмлардан иборат, юқори қисмида қироллик тамғаси акс этган. Саҳнадан залга кенг пиллапоялардан тушилади. Зиналарнинг ҳар иккала томонида скрипкачилар учун ўриндиқлар бор. Қандилда мум шамлар. Ён галерея икки қаватли; тепадагиси ложаларга бўлинган. Воқеалар юз берадиган партерда ўриндиқлар йўқ. Унинг ичкарироғида, ўнг томонда бир қатор нарвончали ўриндиқ яққол кўзга ташланади; ундан нарироқда, зина (томошабинга унинг қуйи поғоналаригина кўринади, холос) тагида – гул солинган гулдонлар , биллур қадаҳлар, шишалар, пишириқ солинган ликопчалар ва ҳоказолар терилган, шифтига қандиллар осилган буфет.
Ичкарида, ўрталиқда, ложали галерея остидан театрга кирилади. Дарвоза томошабинлар кирганда очилиб-ёпилиб туради. Эшик табақалари, бурчаклар ва буфет пештоқига “Клориза” деб ёзилган қизил афишалар ёпиштирилган. Парда кўтарилганида ғира-шира ва бўм-бўш зал кўринади. Қандиллар қуйи туширилган ва ҳали шамлар туташтирилмаган.

БИРИНЧИ ПАРДА

Биринчи кўриниш

Оломон аста-секин тўпланмоқда. Кавалерлар, шаҳарликлар, хизматкорлар, ғуломлар, ўғрилар, эшик оғаси, маркизлар, Кюижи, Брисайл, буфетчи аёл, скрипкачилар ва ҳоказо. Девор ортида шовқин, кейин кавалер отилиб кириб келади (эшик оғаси унга эргашиб).

Эшик оғаси:
Чиптага пул қани, йўқса, ортга қайтсинлар!
1-кавалер:
Хомкалла, бизга ҳамиша текин.
Эшик оғаси:
Сабаби, нечун?
1-кавалер:
Овозингни ўчир, муттаҳам,
Кимсан, ҳазрати олийларининг қўриқчисиман!
(ўтиб кетади)
Эшик оғаси: (эндигина кириб келган иккинчи кавалерга)
Марҳамат қилиб чиптангизни кўрсатинг!
2-кавалер: Сени қара-ю, қанақа чипта,
Менга доим томоша текин!
Кўрганмисан тўлаганимни?
Эшик оғаси: Лекин…
2-кавалер: Мен – мушкетёрман!
Эшик оғаси: Мана сизларга ақча!
Ўтказмай илож қанча!
1-кавалер:(иккинчисига) Бошланиши иккида эди,
Томошагоҳ эса ҳамон бўш.
Кел, машқ қилиб турамиз,
Нима фойда бекор ўтириб.
Яна ортар маҳоратимиз
Қилич билан вақтни ўлдириб.
(қиличларини суғуриб машқ қила бошлайдилар)
1- хизматкор: (иккинчисига) Жи-м… жи-м…
2- хизматкор: Шампань виноси?
1-хизматкор: (Қўйнидан қарта ва ошиқларни олиб кўрсатади)
Йўқ, кўряпсанми? Қарта ва ошиқ.
Меҳмонлар келгунча бир қўл кўрайлик!
2-хизматкор: Биласан-ку, шинавандаман!
О, мен сенга ҳамтовоқ бўлиб
Ҳар балога тайёрман доим.
1-хизматкор: Яшавор, эркак! (Чўнтагидан шам қолдиғини олиб ёқади ва полга ўрнатади). Мана озгина нур,
Бу шамни
Граф даргоҳидан эплаштирганман.
Гвардиячи: Қандай яхши театрга келганинг чоғ
Ғира-шира бўлса ҳаммаёқ!
(Гулчи қизнинг белидан тортади)
Жанжалкашлардан бири (зарба оларкан): Тегди!
Қиморбозлардан бири: Мен валетни солдим!
Гвардиячи (гулчи қизни таъқиб қиларкан): Биттагина ўпич!
Гулчи қиз: Оҳ, йўқ, кўриб қолишар.
Гвардиячи (қизни қоронғи бурчакка тортиб):
Бу жойда ҳеч ким йўқ,
Ҳа, бехижолат!
1-томошабин (полга жўралари билан ўрнашиб, ўртага егулик қўяркан): Оломон йўқ, итар-итар йўқ!
Вақт ғанимат,
Маза қилиб еб-ичиб олинг!
Шаҳарлик (ўғилчасини етаклаб): Бу ёққа ўғлим, бу ёққа,
Шу атрофдан яхши кўринар.
Қиморбоз: Туз, дама ва валет!
Ғиштиндан келди!
2-томошабин (ёмғирпўш қўйнидан шиша чиқариб, ўрнашиб ўтиради):
Майхўр сифатида тортай танобин,
Бургунд отелида Бургунд шаробин.
Шаҳарлик (ўғлига): Қай гўрга кеп қолдик? Кўзойнагим бер.
Эҳ, ахлоқ (ҳассаси билан майхўрни кўрсатади) харобот аҳли, (жанжалкашлардан бири тисарилиб туртиб юборади) худобезорилар! (қиморбозлар даврасига кириб қолиб) қиморбозлар.
Гвардиячи (Гулчи қизга шилқимликни давом эттириб): Биттагина ўпич!
Шаҳарлик (Ўғлини ҳушёр чеккага тортиб): Мана шу даргоҳ
Машҳур ротрага ҳам бўлганди гувоҳ.
Шаҳарликнинг ўғли: Корнелни, ота!
Шаҳарлик: Ғам босдими, айт?
Қувноқ ғуломлар тўдаси бир-бирларининг қўлларидан тутиб, қўшиқ айтиб кириб келишади.
Эшик оғаси (таҳдид билан): Шовқин-сурон солманг, ғуломлар!
1-ғулом (ғурури топталган қиёфада): Э тақсир, нималар дейсиз?
(Эшик оғаси ўгирилгач, шеригига шўх-шан): Чилвир ёддан чиқмадими?
2-ғулом: Илмоқ ҳам ёнимда. Сен хотиржам бўл!
1-ғулом: Жуда соз: чапдастлик билан бир неча парикни овлаймиз бугун.
3-ғулом: Ҳамма юқорига.
2-ғулом: Хўп, қани, кетдик.
Қиморбоз: Туз қарға!
Киссавур (атрофида бир неча шубҳали шахслар):
Диққат, фирибгарлар, о, сиз ҳаваскор,
Бунда ҳунарингиз кўрамиз илк бор.
Қовун туширмайсиз, сиздан кўнглим тўқ!
2-ғулом (галереяда ўтирган бошқа ғуломга бақириб): Туппак ўзингдами?
3-ғулом (юқоридан): Ҳа, нўхат билан бирга!
(Нўхат солинган туппакдан пастга қараб “ўқ” отади).
Шаҳарликнинг ўғли: Бугун нима қўйишар экан?
Шаҳарлик: “Клориза”ни.
Шаҳарликнинг ўғли: Муаллифи ким?
Шаҳарлик: Баро. Пьеса тўла қизиқ бир тилсим.
(ўғли билан қўлтиқлашиб ўтиб кетади)
Киссавур (ўз шотирларига):
Пўримларнинг чўнтагини кесинглар чаққон!
Бир томошабин (шеригига):
Кўрдингми, бу жойда “Сид”ни қўйишган.
(ўриндиқлардан бирига ишора қилиб)
У кунлар қалбимда яшайди ҳамон.
Киссавур (тегишли ишоралар билан):
Соатларни уринг кўзингиз тушган!
Шаҳарлик (ўғлига): Ҳозир ўз қаршингда кўрасан қатор
Машҳур артистларни, димоғдор, номдор…
Киссавур (гўё ўз чўнтагидан тез-тез ниманидир олаётгандай):
Дастрўмол ҳақида ортиқ ташвиш йўқ,
Чўнтакка тушишдан осонроқ иш йўқ.
Шаҳарлик (ўғлига): Бопре, Бельроза, Монфлерни кўрасан.
Овоз (юқори галереядан): Бошланглар!
1-ғулом (партерда шеригига): Ана у воҳ-воҳ қандай шан!
Бормикин бу қадар латиф сиймтан?
Буфетчи аёл (тўсиқ олдига келиб):
Чанқовбосдилар бор, марҳамат мана.
Малина ва лимон шарбати яна!
Мураббо, сут, норанж қиёми!
Эшик ортидан бировнинг қичқириғи: Йўл бўшат, қораялоқ! Тез!
1-қарол (ҳайратланиб): Маркизларми?
2-қарол: Рост.
1-қарол: Келишяпти. Партерга, наҳот?!
2-қарол: Бир неча дақиқа, холос!
1-маркиз (ярми бўш залга кириб):
Ие, элдан бурун келибсиз, ажаб,
Дабдабасиз, пасткаш мешчанга ўхшаб.
Шовқин кўтармасдан, босмасдан оёқ,
Уят-е! Суф бизга! Шаънимизга доғ.
(эртароқ келган бошқа зодагонлар билан саломлашади)
Э-ҳа! Кюижи! Брисайль!
(қучоқлашади)
Бундайин дийдордан ёқимли не бор?
Намунча вақтли?
Кюижи: Ҳа, ҳамма художўй, келибмиз илдам,
Бизга мунтазирдек бу ердаги шам.
1-маркиз: Эҳ, гапирма, менинг қайнади қоним,
Кюижи: Шамчи келди, ўзни бос қадрдоним.
Барча йиғилганлар шамчини олқишлар ила кутиб олишади ва у ёқаётган қандил остида тўпланишади. Галереяда бир неча қиёфалар пайдо бўлади. Линьер Невилет билан қўлтиқлашиб партерга ўтади. Линьернинг усти боши тартибсиз, у уйқудан турган одамни эслатади.­ Крис­тиан рисоладагидек кийинган, лекин сал эскичароқ, хавотирли қиёфада ложага қараб-қараб қўяди.

Иккинчи кўриниш

Ўша Кристиан, Линьер, Рагно ва ле Бре.

Кюижи: Линьер!
Брисайль (кулиб): Ҳалиям ҳушёр? Қандай эврилиш!
Линьер (Кристианга секингина): Таништириб қўяман сизни
(Кристиан розилик билдириб бош ирғайди).
Барон де Невилет!
Улар бир-бирларига таъзим қилишади.
Оломон биринчи ёқилган қандилни шифтга кўтарилишини олқишлайди.
Кюижи (Кристианни кузатаркан, Брисайлга айтади):
Бинойидек келишган!
Брисайль (Кюижига): Жонон йигит, шубҳасиз!
1-Маркиз (бу сўзларни эшитиб): Ҳ-м! Нимасини айтасиз!
Линьер (таништиради): Кюижи… Брисайль…
Кристиан (таъзим қилиб): Ҳаяжондаман.
1-Маркиз (иккинчисига): Ҳа, йигит чаккимас, лекин бу либос…
Ё Тангрим, нақ отам замонига мос!
Линьер (Кюижига): Барон ҳозиргина Турендан келди.
Кюижи: Йўлнинг чарчоқлари чиқдими?
Кристиан: Шукр, йигирма кун бўлди Париждаман мен.
Гвардия полкига киргум эртага.
Буфетчи аёл: Мева-чева, сут!
Скрипкачилар (чолғуларини созлаб): Ла-ла…
1-Маркиз (аста-секин тўлиб бораётган ложага қараб): Мадам Обри! Қара, қандай мафтункор!
Хира пашша доим ёнида тайёр.
Кюижи (Кристианга зални кўрсатиб): Одамни қаранг!
Кристиан: Ур-йиқит, сурон!
1-Маркиз: Жамият қаймоғи! Мана хонимлар!
Улар аёлларнинг ясан-тусанига қараб ўзларича баҳолашади, кейин ложага кириб, бир-бирларига табассум билан таъзим қилишади.
2- маркиз: Мадам де Ҳемене!
1-маркиз: Мени хароб этган.
Кюижи: Мадам де буа-Дофен…
2-маркиз: Қаршисида биз
Мудом ҳайратдамиз, тилимиз ожиз!
Брисайль: Мана гўзал мадам де Шавиньи
2-маркиз: Бизни суйиб суймадилар, озод қўйиб қўймадилар,
Дилимизни бармоғида олма каби ўйнадилар.
Линьер: Ие, Жаноб Карнел келмиш Руандан.
Шаҳарликнинг ўғли (отасига): Шу ердами академия ҳам?
Шаҳарлик: Барча жамулжам.
Будю, Поршер, Бурзе эҳтиромга лойиқ,
Кюро, Бурдон, Арбо… О, қандай номлар!
Асло унутмайди тарих, халойиқ.
1-маркиз: Тамтам хонимчалар жойлашмоқдалар!
Ана Феликсерия, Бартеноида мана,
Иримедонта… Кассандия, Филлида яна…
2-маркиз: О, бу наслу насаб! Гўзал нақадар!
Нозик, латиф, муҳташам!
Барчасини танирсиз, маркиз?
1-маркиз: Ҳа, танийман барчасин, маркиз.
Линьер (Кристианни четга тортиб):
Сизнинг кўнглингиз-чун келгандим асли
Аммо кўзларингиз ҳамон нигорон.
У бу ерда йўқми?
Кристиан: Таассуф!
Линьер: Унда менга рухсат.
Кристиан (ялиниб): Йўқ! Қўшиқларингизда катта-кичик жо,
Бутун бошли шаҳар, шунингдек, сарой.
Сиздан бошқа ҳеч ким мадҳ этолмайди
Мен севган гўзалнинг исму талъатин.
Капельмейстер (пюпитрани камонча билан тақиллатиб):
Скрипкачилар диққат! Бошлаймиз
(камончасини кўтаради)! Қўлга олинг камончаларни.
Буфетчи аёл: Лиму шарбати, бисквитлар, сомсалар…
(Скрипкачилар чала бошлайди)
Кристиан: У ҳаддан ташқари ишвагар, танноз,
Шу мени чўчитар негадир мудом.
Унга муносибдир латофату ноз,
Унинг наздида мен нодон бир одам.
Бу ердаги шева, ёзув санъати
Мендек аскарга ҳам тубан ғалати…
У ложа четида, жойи ўнг тараф.
Линьер: Бефойда? Мен кетдим. Мени кутмоқда
Майхонада улфат.
Кристиан (уни тўхтатиб): Кетманг!
Линьер: Йўқ!
Кристиан: Ё раб!
Қолинг!
Линьер: Жон деб қолардим
Аммо ташналикдан ўлгум бегумон.
Буфетчи аёл (унинг олдига патнис кўтариб келади):
Шарбатдан қуяйми?
Линьер: Э…
Буфетчи аёл: Сут-чи?
Линьер: Бе…
Буфетчи аёл: Шароб?
Линьер: Тўхтанг-чи…
Буфетчи аёл: Мана Руссильоннинг ўткир шароби.
Линьер (Кристианга): Ўзингизни босинг. Мен қолар бўлдим.
(буфетчи аёлга) Қани, қуйинг энди, шароб лиммо-лим.
(Ўрнашиб ўтириб олиб ичади)
(Семиз, пакана ва қувноқ одам кўриниши билан томошабинлар орасидан ҳайқириқлар эшитилади)
Овозлар: Рагно, Рагно, Рагно!
Линьер: Рагно бу шуҳратли моҳир пазанда,
Артистларни сийлаб юрувчи банда.
Рагно(ошпаз кийимида Линьерга тез яқинлашади):
Узр, тўрам, безовта қиляпман сизни
Шоир Сиранони кўрмадингизми?
Линьер (Рагнони Кристианга таништиради):
Актёр, шоирларнинг валинеъмати.
Рагно (талтайиб): О, тўрам, бу ишнинг кўпдир лаззати.
Линьер: Қўйинг ҳимматли зот!
Рагно: Ҳа, бу жаноблар
Ташрифлари билан мени айлар шод.
Линьер: Ҳамиша насия, гоҳида текин,
Ўзининг ҳам таъби назми бор лекин.
Рагно: Ким билади дейсиз.
Линьер: Шеърлар тўқийди.
Рагно: О, баҳра олмоққа назм наҳридан…
Линьер: Бу кишим ўтгайлар сомса баҳридан.
Рагно: Тўғри, фақат майда сомсаларимдан.
Линьер (Кристианга): Тентак, шу гапни ҳам бўйнига олар.
(Рагнога қараб)Йўқ-йўқ, ёполмайсиз айбингиз тамом.
Сизда қанча турар тўртликнинг нархи?
Оддий шеърга қанча тўлайсиз?
Рагно (бўшашиб): Бир жуфт обинон.
Линьер (таҳдидли): Ширмой эмасми?
Кристиан: Севасизми театрни ҳам?
Рагно: Бундан ортиқ бахт йўқ бегумон.
Линьер (Кристианга қараб): Чиптани сомсага айрибошлар бу.
(Рагнога қараб) Айтинг-чи, саволим ўзаро гапу
Қанчага тушдийкин бугунги чипта?
Рагно: Умуман.
Линьер: Йўқ-йўқ, опқочмасдан гапиринг уста.
Рагно: Тўрт дона мағизли қатлама ҳамда
Йигирмага яқин мазали гумма.
Линьер (кулиб): Ҳаҳ-ҳа, буни қаранг-а
Рагно (аланглаб): Бўлса ҳам кеч,
Сирано кўринмайди ҳеч.
Тинчлик бўлсин-да!
Линьер: Сиранода не ишингиз бор?
Рагно: И-э, билмайсизми?
Линьер: Яна нима гап?
Рагно: Манфлери ўйнайди бугун
Линьер: Шоирга нима?
Рагно: Сирано тинч қўймас бу бўғирсоқни.
Линьер: Кулгимни қистатманг!
Нимани талашар бу тўнка билан,
Саҳнада гулчамбар тўқийдими ё
Тўнка ва Сирано?
Рагно: Наҳот сизга ноаён
Манфлеридан жирканар шоир
Ва уни саҳнага топмиш нолойиқ
Леньер (тўртинчи қадаҳни ичиб тугатаркан): Кейин-чи?
Рагно: Унинг сўзига бўйсунишдан бош тортди актёр
Ва чиқмоқчи бугун саҳнага.
Кюижи (ҳамроҳларига яқинлашиб): Сен менга инон
Шоиринг қўлидан ҳеч вақо келмас.
Рагно: Оҳо-оҳо! Бизга шу томоша керак.
1-маркиз:Сираноси ким?
Кюижи: Ғаройиб инсон,
Каллакесар ҳамда ёвқур, паҳлавон…
2-маркиз: Машҳурми?
Кюижи: Ҳм… Қозонган шуҳрат:
Гвардияда хизмат қилар у
(афтидан кимнидир қидириб юрган жанобни кўрсатиб)
мана унинг дўсти Ле Бре
У ҳаммадан яхшироқ билар (чақиради) Ле Бре!
Сиз менимча Сиранони қидирмоқдасиз?
Ле Бре: Унинг йўқлигига ҳайронман рост гап,
Ташвишга соляпти мени бу ҳолат.
Кюижи: Де Бержерак каби зот билан
Эски дўстсиз, қандай аломат!
Ле Бре (жонланиб): Мен ундан ғаройиб одам кўрмадим.
Рагно: Асти айтманг! Талантли адиб!
Ле Бре: Ва созанда!
Брисайл: Ажойиб физик!
Кюижи: Ва дуэлбоз!
Линьер: Қиличидек кескир ақли ҳам.
Лекин жимжимадор кийган либоси,
Бошқача қиёфа бахш этар рости.
Рагно: Тўғри, Сиранонинг сурати бизга
Авлиё Филиппни эслатмас мутлоқ.
Эскича урфдаги либоси шундоқ
Калонинг арвоҳин шод айлар, ўртоқ.
Енгил боши ажиб, ақли югурик,
Ғайрату шиддати бамисли чақмоқ.
Шўх, жанжалкаш, сал ғалатироқ.
Шляпасин чапанича қўндирган бошга,
Йўл-йўл чакмони ҳам ярашган ғоят,
Ёмғирпўш этагин кўтарган шамшир
Эслатар жангари хўроз думини.
Ёқаси доимо қор каби оппоқ,
Ҳамиша оҳорли – ёқа ушлайсиз.
Бурни-чи! Кўрсангиз, бамисоли тоғ,
Тасаввурга сиғмас катталигидан.
Ушбу тоғ салобат бахш этар унга.
Қаншарин кўтариб юради мағрур.
“Бурнин ечиб кейин ухласа керак”,
Деб ўйлар кўрганлар шубҳасиз, бешак.
Бурундан маълумки, ечилмас бурун.
Ле Бре (бош чайқаб): Ҳар кимки бурнига қилса ишора,
Сирано бу зотга кўради чора.
Рагно(мағрур): Ҳа, унинг олмос шамшири
Паркининг даҳшатли қайчиси монанд.
1-маркиз (елкасини қисиб): О, сизнинг нутқингиз қандай тумтароқ
Ташбеҳ, тавсифи ёрқиндир бироқ,
Кўринмайди у.
Рагно:Кўринмайди? Ўйнайман гаров,
Монфлерининг додин берар беаёв.
1-маркиз: Гаров? Хўп нимани тикамиз бунга?
Рагно: Жўжа қовурдоғи Рагно қайласи билан!
Унинг келишига тикаман.
1-маркиз: Келишдик, Сирано келмас барибир (кулади).
(Роксана ўз ложасида пайдо бўлади. Залда ҳайратомуз сурон кўтарилади. У олдинда, оқсочи орқада ўтиради. Буфетчи аёл билан ҳисоб-китоб қилаётган Кристиан Роксанани пайқамайди)
2-маркиз (тамшаниб): Ё раббано! Нақадар жозиб!
1-маркиз: Ҳаддан ортиқ гўзал, яратган Эгам!
2-маркиз: Духоба шафтоли, лаби қулупнай!
1-маркиз: Дудоғи чиннигул мисоли қирмиз.
2-маркиз: Шу қадар мафтункор, шу қадар дуркун,
Юракни олдириб қўйишинг мумкин.
(Кристиан бошини кўтариб Роксанани кўриб қолади.
Линьернинг қўлидан тутиб)
Кристиан: Оҳ, ана у!
Линьер (Роксанага кўз ташлаб): Қани? Қаерда?
Қалбингиз ўғриси шуми?
Кристиан: Ҳа-ҳа. Титраяпман. Айтинг ким асли?
Линьер (шароб хўплаб): Мадлена де Робен, Роксана дерлар.
Эрка қизлар каби нафис, оқила.
Кристиан (ҳаяжонланиб): Ҳайҳот, оқила!
Линьер:Арзийди ишқ қиссаси учун.
Озод, етим, Сиранонинг аммаваччаси,
Бизнинг қаҳрамон.
(Шу дақиқада елкасидан ҳаворанг тасма ўтказган
жуда пўрим Велможа ложага кириб, тик турган ҳолда
Роксана билан суҳбат бошлайди)
Кристиан (қалтираб): Ким у Роксанани суҳбатга тортган?
Линьер (кайфи ошган, кўз қисиб): Де Гиш – ошиқи беқарор,
Аммо бари бекор.
Кимсан Арман Решильега куёв бўлади.
Лекин кўнглида Роксанани узатсам дер
Граф де Вальверга. Бечора жаноб.
Қулай эр бўларди шаксиз-шубҳасиз.
Қиз қарши бўлса-да, Де Гиш нуфузи.
Бу ишни ҳал қилар ўзидан-ўзи
Бир қўшиқ тўқидим, дўстлар, яқинда
Киборлар ва кирдикорлар ҳақида.
Биламан у мени қўймайди омон,
Унинг қилмишларин этганман баён.
Айниқса, хулоса…
(қўлида қадаҳ билан ўрнидан тураётиб чайқалиб кетади)
Кристиан:Уринманг,
Мен кетдим.
Линьер: Қаён?
Кристиан: Вальвер ёнига.
Линьер: Эҳтиёт бўлинг,
У сизни ўлдирар!
Нега керак сизга ўша эркак ғоз?
(нигоҳлари билан унга Роксанани кўрсатади)
Сизга қараяпти у, кетмай туринг!
Кристиан (ложага назар ташлаб): Хўп, қолдим…
(ҳафсаласиз кўринади)
(Ўғрибаччалар тўдаси уни карахт ҳолда анграйиб турганини кўриб секин яқинлашишади).
Линьер: Биз энди кетдик. Қовоқхона чорлайди бизни!
Хумори тутяпти!
(чайқалганча кетади)
Ле Бре: (зални айланиб Рагно ёнига қайтади, қониқиш билан)
Қораси ҳам кўринмас унинг!
Рагно (иккиланган овозда): Бироқ…
Ле Бре: Эҳтимол эълонни ўқимагандир?
Овоз: Бошлангларда энди!

Учинчи кўриниш

Яна ўша давра, фақат Линерсиз: де Гиш, Вальвер, кейин Монфлери.

1-маркиз (Роксананинг ложасидан чиқиб, портерга келиб лаганбардор зодагонлар даврасига қўшилган де Гишни кўриб қолади; улар орасида де Вальвер ҳам бор):
Де Гиш даврасига бир қара!
2-маркиз: Гасконияликмиш тағин, фу!
1-маркиз: Лекин доно ҳамда совуққон.
Ғалабага ташна. Шунинг учун ҳам
Ҳамма унинг раъйига қарам.
Юр, яхшиси, бориб икковлон,
Таъзим айлаб кутайлик карам…
(Де Гиш томон юра бошлайди)
2-маркиз: Ажабтовур тасма! Айтинг-чи, граф,
“Кабутар қуйруғи” деганими шу?
1-маркиз: “Ўп мени Лизетта” деб ном олган бу ранг.
Де Гиш: Йўқ, ўтлаб кетдингиз икковингиз ҳам:
Бу тасманинг номи – “Касалманд испан”
1-маркиз: Рангига тил ожиз, муҳтарам граф,
Ҳолатга мос тушмиш, сизга йўқ тараф.
Сизнинг хизматингиз, жасоратингиз
Туфайли барчанинг кўнгли бирдай тўқ:
Сиз бор – испанларга кун йўқ, омон йўқ!
2-маркиз (кулиб): Ҳа, сен ҳақсан!
Де Гиш: Миннатдорман сиздан жаноблар,
Энди юринг саҳна ортига.
Интизор кутмоқда актрисалар.
(барча маркиз ва зодагонлар ҳамроҳлигида йўл олади, бирдан тўхтайди ва қайрилиб) Кетдикми, Вальвер?
Кристиан (бу исмни эшитиб қалтираб кетади):
Вальвер? Ҳа, ярамас!
Лаънатининг башарасига…
(чўнтагига қўл солиб, тунаётган ўғриваччанинг билагидан тутади. Қайрилиб қараб): Нима?!
Ўғри: Вой жоним! Во-ей!
Кристиан (уни қўйиб юбормасдан): Қўлқопим топдим.
Ўғри(аянчли кулиб): Қўлқопнинг ичида менинг қўлим бор.
(сўз оҳангини ўзгартириб, тез ва паст товушда)
Қулоқ солинг… мени қўйворсангиз гар,
Мутлақ янги гапдан топгайсиз хабар.
Кристиан (қўлини қўйвормай): Қанақа миш-миш?
Ўғри: Сир.
Кристиан:Қанақа сир?
Ўғри: Ҳа-да, биз учун ҳазил ғирт харом.
Линьер ёнингиздан кетдику ҳозир…
Кристиан (Ўғрининг қўлини тутганча): Линьер?
Хўш, нима бўпти?
Ўғри: Унинг куни битган – ишончим комил.
Аёвсиз фош этмиш шеърда тўрани,
Бугун тунда кутар бир тўда қотил,
Юз киши… мен ҳам…
Кристиан: Эҳ, муттаҳам! Сени…
Ўғри: Сизни алдаб менга нима наф?
Бу қасосдир, шу – эркакча гап!
Кристиан: Ким олмоқчи ўч? Айт, кимдир қасоскор?
Ўғри:Батамом сотмоққа қўймас виждон, ор.
Кристиан (елкасини қисиб): Ҳа-ҳа.
Ўғри (кўкрак кериб): Доғ туширмам касбим шаънига.
Кристиан:Қайда кутишяпти қотиллар уни?
Ўғри: У келган чоғ Нельск минорасин ёнига
Ёпирилиб қасд қилурлар ногоҳ жонига.
Огоҳ этмоқ лозим!
Кристиан (ниҳоят уни қўйиб юборади): Топурмиз қайдан?
Ўғри: Қовоқхонадан-да!
Кристиан: Йўқ тополмайман –
Ҳар хил қовоқхона менга бегона.
Ўғри: У қадар кўп эмас асли майхона:
“Бир жуфт машъала” ва “Уч олтин қарға”,
“Яшил чўчқа” билан “бўм-бўш челак” бор.
Ғариб “Оқ эшшак” ҳам кун кўрар зўрға,
Ҳар бир майхонада қолдиринг хабар!
Кристиан: Мен кетдим! Дунёда қолмабди инсоф!
Биргина шоирга юз нафар каззоб!
(Роксанага меҳр билан қарайди)
У шунда қолурму?
(Вальверга ғазабланиб тикилади)
Бу шундай қолурму?
Ҳайҳот! Мен Линьерни қутқазишим шарт!
(тез чиқиб кетади)
(Де Гиш, Вальвер, маркизлар – барча зодагонлар ўриндиқларга
жойлашиш учун парда ортига ўтишади. Партер тўлади.
Галерея ва ложаларда бўш жой қолмайди).
Халойиқ:Бошла! Бошла! Бошла!
Шаҳарлик (юқори галереядаги безори болалар унинг паригини илмоқ билан тортиб олишади): Нималар бўляпти? Паригимга тегинманглар.
Овозлар(халойиқ орасидан) Яша ўғил бола, кал экан-ку чол!
Шаҳарлик (қутуриб мушт ўқталади): Ҳе, қароқчи!
Овозлар(халойиқ орасидан): Ҳа-ҳа-ҳа-ҳа!
Шаҳарлик: Лаънати махлуқ!
Овозлар (халойиқ орасидан): Ваҳ-ҳа-ҳа-ҳа-ҳа-ҳа! (шовқин ва кулги аста-секин пасаяди).
Ле Бре:Бирдан сукут чўкди бу недан дарак?
(томошабинлардан бири унинг қулоғига нимадир деб шивирлайди).
Йўғ-э!
Томошабин: Ҳозир айтишди.
(халойиқ орасида шивир-шивир)
Жим… – йўқ… наҳотки… ёпиқ ложада!
Жим… жим! – Кардинал! Жим-э! – Кардинал!
Безори:Жуда ғалати-ку! Сипо тутаманми энди ўзимни?
(Саҳнада тарақлаган овоз эшитилади. Ҳамма тинчланади).
1-маркиз (саҳна четидаги парда тирқишидан бош чиқариб): Стул берворинглар!
(Одамлар бошлари узра қўлма-қўл қилиб унга стул узатишади.
Маркиз ложага қараб ҳавойи бўсалар йўллаб,
стулни тутганча кўздан ғойиб бўлади).
1-томошабин: Ҳов, эшикни қиялатиб қўй!
2-томошабин: Жим… жиминг!
(Яна саҳнада уч марта тақиллаган товуш янграйди, парда кўтарилади. Саҳна четларида маркизлар талтайиб ўтиришибди. Орқадаги декорация оч ҳаворанг. Тўртта мўъжаз биллур қандил саҳнани ёритиб турибди. Скрипканинг майин мусиқаси).
Ле Бре (Рагнога секин): Монфлери ҳозир чиқарми?
Рагно: Ҳа, ҳозир.
Ле Бре: Лек ҳамон кўринмас Сирано – шоир.
Рагно: Ҳа, мен ютқаздим.
Ле Бре: Жуда соз!
(Дулайка товуши остида саҳнада чўчқадек семиз чўпон кийимида: қулоғигача атиргулли шляпа бостирган Монфлери пайдо бўлади. Тасмалар билан безтилган валинка чалади).
Партёр (олқишлаб): Монфлери!
– Аҳай! Монфлери, офарин!
Монфлери (таъзим бажо айлаб, Федон ролини ижро эта бошлайди):
“Бунда жам бўлганлар қандай бахтиёр,
Тақдирга бош эгиб кун кўрар сокин.
Майин тонг сабоси эсаркан такрор…”
Овоз (партердан): Ҳа-а-а, аблаҳ! Мен сенга бир ой
Саҳнага чиқишни ман қилгандим-ку.
(Умумий ҳис-ҳаяжон. Ҳамма орқага қайрилиб қарайди.
Шовқин-сурон)
Овозлар: Нима гап?
Нима?
Нималар бўляпти?
Кюижи: Бу ўша!
Ле Бре (қўрқиб): Ё Тангрим! Сирано!
Овоз: Лаънати! Лўттивоз, мен сенга у кун
Саҳнага чиқмайсан дегандим бир ой!
Шу қилган ишингнинг бадали учун
Энди икки ойга чўзилар муддат!
Қани туш, думингни тугаман бугун!
Халойиқ (ҳайрон): О-о!
Монфлери: Лек маъзур тутасиз…
Овоз: Тўхта ярамас!
Дамингни чиқарма!
Халойиқ: Жим… жим… Бўлди! жим… ўйна, Монфлери!
Чўчима биз бор!
Овоз: Кўзингга қара!
Монфлери (иккиланиб): “Кимки оломондан йироқ бўлса, бас,
Бахтиёрдир ўша…”
Овоз: Масхарабоз мохов, ҳассам зарбини
Соғиниб қолдингми? Шоир ярамас…
(Партердаги оломон боши узра юқори кўтарилган ҳасса пайдо бўлади)
Монфлери (борган сари хаста товушда): “Кимки оломондан…”
(ҳасса силтанади).
Овоз: Тинчгина йўқол!
Партёр (ҳамма ёппасига): Ўҳ-ў!
Монфлери(бўғилиб): “Кимки оломондан…”
Овоз: Дўзахи, лаин!
Ғазабимни оширма!
(Бирдан Сирано пайдо бўлиб, стулга сакраб чиқади. Қўлини чалиштиради. Бошида ўша чапанича шляпа. Бурама мўйлов, даҳшатли бурун. Ҳамма лол).

Тўртинчи кўриниш

Ўша ҳолат ва Сирано, яна Бельроз, Жодле.

Монфлери (маркизларга): Ёрдам беринг, жаноблар!
1-маркиз (бамайлихотир): Ўйнасангиз-чи!
Сирано: Агар яна ҳаддингдан ошсанг,
Мазза қилиб ейсан калтагим!
2-маркиз: Бас!
Сирано: Ие! Не деб сайрар маркизлар?
Ғижимланса либоси агар,
Ранжимасми кўнгилчалари?
Ҳамма маркизлар (ўрниларидан туриб):
Ўйнайверинг Монфлери!
Сирано: Яхшиликча уйга йўл олгай,
Йўқса буткул қулоқсиз қолгай.
Кимнингдир овози: Аммо…
Сирано: Йўқол!
Бошқа товуш: Бироқ…
Сирано: Нима? Ҳамон шундасан? Аъло!
Ҳозир майхонага айланар саҳна.
(енгларини шимаради)
Япроқ қилиб тўғрай ёғли қазини.
Монфлери (ўз номусини асраш учун):
Лекин хуруж қилиш одобдан эмас!
Бунда Талия ҳам хафа шу нафас.
Сирано (жуда хушмуомалалик билан):
Йўқ, жаноб! Сиз учун ўгай, бегона
Ижод фариштаси учратса сизни
Сумбатингиз кўриб ёқа тутарди.
Ахлатқути каби қорнингиз у
Эски шиппагини ташлаб ўтарди.
Партёр: Бас! – Монфлери! – Қўйинг ўйнасин!
Сирано (ён-атрофда қичқираётганларга):
Илтимос, марҳамат кўрсатинг бизга,
Агар тошар бўлса сабрим косаси
Даврада жаранглар қиличим саси.
(Давра кенгаяди)
Оломон (чекиниб): Э!.. Э!..
Сирано (Монфлерига): Кўзимдан йўқол!
Овоз (томошабинлар орасидан): У жуда бебош.
Оломон (Сирано устига ёпирилиб ва гулдираб):
Ў-ҳов! Қувиб сол уни!
Сирано (ўгрилиб): Кимдир ҳаётидан норозими?
(Оломон яна чекинади)
Овоз (ичкаридан куйлайди): Овора бўлманг, Сирано
Айтганингиз бўлмайди.
Барибир бугун театр
“Клориза”ни ўйнайди.
Оломон (куйлайди): “Клориза”ни ўйнайди.
Сирано: Куйлаверинг яна, мен додлатаман!
Шаҳарлик: Сиз Самсонмасмисиз?
Сирано: Ҳа, дўст, бирпасга
Жағингизни бериб турсангиз қарзга.
Хоним (ложада дугонасига): Жонгинам қара-я, қандай ажойиб!
Шаҳарлик: Биринчи бор кўрдим бунақасини!
Амалдор: Тушга ҳам кирмаган.
Безори: Мазза можаро!
1-томошабин: Шунақаям бўладими?
2-томошабин: Жуда ҳаяжонли биринчи парда.
Сирано: Жим!
Партёр (жунбишга келиб): Чў-чў! Ие! Вов-вов! Қу-қу!
Сирано: Жим бўлинг!
Безори: Миёв!
(Шовқин)
Сирано:Тақиқлайман сизга шовқин солишни,
Ўчинглар! Тинглангиз менинг сўзларим!
Жасоратингизни қадрлайман мен,
Мурожаат қиламан ҳамма-ҳаммага.
Исми-шарифингиз ёзаман ҳозир,
Хўп, хўш, қани қулоғим сизда.
Ким жанг қилмоқчи?
Бу ер бемалол.
Сизларни кутмоқда олмос шамширим.
Сизга тарқатаман шартли рақамлар,
Қаҳрамонлар, келинг навбати билан
Қани ким очади илк саҳифани
Сизми, жаноб? Йўқ. Сизми? Йўқ. Сиз?
Биринчи рақиб
кутиб олинади шараф-шон билан.
Кимнинг ўлгиси бор?
Ким жондан тўйган?
Ажал назарига тушган ким бунда?
Жасур қўлларини кўтарсин тезроқ.
(Сукунат)
Лекин кўрмаяпман журъатдан нишон
Яланғоч қиличим чўчитдими ё
О, уят туйғуси, дўстсан душманга!
Демак, ҳеч ким йўқ
Давом этамиз.
(Воқеалар якунини саҳнада бетоқат кутаётган
Монфлерига ўгирилиб)
Талабим сизларга аён албатта
Қайта кўринмасин менга бу мадда.
Чиқса аччиғим
(қиличини тутади)
Илма-тешик қилар манови тиғим.
Монфлери: Мен… мен…
Сирано (стулдан тушади ва чекиниб турган томошабиинлар орасига ўрнашиб ўтириб олади):
Эшит мени чириган тўнка,
Сенга маъқул тушар менинг таклифим
Уни зудлик билан бажаришинг шарт.
Суиистеъмол қилма кўнгилчанлигим.
Мен уч бора қаттиқ чаламан қарсак,
Қоранг ўчган бўлар бирдан қарасак.
Монфлери: Мен…
Сирано (қарсак чалади): Бир!
Монфлери: Рухсат беринг аввал бир сўз айтишга.
Овоз (ложадан): Ҳеч ёққа жилманг!
Овозлар (партердан): Кетма! Қол!
Сирано: Икки!
Монфлери: Ўйлайманки, менга бўлгай муносиб…
Мен, ростдан, ҳайронман, лолман тўғриси…
Сирано: Уч!
(Монфлери ўқдек учиб ғойиб бўлади.
Кулги, ҳуштак, қийқириқ шовқини)
Овозлар (партердан): Қўрқоқ! Ожиз, нотавон!
– Бу даҳшат!
– Тиррақи!
Ҳозироқ қайт!
Сирано (стулга ястаниб ўтириб оёқларини чалиштиради):
Ҳа! Қайтақолсин Монфлери!
Шаҳарлик: Ана режиссёр
Ложа: Бельроз! Бельроз!
Овозлар (партердан): Керакмас! Бизга Жедле керак!
Тезроқ чиқсин у!
Бельроз (уқтириб): Бегойимлар, сиз ҳам жаноблар
Партёр: Йўқ, йўқ! Жодле чиқсин!
Жодле (олдинга чиқади, паст товушда): Эй сиз, қўйлар подаси!
Овозлар (партердан): Балли! Яшавор! Офарин!
Жодле: Бас қилинглар қичқириқларни!
Овозлар: Сиз мешқорин деб кулган адиб
Мазаси йўқ, ётибди оғриб.
Овозлар (партердан): Қўрқоқларни кечирмаймиз биз!
Жодле: У кетиши шарт эди. Кетди.
Овозлар (партёрдан): Қайтиб келсин, кейин кўрамиз!
Бир неча овозлар: Шартмас!
Бошқа овозлар: Келсин!
Шаҳарликнинг ўғли (Сиранога қараб):
Мумкин бўлса тушунтирсангиз
Не сабабдан Монфлерининг
Адабини бердингиз, тақсир?
Сирано (стулда ўтирганча илтифот билан):
О, сиз палапон,
Сизни кўрмай қолибман, узр!
Огоҳ этай мен икки сирдан,
Қолишмайди бири биридан.
Биринчидан, у ўта қаллоб!
Актёр, адиб, деб бетга ниқоб
Тортиб олган эшакбоши у!
Иккинчидан, йўқ бу шахсий сир!
Кекса шаҳарлик (Сиранонинг ортида туриб):
Эҳ! Подалар томошасидан маҳрум қилдингиз-да, мен норозиман!
Сирано (стули билан ўгирилади, ҳурмат билан):
Сиз мақтаган Баро бир пулга қиммат,
Унинг ёзганлари сийқа ва бидъат,
Ва қилган ишимдан афсусдамасман.
Томошабин аёллар (ложадан): Шунақаям бўладими?
– Жонгинам! – Эҳ! – Баро даҳо-ку!
Ё раббим! – Наҳотки? – Баро! Вой худойим-ей!
Сирано (стули билан ложа тарафга ўгирилиб, такаллуф билан):
Зебо хонимчалар, бир илтимос бор,
Даврон суринг дейман! Бу ҳусну жамол
Бизга умидлар бахш этсин такрор,
Қаҳру ғазаб кетсин, йўқолсин завол,
Қаро тун қўйнида Зуҳродек ёнинг,
Хушбўй атиргулдан порланг ёрқинроқ.
Санъаткор кўнглига илҳомлар солинг,
Устимиздан ҳукм чиқарманг бироқ!
Бельроз: Лекин чипта ҳақин тўлайсиз энди!
Сирано (стули билан ўгирилиб):
Фақат сиздан чиқди бўладиган гап,
О Бельроз, сиз ҳақсиз тамоман, мутлақ.
Мельпоменда тикиб ёмғирпўшимни
Ҳимоя қиламан тиғ тегишидан.
Мана ҳамён, ушланг, ярашдик, демак?
(саҳнага ҳамёнини отади)
Барча томошабинлар (ҳайратда): Ё пир-ай! Оҳо-ҳов! Оҳ…
Жодле (ҳамённи илиб олиб, салмоқлаб кўради):
Бу ҳиммат билан
Ҳар кун барбод қилинг “Клориза”ни!
(ҳуштаквозлик)
Ҳеч бўлмаганда
Ҳуштакбозлар шарафласин иккаламизни.
Бельроз: Халойиқ, марҳамат, бўшатинг зални!
Жодле: Томоша тагини олди, жаноблар!
(Халойиқ тарқала бошлайди. Сирано атрофга қониқиш билан қарайди. Лекин оломон навбатдаги суҳбатни эшитиб тўхтайди. Ложадаги ўринларидан туриб, ёмғирпўшларини кийиб улгурган хонимлар яна қайта жойларига ўтиришади).
Ле Бре (Сиранога): Ақлингни ебсан!
Сурбет (Сиранога яқинлашиб): Кимлар нима деса десину азал
Оқибатсиз қолмас бунақа жанжал,
Бундоқ қарасангиз Монфлери нақ
Герцог Кандалюга ўхшашлиги ҳақ!
Сирано: Хўш нима бўпти?
Сурбет: Қодир худо шоҳид!
Бир маслаҳатим:
Уйга борақолинг… Сизга ҳомий ким?
Сирано: Ҳеч ким.
Сурбет: Ҳеч ким! Наҳотки?
Сирано: Йўқ.
Сурбет: Йўқ?
Сирано: Сизга “йўқ” деб айтдим мен икки бора.
Такрорлашим шартми учинчи карра?
Лутфан қайтараман сизга сўнгги бор,
Ҳомий йўқ, истагим ҳам йўқдир зинҳор.
(Қўлини шамшири дастасига қўйиб)
Лекин ҳимоячим ёнимда мудом.
Сурбет: Сизни қувғин қилиш хавфи бор аммо.
Сирано: Кўрамиз!
Сурбет: Лек герцог бу кун
Истаган ўрага қамаши мумкин.
Кундай аён: кимки тегса ғашига
Турфа кўргуликлар солар бошига.
Унинг дасти узун…
Сирано: Умидим андоғ:
Қачонки, қўлларим қилич тутган чоғ,
(қиличига ишора қилиб)
Герцогнинг қўллари бўлар қисқароқ.
Сурбет: Ўйламай сўйлайсиз…
Сирано: Ўйлаб сўйлайман.
Сурбет: Изн беринг…
Сирано: Изн йўқ, рухсат бераман
Шу лаҳза туёғинг шиқиллатишга.
Сурбет: Аммо мен…
Сирано: Қани, нари тур.
Сурбет: Аммо мен…
Сирано: Чайналма, бўлди.
Сурбет: Аммо мен…
Сирано: Сабр косам тўлди. Айтурман аён:
Гапларинг куфримни оширар чандон.
Кет! Йўқ, тўхта, тингла сўзимни:
Бурнимдан узолмай қолдинг кўзингни?
Сурбет (қўрқиб кетиб): Мен-а?
Сирано (унга таҳдид қилиб): Ножўя нима бор унда?
Сурбет (чекиниб): Худо ҳаққи сиз адашяпсиз.
Сирано (бостириб боради): Ё бурним юзимга беўхшов қўнган?
Ёки ёнбошлаган сўлга ё ўнгга?
Сурбет (чекиниб): Мен бундай демоқчимасдим.
Сирано: Эҳтимол, билтанглаб ташланиб кўзга
Филнинг хартумини эслатган сизга?
Сурбет: Аммо мен…
Сирано: Балки қўпол қувур бўлиб кўринган?
Ё бойқуш чумдуги…
Не бўлганда ҳам
Нимаси кулгили?
Сурбет: Тўғри, ҳеч нарса.
Сирано: Ажабтовур дерсиз бундоқ қараса.
Сурбет: Мен ҳатто қарашни ўйламадим ҳам
Сирано: Рост айтинг бурнимда қанақа нуқсон?
Ҳа, демак, шунчаки ёқимсиз?
Сурбет: Ҳечам
Умуман!
Сирано: Ё ранги ёқимсиз ёмон?
Сурбет: Унақамас
Сирано: Балки шакли кўримсиз?
Сурбет: Худо ҳаққи!
Сирано: Балки айнир кўнглингиз,
Меъёрдан баҳайбат бўлгани учун?
Сурбет(қўрқувдан дудуқланиб):
Минбаъд! Жуда кичик! Жимитдек бурун!..
Сирано: Нима? Топдингизми мендан шундай айб?
Бурним кичкинами? Наҳотки шундай?
Афтидан, биродар, ақлингиз заиф.
Сира кўрмагандим қўполлик бундай.
Сурбет: Ё фалак, мен ҳалак!
Сирано: Камтарлик нечун?
Бурундан машҳурдир бу улкан бурун!
Эй сиз товуқбурун, билмайсиз бешак
Катта бурун катта хислатдан дарак,
Ақл ва илтифот жасорат ундан.
Ботирлик, эзгулик маълум бурундан.
Хуллас бу хислатлар сизда йўқ зинҳор,
Бунга ўзингиз ҳам бўлурсиз иқрор.
(унга шапалоқ тортиб юборади ва тепади)
Сурбет (шайтонлаб):
Вой-дод! Ёрдам беринг!
Сирано: Мана ишора,
Кимки муҳокама қилса ошкора
Каттами-кичикми камина бурни,
Гар зодагон қилса ҳақорат уни,
Манави дайдидан фарқли ўлароқ,
Юрагига шамшир ургайман шундоқ.
Одатим шу!
Де Гиш (маркизлар билан бирга саҳнадан тушиб):
Кечирасизу
ушбу можаро жонга тегди.
Вальвер (елкасини учириб):
Олифта, суллоҳ!
Де Гиш: Ҳеч ким миқ этолмай қолди-ку бироқ?
Вальвер: Мана ҳозир кўради мендан,
Адабини бериб қўйяй заб.
Юрмайдиган бўлсин тентираб.
(уларни диққат билан кузатиб турган Сиранонинг ёнига келади
ва жанговар ҳолатга киради).
Тингланг… бу бурнингиз… тўғрисин айтсам
Беўхшов жуда ҳам.
Сирано (хотиржам): Тўғри жуда ҳам.
Вальвер: Ҳа-ҳа-ҳа!
Сирано: Кўряпсизки, мен хотиржамман.
Хўш кейин-чи? Ҳеч гап йўқ. Аттанг,
Очиғини айтаман сизга,
Жуда нўноқ экансиз сўзга.
Фикри ожизимча беҳазил.
Мавжуд эди пайровга имкон,
Сўз ўйини қилиб турфа хил
Бурним ерга ишқалаб осон,
Ҳар томондан қочирим айлаб,
Аскияга тортиб бурнимни
Оёқ-қўлим, тилимни бойлаб,
Пойгакка сурсангиз ўрнимни.
Ва десангиз: “Менда бўлса бундайин хартум,
Таг-тугидан кесардим ўзим.
Дўстона оҳангда таассуф билан
Десангиз: “Сиз қадаҳ кўтарган маҳал,
Бурнингиз суқилиб бермасми ҳалал?
Истасангиз топай каттакон коса!”
Ёки эжикилиб айтурсиз: “Роса
Қоя бу, ё адир, ё яриморол!”
Синчков киши эса дер ҳардамхаёл:
“Узр, бир нарсани сўраш мумкинми?
Бу сиёҳдонми ё пичоққа қинми?”
Нафис товуш айтар: “Қайси мусаввир
Бурнингиз айламиш қип-қизил, тақсир?”
Илтифотли биров: “Қушбозмисиз, дер
Қушларга қўнгали ноқулай деб ер
Бурнингизни қўноқ қилибсиз, қойил!”
Бир меҳрибон айтар: “Тўшакда ётиб
Тутун чиқарганда чилимни тортиб,
Ваҳимага тушган қўшнилар шошиб,
Ўт ўчирувчиларни бошлаб келмасми?”
Огоҳлантиргайлар: “Бўлинг эҳтиёт,
Бурин оғир келиб тош босган заҳот
Бир тарафга оғиб бўлманг ерпарчин!”
“Бунча ёқимтой бу бурун тушмагур,
Таъсир қилмасмикин унга тушган нур,
Кун қизиб, забтига оларкан баҳор,
Бу ноёб бурунга соябон даркор”,
Дейди латофатли бир меҳрибоним.
Расмиятчи айтар: “Бу оқил жонзот
Уни Аристофан каби олий зот
Гипокампелефантокамелос деган,
Қадимда ҳам шунақалар бўлган экан”.
Олифта айтади: “Мен кийимпараст,
Шляпа илгичга қиляпман ҳавас,
Ихтирога гап йўқ, жавон шарт эмас!”
Кимдир ҳаяжонда дер: “Азза-базза:
Бурунмас бу, дўстлар, катта мўъжиза,
Тўғриси, уни шамоллатиш учун
Биргина шамолнинг етмайди кучи.
Унга таъсир этар солса ғалаён,
Қуюн, бўрон, довул, даҳшатли тўфон”.
Сиз денгиз маъбуди, дейди назмгўй,
Амфитрит базмида авж оларкан тўй,
Сиз чиқасиз бурнингизни карнай айлабон!”
Гўл кимса айтадир: “Бу ажиб ҳайкал
Зиёратга очиқ бўлгай қай маҳал”.
Ҳамиша шубҳада яшовчи одам
Дейди: ҳазил қилманг менга сира ҳам.
Кўриб турибманку бурун – қалбаки”.
Хушомадгўй дер: “Бурнингиз оғайни,
Аттор пештахтасин эслатар айни”.
“Қачон бу минора шажарангизга
Ўтган?” сўрар бир муҳтарам зот.
Қишлоқи анграйиб қарайди бизга:
“Не сабаб ғовламиш бу бурун азот?”
– Эҳ сен пандавақи, калланг анча хом,
Ахир, бу қовунмас, ахир, бу шолғом.
Ҳарбий айтар: “Най-за-ни ўқ-тал!”
“Дўстим, бу бурунни, – дейди устамон,
Лотерея ўйинига тиксангиз агар,
Қуръада омади юришган инсон
Каттакон совринни олгай муқаррар!”
Пирамага қизғин тақлид айлабон
Можаро ўтига қуйиб яна мой
Ёлғондакам йиғлаб кўзлари гирён
Айтурлар: “Қизармиш бурун ҳойнаҳой
Бу ҳусни Юсуфни бузгани учун”
Мана тақсир, бир бурунга минг битта пайров,
Тополарди кимда бўлса зиғирдек ақл.
Сиз эса оғзингиз очибоқ бирров
Шу заҳот довдираб тишладингиз тил.
Мен кулиб юраман ўзимдан доим,
Лекин кулар бўлса устимдан биров
Бир лаҳзада қўпар қиёмат қойим!
Де Гиш (ҳанг-манг бўлиб қолган Вальверни етакламоқчи бўлади):
Қўяверинг уни, Валвер!
Вальвер (бўғилиб):
Қандайдир нотайин кимса
Ҳатто қўлқопсиз…
Шунақа оҳангда менга гапирса!
Сирано: Шуни камчилик деб топдингизми сиз?
Вальвер: Тасма йўқ… бўйинбоғ… хуллас, беҳашам…
Сирано: Бу гапларинг ҳақ,
Олифта, пўримлик ёқмайди мутлақ,
Ташқи қиёфамга бермагайман зеб,
Югуриб елмайман қичиқ ҳаёт деб.
Аммо бошқалардан фарқли ўлароқ,
Виждон пок, шаънимдан ҳақорат йироқ.
Қора кўнгил билан ғижимланган бахт
Менга тегишлимас. Менга мулку тахт:
Эркинлик – либосим, жасорат – хожам,
Белингиз тутиб ғоз этгандек камар
Гоҳо қаддимни тик тутолмасам ҳам,
Аммо кўнглим тўғри ва тик ҳамиша.
Гарчи урфдан қолган бошда шляпам,
Шляпа остида бойлик – ақл жам.
Йўл юрсам йўлим кенг очилиб борар,
Пойимдан ҳақиқат сочилиб борар.
Вальвер: Лек жаноб…
Сирано: Менда йўқ қўлқоп.
Бор эди жудаям эскириб кетган.
Бирини отганман суллоҳ, сурбетга.
Овозин ўчирган сурбет ўша тоб.
Вальвер: Фирибгар! Ярамас! Ёлғончи! Аҳмоқ!
Сирано (Вальвер юқоридаги ҳақоратлар билан ўзини таништиргандек, Сирано шляпасини ечади ва таъзим қилади):
Танишганимдан бағоят хурсандман.
Мен эса де Бержерак,
Савиний-Сирано-Эркюль!
(ҳамма кулади)
Вальвер (қутуриб):
Лаънати масхарабоз!
Жағингни эзаман, кеккайган хўроз!
Сирано (гўё бирор ери оғриётгандай ёлғондакам додлайди):
Вой! Вой!
Вальвер (кетаётган жойида тўхтаб, қайрилади):
Нима деди?
Сирано (оғриқли қиёфада):
Ҳамиша шундай:
Кўз олдимда яна у карахт!
Уни бекор қолдирай қандай!
Вой! Вой!
Вальвер: Сизга нима бўлди?
Ле Бре (Сиранога секин):
Эсингни йиғ!
Сирано (унга эътиборсиз):
Нима? Бирдан қиличимни қумурсқа босди.
Вальвер (қиличини суғуриб): Жуда соз!
Сирано (ўз қиличига):
Мана! Қалай! Шодмисан энди?
Ўзни кўрсатмоқлик фурсати келди.
Вальвер (нафратланиб): Шоир!
Сирано: Ҳа, тўғри шоир:
Мавзу топдим шеъримга ҳозир!
Билармисиз “баллада” недир?
Вальвер: Шу-у…
Сирано: Бу ҳақида тушунчангиз йўқ,
Ўргатурман кўнгил бўлсин тўқ.
Диққат: турган жойда қиличим сермаб,
Баллада тўқийман мен сизга атаб.
Вальвер: Шу…
Сирано: Изоҳлашга мен турибман шай,
Ёзилади баллада қандай.
Вальвер: Қўрслик бу…
Сирано (уқтириб): Баллада уч банддан тўқилар,
Ҳар бирида саккиз шеър бўлар.
Вальвер: Оҳ! Оҳ!
Сирано (ўша оҳангда): Сўнгги бандни дерлар “Ҳавола”
Вальвер: Қулоқ солинг…
Сирано: Айни дам унга
Тўрттагина шеър кирар. Демак,
Ўзимизнинг дуэлга келсак
Балладамни бошлайман ўзим,
Сизга чин сўзим,
Шеър сўнггида бўлурсиз яксон.
Вальвер: Етар! Нуқта қўяй бу сафсатага!
Сирано: Ҳа, якуний банд янграган замон,
Сизга бўлар муқаррар ёмон!
Вальвер: Асло!
Сирано: Асло?
Бошладик қани!
(ифодали қилиб)
“Шоир де Бержерак бир бекорчихўжа билан
дуэлга чиққани ҳақида баллада”
Вальвер: Ў! Бу не яна?
Сирано: Буми? Сарлавҳа!
Халойиқ (иштиёқи тошиб):
Сиз қоласизми? – Ҳа. Яна бироз.
– Зўр бўляпти! – Жим!.. Жиминг, илтимос!
Манзара: партёрдаги иштиёқмандлар давраси: маркизлар, офицерлар, шаҳарликлар омма билан аралаш-қуралаш; томошани яхшироқ кўриш учун безорилар бир-бирларининг елкаларига чиқиб олишган. Ложадаги хонимлар тик туриб олишган. Ўнгда де Гиш ва унинг аъёнлари, чапда: Ле Бре, Рагно, Кюижи ва бошқалар.
Сирано (бир лаҳза кўзларини қисиб):
Рухсатингиз билан… Қофия… шундай!
Камина ҳамиша хизмат учун шай.
Энди балладамни бошлай.
(Сўзларига мос ҳаракатлар билан)
Фетримни ечиб улуғвор,
Ерга ташлай ёмғирпўшимни.
Чорлагайман даҳшатли хунхор
Шамширимни – содиқ дўстимни.
Чаққон, чапдаст ҳаракатларим
Қўлим чайир, кўзларим ўткир.
Ёдингизда турсин гапларим –
Шеър сўнггида санчилар шамшир.
(Улар биринчи зарбаларини беришади)
Менга, дўстим, тенг келолмайсиз:
Чорловимга тушдингиз лаққа.
Човутимдан сизни олмоққа
Жазм қилар қайси бир маркиз?
Тилсаммикин сон ё елкани?
Илсаммикин тиғ учига ё?
Битта бўлар шоир айтгани:
Шеър сўнггида рақиби адо!
Чекиняпсиз, шундай эканда
Башарангиз докадай оппоқ.
Ошнагинам, эҳ, содда банда,
Тиғдан қўрққан – ҳақиқий қўрқоқ!
Қайга кетди ҳалиги ҳовур?
Бўш шишадек ҳолингиз ғариб.
Зарб қайтариб, эслатай бир қур –
Тиғим топгай сизни ахтариб.
(Тантанавор эълон қилади)
Ва ниҳоят хотима мана,
Олий ҳазрат кунингиз битди.
Бир, икки – ур! Уч – усул росмана,
(санчади) Мана!
(Вальвер чайқалади, Сирано таъзим қилади).
Мен санчдим! Шеър якунга етди!
(Шовқин, қарсаклар, Сиранога гул ва рўмолчалар отишяпти. Офицерлар уни қуршаб қутлашяпти. Рагно қувончдан ўйинга тушяпти. Ле Бре яшнаб кетган ва айни пайтда саросимада. Вальвернинг дўстлари уни суя­ганича чиқиб кетишади).
Халойиқ (бирваракай узун ҳайқиради): Ҳа-а-а!
Офицер: Қойилмақом!
Хоним: Нақадар ажиб!
Маркиз: Ана заковат!
Рагно: Асосийси, мутлақ янгича!
Ле Бре: Йўқ, ақлга сиғмас бир ҳолат!
(Ҳамма Сиранонинг атрофида парвона. Олқишлар янграйди)
Овозлар: Ажойиб! Офарин! Сизни қутлаймиз!
Умрим бино бўлиб кўрмаган саҳна!
Хонимлар: Қаҳрамон! Ҳа, у қаҳрамон!
Маркиз: Ўхшаши йўқ, бетимсол сўзсиз.
Рагно: Беқиёс! Ҳайратомуз! Чўққилар қадар!
Мушкетёр (қўлларини чўзиб Сиранога қараб тез юриб келади):
Изн беринг, хожам, сиздаги журъат
Мени лол айлади, олқишладим хўп.
Юракни тоширди завқу шавқ, ҳайрат…
Ҳолбуки, жангларда тажрибамиз кўп,
Аммо кўрмагандим бундай маҳорат!
(Кетади)
Сирано (Кюижига): Бу жаноб ким?
Кюижи: Буми? Бу Д’Артаньян,
Машҳур уч мушкетёрлардан бири.
Ле Бре (Сиранони қўлтиқлаб): Гаплашиб олайлик, дўстим.
Сирано: Йўқ, ановлар чиқиб кетишсин.
(Бельрозга) Қолсам бўладими, тақсирим?
Бельроз: Марҳамат қилинг!
Хоҳласангиз эрталабгача!
(саҳна ортидан қичқириқлар)
Шовқин солган ким?
Жодле (ташқарига чиқиб қараб, қайтиб келади):
Монфлери сабаб қийқирмоқдалар.
Бельроз (ҳикматомуз оҳангда):
Бахт нақадар югурик!
(оҳангини ўзгартириб, эшик оғасига)
Супир-сидир, йиғиштир чаққон,
Э, ўчирма чироқни, нодон!
Овқатланиб қайтиб келамиз,
Машқ қиламиз.
(Жодле ва Бельроз Сиранога чуқур таъзим қилиб кетишади)
Эшик оғаси (Сиранога): Сиз кетмайсизми?
Сирано: Йўқ.
(Эшик оғаси чиқиб кетади).
Ле Бре: Нега? Тушлик нима бўлади?
Сирано: Бугун тушлик йўқ.
Ле Бре: Лекин…
Сирано (мағрур ҳолда): Қорним тўқ!
(Эшик оғаси узоқлашаётганини кўриб оҳангини ўзгартиради).
Сариқ чақам ҳам қолмади.
Ле Бре (худди ҳамён отгандек ҳаракат билан):
Тушунмадим! Ҳалиги ҳамён…
Сирано: Ҳа, у менинг сўнгги маблағим.
Нафақа пул эди отамга қолган.
Ле Бре: Яшайсанми энди оч-наҳор?
Сирано: Бошга тушса, кўрмоқлик даркор.
Йўқчиликда кун кўрганларнинг
Қандай кечар экан ҳаёти
Синаб кўрмоқчиман мен ўз танамда.
Ле Бре: Нақадар олийжаноблик!
Лекин эсcиз ҳамён, бу ғирт аҳмоқлик!
Сирано: Ваҳоланки қандай абжир зарб!..
Буфетчи аёл (буфет ичкарисидан йўталади):
Иҳҳи… иҳҳи…
(Сирано ва Ле Бре ўгирилади; аёл иккиланиб
уларга яқинлашади).
Йўқ, қараб туролмайман бу ҳолга асло!
(Буфетни кўрсатиб)
Маъзур тутинг, егуликлар бунда муҳайё.
(Жонланиб)
Рухсатингиз билан қилурман таклиф.
Сирано (шляпасини ечиб):
Гарчи гасконларга хос бу ғурурим,
Йўл қўймас ҳадялар қабул қилмоққа.
Лек қаттиқ ранжийсиз ҳозир рад этсам,
Мутаассир этди лутфингиз беҳад.
Сиздан миннатдорман чин дилдан албат.
(Буфетга бориб танлайди)
Бир пиёла сув.
(Буфетчи аёл унга вино қуйиб бермоқчи бўлади.)
Йўқ, сув азизам,
Ва бир шингил узум.
(Буфетчи бир бош узум бермоқчи бўлади).
(Бир дона олади)
Етар!
Энди манави сомсанинг…
Бутуничамас!
(Ярмини қайтариб беради).
Ле Бре: Мен ҳайронман, нега ўзингни
Жинниликка соляпсан атай?
Буфетчи аёл: Олсангизчи яна ул-булдан.
Сирано (Ле Брега): Хотиржам бўл, мен зўрини оламан.
(Буфетчи аёлга қараб)
Қўлингизни узатинг менга!
(Буфетчи аёл унга қўл узатади, у маликаларнинг қўлини
ўпгандек эҳтиром билан ўпади).
Буфетчи аёл: О, хожам…
(таъзим қилади) Кўришгунча хайр!..
(Кетади)

ИККИНЧИ ПАРДА

“Шоирлар қандолатхонаси”

Сент-Оноре ва Арбр-Сек кўчаси бурчагида жойлашган қандолатчи ва ошпаз Рагно дўкони. Кўчалар кенг ойнаванд эшиклар орқасидан кўриниб туради; тонготар чоғи улар кулранг тусда кўзга ташланади. Чапда, олд планда нақшин темирлар соябонида кичик раста, унда ғоз, ўрдак, тустовуқлар осиб қўйилган. Ганчкор улкан гулдонларда оддий гуллардан сайланган катта гулдасталар, асосан, сариқ кунгабоқарлар. Қарама-қарши томонда иккинчи планда катта гулхан, унинг атрофида дошқозонларда ҳар хил таомлар қовуриляпти, қайнатиляпти. Ўнгда, олд планда эшик; кейинги планда дарчадан ичкариси кўриниб турган болохонага олиб чиқувчи зина: у ерда кичик фламанд қандили ёритиб турган столда дастурхон тузалган; хонага одамлар ейиш-ичиш учун кириб-чиқиб туришади. Зина давомидаги тахта йўлак худди шундай бошқа хоналарга элтади. Қандолатхона ўртасида қандилга ўхшатиб темир ҳалқа осилган, кўтариб тушириш учун унга арқон боғланган; ҳалқага турли-туман илвасин (овланган қушлар) осиб ташланган. Зина тагида қоронғиликда печкалар қизариб кўзга ташланади. Мис идишлар ярақлайди. Сон гўшти тиқилган сихлар айланяпти. Майда жониворлар (ўлжалар) тўдаси осиб қўйилган. Эрталабки жонсараклик: чўчиб шошилган ошпаз болалар ва семиз ошпазлар бир-бирини турткилашган. Уларнинг бошларидаги оқ қалпоқларда хўроз ёки тустовуқ пати кўринаяти. Улар темир патнисларда, тўқима саватларда жигар уюмлари, лаҳм гўштларни ташийдилар. Столлар турли пишириқлар ва егулик билан тўла. Стол ва стуллар меҳмонлар учун тахт қилиб қўйилган.
Парда кўтарилганда бурчакдаги кичик столда қоғозларга кўмилган Рагно ёзиб ўтирибди.

Биринчи кўриниш

Рагно, ошпазлар, кейин Лиза.
Рагно столчада илҳом билан бармоқларида санаб ёзиб ўтирибди.

Биринчи ошпаз (таомни олиб кириб):
Мана сомсалар!
Иккинчи ошпаз: Ёнғоқли ҳолва!
Учинчи ошпаз (тустовуқни олиб кириб): Тустовуқ!
Тўртинчи ошпаз: (заранг коса олиб кириб): Шарбат!
Бешинчи ошпаз: (пирог олиб киради) Пирог!
Рагно (ёзишдан тўхтаб, бошини кўтаради):
Авроранинг қирмиз бармоғи
қозонларни айлади зарҳал…
Тамом! Учиб кетдинг сайроқи маъбуд.
Ажиб қофиялар, ширин орзулар
Тақдим этдинг менга оқшомга қадар.
Яна етишгаймиз илҳомий онга,
Энди эса навбат ўчоқ-қозонга.
(Туради. Ошпазлардан бирига)
Қайла қўшинг тағин.
Ошпаз: Қанча?
Рагно: Уч бўғин.
(Нарироқ ўтади)
Ошпаз: Ҳ-м…
Биринчи ошпаз (таомни келтириб): Мана пармуда.
Иккинчи ошпаз (у ҳам таом келтириб): Мана кабутарлар.
Рагно (печка ёнида): О, илҳом париси!
Худо ҳаққи кет,
Йўқса, ошхонанинг жаҳаннам ўти
Кўзингни куйдириб пиширар аён.
Қофия бўлмайди шеър ва ошқозон.
(Ошпазга кулчаларни кўрсатиб)
Манов кулчаларинг ўхшамабдику,
Нотўғри қўйилган бу ерда урғу.
Шеърият ҳам шундай инжиқ масала.
(Бошқасига тортни кўрсатиб)
Бунинг қуббусига айлаб эҳтиром,
Шакар уюмидан тиклангиз эҳром.
(Сихга илвасинни ўтказаётган шогирдга)
Мағрур куркани ва камтар жўжани
Бир сихга теряпман қаерда маъни?
Малербни эслагил, кичкина фардни
Ҳамда Александр ашъорин чунон
Жой-жойига қўйган – мухлислар ҳайрон.
Шоирдан ўрнак ол ҳар ишда, ҳар дам,
Шунда куймагайдир сих ҳам, кабоб ҳам.
Бошқа шогирд (салфетка билан ёпилган патнис келтириб):
Хўжайин фурсатни топиб ғанимат,
Бир нарса пиширдим сиз учун фақат!
(Салфеткани олади ва ҳамманинг кўзи чилтор
шаклидаги тортга тушади)
Рагно (ҳаяжонда): И-е! Чилтор!
Шогирд: Ҳа шундай, чилтор!
Рагно (тўлқинлпниб): Бу ғоя қаёқдан кеп қолди бирдан?
Шогирд: Ўзим тайёрладим ширин хамирдан.
Рагно: Миннатдорман, дўстим!
Мен учун илло
Бундан қадрлироқ совға йўқ асло.
(Унга пул беради)
Ол, ўзингни хурсанд қил, яйра…
(Хотинига кўзи тушиб, оҳиста)
Жим… Лиза!
Пулни яшир ва жўна тезда.
(Шоша-пиша, довдираб Лизага чилторни кўрсатади)
Қарагин Лизажон!
Асалча қандай!
Лиза (қаҳр билан): Кулгили ва қўпол.
(Растага қоғоз ўрамалар тахламини қўяди).
Рагно: Ўрамлар? Раҳмат, азизам.
(Қоғоз ўрамаларни кўздан кечириб)
Худойим! Нима бу! Азиз битиклар!
Дўстларим шеърлари, орзу-ўйлари
Ёғлиқ сомса учун қилурми хизмат?
Сен нонтепки қилгансан поймол,
Бир замонлар гумроҳлар бадмаст,
Орфейга ҳам шундай қилган қасд!
Лиза: Азиз шоирларинг биздан қанча қарз?
Дафтарлари ҳарна… шеъри арзимас.
Шу ишга яради булар ҳар тугул.
Менда нима айб? Баҳоси бир пул.
Рагно: Илоҳ капалагин қилма ҳақорат,
Эй тубан қумурсқа!
Лиза: Мана оқибат,
Жоним, сен уларни танимаган чоғ,
На қумурсқа эдим, на бадмаст гумроҳ.
Энди улар аъло, мен эса пасткаш,
Хўрлик, ҳақоратлар насибам яккаш.
Рагно: О, менинг бечора капалакларим,
Оташин шеърингиз – қоғоз ўрами!
Лиза: Шундан бошқасига ярамас бари!
Рагно: Шеърни шу аҳволга солдинг сен басир,
Не бўлар қўлингга тушса гар наср?!

Иккинчи кўриниш

Ўша ҳолат ва қандолатхонага кирган икки болакай

Рагно: Қўзичоқларим, келинг!
Биринчи бола: Учта ширин кулча беринг.
Рагно (уларга ширин кулчаларни узатиб):
Мана иссиққина – ҳозир ёпилган!
Иккинчи бола: Сизда қоғозўрам топилмайдими?
Обкетмоқчийдик-да ўзимиз билан.
Рагно (норози оҳангда): Қоғозўрам! Оббо!
(Қоғозўрамни олиб, унга кулча солиш ўрнига ўқий бошлайди)
“Довюрак Одиссей қайтаркан уйга…”
Оҳ, буюк достоним тушдинг не кўйга?
Бунимас! Йўқ асло!
(Ўрамни жойига қайтариб қўяди ва бошқасини олиб
кулчаларни унга солмоқчи бўлади)
“О, нуроний Феб…”
(Бу ўрамни ҳам қайтариб қўяди)
Бўлмайди.
Лиза (бесабрлик билан):
Яна қачонгача ивирсийсан-а?
Рагно: Мана, ҳозир, мана!
(Учинчи ўрамни олиб унга кулчаларни жойлайди).
“Филида сонети”!..
Оҳ! Не учун бу қадар азоб?
Лиза: Бунча каловландинг?
(Елкасини қисиб) Лақма!
(Стулга чиқиб, жавоннинг юқори қисмидаги
идишларни тартибга келтира бошлайди).
Рагно (Хотини ўгирилган заҳоти чиқиб кетмоқчи бўлган болаларни имлаб чақиради): Жим… жим… чиқарманг товуш!
Шеърни қайтиб беринг, яъни қоғозни,
Яна кулча билан сийлайман сизни.
(Болалар унга қоғозни қайтаришади ва кулчани
олиб чиқиб кетишади)
(Қоғозни текислаб ўқий бошлайди)
О, жоним тасаддуқ! Ювуқсизлардан
Зўрға қутқарволдим.
“Филида”!.. жоним,
Баҳорийифорлар таралар андоқ!
Ҳайҳот, исминг узра тушмиш ёғли доғ…

Шиддат билан Сирано кирб келади.

Учинчи кўриниш

Рагно, Лиза, Сирано, кейин мушкетёрлар

Сирано: Соатни айтвор!
Рагно (эҳтиром билан таъзим қилиб): Олтига яқин
Сирано (ҳаяжонланиб): Бир соатча бор!
(У ёқ-бу ёққа юра бошлайди)
Рагно (унга изма-из эргашиб):
Чин дилдан қутлашга беринг ижозат,
Мен гувоҳ бўлдимки…
Сирано: Яна нима гап?
Рагно: Кечаги жанг.
Сирано: Қайси?
Рагно: Вальвер билан дуэл!..
Сирано (жирканиб): Ҳа, уми…
Рагно (ҳайратланиб): Ҳа, ҳа, шеърий дуэл. Қандай соз!
Бунақасин кўрмагандим рост.
Шеърий дуэл!
Лиза: Бунинг нимасига қоласан ҳайрон
Унинг қорни тўла шеър ила достон.
Сирано: Хўш, хўш…
Рагно: О, менга ҳам имкон беришса эди,
Мен ҳам шу мавқега эришсам эди.
(Сихни олиб ўзича машқ қилади)
“Хотимада мен санчаман!” – ғоят беқиёс!
“Хотимада мен янчаман!” – даҳоларга хос!
(Борган сари авжланиб)
“Ва мен санчдим…”
Сирано: Рагно, соат неча?
Рагно (Соатга қараш учун тўхтаб):
Олтидан беш дақиқа ўтди…
(Сихни тушириб)
“Хотима битди!..”
Эҳ, қанийди бир бор бўлса ҳам,
Мана шундай баллада ёзсам!
Қандолатчи (қўлида идиш):
Шакарланган каштан ёнғоғи.
Рагно: Тўшамалар тайёрми?
(Қандолатчи билан паст овозда суҳбатлашади)
Лиза (Раста ёнидан ўтаётиб, довдираброқ қўл бериб сўрашган Сиранога): Қўлингизга не бўлди, жаноб?
Сирано: Сал тирналди. Аҳамияти йўқ.
Рагно: Яна бир ишкалга илашгандексиз.
Қилич қинида занг босмасин дейсиз.
Сирано:Кутилмаганда…
Лиза: (бармоғи билан таҳдид қилиб)
Йўқ, бунда бошқа бир гап бор.
Сирано: (оҳангини ўзгартириб)
Қулоқ солгин, Рагно… ҳозир бир барно
Учрашувга келар. Роса етти-да,
Ёлғиз қолдирасан бизни, майлими?
Рагно: Аъло ҳазрат
Бош устига… э-воҳ, жин урсин, аммо
Менинг очу наҳор шоирларим ҳам
Бўлишлари керак шу соатда жам.
Лиза (масхараомуз): Катта столдаги текин овқатга.
Сирано: Бошқа хоналарга уларни жойла,
Бу ерда биз учун шароит айла.
Рагно, соат неча бўлганин сўйла?
Рагно: Олтидан чоракта ўтди,
Сирано: Ё раб!
Рагно: Сизни огоҳ этай фурсатга қараб.
Сирано (Рагнонинг столига ўтиради ва кутилмаган ҳаракат билан қоғоз олади): Берсанг-чи қалам!
Рагно (қулоғига қистирилган патни олиб узатади):
Мана оққуш пати!
Мушкетёр (бурама мўйловли, киради ва гулдиракдек овозда сўзлайди): Рухсат этинг!
Сирано: Бу яна ким бўлди?
Рагно: Ҳа… хотиннинг дўсти, бордир ҳикоят,
Ботир аскар эмиш бу нусха ғоят.
Сирано (ёза бошлайди ва Рагнони кескин ишора билан ҳайдайди): Борақол, найлайин, боладек титраб,
Ожизман кўнглимни ёзмоққа ё Раб.
Ҳаммасини ёзсам, қалбимни очсам,
Хатни тутқазсаму шу заҳот қочсам.
(Патқаламни ташлайди).
Лаънати қўрқоқлик! Ўзимга аён
Тишларим тилимга қафас ҳар қачон.
Севги иқрорига ожиздир тилим,
Шарҳи дилдан кўра осонроқ ўлим!
Соат неча?
Рагно: Олтию йигирма икки.
Сирано: Қанча латиф сўзлар онгимда мудом,
Кўнглимда, кўксимда… бермайди ором.
Аммо дилимдаги тилимга чиқмас,
Яхшиси ёзаман, шу осонроқ, бас.
(Яна патқаламни олиб)
Муҳаббат мактубим шай аллақачон,
Унинг ҳар бир сўзи менга қадрдон.
Ҳамма ухлаган чоғ ой ва мен бедор,
Уни тўқидим ва ўқидим такрор.
Юрагим оташин мактубга тўлди,
Энди қўлим нусха кўчирса бўлди.
(Ойнаванд эшикдан кимларнингдир озғин ва журъатсиз
қиёфалари кўринади).

Тўртинчи кўриниш

Рагно, Лиза, мушкетёр; Сирано кичик столда ёзиб ўтирибди; пайпоқлари чувалган, уст-боши кир-чир шоирлар.
Лиза (эшикдан узоқлашаркан, Рагнога):
Мана сизнинг жулдирвоқилар!
Рагно (уларга пешвоз чиқиб): Бошим осмонда!
Биринчи шоир (кираётиб, Рагнога): Карами кенг дўстим!
Иккинчи шоир (унинг қўлини қисиб): Азиз, ҳамкасбим!
Учинчи шоир: Сиз бургутсиз ошпазлар аро!
(Ҳавони ҳидлаб)
Оҳ, бунчалар ёқимли ҳаво!
Тўртинчи шоир: Бунда сурнай чалмас ошқозон.
О, қандолатчи Феб!
Бешинчи шоир: Шаккар Аполлон!
Рагно (кириб келганларнинг қуршовида ва қучоғида):
Бу даврада кўнглинг қуш бўлиб кетар!
(Шоирларга)
Кўп ялаб-юлқаманг, жаноблар, етар!
Биринчи шоир: Биз бироз кечикдик, чунки оломон,
Ёпирилди бирдан Нель қопқаси томон.
Жамики кўчалар тирбанд, тўпалон.
Иккинчи шоир: Бир неча жасадлар топилмиш жонсиз.
Учинчи шоир: Дайдилардир балки.
Тўртинчи шоир: Саккизта экан ҳаммаси.
Сирано (ёзишдан тўхтаб): Йўғ-е! Еттита эди чамаси.
Рагно (Сиранога): Биларсиз балким,
Тунги олишувнинг қаҳрамони ким?
Сирано (совуққонлик билан): Менми? Йўқ.
Лиза (мушкетёрга): Ўзларимасми?
Мушкетёр (мўйлабини бураб, маънодор қилиб секингина):
Ҳм… Ҳм… Овоза бўлиб кетмасин тағин.
Лиза (суйиб): Бошингизни асранг, бевошим!
Сирано (ёзишда давом этади. Ҳар замонда унинг у ёки бу сўзни овоз чиқариб ўқиётгани эшитилади):
“Мен севаман сизни… севаман!”
Биринчи шоир: Ақлбовар қилмас узунқулоқ гап,
Барини қочирмиш бир мард, ажабо
Сирано: “Сизнинг фаттон кўзингиз сабаб…”
Иккинчи шоир: Гўё ваҳший арслон дарғазаб
Тилка-пора қилмиш.
Лиза: Ё худо!
Учинчи шоир: Ҳар ерда қурол-яроғ уюмлари,
Тўртинчи шоир: Мурдалар кўксида бош кийимлари.
Сирано: “Нозик дудоғингиз…”
Биринчи шоир: Қанақадир дев
Қутирган йўлбарсдек солмишдир ваҳшат.
Сирано (мактубни якунлаб):
“Қўрқувдан титрайман сизни кўрган вақт”.
Иккинчи шоир (сомсадан олиб):
Рагно, нима туҳфа этар истеъдодингиз?
Сирано: Ўзим етказаман, шарт эмас имзо.
Рагно (иккинчи шоирга):
Шеър қилдим бир таом тайёрлаш йўлин.
Учинчи шоир (пармуда солинган патнис ёнига ўтириб):
Эшитамиз! Тасанно!
Тўртинчи шоир (пармудаларга қарайди ва биттасини олади): Мана бу пармуда боши ёнбошда.
(Бош қисмини тишлайди)
Биринчи шоир: Манов ширин кулча умидвор бўлиб,
Бизга боқар бодом кўзлари кулиб!..
(Ширин кулчани синдириб ея бошлайди).
Учинчи шоир: Қулоғимиз сизда.
Тўртинчи шоир (чилтор тортни ея бошлайди):
О, чилтор! Шоирни боқяпсан илк бор!
Рагно (шеър ўқишга шайланиб, йўталиб олади, қаддини ростлаб, қалпоғини тўғрилайди):
Таом тайёрлашнинг шеърий баёни…
Учинчи шоир: Бу фикр қанчалар нафис, бетакрор!
Тўртинчи шоир: Тинглаймиз, у бизга не қилар тортиқ!..
Иккинчи шоир (биринчи шоирни тирсаги билан туртиб):
Дўстим, бугун ул-бул ейсанми?
Биринчи шоир (у ҳам турткилаб):
Сен ўзинг-чи? Тўяй дейсанми?
Рагно: “Бодомли пишириқ
Тайёрлаш сири”
Тухумнинг оқини кўпиртириб ол
Бемалол
Шакар ва ванилиндан сол,
Кейин хушбўй кукундан ҳам сеп,
Ва бодомли сут қўшиб,
Аралаштиргин жўшиб.
Кейин, эй чаққон одам,
Хамир қил қўшиб бодом,
Дамо-дам
Хамирга шакл бериб,
Ижодингдан қад кериб,
Атрофга боқиб ғолиб,
Ўрик қиёмин олиб,
Четларига сур.
Кўпирган тухум оқин
Томчилаб қуйиб чиққин.
Оловга қўй, марҳамат,
Ўтда тобланиб албат,
Пишириқларинг хушбўй,
Малласоч қиздек хушрўй.
Қайноқ қорасоч қиздек,
Жонон пишириқ бўлгай,
Қараб ўз кўнглинг тўлгай.
Ва дегайсан: дўсту ёр,
Бизнинг пишириқ тайёр!
Шоирлар (лунжилари тўла):
Қойил! Қандай мукаммал шакл!
Иккинчи шоир (тиқилиб):
Тили қанчалар равон!
Шоирлар: Биз шу пайтга қадар
Кўрмадик бундай асар!
Сомсаларни кавшаб, раста ёнига боришади. Уларни кузатиб турган Сирано Рагнонинг ёнига келади.
Сирано: Бечоралар жуда очқароқ,
Сен эътибор бердингми жўра?
Шеърларингни тинглаётган чоғ
Оғзи овқат билан овора.
Рагно (хотиржам табассум билан):
Кўриб кўрмасликка олгум доимо,
Йўқ, ранжитгим келмас уларни асло.
Шоирлигим менинг заифлигим рост,
Кўнглим ҳам юмшоқдир шоирларга хос.
Ҳар хил давраларда шеър ўқиб албат,
Оч ва муҳтожларга қилиб марҳамат.
Топаман ўзимга таскин ва роҳат.
Сирано: (унинг елкасига қоқиб)
Шунинг учун сени қиламан ҳурмат!..
(Рагно ўз дўстлари ёнига боради).
(Рагно ортидан боқиб, бирдан).
Эй, Лиза!
Лиза (мушкетёр билан андармон Лиза чўчиб кетади ва яқинлашади):
Хизмат?
Сирано: Дарғангиз…бемалол тутмоқда ўзни,
Ўрамаяптими мабодо сизни?
Лиза (мағрур):
Билсангиз қаҳрли кўзларим, жаноб,
Ҳар қандай сурбетга беролгай жавоб.
Сирано (масхараомуз):
Сенинг кўзинг? Қўйсанг-чи!
Тўсиқ бўлолмайди мағлубларга ҳам
Лиза (жаҳли чиқиб):
Кечирасиз, жаноб, аммо…
Сирано (қатъий ва баланд овозда):
Қулоқ солинг, Лиза!
Менга ёқади Рагно, –
Воз кечасиз хархашалардан
Ва кулмайсиз устидан асло.
Тақиқлайман буни мутлақо.
Лиза: Жаноб, сиз, аммо…
Сирано (жуда баланд овозда):
Эшитганлар англайдилар, бас,
Бунинг учун ақл шарт эмас.
(Мушкетёрга таъзим қилиб, эшик олдига боради ва
аввал соатига бир қараб олади).
Лиза (Сиранонинг таъзимига жавоб қайтарган мушкетёрга):
Тураверасизми анграйиб шундоқ?
Қўйиб қўймайсизми жойига бундоқ!
Пайров қилмайсизми тарновдек бурнин?
Мушкетёр: Бурнин?.. Қандай қилиб? Ҳозирмас ўрни…
(тез чиқиб кетади, Лиза эргашади)
Сирано (шоирларни олиб чиқиб кетмаъносида Рагнога ишора қилади):
Борақол энди!
Рагно (шоирларга ўнг тарафдаги эшикни кўрсатиб):
Ҳм… Жаноблар… Ижозат этинг…
Сирано (бетоқатланиб): Каловланма!
Рагно (шоирларни чиқишга ундаб):
Кетдик, мушоира қиламиз, дўстлар!
Сирано: Туриб қолдинг нега қаққайиб?
Рагно (шоирларни эргаштириб): Кетдик!
Биринчи шоир (лунжи тўла): Сомсалар-чи?
Иккинчи шоир: Патнисни ол, бўлмайди айб!

(Егулик тўла патнисларни кўтариб шоирлар Рагнога эргашиб чиқиб кетадилар).

Бешинчи кўриниш

Сирано, кейин Роксана ва оқсоч қиз

Сирано: Умид учқунларин пайқаганим он,
Хатни бериб, ишқим айлайман аён!
Ойнаванд эшик ортида ниқоб таққан Роксана оқсоч қиз билан кўринади. Сирано зудлик билан эшикни очади, қизлар киришади.
Жон нисор этмоққа тайёрман, ё раб!
(Оқсоч қизга)
Қулоқ солинг, бор бир оғиз гап.
Оқсоч қиз: Икки оғиз бўлса ҳам майли.
Сирано: Ширинликка тобингиз қалай?
Оқсоч қиз: Жони дилим!
Сирано: Жуда соз!
Этмасангиз рад,
Муҳтарам Бенсерад
Сонетидан келтирсам иқтибос.
Оқсоч қиз: Вой!
Сирано: Чўчиманг, бу сизга мукофотдир нақд,
Сонет ўрамида бир ҳовучча қанд.
Оқсоч қиз (юз қиёфаси ўзгаради): Оҳ!
Сирано: Пармуда емоққа борми иштиёқ?
Оқсоч қиз: О жаноб! Бўлганда қандоқ.
Сирано: Бир… икки… йўқ, иккитаси кам:
Сент Аман шеърига учта бўлди жам.
Манов оғир роман тубига, сингил,
Бисквит соламиз пар каби енгил.
Хўжағат қиёмли ширин кулча нон!
Шаплен шеърига кетар бегумон.
Манов вафлилар‑чи? Сизга ёқарми?
Оқсоч қиз: Мафтунман, саволнинг ҳожати борми?!
Сирано (оқсочга ўрамларни тутқазиб):
Эшитинг, азизам, шошмасдан буткул,
Кўчада бемалол айланг тановул.
Оқсоч қиз: Лекин, жаноб…
Сирано (уни эшик томон кузатиб):
Озроқ семирсангиз ярашар сизга,
Еб бўлгач, шошилмай қайтарсиз изга.
Оқсоч қиз (эшикни ёпиб Роксанага яқинлашади ва шляпасини ечиб, масофа сақлаб туради).

Олтинчи кўриниш

Роксана, Сирано, кейин бир лаҳза оқсоч қиз

Сирано: Изн беринг менга ушбу дақиқа,
Дил тўла шукронам айлайин баён.
Майли, тасодифан, муҳими, фақат
Дунёда борлигим эслаб, мен томон –
Сиз қадам ранжида қилиб… кейин… ҳа…
Роксана (юздан ниқобини олиб): Ҳа,
Сизга миннатдорлик билдирмоқчиман,
Кеча қутқардингиз.
Сирано: Йўғ-э, нимадан?
Роксана: Кеча кўз олдимда у сатанг банда
Адабини еди, бўлди шарманда.
Мени мажбур қилиб унга турмушга…
Сирано: Де Гишга?
Роксана (кўзларига ғам чўкиб):
Лекин менинг айбим йўқ зинҳор.
Майлим ҳам йўқ, аммо у маккор
Таъқиб қилар. У – хавфли ошиқ!
Сирано: Айтдим, кеча маза бўлди жанг!
Равшан бўлди барчаси бугун.
Мен кулгили бурним сабабмас,
Олишибман қўш юлдуз учун!
Менга боққан мағрур бу кўзлар…
(Чуқур таъзим қилади).
Роксана: Кейин истардимки… Ё раб! Бу сўзлар…
Йўқ! Эсламасам бўлмас хотиротларни,
Сиз ҳам ёдга олинг маъсум пайтларни,
О, бизлар қанчалар эдик қадрдон!..
Акамдек эдингиз менга меҳрибон.
Сирано: Аллақачон мени тарк этган баҳор…
Ҳозир сиз туфайли таратди ифор.
Роксана: Бизнинг кўҳна боғча…
Сирано: Кўл бўйида сайр…
Роксана: Кўл суви ярақлаб турарди қувноқ,
Сирано: О, бебош шўхликлар! Сўлим ҳаммаёқ!
Хўжағат мевасин юлардик қандоқ!..
Роксана: Қилич ясардингиз қамишни кесиб,
Сирано: Олтин маккасоқол қўғирчоққа соч…
Мадлена дер эдим сизни эркалаб…
Жажжи либосларда…
Роксана: Ярашармиди
Ўша кийимларим, ростини айтинг?
Сирано: Жудаям…
Лекин барибир… балоғат… балоғат!..
Роксана: Бажо айлардингиз истасам нени.
Сизга қонун эди менинг хоҳишим.
Эслайсизми… кириб келардингиз гоҳ
Тилинган, шилинган… қаҳрамонга хос,
Сизга катталардек берардим дакки,
Сўзларимга бериб таҳдидли оҳанг,
Бармоғим кўтариб, ниқтаб ўша дам:
“Қайда яраландинг? Бу ишинг чакки?”
(Унинг қўлини олади ва ҳайратланиб, сўздан тўхтайди).
Йўқ! Бу нимаси? Қандай? Яна ўша ҳол?
Ҳали‑ҳануз?
(Сирано қўлини тортиб олмоқчи бўлади).
Йўқ! Қани кўрсатинг, жаноб!
Қайдан орттирдингиз?
Сирано: Арзимаган гап…
Кеча тасодифан… ўйнаб.
Роксана (стол ёнига ўтириб рўмолчасини стакандаги сувда ҳўллайди):
Нель минораси ёнида, а?
Сирано: Ҳа, Нель минораси ёнида.
Роксана: Қўлингизни беринг.
Қонни ювгунимча то
Кеча не бўлганин айланг ҳикоя.
Сирано (ўтиради):
Нақадар меҳрибон, латиф бу хилъат!
Роксана: Улар юзтамиди?
Сирано: Менимча, камроқ.
Роксана: Қани, бошланг.
Сирано: Рости, арзимаган гап.
Яхшиси, сиз сўйланг ташвиш боисин,
Пинҳона шарҳи дил… Бу қандай асрор?
Роксана (унинг қўлларини қўйиб юбормай):
Журъатим етмайди… мен уяламан…
Лекин олис хотира берди менга куч,
Энди мен айтаман сизга рўйирост:
Мен севиб қолдим.
Сирано: Оҳ!..
Роксана: Жисму жоним билан.
Сирано: Оҳ!
Роксана: Лекин у
Мутлақо бехабар муҳаббатимдан.
Сирано: О, худойим!
Роксана: Ҳа… аммо тез орада бўлгайдир воқиф.
Сирано: О!
Роксана: Бечора олисдан ташлайди нигоҳ,
У ҳам муҳаббатин этолмас изҳор.
Сирано: Оҳ!
Роксана (унинг қўлини боғлашда давом этиб):
Титрашингиз қаранг! Худди ваража!..
Лек мовий кўзидан ҳаммаси аён!
У мени севади.
Сирано: Оҳ!
Роксана: Биласизми, дўстим…
У хизмат қилади сизнинг қўшинда.
Сирано: Оҳ!.. Роксана!..
Роксана: У ёш ва мағрур… ва жасур қаҳрамон,
Шунчалар яхшики!
Сирано (ранги оқариб ўрнидан туради):
Яхши?
Роксана: Нега рангингиз ўчди?
Сизга не бўлди?
Сирано: Ҳеч нарса… шунчаки…
(Қўлини кўрсатиб мажбуран кулади).
Манави яра…
Роксана: Танишганимиз йўқ, фақат беш марта
Томошада кўрдим.
Сирано: Гаплашдингизми?
Роксана: Нигоҳлар билан.
Сирано: Қаёқдан билдингиз унинг кимлигин?
Роксана: Сўрадим танишлар, дугоналардан,
Биласиз-ку, гап турмас бизнинг даврада.
Сирано: Гвардиячими у?
Роксана: Ҳа, яна гаскониялик.
Сирано: Исми шарифи не?
Роксана: Барон де Невилет.
Сирано: Бунақаси йўқ бизнинг қўшинда…
Роксана: Ҳа, тўғри, йўқ эди, бугундан бошлаб
Бўлинмага кирди капитан бўлиб.
Сирано: Демак, шу шербачча олдими асир
Менинг Роксанамни? Лек…
Оқсоч қиз (эшикдан мўралайди):
Жаноб! Увоқ ҳам қолмади,
Барин еб бўлдим.
Сирано: Ўрамлардан олаверинг марҳамат,
Достон, сонетлардан бўлинг баҳраманд.
(Оқсоч қиз чиқиб кетади).
Менинг соддагинам, сиздай қиз наҳот
Туйғуда, фикрда, ҳуснда якто
Кимлиги бетайин одамга ҳайҳот
Бутунлай беряпсиз юрагингизни.
Эҳтимолки, унда қиёфа гўзал,
Лекин арзирмикан тирноғингизга?
Сизга муносибми қалбан ва ақлан?
Сизга арзимайди!..
Роксана: Ёлғон! Тушунинг
Кўзи ва сочлари шаҳзодалардек.
Сирано: Кўзи ва сочлари… шуларми асос
Унинг ақли расолигига?
Роксана, балки у эшшакдан баттар?
Роксана: Асло! Менинг кўнглим сезиб турибди аниқ,
Сурати, сийрати гўзал бегумон.
Ҳамма хушсуратлар аҳмоқ бўларми?
Сирано: Лекин барибир… аҳмоқ бўлиб чиқса-чи?
Роксана (ер тепиниб):
О, Яратган эгам!
Унда тобутимга тайёрланг даҳма!
Тентак бўлиб чиқса алалоқибат,
Гар гўзал вужудда бўлмаса кўнгил,
Ўзим айланаман руҳсиз жасадга.
Ўламан.
Сирано: Ҳм, шунақа денг… Ростданми?
(Сукут сақлаб)
Кечирасиз, фақат тушунмаяпман
Не мақсадда менга қиляпсиз ҳасрат?
Роксана: Сизга юрагимни рўйирост очаман.
Кеча қўрқиб кетдим жуда ҳам ёмон.
Одамлар айтдики, Гаскон қўшини
Янги келганларни эзаркан қийнаб…
Сирано: Шунгамиди? Тўғри, бу бор гап.
Ҳа, биз янгиларга бергаймиз адаб.
Қуруқ олифталар, сохта ботирлар
Кўрар гаскончилар нега қодирлар.
Ҳа! Асло осонмас бу сафда турмоқ!
Роксана: Мен ҳам хавотирга тушдим шу боис.
Сирано (тишлари орасидан):
Асос бор!
Роксана: Лек кеча жангингиз кўриб
Тан бердим: дуэлда тенги йўқ, зўрсиз.
Бирдан англадимки, мана сиз борсиз,
Довюрак, кучлисиз… мана ҳимоя.
Сизга бўйсунар гасконлар бари…
Сирано: Хўп, масала ҳал:
Ранжитиб қўймаймиз баронингизни!
Роксана: Ростданми? Хайрият, тинчиди кўнглим,
Доим ҳис қилардим дўстлигингизни.
Сирано: Ҳа, ҳа!..
Роксана: Демак, оғирини енгил қиласиз?
Сирано: Ҳа!
Роксана: Демак, ўзингизга дўст деб биласиз?
Сирано: Ҳа! Ҳа! Не десангиз айлайман бажо.
Роксана: Уни дуэлларга қўймайсиз асло?
Онт ичинг! Қани! Истагим шундай.
Илтимос қиламан.
Сирано: Онт ичаман!
Роксана: О! Сизни севаман қандай!
Лекин кетишим шарт.
(Яна ниқобини тақиб, пешонасига тўр рўмолини туширади.
Сўнг иккиланади).
Дарвоқе, кечаги жасоратингиз,
Нималар қилдингиз минор ёнида?
Кейинроққа қолди ҳикоятингиз…
Сирано: Ҳа, ҳа.
Роксана: О, сиз қаҳрамонсиз, фахримсиз!
Айтгандай… Кристианни кўрганингиз вақт
Етказинг мен ундан… кутаяпман хат.
Айтасиз-а унга?
Сирано: Албатта, Роксана.
Роксана: Зўрсиз-да! Гар ўзим билмасам сизни
Асло ишонмасдим: юз рақиб! Даҳшат!
Бу ҳақда кейинроқ қургаймиз суҳбат.
Вақт тиғиз. Қаердан шунча куч-қудрат?
Менимча, хўп қўллаган худо!
Сирано: Булар қуруқ гаплар, Роксана, аммо
Буюк қаҳрамонлик кўрсатдим ҳозир…
(Таъзим қилади).
Роксана: Кейин гаплашамиз, мен кетдим, хайр!
Оқсоч кутиб-кутиб бўлгандир адо!..
(Кулиб чиқиб кетади).

Сирано кўзаларини ерга тикиб ҳаракатсиз туриб қолади. Сукунат. Эшик очилиб Рагнонинг боши кўринади.

Еттинчи кўриниш

Сирано, Рагно, шоирлар, Карбон де Кастель-Жалу, гвардиячилар, оломон, кейин де Гиш.
Рагно: Мумкинми кирсам?
Сирано (қарамасдан): Ҳа.
Рагнонинг ишораси билан шоирлар киришади. Шу вақтнинг ўзида орқа эшикдан гвардия капитани кийимида Карбон де Кастель-Жалу киради; Сиранони кўриб қучоқларини очганча у томон юради.

Карбон: Мана у! Мана бизнинг қаҳрамон!
Сирано (бошини кўтариб): Капитан!
Карбон (тантанали): Тўхта! Бир бағримга босай!
Энди айш қиламиз, қурамиз базм.
Дўстларинг ғурур‑ла қилурлар таъзим.
Сирано: Лекин мен…
Карбон (уни чалғитишга уриниб):
Рўпарада қовоқхона кутмоқда сени.
Сирано: Ҳозир иложим йўқ.
Карбон (эшикни очиб ташқарига гулдуракдек овозда бақиради):
Йигитлар, бу ёққа!
Боргиси йўқ бизнинг қаҳрамон!
У ҳасратга кўмилмиш ёмон!
Овоз (кўчадан): Нима?
У аскар шаънига туширмоқда доғ!

Ташқаридан яқинлашиб келаётган қадамлар товуши, шпорлар жаранги, қиличлар шақирлаши эшитилади.

Карбон (кафтларини ишқалаб): Келишяпти.
Гаскон гвардиячилари (қандолатхонага кириб):
А! Жин урсин! Мингта жин урсин!
Икки минг жин, уч минг жин урсин!
Рагно (қўрқиб чекинади):
Жаноблар, барчангиз гасконлар, демак?
Гвардиячилар: Ҳеч шубҳасиз, миллион жин урсин!
Нега аҳмоқ қиляпти Сирано бизни?
Ўйна! Кул! Ирғишла! Хурсанд қил дўстни!
Биринчи гвардиячи (Сиранога): Виват!
Сирано: Барон!
Иккинчи гвардиячи (Сиранога): Виват!
Сирано: Мен хурсандман!
Учинчи гвардиячи: Офарин!
Сирано: Барон!
Тўртинчи гвардиячи: Уни қучоқланг!
Сирано (кимга жавоб қайтаришни билолмай):
Барон!.. Барон!.. Барон!..
Рагно: Барон билан тўла тўрт томон!
Ҳаммангиз баронми?
Гвардиячилар: Ҳаммамиз!
Рагно: Йўқ, ростдан?
Гвардиячи: Бу ишонмаяптими? Тожимиз тахласак агар,
Бир минора ҳосил бўлар кўк қадар!
Ле Бре (кириб, Сиранонинг ёнига югириб келади):
Сен томон оломон келяпти, ҳамма
Қутламоқчи сени шу дамда.
Ичларига кирволганми жин!
Бақир-чақир қилишар бетин.
Сен – бугуннинг қаҳрамонисан!
Сирано (даҳшатга тушиб):
Менинг қайдалигим айтгандирсан-да?
Ле Бре (кафтларини ишқалаб): Албатта!
Сирано: Изтироб нелигин билмаган банда…
Шаҳарлик (бошқа шаҳарликлар билан бирга киради):
Бутун Париж сизга ошиқар шу тоб,
Деразадан назар ташланг-а, жаноб!

Кўча халқ билан тўлиб-тошган. Аравалар ва отлиқлар тўхтаб қолган.

Ле Бре (кулимсираб, Сиранодан секин сўрайди):
Роксана нима бўлди?
Сирано (жонланиб):
Жим бўл, бемаъни!
Оломон (эшик ортида бақириб):
Сирано қани?

Қандолатхонага одамлар ёпирилиб киради. Тиқилинч, ўзаро салом-алик.

Рагно (столга чиқиб):
Тўлиб тошди дўконим! Аъло!
Жиҳозлар синмоқда, ўмарилмоқда!
Илоё, кам бўлманг, бахтлиман жуда!
Кирганлар (Сиранонинг атрофини ўраб):
Дўстим! Дўстим! Қаҳрамон танҳо!
Сирано: Кечагина бари эди бегона!
Ле Бре (ҳаяжонда):
Музаффарият!
Маркиз (қўлларини чўзиб югуриб келади):
Қаҳрамонсан ўзинг ягона!
Рухсат эт, дўстим!..
Сирано: Сенсирайсиз мени… бемалол, гўё
Ёшликдан ош-қатиқ бўлганмизми ё?
Бошқа маркиз: Таништирай, жаноб, бир ойимқизни.
Каретада интиқ кутмоқда сизни.
Сирано (совуққина):
Аввал таништиринг сиз ўзингизни…
Ле Бре (ҳайратланиб):
Сенга нима бўлди?
Сирано: Ўчир.
Ле Бре: Унинг айби нима?
Литератор (қўлида сиёҳдон билан):
Бу жанг тафсилотин сўйлангиз, жаноб?
Сирано: Илтимос, кўнглимга бермангиз азоб…
Ле Бре (Сиранони тирсаги билан туртиб):
Бу, ахир, Ренодо – биласан, Теофраст –
“Газета”ни ўйлаб топган шу чапдаст.
Битта катта варақ – ғиж-ғиж ҳангома!
Ҳали машҳур бўлиб кетар рўзнома.
Сенинг жасоратинг айлагай ошкор…
Сирано: Керакмас, Теофраст, шов-шув не даркор?!

Шоир яқинлашади.

Яна нима керак?
Шоир: Ҳамкасбим, туйғулар кўтариб туғён,
Сизнинг шаънингизга битарман достон…
Яна кимдир (яқинлашиб):
Рухсат этинг, жаноб…
Оломон орасидан бири: Жаноб, мумкинми?..
Сирано: Бас!

Оломон ҳаракатланиб, саф тортади. Офицерлар қуршовида де Гиш пайдо бўлади. Кейин биринчи кўриниш охирида Сирано билан саҳнадан бирга чиқиб кетган Кюижи, Брисайль ва бошқа офицерлар кириб келишади. Кюижи Сиранонинг ёнига илдам яқинлашади.

Кюижи (Сиранога):
Ҳузурингизга – граф де Гиш…

Ҳаяжон; оломон йўл беради.

Ле Бре (Сиранога аста):
Эсингни йиғ, нечун қарамаяпсан?
Де Гиш (Сиранога таъзим қилиб саломлашади):
Маршал Гасон менга бердилар буйруқ,
Жасорат қошида шарт эрур қуллуқ.
У зотни лол этди жасоратингиз.
Сирано: Маршал эътирофи – қадрли шаксиз,
Жасорат нелиги унга аёндир.
Де Гиш: Ҳеч ақлга сиғмас жанг тафсилоти,
Маршал ҳам ишонмас эди-ю аммо
Мана бу жаноблар гувоҳлик бериб,
Қасам келтирдилар, тепада худо…
Кюижи: Ҳа, кўрдик ҳаммамиз кўзимиз билан!
Ле Бре (ҳеч нарсани эшитмаётгандек турган Сиранога аста қарайди):
Сирано, сен аччиқ изтиробдасан!..
Сирано (сесканиб, қаддини ростлайди):
Мановлар ёнида!..
(Ле Брега)
Изтироб! Мен-а?
Бошқа кулгилироқ гап йўқми яна?!
(Қад кериб, мўйловини бурайди).
Де Гиш (унинг қулоғига Кюижи нималарнидир пичирлайди).
Ҳарбийда унча кўп қилмасдан хизмат
Жасур офицердек топгансиз иззат.
Билишимча, ҳозир анов қўшинда
Ҳалиги қутурган…
Сирано: Гаскондаман, ҳа.
Гасконлардан бири (ваҳшат билан): Биз-да!
Де Гиш (Сирано ортида турган гасконларни назардан ўтказиб):
А-ҳа! Мана улар – “гвардионлар”,
Такаббур башара – шуми гасконлар?
Карбон: Афтидан, бу граф билмайди бизни,
Сирано, таништир сен полкимизни!..
Сирано (де Гиш томон икки қадам ташлаб гасконларни кўрсатади):
Пўшт, йўл беринг гаскон жангчиларига!
Бизни бирлаштиргай ягона илдиз,
Содиқмиз баронлик тож-туғларига
Ҳамда қиличларга содиқмиз.
Пўшт, пўшт, йўл беринглар гасконларга сиз,
Қадрдон жанубнинг ўғлонларимиз.
Бу ёруғ дунёга қуёш тиғида
Қалбда қуёш билан келдик баримиз.
Уруш бизга ҳазил ва эрмак,
Лава каби қайнар қонимиз.
Олов каби ҳилпирар юрак,
Шамширимиз – туғишқонимиз.
Шуҳрат билан шон – жононимиз!
Лекин илҳом париси бот-бот
Чўққиларга чорлайди аён.
Кутар экан жанг-қирғинбарот
Қўшиқ тўқир бизнинг қаҳрамон,
Пўшт, гаскон жангчиларига йўл беринг!..
Гаскон жангда олишар шердек,
Хонимлар қошида мулойим.
Шу сабабдан гўзаллар бирдек
Кўнгил берар бизларга доим!..
От дупури эшитилган чоғ
Оловланар санамлар кўзи.
Сафларимиз гўё кулранг тоғ,
Душманимиз кетгайдир тўзиб…
Пўшт, йўл беринг гаскон жангчиларига.
Чин кўнгилдан маслаҳат сизга
Ҳушёр бўлинг ҳаётингизга!
Ўзингизни қилинг эҳтиёт!
Пўшт, йўл беринг гаскон жангчиларига.
Де Гиш (Сирано сўз бошлаган пайтда Рагно келтирган креслога беихтиёр чўкиб):
Ҳар бир ўзин билган акобир учун
Шахсий шоир хизмат қилармиш бугун.
Менинг хизматимга ўтмайсизми?
Сирано: Йўқ.
Ҳаддан зиёд сертакаллуфсиз.
Ле Бре (талвасада): Ё раб!
Де Гиш: Ришелье тоғамга тушибсиз маъқул;
Кеча айтди, сизга қойилмиш буткул.
У бекорга айтмас бирорта сўзни,
Таништирмоқчиман тоғамга сизни.
Билишимча, тақдим этишга тайёр
Бешта актли пьесангиз бор.
Ле Бре (Сиранонинг қулоғига): Сен “Агриппина”ни қўймоғинг мумкин.
Сирано (таклифга беихтиёр майл билдириб): Тўғриси…
Де Гиш: Айлангиз асарни тақдим:
Баъзи шеърларингиз таҳрири учун
Тайёрдир, қобил ва доно у кишим…
Сирано (дарҳол тумшайиб):
Йўқ, бўлмайди, граф. Минг афсус!
Мен қаршиман ўзгарса бир сўз.
Сўзни қўйинг, ҳатто бир вергул
Ўзгармоғи менга номаъқул.
Де Гиш: Лекин унга ёқса бирор шеърингиз
Ҳамёним қаппайди деяверингиз.
Сирано: Шеърим баҳосини биламан ўзим,
Баҳолай олмайди менчалик ҳеч ким.
Ўзим истаганча, билганча ёзгум,
Завқ-шавққа тўламан ўқиганим зум.
Ле Бре (аччиқланиб): Ё раббим!
Де Гиш: Такаббур экансиз…
Сирано: Шундайми? Йўғ-э…
Ажойиб кашфиёт топибсиз чоғи?..
Гвардиячи (йиртилган, латтаси чиққан шляпаларни қиличига тизиб олган ҳолда кириб келади):
Манави ўлжамга қара, Сирано!
Нель минори ёнидан тердим. Хо-хо-хо!
Карбон: Димоғдор зотлардан ғариб эсдалик!
Ҳамма кулади.
Кюижи: Дов тикишга тайёрман, дўстлар, беҳадик:
Бу фитнани уюштирган кас
Қутургандир, ер-кўкка сиғмас!
Брисайль (хохолаб кулиб):
Худо ҳаққи, яйрадим, маза!
Билмайсизми, ким ўша кимса?
Де Гиш: Ўша менман.
Кулги дарров тўхтайди.
Мақсадим эса:
Мени қўшиқларда масхара қилган
Дайди билан олишиб юрмоқ
Киборларга тўғри келмаганидан
Буйруқ берган эдим мен шундоқ.
Жимлик. Ҳамма ҳайрон.
Гвардиячи (Сиранога шляпаларни кўрсатиб):
Нима қилсак экан бу матоҳларни?
Сирано (шляпалар тизилган қилични олиб, граф оёғи остига таъзим билан тўкади):
Элтиб хурсанд қилмайсизми ўртоқларни?
Де Гиш (туриб, кескин):
Аравамни ҳозирланг! Кетдим!
(Сиранога қаҳр билан).
Сиз, жаноб, сиз…
Сирано (четга):
Ғалаба! Ютдим!..
Ле Бре (Сиранога аста):
Фалокатга тиқдинг ўзингни такрор!
Овоз (кўчадан):
Жаноби олийлари, арава тайёр!
Де Гиш (ўзини қўлга олиб, кулимсираб):
Айтинг‑чи… “Дон Кихот”ни ўқиганмисиз?
Сирано: Ўқиганман.
Де Гиш: У ҳақида қандай фикрингиз?
Сирано: Биргина исмини эшитганим чоғ
Кўнглимда уйғонар ҳурмат ва ардоқ.
Де Гиш: Қулоқ солинг менинг сўзимга
Ва фикрланг…
Ҳаммол (эшикни кўрсатиб):
Арава тайёр, жаноб…
Де Гиш: Ўн учинчи боб.
Сирано: Тегирмон ҳақида!
Де Гиш: Бу боб ибратли жуда.
Чўнг тегирмон билан жанг қилмоқ қийин,
Парраги учириб юборар тайин.
Кимки олишмоққа айласа журъат,
Тупроққа тенг қилгай соҳиби қудрат!..
Сирано: Ё арши аълодан топгайдир жойин?..

Де Гиш кетади. Унинг аравага ўтираётгани кўриниб туради. Зодагонлар шивирлашиб чиқиб кетади. Оломон тарқалади.

УЧИНЧИ ПАРДА

Роксананинг бўсаси

Кўҳна Парижда жойлашган кичик майдон (Маре яқинида). Эски уйлар. Тор кўчалар кўзга ташланади. Ўнгда дарахтларнинг қуюқ шохлари кўриниб турган Роксаналар боғининг девори ва уйи намоён бўлади.
Эшик тепасида дераза ва балкон. Остонада ўриндиқ. Деворни бахмалдек чирмовуқ ўсимликлар қоплаган, балконни энлаб ерга ёсуман гули осилиб турибди. Ўриндиққа чиқиб тошдевор воситасида балконга осонгина ўтса бўлади.
Чапда, қарама-қарши томонда худди шундай ғишт ва тошдан қурилган қадимий уй турибди. Кириш эшигидаги қўнғироқ вазифасини ўтовчи болға ярадор бармоқ каби латта билан чирмаб ўралган. Парда кўтарилганда ўриндиқда ўтирган оқсоч кўзга ташланади. Роксананинг балкони деразаси ланг очилган. Оқсоч рўпарасида эшик оғасига ўхшаб кийинган Рагно турибди. У ҳикоясини тугаллаб, кўз ёшларини артади.

Биринчи кўриниш

Оқсоч, Рагно, кейинчалик Роксана,Сирано ва икки ғулом.

Рагно: …Ва ниҳоят хотин сурди мушкетёр билан,
Бор-будимни олиб қочди, мен бўлдим хароб.
На уй, на пул, на хотин ва на иш бор! Алам!..
Ўтмишим – туш, келажагим – жаҳаннам, сароб…
Мен ўзимни ўлдиришга аҳд қилдим. Аммо
Мени халос қилди нақд Хизрнинг ўзи.
Мосье де Бержерак бўлди-ю пайдо
Бўйнимдан сиртмоқни олди шу кези.
Иш бошқарувчиликка тайинлади сўнг.
Оқсоч: Сармоянгиз қайда?
Рагно: Йўқолди изсиз.
Оқсоч: Шунақа денг?
Сизни хонавайрон қилган недир аслида?
Рагно: Недир? Ҳеч ҳам мос тушмасди бизнинг дидимиз.
Менинг фикри-ёдим ғазал базмида,
У эса совутни севарди кўпроқ,
Унга маъқул эди қилич жаранги.
Мана, Аполлонни еб битди Миррих,
Бу ҳол чўзилмасди барибир узоқ,
Шундай тўзғиб кетди кўнгилнинг чанги…
Оқсоч (ўрнидан туриб, очиқ деразага қичқиради):
Роксана, азизам!
Роксананинг овози (деразадан): Нима дейсиз?
Оқсоч: Сизни тайёр бўлгандир деб ўйлабман, узр.
Бўлақолинг, бизни кутиб ўтиришгандир.
Роксананинг овози: Кийиняпман, шай бўламан беш дақиқада.
Оқсоч: Қаранг, кеч қолмайлик.
(Рўпарадаги эшикни Рагнога кўрсатиб)
Бугун ўтириш бор анов ҳовлида.
Доно Кломира яшайди бунда.
“Нафис” муҳокама кутмоқда бизни.
Рагно: “Нафис”?
Оқсоч (нозланиб): Ҳа, нима, сизга
Ёқмайдими бунақа мавзу?
“Нафис”га бахшида достон мунтазир бизга.
Бунақада кеч қоламизу!
(Қичқиради).
Роксана, бўлақолинг, шошилинг, жоним!
Роксананинг овози: Тушяпман!
Торли чолғуларнинг садоси эшитилади, тобора яқинлашади.
Сиранонинг овози (саҳна ортидан куйлайди):
Ла-ла-ла-ла!
Оқсоч (ҳайрон): Бу нима? Серенадами?
Сирано (уд кўтарган икки ғулом билан кириб келади. Бармоғи билан нотага ниқтайди).
Бу ерда қўш диез, эй сиз, қўшалоқ аҳмоқ!
Биринчи ғулом (масхараомуз):
Нотани ҳам биласизми, мосье де Бержерак?
Сирано: Асл шоир созанда бўлиши керак.
Эҳтимол, талантим сал анақароқ.
Ғулом (соз чалиб куйлайди): Ла-ла-ла-ла-ла-ла!
Сирано: Шундай бўлса-да, бироқ,
Сенинг оҳангингда куйлай оламан.
(Унинг қўлидан удни тортиб олиб, мусиқий жумлани давом эттиради).
Мана, кўряпсанми, оғайничалиш,
Иш эмас бунақа куйлаш ва чалиш.
(Чалади).
Роксана (балконда пайдо бўлиб):
Шу ердамисиз, Сирано?
Сирано (чалаётган оҳангига мос куйлайди):
Келдим, мана, мен, келдим:
Эй лаблари ғунча, ёноғи қирмиз,
Салом бериб чўкадирман тиз.
Роксана: Тушяпман.
(Кириб кетади).
Оқсоч (ғуломларни кўрсатиб):
Қайдан бино бўлди бу нағмасозлар?
Сирано: Буларми? Ютволдим. Бир дўстим билан
Грамматика юзасидан тортишиб қолдим.
Гаровга тикворди иккисин бирдан.
Ноилож, ютуқни мажбуран олдим.
Шартга кўра бугун кун бўйи, яна
Эртага тонггача менинг измимда.
Чолғуни кўтариб қолмас изимдан,
Аввал туюлганди мароқли. Мана
Зерикиб ҳам қолдим, қизгина…
(Ғуломларга)
Ҳой сизлар, ўлжаларим!
Монфлерига, ўша хўппасемиз тўнкага
Менинг номимдан бориб
Нағма қилинг ўхшатиб!
Ғуломлар кетишга шайланиб чолғуларини йиғиштиришади.
(Оқсочга)
Айтганча, келганим асл сабаби
Барно Роксанага айтар гапим бор.
Ҳамон маҳлиёми, мафтунми қалби?
(Жўнаётган ғуломларга)
Ёқимсиз куй чалинг, узоқ ва такрор.
(Оқсочга)
Ҳануз унга тенгсиз кўринарми у?
Роксана (уйидан чиқиб):
Ҳа! Оқил у, йигитнинг гули,
Қанчалар севаман!
Сирано (кулимсираб):
Наҳотки шунчалар ақлли?
Роксана: Сиздан ақллироқ.
Сирано: Қўшиламан бу гапга мутлақ!
Роксана: Ҳеч кимда топилмас бундай фасоҳат,
Шунчалар кўнгилга ёқимли, латиф.
Енгил бўса каби ҳислар қатма-қат
Ақлинг ҳайрон айлар кўнглин сайратиб.
Гоҳо мубҳам ўйлар гирдибодида
Мум тишлаган каби жим қолар, аммо,
Сўнг бирдан куйлайди. Унинг олдида
Лол бўлар булбулигўё!
Сирано (ишонқирамай): Ишонгим келмайди.
Роксана: Шунақами? Сизнингча, мен алдаяпманми?
Қўйинг, сизга ярашмайди адолатсизлик!
Ҳар доим ҳам келишганлар аҳмоқ бўларми?
Йўқ, аҳмоқлар кўринмайди кўзга чиройлик.
Сирано: Ўйловдимки, у оғзин ҳам очолмас ҳатто,
Хом-хатала бўлар унинг айтган сўзлари.
Шундай қилиб ишқ ҳақида сўз очдими?
Роксана: О!
Нозик, дилбар, салмоқлидир гапларин бари.
Сирано: Ишониш қийин.
Роксана: Хўп, эшитинг унда!
(Ифодали ўқийди).
“Муҳаббатга қанча этсанг мубтало,
Бу дардни қайтаргум ўзингга чандон.
Қанча мени ишқдан айласанг жудо,
Дилда муҳаббатим ошар бегумон!”
(Сиранога тантанали)
Хўш, не дейсиз? Очиғин айтинг!
Сирано: Тўғрисини айтсам, оддий жудаям.
Роксана: Ёки мана:
“Менга юрак керак изтироб учун,
Лекин сиз юрагим олдингиз тортиб.
Дилдорим, бир умр бўлардим мамнун
Менга юрагингиз этсангиз тортиқ”.
Сирано: Гоҳ “дилда муҳаббатим”, гоҳ “юрагим олдингиз”,
Мантиқ қани? Зиддият! Эътибор қилмабсиз!
Роксана: Мени хафа қиляпсиз, дўстим,
Сизда ҳасад уйғонган, билдим.
Сирано (титраб, четга): Ё худойим!
Роксана: Шоирга ҳасад.
Тушунаман сизни, инсофсиз шоир:
Сизнинг ҳасадингиз ижодкорга хос.
Мана бунисин ҳам эшитинг ҳозир,
Буниси ҳам сизга, эҳтимол, ёқмас.
“О мактубда топса ифода бешак
Майин эркалашлар, олов бўсалар,
Қайноқ қучоқлару оташин истак,
Қалбни ўртагувчи, дилга ўт солар –
Ҳисларни йўллардим, сиз ўқирдингиз
Кўз югуртирибмас, лаб югуртириб”.
Сирано (беихтиёр роҳатланиб жилмаяди):
Ҳм, бу сатрлар чиқмабди ёмон…
Ҳм…
(Ўзига келиб, беписанд)
Лекин ўта суюқ,
Жудаям чучмал.
Роксана: Қилдан қийиқ қидиряпсиз сиз!
Мана буниси…
Сирано: Ҳаммасини ёд олганмисиз?
Роксана: Ҳаммасини!
Сирано: Буниси маъқул!..
Роксана: Ҳа, у шоир! У чиндан даҳо!
Сирано (камтарона): Жуда баланд беряпсиз баҳо…
Роксана (қизишиб): Эътирозга ўрин йўқ асло!
У даҳо, дедимми, у даҳо!
Сирано: Ҳа, майли…
Оқсоч (ичкаридан қайтиб чиқиб, ҳаяжонда):
Граф де Гиш буюрди ташриф!
(Сиранони уй ичига етаклаб)
Ичкарига кириб туринг сиз.
Кўрмагани маъқул бу жойда,
Шундай бўлса, ҳаммага фойда.
Роксана: Сир ошкор бўлмасин. Тўғри айтасиз.
Бўлақолинг, Сирано! У машҳур, шайдо.
Севгимнинг бошига солмасин бало.
Сирано (уйга кираркан): Киряпман! Киряпман! Киряпман!

Де Гиш пайдо бўлади.

Иккинчи кўриниш

Роксана, Де Гиш, оқсоч – четда

Роксана (де Гишга таъзим билан): Мен энди чиқмоқчи бўлиб турувдим.
Де Гиш: Хайрлашмоқ учун келдим.
Роксана: Кетяпсизми? Қайга?
Де Гиш: Урушга… бугун кечқурун…
Роксана: Йўғ-э?
Де Гиш: Бошимизга кулфат тушди кутилмаганда
Буйруқ олдик Аррасни қамал қилишга.
Роксана: Аррасни?
Де Гиш: Кетмоғимдан етмасми озор?
Роксана: О!
Де Гиш: Мен изтиробдаман…
Яна насиб этгайми дийдор?
Нега тақдир бунча бешафқат.
Сиз туфайли унга айтурман лаънат.
Лекин ақл кўзи билан қаралса
Шод бўлмоғим керак мен бу урушдан:
Тайинландим қўмондон этиб…
Роксана (бефарқ): Йўғ-э, қойил!
Де Гиш: Гвардиячилар полкига.
Роксана (чўчиб): Гвардиячилар полкига?
Де Гиш: Унда хизмат қилар сизнинг бўлангиз,
Такаббур ва ўжар. Уруш, бу – имкон;
Мен ундан ўчимни оламан осон.
Тушовга тушади ёввойи айғир.
Шу сабабдан, тўғриси, шодман.
Роксана (изтиробда): Қандай? Борурми у ҳам?
Де Гиш (тиржайиб): Ҳа, бутун лашкар, айнан гвардиячилар
Она тупроқ учун хизматга тайёр!
Роксана (ўриндиққа бемажол чўкиб, четга қараб):
Кристианим менинг, ё худо, ўлдим…
Де Гиш: Сизга нима бўлди?
Роксана (фавқулодда ҳаяжонланиб):
Нима бўлди?
Бу хабар – даҳшат…
Эндигина қалб риштаси боғлангани он
Уруш чорлаб турса муҳаббатингни
Ва ўртага тушса бешафқат ҳижрон…
Де Гиш (ҳайратланиб ва ажабланиб):
О, мен сиздан шундай сўзларни
Айрилиқ туфайли эшитар бўлсам,
Ҳижронга шон-шараф ўқийман, шаксиз,
Ва бу жудоликни атайман байрам!
Роксана (оҳангни ўзгартириб, елпиғич билан елпиниб):
Хўш, Кристиандан ўч оласизми?
Де Гиш (жилмайиб): Ташвишингиз унинг учунми?
Мен сўзимни қайтариб олдим.
Роксана: Йўқ, унинг учунмас!
Де Гиш: У келиб турадими?
Роксана: Аҳён-аҳёнда.
Де Гиш: Энди ўзи каби чучмал бир дўстлик
Битта гвардиячига боғлади уни.
Отинг қурғур (исмини эслаб)
Де Невилен… вилер… уларни ажратиб бўлмас.
Роксана: Биламан, кўрганман, бўйчан…
Де Гиш: Маллатоб…
Роксана: Йўқ, тилласоч…
Де Гиш: Ғаройиб нусха…
Роксана: Сал-пал сўзамол…
Де Гиш: Йигитнинг гули…
Роксана: Асло!
Де Гиш: Лекин худо урган аҳмоқ!
Роксана (кулиб): Бу кундай аён!
(Оҳангни ўзгартириб)
Тўғриси, сизни деб жон койитяпман.
Дўстона маслаҳат берайми сизга?
Де Бержеракни урушга йўллаб
Ўзингизга олмоқчи бўляпсиз қасос,
Унинг жони дили уруш-ку, ахир,
Бу билан унга бахт берасиз, холос.
Хавф-хатар, отишма ва беомон жанг
Унга ўйиндай гап.
Граф, менга қаранг,
Бошқача йўл билан уни жазоланг.
Де Гиш: Қандай қилиб?
Роксана: Урушга бормасин, тамом‑вассалом!
Юришга отланган қўшин сафида
Бўлмаса бу “буюк ботирлар” агар,
Дўстлари жон олиб, жон берган маҳал
Бекорчихўжага айланса булар,
Бундан ортиқ жазо топилмас, граф.
Бу ерда, Парижда ойимқиз мисол
Урушдан хат-хабар кутиб ўтирса…
Мана улар учун муносиб жазо.
Уларни ғалаба нашидасидан
Ҳамда шон-шуҳратдан айланг мосуво!
Де Гиш: Беқиёс қасос! Ҳақсиз мутлақо!
Фақат аёл зоти топмоғи мумкин
Бундай маккорона қасосни!
Роксана: Тўғри, ростакам!
Де Гиш (яқинлашиб): Демак, сал бўлса-да ёқаман сизга,
Менинг қасосимга бўлдингиз шерик.
Не хулоса қилай? Недир бу туйғу?
Роксана: Нима? Жирканиш эмас ҳар ҳолда.
Де Гиш (бир тўп муҳрланган жилдларни кўрсатиб):
Жангга кириш ҳақида буйруқлар бунда,
Ҳозир етказаман эгаларига.
Фақат бунисини олиб қоламан.
(Бир жилдни ажратиб олади).
Буниси қолди.
(Кулади).
Ҳа-ҳа-ҳа-ҳа!
Мана сизга, Сирано!
Эҳ, ёвқур жангчи!
Тасаввур қиляпман унинг ҳолатин,
Қафасдаги шердек тўлғонишини,
Кулгили чиндан!
Сиз доим одамлар устидан шундай
Қойиллатасизми ҳазил-мазахни?
Роксана (кулиб): Ҳар замонда.
Де Гиш (унга жудаям яқин келиб):
Сиз мени ақлдан оздирасиз-ку!
Тингланг мени… Бугун умуман
Сиздан, сизнинг кўзларингиздан
Асло йироқ кета олмайман.
Зўрға чўкар ер бағрига тун,
Қўшни монастирда тутганман макон.
Фақат пешин пайти кирар одамлар,
Менга эса унинг эшиги
Очиқ ҳар қачон.
Руҳоний оталар ишбилгич жуда,
Бари кардиналнинг хизматидадир,
Мендан ҳайиқарлар шу сабабли ҳам.
О, мени шу сафар қувмасанг эди!
Изн бер, қолайин эртагача мен,
Ёнингга сездирмай, ниқобда келгум.
Роксана: Бўлмаган гап!
Сизни сезиб қолишар!
Де Гиш: Менга, ахир, барибирмасми?
Роксана:Уруш-чи? Аррас-чи?
Шуҳрату шон-чи?
Де Гиш: Менга сенинг илтифотинг, бас.
Изн бер!..
Роксана: Йўқ, асло!
Де Гиш: Изн бер!..
Роксана (майинлик билан):
Виждоним йўл қўймас, рад этгум буни!
(Бошқа томонга қараб)
О, Кристиан,
Роль ўйнашга мажбурман.
Де Гиш: Ўтинаман!..
Роксана: “Ҳа” демоққа қўймайди ақлим,
Ўзим севган инсоннинг доим
Антоний каби
Қаҳрамон бўлишин истардим.
Де Гиш: О, қандай ажойиб! Шундай севасанми сен?
Роксана: Севаман бир кишини –
Айни дам уни ўйлаб, чекмоқдаман изтироб.
Де Гиш (ўзида йўқ хурсанд): Мен кетаман! Азизам!
(Унинг қўлини ўпади).
Шунда бўлармисан шод?
Роксана: Ҳа, албатта… Азизим!..
Де Гиш кетади.
Оқсоч (унинг ортидан мазхараомуз таъзим қилади):
Ҳа, албатта… Азизим!..
Роксана: Бу тадбирим ҳақида айтмагайсан бўламга,
Тағин бир балони бошлаб юрмасин.
(Чақиради).
Бўла!

Учинчи кўриниш

Роксана: Кломираникига кетяпмиз.
Мана, манави уйга.
(Рўпарадаги уйни кўрсатади).
Севги ҳақидаги
Ўз асарларин
Алькандр ва Лизимон ўқиб беришар бизга.
Сирано: Жоннинг роҳати-ку!
Бормаганим маъқул. Қалбим ғазабда!
Оқсоч (жимжилоғини қулоғига яқинлаштириб):
Жимжилоғим менга ҳозир шипшиди,
Кеч қоляпмиз экан.
Сирано (Роксанага): Шошилинг тезроқ!
Йўқса, тўлиғича кўра олмайсиз
Бу ҳайвонот боғин.
Улар Кломиранинг уйи эшиги ёнига боришади.
Оқсоч (ҳайратда):
Қаранглар!
Болғача матога ўраб қўйилган!
(Зулфин болғачага)
Яхши қилишибди сизни йўргаклаб,
Чунки сиз гапуқмас, қайсар, бақироқ.
Назокатли сўзлар, дил розларини
Бузиб қўйишингиз мумкин-да ногоҳ.
(Ғайриодатий бир эҳтиёткорлик билан зулфинни кўтариб,
астагина уради)
Роксана (эшикни очишаётганини кўриб):
Кетдик!
(Остонада туриб, Сиранога)
Келиши биланоқ айтингиз унга,
Мени кутиб турсин шу ерда.
Сирано (Роксана эшик ортида деярли кўздан ғойиб бўлгач):
Роксана!
Уни қандай савол кутмоқда бугун?
Сизнинг романингиз саҳифалари
Нималар ҳақида сўйлайди, айтинг.
Сиз ундан бирор нарса ҳақда сўрарсиз?
Роксана: Сирларни очишни ўйламанг асло,
Сиздан ғазабланиб юргум абадий!
Сирано: Оғзимга талқон солдим!
Роксана: Бугун ҳеч нарса
Сўрамасман энди мен ундан.
Майли, эргаштирсин орзуларига,
Ҳамроз этсин ўтинч, туйғуларига.
Сирано (кулиб): Ажойиб!
(Бошқа томонга қараб)
Қани, кўрайлик-чи.
Роксана: Гулдур-гупми?
Сирано: Гулдур-гуп!
Роксана: Жим‑м…
Сирано: Ҳа, албатта…

Роксана уйга киради ва эшикни ёпади; эшик ёпилгач, Сирано таъзим бажо қилади.
Маълумотингиз учун раҳмат!
Роксана (яна кўриниш беради): Йўқ, ҳали.
Сирано: Ана, холос!
Иккаласи биргаликда: Жим-м…
Эшик ёпилади.
Ажойиб!
Сирано (чақиради): Бу ёққа кел тезроқ, Кристиан!

Тўртинчи кўриниш

Сирано, Кристиан

Сирано: Ҳаммасини биламан. Романингни тайёрлагаймиз.
Кетказмаймиз вақтни беҳуда.
Нега тундсан, юзингда ташвиш?
Бугун эришмоғинг мумкин шуҳратга.
У ҳозир келади. Юр тез, машқ қил,
Имиллайсан, вақт-чи – кутиб турмайди.
Кристиан: Йўқ, мен бормайман!
Сирано: Нима?
Кристиан: Роксанани кутаман.
Сен билан кетмайман!
Сирано: Алаҳлашни бошладинг, дўстим!
Кристиан: Йўқ, дедим сенга! Етар, чарчадим,
Жонимга тегди бу уятли ёлғон,
Сен айтгандай севиш, қўрқиш, қалтираш.
Суфлёрнинг оташ сўзларин айтиб
Изҳори дил қилмоқ, ахир, қандай гап!
Унинг сўзлари‑ю нигоҳи сабаб
Тушундим ниҳоят – у севар мени.
Унга ўз сўзларим айтаман, етар!
Сирано: Ў-ҳў!
Кристиан: Ҳа, тўғриси, жонимга тегди,
Наҳот мен шунчалик аҳмоқман, аҳмоқ,
Раҳмат, менга шунча бердинг сен сабоқ.
Ёдимда қофия тўла шеърларинг,
Ҳиссиёт, оташга тўла сўзларинг.
Гарчи ҳеч бирини айтолмасам-да,
Аммо уни ўзим қуча оламан!
(Кломираникидан чиққан Роксанани пайқаб)
У-ку! Йўқ, Сирано, тарк этма мени!
Сирано (таъзим қилиб) Йўқ, жанобим, гал энди сизга.
(Боғ девори ортига яширинади).

Бешинчи кўриниш

Роксана (Кломиранинг уйидан бир гуруҳ кишилар билан бирга чиқади, улар билан хайрлашаркан, таъзимлар қилади):
Тез орада яна юз кўришармиз,
Хайр, Бартеноида! Хайр, Делия!
Оқсоч (тушкун кайфиятда): Э-ҳ!
“Назокатли” Лизимона ҳақидаги маърузани унутибмиз-ку!
(Роксананинг уйига киради).
Роксана (ҳали ҳам таъзим қилишда давом этади):
Алькандр! Эридедонта! Гремиона!
Омон бўлинг!
Ҳамма Роксана билан ва ўзаро таъзим қилиб хайрлашгач, турли чаларга тарқаб кетади. Роксананинг кўзи Кристианга тушади.
Азизим, бу сизми?
(Унинг ёнига келади).
Биласизми, қандай лазиз бу дийдор,
Оқшом. Бизлар ёлғиз. Ҳаммаёқ сокин.
Мен бу ерга, сиз эса пойимга чўкинг.
Ҳар бир сўзингизга ўзим харидор.
О, тез бошлай қолинг, ўтинчим шудир –
Шеърлар айтиб беринг сеҳрга тўла.
Кристиан (унинг пойига ўтириб, бироз жим қолади).
Мен сизни севаман.
Роксана (кўзларини юмиб):
Айтинг соғинчлардан, беқарорликдан,
Менинг йўлларимга интизорликдан.
Кристиан: Мен сени севаман, севаман!
Роксана: Қандай гўзал сўзлар!
Кристиан: Мен сизни севаман, севаман!
Роксана: Азизим, сиз учун қоғоз мунтазир,
Гўзал сўзларингиз битинг бирма-бир.
Кристиан: Севаман!
Роксана: Хўш, кейин-чи? Давомин сўйланг.
Кристиан: Кейин… Кейин… Кейин…
Қандай бахтли бўлардим, ахир,
Сизнинг жавобингиз билсайдим, жоним?
Мени севасанми?
Роксана (юзини буриштириб): Насрга йўқ тоқатим ортиқ!
Гул ўрнига супурги ўт қиляпсиз тортиқ.
Сиз мени севасиз, лекин қандай?
Кристиан: Ҳ-м… Қандай дейсизми? Даҳшатли!
Роксана: Қалбингизни баён этинг, ахир, очиқроқ.
Кристиан: Сени ўпмоқ ва қучмоқни истайман кўпроқ!
Роксана (ғазабланиб): Бирорта тузукроқ шеърингиз йўқми?
Кристиан: Севаман сени!
Роксана: Яна шу гап? Майли, хуш қолинг.
(Турмоқчи бўлади).
Кристиан (уни тутиб): Йўқ, мен сизни севмайман, Роксана!
Роксана (яна ўтиради): Ниҳоят!
Кристиан: Ҳа, мен сизни севмайман. Сизни қиламан ҳурмат!
Роксана (кетмоқчи бўлиб, ўрнидан туради): Тавбангдан кетай!
Кристиан: Кечиринг…
Эҳ, худойим, ақлимни едим, чоғи,
Ўзимдамас ихтиёр.
Роксана (қуруққина қилиб):
Кўриб турибман, шундай.
Аҳмоқликни жиним суймаган асло,
Фақатгина ҳуснингиз билан
Қилолмайсиз сиз мени мафтун,
Фақатгина ақл билан ҳам.
Кристиан: Лекин… лекин…
Роксана: Қаерга даф бўлди ақлингиз? Санъатингиз кетди қаёққа!
Тўпланг, ҳисларингиз кетмиш сочилиб,
Сўнг эса шеър айтинг туйғуга тўлиб.
Кристиан: Лекин… лекин…
Роксана: Сиз мени севасиз. Кўпдан биламан.
Хайр, хуш қолинг.
(Уйига кетади).
Кристиан: Ўтиниб сўрайман, сўзимни тингланг.
Роксана (эшигини очиб):
Мени ҳурмат қиласиз, яхши биламан.
Йўқ, йўқ! Даф бўлинг! Етар!
Уятли ва кулгили бу ҳол!
Кристиан: Ахир, ўтинаман.
Сирано (бу орада саҳнада сездирмайгина пайдо бўлади):
Мана буни ҳақиқий муваффақият деса бўлади!

БЕШИНЧИ ПАРДА

“СИРАНО ГАЗЕТАСИ”

Ўн беш йилдан сўнг, 1655 йил. Париждаги Муқаддас хоч аёллар монастири боғи. Баланд серсоя дарахтлар. Чапда уй; кенг айвон, унга олиб чиқадиган бир нечта эшик бор. Саҳна ўртасида катта дарахт, бошқалардан ажралиб туради. Ўнгда, биринчи планда баланд буталар орасида ярим айлана тош ўриндиқ.
Саҳна ичкариси каштанли хиёбондан иборат; хиёбон чапдан ўнгга чўзилиб, жуда узоқда, шохлар орасидан кўзга ташланаётган черков ёнида тугайди. Икки қатор тизилган дарахтларнинг япроқлари орасидан боғ ичкариси яққол кўзга ташланади – турли хиёбонлар, майсазор, гулдевор, осмон. Черковнинг орқа девори ортида узум шохларига ўралган қатор устунлар. Узумлар ғарқ пишган. Куз. Ҳали яшиллигини йўқотмаган майсазор устида тилларанг япроқлар, баъзи жойларда ям-яшил шамшод дарахтларини илғаш мумкин. Ҳар бир дарахт остида бир уюм хазон. Бундай япроқлар бутун саҳнага сочилган, хиёбонларда, оёқостида учиб, шитирлайди, остона ва ўриндиқларнинг ярмигача қоплаган. Ўнгда, ўриндиқ ва дарахт ўртасида каштадан тикилган чамбарак бор, ёнига кичкина стулча қўйилган. Ёнидаги саватчада ўрама ип ва калавалар. Кашта бошлаб қўйилган.
Парда кўтарилганда оппоқ кийимли роҳибалар боғ бўйлаб айланиб юради. Баъзилари ўриндиққа чўккан, ёнларида кекса роҳиба бор. Япроқлар тўкилади.

Тўртинчи кўриниш

Роксана ёлғиз, сўнг бир дақиқага икки роҳиба кириб келади.

Роксана: Сентябрь куни ёзга ўхшамас,
Осмон мовий. Ҳаво мусаффо.
Барглар ерга тушар шитирлаб гоҳо.
Сумбула киряпти, жазирама йўқ,
Ўйчан куз фаслининг эркалашлари
Юрагимга бу дам бермайди оғриқ.
(Чамбарак олдига ўтиради, ўйчан).
Қайтариб бўлсайди ўтмишни бир он!..

Уйдан икки роҳиба чиқиб келади; катта кресло кўтариб келиб, дарахт ёнига қўйишади.
Бу эса Сирано учун ўриндиқ!
Беата: Кресло топилмас бундан қулайроқ.
Роксана: Раҳмат сизга, Беата опа.
Роҳибалар кетади.
Атроф қандай ажойиб,
Сукунат ва муаттар ифор.
Ҳозир келар менинг қадрдон дўстим,
Ўтган у кунларни эслаймиз такрор…
Соат бонг уради.
Соат бонг уряпти. Аммо у қайда?
Бундай пайт келарди. Келмади бугун.
Нима сабаб экан? Бу – биринчи бор!
Балки тутиб олиб эшик оғаси
Осмонлар ҳақида сўзлашиб, уни
Хатосига қатъий қилмоқда иқрор…
Сукут.
Ҳа, ҳа, шундай. Ҳамма севар уни бу ерда,
Қайда у қадрдон, қалбимга қўноқ?..
Ҳаммаёқда сап-сариқ япроқ!
(Чамбаракка тушган сариқ япроқни четга ирғитади).
Бу ерга… сариқ ипак мос… Ҳа, шундоқ…
(Ишлайди).
Чидолмайман, йўқ, бунга ортиқ…
Бу ўй дилга солмоқда оғриқ…
Роҳиба (пешайвондан): Мосье де Бержерак!

Бешинчи кўриниш

Роксана, Сирано, сўнг бир дақиқага роҳиба Беата.

Роксана (қарамай):
Ҳа, ҳа, у, бешак!
(Тикишда давом этади).
Сирано кириб келади, рангида ранг йўқ; шляпасини кўзигача бостириб олган; роҳиба уни кузатиб келгач, ғойиб бўлади. У пешайвондан секин-аста, қийналиб, ҳассасига оғир таянгача тушади.
(Ишида давом этади).
Сарғиш гул солмасам
Ҳеч ўхшамайди.
(Сиранога, меҳрли койиш билан)
Қаерларда эдингиз дайди,
Кечикдингиз бугун илк бора
Охирги ўн йилда. Уят, Сирано!
Сирано (ўриндиққа зўрға етиб келиб, юзидаги аянчли ифодага мос тушмаган қувноқ овозда гапиради):
Сиз томон қаролмай турибман ҳатто,
Мен ушланиб қолдим. Шунда муаммо!
Роксана: Ким у сизни тўхтатган?
Сирано: Аллаким-да,
Оддий бир меҳмон…
Роксана: Ким ўзи?
Кутилмаган меҳмонми?
Сирано (бошқа томонга қараб):
О, ўлимнинг нақд ўзи!
(Роксанага)
Йўқ, меҳмонлар…
Роксана (ҳазил-киноя оҳангида): Сирано!
Сирано: Хонимни кетишга кўндирдим, аммо
Дедим: “Бугун шанба, билмайсиз наҳот,
Мени тутиб туриш бугун муаммо,
Кечроқ келинг, қурармиз суҳбат”.
Роксана (бепарво): О, кутишга мажбур кечгача,
Сизни қўйвормайман унгача ҳечам!
Сирано (мулойимлик билан): Йўқ… балки олдинроқ кетарман.
(Кўзларини юмиб, сукутга чўмади).
Роҳиба Беата бутхонадан пешайвон томон юради. Роксана уни пайқаб, келишига ишора беради.
Роксана: Не сабаб у сиз-ла қилмайди ҳазил?
Ё бирор ҳазилнинг таги чиқди зил?
Сирано (кўзларини тез очиб): Беата биланми? Менми?
Асло йўқ! Ҳеч қачон!
(Атайин дағал овозда)
Қани, опахон,
Келинг бу томон.
Роҳиба Беата яқин келади.
Ҳа, ҳа, нигоҳлари ер сузган.
Беата (кўзларини ердан олиб, табассум билан):
Лекин… (Унинг юзини кўриб, қичқириб юборади).
Ё худо!
Сирано (Роксанага ишора қилиб, паст товушда):
Жим-м… Жим-м… Сездириб қўйманг.
(Баланд товушда, ҳазил оҳангида)
Опахон!
Рўза тутиш эсдан чиқмиш ногаҳон!
Беата: Биламан.
(Бошқа томонга қараб)
Бу эртаклар менгадир маълум,
Рангида ранг қолмабди ҳечам.
(Сиранога тез ва паст товушда)
Ошхонага борингиз кейин…
Сизга махсус иссиқ шўрва бор.
Кони фойда, жоннинг роҳати,
Биз бирпасда қиламиз тайёр.
Сирано: Оҳ, оҳ, оҳ!
Беата: Доимгидан кўра ўйчансиз бугун.
Роксана (улар пичирлаб гаплашаётганини эшитади):
Яна қиляпсизми панду насиҳат?
Таъсир қилармикан бу кишига?
Беата: Ҳатто уринмадим бу ишга.
Сирано: Наҳотки? Қизиғ-у жуда!
Тингланг мени бу дам, опажон,
Қайда қолди ўгитларингиз?
Мени жуда қилдингиз ҳайрон,
Наҳот қилмагайсиз мени тарбия?
(Ясама ғазаб билан)
Топшириқ бор сизга, чекмангиз қайғу!
(Ўзини яхшироқ ҳазил қидираётгандай тутади ва ниҳоят гўё ўша ҳазилни топади).
Бугун тунда, тиз чўкиб, йиғлаб,
Менга айтажаксиз тавба-тазарру!
Роксана: Нима? Нима?
Сирано (кулиб): Ҳа-ҳа! Капалаги учди опахонимнинг!
Беата: Кечирасиз… Майли, хуш қолинг.
(Кетади).
Сирано (чамбаракка энгашган Роксанага):
О, моҳир қўлларда яшнаган тикиш,
Менга насиб этмас битишинг кўриш.
Роксана (ҳазиллашиб): Қофиянгизни жуда соғинган эдим!
(Япроқлар тўкилади).
О! Япроқлар тўкиляпти боз!..
(Бошини кўтариб, хиёбон ичкарисига назар ташлайди).
Қандай ажойиб овоз!
Кўзларимга малҳамдир гўё
Тилла рангли бу меҳригиё.
Қаранг, қандай қуйилар хазон!
Сирано: Ҳа, жуда гўзал. Учди, учди ва қўнди ерга.
Сукут.
Тупроқнинг бағрида овозсиз ва жим
Чириб, тамом бўлишдан олдин
Гўзаллигин қилиб намойиш,
Ерга учиб тушади маҳзун.
Роксана: Кўринасиз жудаям тушкун.
Сирано (қувноқ): О, Роксана, сира ундаймас!
Роксана: Қайғурманг япроқлар учгани учун,
Ахир, ҳаммамиз ҳам ўламиз бир кун…
Хўш, қандай кечяпти Парижда ҳаёт?
Сирано: Янгилик дейсизми?.. Янгилик…
Роксана: Сизда-ку ҳар қандай сўнгги ахборот.
Сирано (ранги тобора оқаради, оғриқ билан курашаётгани яққол сезилади): Шанба кун саройга узум келди соз,
Қирол ўнтасини туширди паққос.
Қони кўпайгандан табиб қон олди.
Бал ҳам уюштирди ул олий ҳазрат,
Якшанбада бўлди бу зўр зиёфат…
Зал шундай ёришди, гўё кун бўлди:
Саккиз юз қирқ бир шамдон осилди.
Осиб ўлдиришди учта фолбинни,
Режа ҳам қилишди катта қирғинни.
Д’Атис хонимнинг ити ногаҳон
Қорни оғриб қолиб, бўлди чалажон.
Роксана (кулиб): Бори шуми? Хабар айтишни ҳам боплайсиз чунон!
Сирано: Душанбада нима бўлганин сўранг…
Унча муҳим гапмас. Гап йўғида гап.
Пальмира Лизимон билан топишди,
Алькандр – севимли йигитин ташлаб.
Роксана: О!
Сирано (тобора қийналиб): Сешанба – Фонтенебло байрами куни,
Чоршанбада маркизни “рад этди” Монгла.
Аммо эртаси кун шодликка чўмди –
Никоҳга розилик олди у тонгда.
Жумада не бўлди?.. Қирол ушбу кун
Манчини суратин чиздириш учун
Буюртма берди… Хўш, шанба кунида…
(Кўзларини юмади. Боши шилқ этиб тушади. Жимлик).
Роксана (сўзлари тиниб қолганидан ҳайрон бўлиб, ўгирилади ва даҳшатдан қичқириб юборади): Сирано!
Ё худо! Не бўлди унга?
(Унинг ёнига чопади).
Сирано (кўзларини очиб, ғўлдирайди):
Нима гап?
(Тепасида эгилиб турган Роксанани кўриб, бошидаги шляпасини дарҳол ўнглайди ва ўзини ўриндиққа ташлайди).
Ё худо! Қўрқманг!
Ўтиб кетди! Мен соппа-соғман!..
Роксана: Лекин сиз…
Сирано: Ташвишланманг, бўлманг хижолат,
Айтяпман-ку, бари ўтди деб.
Бу ўша… лаънати жароҳат…
Роксана: О, азизим!
Сирано: Орттирган эдим мен уни Аррасда,
Ўзини намоён этди шу кезда.
Аммо ўтиб кетади тезда.
(Ўзини мажбурлаб кулади).
Мана, ўтиб кетди!
Роксана: О, азизим, ҳар биримизда
Бор шундайин битмас жароҳат.
Ҳа, менга ҳам берар у азоб…
(Қўлини кўксига қўяди).
У бу ерда – бермас ҳаловат.
Юрагим устида тумордай турар,
Унинг сўнгги хати, гарчи сўзлари
Ўчган, аммо менга кўриниб турар.
Бу мактуб азиздир менга жон қадар.

Саҳнада қош қорайганини билдирувчи манзара.

Сирано: О, азизам, дўсти қадрдон,
Эслайсизми… менга бир замон
Уни ўқийсиз деб бергандингиз сўз.
Роксана: Ўқишни хоҳлайсизми?..
Сирано: Ҳа, ҳа. Ҳозир!
Роксана унга кўксидаги тумор-хатни олиб беради.
Ўқийверайми?
Роксана: Ўқинг баҳузур.
Чамбарак ёнига қайтади. Ишларини йиғиштиради.
Сирано (овоз чиқариб): Алвидо! Юлдузим сўнмоқда аста…
Роксана (ишини тўхтатиб, ҳайратда): Нега овоз чиқариб ўқияпсиз?
Сирано: “Ўлим кутар мени, кечиринг, жоним.
Наҳот ўлажакман сиздан олисда!
Аммо юрагимда эрурсиз доим,
Сиз менга ҳамроҳсиз ҳар бир нафасда,
Ҳатто эшитаман овозингиз ҳам…”
Роксана: Қандай ўқий олаяпти у?
Сирано: “Наҳот энди кўрмайман такрор
Сарв бўйинг, эй қадди шамшод,
Кўзинг мангу этгайми хумор?
Оҳ, бўғзимга тўлди-ку фарёд!!”
Роксана: Сирано!
Саҳна қоронғилаша бошлайди.
Сирано: “Ҳайқираман: хайр, умрбод!..”
Роксана: Қандай ўқий олаяпти у!
Сирано: “Сени, о, ҳаётим…”
Роксана: Лекин бу овоз…
Сирано: “Эй менинг севгилим,
Қалбим баёти…”
Роксана: Лекин бу овоз
Кўнглимга танишдир жудаям, ҳайҳот!
(Ҳолсиз бир шаклда, Сиранога сездирмай аста яқинлашади, ўриндиғи орқасига ўтиб, овозсиз эгилиб, хатга тикилади).

Қоронғилик қуюқлашади.

Сирано: “Сен мен учун эдинг бебаҳо,
Айни дамда сенга сўнгги бор
Муҳаббатим қиламан изҳор,
Бари энди рўёдир, рўё.
Хайр энди, хайр, яхши қол,
Маҳшаргача, жоним, алвидо!..”
Роксана: Сирано!
Қандай ўқияпсиз? Ахир, зим-зиё!
Сирано титраб кетади, ўгирилиб, у жуда яқинида турганини кўради, даҳшатга тушиб, бошини эгади. Узоқ жимлик.
(Қўлларини букиб, оҳиста гапиради).
Ўн беш йил шу ролни ўйнадингизми?..
Сирано: Роксана!..
Роксана: Ҳа, бу сиз эдингиз…
Сирано: Йўқ, йўқ, Роксана, йўқ.
Роксана: О, азизим, ўз бахтингиз сиз
Ўзингиздан ўғирладингиз.
Сирано: Йўқ, сиз адашяпсиз, йўқ!
Роксана: Оғир эрур менинг гуноҳим…
Англолмабман ҳеч нени, эссиз.
Ҳозир юрагимни тарс ёрар оҳим,
Ахир, ҳамма хатнинг муаллифи – сиз…
Сирано: Йўқ, йўқ!
Роксана: Менга ёққан, дилга чўғ солган
Сўзлар бари сизники бўлган!
Сирано: Йўқ!
Роксана: Кўзларимни кўр этган тамом,
Юрагимни элитган калом
Сизники!
Сирано: Йўқ, йўқ!
Роксана: Юксак қалб эгаси – даҳо,
Сизсиз, ўзгамас асло.
Сирано: Йўқ, йўқ!
Роксана: Ўша тунда,
Дераза ёнида қурганда суҳбат,
Сиз менинг қалбимга солгансиз ҳайрат…
Сирано: Асоси йўқ гап бу! Қилсангиз гумон,
Ахир, севмаганман сизни ҳеч қачон!
Роксана: Йўқ, севгансиз.
Сирано: Сизни севмаганман… Шундай…
Роксана: Биламан, ана шу муҳаббат сабаб
Сизда шаклланган шундай буюк қалб!
Сирано: Йўқ, йўқ, севмаганман, сизни… севгилим!
Роксана: О, қандоқ азоб бу! Афсус ва армон,
Тўкилган кўз ёшлар, дардли ҳаяжон!
Не учун ўн беш йил сақладингиз сир?
Дардингизни пинҳон тутдингиз мағрур?
Қалбингизда эса яшади орзу…
Менга шунча йиллар ишқ туҳфа этган
Кўз ёшли мактублар сизники экан!
Сирано (хатни бериб): Ҳа…
Лекин ундаги қон меники эмас.
Роксана: Нега бирдан очдингиз бугун
Бу оловли хатларнинг сирин?
Тутмадингиз нега яширин?
Сирано: О!.. Нега дейсизми?
Ле Бре ва Рагно югуриб келади.

Олтинчи кўриниш

Олдингилар, Ле Бре ва Рагно

Ле Бре: Қандай қилиб?
Рагно: Келиб қолдингиз бу ерга?
Ле Бре: Ғирт жиннилик бу! Ишонгандим мен бунга аммо!
Сирано (кулиб, қаддини ростлаб): Бас қил! Соғман, йўқдир муаммо!
Ле Бре: Ўлимга тенг эди тўшакдан туриш!
Роксана: Бежиз эмаскан-да ҳушидан кетиш…
Сирано: Ҳа, тўғриси, етмади кучим
Сизга етказгани ҳамма хабарни.
Азизам, кечиринг, мен гуноҳкорни.
“Ўн олтинчи сентябрь, шанба кунида
Де Бержерак ўлди номард тиғидан”.
(Шляпасини олади; боши ўраб-чандиб ташлангани кўринади).
Роксана: Ё худо, нима бу!
Ҳушингиз жойидами, Сирано!
Сирано: Ҳа, ҳушим жойида, ақлим ҳам равон,
Манглайда бор экан шундайин даврон.
Жанг пайти душманнинг ўқига учраб,
Ўлишни орзулар эдим ҳамиша.
Пасткаш бир қасоснинг қурбони бўлдим,
О, менда жудаям шўр экан манглай!
Қотилим – ёлланган қандайдир малай.
Бир умр яшадим уй-жойсиз, ғариб,
Бир умр бой бердим, ҳайҳот, не қилай,
Муносиб ўлим ҳам этмади насиб!
Рагно: Ё тангрим!
Сирано: Йиғлама. Ҳар неда керакдир мезон.
(Унга қўлини чўзади).
О, дўстим,
Ҳозир кимнинг хизматидасан?
Рагно (кўзида ёш билан):
Айни дам… Мольернинг чироқчисиман…
Сирано: Мольер! Истеъдодли дейишар уни!
Рагно: Йўқ, жонимга тегди, кетаман буткул,
Кеча “Скапен” бўлди намойиш.
Бошдан-оёқ ўғирлик бир иш.
Ле Бре: Ҳа, у томошани ўғирлаб олган.
Рагно: Шу сабабли кетаман-да.
Ле Бре: Бу қилмиш…
Сирано: Бўлди, бас! Беҳуда қилмангиз ғазаб,
У режалаб, ўйлаб қилган иш.
Хўш, яхши чиқдими ўша намойиш?
Рагно (ҳиқиллаб): Ҳа, жаноб! Ҳамма кулди қорнин чангаллаб…
Сирано: Тақдирим шу экан: мудом бировга
Суфлёрлик қилиш… ва унутилиш…
(Роксанага)
Ўша сеҳрли тун ёдингиздадир?
Мен бутун умр
Журъатсиз, овозсиз турдим ҳамиша.
Бошқалар тепага чиқдилар мағрур,
Севги ё шуҳратдан олдилар бўса.
Роксана: Йўқ! Бахтли бўласан! Комил ишончим,
Ўлма! Яша энди! Дўстим, азизим!
Черков қўнғироғи чалинади. Роҳибалар ибодатга тайёрлана бошлайди.
Сирано: Ибодат қилишар бугун мен учун.
Роксана (роҳибани чақириш учун ўрнидан туради): Опа! Ҳой, опа!
Рагно (ҳиқиллаб): Ё қодир худо!
Сирано (Роксанани ушлаб): Йўқ, ҳеч ким керакмас… Кетиб қолманг… Йўқ…
Сиз қайтиб келганда, балки бу ердан
Рихлатга равона бўлган бўлурман.
Роҳибалар черковга кириб келади.
О, қандай бахт!.. Нур сочади ой,
Қайдандир таралар ёқимли наво.
Гулларнинг ифори жудаям хушбўй,
Жонимга жон қадар яқиндир дунё!
Роксана: Мен сени севаман, ўлма, азизим!
Сирано: Меҳрингнинг ўзиёқ кифоя менга,
Энди эртакларга ўхшайди ҳаёт.
Ахир, чўпчакларда бўлади фақат:
Ушалмас орзулар ушалар бирдан,
Хунук шаҳзодага боқади омад…
Биз эса яшаймиз бошқа дунёда.
Роксана: Азизим!
Сирано: Қўрқма, мен яшайман, узундир умрим,
Ахир, ўнгга дўнди ширин тушларим.
(Ойга кулиб боқиб)
Эй, тўлин ой! Қадрдон,
Сўнгги йўлга сен-ла кетарман шодон!
Роксана: Фақат бир кишини севдим бир умр,
Қалбимдаги ўша нодир жавоҳир
Иккинчи бор мени тарк этар ҳозир.
Сирано: Ле Бре! Ойга учажакман, мана, ниҳоят,
Керак эмас энди менга кашфиёт.
Самоларга учиб боради руҳим,
Бошланади унда бошқа бир ҳаёт.
Роксана: Оҳ, нималар деяпсан?
Сирано: Нима деяпман?
Ой мени ҳамиша этганди мафтун,
Менга дарддош эди, яқин эди у.
Руҳим ором олар балки у ерда,
Ахир, бутун умр талпингандим-ку.
Руҳлар кўп у ерда, ҳеч гумоним йўқ,
Галилей, Суқрот ҳам у ерда аниқ.
Ле Бре: Йўқ, йўқ, ишонмайман, барчаси ёлғон!
Наҳот ўлса шундайин талант!
Тенги йўқ истеъдод, шоири замон
Мангу кетажакдир, қайтмайди, ҳайҳот!
Шундай ўлим мумкинми?
Сирано: Ле Бре яна лақиллаб қолди!
Ле Бре (ҳиқиллаб): Дўстим!
Сирано (туриб, ҳар томонга аланглаб):
Йўл берингиз гасконликларга!
Бир Ватанга ҳаммамиз ўғлон…
Шу ярқироқ қуёш остида…
Дастлабки моддалар… Йўқ, ишон…
Ле Бре: Илмий ҳатто алаҳлаши ҳам!
Сирано: Коперникнинг сўзига кўра…
Роксана: Ё худо! Қандай азоб бу!
Сирано: Не сабаб келди у ёруғ дунёга?
Бу кўҳна кемада не боис ҳозир?
Нега меҳр қўйди орзуларига?
Нима учун бўлди у шоир?
О!.. Бу ерга шоир кўмилган,
Майда ташвишларга тамом енгилган;
Учувчи, чолғучи, физик, файласуф,
Ҳеч ким тан олмади уни, таассуф!
Бир умр ҳаётдан еди у зарба;
Омади йўқ ошиқ, бечора телба,
Де Бержерак-ку – у, исми – Сироно.
Қабрининг устида шундай битик бор:
“Бу одам бетакрор,
Ҳар бало эди у, эди ҳеч вақо!..”
Узр… Фурсат етди… Ой келди, мана…
У билан бўлурман кўкка равона…
(Ўриндиққа йиқилади. Роксананинг кўз ёшлари уни ўзига келтиради; бармоқлари учи билан унинг ёпинчиғи этагидан тутади).
Йўқ!
Кристиан эди оқил, меҳрибон,
Лойиқ эди севгингизга ҳам!
Уни севинг… Майли, озгина
Мен учун ҳам тутингиз мотам.
Роксана: О, азизим, сўзимга ишон,
Мен сени севаман!
Сирано (чайқалиб кетади ва тез ўрнидан туради):
Йўқ! Бу ердамас! Худо ҳаққи!
(Уни тутиб қолишади).
Ёлғиз қолай… Керакмас ҳеч ким,
Ана у келяпти! Совияпти тан!..
(Дарахтга суянади).
Қўлимда ханжар билан
Уни қарши оламан…
Роксана (қаттиқ куюниб):
Қутқаринг! Қутқаринг уни!
(Сирано қўлига ханжарини олади. Ҳамма ортга чекинади).
Сирано: Куляпсанми устимдан, ўлим?..
Бурним ёқмадими!.. Ҳолинг бўлар вой!
(Ханжарини кўтаради).
Қиличимга бўлсин шон-шараф!..
Нима? Куляпсизми сиз менга қараб?
Ҳайронмисиз ё бу ишимдан?
Ҳа, тан оламан,
Фойда бермас ўлим билан жанг.
Олдимдадир тубсиз чоҳ, аттанг.
Аммо имконият ортиқ бўлган чоғ
Қўрқоқнинг ишидир урушга кирмоқ.
Мингтамисиз? Юзтамисиз? Қайдасиз?
А-ҳа! Ҳаммангизни биламан!
Сиз – эски душман!
(Ханжар билан ҳавога ҳамла қилади).
Барингиз – хомхаёл!..
Сен – ярамас! Мана, ол!..
Эй, ваҳима! Мана бу сенга!
(Яна ҳавога ханжар уради).
Сизга енгилдимми? Керакмас ҳазил!
О, аҳмоқлик – хавфли душман, кел!
Биламан, сиз мени этасиз мағлуб,
Биламан, қабристон турибди кутиб.
Охири сиз мени енгасиз аниқ,
Аммо жанг қиламан, бўш келмайман, йўқ!
(Ҳолдан тойиб, тўхтамагунча даҳшатли куч билан ҳавога
ханжар уради).
Сиз сабаб ҳаммаси ҳавога учди,
Орзулар, умидлар, мақсадлар ўчди.
Олингиз, олингиз барини, аммо
Ўзим билан бирга бўлар доимо,
Бир туйғу – беғубор, рангин, бебаҳо,
Уни мендан ҳали олмаган худо.
Бугун менга бағрин очади осмон,
Учарман бепоён, мовий кўк томон,
У ерда ўзимни этгум намоён…
(Қўлидан ханжари сирғалиб тушади, ўзи эса чайқалиб Ле Бре ва Рагнонинг қучоғига йиқилади).
Роксана (эгилиб, пешонасидан ўпиб): Нима бўлди, азизим?
Сирано (кўзини очади, уни таниб, юзига бахтиёр кулги югуради):
О, қалбим эгаси, маликам…

Парда

Рус тилидан Иқбол Мирзо таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2017 йил, 5-6-сонлар